Анвар Обиджон. Оддий айрилиқ ҳақида эртак (қисса)

Адирга туташ қишлоқчадаги орти деразасиз уйлар бадантарбияга сафланган бўйи паст-баланд ўқув­­чилардек, йўлнинг икки четида зич тизилиб ту­риб­ди. Эшик-дарвозалар ҳам турлича: буниси бир­қанот, одми, баъзилари бўёқ кўрмаган, тахталари қуёш куйдириғидан қорайиб, ёрилиб кетган; униси – қўшқанот, рангдор, ҳашаматли. Торгина тошлоқ кў­ча­нинг чап ёғида – киши бемалол сакраб ўтса бў­ладиган сершағал ариқ, сувлари қушчаларга сайрашни ўр­гатмоқчидек қишин-ёзин чулдирагани чул­­­дираган. Ариқ устида ҳар бир хонадоннинг ўз сў­ри­­токи бор, уларда турфа навли узумлар аёз пайти том четида ҳосил бўлгучи музбурунлардек шода-шода осилиб ётади. Энг эртапишари – баҳор тугамасиданоқ шира йиғиб улгурувчи чилги. Кейин кишмиш, ҳасайни, ҳу­сайни, қизбармоқ, шивирғони, қизилтўра, шакарангул, қорапирқилар бирин-кетин етилаверади. Юмалоқ дегани – энг кечкиси, қишнинг бошларида ҳам пўсти сўлимайди, оғизда бодрингдек карсиллайди.
Тунукатом болохона остидаги темир дарвозанинг сўл қаноти ғижирлоқланиб очилди-ю, фақат тўй-маъракалар муносабати билангина жавондан олинувчи оппоқ яктагини, оҳорли кўк тўнини кийиб, бошидаги марғилони дўппининг гирдига адрас қийиқни ихчамлатиб боғлаган дўнгманглай чол шошқалоқланиб кўчага чиқди. Чиқибоқ, калтагина соқолини энтикканича силай-силай, ёшига хос бўлмаган тарзда илдам одимлаб, кунботардаги мозор тарафга йўналди. Илдамлагани сайин ёшариб бораверди, охири етти ёшли болага дўнди-қолди.
Чол, кўнглида унинг исмини болаликдан ардоқлаб келаётган, орадан неча йиллар ўтмасин, чиройини заррачаям йўқотиши мумкин бўлмаган, кексаликни шунчаки ниқоб қилиб олган қумрикўз паривашнинг ёнига ошиқмоқда эди. Ҳадемай етиб боради, Худо насиб этса, дийдорига тўяди. Шуниси қизиқки, чолни таниб ололса, яна бир мўъжиза юз беради, кампир ҳам ўша заҳоти етти ёшли қизалоққа айланади…

* * *
Нуса холани ўзим данак чақиб ейишни ўрганган чоғимдан буён биламан, эшакаравада маҳаллама-маҳалла кезиб, пиёз, гуруч сотиб юради. Кўчамиздан ўтиб қолса, бизникига кирмасдан қўймайди. Бунинг сабаби бор.
Нуса холалар илгари жуда узоқ бир ўлкада яшаган экан. Кўп йиллар олдин уларни кимлардир, нима учундир тўсатдан қувғин қилибди-ю, биз томонларга келиб қолишибди. То муқим бошпана топилгунича, бирлари яримвайрона хонақоларга, бирлари колхознинг турли омборларига, бирлари дала шийпонларига жойлаштирилибди. Ортиқча томи бор кишилардан айримларининг ачиниши қўзиб, қувғиндиларга ўз ҳовлисидан ҳужра берибди. Мен ҳали туғилмасимдан бурун Нуса хола билан эри Садир тоға қиш ичи бизникида туришганини, ялпизлар қулоқлай бошлаган паллада икки кўтарим чиқиб-чиқмайдиган кўчини йиғиб, янги ерлар ўзлаштирилаётган чўлга кетишгач, ўзларига кичик бир кулба қуриб олишганини эшитгандим.
Дадамнинг айтишича, Садир тоғанинг асли исми корейсча Сугир, хотинининг исми русча Нюся экан. Қишлоқдагилар шунақа – миллати бошқа кишиларнинг отини ё бузиб айтишади, ё ўзбекча ном қўйиб олишади.
Одамларнинг феъли ғалати-да, баъзи қўшнилар тўполончи болаларини тинчитишга уриниб, ҳадеб шўх­лик қилаверсанг сени Нуса карисга бериб юбораман, деб қўрқитарди. Бир куни ўртоғимникига ўйнагани кириб, бузоқчасини шаталоқ оттирганча қувалаб юрсак, сопол тосда ем қораётган онаси бизни пўписалашга тутинди:
– Бас қилинглар! Ана, Нусанинг овози келяпти. Ҳозир икковингниям қўл-оёғингни бойлаб, аравасига ортиб бераман, чўлга опкетади.
Иккаламиз тўртта қулоқни тенгдан динг қил­га­нимизча туриб қолдик. Кўчадан Нуса холанинг “Пиёзлар келди-и, гуручлар келди-и” деган товуши эши­тилмаса-да, ўртоғим онасига ҳадикли боқиб, сў­ради:
– Чўлга опкетиб, кейин бизни нима қилади?
– Нима қиларди, тўхтатмай ишлатади, – тосга кепак сепаётиб ваҳимани кучайтирди онаси. – Офтобда бошинг қайнаб, пиёз ўтайсан. Шолипояда лой кечиб, ўт юласан.
Ўртоғимнинг кўзи гилдираб, орада овқат-повқат бериб турадими, деб сўраганида, онаси бирданига қақира-қақир кулиб юборганди.
Нуса холанинг эри Садир тоғани камдан-кам кў­рардим. Уйимизга қадам босадиган бўлса, халтача­да гуручи, бир-икки шиша арағи билан келиб, тунаб қоларди. Бир ухлаб уйғонсам ҳам, дадам иккови ҳа­ли-ҳали отамлашаётган бўларди. Айрим гапларини уқардим, айримларини уқмасдим.
– Биз-ку оғирликларга кўникиб кетганмиз, – дерди Садир тоға. – Лекин, қизчамга жуда қийин бўлди-да. Хотиним аравасида тирикчиликка чиқиб кетса, уни далага опкетаман. Биласан, даламизда дарахт йўқ ҳисоби, қизимга катта сават шляпа кийдириб, шолипоянинг уватига ўтқазиб қўяман. Ора-сира ёнига борсам, терга пишилиб, ҳансироқланиб қолган бўлади. Хотиним қайтиб келса, тупроққа беланган, юзлари қизариб, ёноқлари пўст ташлагудек пўрсиллоқланган қизчани кўриб, болага умуман қарамабсан-ку, деганича мени ғазаблашга тушади.
