Анвар Обиджон. Бақаларнинг нияти бузуқ (ҳажвия)

– Уйинг куйгур ҳашаротлар деҳқоннинг ризқини ёмонам қийиб келяпти-да, раис ака. Айниқса, кўсак қурти…
– Ҳа, Шодивой, бу масала ҳар йили бошимизни қотиради.
– Агар қушлар бўлмаса, бошоғриғингиз янаям кўпаярди.
– Биламан, азамат паррандаларимиз бизга жуда катта ёрдам беришади.
– Ҳе атта-а-нг, яқин-орада шу кўмакданам айрилиб қолмаса-да деҳқонлар.
– Сабаб?
– Сабаби шуки, раис ака, қишлоғимизда паррандалар учун тирикчилик қилиш оғирлашиб кетяпти. Ўзингиздан қолар гап йўқ, қушлар асосан қишлоқдаги увоқ-ушоқлар билан кун кўришади. Орада, баъзан кўнгил очгани далаларга чиқишиб, йўл-йўлакай ҳалиги ҳашаротлардан ҳам тотиб кўришади. Афсуски, кейинги пайтларда уларнинг кўпчилиги бошқа қишлоқларга кўчиб кетишди, ўша жойдаги ширкат хўжаликларига ёрдам беришяпти. Ҳа, қушларимиз жуда камайиб кетди!
– Нега камаяркан?
– Менимча, бу… бақаларнинг тобора кўпайиб бораётганидан бўлса керак. Бақалар шундай мараз махлуқки, қишлоқдаги сарқитларга қушларни тенгшерик ҳам қилишмайди. Қишлоқдан овқатланишни билишади, лекин далага чиқиб ҳашарот овлашганини ҳали ҳеч ким кўрмаган.
– Текинхўрлар! Уларнинг тухумини қуритиш керак!
– Тўғри гапирасиз, раис ака. Мен ўша муттаҳамларнинг тухуми қаердалигини яхши биламан. Маҳалладаги эски ҳовуз бақалар инкубаториясига айланиб қолган.
– Буни яхши айтдинг, Шодивой. Бир ҳашар қиламизу, эртагаёқ ўша ҳовузни кўмиб ташлаймиз.
…Эзмаланма-эзмаланма охири ниятига етган Шодивой, кетиб бораётган раиснинг ортидан муғамбирона боқиб, мамнун кайфиятда томоқ қириб қўйди. Унинг ҳовлиси биқинидаги ўша эски ҳовуз яккасинч уйининг орқа пойдеворини жудаям захлатиб юборганди.
1977 йил.