Уйга кирдим ҳамки, ҳовурим босилмади. Елкам муздек терлаб, яғринимга кўйлак ёпишиб қолди. Ўшандагина билдим: ўнг қўлимда шойи белбоғни чангаллаб олган эканман. Ҳикоям шу – белбоғни нима учун чангаллаб турганим тўғрисида.
…Мактабда чиройли қизлар кўп-у, Гулсарадек истаралиси кам эди. Кузакда пахта теримига уни деб борардик – Икром, Насим, Ботир ва яна Тойир. Унга ёқиш учун этак-этак пахта терардик. Гулсара келмаган кунлари эгатга тушмас, ғўзага эгилмасдик. Ўшанда онам саҳарлаб ёпган иссиқ нон, тўрт-бешта олмурут, помидор ва банкадаги тушликни пешкилга1 тугиб, далага отландим.
Қизлар олдинда. Икром, Насим, Ботир – тўрталамиз орқароқда уларга изма-из бораяпмиз. Тойирнинг қораси кўринмайди. Насим одатдагидек аҳмоқона саволи билан бизга йўл очди:
– Гулсара, сочингни нега битта ўрим қилиб юрасан?
– Кўнглимнинг эгаси битта дегани, билдинг! – жавобни у айтса-да, қизлар ўзи ўйлаб топгандек биргаликда қиқирлаб кулишди.
– Унда иккита ўрим-чи? – Икром гапни илиб кетди.
– Иккита ўрим иккиланиш бўлади, икковидан қай бирини танласам экан дегани, билдинг! – Гулсара бутун синфга берилган масала жавоби ёлғиз унинг ўзига аёндек мағрур, қадами ҳам шунга яраша тўкис эди.
– Қирқ ўрим-чи, қирқ ўрим?! – ўғил болалар уни мот қилгандек қўл ташладик.
Гулсара таққа тўхтади. Ўйлаб олмоқчи эди, чамамда. Қизлар юрсакми-юрмасакми дегандек имиллар, жавоб айтилган заҳоти тезлашишга шай турарди. Ундан бошқаси бўлганда парво қилмасдим. Очиғи, Гулсаранинг жавоби менгаям қизиқ эди. Ўша дам ўзимни ботинкам ипи ечилиб кетгандек кўрсатиб, йўл четига чўккаладим. Шу ўтирганча унинг оғзини пойладим.
– Қирқ ўрим ошиқларим кўп дегани, Омон, билдинг! – Гулсаранинг майин ингичка қошлари пешонасига тортилди. Сўнг ёнгинамдан ўтди-кетди. Гўё мен йўқдай. Ўрнимдан шарт туриб:
– Бунингга ишонмайман, – дедим.
– Нега экан?
– Мана, Санамнинг сочлари! Қишин-ёзин қирқ ўрим. Ошиқман деганни кўрмадик.
Кўнглига келар демабман. Санам йиғлади. Қизлар юпатди. Кейин тез-тез юриб кетишди. Тўғри бориб Насимнинг ёқасидан олдим. Бояқиш, жовдираб: “Мен нима қилдим?” дейишдан нарига ўтмади.
– Санамни хафа қилдинг.
– Ким? Менми? Қачон?
– Сочларинг нега битта ўрим, дединг-ку!
– Бунинг Санамга нима дахли бор?
– Ўримдан гап очмаганингда тинчгина кетаётувдик.
Санам тушгача миқ этмади. Тушдан сўнг ёнма-ён эгатда чўққайиб туравердим. Бир эгат чапига силжиди. Менам ўтдим. Яна силжувди, яна ўтдим.
– Қўй энди, Санам. Ҳазилниям тушунмайсанми, билмай гапириб юбордим. Ўзимга қолса, шундай дейманми? Унгача, кесакми ё кўсакми олгин-да, мана, юзимга от. Жойимдан жилмайман. Қўзғалган – номард.
Санам ўрин алмашиб, Гулсара ўрта эгатда қолди. Хурсанд қиладиган нимадир ўйлаб топмасам, ранги очилмайдиган ва бирдан…
– Топди-и-им!!! – қизлар учиб тушди, ёқаси ичига туф-туфлади. – Уччаноқ!
