Абдуқаҳҳор Иброҳимов. Найман акани танийсизми? (ҳикоя)

Найман ака саломимга алик олди-ю, томдан тараша тушгандек савол берди:
– Карим Расуловичнинг аҳволи қалай?
Нима деб жавоб қилай? Бошим қотиб қолди. Чунки ўзим яқиндагина вилоят халқ таълими бошқармасига инспектор бўлиб ишга келганман. Бошқарма бошлиғи Карим Расулович билан бир мартагина иш юзасидан суҳбатлашдик, холос. Унга ҳам уч ҳафтадан ошди. Мана, тўрт кундан буён тумандаман, мактабларнинг янги ўқув йилига тайёрлигини тафтиш қилиб юрибман. Хуллас, Карим Расуловичнинг шу кеча-кундуздаги аҳволидан бехабарман. Найман акага шуни айтсаммикан? Йўғ-э, бирга ишлаб, раҳбари аҳволини билмаса, нима қилиб инспектор бўлиб юрибди, демайдими? Ёки: «Карим Расулович ўйнаб-кулиб юрибдилар» деб айтсаммикин? Йўқ, бу ҳам бўлмайди. Найман акага бир қараб олдим, юз ифодасидан ўз саволига оид бирор маъно уқмоқчи бўлдим.
Йўқ, унинг юз ифодасида хуш ёки нохуш хабарни эслатувчи ҳеч қандай маъно кўринмайди. Демак, Карим Расулович соғ-саломат. Оғир бемордан ҳам: «Тузукмисиз?» деб кўнгил сўрасангиз, «Кечагидан анча енгилман», деб жавоб қилади-ю, мендан нима кетди деган ўйга бориб, Найман акага бундай жавоб қилдим:
– Карим Расулович ўйнаб-кулиб, соғ-саломат юрибдилар.
– Ёлғон гапиришга гапирдим, энди нима бўлса бўлар, деб қўшиб қўйдим. – Сизга кўпдан-кўп салом айтиб юбордилар.
– Саломат бўлсинлар!
Жавобим, айниқса, қўшимчам Найман акага ёғдек ёқиб тушди. Мен ҳамон остонада турардим, у дик этиб ўрнидан туриб, узун кабинетидаги гилам поёндоздан юриб келиб, қўшқўллаб сўрашди, ичкарига таклиф этди, ўтиришга жой кўрсатди. Ўзи эса мендан қуйироқдаги стулга омонатгина ўтирди.
– Эсимда борида айтиб қўяй, – деб сўз бошлади Найман ака, – аввало Карим Расулович йўллаган саломларини каминага етказганингиз учун сизга чин қалбимдан миннатдорчилик изҳор қиламан. Сўнгра, агар сизга  оғир бўлмаса, вилоятга қайтиб боргач, хизматга киришингиз биланоқ Карим Расуловичга каминанинг оташин ва самимий саломларини изҳор қилиб қўйсангиз.
– Бажону дил, – бундай пайтларда ваъдани қуюқ бериб юборар экансан, киши. Ваҳоланки, Карим Расулович ҳузурига ходимлар ҳуда-беҳудага кираверишини ёқтирмайди, деб эшитган эдим.
– Баракалла, яшанг!.. Хўш, хизмат?
– Ҳали котибангизга бу ёққа келишдан мақсадимни…
– Кириб айтди. Фақат шуми?
– Ҳа. Мактабингизда янги ўқув йилига қандай тайёргарлик кўрилаётгани билан танишсам. Боя ҳокимликда ҳам бўлдим. Шу ерга келишни маслаҳат беришди.
– Яхши. Карим Расулович сизни шундан шу ёққа махсус йўллайдилару сизни қучоқ очиб кутиб олмай  бўладими, ахир! Мактаб ишлари билан яқиндан ва батафсил танишиш учун сизга барча шароитни яратиб берамиз, албатта. Бу ёғидан хотиржам бўлинг. Айтгандай, танишиб қўяйлик: Наим Сойимов.