– Ҳа энди, она зоти сен билан менга қараганда куйинчакроқ-да.
– Униям тушунаман, юраги безиллаб қолган. Бизни буёққа ҳайдашганда, эшиклари жипслаб ёпилган, тўрт жойида кичик-кичик туйнукларигина бўлган тиқин юк вагонида бир ярим ёшли ўғилчамиз бўғриқишдан ўлган. Хотинимнинг рўмолига ўраб, темирйўлнинг ёқа­сига кўмганмиз. Болачоғимнинг гўри қаёқларда қолиб кетди, деб йиғлагани йиғлаган эди хотиним. Қизим туғилганидан кейин ўртаниши анча тийилди. Ўғлим эсимга тушса, ўзимниям ичим ёниб кетади, ошна. Жизиллаб қовриламан-у, хотинимга сездирмайман.
– Нимасини айтасан, Садирвой! Фарзанд доғи­дан баттари бораканми? Мен бирмас, иккита боламни топширганман.
– Биламан, хотининг хотинимга айтган экан.
– Иккинчи қизим уч яшар бўпқолувди-я! Сенлар келмасингдан бир йилча олдин қизамиққа ча­линди-ю… Э, қўй, яхшироқ гаплардан гаплашайлик. Ол манавини. Бахтимизга шу болаларимиз соғ бўлсин энди.
Пиёлаларнинг жаранглатиб чўқиштирилгани эши­­­тилади. Бўшатилган идишлар дастурхонга дўқил­ла­тиб қўйилганидан сўнг, нима учундир, орага жимлик чўкади.
Дадажоним кўпроқ ичволиб, меҳмоннинг олдида думалаб қолмасайди, деб хавфсирардим. Эрталаб хижолат тортиб ўтирмасин дердим-да.
Маҳалламиз болалари бири қадимда, бири шу даврларда тўқилган, буниси ўта қувноқ, униси жуда-жуда қайғули бўлган ўнлаб тилқайрамаларни худди қўшиқ куйлаётгандек оҳангга солиб айтиб юришарди.

Бугун бозорга ўхшайди,
Етимлар бунча қақшайди?
Бозордан қанд опкелувчи
Отагинаси йўққа ўхшайди.

Шунисини эшитганимда, юрагим “жиғ-ғ” этиб кетарди доим. Дадам ўлиб қолмасайди, деб қўрқишни бошлардим. Яхши кўргандан яхши кўрардим дадагинамни. Менга сира қаттиқ тегмасди.
Йил янгиланган ойнинг ўртароғидан бошлаб дадам негадир уйга келмай қўйди. Аямдан сўрасам, уни бир иш билан олисроққа жўнатишди, ҳали а-анча юради, дейишдан нарига ўтмайди.
Сал кейинроқ, гап нимадалигини кўчадаги ўр­тоқларимдан барибир билиб олдим. Улар ота-оналарининг ўзаро ғужурлашувидан илғаволган бўл­са керак-да. Дадам колхоз фермасида омборчи эди, қандайдир текширувчилар келиб, ишидан у-бу камчиликлар топишибди, шунинг касридан қамоққа тушибди. Аямдан қамоқнинг нималигини суриштирсам, у жой – девори баланд бир қўрғон, то фурсати тўлмагунча, ичидагиларни ташқарига чиқармай туришади холос, лекин ётоқлари тайин, овқати бепул, деб уқтирди.
Оворагарчиликни қаранг! Айби бўлса, узоққа оп­­кетиб бепул боқиб юргунча, уйимизга қамаб қў­йи­ша­вермайдими…
Дадамни соғинавердим, соғинавердим. Қўшни хотинлар чиқиб аям билан жақир-жуқурни бошласа, дадам тўғрисида илиқроқ гап ўрмалашидан умид қилиб, уларнинг оғзини пойлаганим пойлаган эди. Баъзида Садир тоға келиб қоларди. Унга кўзим тушиши биланоқ, худди дадамни кўргандек, қувониб кетардим. Ҳар гал у кичик бир тугунча кўтариб келар, костюмининг ички чўнтагида менга аталган попукдор қоғозли чайнамайшиминг ҳам бўларди.
Нуса хола эридан кўра серқатнов эди. Қоплар ортилган эшакаравасида кўчамизга оралагудек бўлса, одатдагидек, бизникига бош суқмасдан ўтмасди. Гоҳо бир-икки пиёла чой устида аям билан андак дардлашган бўларди.
– Нимага Гоптайни ҳеч опкелмайсизлар? – деб сўраб қолди бир куни аям. – Боламдай бўпқолувди, кўргим келади-да.
– Муштдек қиз кун бўйи аравада юришга чидаши қийин, – деди Нуса хола.
– Қўрқманг, олтига киряпти, суяги анча қотди.
– Қани, бир опкеларман.
Шунда аям кўз қирида менга қитмирона қараб, Гоптай эсингдами, қулоғини тишлаб ўзингники қилвол деганимда, картиллатибгина тишлаганидинг, деб кулди.
Қулоғидан тишлаганим, қизча бор товушда дод­лаб юборгани шувиллаб ёдимга тушди, аммо қиё­фасини кўз олдимга яққолроқ келтиролмадим. Уч яшарлигимда ҳатна тўйим бўлганди, Садир тоға тўйга хотини билан қизчасиниям олиб келган, Гоптайни ўшанда биринчи марта кўрган эдим. Икковимиз сопол косачага бармоқ тиқиб нишолда ялаганимиз, сўйилган қўйнинг жонсираб потранишини донг қотиб кузатиб турганимиз, болаларга қўшилиб чопқиллаб ўйнаганимиз, аямнинг ишқовига учиб, унинг қулоғидан тишлаганим узуқ-юлуқ эсимда. Аниқ билганим шуки, ўша куни ундан сира нари кетгим келмаганди. Чиройлидирки, ёнидан силжишни истамагандирман, деб ўйлаётгандим шу дамда.
Кузнинг бошларида Нуса хола ўзбекча узун иштон, енги шалвироқ чит кўйлак кийган қизчаси билан келиб қолди.
– Вой, бу – Гоптайми? – аям борасолиб, калтагина сочининг ўртасидан ялма очиб олган меҳмончани бағрига босди. – Катта қиз бўпкетибди-ку! Вой, ўзим ўргилайин сендан!
Бирга тушлик қилдик. Гоптай бизга эликолмай, қунишганича тамаддиланиб ўтирди. Ора-сира унга пастдан кўз ташлайман, у ҳам ҳуркаклик билан менга қиялаб-қиялаб қўяди.
Овқатланиб бўлганимиздан кейин, ток остидаги ёғоч сўримиздан тушиб, қиттай иккиланиб тургач, юр, Гоптай, эшагингга ўт берамиз, дедим. Гоптай мунғайиб онасига қаради.
