Одам бу дунёда ёлғиз эмас. Кейин, у фақат ёмонлик ичида, ёмонлик кўриб яшамайди, унинг умр йўли яхшиликлар силсиласидан иборат.
Нуқул ёмонлик ҳақида ўйлайдиган одам ўзига ёмонлик қилиб яшайди.
Мен бир оддий одамга учраб қолганимни қирқ йилдан бери ўйлайман. Қирқ йилдирки, шу одам хаёлимдан кетмайди, бир-икки марта ҳикоя ёзишга ҳам чоғландим, лекин ёзсам, худди тўқийдигандек, атайлаб бўрттирадигандек, яъни “бадиий тус” берадигандек бўлавердим. Кейин, бу воқеани, барибир, ўзим ҳаётда ўқиганман, шунинг учун ўзимдан ўзим кўчирмакашлик қиладигандек туюлаверди. Энди эсимда қолганича гапириб бераман.
Минг тўққиз юз етмиш учинчи йили, май ойида ҳарбий хизматдан қайтдим, укам мактабни аъло баҳолар билан битирган, ҳали аттестат олганича йўқ, лекин уни бирон олий ўқув юртига жойлашни ўйлаш керак, бу ташвиш мен – аканинг зиммасида; кекса отамизнинг дуо қилиб ўтиришдан бошқасига кучлари етмайди. Тўғри Самарқанд педагогика институтига бордим, домлам, раҳбаримга, университетда ўқиганимда ака-ука бўлиб кетганмиз, дардимни ёрдим, укам “отличний” битирди, шуни киритишга қарашиб юборсангиз, дедим. Домлам менга бир зум афсус билан қараб турди, кейин оғир сўлиш олиб, а, шу дардинг бор экан, февралнинг бошларигача айтмайсанми, ҳарбийдан хат ёзсанг ҳам бўлар эди-ку, энди кеч, рўйхат… рўйхатга уканг, калласи тилладан бўлса ҳам, киролмайди, умуман, Самарқандга овора бўлма, деди. Очиқ айтганига ҳам раҳмат, хай, ҳужжат топширсин-чи, кўрамиз, деганда алданиб юраверар эдим, Тошкентга келиб, яна Навоий музейида катта (лекин маоши жуда кичкина – етмиш сўм) лаборантлик ишимни бошладим. Каллада бир ўй, укамни қаерга жойлаштирсам? Э-э, тўхта, Жиззахда педагогика институти очилган-ку, ректори таниш, яхши одам, айтсам йўқ демас, мен ҳам бир куни одам бўлиб, қилган яхшиликларини қайтарарман, деган фикр келди ақлимга, шу доно ақлимга суяниб Жиззахга от солдим.
Жуда қизиғ-а, мактабни аъло баҳолар билан битирган, ростдан ҳам аълога ўқиган пешқадам ўқувчининг ўзи институтга киролмаса! Ўзи киролмайди, вассалом! Ундан зўрлари ҳам бўлган-да, десангиз, ўқишга киргандан кейин шунақа зўрларни кундуз куни чироқ ёқиб ахтарасиз. Қойилми? Йўқ, қойил бўлмай қўйгансиз.
Шундоқ қилиб, етмиш учинчи йили, июн ойининг бошларида, укамнинг қўлига аттестат тегай деб турибди, лекин ВУЗларга ҳужжат топширадиган мавсум бошланган, Тошкент автовокзалидан чипта олиб, ўша бурун қонидек қип-қизил машҳур “Икарус”га ўтирдим. Чиптага ёзилган жойим ойна томонда экан, ўтира қўлимдаги китобни очдим: Девид Жером Селинжер, музей кутубхонасига янги келган эди, муқоваси тўқ кўк, номи чиройли зарҳал билан босилган қалингина тўплам. Бир қараган одам унинг бу ердаги нашриётларда эмас, Московда босилганини англайди. Салобатли китоб, унча-мунча одамни сури босади. Мен ўзи китобхўрман, ҳарбийда бир ҳижжалаб, бир қайта – икки марта ўқиган бўлсам ҳам, яна ўқигим келиб юрган эди, бошимни кўтармадим.
