I
…Бизга унинг ўзидан аввал довруғи етиб келди.
Ваҳоланки, елкасига ортилаётган юк вазни кундан-кунга ошаётгандай тобора қадди букчайиб бораётган, кўзлари аланг-жаланг қила бошлаган, ҳаттоки котибасига буйруқ берганида ҳам овозидаги ваҳм аралаш титроқни яшира олмай қолган шўрлик раҳбаримиз ҳали ўз курсисида эди. Аммо, барибир, омонат барибир омонат экан-да; балки шу боис, амалдаги хўжайинимиз тилга олинганида нечукдир элбурутдан унинг мақоми ёнига анчайин ошкор ва ҳаттоки таҳқиромуз тарзда “собиқ” унвони ҳам қўшиб айтилаётганди. Аламзадароқ ҳамкасбларимиз эса неча йиллардан бери кўнгилларининг туб-тубидаги зулмат бағрида асраб юрган интиқом, қасд туйғуларига ахийри озодлик беришган ва алалхусус бутун вужудларини, етмиш икки томирларини эгаллаган зардобдан сархуш ҳолда, кўзлари ўт бўлиб ёнганларича, айримлари ирғишлаб, айримлари намойишкорона саллона-саллона қадам ташлаганларича хонадан хонага ўтиб юришаркан, атай беписанд оҳангда, кўпчилик, айниқса собиқ раҳбарнинг тарафкашлари эшитадиган даражада писанда қилишардики: “В.б. бўлиб келган эди, в.б. бўлиб кетди-я…”
Аммо бу қавмнинг мазкур иддаоси ҳали ҳолваси экан. Йиқилганни ўхшатиб тепиб ўтишни хуш кўрадиган яна бир Безбет Аламзадамиз неча тунлар ухламай, раҳбардан боплаб ўч олиш йўлини ўйлай-ўйлай, алоҳа бу борада “Эврика!” дея қичқириб юборадиган даражада кашфиёт яратганини учраган касга оғзидан кўпик сачратиб ҳикоя қиларкан, дарҳол янгилигини намойиш қилиб қўйишни ҳам унутмасди: “Анов аблаҳ “и.о.” бўлиб келганди, “ио-ио” бўлиб кетди! Ио-ио!.. Ваҳ-ҳаҳ-ҳа!”. Рости, ҳанграётган Безбет Аламзаданинг тер босган пешонасими, косаларидан отилиб чиқиб кетгудай катталашган, қабариқ ойнаклар ортида янада ваҳимали кўринаётган кўзларими, дўрдоқ лабларими, ишқилиб, нимасидир ҳақиқатан ҳам ўша шалпангқулоқ махлуқни эслатарди-ю, кўнгилга ғубор олиб кираётган бу томоша тезроқ тугашини истаб қоларди киши.
Дарҳақиқат, амал курсисидаги сўнгги омонат кунларини ўтказаётган бечора раҳбаримиз бундан нақ тўрт йил бурун бизга “вазифасини бажарувчи” сифатида келган, кейин эса унинг “в.б.” эканлиги юқорида ўтирганларнинг ёдларидан чиқиб кетдими ёинки – айрим гап-сўзларга қараганда – шахсан каттанинг ўзига кириб, бу ҳақда гапиришга журъати етадиган жўмард бошлиқ топилмадими, ишқилиб, шўрлик ҳалигача “раҳбар” деган мақоми ёнига тиркаладиган “в.б.” қўшимчасини баайни ортиқча думдек судраб юргани-юрган эди. Тўғри, у киши бизга етакчилик қила бошлаган илк кундан жамоа ҳеч қандай қарор-парор ёинки оғзаки келишувларсиз, якдил равишда бу қўшимчани унутди, яъни барча расмий мурожаатлару раҳбар жимжимадор имзоси ва муҳри билан тасдиқлаб бериши лозим бўлган ойлик, чораклик, ярим йиллик, йиллик режалар ҳамда ҳисоботларнинг биринчи саҳифасининг ўнг томони юқорисида бошлиқнинг унвони ёзилган маҳал “в.б.” ўз-ўзидан тушириб қолдириладиган бўлди. Бечора раҳбаримизга шу ҳам ёқарди шекилли. Кўнгил-да. Жамоада эса фақат хўжайинга нима хуш келишини аниқлаш билангина шуғулланадиган ва бу оғир вазифани шараф билан уддалай оладиган тор доирадаги мутахассисларимиз етарли эди. Биз-ку, буни эпладик, аммо “юқори” ҳеч нарсани унутмас экан. “Тепа”дан келган хат, кўрсатма, билдирги, йўриқнома, баённома борки, бари-бариси “в.б. Фалончи Пистончиев”га йўлланарди. Ҳай, тишни тишга маҳкам босганча буларга ҳам чидаса бўлар, ҳар қалай, бехато ишлайдиган машинага ўхшаш “юқори” ўз номи билан “юқори”-да: улар ҳаммасини билишади, ҳаммасини кўришади, ҳаммасини ҳисобга олишади. Бироқ байрамларга келган заррин қоғозлардаги рангин қутловларда ҳам катта-катта ҳарфларда “в.б.” ёхуд тўлақонли “вазифасини бажаруви”, янада ёмони – “вақтинчалик вазифасини бажарувчи” деб кўрсатилганига кўзи тушган маҳал садоқатли Муовин бечоранинг – ҳа, у ҳам бечоралардан эди ва бунга воқеамиз баёни давомида ўзингиз шоҳид бўласиз – тепа сочи тикка бўларди. “Э Худо! – дея нола қиларди у қўлларини мушт қилиб кўкрагига тираганча кўкка тикиларкан. Сўнг столи устида очиқ турган табрикка мушт ўқталарди: – Шуни узундан-узоқ қилиб ёзиш ўтириш шартмиди ахир? Хўп, ёзибсан, ҳеч бўлмаса “в.б” деб қўяқолсанг бўларди-ку қўлинг акашак бўлгур!” Ўйлайманки, ўша “қўлинг акашак бўлгур”лар ҳар байрамда ўз ижод намуналари билан бечора Муовинни қанчалик заҳмат чекишга, қон ютиб ишлашга мажбур этаётганликларини билганларида эди, аллақачон ўз ихтиёрлари билан табрикнома юбориладиганлар рўйхатидан бизнинг ишхонамизни ўчириб ташлашган ё бўлмаса ўша ортиқча “в.б.” ёинки “вазифасини бажарувчи”лардан бир йўла воз кечиб қўяқолишган бўлишарди. Илло, қутлов юборувчи улар, аммо бечора Муовин билан жафокаш Котиба терлаб-пишиб наинки компьютер матнларидаги, ҳаттоки конверт устидаги ўша ортиқча “в.б.”ларни олиб ташлаш учун қанчалик машаққат чекишларини биз яхши биламиз-ку ахир. Зеро, бу асабга ўйнайдиган қўшимчаларни бечора Муовин шивирлабгина, лекин эҳтиром билан “штрих” деб атайдиган оқ бўёқда сезилмайдиган даражада ўчиришнинг ёинки, бунинг иложи бўлмаган тақдирда, бира тўла янгисига алмаштириб қўя қолишнинг (рангли принтерни ўйлаб топганнинг отасига раҳмат!) ўзи бўладими?! Бу ишни шундай усталик ва маҳорат билан амалга ошириш керакки, токи Раҳбар бирон нимани сезиб қолмасин; токи қутловга кўз ташлаган раҳбар – ҳа, ҳа, Муовин бу масалада ҳақ: ҳақиқий бошлиқ табрик матнини ўқиб чиқмайди, унга шунчаки кўз ташлаб қўяди, холос: муҳими, кимдан, қайси ташкилотдан келгани; одатдаги чучмал ва жимжимадор, ҳаммага ёд бўлиб кетган сўзлар аслида ҳеч нимани англатмайди, – ўзини тўлақонли Раҳбар ҳис этсин. Бу масалада бошқа ташкилотлар бизнинг хўжайиндан ҳар қанча улги олишса арзирди: наинки ўз навбатида узунгина рўйхат бўйича байрам табрикномалари, ҳаттоки расмий нома ва сўровномалар, ҳисоботлару маълумотномалар йўллаётган маҳал ҳам Раҳбаримиз, шундай мақомга эга эканлигини аниқ бўлса-да, катта-кичик муассаса бошлиқларининг исм-шарифлари ёнига “в.б.”ни мутлақо қўшдирмасди, мутлақо!
Ҳар қалай, бечора Муовин билан жафокаш Котибанинг саъй-ҳаракатлари бесамар кетмади: “в.б.” қўшимчаси бора-бора наинки “юқори”да ўтирганларнинг, ҳатто бизнинг ҳам ёдимиздан тамомила кўтарилиб кетди. Раҳбарми – раҳбар, тамом-вассалом!
Аммо иш ўз номи билан иш-да; фурсат ўта борган сайин каттами-кичикми раҳбар ўз ваколатларига мазахўрак бўла бораркан, бунинг устига, бошлиқ деганлари икки дунёда ҳам жамоадаги ҳамманинг кўнглини ололмайди, ҳаммага бирдай яхши кўринолмайди. Хўжайинни тушуниш керак: бунинг иложи йўқ, ҳатто истаган тақдирида ҳам. Бошлиғини жон-жаҳди билан ҳимоя қилаётган Муовин бир гал жўшиб кетиб айтганидек: “Фақат фоҳиша ҳаммага ёқиши мумкин, шундаям қилган хизмати учун пул сўрамаганида”. Яхшиям бу эътироф эркаклар орасида тилга олинганди, акс ҳолда ингичка қошлари чимирилган (энсаси қотганидан далолат), шусиз ҳам баланд кўкраклари янада баландроққа кўтарилиб тушаётган (росмана ҳаяжонлана бошлагани белгиси; ишонаверинг, бу иккала бир-бирига зиддай туюлган ҳолат бир вақтнинг ўзида битта аёлда жам бўла олади) жафокаш Котиба хотин-қизларнинг гендер ҳуқуқлари (бу атамани у негадир “тендер” деб тилга оларди) поймол этилаётганини рўкач қилган кўйи анча сасиган бўларди ва, одатдагидек, бири тоғдан-бири боғдан келган, айримлари эса умуман мантиқдан холи, “Ўзинг аҳмоқ!” қабилидаги далил-дастаклари асосида охир-оқибат эркакларнинг ўзларини ўша қадимий касб эгаларига чиқарарди-қўярди. Ҳа, жафокаш Котибага гапир-у, қоч, у билан баҳслашган одамнинг ўзи тентак; акс ҳолда ҳам бошинг балога қолади, ҳам моддий жиҳатдан зарар кўрасан: ора-сира байрамлар баҳона туҳфа этилиб туриладиган мукофотлардан маҳрум бўласан. Котиба буни қандай эплайди, тахмин қилиш мумкин, холос, аммо исботлаб бўлмаса-да, мавжуд бу воқеликка ҳаммамиз кўникиб кетганмиз…
Холисанилло айтганда, собиқ раҳбар биздан ўпкаламаса ҳам бўлади. Бунинг ўрнига ими-жимида, сийиғи битганини тушунган ҳолда, хайр-маъзурни насия қилиб бўлса ҳам жўнаб қолгани маъқул. У кеча бор эди, бугун эса йўқ. Йўқ, тамом-вассалом. Энди у кўланка, ҳа, ана, нари борса кабинетида сўнгги соатларини титраб-қақшаб ўтказаётган шарпа, холос. Энди уни ҳеч ким жиддий қабул қилмайди. Ножиддий ҳам қабул қилмайди. Умуман қабул қилмайди! Ахир янги Биринчи келаяпти! Айтишларича, омонат “в.в.б”, ҳаттоки “в.б” ҳам эмас, ҳақиқий Раҳбар, ҳақиқий Биринчи! Яна ким денг! Бундай Биринчининг олдида беш дақиқаси кам собиқ раҳбаримиз ким бўлибди! Муқояса жоиз бўлса, айтайлик, ҳеч замонда чиябўри йўлбарс билан тенглаша олганми? Албатта, йўқ. Думини қисган-у, пусиб-қочган. Сиз ҳам шотирларингизни эргаштиринг-у, вақтида пусиб-қочиб қолинг, исми жисмига мос “в.б” раҳбар! Ана шунда балки биз, кўпайишиб қолган ботирлар ортингиздан мушт дўлайтириб қўйиш билангина кифояланармиз. Акс ҳолда… Акс ҳолда айтамиз десак, бизда ҳам гап кўп, ака, гап кў-ўп… Ҳар қалай, ёдингизга солиб қўя оламиз тиш-тирноғингиз билан ёпишиб олган қандай ғалати усул билан бизга раҳбарлик қилганингизни… Ўзингизнинг ҳам ёдингиздан чиқмагандир, узлуксиз тарзда бизнинг ҳар биримизни битталаб ҳам чақириб, ҳам бақириб турганларингиз, беҳудадан-беҳудага ғазабланганларингиз, кўзимизга тик қараб туриб оғзингиздан тупук аралаш заҳар сочганларингиз… Натижа-чи: иккита инфаркт, битта инсульт. Тўғри, минг шукрлар айтсангиз арзийди, осонгина қутуляпсиз: бахтингизга бирон мардум иш столида кўксини чангаллаганча у ёққа жўнаб қолмади, ана унда бошингиз ғавғодан чиқмай қолган бўларди, аммо барибир қирқ саккиз ой учун “икки плюс бир” кўп, жуда кўп. Инчунун, бизнинг хотирамизда ҳаммаси, биз ҳеч нарсани, ҳеч қачон унутмаймиз; эслаш учун баҳона ё сабаб бўлса бас…
II
Бизда ўзи таомил шунақа: марҳумлар ҳақида ё умуман гапирилмайди, ё фақат яхши гаплардан гапирилади; собиқ раҳбарлар ҳақида эса аксинча – ҳам кўп гапирилади, ҳам роса пўстаги қоқилади. Ёв чекингандан сўнг ботир кўпаяди-да; ғалабанинг эгаси кўп бўлиши хусусида-ку, ваъзхонлик қилиб ўтиришнинг ўзи ортиқча. Нима учун бундай, билмайман. Балки рубъи маскундаги кўз очиб-юмгунчалик қисқагина умрини якунлаб, дорил фанодан дорил бақога рихлат этган, дийдорлашув қиёматга қолган банда руҳи қошидаги ожизона қўрқув аралаш эҳтиромимиз ҳосиласидир бу? Ахир вақти-соати келганда ким тўрва халтасини кўтариб у ёққа жўнаб қолмайди, ким дунёга устун бўлибди? Аммо, ундай десак, нима, собиқ раҳбарларнинг борар жойи бошқами, маҳшар тонги улар ила юзма-юз бўлмаймизми? Ҳар нечук, уям ожиз банда, табиатнинг шафқатсиз қонунларига бўйсунади, шундай экан, ҳар эҳтимолга қарши беҳишт боғларининг тўрида, кавсар суви тўлиб-тошиб оқиб турган ҳузурбахш ариқ бўйида ўзи учун алоҳида далаҳовли қуриб қўймагандир, ҳури ғилмонлар абадул-абад хизматида бўлмас. Улар ҳар не эркалик қилишса шу дунёда қилишади, ҳар не пасткашлик қилишса, шу дунёда қилишади. Дала ҳовли ҳам, ҳури ғилмонлар ҳам, ҳатто қамоқхонадаги алоҳида қулайликларга эга махсус хона ҳам шу дунёда. Ана, Н. вилоятининг собиқ биринчи раҳбарини олинг. Уч йил ичида анави “карам” деганларининг ўзидан бир ғарамини йиғишга улгурган; катта-катта йиғилишларда сен аёл, сен ёш, сен кекса деб ажратиб ўтирмаган, бир йўла ҳамманинг онасининг ишини ҳаллаб қўяверган, аммо бу билан ҳам кифояланмай, жаннатмонанд Чорвоқ бўйидан совға қилинган уч қаватли дача эвазига қўйнига кирган ёшгина қўшиқчи қиз билан айш-ишрат қилишдан чарчамаган; қўл остидаги мутеларча бош эгиб турган ходимларни калтаклаб туришни хуш кўриши боис “пўлат мушт” лақабини олган; ҳатто аёл кишига қўл кўтарган; айтишларича, бир неча одамнинг юрак санчиғидан ўлиб кетишига сабабчи бўлган; копток ўйнаётган маҳали оёғига бехосдан тегиб кетган миршабни шу заҳоти ишдан ҳайдаттирган; яна шоҳидлик беришларича, яхши салом бермаганми ёинки кайфияти йўқроқ пайти дуч келиб қолганми, ишқилиб, шотирларию қўл остидаги раҳбарчалари ила қарамоғидаги ҳудудни кўздан кечириб чиқаётган маҳал “пахтасига яхши қарамаган ярамас” бир шўрлик фермерни гурзидай мушти ила (қўрққанга қўша кўринади, ахир!) бир уришда тиззасига қадар, икки уришда белига қадар ва уч уришда елкасига қадар ерга киритиб юборганмиш валлоҳи аълам, тўғри, айрим ичи қора одамлар биринчи зарбанинг ўзиданоқ гуноҳкор банда белига қадар ерга кириб кетган деб юришди, аммо бунга ишониб бўладими, лоф ҳам эви билан-да, ахир буни марди майдон дейдилар: ҳар бир зарба кучи олдиндан ҳисобга олинган; қўлининг қичиғи қонган, аммо кўнглининг қичиғи қонмаган бу бадкирдор кейинги хўжаликка ўтиб, яна ўшанақа касб эгаларини йиққану, ярмини саратоннинг оташ офтоби тиғида очиқ далада уч соат тик туришга мажбур этган, иккинчи ярмини эса шундоқ шийпон ёнидаги суви айниб кетган сассиқ ҳовузга ташлаган, ўзи бўлса салқинда ўтирган газсиз сувдан ҳўпла-аб; ва яна айтишларича, суви ўртача одамнинг бўғзига қадар келадиган ҳовузга ташланган мардумлар орасида бир паканаси ҳам бор экан, ўша шўрликнинг чўкиб кетишига бир баҳя қолган (шовқин кўтариш, ёрдам сўраш эса мумкин эмас!), ҳалиям касбдошлари тишларини тишларига босганларича сув остидан билдирмасдан уни кўтариб туришни эплашган, шундай бўлса-да, айниган сув ичига киравериб, қанордай шишиб кетган бу банда бора-бора чумчуқ “пир” этса юраги билан қўшилиб ичи ҳам “шир” этадиган ваҳимакашга айланган. Барибир нафси ором олмаган қутурган қўтос ҳар бир катта-кичик муассасаю корхона, хўжалигу бошқарманинг “учлиги”ни – раҳбар, ўринбосар, бош ҳисобчи – тунги соат бирда улкан мажлислар залига йиғиб, навбатдаги ваҳимали машваратини олиб бораётган маҳал одатига кўра минбарда қуруқ гап билан чекланиб қолмаган-да, назарида дала юмушларини вақтида адо этмаган кичикроқ бир банк бошлиғини саҳнага судраб чиқиб, қорнига бир мушт туширишда қулатгану, бир пойининг ўзи минг доллар турадиган яшил тимсоҳ тери туфлисининг тўрт энлик пошнасида унинг жағини эзиб тураверган: бир дақиқа, икки дақида, уч… то саккизга қадар; ҳа, қачонлардир “дала маликаси” маккажўхорига ошуфта Никита Сергеевич деганлари қандайдир анжуманда нутқ ирод этаётгани маҳал шартта бир пой туфлисини ечиб олиб, минбарга тақиллатиб урганини эслашгани-эслашган, ваҳоланки, мана, осон экан-ку йўли, ўша калбош бизнинг қаҳрамонимиздан улги олган ҳолда, пишак дўқи қилиб ўтирмасдан, манфур империализмнинг бирон типик вакилини шартта ёқасидан судраб саҳнага олиб чиқиб, бир йўла жағини эзиб ташламайдими арзон туфлисининг пошнаси билан (пойабзални арзон деганимиз боиси, шоҳидлар минбар айнан тақиллаб кетганини эслаб қолишган, ҳақиқий чармдан эса бундай овоз чиқмайди, бундай тақиллаш ё “тош калиш”га, ёинки нархи йигирма беш рубль атрофида турадиган шўро туфлисига хос ва мос); хуллас, одамларни даҳшатга солган бу одам қиёфасидаги ёвуз аждар, юҳо ўтирганмиш-ку алоҳида камерада, егани олдида, емагани кетида. Машина-машина озиқ-овқат киритилармиш “фалончихон акага, шахсан ўзларига”, деб; машина-машина қиз киритилармиш “фалончихон акага, шахсан ўзларига” деб. Ҳай-ҳай демасангиз кечқурун ўша Чорвоқ бўйидаги серқичиқ қўшиқчи ўйнашининг ёнига кетиб, тонг билан катта ишни адо этган одамдай ғўдайиб кириб келишдан ҳам тоймайди бу муртад. Бир мардум адашиб оддий одамлар ичадиган оддий чой олиб кириб қолган экан, собиқ раҳбар нима қилибди денг? Чойни пачка-мачкаси билан ўша содда мардумнинг башарасига отибди. Ва иззат-нафси беҳад топталган, камситилган банда сифатида гулдураб садо берибдики: “Бунақа чойни мен уйимдаги хизматкоримга ҳам раво кўрмайман, паст!” Ҳа, бунақалар отдан тушса ҳам эгардан тушишмайди, маҳкам ўрнашиб олишган, доғули сайёддай пистирмада кутиб туришади: бирон салқи биями, байталми келиб қолса бас, шартта эгарни босиб, айилни тортишадию, қамчисидан қон томган ҳолда “болта тушгунча кунда дам олибди” қабилида от суришади. Дам шу дамдир, у ёғига худо пошшо…
Биз бундай бошқарув усулининг айрим унсурларини собиқ раҳбаримизда кўрдик. Очиғи, энди шундай туюлаяпти. Балки шу пайтгача собиқ раҳбаримизнинг таъсирида, гипнози остида бўлганимиз учун буни сезмагандирмиз. Аммо, мана, шукрки, энди кўзимиз очиляпти. Илло, “собиқ” деган воқелик баайни нигоҳингиздаги рангли пардани олиб ташларкан, атроф-борлиққа, кечаги ва бугунги кунга, кечган ҳодисотларга, энг асосийси эса – собиқ раҳбар шахсига бошқачароқ, дейлик, танқидга монандроқ, оқ-қора нуқтаи назардан қарай бошларкансиз, айниқса, энди унинг қайта ўнгланмаслигига, “номенклатура” аталмиш сирли-синоатли рўйхатдан тамомила тушиб қолишига ишончимиз комил бўлиб турган онларда. Энди, холисанилло айтганда, инсоф ҳам керак-да, нима, кабинетидан оёқларини олдинга қилиб кўтариб чиқишмаса ҳисоб эмасми? Бундай берсин-да навбатни ёшларга ўз инон-ихтиёри билан. Юмшоқ курсисига зулукдай ёпишиб олиш билан нимага ҳам эришарди? Умрида бир марта бўлса ҳам итоатидаги ходимлар олдига дастурхон ёйсин (йўқ, йўқ, тўй баҳона тўёна йиғиш, маърака баҳона “моддий ёрдам” супуриб олиш эмас бу), чақчақлашиб ўтирсин ва базм сўнггида тантанали равишда эълон қилсинки: “Мана, азизлар, мен шунча йил ўзимни аямай итдай, таъбир жоиз бўлса, галареядаги тинмай эшкак эшувчи қулдай ишладим, ўлардай чарчадим, энди раҳбарлик жиловини бир муносиб одамга топширсам…” Албатта, буни шунчаки навбатдаги маккорона синаб кўриш, тузоқ, имтиҳон деб ўйлаган ходимлар жовиллаб унга ёпишишади: “Азиз Палончи Пистончиевич! Бу нима деганингиз? Сизсиз биз нима қиламиз? Сиз бўлмасангиз иш буткул тўхтаб қолиши-ку аниқ, бундан ташқари ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетади, охирзамон бўлади!.. Кетманг бизни ташлаб!.. Етимчаларнинг аҳволига раҳм қилинг!..” Ҳатто ҳаяжону ваҳима зўридан бир-иккита ходим ҳўнграб йиғлаб юбориши ҳам аниқ. Бундоқ одамни эритиб юборадиган хушомадларни эшитган, булоқ бўлиб чиқаётган кўз ёшларини кўрган раҳбар… ишонади-да ўзининг осмонга устун бўлиб турганига.
