Твда “Ўзлик” кўрсатуви тилга тушиб, одамлар берилиб кўрадиган вақтлар эди. Кабинетимга бир ёши улуғ киши кириб келди. Саксон икки ёшда экан, лекин кекса кўринмайди. Ўрта бўйли, юмалоқдан келган, гавдаси пишиқ, пешанаси думалоқ бўртиб турарди. Ўзининг қадрини биладиган, лекин кибри йўқ, одамохун, шу одамохунлигида ҳам ҳамсуҳбатини ўзига бўйсундирадиган нимадир камтарлиги бор эди. Аҳмаджон, ўғлим, аввал икковимиз битта чой ичиб олайлик, чой қўйиб юборинг, деб белига боғланган қийиқчани ечиб, ундан битта қўқон патири, бир сиқим ёнғоқ мағзи, бир ҳовуч парварда, бир ҳовуч майиз чиқариб терди. Қийиқча устида жуда тартибли дастурхон бўлди… Мен ул-бул нарсадан тотиниб ўтирдим, у киши бемалол чойини ичиб олди, унгача айтарли гап айтмади, куттирди. Мен ҳам индамадим. Кейин секин бошлади. “Ўзлик”ни қолдирмай кўриб борар экан, шунча одам дард чеккан, лекин гапига озгина ёлғон аралаштирганлар ҳам чиқиб турар экан. Ўзини жаҳаннамга тушган қилиб кўрсатади, лекин тушмаган, мен биламан, у коннинг эшиги олдидаги будка – уйчада тунука бўяб ўтирган, деди. Тунука бўягани нима десам, расм солган, плакатларни бўяган, рассом, қийинчилик кўрмаган, азобни, мана бизлар кўрганмиз, деди. Шошманг, амаки, гапирмай туринг, камерага айтасиз, дедим. Камера буюртма қилдим, бор экан, кела қолди. “Запис”ни бошладик. Отлари Обидмиди, Оқилмиди, эсимда қолмаган. Қўлёзма архивим ёниб кетган, келинг, майли, Обид ака, дейлик. Хуллас, Обид аканинг отаси мулла экан, ўзи мулла деди, диндор деган айб биланми ё бошқа сабаб қамалиб кетиб, оила патарот бўлиб, ўн саккиз яшар ўспирин кўчада қолибди. Андижонда. Афғонистонни эшитганми ё ўша ёқда бирон томири бўлганми, ўзи ҳам билмайди, ишқилиб ўша ёққа борсам, кун кўриб кетаман деган хаёлда Тошкент вокзалига етиб келиб, афғон томонга юрадиган поездни пойлаб, ўриндиқда ухлаб қолган, кимдир биров қаттиқ тепган, бу йигитча уйқусираб сакраб туриб, нимага тепасан, деб тепган одамни бир солган, у одам чаппа ағдарилиб тушган, пальтоси очилиб кетиб, тагидаги чарм курткаси билан нагани кўриниб қолган – органнинг одами экан. Бу бахти қаро органнинг одамига қўл кўтариб қўйган экан! НКВДми, ОГПУми, ишқилиб, орган ходимига ҳужум қилинган!
Шу билан Обиджонни тутиб, қамаб, ўн йилга кесиб, этап қилиб юборишибди. Ўттиз тўққизинчи йили. “Скотний” вагонда кетяпмиз, очликдан ўлаётганлар бор, иккита рецидивист қўшилиб қолган экан бизга, нонимизни тортиб олади. Ҳеч ким ғинг дея олмайди. Очликдан ўлиб-ўлиб ўттиз олтита қолдик. Қарасам, ўзим ҳам ўламан. Бир чора топишим керак ўлмасликка. Пийма (валенка)ни сувга шимдирдим-да, вагон туйнугидан чиқариб осиб қўйдим. Тошдай оғир бўлиб музлади. Пайт пойлаб, бор-э, нима бўлсам бўлдим, деб орқасидан бориб бировининг миясидан солдим. Шилқ этиб тушиб ўлди. Иккинчиси ташланган эди, уни ҳам уриб йиқитдим, ўлмади, бошқа маҳбуслар ёрдамга келиб, тепкилаб ўлдиришди. Энди ўзимни отиб ташлашса керак, деб кутган эдим, йўқ, қўриқчиларнинг ўзи бу рецидивистлардан безор экан, ўликларини вагондан улоқтириб ташлаб, ҳеч нарса бўлмагандай кетавердик. Яна мени шу вагонга бошлиқ қилиб қўйишди. Вагонда тартиб қилиб, нонни расамади билан тақсимлаб, Владивостоккача биронта одамимни ўлдирмай етказиб бордим. Бошқа вагонларда одамлар қирилиб кетди. Владивостокдан Находка деган жойга кетдик, ундан тилла конига. Кавлаб тоғ тагига кириб кетганмиз, зах, қорин тўймайди, касаллик кўп, иш эса ниҳоятда оғир. Бу ерда ҳам, булар жуфтлашиб юрадими, иккита рецидивист бор экан. Булар ҳам нонимизни тортиб олади, очдан ўлаётганнинг нонини ҳам олиб