Мен исмимни айтдим. «Ия, исми Наим экан-ку, ҳокимликда ҳам, котиба ҳам «Найман ака» дейишди». У дилимдан кечган фикрни сезди шекилли, тушунтирди:
– Асли исмим ўзи Наим, лекин туманда ҳамма мени Найман ака дейди. Сабаби ёшлигимда, у пайтларда тенгдошларнинг бир-бирига лақаб қўйиши анча кенг тарқалган эди, жўраларим гурунгида: «Мен ўзбекнинг найман қабиласиданман» деб юборган эдим. Шу-шу исмим Найман бўлиб кетган. – Найман ака овозини пасайтириб давом этди. – Мен сизга айтсам, Карим Расулович ҳам найман қабиласидан, бир қишлоқданмиз. Қишлоғимиз «Қизилтепа» деб аталарди.
Найман ака ўз қишлоғи, ҳамқишлоқлари, уруғ-аймоқлари, мактабдош ва курсдошлари, улар орасидан етишиб чиққан таниқли кишилар ҳақида анча гапирди. Сўзининг охирида мендан сўраб қолди.
– Зафарали, ўзингиз асли қаерликсиз?
Мен туғилган жойимни айтдим.
– Ҳа, Водил ажойиб маскан. Ўзбекистоннинг Швейтсарияси деб бекорга айтишмайди.
– Географиядан дарс берасиз шекилли?
– Ҳа, жуғрофиёнмиз! Лекин дарс беришга вақт қаёқда, ташкилий ишлардан қўл бўшамайди. Айтгандай, Водил тарафларда лақаб қўйиш одати сақланганми?
– Хабарим йўқ, у ердан кўчиб кетганимизга йигирма йилдан ошди.
– Менимча, лақаб қўйиш йўқолиб кетадиган одатлардан. Айтгандай…
Қарасам, Найман ака ишга алоқаси йўқ мавзуларда ҳали кўп гапирадиган, унинг тумандаги йирик мактаблардан бирининг директори эканлигидан ҳам тап тортмай шартта сўзини бўлдим:
– Найман ака, энди ишга киришсак.
– Албатта. Бўлмаса, мен котибани чақирай, ҳужжатларни келтирсин. Лекин котибамиз ҳали янги, керакли ҳужжатларни дарров келтирмаса керак, айбга қўшмайсиз, майли, ҳечқиси йўқ, то унгача чақчақлашиб ўтирамиз-да, сизни зериктириб қўймайман.
Найман ака жойига ўтиб тугмачани босди. Котиба қиз кирди:
– Лаббай.
– Карим Расулович бизларга салом йўллабдилар, Шарифаой!
– Муаллим, Карим Расулович ким бўладилар?
Мен гап келганда отангни ҳам аяма, деган қабилида иш тутиб, сўз қотдим:
– Карим Расулович Найман ака билан қабиладош бўладилар, – кейин ўз гапимдан ўзим кулиб юбордим. Шарифаой ҳам илжайди. Ўзининг ноқулай аҳволидан қутулиш учун Найман ака ҳам хандон отиб:
– Зўрсиз, келган жойидан ғиппа олдингиз. Қойил, ҳисоб биру нол. Ўзи Фарғона одамлари аскияга уста  бўладилар-да. Айтгандай…
Найман аканинг гапини яна бўлишга журъат қилдим.
– Энди, ишга киришсак.
– Албатта, Шарифаой, янги ўқув йилига тайёргарликка оид ҳужжатларни бу ёққа келтиринг… ўзингизда борини…
Шу куни бир ўзим, эртаси ва индинига туман ташкилотларининг вакиллари (Найман ака туман халқ таълими бўлими вакилларига нимагадир Карим Расулович ҳақида, ўзига салом йўллагани тўғрисида гапирди) билан биргаликда мактабнинг янги ўқув йилига тайёргарлигини текширдик. Натижада бир қатор нуқсонлар очилди. Масалан, ўтган ўқув йилида икки ўқитувчи Найман аканинг сўзини охиригача эшитмагани учун ҳайфсан олибди. Бу йилги таъмир ишлари ҳам ўлда-жўлда экан. Хуллас, гап кўпу, иш оз экан. Бу аҳволдан мактабдаги жамоат ташкилотлари, кекса педагоглар ташвишланиб, туман ташкилотларини хабардор қилишган экан.