Ваҳоланки, биринчи бўлиб ўз садоқатини намоён этишга шошганларнинг ўзлари аслида раҳбарнинг биринчи душманлари. Ваҳоланки, кўз ёшларини дарё қилиб оқизаётганларининг ўзлари раҳбарни кўрарга кўзлари, отарга ўқлари йўқ рақиблардир.
Ахир, вақтида кўп кароматлар кўрсатди-да бу занғар!
“Раҳбарлик” аталмиш мазаси тобора ошиб борадиган қазидан роса шимиб ўрганиб қолган эмасми, аллақачон касбига (балки ҳунарига) хос паст-баланднинг ҳадисини олиб улгурганини уни бизга таништиришга олиб келишган куннинг ўзидаёқ сезгандик. Баайни ғаддор халқ душманлари тўпига мажбуран тушиб қолган қолган ҳукмдор фирқанинг ҳушёр зобити янглиғ у президиумда қўр тўкиб ўтирган жойида ҳаммамизга ошкора шубҳаланиб, “Ҳали кунларингни кўрсатаман!” дегандай ўшшайиб қарар, ҳатто, ҳалитдан дастлабки қурбонларни танлаб олаётгандай айрим бандаларга айрича синчиклаб қарарди. Бу, қовоғидан қор ёғаётган, турқи-таровати биланоқ ишхонамиз миқёсида, инчунун, стакан ичида кечажак бўлғуси бўронлару тўфонлардан шоҳидлик бераётган хўжайин кўплар қатори каминанинг кўнглига унчалик ўтиришмади. Аммо дарҳол “Дастлабки таассурот алдамчи бўлади”, дея ўзимни ўзим ишонтирдим: ҳар нечук, катта раҳбарият бежиз танламагандир, кўрсатиб қўйган алоҳида хизматлари, дейлик, фидойиликлари бордирки… Айниқса, қўл остидаги катта-кичик ходимлардан тортиб фаррошу қоровулга қадар эҳтиром билан “сиз”лаб мурожаат қиладиган, энг катта орзусига етиб, пенсияга чиққунга қадар қолган икки йилини идорамизда эсон-омон ўтказиб олган юмшоқфеъл, кўзлари кулиб турадиган, ўзиям ҳамиша ичакузди латифа эшитишга, “воҳ-ҳоҳ-ҳо”лаб яйраб кулишга ҳозир одамдай жонсарак ҳолда одамларнинг оғзига қараб юрадиган, туғилган кун-у байрамлар кўринишидаги асосли сабабларни қўя турайлик, ҳатто энг жўн баҳона топилмай қолган тақдирда ҳам соат олтига яқинлашаверса “Ҳм-м… бугун пайшанба-я… Уйланмаган қўчқорнинг думбаси хўп яхши бўлади-да” ёинки “Ҳм-м… бугун сешанба-я… Суякларни бир мойлаб олиш керакмиди…” қабилидаги маънодор ишоралари билан чойхонада ошхўрлик ташкил этишга фатво бериб юборадиган, энг севган машғулоти қўлда бир пиёла мусаллас билан (ҳатто ароқ ҳам ичолмасди бечора) меҳр-оқибат хусусида узоқ нутқ ирод этишу, базм якунида даврадагиларга палов ошатиш бўлган (хоббининг шунақаси ҳам учраркан-да: ўзининг тешик ошқозони аллақачон соб бўлган, шунча сўлаги оқиб, кўзлари чақнаб кутганига қарамасдан, ошдан нари борса уч ёки тўрт қошиқ оларди; назарий жиҳатдангина ўта ошхўр бу киши учун палов тайёрланиши, сузиб келинишининг ўзи қизиқ эди, шу жараённи сўрининг тўрида ёнбошлаб олиб, барчанинг иззат-ҳурматини ҳис қилган ҳолда томоша қилиб ўтиришга, аллақачон майи нобдан хурмачасига сиққунига қадар нўш этиб олганлиги кўзлари сузилиб кетаётганидан аён Шиғирчига “Янгисидан бўлси-ин!” деб қўйишга интиқ эди; у ҳам кутдириб қўймасди, “Мен сенинг юзингдан, кўзингдан, сўзингдан ўпмоқ истайман” тарзидаги уйқаш мисраларини шариллатиб ўқиб ташларди) аввалги раҳбаримиздан сўнг балки бизга ростдан ҳам қаттиққўлроқ етакчи керакдир. Шўрлик олдинги раҳбаримиз анави нозикроқ масалада ҳам ўзини ош емайдиган ошхўрдай тутарди: ёш аёллар ортидан тамшаниб қараб қолишни бопларди, ҳатто томоғини тақиллатиб, маънодор кўз қисиб ҳам қўярди, аммо, бутун жамоа гувоҳ, биронтасига чангал солмаган, биронтасига ёмон кўз билан қарамаган, билъакс, у кишининг хотин-қизларга муносабатида оталарча ёки оғаларча меҳрибонлик унсурлари шундоққина “ярқ” этиб кўзга ташланиб турардики, бу борада ҳаттоки бирон нотозароқ гумонга боришнинг ўзи гумроҳликдан бошқа нарса эмасди. Устига-устак, аввалги раҳбаримиз – пайшанба ўз-ўзидан тушунарли – жума кунлари ҳам ходималарнинг ишдан бир соат вақтли кетишига изн берар, байрамлар арафасида эса ҳаммани шахсан ўзи қутларкан, шу муносабат билан аёллар тушдан кейин “озод” эканлигини қистириб ўтиб кетишни унутмасди, ҳатто шу ёқимли сўзларни айтаётган чоғида ҳам аёлларга эмас, эркакларга қарарди; аллақачон ярим асрлик чўққини ҳатлаб ўтган, аммо ишнинг роса ҳадисини олган, ярим кечаси уйғотиб сўрасангиз ҳам, фалон буйруқнинг писмадон бобини ёддан айтиб бера оладиган, фавқулодда қувваи ҳофизаси билан барча ходимларга беминнат ёрдам берадиган, бир йўла иш юритувчилик вазифасини ҳам адо этадиган котибаси Карис холага ҳар ҳафта бир плитка шоколад ёки бир даста гул ҳадя этиб қўяркан, “Пролетариат доҳийси ҳамманинг кўзини очганида сизлар қаёқда бўлгансизлар-а?” деб ҳазиллашиб қўйишни унутмасди (Қачонлардир қаттиқ суйишиб қолиб, ҳар иккала томоннинг қаршилигига қарамасдан ўзбек йигитига турмушга чиққан, тилимизда шариллатиб, унча-мунча миллатдошимиздан ҳам яхшироқ гапирадиган, ойда бир-икки марта ўз қўли билан тайёрлаган, ишхонани тутиб кетадиган ҳидининг ўзиёқ оғизнинг сувини қочирадигани карисча “чим-чим” ёки “Наполеон” торти олиб келиб, ҳаммани меҳмон қиладиган, ҳазор таассуфки, фарзандсизлик боис ўз ташаббусига кўра эридан ажралгандан кейинги ўн йилини фақат иш билан овутиб ўтказаётган, мармардай тиниқ юзида биронта ажини йўқ, ҳамма “Карис хола” деб атайдиган кўҳликкина, қийиқ кўзлари ҳам ўзига ярашиб турадиган Лида-Латофат хоним эса “Биз келажакни олдиндан кўриб, уялиб кетганимиздан шартта кўзимизни юмиб олганмиз”, деб тураверарди). Балки шу сабаблидир, аёлларимиз ҳам уни ўз оғаларидек, ўз падарларидек яхши кўришар, ҳурмат қилишар, катта-кичик бирон муаммо туғилиб қолса бас, истиҳола ҳам қилиб ўтирмасдан, фарзанд кўриш бахтига муяссар бўлган ҳамжинсларига буюк ҳайрат ва эҳтиром билан муносабатда бўладиган, уларга қўлидан келган-келмаган кўмагини аямайдиган Карис хола билан тил бириктиришганча тўғри раҳбарнинг ҳузурига кириб боришар ва ўша муаммони бемалол биргаликда муҳокама қилишарди. Бундоқ дилдан кечадиган суҳбатлардан сўнг қанчалаб ходималар қизарган кўзларига нафис дастрўмолчаларини босиб чиқишларини санаш мушкулдир, аммо ундан ҳам кўпроқ аёлга ошиғич тарзда моддий ёрдам кўрсатиш хусусидаги буйруқ имзоланганлиги бор гап. Мен аниқ билганим, раҳбаримизнинг ўзи шахсан бозорга бориб, қўли калтароқ фаррош опамиз учун ишхонамиз номидан бешик сотиб олганди: шўрлик аёл неварасини йўқлаб боролмай турган экан. Жамоада кимдир тўй қилиб қолса, раҳбаримиз том маънода ўша ерга бориб ётиб оларди. Маъракада ҳам шундай… Ишқилиб, сўнгроқ мамнуният ила эслаб юрганимиздай, аввалги раҳбаримиз баракали ишхонамизда баракали меҳнат қилиб, эсон-омон пенсиясига ҳам етиб олди. Ана энди юргандир мулойим жилмайган кўйи кексалик гаштини сури-иб, тузсиз овқат е-еб, шакарсиз чой ичи-иб… Дарвоқе, ўрни келиб қолди, энди буниям қайд этиб ўтмасак бўлмас, айрим тили заҳар ходимлар томонидан “Чучмал” лақабига муносиб кўрилган – шундай тилла одам-а! – аввалги бошлиғимиз “Бу дунёда иккита оқ ўлим бор: бири туз, иккинчиси шакар” деб ҳисоблар, уларни иложи борича кам истеъмол қилар, шу сабабли, бу мулоҳазани оғизда тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда чойхонага чўнтагимизга шўртак қуртдан тўлдириб борардик-да, хўжайинга билдирмасдангина, тузи паст ош билан шакаробга қўшиб ейишни уддалардик; ишхонада эса нафақат раҳбаримизнинг, бошқа бирон мардумнинг ҳам кўзи тушиб қолмасин учун шакарни энг қуйи ғаладонларимизга яшириб ташлардик. Фақат Карис холагина “Шакар эмас, новвот ишлатдим, новвот – қанднинг пиширилгани, совуқлик эмас, иссиқлик” қабилидаги сабабларни рўкач қилиб, “Наполеон”идан бир бўлагини ўтказишни эпларди.
Дарвоқе, ишхонамизда иккита “хола” ва битта “хоним” бор эди. Карис хола, ҳар қанча тавалло қилишмасин, ялиниб-ёлворишмасин, ҳаттоки алдаб-сулдаб сўраб кўришмасин, барибир мутлақо ўзига хос корейсча “чим-чим” тайёрлаш усулини биронта аёл билан ўртоқлашмаслиги, баайни муқаддас сирни бир умр сақлаб ўтишга қасам ичган мутаассибдек миқ этмай туравериши, жуда қўйишмаса, гапни бошқа мавзуга буриб юбориши билан танилган эди. Бундан ташқари, Карис хола гўшангада кўз очиб кўрган эрига садоқат борасида ҳам қоядек собит ва маҳкам эди: эҳ-ҳе, виқор ила қадам ташлаган маҳаллари ўзига ярашиб турадиган либослари гўзал қоматини кўз-кўзлайдиган аёлга не-не эркаклар ошиқ бўлишмади, не-не одамлар орага тушиб, совчи бўлиб келишмади, ҳатто раҳбаримиз ҳам бир гал хотини вафот этган ўртоғининг илтимосига “йўқ” деёлмасдан, шарафли вазифани адо этмоқ қасдида котибасининг хонадонига ташриф буюрган, аммо қатъий рад жавобини олгач, ноиложлигини билдиргандай, иккала қўлларини кенг ёйган-у, “кучук гўшти еявериб, мижозинг совуқлашиб кетган сен хотиннинг” тарзидаги дашном билан кифояланган. Охир-оқибат бу масалада Карис холани тинч қўйишди.
Ишхонамиздаги иккинчи хола бўлмиш Ницше холанинг кечмиши сал бошқачароқ эди. Ницше хола институтни битириб, оқ-қорани таниганидан кейин китобхонлик касалига чалинганлардан. Аёлларнинг шивир-шивир қилишича, янги турмушга чиққан кезлари эр бот-бот узоқ муддатли сафарларга кетаверган. Янги келинчак вақтини ўтказиш учун уйда йиғилиб қолган китоблар мутолаасига зўр берган. Буни қарангки, охир-оқибат жувон бирон нима ўқимаса туролмайдиган бўлиб қолган. Ницше холага фарқи йўқ эди: қўлига тушган матн борки, у бадиий асарми, илмий мақолами, боғдорчиликда ҳосилни оширишнинг воситалари хусусида рисолами, пойдеворни қандай қуриш кераклиги ҳақидаги йўриқномами, чорвачилик истиқболлари борасида мажмуами – ўқийверарди. Тамакисиз қолган кашанда атрофга қандай олазарак бўлиб, қидиринқираб қараса, Ницше хола ҳам чор тарафга шундай тикиларди: зора ўқиш учун қўлга илингулик бирон нима чиқиб қолса.
Албатта, бора-бора аёлнинг севган муаллифи пайдо бўлган ва бу зот файласуф Фридрих Ницше эди. Ташқи кўринишидан Горькийгами ўхшаб кетадиган бу олмон нимаси билан мафтун этган, тушуниш мушкул, аммо жувон унинг асарларини топиб ўқийверган-ўқийверган, уқишга ҳам уринаверган. Бунинг нимаси ёмон? Аммо мутолаадан хийла узоқроқ бўлган муҳандис эрга бу ҳол ёқмайди ва у китобхон рафиқасига бир неча бор ўта қадимий мазмунда ва тарзда дакки беради: “Ётиб олиб китоб ўқигандан кўра рўзғорга қарасанг ўласанми?” Аммо аллақачон хроник хастага эврилиб улгурган аёлга бу таъсир қилмайди. (Тўғри, айрим тили узунроқ ҳамкасб аёлларнинг бизга етказиб келган узунқулоқ миш-мишларига қараганда, ишхонасига яқин жойда бўлган эр шўрлик тушлик маҳали уйга яқин ўртоғини бир бошлаб келади, икки, уч… Ўртоқ қарасаки, қачон келишса, меҳмонхона хонтахтасида дастурхон ёзилган. Ўртоқ ўз ҳайратини изҳор этишга шошган: “Хотининг маладес экан, ҳамиша дастурхон ёзиб қўйган бўлади-я!” Шунда эр оғир хўрсиниб айтган экан: “Бу дастурхон қачондир йиғиладими ўзи деб сўра мендан!”. Аёллар мана шу воқеани эр-хотин орасидаги ихтилофнинг бошланиш нуқтаси, ибтидоси, муносабатлар таранглашуви косасига тўкилган сўнгги сабр томчиси деб билишади).
Ҳар не бўлганда ҳам, бу жуфтликнинг умри мана шу тарзда ўтиб кетиши – ўртада болалар бор, ахир – ҳақиқатга яқинроқдай эди. Ҳатто орқаворатдан “компромат” маълумотлар тўплашга улгурган аламзада эрнинг Ницшени “Ўзи бир тутқаноқ, тентак олим бўлган бўлса, бунинг устига синглисига уйланган бўлса, ўзига ўзи Исо бўлиб кўринган бўлса, шундай одамнинг ёзганлари нимаям бўларди?” қабилида бўралатиб сўкиб қолишлари ҳам орадаги эр-хотинлик ипларини узиб ташлашга қодир қайчи вазифасини ўтай олмаслиги аниқ эди. Аммо кутилмаганда жувон қовун тушириб қўяди. Ўта жиддий тарзда. Ҳодисотнинг мухтасар баёни шуки, эр ишлаётган заводда бирдан қисқартириш бошланади-ю, иккала оёғи ҳам соппа-соғ бўлгани ҳолда, нечукдир чўлоқланиб юрадиган, бу ҳам камдай, ҳасса ҳам тутадиган цех бошлиғи қандайдир эски аламини олмоқ қасдидами, уни рўйхатнинг бошига тиркаб қўяди. Бу қадар ноҳақликдан тутаб кетаётган эр уйга келиб, қайдандир баҳона топиб олганча жами ланг зотини аёвсиз сўкиб турган маҳал хотин ювилмаган қошиқдай орага суқилади ва ҳеч гапдан-ҳеч гап йўқ, туйқусдан, баайни ўз нуктадонлигию илмини намойиш этмоқчидай, Ницше жанобларидан иқтибос келтириб қолади-ку: “Бошлиқларни ҳурмат қил ва уларга бўйинсун, ҳатто бошлиғинг чўлоқ бўлса ҳам, бўйинсун! Яхши уйқунинг шарти шу. Ахир менинг айбимми, агар бошлиқ чўлоқланиб юришни ёқтирса?”
Кейинроқ, азобли хотираларга берилган чоғлари жувоннинг ўзи бизга бот-бот гапириб юрди: бу гапларни эшитган эр, худди қулоқларига ишонмаётгандек, бир муддат хотинига анграйиб-гарангсиб қараб қолган. Сўнг оҳиста, жуда оҳиста сўраган: “Бўлмаса менинг айбимми?”. Шаксиз, аёл улуғ файласуфнинг мушоҳадасини бу қадар жўн, яъни билвосита эмас, бевосита тушунган эрига ачиниб қарайди ва узундан-узоқ изоҳ бермоқ ниятида (акс ҳолда оми эр ҳеч нарсани англамайди), ўз туйғулари ва мулоҳазаларидан тўлиқиб ва ҳаяжонланган кўйи маърузасини бошлайдики: “Буюк Ницше…”
Аммо эр бир гапни кам, иккита гапни кўп дейдиган асабий аҳволда эди. Шу боисданми, хотинининг башарасига тик қараган кўйи кўнглидаги гапни нафрат билан шартта айтади-қўяди: “Ўша Ницшенг билан қўшмозор бўл!”. Шундан сўнг эр ўта классик тарзда, яъни битта костюмини елкасига ташлайди-ю, уйдан чиқади-кетади. Аёл “оҳ” деганча юзини чангаллаб қолаверади (Тўғри, яна ўша ҳамма нарсадан бохабар ҳамкасаба аёллар эр унча узоқлашмаганини, анчадан бери дон олишиб юрган жазмани, яъни хотинининг қўшни мавзеда ёлғиз яшайдиган дугонасиникига бориб қўя қолганини нақл қилишади. Келишув шундоқ бўлган экан: қариқиздан уй ва муҳаббат, собиқ дугонанинг собиқ эридан эса муҳаббат холос).