– Борақол, – деди Нуса хола, – эшакниям қорни очди-да.
Гоптай сўридан сирғалиб тушиб, патакли калишчасини кийди, мен билан боришга оёғи тортмаётгандек иштиёқсиз одимлаб, ортимдан эргашди.
Уни томорқага бошлаб кирдим. Оғилнинг олдида тўхтаб, қўйларимиз учун жодида қирқиб қўйилган хашакдан бир қучоғини олдим-да, Гоптайга узатдим. Гоптай қорни очилиб қолаётганини хаёлигаям келтирмай, кўйлагининг этагини тутди. Хашакни этакка солиб, ўзим яна бир қучоғини кўтарганча ташқарига юрдим. Кўчага чиқиб бориб, озиқларни эшакнинг олдига тўкдик.
Қўшни қизлар ерга бўр билан чизилган катакларда бир оёқлаб сопол суриб, “ҳаккалакам” ўйнашаётган экан, бу меҳмон ким, деб сўрашган эди, Нуса холанинг қизи, дедим. Бирдан Гоптай ҳам тилга кириб, уларга дадил яқинлашди:
– Отим – Гоптай. Бирга ўйнасам майлими? Мениям ўйинга қўшинглар.
– Ие, ўзбекчада боплаб гапирдинг-ку, – деди қиз­лардан бири. – Карисчаниям биларсан?
– Биламан.
Гоптай “ҳаккалакам”га қўшилди. Мен четда сўп­пайиб қолмайин деб, уларга қозилик қилишни бошладим. Ўйинда гоҳ кимдир бир оёқда мувозанатини йўқотиб тебраниб кетади, йиқилмаслик учун, тепага букиб олган оёғиниям беихтиёр ишга солади. Икки оёқлаб тўхтадинг, ўйиндан чиқ, деб жовирлайди қиз­лар. Баъзан оёқда сурилган сопол саккизта катакдан бирининг оқ чизиғига қадалиб тўхтайди. Яна ўша жовур-жувурлар:
– Сополинг чизиқни босди, ўйиндан чиқдинг!
Гоптай ҳам икки марта ана шундай ҳолатга тушди. Биринчисида қизларга ўшқиргудек бўлиб, букилган оёғини чўзишга чўзди-ю, ерга теккизгани йўқ, деб; иккинчисида эса, сопол билан чизиқнинг орасида қошлиқчўп сиққудек жой турибди, деб унинг ёнини олдим. Қизларга гапимни ўтказа олганим сайин талтаявердим. Гоптайнинг олдида обрўйим тоғ бўйи кўтарилдими дейман-да!
Шунақага ўхшайди. Уйимиздан чиқиб келган Нуса хола қизчасини аравадаги қопларнинг олд томонига ўтирғизиб, ўзи ҳам четроққа ялпайиб чўкканича эшагини олдинга силжитгач, аста олислаб бораётган Гоптай йўл-йўлакай менга икки-уч бор ўгирилиб, ёқимли-ёқимли жилмайиб қўйди.
Дадамни бир йилга қамашган экан, бошлиқлари инсофлироқ бўлса керак, оилангда байрам қилақол, деб муддатидан аввалроқ бўшатиб юборишибди, янги йил киришига икки кун қолганида лоп этиб уйимизда пайдо бўлди. Ҳовлимиз олдин қўни-қўшнига, кейин қариндош-уруғларга тўлди. Қўй сўйилди. Уйқозондан каттароқ бўлган далақозонда бир шўрва қайнаса, бир палов дамланади. Садир тоға ҳам эртаси куниёқ эшакаравага хотини билан қизини ўтқазиб етиб келди. Янги йилни бизникида кутишди. Гоптай бу сафар мендан ётсирамай, бирга ўйнаб ўтирди. Тишимнинг изи қолмаганмикин деб, қулоқчаларининг дам унисига, дам бунисига зоғланиб кўз қадар эдим. Охири, ўрик ўтиннинг чўғи солинган сандалга оёқ тиққанча, биқинма-биқин ухлаб қолибмиз.
Дадамга колхоздан иш беришмади. Дамо-дам маҳалладаги иссиқ-совуқ маъракаларга аралашиб туришини ҳисобга олмаганда, қиш ичи уйда уймаланиб юрди. Йўқчиликданми, ўзини одамлардан олиб қочадиган бўлиб қолди. Илгарилари бизникида тез-тез йиғилиб турадиган улфатлари ҳам қорасини кўрсатмай кетишганди. Гузардаги чойхонага чиқиб, одамлар билан бир чақчақлашсангиз, кўнглингиз ёзилармиди, деб қўярди аям баъзида.
– Нимани чақчақлашасан? – деб ўқраяр эди дадам. – Бири майда-чуйда дардини чувалашга тушади, бири иғводан бўшамайди…
Тўққизта қўйимиз бўларди. Дадам қамоқдалигида иккитасини сотиб рўзғорга харжлагандик, қамоқдан чиққанида биттасини элга егиздик. Етишмовчилик бордирки, кейинроқ яна иккитасини сотдик.
– Битта қўчқор, учта бўғоз совлиғимиз қолди, – деб дадамга бир куни панд айтган бўлди аям. – Қанча қийналсак қийналайлик, то кўпайиб олмагунча, энди қўйларга тегмай туринг. Хамиртуришдек гап булар.
Ҳар йилгидек, томорқамиз четидаги икки туп бодом баҳор кириб-кирмасиданоқ гуллай бошлаган кунлар эди. Садир тоға келиб, дадам билан ярим кечагача улфатчилик қилди. Эрталаб чала-чулпа нонушталанди-ю, ўзбекона одатга кўра юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан турди. Эшикдан чиқаётиб, эшакаравани миниб келайми, ё ўзинг улов топасанми, деб сўради дадамдан. Овора бўлиб юрма, ўзим борарман, деди дадам. Садир тоға кетгач, аямнинг кўзлари синчковланиб, бу ўртоғингиз қанақа арава тўғрисида гапиряпти ўзи, деб суриштирган эди, дадам парвосизгина боқиб, тузукроқ иш топгунингча мен билан деҳқончилик қип­турақол, даромад – ўртада, деганиди, таваккалига розилик бервордим, деди.
– Бошқа иш қуриб кетганакан-да! – кўзини чақ­чай­тириб бидирлади аям. – Чўлга чидаш осонаканми?
Дадам индамасдан четга юзланди. Унинг кўз­ла­рида мунг яллиғлангани, киприклари ўксик боланикидек тез-тез пирпирай бошлаганини кўриб, бирдан кўнглим бузилди…
Чўл деганлари Узумчи қишлоғимиздан унча узоқ эмасдирки, пахта етиштирувчи бригада аъзолари қўш отли, тўрт ғилдиракли, сўриси кенг “ҳаптакач”да тонг ёришиб-ёришмасидан йўлга тушиб, ишлари битгач, қоронғи тушганда яна қайтиб келишарди. Дадам эса, ўн-ўн беш кунда бир келиб-кетарди холос. Аямдан бунинг боисини сўрасам, даданг деҳқончилик қилаётган жой пахтазорлардан анча нарида, чўлнинг этакроғида, дерди.