Ёнимга бир одам келиб ўтираётганда ўриндиқ силкинди, қарамай бошимни силкидим, саломим шу бўлди.
Узоқ йўлга китобдан яхши ҳамроҳ йўқ, “Над пропастью во ржи”дан кўз узолмайман. Ёнимдаги ҳамроҳим билан эса йўл бўйи гаплашмадик, ҳатто бундай юзига ҳам қараб қўймабман. Ука, ўқияпсизми, деди бир марта, ҳа, ўқияпман, деб ғудурлаб қўйдим, кўрмаяпсизми деган маънода. Жиззахга етиб боргунча ҳангомамиз шу бўлган бўлса керак, чунки сал-пал гурунг қурганимизда эсимда қолар эди. Бориб тушганимиздан кейин ҳам ёнингда ўтирган ҳамроҳинг ким эди, деб биров сўраса, айтолмас эдим.
Гап чўзилди, узр, ўзи асосий воқеа шу, автобусдан тушгандан кейин бошланди. Жиззахга биринчи келишим, автобекатдан шаҳарга қайси автобусда боришини билмайман, шуни бир одамдан сўрасам, йўл бўйи ёнимда ўтириб келган ҳамроҳим экан, юринг мен билан, деб автобусга бошлади. Ўриндиқларга чўкдик, яна ёнма-ён, қўлимда, албатта, китоб. Ука, Жиззахга олдин келганмисиз, деб сўради яна шу одам. Мен йўқ, дедим. Унда қаерига, кимникига борасиз, биласизми ўзи? – қизиқ, унга нима, сўрамаса туролмайди, шекилли. Лекин пединститут ётоқхонасида турадиган бир мухбир жўрамникига боришимни айтдим. Бугун унинг олдида ётиб қолмоқчи, эртага ректорга учрашмоқчиман, буни айтмадим. Ётоқхона қаердалигини биласизми, олдин келмаган бўлсангиз, деб яна сўради. Бу одам нима, Жиззахга мирғазабми, мунча суриштиради, деб энсам қотди. Сўраб-сўраб топаман-да, дедиму Селинжерни ўқиётганга солдим ўзимни. У одам ёқтирмаганимни сездими, бошқа гапирмади. Анча юрганимиздан кейин автобус тўхтаган эди, ҳалиги одам ўрнидан турди, мени ҳам турғизди, қани, шу ерда тушамиз, деди. Ётоққа етиб келибмиз-да, деб унга эргашиб тушдим. Қарасам, қатор ҳовлилар, одамларнинг уйлари, маҳалла, ётоқ бор жойга ўхшамайди. Юринг, юринг, деб қистади бу одам, ҳали борамиз шу ётоқхонага. Чор-ночор эргашдим. Анча юриб, бир уйнинг дарвозаси олдида тўхтадик… Йўқ, тўхтамадик, бу одам дарвозани очди. Қани, ичкарига, деди. Мен нима қиламан бу ерда деб тайсалладим. Ука, бир пасгинага, деб туриб олди бу одам. Оббо, бу ёғи қандоқ бўлди энди деб ноилож кирдим. Кейин, унча ёмон одамга ўхшамайди, қўлидан ёмонлик қилиш келмайди, лекин, барибир, мен бегонани нимага уйига бошлаб келди, ғалати.
Ҳовлиси каттагина, бир чеккадаги бостирма тагида “Волга” – ГАЗ-21 турибди, янги ҳам, эски ҳам эмас, у пайтлари бунақа машина бир-да ярим отлиқда бор эди, холос, лекин ҳовли файзликкина бўлса-да, бойвачча турадиган жойга сира ўхшамади – бойлик нуқси урмаган. Машинасини биров қўйиб турибди, шекилли.
Лекин қанақа бўлмасин, ўзимнинг нимага кераклигимни англамаяпман. Одамнинг калласига тайинли бир фикр келмаса, хаёли минг кўчага кириб чиқаверар экан. Ҳалиги доно ақл иш бермай қолди.