Командировка муддати тугаб, вазифам битгач, вилоятга йўл олар эканман, Найман ака туман халқ таълими бўлими вакилига атайлаб эшитарли қилиб:
– Зафарали, саломимни Карим Расуловичга албатта етказинг-а, – деб тайинлади.
Орадан икки ҳафтача вақт кечди. Соат ўн бирлар эди, хонамизга қабулхона котибаси кириб:
– Сизни Карим Расулович чақиряптилар, – деб изига қайтиб чиқиб кетди.
Салом-аликдан кейин Карим Расулович мени мақтаб қолдилар.
– Биринчи командировкангиз натижаси чакки эмас. Туман халқ таълими бўлимидан маълум қилишларича, тафтиш қилган мактабингизнинг директори лавозимидан пасайтирилиб, етти йиллик мактабга ишга юборилди. Сиз тўғрингизда илиқ гаплар ёзишибди.
– Раҳмат. – Найман аканинг қарз саломини айтишга бундан ҳам қулай вазият бўлмаса керак, дедим ичимда: – Айтгандай, Найман ака сизга салом айтиб юборган эдилар.
– Найман, дейсизми? Ким экан у?
– Ўша мактабнинг директори Наим Сойимов-да. Уни туманда ҳамма Найман дер экан-ку.
– Йўқ, мен уни танимадим. Майли, ҳечқиси йўқ, салом йўллаган экан, саломат бўлсин.
…Орадан бир неча йил ўтди. Яқинда йўлим яна ўша туманга тушиб қолди.  Мен ўзим Найман акани суриштирдим.
– Ия, сиз ҳам танийсизми?
– деб таажжубланди янги мудир.
– Ҳа, бир оз танишлигим бор.
– Лекин Найман ака танимайдиган маорифчи йўқ. Ҳамма унга таниш ва қариндош. Ҳозир у чекка қишлоқларимиздан биридаги бошланғич мактабда директор. Шаҳарга ўқишга юборган йигит-қизларимиз мутахассис бўлиб келгунча, ишлаб турсин. Географиядан дурустгина дарс ўтади-ю лекин дарс беришга бўйни ёр бермайдими, хуллас, директорликни яхши кўради-да.
– Мен ўша мактабга борсам.
– Бе, тафтиш қилишга арзимайдиган кичкинагина мактаб, ҳам жуда узоқда.
– Майли.
Йўловчи юк машинасининг кабинасига ўтириб, ўша қишлоққа йўл олдим. Шофёр йигит билан гурунглашиб кетдим. Найман ака ҳақида анча-мунча янги гапларни эшитдим. Найман ака, «Ҳатто фалончини ҳам танийман», деган эмиш. Қишлоққа етиб келгач, шофёр бир қаватли узун иморат олдида машинани тўхтатди.
– Мактаб мана шу.
Раҳмат айтиб машинадан тушдим. Шофёр кабина эшигини ёпар экан:
– Муллака, айбга санамайсизу шаҳарлик нотаниш одамлар орасида: «Найман акани танийман», деган биринчи киши сиз бўлсангиз керак, – деди ва машинага газ бериб кўздан узоқлашди.
Найман аканинг хотираси яхши экан, орадан шунча йил ўтганига қарамай, кўрган заҳотиёқ мени таниди:
– Зафарали!.. Иноят Ҳидоятович омонмилар!
Аввалига аччиғим келди: «Нега ўзимдан ҳол-аҳвол сўрамайди?» Биринчи учрашувимизда: «Карим Расулович омонмилар?» дегани майлига эди, чунки бизлар унда нотаниш эдик. Ахир, бир кўрган таниш, икки кўрган қадрдон дейишади-ку. Дарвоқе, Карим Расулович яқиндагина нафақага чиқиб, Иноят Ҳидоятович вилоят халқ таълими бошқармасига бошлиқ бўлганини Найман ака дарров қаердан била қолибди?
– Иноят Ҳидоятович сизга кўпдан-кўп салом айтиб юбордилар, – дедим биринчи учрашувимиздагидек.
– Саломат бўлсинлар,
– деди ва кейин бир нарса эсига тушган кишидек шошилиб менга қўл узатди:
– Яхшимисиз.
