Анвар Обиджон. Байрам интервьюси (ҳажвия)

Жамоатчи ҳажвчимиз байрам арафасида улфатчилик фанлари доктори Маишат Маишатович билан суҳбатда бўлди. Кўпчиликка отнинг қашқасидек танилиб қолган Маишат Маишатович янги йилни кутиб олиш тартиби ҳақида ўз тоифасидаги шахсларга қарата гапириб, шундай деди:
– Қадрли шишадошлар, азиз ҳамтовоқларим! Мана, янги йил ҳали пробкаси очилмаган «Портвейн»дек қаршимизда маҳтал турибди. Нақадар ғаройиб байрам бу. Унинг ўзига хослик томони шундаки, бу куни эркак зоти ёппасига ичади. Ичишни ўрганган аёллар эса, орага суқилишиб, даврамизни янада кенгайтирадилар. «Яратганнинг олдида шоҳу гадо баробар», деганларидек, ичилгандан сўнг ёши, жинси, касби, амалидан қатъи назар, ҳамма бир хилда алжирай бошлайди. Сиполик, ройишлилик, расмий гап-сўзларга барҳам берилиб, суҳбат чапани тус олади. Натижада, даврадагилар ўртасида мазмуни унча чуқур бўлмаган баҳслар бошланиб, коллектив равишда жанжаллашиш туйғулари камол топади. Менимча, биргалашиб ичишнинг нафосати, оламнинг гулистонлиги ана шунда.
Лекин, бундай ажойиб давраларда қатнашиш, базми жамшиднинг бошдан-оёқ иштирокчиси бўлиш сиз ўйлаганчалик осон иш эмас, биродари азизлар. Киши бунга жиддий равишда ҳар томонлама тайёргарлик кўрган бўлиши керак. Ўзимнинг кўп йиллик бой тажрибамга таяниб, худди шу масалада сизларга айрим маслаҳатлар бериб ўтмоқчиман.
Хуллас, ичишни ўттиз биринчи декабрнинг илк тонгидан, яъни каллаи саҳардан бошлаган маъқул. Эрталабки бу машғулот унчалар ачимаган пиво ёрдамида ўтказилади. Хўрак учун қалампирланган қурут, капчёнка ёки шўрданак ҳозирлаб қўйишни унутманг. Пивога туз сепиб ичиш қитъиян ман қилинади.
Уч-тўрт шиша пиво отиб олингандан кейин, кишининг кўз томирларида ультра қизғимтир ранг аломатлари пайдо бўлиб, мия тўқималарида енгил сархушлик сезилади. Демак, олам гулистон! Энди тамаки маҳсулотларини тутун ҳолида эрмак қилиб, пича дам олишимиз мумкин.
Соат ўн бирларга бориб, машғулотнинг иккинчи босқичига ўтамиз. Бу пайтда пиволарни четга улоқтириб, шампандан баҳра олиш фурсати етган бўлади. Қопқоқни ракета қилиб учирганимиздан сўнг, ноёб ичимликни каттароқ идишга тўлдирамиз-да, уни бир кўтаришда уриб қўямиз. Қарабсизки, олам янаям гулистон!
Машғулотнинг учинчи қисми одатда тушликдан кейин бошланади. Мазкур босқичда биз у ёки бу номдаги ўзимизбоп вино билан мулоқотда бўламиз. Винони ҳар ярим соатда юз эллик граммдан оширмаган ҳолда ағдарма қилиш тавсия этилади. Учинчи босқичнинг охирларига бориб, машғулот ўтказувчининг қорин қисмида бурама оғриқ пайдо бўлиши табиий, чунки вино, пиво ва шампан ошқозонда учрашиб, аёвсиз реакцияга киришади. Айрим тажрибасиз ичувчилар бундан заррача саросимага тушмасликлари керак.
Заҳматли ва ҳузурбахш машғулотимизнинг тўртинчи босқичи кечки овқат арафасида бошланиб, киши ўзини идора қилолмай қолгунга қадар давом эттирилади. Эндиликда навбат араққа келганини ўзингиз ҳам сезиб тургандирсиз, азиз шишадошларим. Бу босқичда киши ўзини бутунлай эркин ҳис қилади. Даврада ҳам вазият бошқача: биров-бировни менсимай қўйган, ҳамма гапиришни истайди, аммо уни эшитадиган одам йўқ, биров ўлиб кетган момосини эслаб йиғласа, бошқаси гердайганича ашулани важанг қилади. Қисқача айтганда, олам ниҳоятда гулистон!
Мана энди чинакам байрам бошланди, десак ҳам бўлаверади. Сиз билан биз эса уни мароқли ўтказишга аллақачон тайёрмиз. Чунки, эрта саҳардан бошланган тинимсиз машқлар натижасида танамизни обдон чиниқтириб, ўзимизни қадаҳбозлик жангига пухта шайлаб олганмиз. Энди бизни енгиш анча мушкул. Ҳатто «Коньяк» аталмиш маркаи олийлари ҳам бизни осонликча йиқитолмайди.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишим лозим: машғулотнинг дастлабки уч босқичи уйдан чиқилмаган ҳолда олиб борилади. Бинобарин, кўча-кўйда заруратсиз санғиш ҳушёрхонага тушиш хавфини кескин оширади. Бу кўнгилсиз тадбир эса сиз билан бизнинг байрам дастуримизга киритилмаган. Тўртинчи – ҳал қилувчи босқич шишадошлар даврасида қиёмига етказилади.
Сўзимни якунлар эканман, сиз қадрдонларга мурожаат қилиб айтаманки, базм машғулотларини уюшқоқлик билан олиб бориб, улфатчиликни каминадек устомоннинг қимматли йўл-йўриқларига қатъий риоя қилган ҳолда юқори савияда ўтказайлик…
Бундай вақтда бор овозда баралла қичқиргинг келади: «Бугун дилларда ғалаён! Бўлди! Етар! Шишаю пробкалар зўравонлигига энди чек қўяйлик! Ичимликларга озодлик! Олам бутунлай гулистон бўлсин!»
1982 йил.