Ёзнинг ўрталари эди. Дадам навбатдаги келишида мени ҳам чўлга олиб кетмоқчи эканини айтди. Аямнинг туйқус аччиғи чиқиб, ўйлаб гапиряпсизми, уйда битта ўзим қолсам, одамлар нима дейди, деб бобиллашга тушди.
– Битта ўзинг қолмайсан, – деб қошини чимирди дадам. – Ана, тўрт эшик наридаги бева опанг келини билан ғижиллашаверишдан безиб, қаёққа қочишни билмай юрибди. Бутунлай кўчиб чиқмасаям, кечала­ри жон-жон деб ёнингда ётиб юради. Эртош олтидан ўтяпти, далани кўрсин, ишга кўзи пишиб борсин, дейман-да, хотин.
– Баҳона тўқиманг! Биламан, шу боласиз туролмайсиз. Ким вақтида едириб-ичиради, ким кирини ювади? Буёғиниям ўйланг-да.
– Нуса холаси бор-ку! Ўртоғинггаям ишонмайсанми?
Ҳаяжоним ичимга сиғмай бораётганди. Дадажонимга кунда эш-қўш бўлиб яйрашдан кўра шу чоғда, негадир, Гоптайни кўпроқ ўйлаётган эдим…
Садир тоғанинг уйидан тепароқдаги тупроғи арзикли, камқувват, серкесак, шу сабабли пахта экишга яроқсиз ҳисобланган далаларда пиёзлар пишиб-етилиб ётарди. Ер ости сувини пастлатиш мақсадида қазилган серқамиш зовурдан нарига ўтишингиз би­ланоқ, шўри тепага уриб оқ қатқалоқ ҳосил қилган қумлоқ ерлар бошланади. Уёғи энди – шолипоялар. Бошқа соҳадаги олимларнинг кўпчилигига маълум бўлмаган бир сирни – ернинг шўрини ювишда, унумдор қилишда катак-катак марзалар ичра сув доимо лимиллаб тургучи, лойқали чўкмалар балчиқланиб, қумларни аста-секин тупроққа айлантира боргувчи шолипоядан зўрроқ омил йўқ эканлигини бу даланинг чақалоқлариям яхши биларди.
Дастлабки кунларда, пиёз қазишга ёлланганлар ишини бошқариш, уларга овқат ташкиллаб бериш билан банд бўлган дадамнинг ёнида Гоптай иккаламиз ивирсиб юрдик.
Катталарнинг ишига аралашгимиз келаверарди. Кўпинча, қазув чоғида четини кетмон тирнаб заха­лаган, биринчи ўринда сотиб ёки овқатга ишлатиб юбо­риладиган пиёзларни алоҳидалатиб тўплашга қарашар эдик. Буларнинг бир қисмини ўта майдаларига қўшиб, рўзғорга ишлатарсизлар, дея ёлланмачиларга текин тарқатишда қатнашиш бизга ўзгача завқ бағишларди. Кейин пиёзнинг қўланса исини кетказиш учун, қўлимизни ора-сира ҳидлай-ҳидлай, лойда ишқалаб ювишга тушардик.
– Лойдаги тошча бошмалдоғимни тилди, ачишяпти, – деб юзини бужмайтирарди Гоптай.
Йиқилиб-нетган чоғимда аямнинг эркалатишига тақлид қилиб, ке, оғриган жойингни бир ўпиб қўяй, десам, Гоптай “ҳо-о” дея қўлини биқинига яширарди.
Пиёзлар тўлиқ қазиб олиниб, ер ҳақи учун қарийб ярми колхозга топширилгач, қолганининг бир қисми даладаёқ кўтарасига сотилди, бир қисмини юксўрисига баланд четан тўсиқчалар ўрнатилган араваларга юк­лаб, ёйиб қуритиш учун хирмонга ташиш бошланди. Яхшилаб қуритилган пиёз ҳар қанча узоқ сақланмасин, чиримас экан.
Қанча-қанча одамга қирон келтирган урушнинг на­фаси ҳануз сезилиб турарди – далада кетмон чопишга ярамагани учун бўлса керак, пиёз ташувчи аравакашларнинг кўпчилиги ногиронлардан иборат эди: бири оқсоқ, бошқасининг бир қўли ёки бир оёғи йўқ, контузиянинг жаддидан қалтироққа йўлиққанлариям бор. Айримларида аскарча шим-кўйлак, энли қайиш тасмалар. Садир тоғани нега урушга юборишмаганини билмайман-у, дадамнинг ўнг кўзи туғма шилпиқ бўлиб, қизариб яллиғланганича хиёл қисилиб туриши туфайли ҳарбийга олишмаган экан.
Қишда сотишга қолдирилган пиёзлар қуритилиб, ижара омборга жойлаб бўлингач, дадам шолипояни ёввойи ўтлардан тозалашда, экинларни ўғитлашда Садир тоғага ёрдам беришга ўтди. Гоптай иккаламизнинг кунимиз ҳам энди шу томонда кеча бошлади. Ота­ларимизга кўмаклашмоқчи бўлсак, гоҳ на­ри­роқдаги пастаккина, танаси кетмон сопидан озгина йўғонроқ бўлган ёш мажнунтолни кўрсатиб, тезда сояга боришимизни буюришади, гоҳ, кечки салқин туша бошлаганиданми, индамай қўйиб беришарди. Менга қўшилиб Гоптай ҳам иштонининг почасини тиззагача шимариб, марзалардан биридаги бўтана сувга тушиб борарди. Курмак­ларни тортқилаб юлмасдан, томиридан тепароғини чимдиб узиб олинглар, йўқса ёнидаги шоли ҳам таг-туби билан қўпорилиб чиқади, деб уқтиришарди бизга.
Томири бутун қолганиданми, тўрт-беш кун ўтмаёқ, курмаклар яна шолидан баландлаб кетаверарди. Қа­рабсизки, ҳамма иш бошқатдан бошланиб турибди-да. Муҳими – бу лаънатиларни уруғи пишмасдан бурун гумдон қилиш. Уруғи тўкилиб, бир болалаб берса, шолига кун йўқ.
Шоли бошоқламагунча уни курмакдан фарқлаш қийин. Курмакнинг курмаклигини баргида оқ чизиқча борлигидангина ажратиб олса бўлади. Ўйлашимча, шуни янглиштириб қўйишимиздан чўчиб, бизни шолипояга яқинлатгилари келавермасди. Жуда ғай­рат­ларинг қўзиётган бўлса, ана, марзанинг устини тозаланглар, дейишарди.