Қўл олишдик. Танаффус пайти эди, мактаб ҳовлисида турардик. Болаларнинг қий-чуви ҳаммаёқни тутиб кетган эди, бири ланка тепар, бири ҳовлига кириб қолган хўрозни қийқиратиб қувлар… бир гуруҳ қизлар сопалак ўйнар эдилар.
– Зафарали, очиғини айтганда бугун иш юзасидан гаплашмайлик, – деди Найман ака. – Бир ўқитувчимиз касал бўлиб қолган экан, географиядан уч соат жавраб чарчадим. Сиз ҳам йўл юриб чарчаганингиз кўриниб турибди. Бугунги ишим ҳам тугади ҳисоб. Қани, юринг, бизникига кетдик.
– Мен меҳмонхонага жойлашсам.
– Меҳмонхона? Тушингизни сувга айтинг. Синфхона етишмайди-ю, меҳмонхона нима қилсин бу ерда.
Демак, бу қишлоққа келиб, чакки иш қилмабман, мактабни кенгайтириш, қурилиш ишига хўжалик раҳбарлари эътиборини жалб қилиш масаласини кўтариш мумкин.
Найман ака хўроз қувлаган болага дакки бераётган паст бўйли бир ўқитувчи аёлни ёнига чақирди:
– Зебиой, Иноят Ҳидоятович бизга салом йўллабдилар.
– Ким у?
– Мен сизга минг марта тайинладим, газет ўқинг, саводингизни оширинг деб.
– Қолдирмай ўқияпман.
– Керакли жойларини уқиб олиш керак.
– Хўп бўлади.
– Иноят Ҳидоятович вилоят халқ таълими бошлиғи бўладилар. Бизлар эски қадрдонмиз. Фронтда бирга бўлганмиз-да.
– Ҳа, эсимга тушди, – деди аёл чеҳраси ёришиб. – Анов куни мажлисимизда бу ҳақда гапирувдингиз-ку…
– Баракалла… – Найман ака менга юзланди. – Қани кетдик. Қоронғи тушмасдан сизга қишлоқни ўзим бир кўрсатай.
Озиқ-овқат магазинига мени бошлаб кирар экан, Найман ака:
– Мудиринг қани? – деди сотувчи йигитчага.
– Мудирни сўраб нима қиласиз, оқидан берайми? Нечта?
– Одобсиз. Вилоятдан келган катта инспектор олдида шундай муомала қиладими?
«Инспектор» сўзини эшитиб сотувчининг ранги ўчиб, дами ичига тушиб кетди, ароқ тутган қўли титрарди.
– Қўрқма, Зафарали қадрдон укаларимдан. «Экстра»дан битта ўраб бер, мана, пулини ол, қайтими сигаретга етадими?
– Ортади…
Найман ака ароқни палтосининг қўйин чўнтагига, сигаретани ён чўнтагига солди. Магазиндан чиқдик. Яп-янги “Жигули” ўтиб қолди. Найман ака қўл кўтариб тўхтатди.
– Даданг омонми?
– Дадамни сўраб нима қиласиз? – деди ҳайдовчи йигит машина ойнасидан бош чиқариб. – Ундан кўра тўғридан-тўғри «Уйимга олиб бориб қўй», деявермайсизми?
– Ўзи сенларга қайси муаллим таълим берган? Номерсиз машина ҳайдашни биласану лекин вилоятдан келган катта инспектор олдида шунақа муомала қиласанми?
Ҳайдовчи йигит ғўлдираб қолди.
– Кечирасиз, ўтиринглар.
– Раҳмат, мен пиёда юрмоқчиман, – деб тезда машина олдидан узоқлашдим.
Найман ака менга етиб олди. Хўжалик идораси олдидан ўтаётганимизда скамейкада суҳбатлашиб ўтирган уч-тўрт мўйсафидга яқин бориб:
– Раис ака тумандан қайтдиларми? – деди. – Бўлмаса, келишлари биланоқ бизникига борсинлар, вилоятдан меҳмон келди…
Уфққа бош қўйган қуёшнинг энг сўнгги заиф, ҳароратсиз нурлари ҳам тугаб борар, қишлоқ узра оқшом қўнар эди.