— Зулфия холанинг эшиги олдига чақалоқ ташлаб кетишибди, — Мансур нонуштага ўтирар-ўтирмас онаси уни шу хабар билан кутиб олди.
— Нима? — Мансур ҳайрон бўлди. Кейин эса кечаси билан алаҳсираб чиққани бежиз эмасдек туюлиб кетди. Безовта қилгани мана шу чақалоқнинг овози экан-да! Лекин у… гапирди, шекилли? «Дада, дада», деб қўлларини чўзди.
— Ўғли тирноққа зорлигини билган-да, — изоҳ берди онаси. — Бўлмаса, шуларнинг остонасига ташлаб кетадими? Қизиқ, кимнинг боласи экан?
«Менинг болам. Бошқаники эмас…» Мансур бу гапни тилига чиқармади, албатта.
Назира боплади лекин. Ахир, қишлоқда болага зорлар фақат мана шу дарвоза эгалари эмас. Ана, Туроб, кейин нариги кўчадаги Ворис аканинг ўғлиям бор. Хотини билан ажрашаман, деб турибди. Собит ака-чи, саккиз йилча бўлди, фарзанд кўришмайди. Эр-хотин бир-бирини яхши кўргани учун ҳам сабр қилиб юришибди. Назира эса келиб-келиб Зулфия холанинг дарвозаси тагига ташлаб кетибди болани. Булар боқиб олишига ақли етади, муҳими, Мансурнинг тез-тез кўзи тушиб, виждони бот-бот сўроққа тутишини англаб етган…
— Ойи, нима қилишаркан энди булар?
— Ким, Зулфия холами? Боқиб олади. Нима қилсин, келини — ўзининг жияни. Марҳума опасининг яккаю-ягонаси! Ажрашиб кетишларини истамайди-да!
— Тўғри-ю, аммо… айтдингиз-ку, кимнинг боласи экан, деб. Орқа-олдини суриштирмай, индамай асраб олишаверадими?
Санобар опа чуқур уф тортди:
— Билмасам, болам, ўзлари ҳал қилишади-да! Чақалоқда нима гуноҳ? Аҳмоқ онаси ташлаб кетган-да!
— Авваллари сира бунақа воқеа бўлмасди, — деди Мансур беихтиёр, ўз айбини ошкор қилаётгандек.
Онаси маъқуллади:
— Ҳа, нимасини айтасан! Кимдир тирноққа зор, кимдир туғиб ташлаб кетади. Ишқилиб шу қишлоқнинг қизи қилган.
Мансур ўйчан алфозда деди:
— Етимхонага беришсин. Нима қилишади асраб? Эртага бир даҳмазаси чиқиб қолиши мумкин-ку!
— Билмасам… Менга қара, сен ҳеч кимга айтма тағин. Ҳали ҳеч ким билмайди. Зулфия хола бечора ичига сиғдиролмай, секин келиб менга шипшиди. Болани етимхонадан олдик, дейишсаям ажаб эмас.
— Э, қишлоқда гап турармиди, ойи, — Мансур дастурхонга фотиҳа ўқиб, ўрнидан турди.
Унинг ўй-хаёли чақалоқда эди. Негадир кўргиси келди. Кимга ўхшаркан? Ҳозир унча билинмаса керак, каттариб Мансурга ўхшаса-я! Нима бўлади ўшанда? Кеча ярим тунда Назира йўргакка ўраб келганида бир қарамади. Наҳотки, юраги жиз этмади. Қўрқди, биров кўриб қолишидан қўрқди. Тезда изига қайтди.
«Нега ундай қилдинг, Назира? Ўйлаб-ўйлаб топганинг шу бўлдими? «Сиз номардлик қилсангиз ҳам мен номардлик қилмайман», дегандинг-ку! Сўзингда турмабсан-да!»
Қулоқлари тагида Назиранинг жавоб сўзлари жаранглагандек бўлди:
«Ахир кўз ўнгингизда ўсса, яхши-ку! Нима қилганда ҳам болангиз…»
«Болангиз… Болангиз…»
Назира қанча ялинди-ёлворди-я! Биргина никоҳ ўқитиб қўйиш қийин эдими? Нега шундай? Нима учун кутилмаганда ишларинг чаппа-тескари кетиб, режаларинг чиппакка чиқади?
Ишқилиб Назира йўргакда хат-пат қолдирмаганмикан? Одатда, боласини ташлаб кетадиганлар шунақа қилишади-ку! Кейин йиллар ўтиб, болам, болагинам, деб қайтиб келишади. Назира ҳам қайтиб келармикан? Йўқ, у қайтмайди. Болани Мансурга ишонади. Ўзи… ўзи қандай яшайди? Кимга эрга тегади? Ким уйланади энди унга? Балки қишлоқдан бош олиб кетгандир? Йўғ-ей, касалманд отасини ташлаб-а!..