– Ўтакамизни ёрдинг! Шунга шунчами?
– Ахир, уччаноқ деяпман.
– Кўр эмасмиз!
– Бунинг нималигини биласанми, ўзи?
– Ҳм, кўсак.
– Оддий кўсак эмас, муҳаббат кўсаги! Буни тунда ёстиғинг тагига қўйиб ётсанг, тушингда унинг ким эканини кўрасан.
– У деганинг ким?
– Ҳалиги… Икромми, Насимми… менми, хуллас, у-да!
– Эртак тўқима, Омон, пахтангни тер. – Гулсара белига пешкилни ўйчан боғлади. Санам ўша-ўша – қовоғи солиқ.
– Сенгаям топиб берайми, Санам?
– Зарил кептими?! Эгат тўла уччаноқ.
– Алдамаяпсанми, – Санам қолиб Гулсаранинг кўзлари чақнарди, – буни ростдан ҳам ёстиғим тагига қўйсам…
– Чин сўзим!
Гулсара уччаноқни қизғиш бахмал нимчасининг чап чўнтагига солаётганида, эгатларни кесиб оралаб, узоқдан Тойир кўринди. Ўзи танти ғўлабир йигит.
– Гулсара, топ, сенга нима олиб келдим?
Ўз кўзим билан кўрмаганимда ишонмасдим. Сиркаси сув кўтармайдиган, салга қизишиб кетадиган Тойирми шу? Нақ беш марта валсапитини менга тутқазиб: “Кетавер” деган, беш мартасида ҳам қаншаридан мушт еб юрган валламат Тойирни айтаяпман, шуми?!
У пешкил юзида бўлак дўппайиб турган бир сиқим лўппи пахтани Гулсарага тутди. Сиқим ичидан кўкимтир кўсак чиқди. Бир чаноғига “Г” ҳарфи беўхшов тирнаб ёзилган. Иккинчисида қўшув белгиси. Учинчи чаноқ тирналмаган, ўзим кўрдим, силлиқ эди. Гулсара кўсакни лом-мим демай қабул қилиб олди. Йўқотиб қўйишдан чўчибми, уни рўмоли учига тугди. Тойир ўз кўнглини тўлдириб, меникига шубҳа оралатиб, эгатига қайтди. Хаёлимда мен берган уччаноқ, Гулсара ғўзага яна тўрт-беш эгилса, нимчасидан тушиб қоладигандек хавотирим аримади. Аччиқландим. Аламим Гулсарадан эмасди. Рўмолига тугилган кўсакдан ҳам эмас. Минг дағал, минг беўхшов тирналган бўлсин, аччиғим ўша ёзувдан: “Г+…”. Бу нима, қолгани ўзингга ҳавола деганими? Ёзсанг охиригача ёз, ёзмасанг умуман ёзма.
– Менга қара, Санам, мард одам хатни қандай ёзади? – бу билан Тойирнинг бори қуруқ савлат, олдин исмини эплаб ёзсин, демоқчи эдим. Санамнинг гинаси ўзида экан, боплади:
– Марднинг қилгани бошқа иши йўқми?
– Санам, Санамжон! Қирқўрим билан иккаланг бир-биринг учун яралгансан. Қовоқ-тумшуқ қачонгача? Яхшиси, айт, тўлиқ ёзармиди ёки чалакам-чатти?
– Тўлиқ, албатта, – Санам ичимдагини топиб айтишга айтди-ю, кейинги гапидан хунобим ошди. – Сен чалакам-чаттиниям эвлап ёзолмасанг керак!
Бу билан “Қўрқоқликка ҳам ярамайсан”, демоқчи эдими? Гулсара пиқиллаб кулиб юборди. Санамнинг ўзи билар, аммо Гулсаранинг кулганига тажанглашдим, тишимни тишимга босиб чидадим. Бир хаёлим, “Тег ўша Тойирга, кўрамиз ҳолингни”, демоқчиям бўлдим. Менда бошқа истак туғилганди: “Қараб тур, Тойирдан кучли эканимни ўз кўзинг билан кўрмасанг, юрган эканман!”