Аёл зотини соғлом мантиқ билан тушуниб бўлармиди! Шундан кейин бизнинг ҳамкасабамиз мутолаани йиғиштириб қўйиб, “эр бермоқ – жон бермоқ” тарзида енг шимарганча жуфти ҳалоли учун астойдил курашга бел боғлаган деб ўйласангиз қаттиқ янглишасиз. Зеро, тақдирга жуда тезликда тан берган аёл… мутолаага зўр берди. Яна китоблар, яна Ницше… Ўзининг тул қолишига сабаб бўлган файласуфни шу қадар кўп гапириб, шу қадар ундан мўл иқтибос келтира бошлаган аёл охир-оқибат “Ницше хола” лақабини орттириб олди. Аммо Ницше холанинг ажабтовур бир одати йилдан-йилга газак олиб, кучайиб борарди: аёл ўтмишни қўмсарди. Балки шу сабабдир, тинмай хотираларга берилар, кечмишини, чунончи, эри билан ўтган кунларини бўяб-бежар, идеаллаштирар, афсус чекар, армон қилар, ўзини азобларнинг тубсиз чоҳига ташлар, таъбир жоиз бўлса, хотираларнинг мадда бойлаган ярасини шафқатсизларча ёриб, устига туз сепар ва бу азобдан беҳад роҳатланар эди. “Биз бирга яшаганимизда… Бирга театрга борганимизда… Бирга кинода бўлганимизда… тўйда бўлганимизда… тоққа чиққанимизда…” Хотиралар тинмай қуйилиб келар, Ницше хола кўз ёши аралаш уларни энтикиб-тўлиқиб гапириб, йиғлаб-кулиб чарчамас эди. Бироқ шакарнинг ҳам ози ширин. Аччиқ хотираларнинг-ку, инчунин. Бора-бора Ницше холанинг ҳаяжонли дилрозлари кўпчиликнинг меъдасиги зиғир ёғдай уриб бўлди. Бирдан қариб, букчайиб қолган хола мана шу каттакон идорамизда ўзига биттагина суҳбатдош, тўғрироғи хотираларини ачиниш аралаш ҳайрат билан эшитадиган, ора-сира тасалли бериб турадиган текин қулоқ қидириб чарчайдиган бўлди. Мақсадига етиб қолса-ку, ундан бахтли одам йўқ эди. Мабодо излагани бесамар бўлса, учраган киши минг битта баҳона билан ўзини олиб қочаверса ё унинг гапини эшитиб ҳам ўтирмай, тўғридан-тўғри бошқа томонга қайрилиб кетса, Ницше хола беҳад эзилар, довдираб хонадан-хонага ўтар ва ахийри меҳрибон Карис холанинг ҳузурига бориб, дил дардларини яна ўша олмон мутафаккири сўзлари билан иншо этарди: “Наҳотки мен охирги бахтни фароғат оролларида ва олислардаги унутилган денгизлардан излашим керак?” Карис хола ачиниб бош чайқар, ҳамдардлик изҳор этар, аммо ҳамишагидай иши бошидан ошиб ётганини, инчунин, Ницше холанинг мажруҳ кўнглидан тўлиб-тошиб, армон қирғоқларини бузган ҳолда босиб келаётган хотиралар васфини тинглаб ўтирмоққа фурсати йўқлигини айтиб, дарҳол узр сўрашга ўтарди…
Инсон тафаккури, онг-шуурининг унча-мунча ақл бовар қилавермайдиган ноқисликлари мўл-кўл-да. Бўлмаса, шундай улуғ файласуфни ўқийдиган, узун-узун, мураккаб жумлаларни ёд айтиб ташлайдиган, ўзи бошига кўтарадиган муаллифининг “Мукаммал аёл одамзотнинг комил эркакдан кўра олийроқ туридир” деган мардона эътирофини ҳаётий шиорга айлантириб олган, балки шу сабабли ора-сира қарама-қарши жинс вакилларига сал ачиниброқ ҳам қарайдиган Ницше хола келиб-келиб турмушнинг арзимаган масаласида ёш боладай алданиб ўтирса-я! Нақадар гўллик. Гап шундаки, уйда эр бор пайтлари Ницше хола турли тўловлар деган нарсаларнинг ёнидан ҳам ўтмаган, ҳатто чироқ ҳақини тўлаш қоғозини қандай тўлдиришни билмаган. Бошга ногаҳон айрилиқ тушгач эса, бу ишларнинг ҳаммасини ўзи қилишга мажбур бўлган. Албатта, бу ерда ҳеч бир қийинчилик йўқ, қолаверса, одам қилган ишни одам қилади, бунинг устига хола бир эшитган ё кўрган нарсани тез илғаб олади, фаросатли. Бироқ нима жин урган, ҳеч ким билмайди, ишқилиб эшикка қистириб кетиладиган чақирувлар қоғозлари талабларини адо этган ҳолда гоҳ иссиқ сув, гоҳ совуқ сув, гоҳ газ, гоҳ чиқинди, гоҳ солиқ идорасига чопавериб тинкаси қуриган, шундаям алламбалоларни чалкаштириб юбораётгани учун боши пена тўлашдан чиқмай қолган, бунинг устига анча-мунча қарз ҳам бўлиб улгурган ва айниқса ушбу сўнгги ҳолатдан кўп азият чекаётган, эзилаётган Ницше хола – “Сизлар ҳам шунча тўлайсизларми? Ахир бу аҳволда битта ойликни қандай етказиб бўлади?!” – бир куни анчайин сирлироқ тарзда, кў-ўп нарсани биладиган мукаммал аёл сифатида шивирлабгина эълон қилиб қолдики, тез орада ҳаётимиз янги, оппоқ саҳифадан бошланади, чунки… чунки… Шу ерга келганда хола аллақандай навозиш ва қониқиш билан, суҳбатдошларининг тоқатини синамоқчидай маънодор сукутга толар ва ахийри мақсадига етганини англагачгина шодумонлик билан маълум этарди: чунки тез орада давлат одамларнинг ЖЭКдаги жами қарзларидан кечиб юбораркан. Кейин барча коммунал тўловлар “нол”дан бошланаркан. Чунки ҳаммаси чалкашиб кетган, ким тўлаган-ким тўламаганлигини аниқлаш қийин бўлиб қолган. Давлат шунинг учун шундай йўл тутаяпти. Буни мўътабар идорада ишлайдиган, жуда-жуда ишончли бир аёл яқин танишига айтган. Ўша яқин таниш эса холанинг ён қўшнисининг аммасининг дугонаси бўлиб чиқибди… Холага компьютер замонида тўловлар борасида чалкашлик бўлиши мумкин эмас, деган гапни айтишнинг ўзи бефойда эди: титраб-қақшаб, буюк мамнуният ва ишонч билан тез орада ҳаёт янги саҳифадан бошланишини кутаётган аёл барибир бу эътирозни писанд қилмайди, у ўзи ишониб турган кунни, саодатманд соатни кутмоқда. Яъни бир куни эрталаб уйғонади-ю, бирон тўлов бўйича бир сўм ҳам қарзи йўқлигидан воқиф бўлади. Ҳаёт ана шундан кейин бошланади. Ницше хола ана шундан кейингина барча тўловларни ойнинг бошида амалга ошириб қўя қолишини маълум қилиб ҳам чарчамасди. Хола деярли бир йиллик муддатни мана шундай хомхаёллар оғушида ўтказиб юборди, бу фурсат ичида унинг барча тўловларни тўлашдан вақтинча тийилиб туришни ихтиёр этган издошлари гуруҳи ҳам пайдо бўлди. Тўғри-да, барибир давлат яқинда ҳамма қарзлардан воз кечиб турганидан кейин тўлашнинг нима кераги бор? Гуруҳ оҳанграбоси ҳатто Донишманд Бўримизни ҳам ўзига тортиб кетдики, шўрлик машриқпарастимиз “қадимий илдизларга эга бундоқ бошқарув усул”ининг ўша илдизларини ғайрат билан излашга тушиб кетди ва бир эмас, бир неча жойдан топди ҳам… Афсуски, ҳамишагидек воқеликнинг қаттиқ тоши орзу-илинжларнинг рангин ойнасини чил-чил синдирди ва одатдаги кунларнинг бирида Ницше хола турли-туман тўловлар бўйича бўйнига қадар қарзга ботганидан расман воқиф этилди, судга чақирилди… Ўша кунлари бениҳоя довдираб қолган, ранги кўмирдай қорайиб кетган, лаблари пир-пир учаётган холага қарашнинг ўзи азоб эди, шу боисдан биз ҳаммамиз у кишидан ўзимизни олиб қочиб юрдик, илло, Ницше айтганидай: “Ҳамдардлик дард чекишдан кўра азоблироқдир”.
Воқеадан хабар топган Карис хола дарҳол Ницше холани раҳбарнинг ҳузурига олиб кирди, шўрликка энг кам иш ҳақининг ўн икки баробарида моддий ёрдам кўрсатиш ҳақида буйруқ чиқартириб берди. Аммо бу оз эди, етмасди. Қатъий ишонч аралашган гўлликнинг айбсиз қурбонига айланган, ваҳима тўфонида қолган қалби терак баргидай дир-дир титраётган хола адойи тамом бўлган маҳал… Кўнгил узиб кетгани билан, собиқ оиласида кечаётган воқеа-ҳодисотлардан бохабар собиқ эр етиб келади ва бир кунда ҳамма моддий муаммоларни ҳал қилади-қўяди-ю, қандай пайдо бўлган бўлса, шундай изсиз ғойиб бўлади… Ларзага тушган ва афтидан, нималардандир умид ҳам қила бошлаган хола анча маҳалгача файласуфнинг “Кимдир биздан узр сўрамоқчи бўлса, бу ишни ўта моҳирона бажармоғи керак. Акс ҳолда биз ўзимизни айбдордек ноқулай ҳис этамиз”, деган ҳикматини бот-бот такрорлаб юрди. Бироқ, илинж оқланавермагач, иложсиз ҳолда бошини эгган хола яна ўзини ўзи юпатишга, айни пайтда ўзини таъна-дашномларга кўмиб ташлаган айрим ҳамкасабаларидан ҳимояланишга мажбур бўлди: “Ҳар қандай ҳақиқат – эгри. Чунки вақтнинг ўзи ҳам бир доирадир…”
Муассасамиздаги яна бир жувоннинг лақаби “Нигилист хоним” бўлиб, бу қўпол унвоннинг боисини аёлнинг асл исми Нигорами-Нилуфар эканлигига, ҳаттоки фамилияси Бозоровалигига ҳам тақаб бўлмасди. Ҳамишагидай қандайдир йўллар билан барча ходимларнинг ҳаётида кечган ҳаттоки энг махфий яқин ўтмиш воқеаларини миридан сирига қадар билиб оладиган аёлларнинг бурчак-бурчакдаги шивир-шивирларига қараганда, хушрўйгина Нигорами-Нилуфар фан осмонига чиқиб келаётган юлдузча мисоли энди-энди порлай бошлаган маҳал бу кўкда анчадан буён муқим жой эгаллаб турган ёши улуғроқ юлдузнинг биргаликда булутлар бағрига сайр этиш ҳақидаги таклифини анчайин кескин оҳангда рад этиш асносида билаги томон чўзилган қўл соҳибининг юзига тарсаки тортиб юборишдан ўзини тийиб туролмайди. Натижада тез орада семиз илмий жаридалардан бирида Нигорами-Нилуфар олиб бораётган тадқиқотнинг тит-пити чиқарилган, уч пулга қимматлиги исботлаб ташланган танқидий мақола чоп этилади. Бу зарбадан ўзини йўқотиб қўйган қаҳрамонимиз то ўзини оқлаб-ўнглаб олгунига қадар поезд кетиб қолган бўлади: мавзу аллақачон ёпилган. Буям камдай, ич-ичидан сиқилиб, куяверганидан Нигорами-Нилуфар хасталикка чалиниб қолади-ю, буни яшириб юришнинг ҳеч иложи қолмагач, алоҳа қув-қув йўталган ҳолда, оғзига босилган рўмолчадаги қон юқини далил сифатида намойиш этароқ аҳволини турмуш ўртоғига айтиб бера бошлаган маҳал… Э воҳ, балки бу шунчаки беихтиёр рўй бергандир, балки одамнинг ўзини ўзи асрашга интилиш инстинкти ишлаб кетгандир, ҳар нечук, касаллик ҳақида эшитаётган маҳал нечукдир кўзлари катта-катта очилиб кетган эр ўзи ўтирган стулни ярим қадам ортга суради. Буни кўриб қолиб, “Эрим ўзига касаллигим юқиб қолишидан қўрқаяпти”, деган ваҳимали хулосага келган жувоннинг кўзига дунё қоронғи кўриниб кетади. Ва ўшандан буён аҳвол шу: Нигорами-Нилуфаримиз оламни қора рангда кўргани-кўрган, баайни кўзига кўринмас қора кўзойнак тақиб олган ёинки қора линза ўрнатган дейсиз. Эр шўрлик ўзини оқлайвериб чарчаган, аммо ўзича қатъий хулосага келиб бўлган жувон унинг биттаям сўзига қулоқ солмаган. Касаллик-ку, юқумли эмас экан, ҳатто шифохонада ётмасдан, уйида ярим йил даволанган аёл ундан буткул қутилди, аммо дилига ўрнашиб қолган, чирмовуқдай тобора бутун вужудию қалбини эгаллаб олаётган илдизсиз дарддан халос бўлолмади. Билъакс, тобора унинг ожиза бандисига айлана борди. Нигора-Нилуфар баайни рубъи маскундаги жами рангларни, камалак товланишларини инкор этиб, битта рангга маҳкам ёпишиб олди; барча эзгуликларни бениҳоя устомон маккорлар юзларига вақтинчалик тутиб олган ниқоб деб билди, уларнинг ортидаги асл башараларни кўриб турганини даъво қилиб тураверди. Жувон ҳеч кимга, ҳеч нимага ишонмай қўйди, унинг учун муқаддас нарсанинг ўзи қолмади. Ўзим гувоҳман, тўй-маъракаларда сира рақсга тушмайдиган, ўртага тортқилаб қолишса ғоят жиддийлик билан “Мен учун рақсга тушишдан кўра олтита девни ўлдириб келиш осон”, деб қутуладиган, бундай ғалатироқ баҳонага ишонмай, тихирлик қилиб туриб олганларга эса “Буни Сервантес айтган, сиз ўзи унинг кимлигини биласизми?” дея гапни айлантириб-чувалаштириб ташлар эди. Бир сафар бошининг ялтираб қолган тепа қисмига усталик билан туфлаб ёпиштирилган ёнбошдаги шусиз ҳам сийрак соч толалари ўрнидан қўзғалиб кетишидан чўчийдиган Ҳисобчи жиринглаб қолган телефонини қулоғига босиб “Алё… алё” деганча хонамиздан чиқдию, бир неча сониядан сўнг бармоқларини қарсиллатганча ўйнаб қайтиб келди ва оғзи қулоғига етган ҳолида бир амаллаб хитоб қилишни эпладики, биродарлар, бизнинг ўғилча ўз кучи билан ўқишга кирибди, тестдан фалон балл олибди, контрактга илинибди аблаҳча. Табиийки, ҳаммамиз бундоқ “аблаҳча”нинг бахтиёр отасини қутлашга шошдик. Фақат Нигора-Нилуфаргина лабини истеҳзоли бурганча ўшшайиб “Қанча бердингиз?” деб сўради. Устидан совуқ сув қуйилгандай бирдан сергак тортган Ҳисобчи ўғлининг неча фурсатдан бери репетиторга қатнашию, тун бўйи ухламасдан дарс қилиб чиқишлари борасида узундан-узоқ изоҳ бера бошлади. Аммо Нигора-Нилуфар бу дастакларнинг биронтасини эшитмагандай, айтаётган гапига ишончи балқиб турган совуққонлик билан кейинги зарбани йўллади: “Шу замонда ўқишга текин кириб бўларканми? Шу замонда-я?”. Бунақа ҳужумни кутмаган Ҳисобчи ғўлдираб қолди. Биз бир-биримизга маънодор қарадик: дарвоқе, шунақага ўхшайди, бир балоси бўлмаса…
Булар ҳали ҳолваси. Ички асабийлик аралаш норизолиги юзига ургани боисми ёинки қачонлардан буён пардоз-андоз нималигини унутганию оқариб қолган сочини бўямай юриши сабаблими ёшига нисбатан кексароқ кўринадиган Нигора-Нилуфар автобус-метрода ёш-яланг жой берса ўтирмас, номаълум нуқтага тикилган кўйи ҳайкалдек қилт этмай тураверар, қайта таклифларни эшитмас ё ўзини эшитмаганга соларди; бозорда биронтаси юкини кўтаришга ёрдамлашмоқчи бўлса қўполлик билан рад этарди; ўзига илтимос билан мурожаат қилганларни гап билан силтаб ташларди… Уйида эса… айтишларича, уйида Нигора-Нилуфар том маънода бир пайтлар ўзидан бир сонияга бўлса ҳам… ирганган (ҳа, ҳа, Нигора-Нилуфар худди шундай ҳисобларди!) эрига нисбатан совуққонлигу ҳар қандай мантиқдан холи аламзадаликнинг тирик тимсолига айланарди. Дейлик, эр, “Фалончи вафот этибди” деса, рафиқа ғоят бепарволик билан “Бу дунёнинг ташвишларидан қутулибди”, дер, уйдаги муздай сукунатдан сиқилиб кетиб, нима мавзуда бўлса ҳам гаплашиб ўтиришни ихтиёр этган эр “Пистончи танишимиз турмушга чиқибди” деса, рафиқа ўшандай хотиржамлик билан “Бориб таъзия изҳор этиб келиш керак экан”, дея садо берар, эр сўнгги илинж етовида “Балки фалончи аканикига меҳмонга борармиз”, деган таклифни ўртага ташласа, лабларида аччиқ заҳарханда ўйнай бошлаган хотин қарорини маълум этарди: “Мени ўзларига тенг кўрмаган хонадоннинг остонасини ҳатлаб ўтмайман, ўзи бемалол бораверсин”. Дарвоқе, ўша воқеадан кейин Нигора-Нилуфар нимагадир эрига учинчи шахсда мурожаат қиладиган бўлиб қолган. Айтишларича, бир куни эр очиқкўнгиллик билан телевизорда одоб-ахлоқ, имон-эътиқод ҳақида жўшиб сўзлаётган олимга ишора қилган: “Роса яхши гапларни айтаётибди-я. Танишинг шекилли”. Шунда бирдан босиб келган нафрат-ғазаб туйғуларидан вужуди қалт-қалт титраб кетган аёл шартта: “Мен бу ғарнинг сўзларида риё, кўзларида макр кўряпман”, деган. Хуллас, эр “али” деса, хотин мутаассибларча қайсарлик ила “бали” деб тураверган. Охир-оқибат бунақа ҳаёт жонидан тўйдирган эр… Том Сойернинг дўсти Геклберри Фин каби кечқурунлари кўчага чиқиб, то хумордан чиққунча сўкиниб-сўкиниб келишни, шу йўл билангина ҳовурдан тушишни ўзига одат қилиб олган. Яна айтишларича, буниси энди ҳаддан ортиқ-ов, яна ким билади дейсиз, шўрлик эр ҳеч чидай олмай қолган кезлари атай тоққами, чўлгами чиқиб, увлаб-увлаб ҳам келармиш…
Шундай аёлни “Нигилист хоним” деб атамай бўладими? Аммо инкорни инкор қонуни ҳам бор-ку. Нигилист хонимнинг бу дунёга келиб топгани икки фарзанди эди. Агар уларнинг бахти, камоли учун жонингни қурбон қил дейишса, жувон ҳеч иккиланмай, аксинча, шод-хуррамлик билан бу таклифга рози бўларди-қўярди. Нигилист хоним оламга, тирикликка нисбатан қанчалик совуққон бўлса, фарзандларига нисбатан шунчалик меҳрибон эди. Жувон болаларини спорт мактабига, мусиқа мактабига вақтида олиб бориб келиш учун керак бўлса ялиниб-ёлвориб ишдан жавоб сўрар, кейин, юмушдан сўнг қолиб бўлса ҳам шу вақтни ҳалол ишлаб берарди. Нигилист хоним вақтида овқатланмаслиги, ҳафталаб нон-чой билан юравериши мумкин эди, аммо ўғил-қизининг яхши еб-ичишини, уларнинг чўнтагида ҳамиша етарли пул бўлишини қаттиқ назорат қиларди. Хоним бир сўм устида бўлим бошлиғи ёки кассир билан томоғи хириллаб қолгунча талашиб-тортишиб, бақир-чақир қилиши, совға учун пул йиғилганида эса “Туғилмай ўлсин!” деб қарғаниши мумкин эди, аммо болаларига зарур пулни ернинг остидан бўлса ҳам топиб берарди. У ҳафталаб эри билан гаплашмаслиги, у сўз очиб қолган тақдирда нафрат билан юзини терс буриши мумки эди, бироқ болаларга бирон нима учун уч-тўрт сўм лозим бўлиб қолганида ўша мағрур бетини шартта сидириб ташлаб, “бу одам”дан пул талаб қилиб тураверарди.
Ўз-ўзидан аён, юмушхонамизда Нигилист хонимнинг на сирдоши, на дарддоши бор эди; олдидан келганни тишлайдиган, ортидан келганни тепадиган жувонда бунга интилиш ҳам, эҳтиёж ҳам йўқ эди. Айни пайтда жувон раҳбарият қошида тилини тишлаб туришнинг роса ҳадисини олганди, узундан-узоқ давом этадиган йиғилишлар чоғи ҳам бу гапларнинг ўзига мутлақо алоқаси йўқдай номаълум нуқтага тикилган кўйи “миқ” этмай ўтираверарди. Афтидан, аёл бу феъл-атвори билан бошқа жойда ишлай олмаслигини, бўшаб кетган тақдирда эса эҳтимолки умуман бошқа корхонага киролмаслигини яхши англаб турарди, шу боис пенсия ёшига қадар ўзини қурбонликка келтириб бўлса ҳам бир амаллаб чидаб юришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди.
Идорамизда аксарият Нигилист хонимдан ўзини олиб қочарди. Ҳатто Ницше хола ҳам текин эшитгувчи топиш дардида бир неча бор жувоннинг йўлак охиридаги бадрафхона ёнида жойлашган, бир тараф деворини шўр босиб кетган хонасига уч-тўрт бор қадам ранжида қилди. Аммо аёлнинг кўзда ёш билан ҳамдард бўлиш ўрнига ўта совуққонлик билан “Яхши бўлибди… вақтида қутулибсиз-ку… Пишириб есин эрчангизни!.. Йўқолган пичоқнинг сопи олтин бўлибди-да!.. Барибир бу йил бўлмаса, келаси йили кетарди бирон ёш, диркиллаган, сочи калта манжалақининг олдига!” қабилидаги серпичинг дашномлари суяк-суягидан ўтиб кетдию, қайтиб бу даргоҳга қадам босмади, хонимни кўриб қолганда эса ўзи биринчи бўлиб йўлни тескари соладиган бўлди.
