Раҳмсиз оломон, сизга не керак?
Рауф ПАРФИ
Одам — ижтимоий мавжудот, қадим-қадим замонларда ҳайвонларни кўплашиб овлаган вақтларидан бери келаётган кўникма уни доим ўзини тўдага уришга, кўпчилик билан, кўпчилик ичида бўлишга ундайди. У ёлғиз қололмайди, ёлғизликнинг ўзи ҳам кўпчилик орасида маънили, кўпликка бир иддао, холос. Кўплик йўқ жойда ёлғизликнинг ўзи ғалати, ёлғиз деб нимага нисбатан айтилади? “Одам одамга керак”, “Одам одам билан тирик”, “Одам одам соясида одам бўлур” деганга ўхшаган қатор мақоллар бекорга тўқилмаган. Ҳатто “Одамни одам йўқламаса, қисир қўйнинг туёғидан ҳам қадрсиз бўлади” деган гап ҳам бор, бу сал бошқача маънода, қўполроқ, лекин, бари бир, балиқ сувсиз яшамаганидек, одамнинг одамсиз яшай олмаслигини билдириб туради. Энди, нима ўйлаганини биров билмагандан кейин одамнинг ўзига ўзи ўй суришининг ҳам ҳеч қизиғи йўқ-да.
Одам шу учун ижтимоий мавжудот, у — жамиятнинг бир бўлаги, жамоада яшайди, унга таянади. “Одам — одамга қувват” деган ҳикмат шундан. Қаранг, яна “Одам боласи — элнинг лоласи” деган чиройли гап ҳам бор: эл — лолазор, одам лолазордаги бир лола! Кўплашишнинг ҳикмати-да бу.
Шаҳарда осмон йўқ. Тикилиб қарасангиз, оқшоқ тўкилган асфалт майдоннинг аксиними, чала ювилган чодирнинг тепасиними кўрасиз, холос. Бу ҳам ҳолироқ жойларда, катта кўча бўйларида электр чироқларининг ёғдуси хира тортганига қараб тонг отганини, майдоннинг ўзи оқиш кўкимтир тусга кирганидан кундуз бошланганини билиб оласиз. Шунда ҳам диққат қилсангиз, бўлмаса, тепада осмон деган нарса бўлиши кераклиги эсингизга ҳам келмайди. Кечаси билан ухламай, навбатда турганда қанча вақт ўтганини йўталганда ўпкангиз қирилиб ачишганидан, яна чекканингизда оғзингизнинг баттар бемаза очишидан ҳам билиб турасиз ўзи.
АЁҚШда уймалашган машина юзталар чиқар, балки кўпроқдир, санаб бўлмайди, бетартиб, тумонат, кўпайиб кетавериши ҳам мумкин, янги келганларининг қанчаси энди навбат олиш бефойда деб қайтиб кетяпти. Қаторда турганларининг ҳам, атрофдан тирғалганларининг ҳам тумшуғи шу томонга тиралган. Ҳар хил русумдаги ранг-баранг машиналарга тепадан қарасангиз, уяси атрофида ғужғон галалашган асаларига ўхшайди.
Ҳа-я, дарвоқе, АЁҚШ — “автомобилларга ёнилғи қуйиш шоҳобчаси” дегани, давлат тили ҳақида қонун қабул қилинганига ҳам тўрт йил бўлди, ўз тилимизга ўтяпмиз, АЁҚШга тили келишмай, ҳали ҳам “заправка” деб юрганлар қанча! Бу ҳам майли, бир поябзал кўшкчасининг тепасига “Этикдўстлик устахонаси” деб ёзиб қўйишибди, рост-эй, ўйлаб кўрсанг, чуқур гап, бу қимматчиликда этик фалон пул, уни аяб, яъни уни дўст билиб кийиш керак! Лекин пулимиз “рубл”, ана-мана алмашади деган гаплар юрибди. Бензиннинг литри минг “рубл”. “Рубл” ачиб ётибди, юз минг-миллионни олиб юриш оддий гап. Баъзилар қалин-қалин дастани кўйлагининг кўкрак чўнтагига намойишга солиб юради. Лекин пулга маймун ҳам қарамагани билан, ёнилғи қаҳат. АЁҚШда, бензин келадими, йўқми, тонг-саҳардан қалин навбат…
Ҳамма машина АЁҚШни тўсиб турган ола-була қувурнинг сурилишига интиқ. Соат зориқтирган саккиз деганда, бекат ғазнаси эшигидан бир пашмалоқ одам кўкрагини кериб чиқиши билан машиналарнинг эшиги тапа-туп очилиб-ёпила кетади, моторлар гуриллаб, ванғ-вунғ газ берилганидан авжга миниб келаётган кўча шовқини бўғилиб қолади. Лекин пашмалоқ бу томонга эътибор ҳам қилмай, бамайлихотир АЁҚШнинг чиқиш томонига юриб, ўша ёқдаги ола-була қувурни суради. Ўша ерда алоҳида тўп бўлиб турган йигирмадан ортиқ машина кириб, тўртта колонка атрофини тўлдиради. Пашмалоқ чиқиш йўлини яна бекитади. Бу ёқдаги машиналар мотори ўчирилиб, эшиклар яна тап-туп очилиб-ёпилади, ҳайдовчилар яна ҳар жой-ҳар жойда боягидек тўдалашиб, гапга тушадилар. Тўрт-беш соатдан бери айтилмаган гап қолмагандек эди, лекин шунча навбат пойлаганлар эмас, балки навбатсизларнинг киргани бу ёқдагиларнинг хунобини ошириб, тутаб турган мавзуни яна гуриллатиб юборади. .
— Инсоф йўқ, инсоф!
— Э-э, инсофни музейга ҳам олмаяпти, қўядиган жой қолмаяпти.
— Кундуз куни, шунча одамнинг кўзини ўйнатиб! Ана, шу йигирма мошинга камида икки тонна бензин кетади-да. Кейин бошқаларга етмайди.
— Тўрт тонна денг! “Жигули”га саккизта канистр сиғади, бакига қирқ, ҳар мошинга икки юз литрдан кетса…
— Бугун етар-э. Лекин у ёқдан ана шунақа ўзиникиларни қўяверса…
— Устига берсангиз, сиз ҳам ака-поччаси-да.
— Майли, берар эдик.
— Ердан супуриб оляпсизми, нега беришингиз керак?
— Замон айниди, замон! Кеча тўрт соат пойлаб, ололмадим.
— Қирқ тийин эди!
— Йигирма тийинлиги эсдан чиқдими?
— Коммунизмдан билмай ўтиб кетган эканмиз-да, а? Саккиз сўмга бир бак бензин берган!