Мансур бир ҳафтача ўз ёғига қоврилиб юрди. Бу орада на болани кўра олди, на Назирани! У журъатсиз, янада қўрқоқ одамга айланган эди. Онасидан янги-янги гап эшитаверди. Эмишки, чақалоқни қўлига олган заҳоти Юлдуз келиннинг кўкрагига сут келганмиш! Қувониб кетибди. Эри унча рўйхушлик бермаган экан, йиғлаб-сиқтабди. «Бир умрга чўрингиз бўлай, шу болани асраб олайлик, дебди. Одамларнинг гапидан қочиш учун узоқ-узоқларга кетсак ҳам розиман», дебди.
Яна бир ҳафтадан сўнг Мансур даҳшатли хабарни эшитди. Сойдан Назиранинг ўлиги чиқибди. У карахт бўлиб қолди. Ҳаял ўтмай, Назиранинг отаси Умарқул ака ҳам ҳаётдан кўз юмди.
Мансур оғир ўй-хаёллар гирдобида қолди. Ҳаётнинг шундай зарбалари, виждонининг шу қадар оғир сўроқлари бор деб ўйламаганди ҳали! Ахир, икки инсоннинг ўлимига сабабчи бўлиши етти ухлаб тушига кирмаган. Бу қандай разолат? Ҳар ким айби, гуноҳига яраша жазосини олади деганими бу?..
Кундузи ота-боланинг қабрига бориш фикридан қайтиб, яна журъат қилолмади. Кечаси отланди. Ярим йўлда изига қайтди. Қўрқди. Худди Назира гўрдан чиқиб, уни тупроқ қаърига олиб кириб кетадигандек туюлиб кетди. Йўқ-йўқ, Назира ундай қилмайди. У боласини Мансурга ишониб кетган…
— Юр, чақалоқни кўрасан, — деди бир куни Санобар опа. — Чилласи чиқди, энди ҳеч нима қилмайди. Бирам чиройли қизалоқки, бурунчасини чимчилагинг келади.
Мансур нима деярини билмай қолди:
— Йўғ-ей, ойи, ноқулай…
— Сен, бола, чақалоқни кўриб, уйланишга қарор қиласанми, дегандим-да! Юраверасанми шундай?
— Сиз, Назирага нима бўлган, шуни… билмадингизми?
Санобар опа чуқур уҳ тортди:
— Э, ҳар хил гаплар юрибди. Яхши қиз эди, ўлди-кетди. Отасини айтмайсанми! Кўтаролмади. Мана энди дарвозаси қулф уларнинг. Уйини чанг-ғубор босиб ётгандир.
Мансур яна сиқилди: «Нега бундай қилдинг, Назира? Ахир, отам билади, қон йиғласаям кечирди, деган эдинг-ку! Ёки бола туғилгач, кейин эс-ҳушингдан айрилдингми? Туғиб, уйларингда бемалол яшайверсанг ҳам бўларди-ку! Сизлар билан кимниям иши бор эди? Одамлар бир-икки гапириши мумкиндир, бир умрга вайсаб юришмайди-ку!»
— Назирани Жўра фермернинг ўғли ўлдирган, деганлар ҳам бор.
«Ботир, Ботир!.. Йўлимизга тўғаноқ бўлдинг! Ҳаммасига сен сабабчисан! Нега мени қўрқитдинг? «Агар шу қизга яна бир марта яқинлашсанг, сени асфаласофилинга жўнатаман!»
Наҳотки шугина гап булар тақдирини ҳал қилган бўлса? Мансур нима учун қўрқди? Умуман, қўрқдими ё баҳона қилдими?
«Мансур, тоғ-тоғ ваъдалар бериб, ташлаб кетмоқчимисиз?»
«Мени кечиринг, Назира».
«Бу кечириладиган иш эмас. Илтимос, унақа қилманг. Мен шарманда бўламан. Ҳеч кими йўқ, отаси ногирон, деб ташлаб кетмоқчимисиз? Отамнинг кўзига қандай қарайман?»
«Менга қаранг, Назира, агар… шу иш бўлмаганида бунча жон койитмасдингиз. Ўзингизни тийиб юринг эди».
«Нима?.. Мен… сизнинг қасамларингизга ишониб…»
Қасам…
Санобар опа танбеҳ берди:
— Бас, бировлар учун ҳадеб куяверма… Даданг юборган пулга мол олиб қўямиз. Акс ҳолда опаларинг эшитса, яна тортиб олишади. Тўйнинг тадоригини ҳозирдан кўраверишимиз керак. Россиядан келса, кўнглимизни сиёҳ қилиб ўтиради…
Мансур қизалоқни кўрди. Назирани кўргандек бўлди. Юраги чим этиб кетди. Худди атайин қилгандек исмини Вазира деб қўйишибди. Қизчани Юлдуз янгага берар-бермас, дарвозадан чиқиб кетди. Далага югурди. Ўша ерда ўксиб-ўксиб йиғлади. Назирасидан кечирим сўради… Назира кечиргандек туюлди…
Даладан қайтишда уларнинг дарвозасига ўғринча қаради. Шу уйда бахт порлашиям мумкин эди, деб ўйлади. Ундай бўлмади. Мансур қўрқоқлик қилди, бошқа ҳеч нарса эмас. Мана, Ботир ҳам уйланяпти.
