Мевани билмаган қизалоқ

“Энг гўзал ҳикоятлар-2” танловига

Юляни мактабга беришмоқчи бўлишди.  Қизалоқ ўқишни бошлаши мумкинлигини  текшириш учун у тест топшириши керак эди.

— Оддий нарсалардан бошлаймиз, — деди  руҳшунос ва вазадаги мумдан ясалган меваларни олиб стол устига қўйди, — Олма, нок, апельсин, шафтоли. Бир сўз билан улар нима деб аталади?

Юля гапирмай кўзларини ерга тикди.

— Давом этамиз. Мана бодринг, помидор, редиска, картошка ва пиёз. Улар бир сўз билан нима дейилади?

Юля лабларини тишлади.

— Қулупнай, малина, гилос… Улар қандай номланади?

— Ёдимдан чиқди, — пичирлади қизалоқ, кўз ёшларини зўрға тийиб,

— Ҳали мактабга боришга эрта, — деди руҳшунос Юлянинг онасига, — Бир йилча кутинг, шуғулланинг. У оддий нарсаларни ҳам билмайди.

Она қизига ажабланиб қаради:

— Юлинка, шуларни бир сўз билан айтилишини наҳотки билмасанг?

— Эсладим, ойижон! — чеҳраси очилди қизалоқнинг. — Нусха. Мева ва сабзавотларнинг мумдан ясалган нусхалари.

Рус тилидан Хуршид Нуруллаев таржимаси