— Эй, акам, сизни миллионер деб, ҳурматингизга нархини кўтарса, яна норози бўласиз…
— Навбатсизга канистрга бермаса-да…
У ер-бу ерда уч-тўрт-беш кишилашиб, эрмакка ғўнғир-ғўнғир гап сотиб турган одамлар даврасида, битта-яримтани айтмаса, ҳеч кимни биров танимайди, лекин бензин дарди ҳаммани минг йиллик оғайнига айлантириб қўйган, гаплар ҳам ишонган сирдошга айтиладигандек очиқ, дадил, милтиқнинг ўқидек тарсиллатиб қўйиб юборилади, асосан АЁҚШ эгаларини ўлдирган одамнинг барака топиши ҳақида бўлса-да, бошқа мавзулар ҳам очилиб, астари аврасига ағдариб ташланади. Гапирган одамга “Бормисиз! Э-э, ўлманг!” деб пишанг бериб турадилар. Гапни гапга улайман деган одам бундан ҳам ошиб тушади. Аёв берилмайди, шафқат деган нарса йўқ, ҳангома қизигандан қизийди. Энди урф бўлаётган демократия деганининг оғзакиси шу ерда гул-гул очилади. Лекин янги гап йўқ, кеча ҳам, ўтган куни ҳам шунақа бензин пойланган, бу лаънати ўзи анча ойлардан бери турқини қизғанади, АЁҚШ эгалари эса виждонини бирдай ютган, ҳамма гап вақт ўтказиш учун гапирилади, ким айтгани ҳам ёдда турмайди, худди маши
налар дудбуронидан чиққан тутундек бир буруқсайди-да, кейин тумонатга сингиб кетади; одамларнинг дарддошлиги ҳам АЁҚШга кириб олгунча, бахт чопиб бензинга етганлари ҳамоно бегоналашадилар, чунки ҳар кимнинг идиши ҳар хил; кўпларники оддий канистр бўлса, уста бировлар юз литрлик қулай бочкачалар ясатиб олишган, “пиражкавоз”га икки юз литрлик бочкани жойлаштириб, яна беш-олти канистрни ҳам тиқиштирган шоввозлар ҳам чиқиб қолади. Бунақа одам билан дўстлашиб бўладими, тағин унинг навбати олдинда бўлса, бензинни ўпириб кетади-ю.
Шунданми, бу ерда гапирган одамнинг ўзидан кўра у минган машинаю қанча бензин олгани эсда қолади. Ҳа, айтганча, машинанинг ранги ҳам бирга эсланади. Одам эсланмайди, худди шунча машиналар эгасини ёллаб келгандек.
Бензин олаётган пайти ҳайдовчилар “тўппонча” талашиб сўкишиб кетишса ҳам, жанжал қўл кўтаришгача бормайди, ҳар қалай, меъёр бор, ҳар ким ўзининг пулига олади, кейин бошқалар ҳам ёқа бўғишгани қўймайди, шунча одам иккита аҳмоқнинг урушини кўраман деб навбат пойлагани йўқ, ахир, мушт ишга тушса, шу баҳона АЁҚШни эгалари ёпиб қўйиши, ухламай бензин кутганлар қўлини бурнига тиқиб қолавериши мумкин. Э-э, хуллас, текин томоша кўп, бу ерда одам одам билан зерикмайди. Фақат томошага келсангиз-да. Бензин олмоқчи бўлсангиз, диққатвозлиги кўп лекин.
Собирларнинг даврасидаги суҳбат кеча, ҳафта, ундан ҳам илгаригидек АЁҚШ у ёғидан очилган фурсатда бир авжга миниб, кейин яна ўша чортанг маромига тушадиган бўлиб турган эди, лекин тўниқ кўк “Москвич”нинг эгаси, боши бешиксўпоқ, қайроқбурун одам бирдан эшканлаб қолди:
— Эй-й, куйиб, ёниб кетасан! Одамлар ҳам қўймижоз бўлиб қолди! Битта мард йўғ-эй! Шуни гапириб-гапириб ташласа! Ҳеч ким ғинг демаса, қутуради-да! Халқнинг дардини биров айтиши керак! Ахир, қаранг, ўчиратсиз кирганларни! Бу ёқдаги шунча одам ерда ётган картошками?
Бу ҳам унча янги гап эмас, бундан дадилроқлари бундан-да баландроқ қилиб ҳам айтилган, лекин қайроқбуруннинг “Москвич”и қасамга келиб қолган, қанотларининг ғилдирак устлари бўёғининг ур-бу ерини тагидан занг кўпчитган, Собирнинг атиги уч йиллик “нўл тўққизи” эса оққушдек сузилиб турганигами, эгаси унча картошка эмас, картошка бўлса ҳам, ерда ётмайдиган тузукроқ, қурт-пурт тешмаган навидан шекилли, гап унга қаратилган, “нўл тўққиз”ининг олдида турган пистоқи “нўл олти”, унинг орқасидаги “Москвич”га тақалган малла “нўл бир”, ундан кейинги сурмаранг “нўл тўрт”, унинг орқасидаги асли сурранг бўлиб, ҳозир олапес бойлаган, устига бутунича темир панжара қотирилиб, уч тоннани инқ этмай кўтарадиган юккаш “ГАЗ — йигирма бир” ҳам жавоб кутаётгандек туюлди. Жа туюлди ҳам эмас, Собир уч яримларда келиб навбат олган бўлса, ундан кейин шу “Москвич” турди, эгаси тушиши билан Собирга, худди у йўлда атайлаб ўзиб, унинг навбатига эга чиққандек, олайиб қаради, кейин “нўл тўққи
з”ни назардан ўтказди, ҳатто сигарета чеккан бўлиб, киши билмас айланиб ҳам кўрди, сўнгра “Москвич”ининг тўртта ғилдирагини ҳам бир-бир тепиб чиқди, қулоғи бўлса бураб тортар ҳам эди. Собир бекорчиликдан нам дока билан куни кеча ювилган машинасини яна артган эди, ғубори кетган оқ бўёғу тоза ойналар тонг ғира-ширасида ялтиллаб очилиб, қизил чироқлари ҳали ҳам ёниб тургандек ярақлади, шунда у одам: “Кўп ишқаламанг, тешилиб қолади”, деб ҳазиллашган ҳам бўлди. Шу ҳазилининг тагида ҳам бир нима бор эди.
— Келиб шу ерни ҳам бир чиқарса, онасини кўрарди-ку-я булар. Лекин келмайди, чиқармайди, чунки ҳаммасининг оғзи бир. Бизга ўхшаганларга эса йўл йўқ, чунки тўғрисини айтиб-айтиб ташлаймиз. Тўғри гап эса туққанингга ҳам ёқмайди.
Собирга жим туриш ноқулай бўлди.
— Жа унчалик эмас, — деди.
— Нега? Нега бўлмасам чиқармайди? У ёқдан кирганларни ким деб ўйлайсиз? Ҳа, ўшалар-да. Анави калтабақайнинг ўзи кутиб олиб, икки букилиб хизматда. Шулар пул беради, деб ўйлайсизми? — Қайроқбурун қизишиб гапирганда бурун катаклари пирпираб, қулоқларининг узун-узун солинчоқлари гапига ҳамоҳанг селкиллаб турар экан. — Бекорларнинг бешини айтибсиз! Еган оғиз уялар! Ол товоғим — бер товоғим! Нега мени кутиб олмайди? Чунки мен ризқини топиб-тутиб юрган бир шопир. Сиз ҳам ҳаммасини биласиз, лекин гапирмайсиз. — Энди у сурмаранг “нўл тўрт”га ўгирилди. — Тўғри гапиряпманми?
— Нимасини айтасиз, — деб қўйди сурмаранг “нўл тўрт”.
Бу одам ҳам қизиқ, ўзи жуда дамдўз, ҳангомаси шу, “Қўяверасиз. Шуни айтинг. Гапирманг!”, деб қўйиш экан. Гапирганни бошини сал қийшайтириб, хиёл кулимсиб эшитаверади, худди бўш келманг, деб далда бераётгандек, лекин калта-култа гап қўшишидан ҳам, ўзини тутишидан ҳам эшитганини маъқуллаяптими, йўқми, билиш қийин, шунинг учун унга фикрини ўтказмоқчи бўлган одам ўзига ишончини йўқотиб, отаси темирчи ўтгандек, гапини узиб-улайверади.
— Шу-да, гапириб ҳам нима қиласиз?, — деди қайроқбурун яна Собирга бурилиб. — Тагингизда ярақлаган “нўл тўққиз”, кўриниб турибди — бизга ўхшаб кирага юрмайсиз. Ишингиз яхши. Тўғри гапни, нима, бошингизга урасизми! Бизларга лекин керак! Чунки бизлар оддий халқ. Тўғри гап жуда керак.
— Ҳақ гап, — деди пистоқи “нўл олти”.
