Илёс Жонсуғуров (1894-1938)

Илёс Жонсуғуров (Ілияс Жансүгіров) Толдиқўрғон вилоятининг Оқсув туманида дунёга келган. Унинг ижоди қозоқ адабиётида кўп қирралилиги, бадиий бақувватлиги билан эътиборни тортади. Айниқса, шоирнинг достонлари қозоқ шеъриятида катта ўрин эгаллайди. Улар кўпдан бери адабиётшунослар ва ўқувчилар диққатини жалб қилиб келади.
Шоир ўн бешга яқин достон яратган бўлиб, улар ичида “Кампеске”, “Тухум,» “Куй”, “Куйчи”, “Дала”, “Қулагер” каби достонлари ҳақли равишда халқ орасида машҳур бўлиб кетган.

БЎРОНДА

Қор зўрайиб қаттиқ бўрон ҳарсиллайди,
Еру кўкда изғирин чарсиллайди.
Қўй йиғилиб, тўдаланиб пана истар,
Бошини қорга тиқиб қалтиллайди.
Суяниб қўй қошида таёғига,
Тоймасни қиров босиб — ялтиллайди.
Шўрликнинг оёғида тўзган чориқ,
Пайтаваси осилиб, ҳалпиллайди.
Аёзга ўмровини очиб турар,
Бамисли қовурғаси қарсиллайди.
Вужудин совуқ ямлаб-ютаман дер,
Ҳар ёқдан аччиқ шамол анқиллайди.
Бўйнига ёпишган қор қотар зумда,
Иягида сумалак шалпиллайди…
Иссиқ ичик, тулки тумоқ, қўнжли этик —
Дуйсекбой дўнг бошида салқинлайди.
“Нарига қўйни қўзгаб қўйсанг-чи” деб,
Тоймасга зуғум қилиб шанғиллайди.
“Еганинг ош бўлмасин, баччағар!” деб,
Қарғадек қор ичида қарқиллайди.

ЯЙЛОВ

Гиламин ёйиб ташлар бунда баҳор,
Уфқла тўкиб турар тоғлар виқор.
Яйловнинг ёз лавҳасин таърифида
Менинг бир дилдан айтар ўланим бор.

Туни — олтин, кунида — кумуш ранглар.
Булоқлари маржон сочиб, куйдек янграр.
Ел эсиб гул-гиёхдар мавжланади,
Базмда яйрагандек ёш-яланглар.

Кишнайди қулун, тойлар аҳён-аҳён,
Бўзтўрғай бўзлаб қолар куйдириб жон.
Қўйларнинг бир четида — кўкаламда
Ўтирар қатиқ ичиб беғам чўпон.

Ям-яшил қарағайзор яйлов олди,
Қалиман ва Бейсенбек қайда қолди?
О, улар ҳов ана-ку — ҳалинчакда,
Ҳавода тебранишиб қий-чув солди.

Адирда еллар кезар даврон суриб,
Хотинлар куви пишар яйраб юриб.
Осмонни булут қоплар онда-сонда.
Яйловни чўмилтириб — ёшартириб.

Бойбича ҳалак бойга қимиз тутиб,
Бойнинг-чи, жойидадир ранги-қути.
Димоғни ёргудайин сархуш қилар
Тонг пайти анқиб келган оғиз сути.

Тикилиб бўй етган қиз бўйларига,
Эрк бериб бебош кўнгил ўйларига —
Қўзини уринтирган шу Жаъфар тоз,
Эловсиз бўп ишига — қўйларига.

Қамиш чий устида қурт йилтиллайди,
Бия соғган ёш келин қилтиллайди.
Эпкиннинг забтидан шипшийдам ўтов
Гадойнинг кулбасидек қирсиллайди.

Йилқичи дил туйғусин завққа йўяр,
Қўшиқнинг сафосига қирлар тўяр.
Ва уни эшитган ҳар навраста ёш
Оҳ тортиб, сочин кўздан суриб қўяр.

Мол-йилқи кетиб қолмас дайдиб ҳар ён,
Уларни бир манзилга йиғмоқ осон.
Ҳовридан тушмай қозон — тонг ёришса,
Суғур тош узра чиқиб ўқир азон.

Шириндир тун уйқуси бу пайт ташда,
Қимизлар сипқорилар наҳор-нашта.
Гулларнинг ифорига тўлиб кўнгли,
Оқ сулув бир чеккада тикар кашта.

ДЎМБИРА

Сайрагин бир, дўмбира!
Тўкил, тўкил, наволар,
Тоғ сувидай шилдира,
Куйга тўлсин ҳаволар!
Булут соя солмасин
Яшил адир, қир узра!
Тингламаган қолмасин
Қўшиғинг, куйинг сира,
Сайра, сайра, дўмбира!

Қўш ичак ип, уч қулоқ,
Тўққиз парда дўмбира,
Ўйнар сенда ўн бармоқ
Қулундай чоп, гулдира.
Бўзла-бўзла, бўз оҳанг,
Дилдан ғамни сидира,
Сайра, сайра, дўмбира!

Меҳнаткаш эл куйчиси,
Қулоғимни бир яйрат,
Кўнглимга шавқ қондира,
Тотли-тотли куй тарат,
Завқларингни дўндира,
Сайра, сайра, дўмбира!

Хоксор диллар малҳами,
Соч нурларнинг жарангин,
Кўкайимни қондира,
Сен қўшиқлар айт янги,
Юракларни ёндира,
Эски ғамни сўндира,
Сайра, сайра, дўмбира!

ЁМҒИРДА

Ёмғир, ёмғир
Шиваламас — шўрғалар.
Овул селдан
Мол-жонини қўрғалар.

Уй исимас,
Чунки ўтин яна йўқ.
Тўқлар тўқдир,
Йўқларда бошпана йўқ.

Ибройимнинг
Овули анави уйлар.
“Худойим ҳам
Фақат Ибройимни ўйлар”.

Қўрасининг
Четидаги кулбада
Болаларнинг
Ўлтирганин ғамзада —

Ким кўради?
Қайғурувчи жон борми?
Кўк гумбурлар…
Ёмғир ёғмай қўярми?

Яна ёмғир
О, челаклаб қуйди-ку!
Йўқ ёмғирмас —
Оч, юпунлар ёши бу!

Мирпўлат Мирзо таржималари