Магнитофоним бузилиб қолди, ҳовлига олиб чиқиб, тузатмоқчи бўлдим. Лекин уёғини кавлаштираман, буёғини бурайман, сира-сира «тили чиқмайди» исқотининг! Бўғилиб, устидан болта солиб юборай дедим. Бунинг устига ўтган ҳафта сигир сотиб олган эдим, бирам жағи очиқ чиқди, ҳаром қотгур эрта азондан айюҳаннос солади:
— Мо-о!.. Мо-о!.. Мо-о!..
Бузоқча ҳам онасига жўр бўлиб, асабимга тегади:
— Мў-ў!..— Ўл «ҳм-м!..» Дард «ҳм-м!..» — дейман энсам қотиб. Кейин янгангизга юзланаман. — Аяси, анави овозинг ўчгурларга хашак-пашак ташланг!..
— Янгитдан ташладим-ку! — силтаб жавоб қайтаради янгангиз. — Ўзи сиз кўр харидорсиз! Бўлмаса, шу шаллақини олармидингиз!..
— Оббо! — дедим хунобим ошиб. — Қачон мен…
— Хаҳ, эгиз туғадаган қўй олдим, деб, қўчқорчани етаклаб келганингиз эсингиздан чиқдими?
— Қўйинг эски гапларни! Яхшиси томоғингга пичоқ қадалгурларга сув беринг.
Янгангиз сигирнинг «нағмаси»дан безор бўлиб, тўлиб турган экан, яна нималарнидир саннади. Бироқ унинг сўзлари галдаги «нағма» ичида кўмилиб кетди, эшитолмадим. Кейин у пақирни кўтариб келди. Сигир сувни ичиб, бирпас тилини ялаб турди. Сўнг бошлади.
— Мо—о, мо—о…
Ғижиниб бориб, сигирга хашак ташладим.
— Ма, аблаҳ, заҳарингга е!
Ё тавба,чайнаб туриб «мо-о!» дейди-я.
Бир маҳал ён қўшним Марасул бува девордан бўй чўзиб, сигирни неча пулга олганимни сўради.
— Нафаси ширалигина экан, холангизнинг фикри ҳам шу, — деб қўйди пичинг аралаш.
Марасул буванинг кампири анчадан бери бетоб эди ярамас сигир асабини бигизлаётган экан-да, дея хижолат тортиб кетдим. «Нағма»нинг галдаги «серия»си бошланган ҳамон ғазаб билан ўрнимдан туриб, паншаха билан озроқ «қашлаган» бўлдим. Сигир бунга парво ҳам қилмади. Ноилож арқон билан тумшуғидан танғиб ташладим. Бунинг ҳам фойдаси бўлмади. Бурни орқали «нағма»ни янада кучайтирди.
Ҳм-м! Ҳм-м! Ҳм-м!..
Энди нима қилдим-а? Оғилга қамаб ташлай десам, сўкичак бор, қурт бор! Ўйлай-ўйлай иложини топдим, яъни радиотехникага мурожаат қилдим. Сигирнинг боши тепасига каттакон радиокарнай, охурга микрофон билан овоз кучайтиргич ўрнатдим. Уларни бир-бирига мослаб уладим. Сигирнинг тумшуғидаги арқонни ечиб олдим.
— Ана энди бўкиравер! — дедим ва берироқда томоша қилиб турдим.
Сигир бирпас жим турди. Сўнгра, мосламадан бехабар, тумшуғи остида турган микрофонга қараб қаттиқ бўкирди. Бўкирди-ю, кўзлари ола-кула бўлиб чиқиб кетди. Сапчиб, ўзини у ён бу ёнга ташлади. Кейин қулоқларини кўтариб, жим қолди. «Бегона» товуш манбаини қидириб атрофга жавдиради. Бузоқча ҳам қўрқиб кетган экан, онасига боқиб шикоятомуз «мў-ў», деди. Сигир ўзини охирдаги нишхўрдга урди лекин емади. Беихтиёр аста, майингина қилиб «Мў—ў» деди.
— Энди «мулла» бўлдингми?! — дейман. — Бақир-чи тағин, қулоқнинг қадрига энди етасан!
Шунақа қилиб, сигиримни тарбиялаб олдим. Аммо иштаҳаси пастлаб кетяпти. Келаси якшанба куни сотиб юборсамми?