Дарвоқе, собиқ раҳбаримиз ишдан бўшаганидан кейин ҳам кўп қаватли уйнинг саккизинчи қаватидаги уч хонали уйда яшайверганини эшитганимизда не-не ходимларимиз унга ачинишгани, яна қанчасининг томоқ тақиллатиб “Ана раҳбар! Ана хўжайин!” деб қўйишгани бор гап, фақат Нигилист хонимгина пинагини бузмасдан, гўё ўзига жуда яхши маълум ҳақиқатни айтаётгандай “Яширяпти! Ҳовлиларни босиб ташлаган!” деб тураверди. Ҳатто айрим ходимларнинг собиқ раҳбаримиздан хабар олишга бориб келганларидан сўнг онт ичиб шоҳидлик беришлариям Нигилистимизга чивин чаққанчалик таъсир қилмади: уларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида уришиб чиқадигандай алфозда чақчайиб, “Босиб ташлаган!” деб тураверди. Нима, ҳовли кўрпамидики, йиғиб, босиб ташласа? Агар чинданам ҳеч бўлмаса биттагина ҳовлиси бўлса эди, аввал яширган бўлса яширгандир-у, мана энди, пенсияга чиққанидан сўнг ётмасмиди садарайҳон гуллаб ётган ҳовлида оёғини узатиб, хотинига ўчоқ-қозонда ош қилдири-иб… Йўқ, Нигилист хоним барибир заррача бўлсин ён бермайди, туллаган курка мисоли бўйнини олдинга чўзади: “Босиб ташлаган!” Тамом-вассалом!.. Ҳа, бундай хотинни уриб ўлдириб қўймаган ўша эрнинг ўзигаям, отасигаям минг раҳмат…
Ва-ниҳоят Шиғирчимиз. У бир ишқ бандиси, ҳаётнинг андиси, ҳижрондан юрак-бағри куйиб адо бўлаётган, бу дунёга сиғмай ўтаётган, уқувсиз, турмушнинг биринчи мушти у ёқда турсин, енгилгина шапалоғига дуч келгандаёқ довдираб-эсанкираб, калавасининг учини йўқотиб қўядиган, шу ҳолига яна тунлари ухламай, ўзича бир нималарни қоралаб ҳам юрадиган, шундан таскин топадиган дарвиш, ёши элликка яқинлашиб қолган бола эди. Унинг ҳаммадан беркитадиган, ўзи ора-сира, яширинча ўқиб келганлиги эса йиғи ва уйқусизликдан қизариб кетган кўзларидан аён бўладиган битикларига баҳо бермоқ имконим хорижида, мен фақат Шиғирчимизнинг бу масалада бениҳоя ҳалол эканлигини билардим. Яъни, у ҳеч қачон бировнинг мисрасини ёинки бутун бошли шиғирини ўзиники қилиб олмас, аввал “Фалончиники” деб, кейин ўқир, ҳатто одатда чойхонада, “қизиб олганидан” сўнг айтадиган “Мен шеър ўқийдирман, айтинг, ким каби? Зиёфатларда маст Дельвиг сингари” деган машҳур байтининг иккинчи мисраси Пушкинга тегишли эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиб кетишни ҳам унутмасди. Хуллас, ровийлар андоғ ривоят қиладурларким, талабалик йиллари адоғида Шиғирчининг бурчак-бурчакларда ўпичлар бериб юрган суюклиси унинг энг яқин жўрасига тегиб кетади. Бундоқ қўшалоқ хиёнат зарбасидан адойи тамом бўлган Шиғирчини Мажнун янглиғ саҳроларга бош олиб чиқиб кетмоқ қасдидан бизнинг ишхонага берилган йўлланма қайтариб қолади. Барибир юрагини тузалмас аламли армон қиличи тилиб ўтган экан, ёш мутахассис “қалбидан сирқираб оқиб турган қоп-қора қон” билан – бу унинг мисраси, албатта – дўзах қийноқларини бошдан ўтказиб яшай бошлайди. Тенг-тўшларнинг, воқеадан воқиф бўлган ишхонадагиларнинг “Асл муҳаббат фақат ҳижронда бўлади. Агар ўшанга уйланганингда эди, икки ойдан кейин бир-бирларингни кўрарга кўзларинг, отарга ўқларинг бўлмай қоларди. Кўп куйинма, бахтинг ҳали олдинда”, тарзидаги юпатишлари эса оловга мой сепгандай таъсир қилади, кўз ёшларига ғарқ қаҳрамонимиз титраб-қақшаганча “У… у бошқача эди… Энди унақаси учрамайди” деб тураверади. Билмадим, балки вақт даво топмас дардлар ҳам бўлар. Илло, фурсат ўтиб Шиғирчимиз уйланди, уч қизлик бўлди, аммо қорачиқларида қотиб қолган мунгдан халос бўлолмади, қандайдир тўлақонли, одамга ўхшаб кун кўриб кетолмади, мудом ниманидир кутиб, балки нимани кутаётганлигини ўзи ҳам билмасдан, баайни эртага ҳаёти буткул ўзгариб кетадигандек, шунда бари-барисига қўл силтаб, янги ҳаёт сари кетадигандек қандайдир ҳафсаласизроқ, қандайдир омонатроқ яшарди. Гарчанд озгина кайф қилиб олганидан кейин зиёфатларимизда улуғ шоирларнинг “Алвидо, ёр… Агар шу бало Қисматда бор бўлса алвидо…” ёки “Ҳаммаси тугади. Орамиз очиқ. Сўнг бор қўлларингни ўпаркан, пари, Шаънингга тўқийман мунгли бир қўшиқ, Тинглайман жавобин: “Тугади бари…” ёинки “Ҳаёт мендан аямади неъматларини, Не истасам,барин берди, ҳеч бир тонмайман, Фақатгина бир ғам ўртар юракларимни – Мен муҳаббат тақдиримдан мақтанолмайман” ва ёки “Мен сени шунчалар яхши кўраман, Аммо оғир-оғир ёққанида қор Ёнингда юрсам ҳам, нега, билмайман, У кирар қалбимга мунис, беозор” тарзидаги мунгли-мунгли битикларини кўзларида жиққа ёш билан мунгли-мунгли ўқиса-да, кўринишидан тақдирга тан бергандай туйилса-да, у барибир бир ишониб-бир ишонмай бўлса ҳамки Мўъжиза кутиб яшарди. Бу ёқда эса умр ўтиб борарди, умр…
III
Яна “в.б.”, ҳаттоки “в.в.б” раҳбарга қайтамиз.
Дарвоқе, таништирув маросимида унинг “в.б”ми, “в.в.б”ми эканлиги масаласи шундай усталик билан айланиб ўтиб кетилдики, биз уни тўлақонли раҳбар сифатида қабул қилдик; мазкур мақом салгина кейинроқ, илк ихтилофлару орқаворатдан мушт дўлайтиришлардан сўнг аён бўлди.
Дастлаб, табиийки, янги раҳбарнинг соясига салом бериб, қават-қават кўрпача соладиганлар қатлами пайдо бўлди. Ўша пайтлари бу гуруҳга кейинчалик Безбет Аламзадага айланган Безбет раҳбарлик қиларди. Лофи билан айтганда худди биров атайлабдан уни бир уриб, ерга михлаб қўйгандай бўйи уч, ҳа, ана, биздан кетса кетсин, нари борса тўрт қарич, шу ҳолида плюс тўртинчими-бешинчи кўзойнак тақадиган, қабариқ линзалар ортида кўзлари одамнинг этини жунжиктириб юборадиган даражада ваҳимали кўринадиган, заҳил юзли Безбет узоқ йиллар ўзининг юлдузли онларини сабр билан кутиб келган эканми, алоҳа даври келганини ҳис қилди чоғи, бандиликдан озод бўлган букри жин мисоли янги раҳбарга ўлиб-тирилиб хизмат қилишниям, тўрт букилиб хушомад қилишниям жуда ўринлатди. Ҳар бир ходимнинг қандай оёқ олишидан тортиб, ким билан яқинлигигача, иш маҳали нималарни гапиришигача, юмушдан кейин кимлар билан учрашишигача, ҳатто нималарни орзу қилишигача – буларни қандай билиб олган у ғаддор, ақл бовар қилмайди – бари-барисини оқизмай-томизмай хўжайинга етказиб турди. Ишқилиб, бу ўлиб-тирилиб қилинган саъй-ҳаракатлар бесамара кетмади: тез орада “в.б.”ми, “в.в.б”ми раҳбар томонидан суяк ирғитилди: Безбет муассасамиз касаба уюшмаси Раиси бўлиб олди. Жамоатчилик асосида. Ў, энди у кунлар… Безбет ходимларни эшик ёнида автомат билан кутиб олиб, автомат билан кузатиб қўймади, холос. Неча йиллар давомида кўнглининг туб-тубида йиғилиб юрган фасод бирдан юзага қалқиб чиқдими ёинки ўзининг бўйидан эзилиб, “Ҳап сенларними! Ҳали ҳаммаларингнинг кунларингни кўрсатаман, дарозлар!” деб юрган эканми, бир юмалаб раҳбарча бўлиб олган Безбет ҳақиқатан ҳамманинг кунини кўрсатди. Бўйини алоҳида таъкидлаб кўрсатмоқчидай мудом пошнаси резинка ясси пойабзал киядиган, шунданми, хонама-хона сассиз юришни боплайдиган Раис ўзининг асосий вазифаси қўл остидаги меҳнаткашларнинг кўнглига ваҳима, ғулғула солишда деб билар ва бу миссияни ўта шафқатсиз даражадаги маҳорат билан адо этарди. Чунончи, ердан чиққандай ё осмондан тушгандай тўсатдан бирон ходимнинг шундоқ тепасида пайдо бўладиган ва шусиз ҳам довдираб қолган ҳамкасабамизни баттар эсанкиратиб, илондай вишиллаганча сўроққа тутишни-ю, жавобини эшитмасликни, кейин эса дарҳол умумий йиғилиш чақириб, мажлисда ҳам ҳеч кимга сўз бермасдан ўша бечоранинг пўстагини қоқишни боплайдиган, расмий тарзда баённомага киритиладиган “охирги огоҳлантириш” эълон қилган маҳали лаззатдан қабариқ кўзлари сузилиб кетадиган Безбетдан кўпчилик юрагини олдириб қўйганди. Ўзим кўрганман, бора-бора не-не ходимларимиз, улар орасида неча йиллик тажрибага эга мутахассисларимиз ҳам бор эди, Безбет яқинлашса бас, ёнларида совуқ илон пайдо бўлгандай қўрқувга тушиб, дир-дир титрайдиган бўлишди.
Табиатидаги қурумсоқлиги, майдакашлиги боисми, принтерга ишлатилиладиган қоғозни ҳам битталаб, минг шиква-шикоят аралашган миннат билан санаб, тавбангга таяб, бунгаям қаноат ҳосил қилмай, ёнидан қўймайдиган қалин журналига имзо қўйдиргандан сўнггина берадиган, кейин эса айни ушбу қоғозларнинг орқа томонидан ҳам тўла-тўкис фойдаланишларини эринмай назорат қиладиган Безбет бир куни эркаклар бадрафхонасида кимдир маълум мақсадлар учун олиб кириб, сўғин ишлатмасдан ташлаб кетган оппоқ қоғозни кўриб қолади-ю… Бўлди жанжал, бўлди тўполон. Ишхонамизнинг ҳар битта эркак ходими Раис томонидан “Нонкўрлик!” дея қатъий баҳоланган бу ишни ўзи қилмаганлигини билдириб, тушунтириш хати ёзиб берди. Айтишларича, Раисимиз худди шундай мақсадда, яъни “из тушмаган оппоқ қордай” қоғозни унинг тасарруфидаги идора ожизалари ҳалигиндай мақсадларда, хўш, дейлик, манзилсиз тарзда ишлатиб юбормаётганмикин деган хавотирда аёллар бадрафхонасига ҳам бир-икки бурун суқиб кўради, аммо тасодифан устига келиб қолган баҳайбат етакчи мутахассис Маша хола уни қилтириқ бўйнидан маҳкам чангаллаганча, касал жўжадай чийиллатиб кўтариб, “Сексуалний маньяк!” дея уч-тўрт қадам нарига отиб юборгачгина бу машғулотини бас қилади. Тўғри, раҳбарчамиз Маша холанинг ўзига тақаган лақабидан бир муддат ғурурланиб, гўё аслида ҳам ўзи шунақа одамдай учраган аёлга кўзларини ола-кула қилиб қараб юрди. Бироқ минг чирангани билан бу мавқега эриша олмаслигини ўзи ҳам англади шекилли, охири бу машғулотини бас қилиб қўя қолди.
Безбетнинг мантиқан изоҳлаб бўлмайдиган ажабтовур одатлари ҳам бор эди. Раҳбарнинг ишдан кейин кечки саккиз-тўққизгача тўрт рақамли ҳукумат телефонига қандай садоқат билан, ҳаттоки кабинети тўридаги бадрафхонага шамоллаб келишга ҳам чиқмасдан – худо кўрсатмасин, худди шу пайт телефон қилиб қолишса-чи! Иштонини кўтармасдан чопиб чиққан тақдирда ҳам улгурмай қолиши мумкин ахир! – термулиб ўтиришидан бохабар Безбет ички телефонга мана шундай мўлтираб қараб ўтиришни ўзига касб қилиб олди. Майли, билганини қилмайдими, аммо Безбет то ўзи кабинетни тарк этмагунча барча ходимлар иш ўрнида ўтиришлари лозимлигини шарт қилиб қўйди. Буйруқ билан. Бўйсунмаганлар… хуллас, аризасини ёзишлари мумкин, шу куннинг, йўқ, шу соатнинг ўзидаёқ. Ана томошаю, мана томоша! На илож, чидаймиз-да, кўпга келган тўй. Қилайин десангиз иш йўқ, газета-пазета ўқиб ўтирайин десангиз – қўрқасиз: сира кутмаган маҳалингиз Раис қанотлари ёзилган ваҳший калхат мисоли бошингизда чарх уриб қолиши ҳеч гап эмас. Қачон катта раҳбар кетади, кейин Раис. Ана шундан кейингина нарсаларни йиғиштира бошлашингиз ва яна ўша қалин журналга фалон соат, пистон дақиқада кетаётганингизни ўз қўлингиз билан қайд этиб, имзо қўйишингиз лозим. Тонг саҳарда Безбетнинг ўзи, худди сиз унинг арпасини хом ўриб кетаётгандек афтини буриштирганча эшик олдида яна ўша “қора дафтар” билан кутиб олади: яна “дастхату имзо”, бу сафар ўз қўлингиз билан ишга қачон келганингизни белгилаб қўясиз. Соат роппа-роса тўққизда журнал ёпилади, шундан кечикдингизми, тамом, дод-войингизни биров эшитмайди, Безбетнинг шахсан ўзи ҳузурига чорлаб, ярим соат-қирқ дақиқа сасийди, иш ва иш вақтининг дахлсизлиги, ҳатто муқададаслиги хусусида минғирлаб қайта-қайта маъруза ўқийди, кечикканингиз сабабини сўрайвериб одамни сил қилиб юборади; биронта гапингизга ишонмайди, биронта сабабни тан олмайди; на тўйни билади, на маъракани. Раисга денг, на касаллик варақаси ўтади, на шифокорнинг маълумотномаси, “Мен бунақанги туфта қоғоздан керак бўлса элликтасини олиб келиб беришим мумкин, лекин бу ишни қилмайман, нега?” дейди киприк қоқмайдиган баҳайбат кўзларини сизга тикиб. Ўзингизни оқлаш учун бир нималарни ғўлдирайсиз, “фидойи раҳбарсиз”, дейсиз, пўлатдай мустаҳкам соғлиғига ҳавас қилган бўласиз (“Э, худо, ёлғонни ўзинг кечир!”), ишга садоқатига тан берасиз, хуллас, иш керак экан, хушомад қиласиз, айбингизни тан оласиз. “Сизда масъулият деган нарсанинг “эм” ҳарфи ҳам йўқ, – дея суҳбат ибтидосига қайтади Безбет. – Чунки…” Яна пластинка бошидан бошлаб айлана бошлайди. “Дод” дед юбормаслик, қаршингизда дамо-дам юпқа лабларини ялаганча, сизни маънан эзиб, тамомила иродасиз касга, итоатдаги ижрочига айлантириб ташламоқчи бўлаётган Безбетни дунёдаги энг ифлос сўзлар билан сўкиб ташламаслик учун тишларингизни бир-бирига шу қадар қаттиқ босасизки, улар синиб кетгудай бўлади; ўз-ўзидан мамнунлиги барқ уриб турган заҳил башарани калтаклаб ташламаслик учун муштларингизни шу қадар қаттиқ сиқасизки, улар қисирлаб кетади… Одатда, “тарбиявий соат” тугагандан сўнг Раиснинг кабинетидан бир лаган лойдай бўшашиб, бор қувватингиздан айрилиб чиқаркансиз, яна бир бор бундай мулоқотга учрагандан кўра идора ёнида тонг оттириб бўлса ҳам ишга вақтида келганим маъқул деган узил-кесил қарорга келасиз. Шуниси беҳроқ…
Зўрданам зўр чиққанидан кейин, биринчи зўр думини қисиб қолавераркан. Безбет Раисимиз ҳатто Нигилист хонимни ҳам тавбасига таянтирди. Шўрлик аёл болаларини спорт ёки мусиқа мактабига олиб бориш учун тиз чўкиб жавоб сўрарди ҳисоб. Шундаям Раисимиз таслим бўлмасди: “Сиз ишдан жавоб сўраб кетсангиз-у, йўлда бир нима бўлиб қолса, мисол учун сизни машина уриб кетса, ким жавоб беради?.. Йўқ, шопир эмас, мен. Мен. Менга шу керакми, а? А?..” Ўзим кўрганман: ақалли бир соатга ҳам жавоб ололмаган Нигилист хоним Раиснинг хонасидан қон-қон йиғлаб чиқар ва телефонга ёпишиб, оз сонли таниш-билишларига ялиниб-ёлворишга тушарди: “Ўтинаман… қулингиз бўлай… ҳамма кирларингизни ўзим ювиб бераман… уйдаги пардани ола қолинг, менга керак эмас… фақат… фақат сездирманг, силталаманг боламни… Ўзим келдим, денг, ўз ихтиёрим билан келдим, денг, ойингга ўзим телефон қилдим денг… Яхши кунларингизда хизматингизни қилай…” Булардан ҳам ёруғлик чиқмаган тақдирда эса аёл титраб-қақшаб “бу одам”га қўнғироқ қиларди: “Нима бўлсаям улар дарсдан қолмасликлари шарт! Шарт! Ахир уларам бу одамнинг болалари-ку…” Болаларнинг дарсни қолдириши эҳтимоли жувон учун чидаб бўлмайдиган даражада фожиа, охирзамон эди.
Бундай кунлари Нигилист хонимнинг вужудигина иш столида ўтирар, адойи тамом бўлган, қариб кетган беҳис вужудигина хонама-хона судралиб юрар, руҳи-қалби эса болаларининг ёнида, спорт ёки мусиқа мактабида бўларди. Ўзим кўрганман: шундай азобли кунларнинг бирида йўлакдан ўшшайиб ўтаётган Раисни кўриб қолган Нигилист хоним юзига сув сачрагандай бирдан сесканиб кетди, ўрнидан отилиб туриб Безбетга шу даражада нафрат ва ғазаб билан боқдики, чин сўзим, айни сонияда бу аёлнинг қўлида пичоқ бўлганида эди, ҳеч иккиланиб ўтирмасдан уни Раиснинг қорнига шартта тиқиб олган бўлар эди. Йўқ, мана, ахийри онг юракдан устун келди ва балки кўзининг оқи-қораси бўлган зурёдлари келажагини ўйлаган Нигилист хоним шоша-пиша нигоҳини қуйига тикди…
Тўғри, қачонлардир бир пайтлар Безбет билан бир хонада ўтирган, бирга иш бошлаган Шиғирчи тобора ҳукмдорлик мазасидан тотиниб, ҳаддидан ошиб бораётган Раиснинг ҳузурига киришга, айрим масалаларни ётиғи билан тушунтиришга уриниб кўришга ўзида маънавий ҳуқуқ бор деб ўйлади ва охир-оқибат шундай йўл тутиб ҳам кўрди. Яъни, катта ака, деди Шиғирчи эҳтиром билан, жуда улуғ-улуғ ишлар қилаяпсиз, ғайратингизга ҳаммамиз тан бераяпмиз, бунданам юқори вазифаларга муносиб эканлигингизга ҳам ишонч ҳосил этаяпмиз; айни пайтда, кичкина бир мулоҳаза бор эдики, океан ортида олиб борилган айрим илмий тадқиқотларга кўра, эрталабки соат тўққиздан кеч олтига довур иш ўрнида бўлган ходимнинг меҳнати самарали ҳамда сифатли бўларкан, шундан кейин, айниқса соат саккиз-тўққизгача жойида қадалиб ўтирган ходим эса ҳам жисмонан, ҳам руҳан чарчаркан, табиийки, бундай ҳолда эртанги ва ундан кейинги кунги ишларда на унум бўлади ва на барака; ижодкорлик ва изланувчанлик борасида-ку, гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Шундай экан, катта ака, агар рухсат этсангиз, сиз билан – қонун доирасида албатта – ходимларингизга озгина эркинлик бериш масаласини муҳокама қилайин деган ниятда…
Гап шу ерга келганда ҳалидан буён қовоғини уйиб ўтирган Безбет собиқ ҳамхонасига чақчайиб қарайди, “Эркинлик?” деб сўрайди мазахомуз, сўнг бош бармоғини иккала бармоғи орасига тиқади ва шартта Шиғирчининг бурни тагига олиб келади: “Мана сенга эркинлик!”. Изза бўлган, иссиғи чиқиб кетган Шиғирчи шу заҳоти иккинчи ҳужумга рўбарў бўлади – Раис ғаладондан қалингина ҳужжатни олиб, гўё тит-питини чиқариб ташламоқчидай уни аёвсиз силкитаркан: “Бизда иш не нормированний! Не нор-ми-ро-ван-ний! – дейди бўкириб. – Кимга ёқмаса, ана, катта кўча. Ҳеч кимни мажбурлаб ушлаб турганим йўқ, ушлаб турмайман ҳам! Даже сениям!”