Хай-э, нима бўлса бўлди деб, остона ҳатладим, яна йигит бошинг омон бўлса… деб кўрпачага чўкдим. Бу одамнинг аёли келди, сўрашди, дастурхон ёзди. Сал кўнглим тинчиди – эру хотиннинг муомаласи нимадир хотиржамлик берди. Лекин каллам тайинсиз ўйдан бўшагани йўқ, аксинча, кўзига жуда катта одам бўлиб кўриндиммикан, бирон масалада қўллаб юборишни сўрармикан ё газетага иши тушиб, мухбир жўрамга айттирмоқчими, бегона бир одамни қуруқдан қуруққа уйига олиб кириб, дастурхон ёзиб… қилган тахминларимнинг биттаси ҳам тўғри келмайди, ҳатто кулгили, ойлиги етмиш сўм, қўлида китобидан бошқа ҳеч вақоси йўқдан қанақа катта одам чиқади, бирон нарсага арзийдими ўзи… Ука, ўйланманг, ҳаммасини қиламиз, ётоқ пединститутнинг ёнида, борамиз ҳам, дўстингизни топамиз ҳам, лекин олдин бир пиёла чой ичиб олайлик, ҳў хотин, атаганингни опке, ишимиз зарил, деди. Ана, энди баттар таажжубландим, нимага борамиз, нимага ишимиз, бу одам менга қўшилиб олмоқчими? Жуда ғалати бўляпти-ку!
Хай, аёлининг атагани муздеккина увра экан, иссиқ кунда, айни муддао, бир косадан уриб олдик. Энди, майли, турамиз, деди ака, худди икковимизнинг ҳам ишимиз битта бўлгандек. Ҳа, айтганча, аввал танишиб олайлик, менинг отим Марлен, йўқ, бошқа миллатдан эмас, ўзбекман, шу, отамиз анув қама-қама йиллари кўп азоб тортиб (шу ҳозир аниқ эсимда қолмабди, бобоси қамалиб йўқ бўлиб кетганми, отасими, ишқилиб, репрессияни бошидан ўтказган), ҳукуматга яхши кўринмасам бўлмайди деб, отимни Маркс билан Лениннинг қисқартмаси қилиб Марлен қўйган, сизнинг отингиз нима, деб сўради. Мен ҳам отимни айтдим. Ука, мен ўқитувчиман, деди Марлен ака, сўрамасам ҳам. Бўлмаса, ука, ҳозир ётоққа бориб жўрангизни топиб келамиз, деди. Мен ичимда, э-э, худога шукур-ей, бу бетайинликдан қутулар эканман-ку, лекин нимага жўрамни топиб бу ерга қайтиб келамиз, деган савол ўтди, хай, йўлига айтди-да деб, индамадим. Марлен акага эргашиб дарвозага юрдим. Шу ерда хайрлашсак керак, деб умид қилиб, қаёққа қараб юраман энди, десам, Марлен ака аввал дарвозани очайлик, деди, худди бунда ҳам бир ҳикмат бордек. Дарвозани очдик, Марлен ака, бир дақиқа, деди-да, ҳалиги “Волга”ни ҳайдаб чиқди. Чўзилиб мен томондаги эшигини очди-да, ўтиринг, деди. Э-ҳа, бу акамиз киракаш экан-у, зўр мижоз деб ўйлаб, қўлдан чиқаргиси келмаган, деб бир кўнглим ойдин бўлди-ю, чўнтакда бор-йўғи ўн етти сўм билан қанақа ҳам мижоз бўламан деб, кайфият тушиб кетди. Ўша вақти хаёлан такрор-такрор ҳисоблайверганимдан шу ўн етти сўм ҳалигача эсимда.
