Оловиддин истироҳат боғидан ўтиб бораётган маҳали улкан эман тагида ётган эски чироқни кўриб қолди.
Болакай чироқни олиб, унинг нақшларини томоша қилган бўлди. Сўнг, анча хира тортган жойини яхшироқ кўриш учун кафтида артди. Бирдан чироқ ичи ғалаёнга келди, тутун ва олов тили кўринди. Қўрқиб кетган Оловиддин жон ҳолатда уни отиб юборди.
Чироқ ичидан қуюқ тутунга қўшилиб кекса жин чиқди. У узун қўлларини кўксига қўйиб таъзим қилди:
— Амрингга мунтазирман, Оловиддин хўжам!
Бу кутилмаган ҳодисадан Оловиддин анграйиб қолди:
— Ие, эски чироқ ичида жин яшаши рост экан-да!
— Рост, хўжам, рост.
Оловиддин ўзига келди, қувониб ҳам кетди:
— Ўҳ-ҳў, зўр-ку! Демак энди сен менинг ҳамма айтганимни қиласанми?
Жин таъзим қилди:
— Буюр, хўжам.
Оловиддин ўйланиб турди-турди, сўнг амр қилди:
— Интернет-кафеда бўлиб қолишни истайман!
Жин олдинга тушиб, йўл бошлади:
— Кетдик, хўжам.
Чироқни қўлига олган Оловиддин беихтиёр жинга эргашаркан, фармонига аниқлик киритди:
— Лекин мен у ерда тез пайдо бўлиб қолишни истайман.
— Унда югурдик, хўжам.
Жин чопиб кета бошлади. Оловиддин лўкиллаб унинг ортидан бироз югурди, кейин чарчади шекилли, тўхтади.
— Э, бўлди-ей!.. Менга қара, жин, сенга бошқа буйруғим бор. Бугун учта “икки” олдим…
— Тўртта, — аниқлик киритди жин .
Оловиддин эътироз билдирди:
— Тўртинчисини кундаликка қўйдирмадим-ку.
Аммо жин бўш келмади:
— Лекин журналда турибди.
Оловиддин қўл силтади:
— Хуллас, бугунги, кечаги, умуман ўқиш бошланганидан бери олган ҳамма-ҳамма “икки”ларимни “беш”га айлантирасан. Кейин шундай қилки, бундан кейин ҳамма устозларим менга фақат “беш” қўйсин. Фақат “беш”!
Жин иягини тутамлаганча узо-оқ ўйланиб қолди. Оловиддин бу сафар ростакамига ҳайрон қолди:
— Нега ўйланасан? Бу сенга арзимаган иш бўлса керак.
— Арзимаган иш эмиш, — тўнғиллади жин. — Ҳаммаёқ рейтинг бўлса…
— Баҳона қилма, жин. Мен ахир сени неча йиллик тутқунликдан озод қилган хўжангман-ку! Бўлмаса ётган бўлардинг ҳалиям чироқнинг ичида.
Жин аниқ жавобдан ўзини олиб қочди:
— Сал торлигини айтмаса, унчалик ёмон эмас, у ердаям яшаса бўлади, хўжам…
Тоқати тоқ бўлган Оловиддин бақириб берди:
— Айтганимни қиласанми-йўқми?
Шунда денг, ногоҳ жин яна қуюқ тутунга айланиб, чироққа кириб олди-қўйди. Чироқ ичидан унинг гумбурлаган овози келди:
— Мен шу ерда яна бироз ёта турай, хўжам. Бирон аълочироқ бола учраб қолар.
Оловиддин йиғлагудай аҳволга тушди:
— Бу нима деганинг? Ваъданг қани? Ҳамма айтганингни қиламан дединг-ку.
Жин, ноиложлигини билдиргандай, бу гал шивирлаб садо берди:
— Ваъдамнинг рейтинг билан тестга алоқаси йўқ эди, хўжам.
Болакайнинг ҳафсаласи пир бўлди:
— Уф-ф… Шуям жин бўлдими!
Оловиддин жаҳл билан чироқни улоқтириб юборди-да, бошини эгганча йўлида давом этди…