Қамчибек Кенжа (1946)

Қамчибек Кенжа 1946 йил 15 августда Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги Гуркуров қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. ТошДУнинг филология факультетини тугатган (1969).

«Ўзбекистон маданияти» (ҳозирги «Ўзбекистон адабиёти ва санъати») газетасида, Андижндаги мактабларда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бадиий адабиётни тарғиб этиш бюросининг Андижон вилоятидаги вакили бўлиб ишлаган. 1983 йилда яна Тошкентга келиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи лавозимларида фаолият кўрсатган. 1985 йилдан 2006 йилгача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлимига раҳбарлик қилди.

Дастлабки шеърий тўплами — «Соғинч» (1975). Ёзувчининг «Яшил барг» деган биринчи ҳикоялар тўплами эса 1977 йилда нашр этилган. «Кўнгил кўчалари» (1979), «Ишкинг тушса» (1981), «Орзумандлар» (1982), «Нотаниш гул» (1986), «Тоғ йўлида бир окшом» (1987), «Соҳилдаги сув париси» (1993), «Қизил гуллар» (1995), «Сохибжамол аёл сири» (1996), «Кулгибахш умр» (1997), «Бобурийлардан бири» (2000), «Бахт куши ёки ушалган орзулар» (2001), «Хамир учидан патир ёхуд кулча ҳикоялар» (2005), «Сайланма» (1-китоб, 2006), «Тошқин» (қисса, 2010), «Кўнгил кечинмалари» (2011.) «Палахмон» (роман, 2011), «Жасорат» (маърифий-биографик қисса, 2012) каби насрий ва шеърий асарлар муаллифи. Сафарномалар ёзган («Ҳинд сориға», «Буюклар изидан» ва бошқа).

А. С. Пушкин, X. Хейне, Ш. Петефи, В. Брюсов, М. Светлов каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

«Шуҳрат» медалига сазовор бўлган. Халқаро Бобур мукофоти билан тақдирланган.