У вақтлари хусусий машина жуда ҳам тансиқ. Борда шалдираган “Москвич”, “Жигули”нинг ҳали оти ҳам чиқмаган, “Волга” ГАЗ-24”ни энди-энди нуфузли корхоналар оляпти, шахсийга буткул йўқ. Бирда-ярим одамда “ГАЗ-21” учраб қолади. Лекин Марлен ака – оддий ўқитувчида бўлиши мўъжиза, албатта, кечаю кундуз тинмай кира қилиб, пул топиб олган деган сал жўяли, лекин тамом саёз ўй калламда ўрнашиб қолди.
Ётоққа обориб қўйса, қанча сўрар экан? Уч сўмдир, Жиззах кичкина шаҳар-ку, хай, уврани ҳам қўшсак, устига икки сўм қўшиб берсам бўлади, шу билан қутуламан деган хаёлда боряпман машинада.
Ётоқхонага келдик. Тушдим, Марлен ака ҳам тушди, чўнтакни пайпаслаб, беш сўмликни тайёрлаб келаётган эдим, лекин қўлимни чиқараман десам, Марлен ака парвоига ҳам олмай, мени ичкарига бошлади. Яна ҳайрон бўлдим, пулни-ку ҳали айтар, лекин ўзига нима бор ётоқхонада? Ўртоқ меники бўлса, бу одам танимаса? Қани, жўрангизни топайлик-чи, уни ҳам олиб кетамиз, дейди! Яна уйига борар эмишмиз! Э-э астағфирулло, пул бериб ҳам қутулмайман, шекилли! Тавба, уйига олиб борди, угра ичкизди, олиб келиб қўйди, катта раҳмат, энди хизматининг ҳақини олиб кетавермайдими!
Йўқ, кетай демайди! Олдинга тушиб олди, хонама-хона бош суқиб, жўрам ётадиган жойни ҳам ўзи топди. Унга думдек илашиб юравердим. Кирсак, жўравойнинг ўзи йўқ, унинг ўрнида бир қоп-қора турсичан тўнғиз ётибди, йўқ, у келадими, келмайдими, мен қайдан биламан, деди-да, тескари ўгирилди. Шунақа одамлар ҳам бўлар экан-эй. Мен жўрамнинг келишини кутиб қолмоқчи эдим, Марлен ака енгимдан тортиб, ташқарига судради. Айтганча, ҳисоб-китоб қилиш керак-ку, қайтиб кираман, деб эргашиб чиқдим. Ука, кўрдингизми, а бу одам эмас-ку, шунинг олдига ташлаб кетаманми сизни, дейди. Э-э тавба, мени тамом ўзиники қилиб олдими! Яна кетдик бизникига, кейин қайтиб келиб топамиз жўрангизни ё бошқа борадиган жойингиз йўқ-ку, эмиш. Эсимга тушиб қолди, бор, Али ака деган одам билан бирга ўқиганмиз, Ҳамид Олимжон колхозида туради, уйини билмайман, лекин топиб бораман ўзим, дедим. Шунақа демайсизми, топамиз, ўтиринг, деди Марлен ака чеҳраси очилиб. Оббо, йўқ дейишнинг сира иложи йўқ, хай, таваккал худога, начора, машинасига ўтирмаганга қўймаяпти.
“Волга” йўлга тушди. Яна кира пулини ҳисоблашга тушдим. Ҳамид Олимжон колхозига борамиз, Али аканинг уйини топамиз, бу одам мулойим-хунук, мени Али акамга топширади-да, энди, ука, “Волга”да ялло қилиб кезишнинг ўзи бўлмайди, бир ҳисоб-китоб қилиб қўяйлик, дейди. Бу ёғи чатоқ, Тошкентга қайтишга тўрт сўм қолармикан, Ҳамид Олимжони неча километр бўлса… Жа ноинсофлик қилиб катта сўраса, бирга ўқиганимизда мендан уч-тўрт ёш катта бўлса ҳам орамиз яқин эди, Али акадан сўраб турарман. У пайтлари таксида юриш қандайлиги эсингиздан чиқиб кетган-да. Шахсий “Волга”да юришни чидаганнинг ҳам зўрига чиқарган эди.