— Эҳ, — деб ҳасратзада сўлиш олди малла “нўл бир”.
Собир аввалига қайроқбуруннинг гапини куйганлардан бирови-да деб, парвоига олмоқчи эмас эди, лекин қараса, бошқалар тамом унга оғяпти, ҳатто сурмаранг “нўл тўрт” ҳам бир-икки марта бош ирғаб қўйди.
— Оғайни, ҳаммамиз ҳам халқмиз. Халқнинг оддий ё мураккаби бўлмайди, одамларни бўлманг, — деди у ўзича тагдор қилиб.
— Хўп, ана, бўлмадик, ҳамма бир халқ! Шу халқни гапиртирсин! Гап берсин халққа! Йў-ўқ. Чунки халқ ҳақиқатни гапириб юборади. Кечалари ухламай бензин пойлайди-да, юраги дардга тўла. Ҳақиқат эса керак эмас. Тўғрими, ака?
— Гапирманг, — деди сурмаранг “нўл тўрт”.
— Шундай, шундай, ҳақиқат қаерда — ҳақиқат осмон-да, — деб гапга қўшилди “ГАЗ — йигирма бир”.
— Ўзлари гапиради. Биттаси чиқиб бизда нефт йўқ, деса, бошқа биттаси нефтимиз кўп, ундан бензин оладиган зовутимиз йўқ, дейди. Бензин бўлмаса, зовути бўлмаса, лекин кўча тўла мошин, ҳеч ким минмай, қантариб қўймаган! А шунча нарса катта холангники билан юряптими, дейдиган одам йўқ. Бу запрапкада бўлмаса, унисида, хўп, ўчират, бўлмаса, қўлдан оламиз. Фақат қимматга. Демак, бензин бор экан-да, Фақат халққа етиб бормайди, ўзлари бўлиб олган, нархини кўтариш, саларка қўшиш учун.
— Шуни айтинг! — деди малла “нўл бир”. — Мана, водийда запрапкалар бекик, қатра бензин йўқ. Лекин қайси кўчага кирманг, тўлиб ётибди. Эшигининг олдига бир шишада бензинми, кўк чойми тўла битта шиша ё ёндамасига бир ғишт туради, хоҳлаганча олаверинг. Аммо қимма-ат! Канистри қирқ беш, эллик минг, зарил пайти олтмишгача ҳам боради.
— Ана! Ана! Биз ҳам туҳмат қилмаймиз, ҳамма билган гапни гапирсак, деймиз. — Қайроқбурун энди Собирга тўппа-тўғри ҳужумга ўтиб, уни ҳам “улар”га қўшиб юборди: — Сизлар шу ҳамма билган нарсани бошқача тушунтирасизлар.
— Бизлар? Сиз-чи?
Қайроқбурун бунақа баҳсларнинг машқини олган бир айтишқоқ экан, гапини бермади:
— Бизлар тўғринча айтамиз, сизларга ўхшаб бурмаймиз. Ҳали ҳам шу телевизорлар жуда мустаҳкам ишланган экан-да-а, портлаб кетмаганини!
Бу гап даврадагиларга баттар ёқиб тушди. Собир қараса, ёлғизланиб қоладиган, у энди эътибор қилди, фақат машинаси эмас, кийиниши ҳам айрича, жуда зиёлинамо, бензинга эмас, оркестр контсертига тушгани келгандек. Яна бу шляпаси, гардиши энсиз, бир ёнида жез тўқа ов милтиғи ёпиштирилган тўқ-яшил шляпанинг қийқириб туришини ўзи ҳам биларди. Устига устак, яна қайроқбуруннинг гапини қайтарса, бошқаларнинг ҳам унга қарши чиқиши тайин.
У қайроқбуруннинг ўзини тўкишига бемалол қўйиб берди.
— Сизларни давлат ўқитган, стипендия берган. Қанча олардингиз?
— Эллик сўм, — деди Собир; у энди ўзини тутиб олган, қайроқбуруннинг сомонхонаси қаердалигини чамалаётган эди.
— Эллик сўм? Атличник! Катта пул, ҳозирги эллик минг, йўқ, беш юз мингнинг кучи бор эди.
— Шундай, — деб Собир атай уни қувватлади.
Қайроқбурун унга сал ажабсиниб қаради.
— Эллик сўм ойликка оила боқса бўларди. Бир коса лағмон қирқ бир тийин, бир тўғрам нон икки тийин…
— Жа битта оилага етмасди-ку, лекин битта ичакка юқ бўларди, — деди Собир.
— А давлат нега сизни шунча пул бериб ўқитган? Яшанг! Эртага кунимга ярайди, менга тиргак бўлади деган-да. Шу кун, мана, келди, лекин сиз индамайсиз, бизларни индагани қўймайсиз.
— Нега қўймайман? — деди Собир ўзини гўлликка солиб. — Инданг, гапираверинг.
Қайроқбурун лаққа тушди:
— Қаерда гапираман? Ким қўяди?
— Гапирасизми, ахир?
— Нега гапирмайман? Бизларники гардкам, қайтиш йўқ.
Қайроқбурун ҳозир ҳеч нарсадан тап тортмас, унинг қайсарлигида бир шавқ ҳам бор эди. Лекин бошқалар эса нимагадир ҳушёр тортиб, Собирга олазарак қараб қўйдилар.
Собир эҳтиёт билан мақсадга кўчди:
— Бўпти. Келишдик, эртага. Соат саккиз, йўқ, камера-памерасини олиб, бу ёққа етиб келгунча бирон соат ўтади, тўққизларга. Тўққиз яхши, бензин тугай деган, етолмай қолганлар ёниб турган вақт… Шу ҳозиргидай халқ тилида, содда-самимий гапирасиз. Зўр чиқади. Фақат… келмай қолиш бўлмасин. Хўш, — Собир унинг “Москвич”ига гўё диққат билан разм солди. — “Москвич”, кўк. А ўн саккиз йигирма етти ТеНе. Ўзи эски, нўмир янги. Яхши. — Кейин у қўйнига қўл суқди. — Исм-фамилиянгизни айтсангиз? Ҳа, кейин, турар жойингиз…
Собирга довдиранқираб қараб турган қайроқбуруннинг ранги бўзариб, бурун катаклари пирпираб кетди.
— Эҳ-ҳе, мошиннинг ранги, нўмири, исм-памийла… Нимага?
Собир унинг чўчиб қолганини кўриб, шоша-пиша тушунтирди:
— Ёзим келаман. Мабодо ушланиб қолсам, келолмасам, улар ким эди, қанақа мошин эди деб излаб сарсон бўлмасин деяпман-да.
— Адрис-чи? Адрис нимага?
— Гонорар юбориш керак-ку, — деди Собир. — Пули уйингизга, почта орқали боради.
Қайроқбуруннинг хаёлида мутлақо бошқа нарса экан:
— Пули? Пули-я! Бориб айтсангиз: шунақа исм-памийла, шу ерда туради, шундай-шундай деди, деб… Кейин мени, а?..
Собир унинг хавотирини энди тушуниб, таажжубда қаради.
— Нима? Мен шунақа одамга ўхшайманми? Гапираман деганингизга…
Қайроқбурун тўрсайиб тургани билан, олдинги шашти йўқ, кўзлари ҳимоя сўраб аланг-жаланг қилар, Собирдан бошқалар унга қарамасликка тиришар, ҳатто “Москвич”нинг тўниқ кўки ҳам баттар унниқиб-эскириб кетгандек эди.
— Гапирсам… Лекин нега битта мен? — деди қайроқбурун. — Мана, ўзлари гапирсин! Шунча одамнинг ҳақини бир ўзим айириб берайми?