Марза сувдан баландлиги учунми, муттаҳам курмаклар бу ерда қорасиниям кўрсатмас, муғам­бирдан муғамбир семиз ўтларгина ўсарди. Муғам­бирлиги шундаки, шохларидан бирининг учини ўт ўчирувчиларнинг ичагидек сувга тушириб олса бас, суюқликни керагича сўриб, бутун тана бўйлаб писмайиб тарқатаверади.
Бир гал марза устидаги ўтларни юлаётиб, олдимиздан сузиб ўтаётган бақани тутиб олдик. Икковимиз бир пайтда ташланганимиз боис мен бақанинг орқа оёғидан, Гоптай олдинги оёғидан ушлаганча сувдан кўтардик, биринчи бўлиб мен тутдим, дея талаша кетдик. Тортди-тортдида орқа оёқ узилиб чангалимда қолди-ю, қўлига қон сачраган Гоптай бақани ташлаб юбориб, унинг типирчилашига йиғламсираб тикилиб турди, сўнг менга бир ўқрайиб қўйиб, шартта ортга бурилди, марзадан чиқибоқ, уйи томонга йўналди.
Кечки овқат пайтидаям Гоптайнинг арази босилмади, тумтайган асно, менга умуман қарамасдан, жим кавшаниб ўтирди. Нуса хола мийиғида кулимсираб, бу иккови бугун росаям ювошланиб қолибдими, дея ёнидагилар билан маънодор кўз уриштириб қўйди. Билдимки, орамиз бузилганини булар аллақачон пайқаб бўлишган.
Садир тоғанинг бир ойнакли уйи ёнида кичкина омборча бор эди. Дадам омборчанинг четига тахта териб, устига кўрпа тўшаб олган экан, шу жойда ёлғиз ухларди. Бир ойнакли уйда эса, гиламдек-гиламдек келадиган ўзбекона кўрпаларнинг таглигиям, ёпинчиғиям узунасига тўшалиб, у четида Нуса хола, бу четида Садир тоға ётар, Гоптай иккаламиз уларнинг ўртасига суқилиб олардик. Ўша куни Гоптай онасининг нариги ёғига ўтиб ухлади.
Қаёқданам йўлиқа қолди ўша олакўз бақа? Ушлашга ушладик, уни Гоптайга индамасдан бериб қўя­қолсам, ўлармидим?
Юрагим сиқила-сиқила, пинакка кетибман.
Нонуштага уйғотишди. Чивин чаққан жойларимни қашлай-қашлай, ланжланиб ўрнимдан турдим. Оё­ғимни судраб босганча уйдан чиқиб, ариқчада юзимни ювдим, толга илинган сочиқни олиб, сустланиб артина бошладим. Кўнглим ҳамон қоронғи эди.
Бир пайт Гоптай келиб, курагимга турткилади:
– Ҳей, менга қара!
Юрагим бошқача тепиниб, унга ўгирилдим.
– Бугун яна бақа ушласак, бўпти, сен олақол, – деб жилмайди у. – Энди талашмайман.
Ичимда ярқ этиб қуёш порлагандек бўлди.
– Э, бақаям қуриб кетсин, – дея қўл силтадим мен. – Ўшани деб, сени хафа қипқўйдим.
Шу тариқа кунларим Гоптай билан биргаликда чарақлаб-чарақлаб ўтаверди. Мен унинг кўнглини авай­лашга тиришадиган бўлиб қолдимми ёки у менга кўпроқ ён берармиди, ҳартугул ўртамизга қайтиб совуқчилик тушмади. Уни бирор соат кўрмасам, энг суюмли ўйинчоғимни йўқотиб қўйгандек бетоқат эловлана бошлардим. Бу элитмакўз қизалоқ шу ёшимдаёқ қалбим чечакзорини бутунлай ўзиники қилиб олаётгани, мазкур масканда бошқа кезаргонга жой қолдирмай бораётганини билмасдим ҳали.
Ҳеч унутолмайман – Гоптайнинг бир эртаги юрагимда ғалатидан ғалати жимирлоқ уйғотган эди. Ўша куни эрталабки салқинда дадаларимизга озгина кўмаклашган бўлдик, кейин бизни яна сояга қувишди. Бориб, мажнунтолнинг остига ўтирдим. Гоптай ёнимга чўкди. Ўзимизга янги эрмак топиб, иштонимизнинг шалаббо бўлган почасини сиқишга тутиндик.
– Даданг ҳозир ишини ташлаб келиб, бизга та­ғин эртак айтиб берса, зўр бўларди-да, Эртош, – деб қолди бир пайт Гоптай. – Айниқса, Алпомишни бошқатдан эшитгим келяпти. Ўшандай полвон йигитга ёқиб қол­ганига қараганда, Барчиной жуда чиройли бўлса керак, а?
– Шунақага ўхшайди, – дедим мен.
Сўнг, карисларниям эртаги борми, деб сўрадим. Бор, деган жавобни эшитиб, қани, биттасини айтиб бер-чи, дедим.
– Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим-қадим замонда битта кичкина бола билан битта кичкина қиз бўлган экан, – деб эртагини бошлади Гоптай. – Иккаласи доим бирга ўйнаркан. Бир куни уларга авлиё чол йўлиқибди-ю, тилакларинг бўлса, айтинглар, дебди. Қиз, буни эшитиб, бизни ҳозироқ катта қилиб қўя оласизми, деб сўрабди. Авлиё чол шу заҳоти уларни катта қилиб қўйибди. Шунда йигит қизга қараб, сени яхши кўраман, менга хотин бўласанми, дебди. Майли, дебди қиз. Тўй қилишибди. Кейин йигит ўша қизнинг ота-онасиниям уйларига кўчириб келибди. Йигит билан қиз ота-оналарига қўшилиб, битта жойда яшаб-яшаб юраверибди…
Шолипоя яқинидаги тошўчоққа кичкина қозон осилган бўлиб, дадаларимиз тушлик овқатни шу ернинг ўзида пишириб ейишарди. Кўпинча қайнатма шўр­ва қилинарди. Ўтин ҳўлроқ бўлса, бизни ўчоққа яқин бордиришмас эди. Ҳўл ўтин чарсиллагани чарсиллаган. Чарсиллоқдан учган чўғ кийимни куйдиради, баданинггга тегса, яра қилади.
Тушлик маҳали четлари титилган бўз дастурхонни ёйиб, олдимизга иккита сопол косада шўрва қўйишди. Кейин ўзларига овқат келтиришди, нонни майда-майда тўғраб, шўрвага бўктиришди. Мен ҳам ўшандай қилдим. Чимтомоқ Гоптай эса, нон бўлагини шошмасдан шўрвага ботириб, истамайгина оғзига солди.