Йўл бўйи хаёлим пулда бўлди, “Волга” ғилдираги айлангани сайин чўнтакнинг йўқ баракаси ҳам учиб кетяпти. Тўхтатиб тушиб қолишнинг, албатта, иложи йўқ. Марлен акамнинг авзои тушганимга қўймайди.
Анчалар юрдик, неча кўчаларни айланиб, Али аканинг уйини топдик. Али ака уйида экан, чиқиб ҳайрон бўлди, кейин аянчли илжайиб ичкарига манзират қилди. Яна ҳалиги ҳисоб-китоблар хаёлида Марлен ака билан хўшлашай десам, у ҳам мен билан кирди. Энди ўзим ҳам бесаранжом бўлиб қолдим. Уй ичи вағ-вуғ, болалар йиғиси келяпти, ошхонадан қуюқ тутун чиқяпти, Али ака ўтириб туринглар, овқатим тагига оляпти, деб ошхонага чопди. Аёли кўринмади. Ташвиш устига ташвиш бўлиб келдим шекилли, устига устак, манави одам ҳам эшимчага қўшимча бўлиб олди, кетай демайди. Яна ўтириб олиб, у ёқ-бу ёққа аланглаб бошини чайқайди, менга кетамиз, деб имо қилади. Али ака қайтиб кирди. Аҳмаджон, хуш келибсиз, бир отамлашар эканмиз-да, лекин мен манов икки болани тинчитиб, хотинга бир пиёла ёвғон ташлаб келишим керак, уч кундан бери у банницада, биз – бола боғча, хай, ҳеч бўлмаса, битта чой дамлай, деб Марлен аканинг биз турамиз, овора бўлманг, деганига қарамай чиқиб кетди; болалари шамоллаганми, ё қорни очган, тинмай йиғлайди. Ука, турдик, бу ерда қололмайсиз, кўряпсиз-ку курсдошингизнинг аҳволини: болаларига қарасинми, хотинигами ёки сизгами, кетдик, деди Марлен ака. Ноилож, бу одамни ёмон кўриб қоляпман-у, лекин, барибир, Али аканикида қололмайман…
Қандай кирган бўлсак, шундай чиқдик. “Волга” юргандан кейин Марлен ака, энди бўлди, бугун бизникида меҳмон бўласиз, деди. Ҳа, бўлди, тамом! Бунга пул эмас, ўзим керакман, шекилли.
Ярим кундан бери бу одам овора, машинаси овора, менинг эсам каллам овора, чўнтагимни ўйлаб. Бу одамдан қандай қутулсам энди, нима истайди мендан?! Мақсади нима ўзи? Яна уйга олиб кетаман, дейди!
Жуда бўғилдим, лекин менга хўжайинмисиз, пулимнинг бори шу ўн етти сўм, шуни олинг-да, мени тинч қўйинг, деб бақириб беролмайман-ку.
Ялиндим охири: жон ака, яна шу ётоқхонага борайлик, жўрам келиб қолган бўлиши мумкин, келмаса, унинг жойида тунайман. Йўқ, қанақа қилиб унинг ўрнида ётасиз, ёнидаги одамни кўрдингиз-ку, дейди.
Ётоққа борсак, буни қарангки, отини ҳам айтай, Сулаймон жўрам келган экан, қучоқ очиб кутиб олди. Бўлди-ей, худога шукур, энди Марлен ака юз сўм сўраса ҳам қўрқмайман. Сулаймон ўзида бўлмаса, ер тагидан топиб беради.
Сулаймон уни танимаса ҳам бир пиёла чой ичиб кетасиз, деди. Марлен ака ҳам йўқ демай ўтириб олди. Чой дамланди. Бигизнинг устида ўтиргандек ўтирибман. Сулаймонни қандай қилиб четга тортиб, пул сўрасам? Кира ҳақи ҳам манов ерда элликларга борди-ёв.