— Қизиқ одам экансиз-ку, — деди Собир. — Менга гап беришмайди, дедингиз. Энди бўлса…
Сурмаранг “нўл тўрт”нинг эгаси секин ўз машинасига қараб юрди. “ГАЗ — йигирма бир”нинг эгаси чўнтагидан сигарета олди. Пистоқи “нўл олти”нинг эгаси машинасини артишга киришди. Битта малла “нўл бир”нинг эгаси нима қилишини билмай туриб қолди.
— Мендан калласи бутунлар бордир? Адвокат эмасман-ку. — деди қайроқбурун анча бўшашган овозда. — Гапиришим ўзи унча келишмайди, чиройлимас. Неччи миллион киши кўрса. Шунга яраша кийиниш ҳам керак. Уйда ҳам сизникига ўхшаган… Йўқ, нима дейман? Бир бечора шопир бўлсам, и-я, ҳали сенми гапирадиган, деб…
Собир ҳаммасини тушунди, у худди шуни кутган ҳам эди, лекин ҳозир қайроқбуруннинг ўзини оқлашига қараб туриб, ҳафсаласи ўлди, бу тортишувнинг ҳам, ўзининг устун келишию бу бечоранинг паст кетишининг ҳам ҳеч маъниси йўқ, бақир-чақир, ғала-ғовурга тўла бу дунёнинг ҳам сурони ўчиб, ўзи пучайиб қолгандек эди…
Тўсатдан малла “нўл бир”:
— Ў-ў, қаранглар, қаранглар! — деб қолди.
Чиқиш томондаги ола-була қувур ёнида бир оппоқ, тумшуғининг қораси ярашиғли “ГАЗ — йигирма тўрт” тўхтаб, ундан бошдан-оёқ оқ кийинган, бошига ҳам шокилали оппоқ рўмолни айлантириб ўраган хушбичим хоним тушган экан.
АЁҚШ ғазнаси эшиги забт билан очилиб, пашмалоқ хонимнинг истиқболига югургилади.
Хоним машинасига қайтиб ўтирмади, балки пашмалоққа калит илинган бармоқларини оққушнинг тумшуғидек назокат билан чўзди. Ўзи бензин олаётганларга қараб одимлади. Рўмолининг шокилалари силкинганда атир ифорлари шу ергача келаётгандек бўлди.
Колонка атрофидагилар унга жуда иззат-икром билан, баъзилар етти букилгудек салом бердилар.
Пистоқи “нўл олти” машина артишдан тўхтаб, қизиқсиниб тикилди.
Малла “нўл бир”:
— Воҳ-воҳ! — деб қўйди.
“ГАЗ — йигирма бир”нинг кўзлари ўйнади.
— Ий-я! “Чатма қош”-ку! — деб хитоб қилди.
Қайроқбурун Собирга ҳам савол, ҳам шу баҳона ярашиш илинжида термилди. Собир кифтини қисди.
Сурмаранг “нўл тўрт” ҳам даврага қайтди.
Атрофдаги ҳамманинг кўзи хонимда, машинасида ўтирганлар ҳам тушиб, унга тикилиб қолган эдилар.
— Шунақа бўп кетганми? — деб яна ҳайратга тушди “ГАЗ — йигирма бир”. — Ва, қоқиндиғ-эй!
— Сиз ҳам танийсизми? — деди малла “нўл бир”.
— Ва-а! — деб бошини чайқади “ГАЗ — йигирма бир”. — Таниш ҳам гапми! Қоқиндиқ деса жондан кечиб юборардик. Шариф тартиб деганлар шуни деб турмада ўлиб кетди. Қаранг-эй, худойим бераман деса, а!
— Тагида “йигирма тўрт — ўн”! Юришни қаранг! Дод деворгинг келади, лекин қарармикан? — деди малла “нўл бир”.
— Қарамайди. Бу мошинига бир ой бўлгани йўқ ҳали. Янги “нўл олти”си ҳам турибди. “Тоёта” деган кичкина автобусчаси ҳам бор, мол ташийди. Қаҳвахона очган, ресторандан зўр. Дастёрларининг ҳаммаси қиз, — деб пистоқи “нўл олти” бармоқларини қирсиллатди. — Учта дўкони ишлаб турибди. Битта тўйхонани бошлаб қўйган. Пули болалаб ётибди. Ҳозир ўзига биноси катта! Сизларга қарасинми?
— Ва-аҳ! — деди “ГАЗ — йигирма бир” энди ҳасрат билан.
Қайроқбуруннинг кўзи пешанасига чиқиб кетди:
— Мен бир бориб келай-чи, — деди у буларнинг ҳам хизматини ўзига олаётгандек ҳожатбарорлик билан. — Ўчират силжиса, калит мошинимда.
Бу орада пашмалоқ оқ “Волга”ни қайириб, орқаси билан навбатсиз олаётганларнинг олдига қўйган, ўзи тушиб, бакка “тўппонча”ни тиққан, колонкалар теграсида одатда бўладиган бақир-чақир анча босилган, ҳали кирмаганларнинг эшикдан қўлни пахса қилишлари, сигнални бабиллатишлари йўқ, ҳамма шу бетайинликда ҳам, ўзини озгина бўлса-да, тартибли қилиб кўрсатишга интилаётгандек. Ҳар қалай, турмуш чоп-чопидан безган, бу ерда кутишдан толиқиб, аламга тўйган эркаклар даврасида оппоқ кийинган хилқатдек бир аёлнинг пайдо бўлиши ҳаммаёқнинг кўркини очиб, ғала-ғовур, ивирсиқ бу ачавотга анча файз бераётган эди.
Қайроқбуруннинг унга бетламай яқинлашиб бораётгани бу ёқдан қараган одамга ҳам билинар эди.
“Чатма қош”ни Собирларнинг даврасида уч киши билар экан. Пистоқи “нўл олти” ҳозир ҳам, малла “нўл бир” ёшликдан эшитиб келган, “ГАЗ — йигирма бир” унча аниқ айтмади, гапининг ярми бўлган, ярми орзу шекилли, англаш қийин, ё “Чатма қош” буни куйдирган, ё бу уни, ишқилиб, бир вақтлари ўрталарида нимадир ўтган, аммо бугун “Чатма қош” қўл етмас жойга чиқиб кетган, “ГАЗ — йигирма бир” тирикчиликнинг тагига тушиб қолган. Сурмаранг “нўл тўрт” бирон нарса дегани йўқ, лекин “Чатма қош” томонга қараб-қараб қўйганида кўзининг йилтирашидан Собир унинг кўп нарсадан бохабарлигини гумон қилди.
— Хўп десам, ўлармидим, а! — деди “ГАЗ — йигирма бир” энди анча маҳоват билан ўксиниб. — Сабзифурушликнинг ҳам падарига лаънат! Шу ҳам ҳаёт бўлдими?!
— Э-э, қўйсангиз-чи, — деди жиддий рашкланиб малла “нўл бир”. — Бунақалар хотин бўлмайди. Битта эрга кўнадими шу? Орият-э!
— Э-э! Битта катта қоп сабзи неччи кило, биласизми? Орият-а! Ҳурматини қаранг. Юзтаси билан юрмайдими? — “ГАЗ — йигирма бир” чиндан куйиб, ҳатто елкаси тутаб кетгандек бўлди.— Чўнтакда бўлса пулим, кимлар бўлмайди қулим. Мен ёш-ёшларини топиб олардим!
— Пул уники бўлса?..
— Роҳати меники бўлса бўлди-да. Вей, онам қора меҳнатга туққан экан, қанча кўп ишласам яна шунча ишлашим керак, лекин ҳеч бирим икки бўлмайди. Сиз орият дейсиз. Орият эмас, азоб-ку бу, бир умрлик азоб! Ким билади, мен олсам, қуюлиб қолармиди. Бу ёғига ўзи ҳусни кимга керак? Бир парча чандир-да.
