Кечки овқатдан кейин дадам озиқ тишини кавлаб туриб: «Сизга билдирмай, битта иш қипқўйдик, ўғлим», деб қолди. Бирдан юрагим алғов-далғов тепди.
– Уйим куйибди-ку, дада! – деб вангилладим мен. – Даканг хўрозимни охири сўйворибсиз-да?
Кутилмаганда, дадамнинг эски тутқаноғи тутиб, «ҳе, ўша жипириқ хўрозингни…» дея оғзига эндигина зўр бераётувди, аям унинг гапини бўлиб, «қачон эсинг киради, ер юткур, сенга хотин топиб қўйдик», деб пешанамга мушт ниқтади. Шундан сўнг сал ўзимга келиб, худди уялаётгандек, секин бошимни эгдим.
Очиғини айтсам, хотинсиз яшаш жудаям қийинлигини биринчи синфлигимдаёқ пайқаб етганман. Уйга берилган вазифаларни бажаролмай, жоним ҳиқилдоққа келган вақтда, «шу зиқналар мени биронта аълочи қизга уйлантириб қўйишса ўлишармикин», деб ота-онамдан ёмо-о-н ўпкалардим. Мана, бугун ниятимга етиб турибман.
Тақдирнинг тантилигини қарангки, аям қуйи маҳаллалик бир қиз билан тўйда ёнма-ён ўтириб қолиб, икки оғизгина гаплашибди-ю, бор ихлосини берибди-қўйибди.
– Вой, унинг бийронлиги, вой, унинг донолиги! – дея очилиб-сочилиб мақташга тушди аям. – Бодрингдан гап очганимни биламан, уруғни танлаб экишдан тортиб, палак юлишгача бўладиган ишларни олдимга битталаб тахлаб қўйди. Гапини эшитиб, ўқишни Ёпонияда битирганми деб ўйлайсиз. Акамнинг келиниям юрибди-да, беш йил дўхтирликка ўқиб келиб, ошқовоқ ўстиришниям билмасдан.
Дадам бир кекириб олгач, гердайиб гап қўшди:
– Сал ҳовлиқмасдан гапиргин! Ишқилиб, тузукроқ синадингми уни? Масалан, қорауруғ бодрингданам гапириб кўрдингми?
– Қорауруғ азалдан камхамак бўларкан, – дадамга жаҳл билан тикилди аям. – Айтувдим-а, бу йил олақашқадан экайлик деб. Дунёда битта қайсар қолган бўлса, уям сизсиз!
Дадам ҳаво айниётганини пайқаб, тўсатдан жиддий қиёфага кирди. Жиддийлашиб қовоқ уйдими, билингки, сиёсийроқ бир маъруза қилади.
– Кўчама-кўча хўроз уриштириб юришни йиғиштиринг энди, ўғлим, – деди у менга юзланиб. – Яратганга минг қатла шукурки, аждодимизда зоти паст паррандавозлар ўтмаган. Биз… деҳқонмиз!
– Ҳа, етти пуштимиз деҳқон, – маъқуллаб бош ирғади аям.
Ниҳоят, дадамнинг сиёсатига навбат етди:
– Ҳозирга келиб, давлатимизнинг ҳамма умиди деҳқондан бўпқолди. Деҳқондаям ўзига яраша фаросат борлигини охири тан олишди. Ўзинг билган ерга ўзингга маъқулини эк, қанча кўп нарса топширсанг, бизниям ёлчитасан, ўзингниям, деб туришибди. Илгари, институтни чала битирганлар йигирманчи қаватда ўтириб, пастда ер чопиб юрганларга ақл ўргатишарди. Оқибати нима бўлганини кўрдик. Ота-буваларимиз боғ-далага яқин жойларга ҳатто ҳаммом солдиришмаган, булар далаларнинг биқинига заҳарли завўдлар қуришди. Бурунгилар яримлаб қолган ҳовузни кўришса, маҳалладагиларни ношудга чиқаришган, булар каттакон бир денгизни қуритворишди. Адирларни боғ қиламиз деб, пастдаги боғларни захлатиб чиритишди, тайёр экинзорлар ишдан чиқди…
Мен гапнинг қачон хотин масаласига келиб тақалишни кутиб, дадамнинг оғзига бетоқат термилдим.
– Хуллас, асосий жавобгарлик энди ўзимизга қоляпти,– дея сўзини давом эттирди дадам. – Давлатнинг ишончини оқлашимиз керак. Мен билан сени қўлингдан келадигани– бозорларни бодрингга тўлдирвориш!
Дадамнинг бу сўзларидан кейин мамлакатимизни янада фаровонлаштириш учун ўша қизга уйланишим шартлигини чуқурроқ ҳис қилдим. Бошқача айтганда, эл-юрт фидойиларининг сони шу топда яна биттага кўпайди.
– Келинболани бир кўриб қўясанми? – дея мен кутаётган мавзуга кўчди аям.
Аввалига «ҳа энди, хотин бўлса бўпти-да», демоқчи эдим-у, кейин йигитлик ғурурим қўзиб, «майли, бир кўз уриштириб қўяйлик», дедим.
Мундоқ қарагандаям, кўрмай-гаплашмай туриб хотин олиш бизга ўхшаган импўртбоп йигитларга тўғри келмайди. Ҳозирги қизларни ҳар томонлама синаб кўриш керак. Бодринг ўстиришни билса, нима, олим бўпкетибдими? Шу аям билан дадам доим узоқни ўйламай иш қилишади-да. Бунақа жиддий масалага бир ёқлама қараб бўладими?!
Қисқаси, ўзим каллани жойига қўйиб, келинболани қаттиқ имтиҳон қилмасам бўлмайди. Қани, бир ғалвирда ғилдиратиб кўрайлик-чи, ўша мақтаган қизлари турупчиликдан нималарни биларкин…
1985 йил.