Қиш яқинлашиб қолди. Алибекнинг қулоғини совуқ уриб кетса, кейин қизлар қарамай қўйиши мумкин. Эртага Оқтепада бозор. Битта яхшироқ телпак олиш керак. Яна Тоштемирга илтимос қилишга тўғри келди. Эрталаб икковлон унинг “Ява”сига мингашиб, Оқтепага боришди. Излаб-излаб кўнгилдагисини топишолмади. Эрта-индин Самарқандга бориб, катта бозорни кўришга келишиб, ошхонага ўтишди. Кабоб буюришди.
– Яримтаси-чи? – талаб қилди Тоштемир.
– Эрталабданми?
– Туш бўляптику.
– Э қўй, кейин телпакка пул етмай қолади.
– Сенда пул йўқми? Нурали акани алдаб, бригаданинг ярмини еб ётибсан-ку!
– Бўлмайди-да, сен рулдасан.
– Сен ҳеч менинг ичмай ҳайдаганимни кўрганмисан?
Хуллас, Алибек ароқ ҳам олишга мажбур бўлди. Мажбур бирга ичди. Тоштемир “Ява”сига ҳар кун ҳар хил қизларни мингаштириб юради. Шунисига қизиқиб, Алибек ҳам мотоцикл олмоқчи бўлганда отаси рўйхуш бермади. Атайлаб! Маза-да! Рулда мағрур ўтирасан. Орқангдаги қиз белингдан маҳкам қучоқлайди. Алибек мотоциклни жуда тез ҳайдаб, рулни қаттиқ-қаттиқ бурса, қиз қўрқиб уни маҳкам қучоқласа… Энди… бунинг гаштига нима етсин!
Икковидан сал наридаги стол атрофида икки қиз овқатланиб ўтиришар, ўзларича алланималарни гаплашиб кулишар, ҳар замонда улар томонга ҳам назар ташлаб қўйишар эди. Алибек билан Тоштемир аввал уларга эътибор беришмади. Кейин… қизларнинг столида оғзи очиқ “Портвейн” шишаси турарди
– Қизлар революция қиляпти, – деди Алибек.
– Қизларнинг уйда ичганини кўрганман, тўйда ичганини кўрганман, аммо… Тоштемир гапини тугатмади. – Барлосга бориб айтсанг ҳеч ким ишонмайди. “Маст бўлиб йўлда юмалаб ҳам ётибди дерсан ҳали”, деб роса устимиздан кулишар.
– Балки шаҳарлик қизлардир, – тусмоллади Алибек.
– Қўйсанг-чи. Шаҳарлик қиз бунақа бўлмайди. – Ҳар қалай шаҳар борасида Тоштемир Алибекка нисбатан тажрибалироқ эди.
Пиёлаларини тўлдириб, қизларга қараб туришганди, улар бир қараб қўйишди. Шу ондаёқ икки йигит баравар уларга кўз сузиб: “Сизлар учун!”, деб ичиб юборишди. Қизлардан бири ошкора кулиб юборди, иккинчиси четга ўгирилди. Бу орада қизлар ўринларидан туриб, бекат тарафга жўнашди. Йигитлар ҳардамхаёл бўлиб, уларнинг ортидан тушишди. Имкони бўлса, “илдириш” керак. Шунақаларга ўхшашади. Бир қарорга келиб улгуришмай, қизлар бир “Жигули”га ўтирганча жўнаб қолишди. Шофёрнинг ёнида ҳам биттагина йигит бор эди.
Тамом! Икковини иккови илиб кетди.
– Қаёққа кетишини кузатиб тур, – буюрди Тоштемир Алибекка, “Ява”сига югураркан. – Қувамиз, қўлдан чиқармаслик керак.
Мотоциклни катта тезликда ҳайдаб, “Жигули”ни қувиб ўтишди. Қизлар уларни танишди. Кулча юзлиси яна илжайди. Алибекнинг юраги ҳаприқди. Мана омад! Қишлоқдан чет жой… Зулфия эса… билиб ўтирибдими? Зўр қизча экан! Дўмбоққина!
Тоштемир атайлаб, “Жигули”ни ўткизиб юборди. Дўмбоққинаси орқага ҳам ўгирилиб қаради. “Ҳа-а, акагинанг айлансин!”, деб Тоштемир қичқириб юборди. Алибек уни туртди: “Буниси меники, сен бунга кўз олайтирма”. Тоштемир яна “Жигули”ни қувиб ўтди. Э, жуда зўр бўлди-да. Худди кинолардагидай. Қувиб ўтишади, орқада қолишади, ёнма-ён боришади. Қизлар эса ҳайратланиб уларни кузатишяпти. Бир қишлоққа кираётиб, анча олдинга ўтиб кетиб қолишган экан, орқада “Жигули” тўхтаб, қизлар тушаётганини пайқаб қолишди. Мотоциклни секинлатиб, буриб қайтиб келишса, қизлар ўша ердаги дўконни очишяпти. Демак, дўкончи қизлар! Тоштемир то “Ява”сини жойлаганча, Алибек тезлик билан қизларнинг ортидан дўконга кирди-да, катта қиз билан қўл бериб кўришди, кейин кулча юзлининг қўлини ушлаб олганча:
– Сизга битта гап айтмоқчиман. Имкони бўлса, мени бир дақиқа тингласангиз. Шу бир оғиз гапимни айтишим учун атайлаб орқаларингиздан келдик, – деди. Нима демоқчи, қанақа гапи бор, буни ҳали Алибекнинг ўзи ҳам билмасди.. Қизлар ҳайрон, кулча юзли ҳатто қўлини тортиб олишни ҳам унутганди.