қўяди, бермайди, шунақа ноинсоф. Ўзлари ейди, биз оч, ўляпмиз. Нон ҳам ҳалиги чўрний, ржанойми, шунақа, бир бурда беради бир кунга, шундай кафтда сиқсангиз, вижиллаб суви чиқади, лойга ўхшайди. Шуни, биздан тортиб олган улушларни рецидивистлар юмалоқ буржуй печкада чирсиллатиб қуритиб еб ўтиради, атрофидаги қирқ эллик одам нондан кўз узолмай мўлтираб тураверамиз. Бир-иккитасига айтиб кўрдим, буларга гапирайлик деб, қўшилай демайди. Ўлаверади. Бу инсофи йўқлар ўлаётганга ҳам бир тишлам бермайди. Ўзим оёқда зўрға юраман, мажолим қуриб кетяпти очликдан. Нима қилсам дейман, нимани қурол қилсам, деб кечаю кундуз ўйлайман. Печканинг бақувват темир косови бор эди, кочерга дейишади-ку. Ҳалиги иккови печкада нон қуритиб ўтирганда, э-э, барибир, ўламан, ўчимни олиб ўлай-да бу ноинсофлардан деб, жоним борича бировининг бошига урдим кочерга билан, зарбимдан ўзим ҳам йиқилиб тушдим. Буниси мени ўлдирса керак, деб турсам, йўқ, худо бошқа аристонларга юрак бериб, ҳаммаси ўша тирик қолганига ёпишди, туриб яна кочерга билан урдим, ўлди, ишқилиб. Шу билан тинчидик. (Мен индамай эшитавердим, сизни жазолашмадими, қўшимча беришмадими, деб сўрамадим ҳам). Ука, ҳайрон бўлманг, бу бир тоғда, ер тагидаги кон, обориб ташладими, тамом, у ерда совет ҳукумати йўқ, соқчиларга ҳам лагернинг ичи тинч бўлса, одамлар ишлаб турса бўлди, ким ўлгани билан кимнинг иши бор. Ана шундай рецидивистлардан қутулиб, яна яшаб бошлаган эдик, бу ёқда уруш бошланиб қолди. Ҳамма уруш билан овора, бизлар билан алоқа йўқ, таъминот келмай қолди, овқат отига ҳам йўқ. Соқчию қўриқчилар ҳам урушга чақириб олиндими, бир-бир йўқолди. Ўз бошимизча беэга қолдик. Қочишга жой йўқ, ташқарига чиқсак, совуқда, барибир, ўлиб кетамиз. Ана, энди қирилишни кўринг! Ўғлим, ишонасизми, уч минг аристондан ўлиб-ўлиб икки киши қолибмиз: мен билан бир жуҳуд. Икковимиз ётибмиз қачон узиламиз деб, атрофимизда бирон тирик жон қолмаган. Шу вақти денг, комиссия келиб қолса, нимага бу кондан отдача йўқ деб текширгани келган-да. Комиссиянинг оёғидан қучоқлаб олдик, бизни бундай ташлаб кетманг, бўлмаса, отиб ташланг деб, йиғладик. Йўқ, инсофлилар экан, чой беришди, атала ичиришди. Ўзлари билан олиб кетиб, бошқа лагерга топширишди. Бу ёқда ҳам ўлиб кетар эдим, лекин худо деган эканман, лагерь бошлиғи олдин Тошкентда хизмат қилиб, ўзимизнинг ош, шўрва, мантига ўхшаган овқатларни яхши кўриб қолган экан, қилишни биласанми, деди, ҳа, дедим, мени ўзига ошпаз қилиб олди. Шу билан қолган беш йил унинг хизматида бўлиб, қамалганимдан ўн йил ўтиб, яъни “от звонка – до звонка” тўлиқ ўтириб қирқ тўққизинчи йили юртга қайтдим.
Бу киши билан суҳбатларимиз “Ўзлик”нинг иккита сонида берилган, лекин кўп гап сиғмаган. Одам ўлдирганини бермаганман. Шунча азоб тортган одамни яна қотил қилиб кўрсатишга кўнглим бормади. Лекин… лекин мардонаворлик, бардош, чидам ва инсон кўнглининг кенгликлари деганда шу отахон ҳам кўз олдимга келаверади. Бу асли ҳикоя ҳам эмас, роман бўладиган тақдир, лекин мен у даврда яшаб кўрмаганман-ку, тўқиб ёзишга қўлим бормади. Буни ёзиш ҳам шарт эмас, шу мисолда ўйлаш керак.
Ҳа, дарвоқе, Андижонга, бир юзу тўртга кирган бир отахоннинг суҳбатини олишга кетаётиб, Қўқонда, Обид аканинг уйида тўхтаб ўтдик. (У киши кейин Қўқонга келган, собиқ Ленин кўчаси, адашмасам, 101-уй эди). Борасиз, албатта, деб ваъдамни олган эдилар. Шинам, баҳаво, отахоннинг ўзига ўхшаган батартиб, озода ҳовли. Кирган одамнинг кўнгли ёришади, отам ҳам пешвоз чиқдилар ҳамма ёқни ёриштириб…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 2-сон.