Ер билан битта бўлган Шиғирчи энди ўрнидан туриб, бу ердан тезроқ қорасини ўчиришга чоғланаётган маҳал учинчи, ҳал қилувчи зарбага дучор этилади – Раис кўрсаткич бармоғи билан шифтга ишора қилади ва ҳатто ҳафтафаҳм одамга ҳам аён маънодор оҳангда садо беради: “Бу гапни ўзларига айтишим керак! Ҳозироқ!”.
Кабинетдан ўқдай отилиб чиққан Шиғирчи уч-тўрт кун ўзига келолмай, нимадандир хавфсираётгандай атрофга қўрқиб-пусибгина аланглаб юрди.
Дарвоқе, Безбет бу қуролини қачон ишлатишнинг роса ҳадисини олган эди. Пайшанбалик паловлар ҳам барҳам топиб, кунимиз ора-сира чақириб қолинадиган ошларга қолган эди. Бир куни шундай наҳорги ошлардан бирида Безбет билан бир столда ўтириб қолдик. Сал кечроқ келган эканмизми ё тўй эгаси мўлжални нотўғрироқ олганми, балки хизмат яхши йўлга қўйилмагандир, ишқилиб, таомни бир муддат кутиб қолдик. Шунда, раҳбарнинг олдида жимгина ўтириш лозимлиги ёдидан чиқдими ёки ҳадеб ҳўриллатиб чой ичавериш жонига тегдими, ҳайтовур, кутилмаганда Орзуманд (биз бу банда хусусида қуйироқда тўхталамиз) ҳозирги гуручларнинг димланганда шишмаётганидан нолиб қолди. Гапига қараганда, аввал икки коса гуруч солса қозони тўлиб кетаркан, энди эса уч коса солишга мажбур бўлаётган экан. Бекорчиликда бу ҳам гап-да, деган ўйда биз ҳам бу мавзуни давом эттирдик. Ҳа, дезвира ҳам аввалгига ўхшамайди, “Аланга” дегани чиққан, ҳар қанча сув солсангиз ҳам оловда куйдириб олингандай шишмай тураверади; тунов куни менга “хоразм гуручи” деб сотганлари асли шу атрофда етиштирилган жайдари навга ўхшайди, аввалги хоразм гуручларига ўхшамайди… ва ҳоказо.
Билмадик, жим ўтирмаслик, ҳангомани улаш учунгина айтилаётган, бу гапларда қандай тагмаъно бор экан, бироқ кутилмаганда ранг-қути ўчиб кетган Безбет Раисимиз шартта ўрнидан турди-да, кўрсаткич бармоғини кўкка бигиз қилганча: “Мен бу гапларни ўзларига бориб айтишим керак”, дедию, шипиллаб кетди-борди. Анграйиб қолавердик.
Ахийри шерикларимиздан бири шифтга ишора қилиб, “Камера” деб шивирлади. Биз кўз остидан бир амаллаб тепага қарадик. Дарҳақиқат, шифтда, қандил ёнида яшил шишагами, чироққами ўхшаш нимадир йилтираб турарди. Биз ҳали ўзимизга келиб олмасимиздан бурун яна бир шеригимиз ошиғич ўрнидан турди ва бўйнини чўзиб ўша ёққа қараганча бурро-буро қилиб: “Мен Фалончи Пистончиевичнинг бу ерда бўлаётган гап-сўзларга алоқам йўқ”, деди ва хайр-хўшниям насия қилганча шартта жўнаворди.
Ноқулай аҳволда қолдик. Ҳатто Орзуманднинг шоша-пиша “Келинглар, уят-уят гаплардан гаплашайлик” деган одатдаги таклифини киритиши ҳам бу ўнғайсизликни бартараф этолмади.
Ош олиб келишди, аммо ўша куни биз ош емадик, ош бизни еди…
Хайрият, бўлимимизда чирсиллаб турган асабий муҳит узоқ давом этмади: яширин дуоларимизу илтижоларимиз ижобат бўлдими, кутилмаганда Безбет Раисимиз қовун тушириб қўйди.
Ўша пайтлари ишхонамиз яқинидаги қаҳвахонада дунганлар ғалати усулда пиширадиган балиқ машҳур бўлиб кетганди. Таомнинг номи қовурилган балиғ-у, аммо зўлдир шаклида, баайни эрта кўкламда териб олинган пишган тутдай, яна денг, қилтиғи йўқ, оғизда эриб кетади.
Хуллас, “в.б”ми, “в.в.б”ми раҳбаримизнинг уйига нозик ҳам гапми, ўта нозик меҳмон келадиган бўлиб қолибди. Табиийки, бизнинг Безбет Раисимиз елиб-югуриб хизматда бўлган ва қатор топшириқлар қаторида қовурма балиқдан келтиришни ҳам зиммасига олган.
Тўкин-сочин дастурхон атрофига ўтирганлари маҳал ўта нозик меҳмон алламбало идишда турган балиққа ишора қилган ва нозик жилмайиш ила лутф этганки: “Бу мўъжизанинг муаллифи ким?”. Кўрмаганнинг кўргани қурсин-да. Бизнинг Раис ҳам камтаринлик ила “Дунганларнинг қаҳвахонасидан олиб келдик”, деса бўларди. Аммо хўжайини ёнида янада кўпроқ обрўга эга бўлиб қолиш истагида ёнаётган Безбет шоша-пиша: “Сиз учун ўз қўлим билан тайёрладим. Шуни тайёрлаш учун кечаси билан ухламай чиқдим”, дейди. Ҳозиргина жилмайиб турган ўта нозик меҳмон бирдан жиддий тортади, сўнг алланечук совуқ оҳангда: “Мен одамларнинг ўзим учун бунчалик овора бўлишларини истамайман. Умуман, миннатли балиқдан қаттиқ нон яхши”, дейди ва дастурхондан бир бўлак нон олиб оғзига солгач, фотиҳа қилишга, ўз маконига қайтиб кетишга шошади, мезбоннинг ялиниб-ёлворишларига қулоқ осмайди…
Ноилож ўта нозик меҳмонни кузатиб келган “в.б”ми, “в.в.б”ми раҳбар бутун ғазабини Безбет Раисга сочади…
Раис эртаси куниёқ ўз ихтиёрига кўра амалидан кетди. Аммо бироз хўжайинлик қилиб, мазахўрак бўлиб қолган эканми, Безбет курсисига қайтадан жойлашиб олиш учун роса ўлиб-тирилиб ҳаракат қилди, катта хўжайиннинг ҳузурига зир қатнади, у ердан ҳар сафар орқасига ўхшатиб тепки еб қайтавергач, орага не-не одамларни қўймади. Ахийри тоқати тоқ бўлган хўжайин икковлон ёлғиз қолган маҳал “Агар яна воситачи ёки элчи жўнатадиган бўлсанг, бира тўла думингни тугаман!” дея ўшқириб берганидан сўнггина Безбет мақсадга эришишнинг бу усулидан воз кечиб, бошқача йўлдан боришга қарор қилди. Безбет атрофига ҳамфикрларини тўплай бошлади, айримларни эса келгусида амалга кўтариш ваъдаси билан ёнига чақириб олди. Хуллас, асли Безбет раҳбарчамиз тез орада Аламзада Безбетга айланди-қолди. Унинг эс-ҳуши нима қилиб бўлса ҳам хўжайинни йиқитиш ва ўша оҳанрабоси бор курсига қайта жойлашиб ўтириш эди. Бир ўтириб олса бас, бу сафар уни ҳеч ким силжитолмайди, энди тажрибаси мўл, унча-мунча рақибни писанд этмайди. Мана шу катта мақсади йўлида Безбет Аламзада собиқ қўл остидаги ходимларининг ўзига истеҳзоли боқишларига ҳам, унга эшиттириб “от айланиб қозиғини топди” қабилида учирма гапларига ҳам бетининг терисини янада қалин қилган кўйи чидаб келарди. Муҳими – мақсадига етиб олса бас. Мақсад воситани оқлайди. Ғолибларни суд қилмайдилар. Безбет Аламзада ҳатто чеккароққа чиққан маҳали орқасидан етиб келган Нигилист хонимнинг “Ўл бу кунингдан, жинқарча! Ўзинг аяган туалет қоғозидан фарқинг қолмабди-ку, сениям ишлатиб бўлиб, отиб юборишибди-ку!” деган аламли ҳақоратини ҳам ичига ютди, боплаб ўч олиш фурсатини кейинроққа, яна амалдор бўладиган даврига сурди: “Ҳали ҳамманг кўрасан мендан, ҳамманг!.. Сен биринчи бўлиб… Сен…”
Ишхонамизда узоқ йиллардан буён яна бир киши меҳнат қилардики, бу зот хусусида алоҳида тўхталиб ўтмасак бўлмас. Бу – ўзининг яхши одам эканлигини жуда яхши биладиган Яхши Одам эди.
Мудом қуюқ мўйлови тагидан тилла тишларини йилтиратиб намойиш қилганча илжайиб турадиган бу бандани бир, икки, уч кўрган киши дунёдаги энг бахтли инсон шу бўлса керак-ов, деган тахминга бориши тайин эди. Бу тахминнинг аллақачон кўпчилик, ҳаттоки ишхонамизнинг аксарият ходимлари томонидан мутлоқ ҳақиқат сифатида эътироф этилиши ҳам бор гап эди. У ҳақида гап кетганда одатда аввал ягона ташхис янграрди: “Яхши Одам-да”. Сифатлар эса кейин айтиларди: “Чумолигаям озор бермайди бечора… Ўйлагани савоб иш… Билимдон… Меҳрибон… Куйинчак… Ҳамма билан хушмуомала… Бировнинг дардини эшитса, юраги оғриб қолади… Кў-ўп ўқийди… Кў-ўп нарса билади… Бировнинг сирини ўлақолсаям бошқага ошкор қилмайди…”
Ваҳоланки, гарчанд анча йиллар шундай чўпчакларга сидқидилдан ишониб яшаган, Яхши Одамни ғойибона бошимга кўтариб юрган бўлсам-да, – илло, ошкор этилган ҳурмат-эҳтиром ўз оҳорини йўқотади, туссизлашади, деб ҳисоблайман – унинг аслида кимлигини ишхонада фақат мен билардим. Ҳа, ҳаёт ҳақиқати бу: ўзининг яхши одам эканлигини билган яхши одамдан қўрқ.
Ўшанда… Яхши Одам билан бир хонада ишлаб ўтиргандик. Шундай инсон билан бир ҳаводан нафас олиш бахтидан масрур ҳолда эдим, юмушим ҳам кайфиятимга мутаносиб тарзда жадал илгарилаб кетаётганди. Хонага ёши тахминан қирқлардан ошган, сўлғин аёл кириб келди. Табиийки, Яхши Одам дарҳол ўрнидан туриб аёлни Яхши Одамга хос иззат-ҳурмат билан кутиб олди, журнал столи ёнидаги юмшоқ курсига ўтқазди, мени хижолатларга солган кўйи меҳмонга бир пиёла чой узатишни ҳам унутмади ва ана шундан сўнггина мулойимлик билан ташриф сабабини сўради: “Келинг, синглим”. Бундоқ самимий муомалани кутмаганми, аёл аввалига сал эсанкираб ҳам қолди, кейин, ўзига келгач эса тутила-тутила, қизариб-бўзариб… Шиғирчимизни сўради. Шўъбамизнинг етакчиси сифатида Шиғирчини қайгадир хизмат сафарига юборган Яхши Одам мулойим жилмайган кўйи иккинчи саволни берди: “У кишига бирон хизмат бормиди, синглим?” Камтарликни қаранг, “менинг қўл остимдаги ходимга” ёки оддийгина қилиб “Шиғирчига”га демади, “у кишига” деди. Аёл тўлиб турган эканми, бирдан йиғлаб юборди ва кўз ёшлари аралаш энтикиб-ҳиқиллаб, ўта чалкаш тарзда, бири тоғдан, иккинчиси боғдан келган жумлалар билан пойинтар-сойинтар тарзда гапириб кетди… Хуллас, агар бу ҳаяжонли довдирашларнинг барча ортиқча ўринларини олиб ташлаб, мухтасаргина ҳолига келтирганимизда шу нарса аён бўлдики, аёлни эртага оғир, аниқроғи деярли умидсиз операция кутаётган экан. Шунга, аёл имкон топиб, бир пайтлар ўзи институтда бирга ўқиган Шиғирчи билан кўришмоқчи (“видолашмоқчи” деса тўғрироқ бўлар) экан. Дарҳол англадим: қаршимда Шиғирчининг талабалик йилларидаги суюклиси ўтирарди. Ўша, бурчак-бурчакларда Шиғирчига ўпичлар бериб юргани ҳолда таълим адоғида унинг энг яқин жўрасига тегиб кетган суюклиси… Аёл йиғлашдан тўхтаб, ора-сира энтикиб қўяётган маҳалгина бошимни кўтариб, бемисл азоб-уқубат, изтироб, пушмонлик аралаш ўкинч ва айни пайтда ҳеч бўлмаса ҳаётининг сўнгги дамларида нимагадир журъат қилганлиги, ҳар қанча шармандалик ботқоғига ботирмасин, ҳар қанча лаънату қарғишларга мустаҳиқ этмасин, энди бу шахдидан қайтмаслиги сезилиб турган кўзларга оний сонияга қарай олдим, холос. Сўнг мен биринчи бўлиб кўзларимни олиб қочдим. Ё раббий, мен буларнинг барини англашдан бурун ҳис қилдим. Зеро қаршимда елкасига урилаётган ажалнинг совуқ нафасини сезгани ҳолда эҳтимол ҳаётида илк ва сўнгги бор телбавор қадам қўяётган, дорил фанодан дорил бақога шу кунга қадар дарди дунёсини қоронғи қилиб келган армон азоби билан кетмасликни ихтиёр этган Аёл турарди. Муаллифи ёдимда йўқ, аммо роса топиб айтилган ҳикмат бор: аёл барибир муҳаббат жасорати борасида эркакдан устун туради. Билҳақиқат, шундай…
Шубҳасиз, Яхши Одам мендан бурун аёлнинг аҳволини тушунди ва мулойим гаплар билан албатта Шиғирчини топишини ва шифохонага йўллашини айтиб, аёлнинг вайрона кўнглига умид ниҳолларини эка бошлади. Бу қадар меҳрибонликдан кўзларимга ёш келди, ҳеч чидай олмасдан йўлакка чиқдим, самимий мулоқотга халал бермай деган ўйда ҳовлига ўтиб, ярим соатга яқин бемақсад тентиб юрдим.
Қайтиб хонага кирганимда Яхши Одам қунт ва ихлос билан ишлаб ўтирарди. Яхши Одамга қараб миннатдорона бош ирғаб, жилмайиб қўйдим, бунга жавобан Яхши Одам ҳам худди шундай қилди. Яйраб кетдим. Мана ҳақиқий эркакча суҳбат. Мен минғирлаб “Аёлга қандай ёрдам бердингиз?” деб сўраб ўтирмадим, Яхши Одам ҳам ўзининг яхшилиги тўғрисида ҳижжалаб гапириб бериш ноқулайлигидан халос бўлди.
Олам гўзал…
Кўнглимни сал хира қилиб турган ҳолат Шиғирчи билан аёлнинг кўз ёшларига ғарқ бўлиб видолашишлари эди, албатта. Бироқ бу тақдир, биз бандаларнинг қўлидан нима ҳам келарди. Балки шундан кейин Шиғирчимиз қайсидир шоир қон билан ёзган “Ишонаман, бу айрилиқнинг Висоли бор олдинда ҳали” деган сатрларини ўқишга ўтар. Балки шундан кейин Шиғирчимиз ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошлар. Балки…
Шу кайфият таъсирида эртаси куни ора-сира Яхши Одамга миннатдорона боқиб қўйган кўйи кечгача сарғайиб Шиғирчини кутдим. Нимагадир у келмади. Наҳот учрашув шунчалик чўзилиб кетган бўлса деган гумонда ишдан чиқиб, шифохонага бордим. Қабулхонада аёлнинг операция столида вафот этганини айтишди. Кўнгил сўраб қўяй деган ниятда Шиғирчига қўнғироқ қилсам… у ҳали ҳам сафарда юрган экан. Нимагадир аёл ҳақида гапиролмадим.
Эртаси куни Яхши Одам одатига кўра мени қуёшдай чарақлаб кутиб олди. Минг истиҳола билан воқеани айтдим. Яхши Одамнинг бир туки қилт этмади. Аксинча, меҳрибонлик билан елкамдан қучиб олиб, самимий оҳангда тушунтирдики, “Укажон, сиз ҳали ёшсиз, ҳаётни билмайсиз, тажрибангиз кам. Мен узоқ йиллик ҳаётим давомида бир ҳақиқатга қаттиқ ишонч ҳосил қилганман: аралашмаслик, аралашмаслик ва яна аралашмаслик. Яъни, нейтраллик. Мана шу менинг ҳаётий позициям. Тўғри, кеча аёлнинг гапи менгаям қаттиқ таъсир қилди, ҳатто юрагим ачишиб оғриб кетди, иккита валидол ҳам еб олдим, лекин мен ўз принципимдан оғишмаган ҳолда бу ишга аралашмасликни маъқул кўрдим. Нега? Хўп, бегона бир аёлга ачиниб, шоша-пиша Шиғирчини чақирдим ҳам дейлик. Лекин Шиғирчининг кўз очиб кўргани-чи? Фарзандлари-чи? Нега энди уларни ўйламаслигим керак? Уларнинг айби нима? Қолаверса, Шиғирчининг ўзи-чи? Унинг кўнглини вайрон қилишдан муддао не? Демак, бир четда жимгина туриш керак, вақт ҳаммасини ўз ўрнига қўяди”. Мен ҳеч нарсани тушунмадим. Шу боисдан, вақт ҳамма нарсани ўз ўрнига қўйиб бўлганини, жувон кеча вафот этганини айтдим. Яхши Одам кўзларига ёш олди, пичирлаб дуои фотиҳа қилди, “Жойи жаннатда бўлсин”, деб қўйишни ҳам унутмади, шундан кейин ғамгин оҳангда деди: “Яратганнинг иродаси. Ўзи берган, ўзи олади… Буни Шиғирчига айтмай қўя қолайлик, ўзи эшитиб қолса бошқа гап…” Шиғирчига нима ҳам дердим, қайси юз билан айтардим? Индамадим. Аҳволимни сезди шекилли, Яхши Одам қимматли маслаҳатини берди: “Бошимдан ўтган, тушунаман, оғир. Сиз яхшиси овлоқроқ жойга, мисол учун ҳожатхонага ўтинг-да, ўзингизни қаттиқ силталаб ташланг. Шунда вужудингизга ёпишиб олган барча ташвиш-қайғулардан, кераксиз муаммолардан фориғ бўласиз. Ўзиям онадан қайта туғилгандай бўласиз…”
Ўзим кўрардим: шу воқеадан кейин ҳам Яхши Одам ҳар куни яйраб-яшнаб, чиндан ҳам онадан қайта туғилгандай табассумларга кўмилиб кириб келарди, ҳамма билан иссиқ-иссиқ сўрашиб чиқарди, аёлларга хушомад қилиб қўйишни ҳам унутмасди, шундан сўнггина янада шодмон, ўз ҳаётидан мамнунлик ифодалари шундоққина юзида барқ уриб турган ҳолда ишга ўтирарди. Бир кунда неча марта овлоққа, мисол учун ҳожатхонага ўтиб, ўзини силталаб ташлар экан бу банда?..
Биринчи имконият туғилиши билан бошқа хонага ўтиб кетдим. Бундан воқиф бўлган Яхши Одам кўп афсус чекди, келиб маҳкам қучиб қўйди, елкаларимга шапатилади, бўйнимни уқалади, менга жуда ўрганиб қолганини, гарчанд бир бинода ишласак-да, барибир соғинишини бот-бот такрорлади, шундан сўнг қандай бахтиёр чеҳрада кирган бўлса, шундай чеҳра билан хонадан чиқди. Ҳамкасбларим ҳайрат билан бошларини чайқашди: “Нақадар буюк-а бизнинг Яхши Одам! Қаранг, сиздай бир… оддийгина одамни ҳам ҳам атай ўзи келиб зиёрат қилиб кетаяпти, бўлмаса шу гапларни коридор-поридорда лутф этса ҳам бўларди-ку. Йўқ, шахсан ўзи келади, шахсан ўзи айтади, шахсан ўзи ҳурматини изҳор этиб кетади… Гап йўқ лекин… Шу одамнинг хотинининг армони бормикан…”
Ваҳолаки мен Яхши Одамдан қўрқиб қолгандим. Уни кўрсам бас, ич-ичимдан қалтироқ турарди… Ҳатто Безбет Раис ҳам мени бунчалик қўрқувга солмасди…
Техникадан сал-палгина хабари бор киши аксарият жиҳозларда етакловчи ва етакланувчи механизмлар бўлишини билади, албатта. Хуллас, идорамиз Муовини мана шундай етакланувчи механизмлар сирасига кирарди. На бирон-бир ташаббус кўрсатадиган, на бирон ишни мустақил ҳал қиладиган Ўринбосар бир умр етакланиб юришга эҳтиёж сезадиган ижрочилардан эди. Раҳбарлар алмашарди, Муовин қолаверарди. Энг асосийси, Муовинда ҳар бир раҳбарнинг талаб-истакларига, хоҳиш-иродасига тўла-тўкис бўйсуниш салоҳияти бор эди. Ўринбосар гўё юмшоқ пластилин эди, ҳар бир раҳбар ундан ўзига керакли шакл-шамойилни ясаб оларди. Айни пайтда ўлгудай қўрқоқ ва эҳтиёткор Ўринбосар моддий масалаларга аралашасликни афзал кўрарди, имзо ҳуқуқидан бир йўла ва бутунлай воз кечганди, шу сабабли энг оддий буйруқ ёинки тўлов қоғозини кўтариб бошлиқнинг ҳузурига йўртарди. Муовин бирон мутахассисни ишга ололмасди – бошлиқнинг оғзига қарарди, ҳатто фаррошни ҳам ишдан бўшатолмасди – яна муте тарзда бошлиқнинг амрини кутарди. Хуллас, Муовин – ҳокимиятсиз ҳоким эди. Аммо ўта садоқатли эди, хўжайинининг чизган чизиғидан чиқишни хаёлига ҳам келтирмасди…
Ҳа, майли, бундай бечораларга кўп тўхталиб ўтирмайлик; илло, ундайлар ҳамиша бўлиб келган, ҳозирам бор ва бундан кейин ҳам бўлади.