Сурмаранг “нўл тўрт” секингина Собирдан сўради:
— Ўша ерда ишлайсизми?
— Йўқ, лекин дўстлар бор. Ўзи шунақа яхши материал керак уларга. Айтсам келишади.
Сурмаранг “нўл тўрт”нинг эгаси “ҳа-а” дегандек қошини кериб қўйди-да:
— Бопладингиз лекин, — деди, бошқа гапирмади.
Собир ҳам индамади.
— Майли, бир олти ойгина хотин қил, кейин қўйиб юборасан, деса, йўқ, дебман-а, — деди “ГАЗ — йигирма бир” ўша қўлдан чиққан бахтининг ортидан сузилиб. — Эҳ, сўқир, кўр! Омадинг тумшуғингнинг тагига ўзи келади, кўрмайсан. Тавба-эй, ким эдию ким бўлибди! Майли, ўзингнинг хотининг ҳам тураверсин, мен олдим шуни десанг бўлди, деса, ор қилибман…
Бу вақтга келиб, АЁҚШ ичидаги бенавбатлар олиб бўлди, пашмалоқ ҳам оқ “Волга”ни ҳайдаб чиқиб бериб, хонимни кузатиб қўйди, яна шовқин-сурон кўтарилди, кириш томондаги ола-була қувур сурилиб, навбатнинг боши оқиб кирди. Қайроқбурун бу ёққа қараб югурди. Қайси бир машина у ёққа, қай бири бу ёққа ўтди, лекин Собирлар жойидан силжимади, чунки ичкари кирганларнинг жойини навбат айтиб кетиб, қатордан ташқари турганлар кириб тўлдирди.
— Ҳа-а, йигирма йиллар олдин, м-м, кўриш керак экан-да, — деб қайроқбурун буларнинг ҳожатини чиқариб келгандек ҳисоб берди. — Ҳали ҳам узоқдан суқинг келади. Аммо яқинига борсанг… Ий-э, — деб у Собирнинг машинаси томонга, кейин унинг ўзига қаради. — Сиз қўйяпсизми? Айтмаган эдингиз-ку?
Машиналар у ёққа, бу ёққа силжиб, ўрин алмашганида Собирнинг “нўл тўққиз”и ёнида битта оқ “нўл ўн бир” пайдо бўлиб, ичида бир одам тирсакларини рулга қўйиб ўтирган экан, эрталабки офтоб тиғасида ойнадан унинг фақат қуймичдек елкаларию қўйнинг ҳасипидек мўйлови кўринар эди.
— Ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ, — деди Собир. — Танимайман.
— Ўтиришини қаранг, — деди малла “нўл бир”. — Бир нарсага тўйган хўроздай.
— Ҳозир у сиздан олдин киради, — деди пистоқи “нўл олти”.
— Лекин қўймайсиз, — деди қайроқбурун Собирга, у олдинги шаштига миниб, яна давранинг эътиборини ўзига тортишга жазм қилган эди. — Бу ёқдагилар ҳам одам. Бостириб кираверадими?! Бир оғиз сўраш ҳам йўқ. Бетимнинг қалини — жонимнинг ҳузурини қара. Мўйловимни кўрган одамнинг юраги ёрилиб кетади, деб ўйласа керак. Бир оғиз “Ҳа?” деб қўйинг, бўлмаса сиздан олдин тиқилади.
— Тиқилмайди, — деди Собир. — Мендан олдин киролмайди.
Ҳақиқатан ҳам “нўл тўққиз”нинг тумшуғи “нўл ўн бир”дан бир қаричча олдинда, ҳасипмўйлов ҳар қанча уринмасин, ундан олдин орага киролмас эди.
— Сизни бир бечора муаллим деб ўйлаяпти, — деди қайроқбурун. — Бир кўрсатиб қўйинг своличга.
— Без одам ҳам кўп-да, — деди малла “нўл бир”. — Шунча ноинсоф навбатсиз олиб кетди, бу ёқдан безлар ҳам тиқилса, тўғри одамга кун йўқ экан-да, а?!
Гапирманг, — деб қўйди сурмаранг “нўл тўрт”.
— Мен Вилнюсда бўлганман. Уларда шу, қизил ёнса, кўчада ҳеч ким йўқ, биров кесиб ҳам ўтмаяпти, лекин мошинлар тўхтайди, пиёдага яшил-да, — деди пистоқи “нўл олти”. — А у ёқ-бу ёққа қараб қўйиб, мелиса бўлмаса, ўтавер! Йў-ўқ! Ана, қоидага амал, одамга ҳурмат!
— Автобусга чиққан одам ойлик абонементини қўлида уч ёққа шундай кўрсатиб, кейин ўтирар экан-а?
— Нега уч ёққа? — деб сўради қайроқбурун.
— Зинада туриб, ҳали чиқмай, кўрсатади. Орқаси эшик-ку.
— Ҳа-а. Назоратчи бўлмасмикан?
— Ҳамма чипта олса, абонемент кўрсатса, назоратчи нимага керак?
— Лекин керак, бари бир керак, — деди малла “нўл бир”. — Одамларга ишониб бўлмайди, ўтган ойникини ҳам кўрсатиб юравериши мумкин.
Шу вақти ҳасипмўйлов машинасини ўт олдирди-да, дудбуронини даранглатиб газ берди.
— Нима қилмоқчи бу? — деди қайроқбурун кўзларини ола-кула қилиб. — Бостириб кирмоқчими? Ўзингиз бир бопла-анг буни!
— Тарбия масаласи чатоқ-да ҳали, уларга етишимизга кўп замонлар керак. Мана, тайёр мисол, — деди пистоқи “нўл олти”.
— Шуни айтинг, — деб тилга кирди сурмаранг “нўл тўрт” ҳам. — Мана, қараб турибмиз ҳаммамиз.
— Нега қараб турамиз? — деди малла “нўл бир”. — Биз беш киши, бу бир ўзи. Эви билан-да, ахир. Биздан кейин, майли.
— Кейингилардан ҳам сўраш керак, — деди пистоқи “нўл олти” — Шундай тиқилиш одобдан эмас.
— Э-э, мунча тортишдик, ҳаммамиз гапиришимизга арзимайди бу, — деди қайроқбурун. — Мана, ҳозир бу кишининг ўзи жойига солиб қўяди. Ў-ў, оғайни, қаёққа, биз ҳам турибмиз, деб қўйинг.
— Сўранг-чи, нияти нима экан? — деди малла “нўл бир”.
— Менинг олдимдан кираман деса, мажақлаб ўтиб кетардим лекин! — деди “ГАЗ — йигирма бир” алам билан.
Оқ “нўл ўн бир” ўчди, лекин яна ўт олди, орқасидан қоп-қора тутун чиқди.
— Ҳа, ҳа, — деди сурмаранг “нўл тўрт”.
“Оқ нўл ўн бир”нинг дудбуронида худди жўрттага қилгандек, нимадир пақ-пуқ отилди.
— Мошини бу кишиникининг олдида, — деди қайроқбурун. — Ҳаммамиз эътибор қилсак, обрў бўлади-ю. Сиз бир сўранг, еб қўймас. Бизлар бор-ку, мана.
— Мунча газ босади? — деди “ГАЗ — йигирма бир”. — Орқа ичагини юлиб олади-ёв.
— Бир нарса деб қўйинг, — деди малла “нўл бир”.
— Андишамиз ҳам намойишга-да, — деди пистоқи “нўл олти”. — Ўзи ростдан қўрқоқлик шу. Ҳе, у деймиз, бу деймиз, тарбия, адаб, э-э, асли юрак йўқ. Бошқа халқлар олдинлаб кетган. Биз ўзи ҳали халқмизми, йўқми…
— Гапирманг, — деди сурмаранг “нўл тўрт”.