– Могора! – деб жеркиб берди Садир тоға.
Карисчада бу “еяқол” дегани. Келганимдан бери, бунақа гаплардан беш-ўнтасини ўрганиб олганман: ёш онара – буёққа кел, иго кадера – ол, чагара – ухла, гадя – юр, кетдик… Карисларнинг “салом”и узунроқ холос – аненси хасимника.
Садир тоға бўғма халтадан тўртта кўк қалампир олиб, пичоқда парраклаб-парраклаб қирқди, ярмини ўз косасига, ярмини дадамнинг овқатига тўкди. Айтишларича, қалампир одамни терлатиб, баданидаги бор совуқликни қувиб чиқараркан. Шолипояда кун бўйи сув кечиб юрганларнинг эса, суяк-суягигача захлик сингиб кетармиш.
Овқатланиб ўтирганимизда, мўйловдор, тўлпоқ­юз киши зовурнинг кўпригидан ўтиб, биз сари яқин­лашаверди. Келинг, домла, келинг, деб дадам уни Садир тоғанинг ёнига ўтқазди-да, қорним тўқ, деса ҳам, барибир шўрва қуйиб келиб, олдига қўйди. Мўйловдор киши мактаб ўқитувчиси бўлиб, далада яшовчиларнинг болаларини рўйхатга олиб юрган экан. Бизнинг ёшимизни суриштирган эди, дадам мени кўрсатиб, ўғлим март ойининг бошида олти ёшга тўлди, Гоптай ундан ўн беш кунлик кичик, деди. Мўйловдор киши исмларимизни, туғилган вақтимизни дафтарига ёзиб бўлиб, булар сентябрда олти яримга кираркан, биз мактабга етти ёшдан ошганларни оламиз, келаси йили ўқишга боришади энди, деб тушунтириш берди. Ке­йин, шўрвадан ҳўпларкан, Садир тоғага қараб, аввалги юртларингда қачондан бери яшар эдиларинг, деб савол ташлади.
– Аниқ билмадим-у, отам ҳам, отамнинг отаси ҳам, унинг отаси ҳам ўша ерда яшаб ўтган экан, – деди Садир тоға. – Нимага сўраяпсиз?
Мўйловдор киши охирини бир кўтаришда косани бўшатгач, попукли сатин рўмолчада оғзини артиб, Садир тоғага салмоқли сиёқда юзланди:
– Сўраганимнинг боиси – ўшанча вақт руслар билан аралаш яшаб, ҳалиям русчага тилларинг келишмайди. Ўзбекистонда яшаётганларингга ҳеч қанча бўлгани йўғ-у, ўзбекчада худди ўзбекдек тоза гапирадиган бўлдиларинг. Хўш, бу нимани англатади? Бу шуни англатадики, тилларимизнинг томири бир!
Дадаларимиз меҳмонни кузатиб қўйиб, яна юмушга берилишди. Садир тоға ишлаётиб, одатига кўра, қандайдир қўшиқни димоғида тинмай хиргойи қила бошлади.
– Қачон қарама, шу ашулани айтганинг айтган, – дея тегишқоқланиб сўз қотди дадам. – Бошқаси йўқми?
– Бошқалариям кўп, – деб жавоб қилди Садир тоға. – Лекин, ҳеч қайсиниси бу қўшиққа тенг келолмайди, ошна.
Дадам кесатишини қўймади:
– Шунчалик кучли бўлса, мазмуниниям билай­лик-чи.
Садир тоғанинг айтишича, бу қўшиқнинг маъноси шундай экан:
    
Эй, юртимдан келаётган шамол!
Отам бўлиб, онам бўлиб,
Сочларимни силаб ўт!

Эй, юртимга кетаётган шамол!
Мен ўғлига айланиб,
Отам билан онамнинг қабрини силаб ўт!

Садир тоға манглайини тириштириб туриб қолди. Дадам унга ҳилвироқланиб тикилганича деди:
– Қўшиқмисан қўшиқ экан! Айтавер, оғайни, айтавер!
Лекин, Садир тоға ашуласини давом эттирмади, чўнтагидан папирос олиб, оғзига қистирди. Гугуртда ёндириб, устма-уст сўрди-ю, ўқчиб-ўқчиб йўталди.
– Аччиқдан аччиқ бўлсаям, арзонлигига учиб, шу ўлати “Байкал”ни чекканим чеккан, – дея кўкрагини силаб қўйди.
Ўз-ўзидан кўзим сузила бошлади, бирам уйқум кел­яптики, деб толга елка тирадим.
– Мениям уйқу босяпти, – деди Гоптай. – Елкангга суянсам майлими? Ерга ётсам, чумолилар тишлаб қочади.
Мен толга, Гоптай менга суяниб, уйқуга кетдик. Уй­ғонсам, Гоптайнинг боши елкамдан сирғалиб тушибди, чўзилган оёғимни ёстиқ қилганича тиниқиб ухлаяпти.
Эртакдаги ўша авлиё чол Гоптайни сеҳрлаб қўй­са-ю, қанийди, мана шу ётишда уйғонмай ётаверса, деб ўйлаётгандим шу онда.
Қиш бошланиб, пахта терими охирлаб бораётганида, колхоздаги каттаконлар дадамга иш беришди – боғ бригадири қилиб тайинлашди. Буни эшитиб, Садир тоғанинг боши осмонга етди, Нуса хола қуюқроқ зиёфат уюштирган бўлди.
Тонгда дадам икковимиз қишлоққа жўнадик. Гоптай ота-онасига эргашганича бир ойнакли уйчадан чиқиб келиб, кўзи мўлтираган асно бизни кузатиб қолди. Анча юриб боргач, ортга қайрилсам, уйчанинг олдида энди битта ўзи ҳалиям ўшандай тикилиб турибди. Унга кафтимни тебратиб қичқирдим:
– Яна келама-а-н!
Қишлоққа қайтсак, қўчқоримиз лорсиллаб кетибди. Совлиқлардан бири эгиз туққани учун тўртта қўйимиз саккизта бўлувди, қўзичоқлар аллақачон тўхлига айланиб улгурибди. Бошимизга давлат ёғилгани шу-да. Бунинг устига, Садир тоға биринчи қор тушган куни уйи­мизга келиб, бу сенинг улушинг, дея дадамга бир чорси пул ташлаб кетди.
– Қадаминг енгил экан, – деганди у ўшанда дадамга. – Шунча экин экиб юриб, ҳосил бу йилгидек мўл бўлганини сира кўрмагандим.
Орадан икки ҳафта ўтиб-ўтмай, Садир тоға яна дарвозамиздан кириб келди. Ёнида Гоптай ҳам бор эди. Бир-биримизни кўришимиз биланоқ, кўзларимиз яшнагандан яшнаб кетди.