Мана, бугун ҳавоси чиққан шардай шалвираб қолган, ишга киришган кезлари эса ўтли дамига ош пишадиган “в.б.”ми, “в.в.б”ми раҳбар фаолиятини қурбонлик излашдан бошлади ва топди ҳам. Буни қандай эплаган, ҳатто тасаввур этишнинг ўзи ҳам мушкул, аммо фаолиятининг дастлабки йигирма тўрт соатининг ичидаёқ у Карис холадан ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшаш тўғрисидаги ариза олган. Бунга ақл бовар қилмайди: ҳам иш юритувчи, ҳам котиба, ҳам барчанинг беминнат ёрдамчиси бўлган, кечаси уйғотиб сўрасангиз ҳам фалон буйруқнинг писмадон бобини ёддан айтиб берадиган Карис хола-я! Шундай тилла иш юритувчисиз ишни юритиб бўладими? Бу нохуш хабарни эшитганимиз маҳал кўпчилик довдираб қолганлиги қанчалик рост бўлса, умрининг деярли ўттиз йилини шу муассасада ўтказган Карис холага меҳнат дафтарчаси почтадан, буюртма хат орқали юборилганлигидан воқиф бўлганимизда ундан ҳам ортиқ киши эсанкираб қолганлиги шунчалик ҳақиқат. Илло, недандир дили оғриган шекилли, Карис хола дафтарчасини олишга келмади. Тез орада эса холанинг ўз тарихий ватанига жўнаб кетганлигини эшитдик. Биз анча пайтгача холанинг “Наполеон” торти ва чим-чимларини тамшаниб эсларканмиз, охир-оқибат “У хотин пишиқ. Олдиндан ҳаммасини ими-жимида битириб қўйиб юрган-да, шунинг учун “жон-жон” деб биздан бўшаган, бўлмаса-ку…” қабилидаги мантиқий хулосамизни очиқ-ошкор айтардик.
Куйди-пишди Карис холамизнинг ўрнига ишга олинган жафокаш Котибага эса – дарвоқе, булар “в.б” бошлиқ бўлган аввалги идорада бирга жавлон уришган экан – анча маҳал ўрганолмай юрдик. Селитра бериб ўстирилган рисоладаги қовундай-қовундай катталикдаги кўкракларининг ярмини очиб юрадиган, энгашган чоғлари бу очиқлик тўртдан уч қисм даражага етадиган, танасининг шу узвидан мутаассибларча фахрланадиган ингичка қош Котибанинг бўш вақти – Карис холамизга нисбатан олганда – шу қадар кўп эдики, у кун бўйи ва бемалол ишхонадаги аёллар билан валақлашиб ўтиравериши мумкин эди. Ажабки, тинмай сотилаётган гап мавзуи аксар ҳолларда аёлларнинг киндигининг тепасию бўйиннинг пастидан унча узоқлашмас экан. “Менга ўхшаб олтинчи размер лифчик тақиб юрадиган бир хотинга бир эркак суйкалаверибди-суйкалаверибди, – дея ҳикоя қилибди у иш бошлаган дастлабки кунларнинг ўзидаёқ. – Безор бўлган хотин “Сенга шу керакми?” дебди-ю, шартта шилқим ухажёрнинг устига ётиб олиб, кўкракларини унинг юзига қаттиқ босиб олибди. Шунда нафаси қайтиб кетган ҳалиги эркак бир-икки “пих-пих” қилибди-да, ўлибди-қолибди!”. Табиийки, бу ҳангома шу соатнинг ўзидаёқ ходималар томонидан эркакларга ошкор этилди. Биз дастлаб ҳатто бу ишни Котибанинг ўзи амалга оширмаганмикан, деган гумонларга ҳам бордик ва қотиллик қуролига хавфсираб қараб-қараб юрдик. Аммо тез орада қачонлардир ер тагида қимирлаб қўйган илонни ҳам аниқлаб олишга қодир ходималаримиз мазкур воқеа олис ва қоронғи ўтмишда, аёллар ҳали сийнабанд тақишни ўрганмаган кезлари, ўрмонли Россиянинг одам оёғи етмас бир хуторида, шаҳватпараст помешчик хонадонида рўй берганини аниқлашди. Орада Шиғирчимизнинг навбатдаги зиёфатда “Кўзларимни қиймалар Асли қотил сийналар” деб бошланадиган ижод намунасини ўқигани қолди.
Жафокаш Котиба билан биргаликда ишхонамизга турфа ўткир бўйлар кириб келди. Уларнинг хушбўйлиги борасида баҳс юритиш мумкиндир, аммо ўткирлиги аниқ эди. Айниқса Котибамиз бирон нимани гапирган чоғида сўзлар моддийликка, ўткир бўйларга айланиши ажабтовур эди. Аввалига буни биз тушунмай юрдик. Алоҳа ишхонамизнинг жами жумбоқлари ечимини жуда тезликда аниқлаб олиш салоҳиятига эга ҳамкасаба ровияларимиз андоғ ривоят қилдиларким, аввалги юмушхонасида, худди шундай лавозимда меҳнат қилиб юрган пайтида… кечирасиз-у, бир ўринлик аёллар ҳожатхонасига кирган ходима нечукдир эшикни ичкаридан қулфламасдан ялпайиб ўтирган Котибанинг хижолатга тушиб қолганини кўради-ю, лутф айлайдики: “Сира безовта бўлманг. Бу ердан гуркираб гул ҳиди келиб турибди. Сиз ўзингиз шу қадар хушбўйсизки, сизнинг ҳатто… – хўш, бундайроқ тилда айтадиган бўлсак, “ўша нарсангиз” – ҳам хушбўй”. Мақтов кимга ёқмайди, дейсиз. Хуллас бу аёлнинг – дарвоқе, тез орада у бўлим мудиралигига кўтарилади – мойдай ёқиб кетган ширин сўзларини том маънода тушунган Котиба энди ўткир-ўткир атирларни устига кўлоблатиб қуйиш билан кифояланмасдан, улардан… оз-оздан ича бошлайди ҳамки, токи… Ҳа, биз бўлсак мухлислар мисол учун Майкл Жексон ёинки Бритни Спирснинг тупуриб ташлаган сақичларидан тортиб нажосатларигача сувли идишларда авайлаб сақлашлари сабабини билмай, ўзимизча уларни томлари кетган тентаклар деб юрамиз. Мана гап қаерда экан. Хушбўй-да, хушбўй…
Аёллар билан ғийбатлашиб ўтирган маҳаллари Котибамиз: “Мен аввалги идорамизга келган не-не балоларга мана шу жафокаш кўкрагимни тутиб берганман. Шунинг учун ҳам хўжайин мени яхши кўрадилар, шунинг учун ҳам мени бу ерга ўзлари чақириб олдилар”, деб мақтанган эмиш. Хўжайиннинг Котибани яхши кўриши аниқ, бунга ҳеч ким шак келтиролмайди, аммо, қизиқ, улар қандай балолар эканки, ўша жойдан нарига ўтолмайдиган…
Эмишки, эркак билан аёлнинг тупроғи ҳар жойдан олинармиш. Бу гапга ишониб бўлмайди-ёв. Бизнингча, тупроқ бир жойдан олинади ва эринмасдан “бу эркак учун”, “бу аёл учун” қабилида ажратиб ўтирилмайди. Айниқса кўп нарсалар аралаш-қуралаш бўлиб кетган бизнинг замонда баъзан бу тупроқлар чоғишиб ҳам кетади. Бундай деяётганимнинг сабаби бор. Биз билан ўзини ўзи мақташга суяги йўқ Орзуманд банда ишларди. Бирон хушрўйроқ аёл зоти иш билан ҳузурига келиб кетсаям ўзини тенгги йўқ Дон Жуан ҳисоблайдиган, шу туйғу таъсирида жойида ўтиролмай, типирчилаб қоладиган, бу ҳолга ҳеч ким эътибор бермаган тақдирда эса ўрни келса-келмаса “ҳи-ҳи”лаб, “Келинглар, уят-уят гаплардан гаплашайлик” деган доимий таклифини ўртага ташлайдиган, сўнг, бирон мардум ундан ҳеч нима сўрамасаям лаззатдан кўзлари сузилганча яқиндагина, икки-уч кунгина бурун, ҳаттоки кеча кечқурун рўй берган ишқий саргузаштини ҳаяжон билан сўзлаб беришга тушиб кетадиган бу бандани силталаб ташлашга ёинки – худо кўрсатмасин! – ёлғончиликда айблашга нечукдир журъат этолмасдик. Ўзиям шунчалар энтикиб-тўлиқиб, кўзлари чақнаб, титраб-қақшаб, бармоқларини бурдалаб, юзи илк бор бу синоатдан бохабар бўлган маъсум йигитчаники янглиғ ўтдай ёниб, айни пайтда завқ-шавқ, илҳом ва – энг асосийси – эшитган кишини мафтун этиб қўядиган дилбар самимият билан сўзлардики, баайни ҳар бир нуқта-вергулига қадар маълум ва аён латифани юзинчи бор эшитаётганини билиб турган, бундан ғаши келаётган, шунга қарамасдан, сўнгги жумлани эшитган маҳал беихтиёр яйраб қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборган тингловчи мисоли айниқса воқеанинг якуний қисмини мароқ аралашган аллақандай ички ғайирлик етовида жон қулоғимиз билан тинглашдан ўзимизни тийиб туролмасдик. Ҳар қандай самимиятда инсон онг-шуурини, қалбини ва ҳаттоки совуқ мулоҳазакорлигини ўзига банди этиб қўядиган буюк куч мавжудлигига биз мана шу ўлардай ўтрикчи Орзуманд тимсолида имон келтирардик. Ўзиям ёлғонни, айрим ҳолларда эса йўқ пашшадан фил ясаб ташлашни бопларди-да қурғур. Дейлик, автобусда бирон сулув аёл – аёл албатта гўзал бўлиши керак эди, кўнгли нозик биродаримизнинг тасқараларга тоби йўқ эди; ўзининг, тўғрироғи Чехов деган ёзувчининг таъбири билан айтганда, “қурбақага шакар сепиб беришса ҳам емасди” – салгина жилмайиб қараб қўйса бас, илҳомланиб-жўшиб кетган Орзуманд кейинги бекатга қадар жувонни қучиб, қайноқ бўсаларга кўмиб, ечинтириб, ишини бажариб, қайта кийинтириб, ҳаттоки хайр-хўшлашиб ҳам улгурардики, натижада бу хаёлий саргузашт даврамизга мутлақо воқеий шакл-шамойилда кириб келарди: “Учрашиб қолдик… кўз-кўзга тушди… Бир қарашда ҳаммасини тушундим… Толесиз муҳаббат… Эр ўлиб кетган… Одамни ўртаб юборадиган ёлғизлик… Бахт йўқ, қувонч йўқ… Кимсасиз, зулмат бағридаги уйига бордик… Дардларини тўкиб солди, бошини елкамга қўйиб йиғлайверди, йиғлайверди, кўйлагим ҳўл бўлиб кетди… Мен ҳам қўшилишиб узоқ йиғладим… Мен уни яхши кўриб қолдим… Кейин…” Ҳа, ҳа, Орзуманд ҳар гал навбатдаги танишига чин кўнгилдан муҳаббат қўяр ва бу даражада серсеварлик боисини сўраганимизда янада очиқкўнгиллилик билан: “Мен хотинбоз эмасман. Мен аёлларга ёмон ниятда қарамайман. Мен фақат севиб қолганимдан кейингина қўлимни белига юбораман”, деб тураверарди. Бу бир қарашда пайдо бўладиган оташин севгиларнинг умри қисқалиги эса – бошқа масала, албатта.
Яна гўёки ҳамма нарсадан хабардор ходималаримизнинг шўрлик Орзуманд уйида бир оғиз ширин сўзга зорлиги, хусусан, куни кеча оғир азоблардан сўнг яқин жигари вафот этгандай ёки эртага аниқ вафот этадигандай йил-ўн икки ой қовоғини осилтириб юрадиган, тилга олган гапи йўқчиликдан нолишу омадсиз эрни шафқатсизларча чўқилаб турувчи кесатиқ-пичинглардан, нари борса мутлақо беҳис тарзда турмуш ташвишларини санаб беришдан иборат рафиқасидан қўрқиб-писиб яшаши, шу боис, ҳаттоки тонгда ишга келган маҳали ҳамкасаба аёллар томонидан айтиладиган бир оғизгина “Яхши келдингизми” деган илиқ сўзнинг ўзиёқ қаҳрамонимизни ларзага солиши, етмиш икки томирини бўшаштириб, кўзларига ёш келиши борасидаги маълумотларига унчалик ишонқирамасдан қараймиз, аммо буткул рад ҳам этолмаймиз, зеро, мана неча йилдан бери бирга ишлаймиз, аммо орзуманд ҳали бирон марта бирон касни хонадонига таклиф қилмаган; дастлабки йиллари-ку, бизни уйга обормаслик учун баҳона излайвериб чарчаб кетарди бечора, охири шу қадар чалкашиб-адашадиган бўлдики, кўзлари жовдираб турган ҳамкасбимизга ачинганимизданоқ бу мавзуни ёпишга ўзимиз шошадиган бўлдик…
Биз дастлабки кузатув-тахминлар ҳосиласи ўлароқ, ўзимизча мана шу Орзуманд билан жафокаш Котибанинг тупроғи бир ердан олинган деган тўхтамга келдик. Илло – ишхонада гап ётармиди! – Орзуманднинг “Келинглар, уят-уят гаплардан гаплашайлик” деган беўхшов таклифи тарозининг бир палласида турса, иккинчи палласига жафокаш Котибанинг аёллар даврасида ўтирган маҳали атайлаб ўша мақтанадиган жойини намойишкорона яланғочлаганча, бу манзарадан ўзларини ноқулай ҳис қила бошлаган ҳамжинсларига эшиттириб: “Икки чўққининг орасига кириб олибди, қаердан жой топишни билади-я бу ярамас!” деганча бир ўлик чивинни чиқаришини қўйиш мантиқдан эмасми? Шунда мувозанат тикланарди-қўярди. Инчунун, сўқир сўқирни қоронғида топганидай, тез орада Орзумандимизнинг жафокаш Котиба билан топишуви, ўрталарида ҳеч қурса назарий жиҳатдан қисқа муддатли ёрқин муҳаббат саргузашти бошдан кечиши аниқ эмасми? Ахир Котибамиз лозим кўрган чоғлари хумор кўзларини сузиб, ингичка қошларини чимирганча ширин-шакар гапларни ҳам қалаштириб ташлайдики, буни кўрган Орзуманднинг ипини узишга шошиб қолиши ўз-ўзидан аён.
Бироқ… бироқ биз бу сафар ҳам шармандаларча янглишдик ва қўлларимизни баланд кўтарган кўйи инсон ҳис-туйғуларини маълум ўзанларга солиб бўлмаслигини нечанчидир бор тан олдик. Зеро, қалбларининг туб-тубида, қоронғи пучмоқларида не ўй-хаёллар кечган, не мулоҳазалар бўрони хулоса саҳросида уввос солиб уёқдан-буёққа чопган, не аччиқ ҳаётий тажрибалар ҳукм учун асос сифатида хизмат қилган – буларни тусмол ҳам қилолмаймиз, фақат билганимиз шу бўлдики, бу икковлон биз зориқиб кутган дастлабки учрашув сонияларида қандайдир тушуниксиз савқи табиийларига асосланиб бир-бирларига синовчан нигоҳ ташладилар, бир-бирларини зимдан кузатдилар, бир-бирларини камоли диққат билан ўргандилар, бир-бирларининг тил учида айтилган каломларини айрича эътибор билан тингладилар ва… Ва ҳаммаси тамом бўлди: улар бир-бирларини кўрарга кўзлари, отарга ўқлари йўқ душманларга айландилар. Жафокаш Котибанинг нафрат билан қисилган кўзларидан ғазаб пайконлари отилди, Орзуманднинг лабларида “Мен сенинг сирингни биламан!” деганга ўхшаш истеҳзоли табассум пайдо бўлди. Бу икки орада кечаётган сўзсиз жанг эди.
Табиийки, бу муҳорабада тиш-тирноғигача қуролланган имкониятлар лашкари жафокаш Котибада бениҳоя мўл эди. Аммо баъзан баҳайбат филнинг митти сичқондан хавфсираши рост экан. Шу боисдан ғанимлар муроса йўлини танлашни хаёлларига ҳам келтирмаган бу олишув тақдири тез орада ҳал бўлди-қўйди: Орзуманд Карис холадан кейин иккинчи бўлиб ўз аризасига кўра, силлиққина ишдан бўшаб кетди. Албатта, одатига кўра, аввалига мағлуб томон аравани роса қуруқ олиб қочди: нима эмиш, ўтган ҳафта ресторан ёнида безорилардан ҳимоя қилиб, тасодифан танишиб қолган навбатдаги суюклиси каттакон фирманинг бошлиғи экан, “Жоним! Ёнимга ишга келинг! Молимам, ўзимам сизники!” деб роса ялиниб-ёлвораётганмиш, “йўқ” дейиш ноқулай эмиш, чунки аёлни аросатда ташлаб кетиш эркак кишига ярашмасмиш, шунинг учун ариза ёзишга мажбур бўлганмиш… Бу сафсата адоғида товуши титраб кетган Орзуманд кутилмаганда пиқиллаб йиғлаб юборди ва аччиқ кўз ёшларини яширмаган кўйи “Ундан эҳтиёт бўлинглар… У ҳаммаларингни бирин-кетин эзиб ташлайди”, деди. Шубҳасиз, биз гап ким ҳақида кетаётганини ва у ожиза бизни қаери билан эзиб ташлаши мумкинлигини тушунган, аммо ўз кучларига ишониб турган оқил ҳамда ҳушёр, айни пайтда бу огоҳлантириш қитиқ патларига теккан эркаклардек бепарво қўл силтаб қўйдикки, шошмай туринг, ким кимни ва қай тарзда эзиб ташлашини ҳали кўрамиз, Дон Жуанбой, ҳали кўрамиз…
IV
Одатда, раҳбар ишлаб турган пайтида кўкларга кўтариб мақталади: “Фалончи Пистончиевичнинг доно раҳбарлиги остида…” “Фалончижон акамизнинг қимматли йўл-йўриқларига амал қилиб…” “Бу масалада Фалончи Пистончиевичнинг шахсан ўзлари бизга ибрат бўлиб турганларидан кейин…” “Мен алоҳида мамнуният билан шахсан Фалончи Пистончиевичга…” “Яхшиям бахтимизга сиз бизга раҳбарлик қилаяпсиз, муҳтарам Фалончи Пистончиевич…” ва ҳоказо ва ҳоказо.
Аммо бу сафар нимадир ўзгарди. Янги раҳбар ҳали ишга келиб улгурмасидан мақтала бошланди! Бошлиқ! Ҳақиқий бошлиқ! Қандайдир омонат “в.б.” эмас, ҳақиқий Биринчи! “В.в.б”ни-ку, умуман тилга олманг, ҳурматсизлик бўлади-я.
Ишхонамизнинг асосан аёллардан иборат бўладиган маълумот йиғувчилар гуруҳига бу сафар эркаклар ҳам жон-диллари билан қўшилиб олишди. Натижада қисқа муддатда йиғилган далил-дастаклар эса ҳақиқатан ҳам бу сафар бизнинг раҳбарга ёлчиб қолганимизни кўрсатарди.
Ўзингиз тасаввур этинг. Мактаб – олтин медаль билан тугалланган. Институт – қизил диплом билан. Ўзи ўқиган институтда бир муддат ўқитувчилик қилган, номзодлик ишини ёқлаган. Айтишларича, ўша пайтлардаёқ фавқулодда ҳалоллиги билан ажралиб турган. Шу сабабли имтиҳонда ҳатто ректорнинг эркатой жиянига “қониқарсиз” қўйган. Қутуриб кетган жиян тўртта ўтакетган безори, текканга тегиб, тегмаганга кесак отадиган ошнаси билан қоронғу тушганда ишдан қайтаётган бу қайсар ўқитувчининг йўлини тўсган. Кейин нима бўлибди дейсизми? Муаллим хотиржамлик, ҳаттоки ўта совуққонлик билан тўртта безорини тўрт томонга отиб юборган, буни кўрган пўк жиян эса шаталоқ отиб қочиб қолган. Ахир бизнинг бўлғуси раҳбаримиз ўша пайтларидаёқ эркин кураш бўйича спорт устаси экан-да.