***
Икром Гулсараларникига уч-тўрт марта одам жўнатганида тегиб кетар дегандик, йўқ, деди. Шаҳардан дўхтир бўп қайтган болага, раиснинг ўғлига-я! Санам-чи, ўйлабам ўтирмай, балки ўйлагандир, Икромга кўнди-қўйди.
…Пешинлаб раисникига ўтдим. Кириб борганимда сутдай оппоқ билаги бўғим-бўғим лаппос бир хотин гўшанга тортилган эшикни ярим тўсиб:
– Бешинчингиз қани, йўмасам киритмайман! – деб турган экан. – Ирими шу, тоқ туришларинг керак.
– Учаламиз кирамиз, хола-бийи, бўлами?
– Бўмийди, бешта! – янга кўрсаткич бармоғини Насимга ниқтаб, сал қолса ёқасидан оладиган.
– Ўт бу ёққа! – ғазабим қўзиб Насимни орқага тортдим. – Беш дейсиз, хола-бийи. Уч-чи, тоқ бўлмай нима?
– Э, бормисан, Омон?! – Насимнинг юз-кўзи чақнаб, елкамга енгил мушт туширди.
– Сабрли бўлинг, ука, – янганинг назари чунонам ўткир эдики, шугина ўқрайиши ҳали ҳаммаси олдинда эканини айтиб турарди.
– Белбов бойлашда кўринмадинг, – Ботирнинг овози бирваракайига гапираётган хотин-халаж шовқинида базўр эшитилди.
Белбоғ бойлаш. Куёвжўралар шойининг тўрт учини ўзига таранг тортиб, энг абжири майдалаб ўраб келади-да, янгани чалғитиш учун белбоғнинг учларини мато ичида йўқотиб юборади. Энг абжиримиз – Тойир. Белбоғ унинг иши экани билиниб турибди. Мени келмайдига чиқариб улгурганми:
– Сендай жўранинг боридан йўғи! – деди қўрслик билан.
“Шунчалик зўр бўлсанг, белбоғни олишамиз. Кучингни ўшанда кўрамиз. Сенгаям қойил қолмадим, Гулсара. Бунинг уччаноғи рўмолинг тугул, нимчанггаям арзимайди”. Икром хаёлимни ўқиётгандек далда берди:
– Бўш келма, чундингми?!
Бешовлон боягина оқбилак янга ғўладай бўғимлари билан эгаллаб олган эшикдан ўнг оёқлаб бирин-кетин ичкари ҳатладик. Кўрпа-тўшаклар тахлаб қўйилганига қарамай, хона тўзғиб ётгандек тасаввур уйғотади. Ўнг бурчига гўшанга тортилган. Ёлғон эмас, элликтача кўз жилмайиб турибди. Насим биқинимга туртди.
– Юр!
Тўрт қадам, туркман ғалига1 қатланган кўрпагача яна тўрт қадам. Тўсатдан бир кампир тўшакка вой-войлаб ётволди.
– Вой белим, войий белим, қарилик қурсин, войий…
Куёв сузилишма2 бошланди. Иложини қилмасак, кампир кўрпани бўшатмайдиган. Чўнтакка қўл солдик… Кампир қўзғалгач, оёқ кийимни ечмасдан кўрпа устида тизилиб саф тортдик. Икром ўртада. Аввал янга таъзим берди.
“Собир куёв, сузил куёв”.
Тиззани охиригача букмасдан, иримига ярим чўккалаб қад ростладик. Ғала-ғовур, бўлди кулги. Қизлар гўшанга ортида қиқиллашар, қулоғимга Гулсаранинг қўнғироқдек овози эшитилди. Айни муддао.
“Собир куёв, сузил куёв”.
Иккинчи бор ярим чўккалаб қад ростладик. “Сабрли бўл, Омон. Оз қолди. Яна бироздан сўнг Тойирдан зўр эканингни кўрсатиб қўясан. Ҳамма билиши шарт эмас, Гулсара билса етади”.
“Собир куёв, сузил куёв”.
Учинчи мартасига кўрпага буткул чўккаладик.