Садир тоғанинг, негадир, тафти суст эди, дадамни четга тортиб, қовоқ солганича алланималарни шипшитди. Томорқадан чиқиб келган аям Садир тоғани кўриб, эндигина ҳол-аҳвол сўрашни бошлаганди, дадам яқинроқ бориб, унгаям нимадир деб пичирлади. Аямнинг тўсатдан ранги қув ўчди, вой ўлмасам, деб кўйлагининг ёқасини тутамлади.
Дадам уйга кириб, тезда кийиниб чиқди, аямга қараб, бугун келолмасам керак, деди. Садир тоға иккови шоша-пиша йўлга тушди. Шу кетганча қайтишмади, Гоптай бизникида тунаб қолди. Даданг нимага хафа, деб сўрасам, онам касал, деди холос.
Нима воқеа юз берганини эртаси куни аям қўшни хотинга сўзлаб бераётганида билиб олдим. Бундан уч-тўрт кун аввал Нуса хола кўксини чангаллаб йиқилибди-ю, шу-шу, қимирлолмай қолибди. Дарровда дўхтирхонага олиб боришибди. Фойдаси бўлмабди. Кеча тушликка яқин жони узилган экан.
Гоптайга буни айтишга тилим бормади. Чамаси, аям ҳам нима дейишни билмаётганди.
– Кўчада бир ўйнаб келсаларинг-чи, – деб қўли­мизга уч-тўрттадан ёнғоқ тутқазди охири.
Кўчага чиқмасак ҳам бўларкан, Гоптайни “ҳа, карисча”, деб эрмаклагани учун ўзимдан каттароқ бола билан ёқалашиб қолдим. Қаттиқ олишдик. Ерга думалаб йиқилганимизда, билагим яхшигина шилинди, унинг кўйлаги йиртилди.
Ҳовлига қайтиб кириб, қўлимиз совуқдан қал­тираганича товуқнинг катаги ёнида ҳаммомпиш ўй­нашга уннадик. Нам тупроқдан юмалоқ гумбазли ҳаммом ясагач, устига мўри ўрнатиб, ёнидан эшикча очаётганимда, қара, мен зўр уй қурдим, деб қолди Гоптай. Кўрсам, каттагина уй тиклаб, ҳовлисининг атрофини чўп деворда ўраб қўйибди.
– Пулимиз кўпайса, дадам шунақа уй қуради, – деб орзиқди Гоптай. – Сизларникига яқинроқ жойга қурсак, ҳар куни бирга ўйнардик.
Бу иш эрта-индиноқ амалга ошадигандек, суюниб кетдим:
– Ие, қишлоққа кўчиб келасизларми?
– Чўлда мактаб йўқ, – хўрсинди Гоптай. – Келмасак, қаерда ўқийман?
– Уйни қуришга неччи кун кетаркин?
– Билмадим… Улгуришар…
Бирдан қувлигим қўзиди:
– Агар улгуришмаса, сени қишлоққа эрга бериб қўяқолишсин.
– Эрга беришсин? – чарақланиб боқди Гоптай. – Кимга?
– Кимга бўларди, менга-да!
Гоптайнинг лўппи юзи туйқус дувиллаб қизарди.
– Сенга? – деди сўнг илжайиб. – Сен уришқоқсан-ку! Юмдалоғич мушукка ўхшайсан!
Шундай дея, қотиб-қотиб кула кетди. Мен ҳам кулгига қўшилдим. Куляпман-у, ичимда нимадир титраниб эриб боряпти.
Кечаси аям узунлатиб жой тўшади, учаламиз битта кўрпага кирдик. Гоптай ҳаял ўтмасданоқ уйқунинг қопқонига илинди. Анча маҳал унга тикилиб ётдим. Ўзимни чинакамига куёвчадек ҳис этмоғим учун аям ортиқчалик қилаётгандек эди шу топда.
Садир тоға биз ухлаганимиздан кейин дадам билан келиб, дарвозамиз ёнидаги меҳмонхонада тунаб қолган экан, Гоптай эрталаб уни кўрибоқ, онам қани, деб сўради. Садир тоға чуқур ҳомуза тортиб олгач, онанг узо-о-ққа кетди, деди.
Гоптай дадасига хавотирли боқиб, яна сўроққа тутди:
– Қачон келади?
– Билмадим, – деди дадаси. – Келавермаса, бир куни ўзимиз олдига борамиз-да, қизим.
Буни эшитиб, аям ўзини йиғидан тиёлмай, ша­палоғида кўзини тўсганича, уй ичига тезланиб кириб кетди…
Келгуси йили мактабга бордим. Шу ерда бўл­ганида, ҳозир Гоптай иккаламиз бирга ўқиётган бў­лармидик, деган ўй бошимда тез-тез айланиб турарди. Афсуски, улар кетиб қолишган. Нуса хола вафот этганидан кейин, Қозоғистоннинг аллақаерида яшовчи синглиси келиб, жиянимни бошқа аёлга ўгайлатиб қўймайман, дебди-ю, ўзи билан олиб кетибди.
Қизини қўмсаган бўлса керак, қишнинг қирчил­ламасида Садир тоға ҳам ўша ёққа жўнади. Кетишдан аввал бизникига келгани, дадам билан қучоқлашиб-қучоқлашиб хайрлашгани эсимда.
– Хотинимнинг қабрига қараб-нетиб туринглар, мен келолмасам, бир кунмас бир куни боламми, неварамми келиб зиёрат қилар.
Садир тоға айтган охирги гап шу бўлди.
Оқсоқолларнинг розилиги билан, Нуса холани қишлоғимиздаги мусулмон қабристонига дафн этишганди. Дадам ҳар баҳорда бориб, ўз ота-онасиники қаторида Нуса холанинг гўрини ҳам ўтлардан тозалаб келарди. Бунақа пайтда Садир тоғанинг ўша ашуласи ёдимга тушаверарди. Дадам газетада ишлайдиган бир танишига бу қўшиқнинг мазмунини айтиб бериб, ке­йинчалик шеър қилдириб олганди:

Шамол келди юртимдан,
Ёйдим мен қулочимни.
Отам бўлиб,
Онам бўлиб,
Силаб ўтсин сочимни.

Кўзларимни ёшлатиб,
Шамол кетди юртимга.
Отам қабрин,
Онам қабрин
Силаб ўтсин ўрнимга.

Қозоғистон томонларда бўлиб қайтган таниш бир карис киши дадамни учратиб қолиб, Садир тоға ав­томашиналар тўқнашувида ўлганини айтганлиги эс­ки қадрдонининг эзгин қўшиғини ўзбекча шеърга айлантириб асраб юришга туртки берган экан. Дадам ўшанда унинг қизини суриштирса, иккаласи бирга ҳа­лок бўлганмиш, дебди.