— Ўзим гапирай бўлмаса? — деб қайроқбурун Собирдан сўради. — Ҳеч ким индамаса, кириб кетаверади-да.
Жуда нотўғри бўлди, Собир ҳали унга гапирмасидан, ҳатто гапиришни ўйламасидан олдинроқ ҳам шу қиладиган иши нотўғрилигини, буларнинг эса тезлаётганини кўриб-билиб туриб, кап-катта одам, мияси айнидими, бодиланиб кетдими, хуллас, ўзини ҳеч бир кераги йўқ тиғга урди.
“Нўл ўн бир”нинг эшик ойнаси туширилган, ҳасипмўйлов бошини у ёққа буриб ўтирган экан, Собир бориб тирноғи билан эшикни читирлатгандан кейин, шахт билан бу ёққа ўгирилди-да, иягини қоқди, имламади, индамай дўқ урди. Собирнинг чаккаларигача тиришиб кетди. Ҳасипмўйловнинг жуда қўпол гапириши ҳали оғзини очмасидан ҳам кўриниб турар, бунақа қарашининг ўзи ҳам бир дағдаға эди.
— Қаёққа тиқиляпсиз? — деди Собир галдираклаб.
Унинг гапи ўнқовсиз чиқди-ю, лекин ҳасипмўйлов ҳам баҳона пойлаб турган экан, девкучукдек таппа талади:
— Нима, сеникига тиқяпманми? Нима ишинг бор?
Собир совуқ сесканди, лекин ўзини ушлади, бошини беписанд эгиб, бир нафас атай тикилиб турди-да:
— Нимага бу ерда турибсиз бўлмаса? — деди.
— Турибман-да. Нима, отангнинг ерими бу? — деди ҳасипмўйлов ҳам.
— Фалати экансиз-ку, — деди Собир энди нима дейишини билмай, лекин кўзини олмади.
Ростдан, унинг гапи яна қовушмади, бу одам ўзимча турибман, танишимни кўргани келганман, шу ерга ваъдалашганмиз, деса, нима гап топиб беради?
— Нима? Ҳозир мошиндан тушсам, ғалати қанақалигини биласан, — деди ҳасипмўйлов, лекин тушмади, тушадиган сиёғи ҳам йўқ эди, фақат Собирнинг шляпасига ёқтирмай қараб қўйди.
Собир бу одамнинг шунча машина ичидан бу ерга қандай ўтиб келганини кўргани йўқ, лекин унинг айнан ўзини танлаганини, танлаганда ҳам шляпасига қараб мўлжал олганини билди. Ўзи сотиб олаётганда бу шляпанинг ҳали кўп панд беришини ўйлаган эди, лекин кўзи қиймади, чиройли, кам учрайдиган, пештахтага ҳам бир тасодиф билан чиқиб қолган, юмшоқ, буклаб чўнтакка тиқиб кетса ҳам бўлади, фақат, шу ранги, фасони ов мавзусида учунми, жуда қуюқ, тўқ— яшил, бошқаси йўқ ҳам эди-да. “Чиройли, деб олаверасизми? Эркакка ҳамма чиройли нарса ярашаверади, деб ким айтди ўзи? Бу биронта кийимингизга тушмайди”, деган эди ўшанда Комила. Ҳозир ҳам бу шляпа фақат Собирнинг устидаги кулранг костюм-шим, кўкиш кўйлак, қизил чизиқ-чизиқ галстуккагина мос тушмаётган эмас, умуман олифталиги билан бу ердаги бошқаларнинг кийимини ҳам айбситиб тургандек эди.
— Тушмасангиз ҳам кўряпман — жуда тарбиясиз одам экансиз, — деди Собир зардаси қайнаб.
Ҳасипмўйлов кўзини олайтирди:
— Ўв, бола! Тарбиянгни сихлаб қўяман лекин. Мен виш-шакнинг тагидан бутун чиққанман-а!
Собир “виш-шак” нималигини аниқ билмади-ю, лекин ҳасипмўйловнинг “бола” дегани қаттиқ ботиб, жўрттага майна қилди:
— Эш-шакнинг тагидан? Нима қилиб ётган эдингиз?
— Ўв, тупоймисан? — деб у бўйинга сиртмоқ ишорасини қилди, лекин дордан омон қолган жўмардни билмаган рақибидан жуда ҳафсаласи ўлди. — Виш-шак деяпман мен! Билмайсан-у, яна чигирткадай сакрайсан…
Собирдан ўн ёшлар катта, лекин жуда бўлали, тушаман дегунча Собир уч-тўрт бор ўхшатиб… лекин ёши ўтган, семиз, ялпайиб ўтирган одамга қўл кўтариш… Мошинидан тушмай, вағ-вуғ қилади, жойидан чиқиб, хезланса ҳам бошқа гап. Кейин, урушишни хаёлига ҳам келтирмаяпти шекилли?
— Ҳали сакраганимни кўрмабсиз, — деб таҳдид қилиб қўйди Собир.
Ҳасипмўйлов кўзининг пахтасини чиқарди, машинадан бир оёғини туширди-да, қўлини пахса қилди:
— Бир… лекин парашўк қилвораман! А мен мошинамда ўтирибман-ку. Олавер бензинингни! Жонингдан тўйганмисан? Нега менга ёпишасан? Эй, муни қаранглар, жинни бу, ўзи тиқиляпти! Бор-эй, аршингни қил! Мен ўзимга жавоб беролмайман! Ҳозир бин-нарса қилиб қўяман лекин! Мусулмонлар, бола-чақам бор, яна қамалиб кетмай!
Кўринишидан ваҳиманинг уяси, одам бакор келмайдиган бу тўнканинг мўйлови тагидан ҳовуллаши унча эмас, нимадир бир эринчоқликми, оғринишми, ишқилиб, оғзидан боди кириб шоди чиқишининг замирида худди “Сўкинмагани қўймаяпсан-да, майли, бу кўргулик ҳам бор экан”, деган зорланиш ҳам бордек туюлди.
Собир аввалбошда даврасидагиларга орқа қилган, ҳеч бўлмаса, ҳа-ҳалашар, мабодо ёқалашиб қолсак, ажратиб қўйишар деб, ўйлаган эди, лекин ҳасипмўйловнинг овози баландлагани билан қуруқ ҳавога кетаётгани, олма-кесак излаётган нигоҳига ҳеч ким илинмаётганидан билдики, орқасида одам йўқ, ҳаммаси машина-машинасига уриб кетган, ҳасипмўйловнинг рўпарасида бир ўзи қолган! Ҳасипмўйлов ўтирган жойида вағирлашини қўймайди, Собир нима қилишини билмайди. Буюртма томоша!
Лекин шу вақти, яхши ҳамки, сурув юргандек бўлиб, бутун АЁҚШ ҳаракатга келди-да, навбат қимирлаб қолди. Пистоқи “нўл олти” олдинга юриб, ора очилган эди, “нўл тўққиз”нинг орқасидаги ҳамма бесабр сигнал босиб, ваҳима кўтарилди. Собир машинасига югурди.
У машинасини ўт олдириб, жойидан қўзғалаётганда ойнакдан қизиқ нарсани кўрди: қайроқбурун юрмай, ҳасипмўйловга бошини силкиб, “ҳайданг”, деб имо берди, бўйнини бир томонга қисди, қошини ҳам учирди, манзиратдан шошган оқ “нўл ўн бир”нинг ияги тушиб кетиб, оғзи очилиб қолди, мўйлови шалвиради, бошини силкиб, имо билан қайта сўради, қайроқбурун яна тез-тез бош ирғади, ҳасипмўйлов ниҳоят кетини бурқситиб, орага кириб олди.