Яна айтишларича, – буниси яқинда, бор-йўғи икки-уч йил бурун рўй берган воқеа, – бўлғуси раҳбаримиз бозордан у-бу нарса кўтариб чиқса, йигирма беш ёшлардаги бир йигит терлаб-пишиб “Нексия”си эшигини очишга уринаяпти экан. Йигит ҳатто кабоб сихини ойна ёнига суқишга ҳаракат қилиб ҳам кўради, аммо эплай олмайди. Шунда бу ҳолни кўрган бўлғуси раҳбаримиз қўлидаги нарсаларни орқароқда турган “Москвич” капоти устига қўяди-да, йигитга ачиниб қараганча: “Ҳорманг, ука”, дейди. Бош кўтарган йигит “Бор бўлинг, ака”, деб қўяди, кейин яна ишини давом эттиради. “Калит ичкарида қолиб кетиптими?” сўрайди бўлғуси раҳбаримиз. Йигит қўлларини ёйиб, ноиложлигини билдиради: “Кўрмайсизми, шунақа бўп қолди. Паришонхотирлигим бор-да”. Бўлғуси раҳбаримиз афсусланиб бош чайқайди: “Шу ёшда-я. Яхшимас, яхшимас. Қани, менга беринг-чи”. Шундан кейин бўлғуси раҳбаримиз усталик билан сихни ойна ортига тиқиб, эшикни очиб беради: “Марҳамат”. Йигит хурсанд бўлиб кетади: “Э, раҳмат-э, ака”. Бўлғуси раҳбаримиз “Арзимайди, – дейди, кейин эгилиб рул ёнига қарайди, ажабланиб сўрайди: – Ие, калит кўринмайди-ку”. Йигит хижолат аралаш: “Йўғ-э, – дейди, энгашиб қарайди, ростдан ҳам калит йўқлигига амин бўлгач, ўзини оқлаган бўлади: – Айтдим-ку, сал хотирам паришонроқ деб”. Бизнинг бўлғуси раҳбаримиз куйинчаклик билан: “Энди нима қиласиз?” деб сўрайди. Йигит камтаринлик билан: “Сиз бораверинг, ака. Бу ёғини ўзим бир амаллайман”, дейди. Аммо бўлғуси раҳбаримиз кўнмайди: “Қўйинг-э. Сизни шу аҳволда ташлаб кетаманми?” Йигит машина ичига аланглайди, бирдан хурсанд бўлиб кетади: “Ҳа, ҳа, эсладим, – деганча ўриндиқлар ўртасида турган барсеткага ишора қилади. – Калитни шунга соп қўйгандим”. Бўлғуси раҳбаримиз ҳайрон қолганлигини яширмайди: “Э, қойил! Жуда пишиқ ҳайдовчи экансиз”. Йигит қўлини кўксига қўяди: “Майли, ака…” Аммо бўлғуси раҳбаримиз хайр қилса бутун қиладиганлардан, ҳеч қачон савоб ишни чалакам-чатти ҳолида ташлаб кетмайди, шу боисдан: “Майли”си нимаси, калитни олинг, юрғазинг машинангизни. Ана шунда кўнглим хотиржам бўлади”, дейди. Осмондан тушгандай пайдо бўлиб қолган бу ҳожатбарордан осонликча қутулмаслигини тушунган йигит қаппайибгина турган барсеткани очади, ичига чап қўлини тиқади. Нимадир “ширқ” этади. Йигит додлаб юборади, оғриқ зўридан “Онангни…” деб сўкинади ҳам. Бўлғуси раҳбаримиз хавотирга тушиб сўрайди: “Нима бўлди?” Йигит: “Дард бўлди!” деганча қўлини барсеткадан чиқаради. Унинг панжалари қопқонга тушган бўлади. Бўлғуси раҳбаримиз тамомила ҳайратда қолади: “Ие, ҳаммаёққа қопқон қўйиб ташлашибдими?” Бу орада жони ёмон оғриётган йигит қопқонни суғуриб олишга ҳаракат қилади, “Аблаҳ!” деб кимнидир сўкади. Раҳбаримиз қизиқади: “Ким қилган экан-а бу ишни?” Йигит алам билан “Ким бўларди”, дейди, бироқ бирдан тилини тишлаб қолади. Ана шунда… ана шунда бизнинг бўлғуси Биринчимиз хотиржамлик билан, йигитнинг бесаранжом кўзларига тик боққан кўйи: “Тўппа-тўғри, ука! Буни машинанинг эгаси қилган!” дейди. Йигит анграйиб қолади. Бизнинг бўлғуси Биринчимиз ўшандай совуққонлик билан, ўнгланмайдиган қилиб иккинчи зарбани беради: “Умуман олганда, ука, бу машина меники”. Ана энди омадсиз ўғрининг қандай аҳволга тушгани кўз олдингизга келаётгандир. Йигит атрофга аланглайди, кейин қўлидаги қопқонниям унутгандай жон ҳалпида ҳезланиб, ўладиган ҳўкиз болтадан қайтмас қабилида бизнинг бўлғуси раҳбаримизнинг устига бостириб кела бошлайди. Бизнинг бўлғуси Биринчи унга хотиржам тикилиб тураверади ва: “Ука, мен сенга ўхшаган муттаҳамларни бир чақирим наридан танийман”, дейди. Даҳшатми? Тамомила адойи тамом бўлган йигит бизнинг бўлғуси раҳбаримизни урмоқчи бўлиб ҳезланади: “Мен ҳозир сени…” Бўлғуси раҳбаримиз жойида “қилт” этмай тураверади ва ғазабдан қалт-қалт титраётган йигитга шундай дейди: “Маслаҳат бермайман. Қара, ўпканг хириллаб турибди. Демак роса чекасан. Қўлларинг қалтираяпти. Демак яхшигина ичасан ҳам. Шу ёшингдан қорин қўйворибсан. Демак, қўлингга пул тушиб қолганда кун демай, тун демай бўкиб ёғли овқат ейсан, сасиб ухлайсан, бошқа пайти эса оч ҳам юрасан. Демак, топганингдаям барака йўқ. Хуллас, ука, менга кучинг етмайди”. Нақадар мантиқли гаплар! Эркак-да, эркак. Шундан сўнг ўғригина йигит таслим бўлса ҳам бўлар. Аммо омадсиз машина ўғриси шимининг орқа чўнтагидан пичоқча чиқаради, тугмачасини босади, пичоқ дами ярақлаб кўринади. У “Ўлдираман, исковуч!” деганча ғазаб билан бизнинг бўлғуси етакчимизга ташланади. Бўлғуси раҳбаримиз ўзини четга олади. Мункиб кетган йигит бир амаллаб ўзини ўнглаб олиб, пичоқни баланд кўтарганча яна машина эгасига ташланади. Шунда бўлғуси Биринчимиз осонлик билан пичоқни уриб туширади, йигитчанинг қўлини қайириб, қимирлатмай қўяди. Кейин хотиржамлик билан чўнтагидан қўл телефонини олади, рақам теради: “Алё, милициями?..”
Яна айтишларича, бўлғуси раҳбаримизнинг энг садоқатли шогирдларидан бири ҳў-ў катта жойда ишлармиш, ҳафтада бўлмаса ҳам, ойда бир марта “Бизга нима хизмат бор, устоз?” деб келиб турармиш. “Катта жой” шу қадар юксакликда эдики, ўша тарафга ҳавасманд кўз тикиб турганларга Нигилист хонимнинг “Хизмат эмиш?! Устоз-шогирд биргалашиб бизнес қилади-да”, дея одатига содиқ ҳолда сассиқ гап қилиши чивин чаққанчалик ҳам таъсир қилмади, баайни эски ҳикмат яна бир бор ўз исботини топди: бир нарса ҳураверади, карвон ўтаверади.
Яна айтишларича, бўлғуси раҳбаримиз ҳар қандай идорага ишга борган заҳоти фаолиятини ҳамманинг маошини кескин оширишдан бошларкан, бундан ташқари ойлик, чораклик ва барча байрамлар муносабатлари билан катта-катта мукофотлар мунтазам берилишини кафолатларкан, буям камдай, ҳар ходимга йил давомида энг кам иш ҳақининг ўн икки баробари миқдорида моддий ёрдам кўрсатилишини шахсан ўзи назорат қиларкан. Бирон ходимнинг тўй-маъракаси бўлиб қолган тақдирда эса ана шу тадбирга етадиган миқдордаги ёрдам кўрсатишни ҳам уддаларкан…
Яна айтишларича…
Хуллас, шундай одам раҳбар бўлади-ю, биз қувонмаймизми?
Айниқса сўнгги дастак кўпларнинг лабларини ялаб, ширин тамшаниб қўйишига, Шиғирчимизнинг эса бирдан шохи қайрилишига сабаб бўлди. Илло, ишхонамизда нима юмуш қилаётганини ўзи ҳам билмайдиган, шунчаки келиб-кетиб юрадиган, аммо кун бўйи стулида қилт этмай ўтирадиган “тирик жонлар” ҳам бор эдики, ҳатто ўшалар ҳам, гўё бир нарсани қойил қилишадигандай, “Бунақа пул беришадиган бўлса, бошқа нарсага чалғимай, ишлаймиз-да”, деб юборишди.
Кўнгли ниманидир сезганми, кейинги пайтлари сал ҳардамхаёлроқ бўлиб қолган Шиғирчи бу талотўпларга аралашмай юрди. Мен-ку, ундан ўзимни олиб қочганим-қочган эди. Ҳамма ўзини ялаворгидай даражада яхши кўришини жуда яхши биладиган Яхши Одам эса аввалгидай ҳар тонг худди бир ой кўрмай, соғиниб қолгандай Шиғирчи билан қучоқлашиб кўришар ва қувончдан гул-гул яшнаган кўйи ўзининг, уйидагиларининг ҳол-аҳволини қайта-қайта сўрагани-сўраган эди.
Шиғирчи аввалига бўлғуси ҳақиқий раҳбаримизни оғизларидан кўпиклар сачраганча бири-иккинчисидан ошган ҳолда кўкларга кўтариб олқишлаётганларга, ҳалитдан унинг соясига қават-қават кўрпача солишга ҳозиру нозир ҳамкасбларига андак истеҳзо аралашган ачиниш билан қараб юрди, бир-икки марта “Янги сеҳргар бошлиқ киссасида ҳаммамизга етарли мўъжиза олиб келармиди?” дея ўртага баҳс қўзғайдиган савол ташлашга ҳам уриниб кўрди. Аммо янгиликлар шавқидан сармаст оломон бундай яққол кўзга ташланиб турган бадхоҳлик билан айтилган майда-чуйда луқмаларни эшитадиган, уларни таҳлил қиладиган аҳволда эмасди. Шиғирчига нафрат билан қараб қўйган жафокаш Котибамиз қип-қизил лабларини бурганча ҳаммага эшиттириб “Айрим кўролмаганлар куйиб ўлсин!” деганида, умуман олганда, бу сафар – эҳтимол бизга ишга келганидан буён биринчи маротаба – кўпчиликнинг фикрини жуда аниқ-тиниқ ифодалаган эди. Ҳисобчимиз эса ҳаяжонланиб-тўлиқиб: “Ҳали биз у киши билан… ҳали биз у киши билан юксакларни забт этамиз! Бизга эргашмаганларни шартта пастга отиб юборамиз!” деб қўйди. “Учар гилам”га иштиёқманд бошқаларнинг ҳам ўзига ёвқараш қилиб қўйганини сезган экан чоғи, эртасига эрталаб тун бўйи ухламай, ўзига маъқул бир нималарни ёзиб чиққани чақнаб турган кўзларидан сезилиб турган Шиғирчи мени чеккароққа олиб ўтди ва дабдурустдан “Бир гротеск эшитинг, ўзимники”, деди. Мен ҳали бу “теск” нима эканини сўраб улгурмасимдан Шиғирчи қўйнидан қоғоз чиқариб, “Жамоамизнинг янги раҳбарга илтимоси” деди ва пичирлаб ўқий кетди:
“– Мана, жиловимиз, олинг, марҳамат,
Манови елкамиз, марҳамат, мининг.
Манов от ёлидан юган аломат,
Мановиси қамчин, марҳамат қилинг.
Сочларимиз узун, эшсак – узанги,
Чурик либослардан тўқим ҳам тайёр.
Эй, чўнг ироданинг суюк фарзанди,
Келинг, мушфиқларни айланг бахтиёр.
Йўқса улоққан кар қўйлардай жарга
Емиш дарди бизни кетади тортиб.
Биз ҳам чўққиларга бир чиқайлик-да,
Ҳеч бўлмаса устга бировни ортиб.
Шубҳасиз, вафодор бўламиз сизга,
Оғирингиз енгил қиламиз ҳам кўп.
Фақат ниқиб туринг биқинимизга,
Бўйнимизга санчиб туринг халачўп…”
Битигини ўқиб бўлган Шиғирчи менга саволомуз қаради. Нима дердим, шеър деганларини тушунмасам, аллақандай “теск-песк”ларни-ку, инчунун. Шу боис ҳар эҳтимолга қарши аввал “Анави… Чўнг ироданинг боласи” деганда янги раҳбаримизни, бўлғуси Биринчини назарда тутяпсизми?” деб масалага ойдинлик киритиб олдим. Шоир “Албатта” деди. “Унда ёзганингиз даҳшат” деб қўйдим. Бечора Шиғирчи аллақандай киши билмас қаҳрамонлиги учун мақтов эшитган ёш боладай талтайиб кетди.
Шу билан орамизда қандайдир яқинлик пайдо бўлдими, ора-сира, айниқса оломон ҳали келиб улгурмаган янги раҳбарга қўша-қўша зар чопон кийдира бошлаган маҳаллари Шиғирчи менга маънодор қараб қўярди, камина ҳам, аслида ҳеч нарсага ақлим етмаётган бўлса-да, гўё ҳаммасини тушуниб тургандай, янада маънодор тарзда бош ирғаб қўярдим.
Яхшиямки, мени жуда енгил торттирган ҳолда, бундай унсиз мулоқотларимиз бирдан барҳам топди.
Вақтнинг тез ўтишини! Шиғирчимиз ҳам бир пайт қарасаки, коллежни битириб, тикув фабрикасида ишлаётган тўнғич қизи тўппа-тўсиндан чорак асрлик чўққи остонасига етиб турибди-да. Кейинги қиз йигирма учда. Ҳалигилардан эса дарак йўқ. Ҳеч чидай олмаётганидан каталакдай уйни чир айланаётган муштипар рафиқа ҳар куни эрини эговлайди: “Мундай бир тузук пул тополмаслигингиз эвазига, ҳеч қурса бирон амалда ўтирсангиз нима қиларди-я… супраси қуруқ бўлсаям майлийди. Ана шунда уйимиздан совчи аримай қолган бўларди… Одамлар… одамлар қизлари учун ундай қилишаётган экан… бундай қилишаётган экан… Сиз бўлса бориниям йўқ қилиб ўтирибсиз. Айтгандим-а ўшанда…” Ота учун, эр учун бундай таънали-миннатли гапларни эшитишдан оғири борми? Айниқса серҳиссиёт Шиғирчимиз учун. Хуллас, осмондан ерга тушгандай ён-атрофга синчиклаброқ разм солган ва тўнғичининг кўзларидаги аллақандай мунгни илғаган, бундан ярадор юраги сиқилиб кетган ота тамомила довдираб-эсанкираб қолади. Илло, бундан уч-тўрт йил бурун, она қишлоғидан сўраб келишганида Шиғирчи ўзича қизига қишлоқда таппи териб юришни раво кўрмаганлиги боис кескинроқ тарзда рад жавобини берганди. Ўшалар норози бўлиб, “Бахти очилмасин!” дея қарғаб кетишганми нима бало. Бу ер шаҳар бўлса. Баъзан ён қўшнингнинг уйида ким яшашини билмайсан-у…
Шиғирчимиз шу тарзда ўз ёғига ўзи қовурилиб юрган кунларнинг бирида – бу не бахт! – бирдан ёшариб, мулойим тортиб қолган, кўзлари алланечук сурурли порлай бошлаган рафиқа эрнинг қулоғига аста шивирлайди: “Тез кунларда… келиб қолишаркан…”
Ў, ўша кунлари Шиғирчимизни бир кўрсангиз эди. Йўқ, у юрмасди, сузиб-учиб юрарди, сира лаб-лунжини йиғиштириб ололмасди, ҳаммага яхши гаплардан гапиргиси келарди. Шиғирчи хушомадгўй жамоани ҳам олижаноблик билан авф этди, “теск-песк”ини йиртиб, ўзининг таъбири билан айтганда, Лета дарёсига ирғитди. Илло, келаётган Биринчимиз ходимларнинг тўй-маъракаси бўлиб қолган тақдирда ана шу тадбирга етадиган миқдордаги ёрдам кўрсатиши ҳақидаги хушхабар аллақачон бахтиёр отанинг қулоғига етиб борганди. Ў, бундай мисли кўрилмаган сахийлик олдида қолган барчаси бир пул. “Теск” нима экан, тфу, ўшаям ижод бўлибдими, шунчаки, эрмак бир нарса эди, Шиғирчи Биринчи ҳақида достон ёзади! Қасида ёзади! Тўғри, виждонли Шиғирчи бу ишни айрим ялтоқиларга ўшаб, элбурутдан эмас, Биринчи иш бошлаганидан сўнг дастлабки юз кун ўтгандан сўнг қилади, дейлик, дастлабки ижобий натижалардан – уларнинг бўлиши эса шубҳасиз! – илҳомланган ҳолда; ана шунда виждонига ҳам қарши бормаган бўлади. Илло, бутун оила аъзолари жам бўлишиб, муҳтарама зотлар келиши шарафига торгина уйни қириб-қиртишлаб, чиннидай тозалаб қўйишган бўлишсалар-да, энди муштипар рафиқани бўлажак тўй ташвиши ғам-ваҳимаси эзмоқда эди ва у ҳар соатда бу ёқимли ташвишларини эри билан ўртоқлашишни канда қилмасди. Демак, рисоладагидай тўй ўтказиш учун ишхонанинг, аниқроқ айтганда, Биринчининг кўмаги керак бўлади. Тўй десанг дўст ёрдам бермаслиги мумкин, хеш-уруғ ёрдам бермаслиги мумкин, аммо Биринчи ёрдам беради! Шак-шубҳасиз! Ахир у бежиз Биринчи эмас-да… Худонинг суйган бандаси, пешонаси ярқираган одам… Йўқ, у оддий одам эмас, биринчи ҳарфи катта билан ёзиладиган Инсон. Инсон!..
Шиғирчининг ҳам сафимизга қўшилганини кўриб, рости, нимагадир енгил тортдим.
V
Торроқ даврада гурунглашиб ўтирганимиз маҳали “Мен истаган одамнинг уйига истаган маҳал кириб боравераман!” деб чирангани билан, ҳаттоки бизнинг “Боринг-да! Сиз бормасангиз ким боради?” қабилидаги пишанг беришларимиздан сўнг ҳам асли синашта бўлмаган жойга, бунинг устига бўлғуси Биринчининг уйига қадам ранжида қилишга юраги пўкиллаб турган Ҳисобчимиз бу шарафли вазифани биринчи бўлиб жафокаш Котиба адо этганидан хабар топганида аввал биз қатори ҳайратланди, сўнг, пушаймонлар ўтида қоврилган кўйи ўзини ўзи яниб, ич-этини еб ташлади. Аммо фурсат ўтиб бўлган эди. Котиба эса баайни дугонасининг хонадонига чиқиб келгандай “Бордим, кўришдим, гаплашдим”, дея без бўлиб тураверди. Югурганники эмас, буюрганники деганлари шу бўлса керак-да. Бўлмаса Ҳисобчимиз неча маротабалаб бу хонадонга қандай кириб боришидан тортиб то уй эгасига қандай мурожаат қилишигача, қай маҳал сўзлаб, қай маҳал одоб билан сукут сақлаб туришигача – барча-барчасини, миридан-сиригача хаёлидан ўтказган ва биз билан қайта-қайта машқ қилиб ҳам кўрган эди-я.
Табиийки, Котиба саволларга кўмилиб кетди. Аммо бу сафар у пишиқлик қилди, ҳузур ила кўзларини юмганча, бошини қайта-қайта лиқиллатди, сўнг, “қулт” этиб ютиниб қўйиш асносида ўзининг кекирдагининг ҳаракатига ҳам камоли диққат билан қараб турган ходимларга қарата “Зўр!” деб қўйиш билангина кифояланди. Бу бир оғиз сўз қизиқиш оловини баттар алангалатди, албатта, аммо жафокаш Котиба, баайни қасам ичиб келгандай, ҳатто одатига хилоф равишда миқ этмай туравердики, бу ғайритабиийроқ ҳолат кўпларнинг кўнглида “Ҳай шу бормаган-ов”, қабилидаги иштибоҳни уйғотди, аммо буни овоз чиқариб айтмакка ҳеч ким журъат этмади: билиб бўладими – мабодо ростданам борган бўлса-ю, бўлғуси Биринчимиз билан айрим масалаларда тил бириктириб келган бўлса-чи? Умуман олганда, бало бу хотин, бало. Тўғри, дейлик, андаккина товуқмиялиги ҳам бор, ахир бу қилиғи билан у ҳозирча амалда қалтирабгина ўтирган, ўзини яхши кўрадиган “в.б” хўжайинга, юмшоқроқ айтганда, хиёнат қилганини, уни сотганини тушунмас. Ким билади, балки буям Котибанинг бахтидир, ахир ҳамма нарсани тушунаверса, шунақанги лўмбиллаб, очилиб-сочилиб юрармиди. Устига-устак, Донишманд Бўримиз бир гал истеҳзо ила, аммо топиб айтганидай, Котиба кўчма кубокдай гап: ҳар гал ғолибга насиб қилаверади.