Буни дадамдан талай фурсат ўтибгина эшитганимда, юрагим уқаланиб кетгудек бўлувди. Гоптай эсимга тушса, гоҳо кўзларим ўз-ўзидан ёшланишни бошларди. Уни олиб кетган аёлни топиб, аямасдан савалагим келаверарди.
Шундай чарақлаган қизни нима қипқўйишди-я?!
…Қабристон жимжит эди, ёмғир сийрак томчилаб турарди.
– Агар тириклигингни билсам, сени ернинг тагидан бўлсаям излаб топмасмидим, Гоптай. Нега ўзинг хат-пат ёзмадинг? Нега?
– Бир-икки марта ёзмоқчиям бўлдим, лекин манзилимнинг тайини йўқ эди. Умримнинг энг чарсиллаган даври қозоқларнинг у даласидан бу даласига кўчиб юриш билан ўтди. Бошим кулфатдан чиқмади. Холамнинг ичувчи эри қиморбоз, жанжалкаш, бетайин киши эди, ҳеч кимга ёқмасди, ҳеч ерга сиғмасди.
– Ҳарбийда бўлдим, институтда ўқидим. Битирганимдан кейин ҳам анчагача уйланмай юрдим. Учраган қиздан сендаги қиёфани, сендаги қилиқларни ахтаравердим. Ҳатто тўйим бўлаётган куниям кўз олдимга келиб турволдинг…
– Мен-чи, мен? Сени эсламаган, сенга талпинмаган куним йўқ эди. Саргардонликдан қутулиб, йўлимни топиб олганимда, йигирма бешдан ўтиб қолувдим. Эртош – ёлғиз ўғил, аллақачон уйлангандир, деб ўйлардим. Сени ҳеч бўлмаса яна бир марта кўрай, армоним арисин, дердим-у, ўзбек аёлларининг феъли нозиклигини билганим учун, турмушингга совуқчилик тушириб қўйишдан чўчирдим, ўзимни зўрлаб йўлдан қайтарардим.
– Ўшанда имилламаслигинг керак эди, Гоптай. Мен йигирма еттимда уйланганман, йигирма еттимда!
– Сенам мени яхши кўришингни қаердан билибман…
– Ваҳ, пишмаган калла-я! Ҳамма айб ўзимда, қаёқдаги мишмишга ишониб, сени тириклайин кўмиб ўтирибман-а! Нимага яхшироқ суриштирмадим? Нимага қидириб кўрмадим? Мен ландавурни кечир, Гоптай! Кечир мен хумбошни… Кечир…

* * *
Бунақасини тўқиб бўларканми?! Бир мистовоқ сом­сани кўтариб, қишлоқдаги удумга кўра, қўшнининг меҳмонини йўқлашга кирганимда Эртош отадан нимани эшитган бўлсам, шуни ёздим.
Қарангки, Эртош ота билан шунча йил битта кўчада яшаб, бир пайтлар таниқли мелиоратор бўлгани, қанчадан-қанча сув иншоотлари унинг лойиҳаси асосида қурилганидан бўлак нарсани билмай юраверибман. Буям одам-ку, балки, кўнглида ҳали ҳеч кимга айтмаган сирлари бордир, деган ўй бирор марта бошимга қўнмабди. Агар, Гоптай момо деган кампир ўнлаб йилларга чўзилган жудоликдан сўнг онасининг қабрини зиёратлаш ниятида Узумчи қишлоғини истаб келгани; хотирасида ўчмас ёлқинга дўнмиш Эртош отанинг тириклигидан қувониб, бир ойчадан бери уникида қўноқ бўлиб юргани; кампирнинг невараси уларни ўз машинасида водий бўйлаб сайр қилдиргани; болаликнинг заҳматли, бироқ тотлидан тотли дамларини қайта жонлантирмоқ илинжида, тобора тароватли тус олаётган кўҳна чўлни икковлон яёв кезиб чиққани ҳақида одамлар шов-шув кўтармаса; мен шов-шувнинг тафсилотига чуқурроқ шўнғимоқдан эриниб, бу силсилали қисматни ер кезғичида ҳар бир сония ичра юз бериб тургучи минглаб оддий айрилиқлардан бирига йўйиб қўяқолсам; кейинроқ эса, илоҳий ҳодисадек туюлуви ила бутун бошли қишлоқни ларзага солган маъракада қатнашмасам, оламда мунглигина янги бир эртак туғилганига шоҳид бўлолмай ўтиб кетаверар эканман.
Хатомни тўғрилашга ошиқманг, хотима топган умр­лар баёни ўлароқ идрок этилгучи “эртак” деган сўзни янглиш ишлатмадим. Юртига йўл олишга ҳозирланган Гоптай момо сўнгги кечада Эртош ота билан узоқ суҳбатлашиб ўтиргач, тун яримдан оғганида ухлашга ётибди-ю, қайтиб уйғонмабди.
Хонадон тонгдаёқ одамга тўлди. Маҳалла оқ­со­қоли гоҳ кампирнинг невараси, гоҳ чолнинг фарзандлари билан нималарнидир маслаҳатлашар, ланг очиқ дераза тарафга бот-бот жаланглаб, уй ичига синчковланиб қараб қўярди. Уй ичида эса, Эртош ота каравотдаги жасадга киприк қоқмай термилган куйи тош қотиб ўтирар, ҳеч кимга гапирмас, ўзгаларнинг гапи ҳам қулоғига мутлақо чалинмаётгандек эди. Бурноғи йили кампиридан айрилганидаям чолни бундай карахт кепатада кўрмагандик.     
Оқсоқол охири Эртош отанинг олдига кириб борди. Елкасидан секингина қучиб тебратганича, энди нима қиламиз, деб сўраган эди, у кескин товушда: “Гоптай ёнимда қолади!” деди. Шундай деди-ю, кўзлари тўсатдан тепага битиб, боши билангланиб чайқалди, остидаги курсидан каравот томонга мулгий бошлади. Оқсоқол потранган алфозда унинг қўлтиғидан тутди, авайлаб гиламга ётқизди.
Эртош ота билан Гоптай момо қабристонга бирга кетди, ёнма-ён қазилган лаҳадларга бир пайтда қў­йилди.
Улар энди орамизда эмас. Бир-бирининг жаҳонда ўхшаши йўқ чеҳрасига қониб-қониб олиб, бу муваққат чайлани армонсиз тарк этишди-ю, иккови битта эртакка айланди…
Эртами-кеч биз ҳам эртакка айланамиз. Аммо, шу томониям борки, бунинг учун одамдек яшаб, бировга айтишга арзигулик, лоақал, бирон-бир жимжимали кечинмани бошдан ўткармоғимиз лозим шекилли.

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 12-сон