“ГАЗ — йигирма бир”нинг сигнали ғоз товушидек ға-ғалар экан, норозиликдан кўра, бўғилиб йиғлагандек чиқди, орқадан уч-тўрт машина унга жўр бўлди, малла “нўл бир” эшикдан қўлини пахса қилиб чиқарди, лекин тилига гап келмади шекилли, яна шу қўлини силтаб қўя қолди.
Собир энди нима қилса? Ҳасипмўйлов навбатга кириб олган, машинасидан чиқай демайди. Энди нима деб ҳам гап талашиш мумкин? Лекин қизиқ, айтишишди, сўкишишди, энди эса иккови ҳам ўз машинасида ҳеч нарса бўлмагандек ўтирибди, яна олдинма-кейин, худди бир-бирини кўрмаган, билмайди. Ҳа-эй, ҳаммаси бегона одамлар, бу ёғи ҳам ҳеч нарса бўлмагандек бўлиб кетади. Биров навбатсиз кирмоқчи бўлибди, бировлар айтишиб қолибди, шуми? Шу-я? Шунга шунчами? Э-э, ҳозир бензин олсин, ҳамма тарқалади, ким кимнинг эсида қолади…
Худо хоҳласа, бу ёғига навбат яқин. Оқ “нўл тўққиз” йигирманчилар бўлиб турибди, орқада машинанинг кўплиги бензин етишига бир далилдек, хотиржамлик ҳам беради. Энди бу ёқда тартиб бор, агар бирда-ярим навбат айтиб кетмаган машина бўлмаса ё қайроқбурунга ўхшаб биронтаси кўнгилбўшлик қилмаса, суқилиб кириш ҳам, кирадиган йўл ҳам йўқ…
Собир сигарета тутатиб, ойнани туширди. АЁҚШнинг ғала-ғовури баландликда шағиллаб турган бўлса, ҳасипмўйлов билан қайроқбуруннинг суҳбати пастдан, ер бағирлаб келди, ҳасипмўйловнинг овози анча баралла, қайроқбурунники сал пастроқ, лекин яхши эшитиляпти. Собир ойнакдан қараса, ҳасипмўйлов машинадан икки оёғини ҳам тушириб, сигарет тутатяпти, қайроқбурун унга, — э баракалла! — ғиж-ғиж қилиб чақмоқтош тутган!
— Ўзингизни оловга урманг! Тўғри гапдан, нима, ош пиширасизми? Мана, шунча одам, ўзлари гапираверсин! Сиз тилвизорга диктирмисиз? Уям ёзиб берганни ўқийди. Қоғозга қараб! Бошқа нарсани эмас. Ойликни шунга олади. Сизга тўғри тикилгани билан, яхшилаб қаранг, кўзининг қоракишмиши у ёққа-бу ёққа мундай-мундай бориб-келиб туради. Бу ёғида бошқаси ёзилган қоғозини тутиб туради-да… Ўзича, қаёқда?
— Мен ҳам шуни айтдим-да, — деди қайроқбурун. — Ҳар ким ўзи учун курашсин, ҳамма учун битта одам… тўғри эмас, дедим. Тўғрими?
— Жуда тўғри! Сиз булар учун гапирасиз, булар… биз билмадик, дейди. А сизларни гапирди-ку? — Йўқ, бизлар бехабар! Бу, бензин йўқ, дейишяпти? — Ий-э, нега йўқ? Мана, бор-ку! Бўлмаса, нега ўчират? — Ўчират йўқ. Ҳа, нега турганимизми? Ўзимиз, ҳангома қиляпмиз. Ана, кўрдингизми, одамлар қанақа! Сиз буларнинг ҳақини айириб бераман деб калтакка учрайсиз, булар… ўзи қўшилиб уради! Шунақа! — Унинг ҳар бир гапини мўйлови ҳам кўтарилиб-тушиб, тасдиқлаб туриши ойнакдан яққол кўриниб турарди. Собир жуда қизиқсиниб қолди. Қайроқбуруннинг навбатсиз қўйгани, бунисининг навбатсиз киргани уларнинг гапини эшитишга эрк бергандек эди гўё.
— Боя ўзингиз кўргандирсиз, — деди қайроқбурун куйиниб. — У ёқдан қанча мошин навбат-павбатга қарамай, бу ёқдагиларни бир пул қилиб, бензин олиб кетди. Бу ёқдагилар гапирди, сўкинди, фақат бир-бирига, у ёққа эшиттирмай! Кейин битта “чатоқ”ми, “чатма”ми қош хотин, ўзиям ҳамма бир-бир кўрган экан, анувнақа… Вай, салом беришлар! Таъзимлар! Кимга? Нега? Пули бор! Тагида қўша-қўша мошин, ҳа, дўкон очган, ҳа, ресторан қурган! Чоп, кутиб қолмасинлар! Бу ёқда унга уйланмаганига ўзини осмоқчилар ҳам чиқиб қолди. Ё тавба! Нималар бўлиб кетяпмиз ўзи? Э-э, хуллас, бўғилиб кетасан. У ёқдан келганларнинг кетига кириб кетай деймиз, бу ёқдан кирмоқчи бўлганларни…
— Раҳмат, ука, сиз бўлмасангиз…
— Йўқ, сизни айтмаяпман… Нега? Чунки… ўзимиз қатори одам. Оддий халқ! Оддий халқни-чи, ака, бемалол сўкса бўлади. Чунки ҳеч бир одам ўзига олмайди, ҳаммани сўкяпти-ку, мени эмас, дейди. Мен “ғит” этувдим, анави “нўл тўққиз” “Бўпти, телевизорга чиқинг”, деди, юрагим тушиб кетди, кейин қаердан ҳам сиз келиб қолдингиз, яна кўплашиб оташин бўлиб, оқ “нўл тўққиз”нинг ўзини тўғриладик, сиз бир дўқладингиз, ҳаммамиз қуённи сурдик. Нега бунақамиз? Рост-да, менга нашъа қилди. Қани, шу одамни ўтказиб юборай-чи, нима бўлар экан, дедим. Ҳеч нарса бўлмади. Йўқ, бўлаётгандир балки, сиз билан менга эшиттирмай, ҳу орқада, висир-висир, шивир-шивир… Шунча одамдан тап тортмай кирдими, бир балоси бордир-да, деб. Вой, бу одамлар!
— Тўғри қиласиз, ука, ҳар кимнинг ширин жони ўзига, — деди ҳасипмўйлов.
Қайроқбурун бу гапнинг ўзига нима алоқаси борлигини тушунмай, бир муддат жим туриб қолди.
Зерикди шекилли, сигаретасини эзғилаб, малла “нўл бир” келди. Худди шуни кутиб тургандек, “ГАЗ — йигирма бир” ҳам даврага қўшилди. Лекин ҳангома юрмай қолди. Уч киши индамай тутатиб бошлаганда, пистоқи “нўл олти” тўртинчи бўлди. Сурмаранг “нўл тўрт” Собирнинг ёнида тўхтаб, унга тушмайсизми, дегандек қаради.
Собир энди эшигини очган эди, шу пайти пашмалоқнинг ингичка, узун қувурни елкалаганча АЁҚШнинг орқасига ўтаётганини кўриб, тушмади. Бутун АЁҚШ бир бўлиб сўлиш олгандек бўлди.
Пистоқи “нўл олти”нинг юзига хавотир сояси қўнди, у қайтиб бориб, машинасига ўтирди. Бу ёқдаги давра ҳам тарқалди, ҳамма ўз машинаси ёнида туриб, ташвиш билан пашмалоқ кириб кетган томонга қараб қолди.
АЁҚШни жимлик босди.