Котибадан тайинли гап ололмаган жамоа яна Ҳисобчига тикди умид кўзини. Ўз кучи билан ўқишга кирган ўғлининг контракт пулини ишхона ҳисобидан тўламоқчи бўлган, аммо “в.б”дан аллақачон рад жавоби олиб улгурган, шунинг учун кўзи қонга тўлиб юрган Ҳисобчимиз тайсаллана-тайсаллана, чекинишга бошқа илож ва макон қолмагач, ахийри бу ишга журъат этди: саодатманд кунларнинг бирида, юмуш вақти тугаганидан кейин, кунни қоронғулатиб, майда-чуйда солинган халтачани бағрига босган кўйи йўл олди бўлғуси раҳбаримизнинг ошёнига. Биз, бир гуруҳ кўнгилли ҳайбаракаллачилар ишхонамизнинг ҳар қандай саволга ўта ўзига хос тарзда, яъни машриқона нуқтаи назардан келиб чиқан ҳолда жавоб бера оладиган Донишманд Бўри бошчилигида бекат ёнидаги қаҳвахонада вакилимизни кутиб ўтирадиган бўлдик.
Аммо ора-сира турли тахмин-фаразларни ўртага ташлаган кўйи, машриқпараст Донишманд Бўрининг “Киев” номи аслида ўзимизнинг “кийиб”, “қийиб”, “қуйиб”, эҳтимолки “куёв” сўзининг бузилган шакли эканлиги борасидаги янги кашфиётини эшитиб улгурмасимиздан ранги бўзариб кетган Ҳисобчимиз ёв қувгандай ҳаллослаб қайтиб келди. Уни бу аҳволда кўриб бизам ваҳимага тушиб қолдик. Вакилимизнинг шоша-пиша, титраб-қақшаб айтаётган сўзларидан маълум бўлдики, у улкан дарвоза ёнига бориб, энди қўнғироқ тугмачасини босмоқчи бўлиб умтилган маҳал шундоққина эшикка суяб қўйилган, нимадир лиқ тўла салафан халтани кўриб қолибди. Ҳисобчи сумканинг ранги кўк эканлигини, унинг ёнбошига “Angel” деб ёзилгани ҳам айниқ айтди. “Бу “фаришта” дегани” дея ўз билимдонлигини орага суқишга уринди Донишманд Бўри. Бирданига беш-олти киши унга “Жим тур!” деб ўшқириб берди. Вакилимиз давом этди. Хуллас, у ажабланганча сумканинг бир четидан сал очиб кўрсаки… худди кичик-кичик ғиштларга ўхшаб тахлаб қўйилган пул дасталари! Бир сумка лиқ тўла пул! Лиқ тўла!
Шунда асли қуёнюраклардан бўлган Ҳисобчимиз қўрқиб, муздай терга ботган, хаёлига минг-минг бири-иккинчисидан ваҳимали тахминлар бостириб келаверган, улардан энг залворлиси “Мени шундай қилиб, далилий ашё билан қўлга туширишмоқчи!” бўлган. “Сени қўлга туширишга кимнинг зарили қопти?” дейдиган одамнинг ўзи йўқ, шу боис вакилимиз ортга шаталоқ отиб қочган, йўл-йўлакай қўлидаги майда-чуйда солинган сумкаси тушиб қолганига ҳам эътибор қаратмаган. Мана энди, буни билгач, “Унда бармоқ изларим қолган-ку” дея баттар ваҳимага тушаяпти, “ҳай-ҳай” демасангиз, ичи ўтиб кетгудай, балки аллақачон ўтиб ҳам бўлгандир, ҳар қалай, шу одам тарафдан қўланса бўй босиб келаяпти…
Бу чала-чулпа, сўзларнинг ярми ичига ютилган довдирашларни эшитгач кўпчилигимиз сумкадаги ёзувнинг “фаришта” маъносини билдиришини эълон қилган Донишманд Бўрига ўгирилдик. “Бу ерда бир гап бор, – деди у анча вақт сукут ичида мулоҳаза юритгач. – Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур…” Ўз-ўзидан аёнки, бу ерда бир эмас, бир неча гап борлигини тушуниш учун унчалар катта фаҳм-фаросат, инчунун илм талаб этилмасди. Шу боис тишимизни тишимизга босганча ташхиснинг давомини кутдик. “Менимча бу ё совға, ё бўлмаса бирон жиддий илтимос адо этилганидан сўнг бериладиган хизмат… иҳм…… буям инкогнито совға-да. Бу қадим Шарқда анча кенг тарқалган усул, – деди Донишманд Бўри. – Бир томондан, Ҳисобчимиз бунга аралашмасдан яхшиям қилипти. Кейин ўзини оқлаб олиши қийин бўларди. Балодан нари…”
Тўғриси, совғанинг бундай махфий тарзда тақдим этилишини тушуниш мушкул, аммо Донишманд Бўрига эътироз билдириб ўтирмадик: балки шундай келишилгандир, балки муаллиф шу восита орқали ўзининг кимлигини билдирар – ҳар кимнинг ўз иши бу, унга бурун суқиш шарт эмас. Муҳими, мана шу воқеанинг ўзи ҳам бўлғуси Биринчимиз биз оми бандаларнинг қўли етмас юксакликда парвоз этишинию, пул деган бало унинг оёқлари тагида хазондек сочилиб ётиши ҳақидаги тасаввуримизга яна бир ишончли далил бўлиб чиппа ёпишди-қолди. Биринчининг олдида ўзимизнинг нақадар майда, кичик одамчалар эканлигимизни дил-дилимиздан ҳис қилган кўйи ортга қайтдик.
Йўл-йўлакай Донишманд тинмай чулдираб келди, бироқ биз уни эшитмадик ҳисоб – оғзини тўлдириб нимани гапириши маълум-ку: “ойнаи жаҳон”дан тортиб компьютергача, “учар гилам”дан тортиб қитъалараро баллистик ракетагача аллақачонлар, ҳў-ўв олис замонлардаёқ шу заминда яратилиб бўлинган, инчунун, тамаддун борасида энди сабийлик остонасига қадам қўяётган мағрибу шимолу жануб, баайни “шайтон арава”ни қайтадан кашф этаётгандай, уларни энди-энди ихтиро қилмоқда, холос…
Кўпчилик ўз жойида тинчгина ишлаб ўтиргани ҳолда, кейинги кунлар мобайнида гоҳ у ходим, гоҳ бу ходим шахсан бўлғуси Биринчимизнинг ҳузурига борганлиги, бўлғуси раҳбаримиз уни жуда яхши кутиб олганлиги, юракдан суҳбатлашганлиги хусусидаги миш-мишларни эшитиб қолардик, бу гап-сўзларнинг қаҳрамонига ҳам ҳасад, ҳам ҳавас билан қарардик, унинг ўрнига нега ўзимиз бормаганимизга тушунолмай, ич-этимизни ердик. Баайни Биринчи иш бошламасидан туриб “ҳорманг”га бормаслик у кишига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишдай туюла бошлади. Ана, яқиндан бери яна мамнуният ила юпқа лабларини ялашга ўтган, қандайдир амалга ошиши кутилаётган ботиний илинж таъсирида баҳайбат чағир кўзлари йилтирай бошлаган Безбет Аламзада аллақачон гуруҳи билан ўша ерга танда қўйиб олганмиш-ку. Нигилист хоним-ку, одатига кўра ҳаммасига тупуриб, бўлғуси раҳбар-паҳбар билан уч чақалик иши бўлмай юрибди, аммо Ницше хола улгурибди, шундоқ бўлғуси етакчимизнинг хонасига кириб бориб, улуғ мутафаккирнинг ҳикматларини ёддан ўқиб кетибди: “Инсон ҳам худди дарахтга ўхшайди. Дарахтлар юксаклик, ёруғлик сари қанчалик кўп интилсалар, илдизлари ер қаърига, қоронғуликка – тубанлик томон шунчалар чуқурроқ кириб бораверади”. Мазкур чигалроқ иқтибос уй эгасида қандай таассурот қолдиргани номаълум, аммо ташрифидан сўнг Ницше холанинг қаддини кўтариброқ, виқорлироқ тарзда юра бошлаганини ҳаммамиз кўриб турардик.
Ўзи охирги кунларимиз ҳайрату ҳавас, ҳасаду ваҳималарга бой бўлди. Ҳатто Донишманд Бўримиз ҳам бўлғуси хўжайинимизнинг хонадонида бўлиб қайтибди-я. Албатта, одатига кўра у тўрт-беш дақиқа ичидаёқ наинки инсониятнинг ўзи, балки дунё тамаддуни Бўрилар авлодлари туфайлигина мавжуд эканлигини, акс ҳолда бани башар ибтидоий жамоа тузумидаёқ тамомила қирилиб кетган бўлишини исботлаб ташлаган. Битта қолмай! Сўнг ўзининг “кўзир қарта”ларини ишга солиб, Енисойнинг аслида Энасой, Тургеневнинг аслида Турғунов қабилидаги ўта жўн ҳақиқатларни ҳисобга олмай турган тақдиримизда ҳам, “Аляска” деганлари аслида ўзимизнинг забонимиздаги “Али аскар”, “Америка” деганлари “Амри қоон” ва “Мексика” аслида “Махсум ака” ёки “Маҳсили ака”дан келиб чиққанини ҳам куйиб-пишиб тушунтириб ўтган ва олис мозийнинг энг ёрқин, энг саодатманд даврларини лаззатланиб, фахр ва ғурур билан эслай бошлаган. Айтишларича, одатига кўра ҳамсуҳбатини жимгина эшитадиган бўлғуси Биринчимиз бу гал мийиғида жилмайиб қўйган ва ним табассум ила: “Шундай бўлган тақдирдаям, бу муваффақиятларда сизнинг шахсий ҳиссангизни кўрмаяпман… Умуман олганда, орқага кўп қарайвериб, бораётган йўлингизда қоқилиб кетманг, биродар… Менга қолса, ўз ходимимни бугуни ва келажаги учун ҳурмат қилишни истардим”, деганмиш. Ҳар қалай, бу миш-миш ростга ўхшайди: машриқпарастимиз ўзининг нуқтаи назарига қарши айтилган гапларни ортмоқлаб келадиган даражада телба эмас, аммо, баайни тахминимизни тасдиқлагандай, Донишманд бир-икки кун ҳурпайиб юрди, сўнг енг шимариб, ғайрат билан ўз назариясини исботлайдиган янги-янги далиллар қидиришга тушиб кетди. Ахийри қовоғи очилиб, кўзлари чақнай бошлаганига қараганда, яна нимадир топган. Тез орада у ёрила қолди: этимологик жиҳатдан олиб қарайдиган бўлса, океан ортидаги “Сиэтл” шаҳри номи билан бизнинг “сатил” сўзининг ўзаги бир хилга ўхшаяпти. Кеча пайдо бўлган шаҳар қаёқда-ю, бизнинг қадимий сўзимиз қаёқда. Демак… демак…
Сўнгги хабарларга қараганда, бўлғуси раҳбаримиз ўзига ишониб топширилган ҳар қандай янги ишга садоқатли дўсти билан бирга бораркан, имзо ҳуқуқи ва муҳрни фақат ўшанга ишонаркан. Буни эшитган Муовин анча вақтгача титраб-қақшаб, бу қадар адолатсизликдан жунбушга келган туйғуларини босолмасдан, дуч келган одамга “Мен бечорада нима айб?… Гуноҳим не?” дегандай мўлтираб қараб юрди. Йўқ, ҳар тугул, ким маслаҳатчи бўлгани ноаён, бироқ Муовин ҳам катта бошини кичик қилиб, ҳеч кимга сездирмасдангина бўлғуси Биринчимизнинг ҳузурига борибди, ўзининг нақадар бечоралигини, ҳозир вақтинчалик амалда бўлган раҳбар остида қанчалар эзилиб ишлаганини ва ишлаётганини батафсил, миридан-сиригача баён қилиб берибди, бўлғуси раҳбарга ўз садоқатини изҳор этибди, иккинчи нима экан, ҳаттоки учинчи муовин сифатида ҳам жон-дили билан ишлайверишга ҳозиру нозирлигини айтиш асносида “эски ривоятларнинг даври ўтди, бу иккита, керак бўлса учта ўзига ўхшаган калла билан бир қозонда бемалол қайнайверади” дея бошига шапатилабди, “энг асосийси – ўринбосарлик мақомининг сақлаб қолиниши” эканлигига алоҳида урғу берибди, хуллас, охир-оқибат у тарафдан ўз фаолиятини шу йўсинда давом эттираверишга мойиллик билдирилишига эришибди; мана энди юрибди бир нарсага тўйган хўроздай гердайиб, ҳали бундай шарафга мушарраф бўлмаганларга тепадан боқи-иб.
Алоҳа гуруҳимизда ҳам муз ўрнидан кўчди: аввал Фалончи, кейин Пистончи… Қарасам, сафдан ажралиб қолаяпман. Шиғирчи билан бирга боришга келишиб олганимдан сўнг мен ҳам аста тадоригимни кўра бошладим: нималарни гапириш керак, нималарни гапирмаслик; қайси саволга нима деб жавоб бериш лозим ва ҳоказо, ва ҳоказо…
Бироқ…
Улгуролмай қолдик.
Кутилмаганда…
Саратонда бўралатиб қор ёғса ҳам бунчалик эсанкираб қолмасдик.
Бўлғуси Биринчимиз ўлиб қолди.
Кимнидир – узунқулоқ гапларга қараганда, бу бизнинг ишхонадан борган ходим бўлган – меҳмонхонасида индамасдан узоқ эшитган, кейин индамасдан ётоқхонасига ўтган, индамасдан ўринга чўзилган ва…
Эрталаб қарашсаки, ётган эмиш индамасдан…
Инфарктнинг шунақаси ҳам бўларкан.
Бизнинг қай аҳволга тушганимизни ҳатто тасаввур этиш ҳам мушкул…
Биринчи бўлиб Шиғирчи синди.
Шўрлик кейинги пайтларда бўлғуси қуда томонини мақтайвериб эси кетиб юрганди: “Ўзимизга ўхшаган оддийгина оила экан, бизга шуниси яхши-да, тенг тенгги билан ахир. Ҳали кўрасизлар, биз тез тил топишиб кетамиз, тўйниям камтарона ўтказамиз. Уларам ўзлари биздан шу таклифни кутиб туришган бўлишса керак. Ахир биз учун муҳими икки ёшнинг бахти, тўғрими?”.
Тўғри, Биринчимиз туйқусдан вафот этиб қолганида Шиғирчи бўлажак тўй харажатини ўйлаб кўп куйиниб юрди, аммо…
Фалокат кутилмаганда рўй берди.
Шиғирчининг уйига ахийри кўп кутилган азиз меҳмонлар келишган, бироқ…
Уч аёлдан иборат совчилар аввал Шиғирчи оиласи билан яшайдиган кўп қаватли уйга бурунларини жийириб қарашган, кейин подъезд эшиги ёнида бир муддат алланималарнидир муҳокама қилиб туришган, бу жараёнда бир-бирларига нисбатан анча кескин гаплар ҳам айтишган, ниҳоят хонадонга киришган-у…
Совчилар гулдай яшнаб чиқиб келган бека билан тил учида саломлашишлари асносида энсиз йўлакни, торгина хоналарни танқидий кўздан ўтказишга, эҳтимолки квадрат метрларинию одмигина жиҳозлар нархига қадар ҳисоблашишга улгуришган, сўнг, истиҳола қилиб ҳам ўтирмасдан, учга-олти ўлчамли оддий меҳмонхонага бостириб киришган, ундан иккига-уч ўлчамли балконга ҳам сирғалиб ўтишган ва мана шу тарзда сурбетларча амалга оширилган текширув-баҳолаш жараёнини якунлаганларидан сўнггина бир-бирларига маънодор қараб қўйишган ҳамда бу ғалати меҳмонларга довдираб боқаётган беканинг тинмай такрорлаётган “Киринглар, киринглар” деган манзиратига жавобан совчиларнинг каттаси “Асло овора бўлманг, ўргилай” деган ва шундан сўнг, буйруқ бўлгандай, бекани онг-тонг аҳволда қолдирганча хонадонни тарк этишга шошишган. Беканинг ваҳима ичидаги “Вой, вой, қаёққа? Қаёққа?” деган сўроғига жавобан ўша ёши улуғроқ аёл аста энгашиб, унинг қулоғига рўй-рост шивирлаган: “Биз бунақанги уйда яшайдиган оила билан қуда бўлолмаймиз, ўргилай!..”
Рафиқани қўя турган тақдиримизда ҳам, шўрлик Шиғирчининг адойи тамом бўлганини айтиб ўтириш шартмикан? У нуқул асосий сабабчилар қолиб бизнинг ҳар биримизга “Нега?.. Нега?..” деб савол бераверар, аммо бу сўроққа мантиқли жавоб топиб бўлмаслигини афтидан ўзи ҳам ҳис этиб турарди.
Ана шунда… ана шунда тамомила ақл-ҳушдан айрилган Шиғирчи катта хатоликка йўл қўйди: у куёвликка номзод бўлган йигитча билан учрашди. Одобли йигитча-ку, “Онамнинг гапи мен учун қонун”, деб бош эгиб тураверган, аммо “гапи фарзанди учун қонун бўлган” ўша она “Ўтмай қолган исқотисини мажбурлаб ўтказишга уринган ҳажиқиз” Шиғирчининг уйига келиб қилади жанжал, қилади тўполон…
Шиғирчининг асаблари бунга дош беролмади…
Аввалига навбати билан уч кунда бир марта руҳий хасталиклар шифохонасига бориб, жазаваси қўзиган чоғлари “Мен яшаш истайман, истайман ғамни, Муҳаббат ва бахтга аччиқма-аччиқ. Улар тантиқ қилди менинг ақлимни, Пешонамни силаб юборди ортиқ!” деб бақириб шиғир ўқийдиган, сўнг “Бу Лермонтовники” деб эслатиб қўйиш асносида нечукдир жовдираб-мўлтираб “Биз учун муҳими икки ёшнинг бахти-ку, тўғрими?” дея савол берадиган Шиғирчидан хабар олиб турдик. Сўнг, яралар эскирдими, хабар олишни ҳафтасига бир мартага ўтказдик. Шу ойдан ўн беш кунда бир борсак ҳам бўлар, деган қарорга келиб турибмиз, қолганини кейин ўйлашиб кўрармиз. Нима, биз қайта-қайта бораверган билан у шўрлик тузалиб қолармиди? Қайтага нималардир эсига тушиб, қийналгани қолади…
Бунинг устига, ҳаёт давом этмоқда. Ҳаёт таомили бу: бахт ва бахтсизлик ёнма-ён юради. Салкам Биринчи билан Шиғирчини ўйлайвериб тўккан кўз ёшларимиз қуримасидан бурун хушхабар ҳам келиб қолди: Нигилист хонимнинг қизи Луврда ўтказилган халқаро мусиқачилар танловида бош соврин – Гран-прини қўлга киритибди. Байрамни соғиниб қолган эканмизми, Нигилист хонимнинг қаршилигига қарамасдан, у кишининг иштирокисиз, гўёки бу бизнинг росмана ғалабамиздек, ишхонамизда роса битимиз тўкилиб базм қилдик ўзиям…
Иккинчи бўлиб Ҳисобчининг асаблари ишдан чиқди. У ўша, марҳум – энди шундай деб атаса бўлади – Биринчиликка даъвогарнинг дарвозаси эшигига суяб ташлаб кетилган кўк рангли “Angel” сумкаси тўла пулни нима учун ўзи билан олиб кетавермаганини ўйлаб жиғибийрон бўлар, аламдан дод дегудай аҳволда бармоқларини ғажир, тепакалини бекитиб турган соч толаларини аямасдан битталаб юларди. Ахир пулни меҳрибон ва раҳмдил фаришта айнан Ҳисобчига, “аблаҳча”сининг контракти пулини тўлаш учун ташлаб кетган, у нодон бўлса буни тушунмаган… Шунақанги бетиним ўйлар таъсирида бўлса керак, бора-бора ақли хира тортган, бошида бир тук қолмаган Ҳисобчи кўк сумка тўла “кўк”идан эди, мен аҳмоқ нега йўлимга чиқариб қўйилган насибамни олмадим-а, дея кўксини пора-пора қилганча дод-фарёд қиладиган, биронта юмшоқкўнгил ҳамкасабасининг кўксига бошини қўйиб, ўзини энг ёмон сўзлар билан ҳақорат қилган кўйи юм-юм йиғлайдиган одат чиқарди…
VI
Одам ачинади, – бизга Биринчи бўлиб улгурмаган Биринчини айтяпман, – ҳар қалай, шунча кутгандик, у киши бўлса бирдан кетворди. Тўғри, ўз ихтиёри билан эмас, албатта. Бироқ барибир одам ачинади-да. Майли, бўлар иш бўлди, бўёғи кўчди, энди минг дод-вой, тавалло қилмайлик, ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Бунинг устига, айтишларича, ўзи ҳаддан ортиқ камтар, камсуқум бўлган экан, энди, тўғриси, бундай одамнинг бизнинг ишхонага раҳбарлик қилиши ҳам қийин бўларди-да…
Ана, сўқир кўзга ҳам яққол ташланиб турибди: тамомила забун, ер билан битта бўлган, авзойиданоқ ҳаммасига тан берганлиги, мағлубиятни бўйнига олганлиги кўриниб қолган, ҳатто фаррош кампирга ҳам гапи ўтмаётган “в.б”ми, “в.в.б”ми яна қайтадан қаддини тиклашга уринмоқда. Кеча унинг ҳузурига зипиллабгина кириб кетаётган Безбетни кўришибди.
Аммо энди унинг даври ўтди, ўтди. Илло бошқа мужда бор. Айтишларича, яқинда, тез, жуда тез кунлар ичида бизга янги раҳбар келармиш. Ҳақиқий Раҳбар.
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 4-сон