– Вой, сиз нима деяпсиз, менинг йигитим бор!
Алибек кулиб юборай-юборай деб ўзини зўрға тутиб қолди…
– Қизлар, шу болага битта телпак топиб беринглар, – деди отилиб кирган Тоштемир. – Бечоранинг қулоғини совуқ уриб кетмасин. Кейин қизлар қарамай қўйиши мумкин.
Алибек қувониб кетди. – Баҳона топилди!
– Ийе! Ҳали топмадиларингизми? Бозорни остин-устун қилиб юрувдиларингиз-ку телпак деб, – сўради катта қиз.
– Сизлар бизга телпак кераклигини қайдан билдиларинг?
– Биздан ҳам сўрагандиларингиз-да. Сиз қизиқчилик қилиб юрувдингиз-ку, – дея катта қиз Тоштемирга ўгирилди.
– Сиз нима дегандингиз?
– Йўқ, девдим.
– Сотиб қўйдик, дўконга борсангиз топиб беришимиз мумкин, демаганмидингиз? – ўсмоқчилади Тоштемир.
– Йў-ўқ, ундай демадик, -деди катта қиз.
– Сиз айтмаганмидингиз, – дея Алибек кулча юзлига мурожаат қилди.
Қизча кўзларини катта-катта очганча ҳайрон бўлиб елка қисди.
– Бари бир сизларда бўлиши керак, илтимос, битта телпак топиб берингизлар менга, – дея Алибек илтимос қилган бўлди.
Дўконда борлари Алибекка ёқмади. Дўконнинг ички хонасида ҳам бор эди, деб қизлар излашга тушишганда Алибек пул чиқариш учун кўкрак чўнтагига қўл солди. Қараса, кўкраги баланд. Қувониб кетди. Боя Тоштемир хархаша қилганда у ҳар эҳтимолга қарши икки шиша ароқ олган, бирини кўкрак чўнтагига яширганди. Ароқнинг кайфи ҳали тарқамаган, юрак ботир, шартта ароқни чиқариб, дўкон тахтаси устига қўйди.
– Боя сизлар учун олгандим. Энди мен оладиган телпакни бирга ювамиз.
– Ким айтди сизга, бизларни ичади деб. – сўради катта қиз, “Тоштемирники”. Жилмайиб. Афтидан унинг бу ғаройиб болалар билан валақлашгиси бор эди.
– Кўрдик ичмаслигингизни, -деди – деди Тоштемир. – Ошхонада ўтирганларингизда-чи! Олдиларингда битта “Портвейн” турганди.
– Ийе! Унда вино эмас, сирка бор эди, -дея қиз кулиб юборди.
– Ростданми?
– Бўлмасам-чи! Кабоб ейдиганлар учун қўйиб қўйилган.
“Ахмоққина қизлар экан. Вой қишлоқилар-эй!”
– Йўқ экан, қолмапти, -дея ички хонадан Алибекнинг “кулча юзлиги” чиқиб келди.
– Атайлаб келдик, шунақа эмас-да энди ахир! – дея Тоштемир ўпкаланган бўлди. “Ўзиникига” эланди: – Илтимос! Битта телпак!
– Эртага хўжайиним райПОга боради. Айтиб юбораман. Икки-уч кундан кейин бир хабар олингизлар.
– Хўжайинингиз ҳам дўкончими? – Тоштемирнинг юраги орқасига тортиб кетди.
– Ҳа, у киши мудир. Ҳозир бизни қолдириб кетди-ку. Ҳали замон қайтиб келиб қолса керак.
– “Жигули”дагими?
– Ҳа, ўша! – “Тоштемирники” жилмайди. – Ёнидаги йигитга мана бу синглимни унаштирганмиз, – дея “Алибекникини” кўрсатди. – Улар сотилмай қолган молларни машинага юклаётганда биз ошхонага киргандик.
– Ҳа бўпти, унда синглингизнинг бахти учун ичамиз. Иккита пиёла келтиринг, – дея Алибек ароқнинг оғзини очди.
Шу пайт кўчада ғийқиллаб бояги “Жигули” тўхтади. Ичидан тўрт йигит тушди.
Кейин… кейин… бўлар иш бўлди, бўёғи синди. Кейинги гапларни эслашга асло ҳожат йўқ. Барлосдаги гап-сўзларга қараганда Тоштемир билан Алибек ичиб олиб, рулда юргану, қаердадир авария қилган. Юз-кўзлари, баданларидаги жароҳатлар шундан. Барлосда бу ҳақда бошқача гап чиққани йўқ. Демак, шундай бўлгани рост.
Тағин,.. ким билади дейсиз.