Пашмалоқнинг қувур кўтариб чиқиши подшо замонида удайчининг ҳукмикуш фармонини эълон қилишидек бир гап эди. Ҳозир у орқага қайтади, ҳеч кимга ҳеч нарса айтмайди, қувурни ғазнахонага қўяди-да, тўғри кириш жойидаги ола-була қувурга қараб юради, тамом! Ялиниб-ёлворганнинг ҳам фойдаси йўқ, ўлчаб келганини ҳамма кўрди, бензин тугаган бўлса, энасиникидан қуйиб берадими? Энди бу ёғи ола-була қувур кимнинг машинасининг орқасидан, кимникининг олдидан тушади, бахти билади.
Ана шу вақти яна навбат юриб қолди-ку! Пистоқи “нўл олти” кирди! Яна озгина юрса, Собирнинг оқ “нўл тўққиз”и тумшуғи ҳам ола-була қувур тўсадиган чизиқдан ўтса эди! Йўқ, тўлиқ ўтди! Оқ “нўл ўн бир” ҳам сиғди-эй.
Пашмалоқ бу ёққа қараб одимларди. Қайроқбурун унга не ҳасрату не унсиз нолалар билан тикилди, фойда бермади, қувур… оқ “нўл ўн бир”нинг орқасидан — тўниқ кўк “Москвич”нинг олдидан тушди! Қайроқбуруннинг алам устида нима дегани аниқ эшитилмади, лекин “Вай-й” деб сўкинганини ҳамма билди — бечоранинг сўкинишдан бошқа нима иложи ҳам бор?
Ҳасипмўйлов орқасига қарашга юраги бетламай, машинасига биқиниб олди. Малла “нўл бир”нинг аччиқ кулгани худди йиғлаётгандек кўринди. Сурмаранг “нўл тўрт”нинг кўзлари пирпирар, бошини чайқаб-чайқаб қўяр, “ГАЗ — йигирма бир” қўлларини силкиб, ўзига-ўзи алланарсаларни уқтирар эди.
АЁҚШ ҳудудига кириб олган, энди бензин олиши тайин бўлган пистоқи “нўл олти” билан Собир ола-була қувурнинг у ёғида қолган бугунги дарддошларининг нигоҳидан кўзларини яширар, навбат, тасодиф, пешана, бугун бўлмаса, эртага бўлади шу бензин, лекин бари бир, шунча вақт бирга пойлаб, бирга ҳасратлашиб, энди етдим деганда… нимасидир номардлик-да. Айниқса, бечора қайроқбурунга. Энг кўп куйинган ҳам шу эди. Собир ҳам сал жабр тортди-ю, ўзининг аҳмоқлигидан, лекин ҳар на, муродига етди-ку.
Ҳасипмўйловга лекин ҳақиқий маънода бетимнинг қалини жонимнинг ҳузури бўлди! Энди жойини қайроқбурунга бўшатиб бераман деса ҳам иложи йўқ…
Пашмалоқ ола-була қувур ёнида туриб, калта бўйини ўзининг салобатича чўзиб, қўлларини кўтариб хоч қилди — бу ёқдагиларга бензин йўқ. АЁҚШ ҳудудига кира олмаганларнинг энди тўрт томони қибла, лекин улар кета қолмайдилар, бир нималарнингдир умидида ҳали ярим соат-бир соат ғимирсиб юрадилар.
АЁҚШ ҳудудига кирдингми, бу ёғи бемалол, чўнтагинг кўтаргунча, идишларингга сиққунча ол, ҳеч етмай қолмаган вақт йўқ — қоида шунақа, лекин бўл-ҳа-бўл, тез-тез, анграйма, сендан бошқалар ҳам одам, битта ўзингни ўйлама! Ё тавба, бу одамларнинг ҳовлиқишини!
Собир бир юзу етмиш литр олгунча терга пишиб кетди. Айниқса қирқ литрлик флягаси анча гап бўлди. Қирқ литрлик канистр мумкин, бу мумкин эмас экан, тавба! Оғзи катта эмиш!
У колонкалардан берироққа чиқиб тўхтади. Эҳтиёт яхши-да, фляганинг оғзидаги резинани тўғрилаб, бошқаттан яхшилаб ёпиб, канистрларининг орасига латта қўйиб, данғирламайдиган қилиши керак.
Тушиб, қараса, тиқиннинг қопқоқчаси очиқ қолган экан. Қопқоқчани ёпаман деса, тиқиннинг ўзи йўқ. Бензин олаётганда машинанинг устига қўйиб, кейин эсидан чиққан, юрганда тушиб қолган. Шу билан ке-этди! Ўзи арзимас пул, лекин йўқ, топилмайди. Оббо, энди латта тиқиб юришга тўғри келади-ёв?
Нариги колонкада сал ушланиб қолган пистоқи “нўл олти” энди ўтди, у Собирга, кейин унинг оқ “нўл тўққиз”ига қаради — кийимлари дазмолланган, озода, машинаси ҳам, машинасини бошқариши ҳам бежирим, тартибли, бир кўришдаёқ хаёлингизга ҳам “жуда тартибли экан” деган фикр келади, лекин ўзи етти ёт, мутлақо бегона бир одам эди.
Оқ “нўл ўн бир” ҳам чиқиб келди, лекин ўтиб кетмай, Собирнинг ёнида тўхтади. Эшик очилиб, у ёқдан ҳасипмўйлов тушди, машина жонивор гавдасини ўнглаб, жойида кўтарилди.
Ҳасипмўйлов дамқисмами, нима бўлса, ҳарс-ҳарс нафас олар экан, машинасини секин айланиб келди.
— Ҳа, ука, қандайсиз? — деди у базўр дамини ростлаб. — Бу пляга апасний, ука. Ўзи бу сутга-да. Тешигига мих тиққанмисиз. Ҳа, мих тиқиб қўйинг, қақмоғи сакраб кетмайди… Ҳа… тез одам экансиз-да, а? Мундай қарасам, буларнинг ичида сиз бўшроқ кўриндингиз, ука-пука деб аврасам деб турсам, сиз ҳам… Сиз эмас, бу одамлар оловга итариб юбориб, ўзлари томоша қилади. Кейин, ким итарди — бизлар билмаймиз! Йў-ў, қачон? Кўрганимиз йўқ. Кўзимиз очиқ эди? Нима кўзи очиқ одам ухламайдими? Ухлайди! Ана шунақа, ука.
Собир канистрларини жойлаштириб бўлиб, багажникни ёпди-да, ҳасипмўйловга ўгирилди. Бу энди бояги одам эмас, кенгфеъл, кўпни кўрган, анча фикрли киши, лекин саҳар туриб навбатга келишга ўзини мажбурлай олмайдими ё соғлиғи кўтармайдими, ишқилиб, кейин чора қидириб қолган содда-муғомбирга ўхшайди. Ҳар қалай, боя Собир билан дўқлашган одам бошқа, бу бошқа. У каттакон кафтида “нўл тўққиз”нинг тиқинини ўйнаб турарди.
— Бу шляпани ўзингиз бўятганмисиз, бунча ранги тўқ? — деди яна ҳасипмўйлов. — Ука, хафа бўлманг-ку, шунақа жойларга шунақа нарсаларни кийманг. Нима бу ўзи? Муаллимлар ҳам бунақасини киймайди-ку. Ранги ҳам, бичими ҳам ғалати-эй. Хафа бўлманг лекин. Ҳамма кийган нарсани кийиш керак. Э-ҳа, манави сизники-я. Орқангиздан чақирдим, эшитмадингиз. Шу тушиб қолган, ҳаммаси кўрган, сиздан бошқа “нўл тўққиз” йўқ, биров айтай демабди-я. Э-э, одамлар шунақа, ука.
Собир “Қанақа?” деб кўзи билан сўради.
— Мана, шунақа-да, — деб ҳасипмўйлов сийраклай бошлаган АЁҚШни кўрсатди.
1993 -2007 й.й.