Ундан-бундан гаплашган бўлдик. Марлен ака, сезяпман, Сулаймонга разм соляпти. Ҳа, айтганча, ҳалиги совуқ қаёққадир чиқиб кетган экан. Марлен ака чойни ичиб пиёлани тўнтарди-да, энди, укалар, икковларинг ҳам туринглар, бизнинг уйдан бир пиёла чой ичасизлар, деди. Сулаймон нима дейишини билмай менга қаради. Мен, ўламан саттор, бормаймиз, деб туриб олдим. Хўп тортишдик, Марлен ака юринглар, дейди, мен йўқ дейман, Сулаймон ҳайрон, ким бу одам деб мендан сўраши ноқулай. Ниҳоят, Марлен ака, – ниҳоят-эй! – “Аҳмаджон ука, мана, жўрангизни кўрдим, кўнглим жойига тушди, чин жўра экан, мен энди бемалол, кўнгилхотиржам сизни қўйиб кетсам бўлади. Бизга жавоб. Қани, омин!” деб фотиҳага қўл очди.
Елкамдан тоғ ағдарилди-я! Эшикка чиқаётиб Сулаймонга “Бор пулингизни олиб олинг!” деб шивирладим. Сулаймон бошини ирғади: бор пули чўнтагида, шекилли.
“Волга”га боргунча Марлен ака кўзимга яхши кўриниб қолди, шунча қилган хизматига минг сўм сўраса, албатта, ёнимда шу пул бўлса, қўш қўллаб тутқазар эдим. Беҳазил.
Биласизми, ҳозиргача ўзим ҳам тушунмайман, Марлен ака пул сўрамади, сўрашга яқин ҳам келтирмади, “Э-э, укалар, йўқ деяпсизлар-да, бир чақчақлашиб ўтирар эдик. Ҳали ҳам бўлса…”, деб ялинди. Пул тутсам, бу одамни ерга урган бўламан, деган фикр келди ниҳоят калламга.
Ана шунақа, бормадингиз – худо хоҳласа, яна кўришармиз, деб жуда очиқкўнгилда хайрлашдик.
– Ким бу одам? – деди Сулаймон Марлен ака кетиши билан.
– Билмайман, бугун танишдик, – дедим.
– Қанчага гаплашган эдингиз? Олдин бериб қўйганингиз етдими? – деб
– Сулаймон яна суриштирди, пул олиб олинг, деган эдим-ку.
– Ҳеч қанчага, – дедим. – Автобусда ёнма-ён ўтириб келдик, гаплашмадик, тушганимиздан кейин қаёққа борасиз, деб сўради, сизни айтдим, уйига олиб борди, увра ичирди, сизни излаб келдик, йўқ экансиз, хонангизда битта тўнғиз ётган экан, мени қолдиришга кўзи қиймай, Ҳамид Олимжон колхозига олиб борди, Али ака ўзи билан ўзи овора экан, яна уйига олиб кетмоқчи эди, мен кўнмадим, бу ёққа келдик, келсак, худога шукур, бор экансиз. Кун бўйи юрдик, – дедим.
Сулаймон жуда таажжубланди:
– Қуруқдан қуруққами? Йўқ, ишонмайман!
– Ўзим ҳам ишонмайман, – дедим.
Ростдан, ҳалигача ҳам ишонмайман. Фисабилло беғараз яхшилик қилишга ўрганмаган одам, қандай ҳам ишонай!
Майли, сиз ҳам ишонманг, ўхшатиб айтолмагандирман, лекин бир оғиз ҳам ёлғони йўқ – шундай бўлган, нимага бу одам шундай қилди деб ўзим ҳам қирқ йилдан бери ўйлайман.
Айтганча, ректор билан ишимиз битмади, тушунасиз-ку, укам Тошкентга келиб институтга кириб кетди, қизиғ-а, Самарқанду Жиззахга рўйхатга киролмаган битирувчи ўқувчи Ленин стипендияси олиб ўқиди, кейин фан номзоди бўлди. Тақдир тақозоси билан мен Жиззахдан уйландим, бир куни қайноғамнинг машинасида Марлен акани роса изладик, уйини тусмол қилиб топа олмадим. Кўп йиллар кейин бир одам Марлен ака уларга дарс берганини айтди, лекин у ҳам уйини билмас экан.
Бор гап шу.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 2-сон.