Тўшлик3 келди. Янга аввал патирни бўлиб-бўлиб, ҳар бўлакка луқмадан кесиб солди-да, ингичка ўради. Биринчи ўрамани куёвга тутди. Кейингиларини бизга едирди. Ўрамани атайин узоқ чайнадик. Ҳа нима, кутса шундай куёвни кутади-да.
– Ўзларига қийин, – янга пичинг аралаш кулимсираб бош чайқади. Шахт ўрнидан туриб, рўмолини пешонасига маҳкамроқ танғиди-да: – Тома-тома кўл бўлур, – деди дастурхонни кенгроқ ёяркан.
– Тийинлардан сўм бўлур! – Тойир ўта ҳозиржавоблик билан иккита юз сўмлик тангани дастурхон четига отди. Сўнг биров минг ташлади, биров икки минг. Янгага ҳазил қилмоқчи бўлганлар чўнтагини узоқ ковлаштириб ўтирди. Даста пул ичидан қидириб-қидириб энг ғижимини топиб узатди. Хаёлим тангаларда. Жаранги қулоғимга ўрнашиб қолганидан қоним қайнар, ҳатто Ботирнинг туртганини сезмабман.
– Турамиз, Омон.
– Шуни туртмасдан тўғри гапирсанг бўлмайдими!
Бешовлон ўрнимиздан турдик. Энди янга куёвнинг белбоғини ечишга уринади. Икки ёндан тўрталамиз қўйиб юбормай, белбоғни маҳкам ушлаб олганмиз. Ечиб қаерга боради. Тойир ўраб-чирмаган бўлса, қўлидан келмайди. Тишлаб ҳам ечолмайди. Мен билган Тойир тугунга қалампир суркаб қўяди.
Айтганча, Тойир!
Янга тушунди. Чираниб ўтирмай, одатни қилди: белбоғни оёқ учидан шипириб олди-да, куёвнинг ўнг елкасига ташлади. Ўйлаб қўйганим бўйича ҳаммаси мана шу жойда рўй бериши керак эди. Насим, Ботир, бошқаларнинг менга қизиғи йўқ. Тойирга ютқазиб қўймасам бўлгани. Аммо у талашмади. Белбоғни қўлимдан тортиб олиш учун ақалли ҳаракат қилмади. Ҳеч ким уринмагач, белбоғ ўз-ўзимда қолди.
Сузилишма тугаб, ҳовли сийрак тортди.
– Белбоғни-ку чувалаб тугибсан, жин урсин, нега олишга уринмадинг, нимага? – Тойир велосипедга энди минаётган эди, йўлидан қайтардим.
– Курашишга сабаб бормиди?
– Мен-чи, мен?
– Нима сен?
– Сабаб бўлолмайманми?
– Сен-а? Кулгимни қистатма, жўра.
– Нимангга бунча кериласан, шунчалик зўрмисан ё ишонганинг борми?
– Энди бор! – эътибор берсам, салга тутақиб кетадиган жўрам ёқамдан олмай, боядан бери ўйин қилаяпти. Тавба, ҳатто сўкинмади. Нуқул муштлашиб, қаншар-бурни тилиниб, қизаринқираб юрадиган Тойирнинг ўзими шу? Қачон ўзгара қолди – вазмин, сўзлари бамаъни. Қарасам, кетиб бораяпти. Наҳот бирорта гапим парвойига келмаган!
– Гулсара барибир мени дейди, эшитдингми, меники бўлади!
Тойир педални орқага чунонам босдики, асфальт юзи чангиб кетди. Велосипедни ётқизиб, ўзи мен томонга қараб келаверди. Яқин қолгани сайин елкам музлай бошлади. Ҳозир мушт туширади деб турувдим, сира кутмаганда белбоғни қўлимдан суғуриб олди. Тарашадек қаттиқ, малла бир нимани ўраб, яна қайтиб берди.
Уйга келдим ҳам, ҳовурим босилмади…
Алам зўридан белбоғни деворга қулочкашлаб солдим-ку, тухумдек кўсак поқ этиб учга бўлиниб кетди. Бу ўша: иккала косасига дағал ва беўхшов тирнаб ёзилган уччаноқ! Фақат… бу гал унинг учинчи чаноғи силлиқ эмасди.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 4-сон