Акбар Рустамов. Раддия (ҳажвия)

РАДДИЯ
Ёхуд шоир Ёзиқ Ўйламаснинг “Оч биқинга” газетаси устидан раддия бериш ва товон ундириш хусусидаги аризаси

Жаноби прокурор! Сўнгги вақтда танқидчилар ўзларига ёқинқирамаган ижодкорлар асарларига қора кўзойнак ортидан қарайдиган бўлиб қолишган. Афсусланарлиси, аниқ муддаоси бўлмаган, бировга атайин лой чаплаб, борлигини кўрсатиш мақсадида қилинган бу ҳаракат биз каби диди нозук, истеъдодли қаламкашларнинг руҳиётига таъсир этмай қолмайди.
Танқидчи Салмон Тераннинг бир қатор маддоҳлар, узр, танқидчилар ҳамда ёзувчилар томонидан ёш истеъдодли шоир сифатида тан олинган камина – Ёзиқ Ўйламас ижодига нисбатан билдирган фикрларини холис деб бўлмайди. Чунончи, у бизнинг “Йўқолган шиппак марсияси” шеъримизни ҳеч қандай юки бўлмаган, бачкана сўзлар жамланмаси, деб атабди. Ушбу хулосага ўзингиз баҳо беришингиз учун шеърдан бир банд ҳавола қиламиз:

Шиппагимни ўғирлашди бу кун номард ўғрилар,
Ахмақ шиппак ким не деса, шунга қараб йўрғалар.
Худойим ҳам ҳамма ишни манга чаппа тўғрилар,
Ўзинг айтгил, эй шиппагим, энди қайдин топгум сани.

Танқидчи ҳалигидай фикрга келиш олдидан шеъриётнинг моҳиётини тушунмаган кўринади. Йўқса, шеър грузовой мошина эмаски, юк ортқилаб қийнасак. Ин баъд, юк кўтаришдек оғип иш, латиф деб эътироф этилган нозук назмга тўғри келмаса керак.
Ўртоқ Тераннинг “бачкана сўзлар тизмаси” иборасига келсак, шахсан биз бу эжод маҳсулимизда ҳеч қандай бачкана, бегона сўз учратмадик. Барчаси ўз тилимизда ишлатиладиган, содда (саёз бўлса-да…), самимий сўзлар. Қайтанга ушбу ашъори жавоҳиримизда йирик ижтимоий фикрни ифодалай олишга журъат этганмизки, бу ҳам – улуғларга хос хислат. Лирик қаҳрамонимиз ожиз, ёрдамга муҳтож, ҳатто йўқолган шиппаги ўрнида кийгулик кавуши ҳам йўқ. Бундай манзара, шахс фожиаси, иккинчи бандда ҳам моҳирона давом эттирилган:

Нақ бир минг етти юзга олган эдим мен киртидан,
Резинага ўхшар эди кўрсангиз унинг сиртидан.
Бошмалдоғим чиқиб турар мудом майда йиртиғидан,
Ўзинг айтгил, эй шиппагим, энди қайдин топдим сани.

Танқидчи эса бу ўринда ҳам тирноқ остидан кир қидириб, адабий тил меъёрларига риоя қилмаганимизни рўкач қилибди (“критий ринок” сўзи вазн ва қофия талабига кўра ишлатилганини у қаердан билсин, бозор-ўчарини хотини қилса…). Ва қўшимчасига “Кутилмаган учрашув” сарлавҳали шеъримиздан ҳам мисол келтирибди.

Келар эдим раёндан,
Кўриб лол қолдим бирдан.
Қаршимда бир гўзал қиз,
У турар эди ёлғиз.
Мен аста тўсдим йўлин,
Ва ушлаб олдим қўлин…

Нима, қадимда адабий тил қоидасига риоя қилишганми? Айримлар ҳар бир шеърида ўн-ўн бешталаб форсчаю арабча сўзлар ишлатган. Қолаверса, “раён” сўзи ҳозирги муқобили “туман”дан фарқли ўлароқ маълум ҳудуд маркази маъносини ҳам ифодалаяптики, бу менинг сўзни ўз ўрнида қўллай олиш маҳоратимдан далолат! Лирик қаҳрамон ҳам танқидчи айтганидек, дуч келган қизнинг йўлини тўсадиган шилқим, беандиша йигит эмас. У – чин ошиқ. Шу боис ишқ жунбишида илк марта кўраётган қизнинг қўлидан ушласа ушлабди-да.
Энди масаланинг асосий қисмига ўтсак. Салмон Теран мақоласи хотимасида биз цингари истеъдодсиз шоир-ёзувчилар кўпаяётганлиги, ҳатто улар китоб нашр эттиришга жазм қилишаётгани-ю, бунда айрим акахонларнинг ёзган сўзбоши ва “оқ йўл”лари қўл келаётганини айтиб ўтибди. Бу – ғирт туҳмат.
Биринчидан, камина ўзини адабиётдан у қадар йироқ деб ҳисобламайди. Негаки, шу чоққача кўпми, камми ҳартугул уч-тўртта китобим чиқди. Улар баланд оғайниларимизнинг шарофати билан мактабу корхоналарда ўз ўқувчисини топди. Газеталарда айрим танқидчи улфатларимизнинг ижобий тақризи босилди. Энди дўконларда қолиб кетаётган китобларимизга келсак, бу ўқувчилар савияси бизнинг асаримиз даражасида ривожланмаганлигига боғлиқ.
Хуллас, танқидчи Салмон Тераннинг фикрларида бир грамм ҳам обЪективлик йўқ. Мақсади бировни дўппослаш, юзига лой чаплаш бўлса, майли, ўзи ҳам бир кун китоб ёзар…
Муҳтарам, прокурор жаноблари!
Биз ичи қурум босган танқидчи Салмон Теран ва нуқул туҳматдан иборат тақризни чоп этган газета устидан арз қиляпмиз. Адолат қарор топади, деган умиддамиз.
Алқисса, “Оч биқинга” таҳририётидан ўн миллиён сўм маънавий зарар ундириб беришингизни ва кечирим сўраб раддия эълон қилиши тўғрисида қарор чиқаришингизни сўраймиз. Боз устига жиноий иш қўзғатиб, Салмон Теранга ўн йил срок берасиз.
Токи, бундайлар ўйлаб қўлига қалам олсин. Акс ҳолда қўрқитяпти, деб ўйламанг-й, машҳур адвокат Ишкамба Тўймасовични ёллаб, таҳририёт ва сизнинг ҳам устингиздан юқори органлар, халқаро ташкилотларгача мурожаат қиламан.

“Шарқ юлдузи” журналининг 2011-йил, 1-сонидан олинди.