Назира қурмағур чиройли эди-да! Вазираси ундан ҳам барно бўлиб вояга етса керак. Мансур бекор уни кўрди. Энди оёқлари ўша уйга тортаверади.
— Ҳой, тўхта, — деган овоз эшитилди.
Мансур тўхтаб, орқасига ўгирилди. Ботир ҳаллослаб етиб келди:
— Менга қара, Назирани мен ўлдирганим йўқ, — деди ён-атрофга қараб олиб. — Уни яхши кўрганим рост, аммо бундай иш менинг қўлимдан келмайди. Сен…
— Нима, сен?
— Сен ҳам ўлдирмагансан, биламан. Бекор ораларингга тўғаноқ бўлган эканман, кечир. Сени яхши кўришини айтганди-я!
Мансур ғашланди:
— Энди бу гапларнинг мавриди эмас, Ботир. Ақлинг кеч кирибди.
Ботирнинг жаҳли чиқди:
— Сенинг ақлинг бутунми? Агар ташлаб кетмаганингда у ўзини сувга отмасди, тушуняпсанми?.. Битта менинг виждоним қийналиши керакми?
Мансур индамай йўлида давом этди. Виждон… Хато қилиб бўлганингдан кейин у бош кўтаради. Нега доим шунақа? У доим кеч уйғониб, сўроққа тутади. Бундай виждоннинг нима кераги бор?
Назира, сен ўлмаслигинг керак эди. Ўлиб, бошқаларни ўлгандан баттар қилдинг…
Орадан уч кун ўтиб, онаси Вазирани ҳовлига кўтариб келди. Ўғлининг савол акс этган нигоҳига яқинда эр-хотин бошқа жойга кўчиб кетишаётганини, бу қизчага ўрганиб қолганини, энди қийналишини айтиб, дийдиё қилди. Йиллар ўтиб, қайтишса қайтишар, қайтишмаса, Зулфия холанинг ўзлари бориб-келиб турар эмиш.
«Балки яхши бўлар», деб ўйлади Мансур.
Ўша кеча қизалоқ тушига кирди: «Дад-да», деди қўлчаларини чўзиб».
Сакраб уйғонди. Йўқ, бундай яшаб бўлмайди. Гуноҳни қилишга қилиб, қачонгача томошабин бўлиб туриш мумкин? Назира аёл боши билан мардлик қилганида Мансур эркак бўлиб, ҳаммасини сир тутиб юрибди.
Ўзида қандайдир ботиний мардлик сезди. Қабристонга йўл олди. Қўрққани сайин қўлларини мушт қилиб, ўзини енгишга ҳаракат қилаверди. Назирани кўмиш пайтида келганди, шу боис ой ёруғида қабрини қийналмай топди. Чўккалаб ўтирди. Келгунича ўпкаси тўлиб кетганди, энди эса бир томчиям кўзёши чиқмади…
— Кетяпсизларми? — деди у Носир акага.
— Ҳа, ука, кетяпмиз, — жавоб берди қўшниси. — Сендан илтимос, укаларимдан хабар олиб тур. Кейин… бу сирдан фақат сизлар воқифсизлар, ҳеч кимга айтманглар.
— Носир ака, кетманглар, — Мансурнинг овози илтимосдан кўра буйруқ оҳангида янгради. — Вазира… Вазира — менинг қизим.
Носир ака ҳанг-манг бўлиб қолган бўлса-да, тезда ўзини йиғиб олди. Аёлларга билдиргиси келмади.
— Сен ташлаб кетган экансан-да! Қилғилиқни қилиб…
— Мен эмас, онаси.
— Ким ўша онаси?
— Жаҳл қилманг. Бу сир бўла қолсин… Носир ака, қизимни менга беринглар…
Кетишди. «Бекор қилдим айтиб», ўйлади Мансур. Кейин, «тўғри қилдим», деди. Бирок энди қандай яшашни билмасди.
Ҳаммасини вақт ҳал қилади, дейдилар. Мунча имиллаб ўтмаса!
Онасига ҳам бор гапни айтмоқчи бўлди, хавотирга тушди: онасининг астма касали бор. Аммо… Вазирани олиб кетишди. Жигарининг бир бўлагини! Ростдан ҳам энди қандай яшайди, қандай ухлайди? Яшашдан, ухлашдан қўрқади.
Ярим кечаси кўзи илинган эди, Назира тушига кирди.
«Яхши бўлди, олиб кетишгани, — деди у. — Қизим энди ишончли қўлларда».
«Мен-чи?» деди Мансур.
«Сиз?.. Сизга ишониб, мен нима бўлдим?»
«Мен ҳам кетишим керак эди…»
«Сизни мен олиб кетаман…»
«Ундай дема».
«Яна қўрқяпсизми? Бўлинг. Уйғонинг…»
Мансур бу буйруққа итоат қилиб, уйғонди. Кейин қабристонга йўл олди. Юраги тўхташни буюрар, виждони яна олдинга қадам ташлашни амр қиларди.
У қабристонга етганида эса кафанга ўраниб олган Назирага кўзи тушди…