Абдулла Аҳмад. Ёт (ҳикоя)

Ҳожал буви ётиб қолди. Боши айланиб, кўзи тинади… Шу маҳал бувининг кўнглидан нималар ўтмайди… Келин бўлиб тушибдики, тинганини билмайди. Турмуш ўртоғи Элмурод ака хўжаликда бригадир эди. Эрининг ёнига кириб, ғўза чопди, сув тутди. Пиллачилик звеносини бошқарди. Рўзғор бутунчилигини кўзлаб, ўзини ўтга, чўққа урди. Эрим бригадир деб қараб турмади. Қандайин юмуш бўл­са, жон­ дилдан бажарди.
Бугун нафақада… Хаёл дарёсига ғарқ бўлиб, шаддод дугоналари билан далани бошларига кў­таргудай хандон отиб кулганлари, ким ўзарга пахта терганларини орзиқиб, соғиниб эслайди. У кунлар оқар сувдай ўтди­-кетди. Энди ­мадори кетган… Вужуди хаста.
Кичик ўғли Маҳмуджон шаҳардаги шифокорга кўрсатди. У: “Ҳечқиси йўқ, тузалиб кетасиз”­­ дея бир талай дори ёзиб берди. Маҳмуджон шу кунлар камхаржроқ. Дорига қаердан пул топсам деб боши қотди. Лекин бувига сездирмади.
Кенжасининг хаёлидан нима ўйлар кечаётганлигини Ҳожал буви сезиб турарди. Бир кўнгли: “Нега бунча ўй сураяпсан, болам!. Акангга айтармиз, қа­рашиб юборар” демоқчиям бўлди. Лекин айтишга тили бормади. У пайтлар болаларининг ота­си Элмурод ака ҳаёт эди. Зайниддин билан Маҳмуджонни уйлантиришгач, улардан қай бирини ҳовлига чи­қа­риш ҳақида гап борди. Шунда Ҳожал бувининг укаси Абдумалик тоға: “Зайниддин эс­-ҳушини таниб, анча мустақил бўлиб қолди. У чиқса бўлар” девди. Бу гап Элмурод акага ҳам маъқул келди.
Кўплашиб, иморатни битказишди. Зайниддин кўч-кўронини ортиб чиқиб кетди. Олдинлари тўн­­ғичи ўтган­-кетганда ота уйига тез-­тез кириб турар, баъзи юмушларни бажаришда ёрдамлашарди. Энди қаёқда… Келсаям, қош-­қовоғи солиғлиқ. Ўн гапга бир садо чиқмайди. Нимадандир қуруқ қолгандай, тумшайгани­-тумшайган. Ўзи чиқиб, ота уйида Маҳмуд қолганидан норози. Буни сиртига чиқармайди. Хатти-­ҳаракатлари, тагдор, пичингли сўзлари сездириб қўяди. Ҳожал буви буни билади. Шунинг учун тўнғичига ёрдам бер, деб айтгиси келмади. Маҳмуджон ишхонасидан қарз олиб, дориларни келтирди. Бу орада буви касалхонада ётди. Тузалиб чиққач, қувват иниб, эшик орага кириб чиқадиган бўлди.
Майнинг ўрталари. Кунлар исиб, қиш бўйи диқ­қинафас бўлган одамлар ўзини ташқарига урадиган пайт. Томчилаб бошланган ёмғир жалага айланди. Қани тинақолса. Боғлар сувга тўлди. Ариқлардан тошган сув кўчаларни босди. Жаладан сўнг кучли шамол турди. Шамол илинган нарсани чирпирак қилиб учирди. Дарахтлар қулади. Шохлари қар­силлаб синди.Омонат деворлар йиқилди. Деразаларнинг ойнаси чил­-чил синди.
Яхшиям жала бошланмай Ҳожал бувини бош­қа хонага олиб ўтишгани. Эрталаб қарашса, буви аввал яшаб турган хона қулаб ётибди. Шу уй қу­рилганигаям ўттиз йилдан ошди. Ўша пайтлар Элмурод аканинг қўли калталик қилиб, уйни амал­тақал билан қурганди. Пойдевори паст. Оқибатда деворидан дарз кетиб, тутдай тўкилди.
Маҳмуджон шошиб қолди. Нима қилса бўлар­кин? Буви тинчгина ўтиришни хуш кўради. Набираларининг чув­-чуви толиқтириб қўяди. Онасининг уйи­ни тезроқ битказиши лозим. Лекин қандай қилиб? Иморатга ғишт керак, болор… тахта, шифер дегандай. Хомчўт қилди. Анча маблағ кетади. Бисотида дадасидан қолган кўҳна “Москвич”дан бўлак ҳеч вақо йўқ… У бир кун юрса, уч кун бузуқ.
Қараб турган билан иш битмайди. Ўйчининг ўйи битгунча, таваккалчининг иши битади. Шуни ўйлаб, Маҳмуджон билан хотини Гулчаман ғишт қўйишга киришдилар. Гулчаман сув очди. Маҳмуджон лой қор­ди. Бири лойни зувала қилса, бири қолипга солди.
Маҳмуджон фабрикада боғбон. Ғишт қўйиб бўлингач, “кўриниб келай” деб ишхонасига кетди. Хотини нами қочган ғиштларни тахлади. Ғишт битди. Қолгани­-чи? Маҳмуджон ўйлаб, ўйига етолмади. “Москвич”ни сотай деса, бу матоҳга харидор йўқ. Икки марта бозорга олиб тушди. Ҳеч ким сўрамади. Чиптага куйди.
Ёрдам сўраб акасига бормоқчи бўлди. Янгасининг бир пайтлар айтган сўзи ёдига тушиб, шаштидан қайтди… Маҳмуджон ҳайдовчилик курсида ўқирди. Тўловига пул зарур бўлиб қолди. Акаси миқ этмай бир даста пулни укасининг олдига ташлади. Янгаси Анзират: “Сиз ота уйидан уч қоққан кунжутдай чиққан бўлсангиз, яна укангиз сиздан ёрдам сўраганига ўлайми?”­­ деганича қовоқ уйиб, ўрнидан туриб кетди. Акаси хотинини бир-­икки тарсаки урди. Маҳмуджон қайтиб келаверди. Шуларни ўйлаб: ”Ҳар қанча қий­налсам-да акамга айтмайман. Янгамнинг таънаю дашномини эшитгунча…” деган қарорга келди.
Ҳожал буви тўнғичини йўқлаб, у келса айтадиган гапларини хаёлида пишитиб қўйди:” Мен ҳаёт бўлатуриб, ака­-ука келиша олмаяпсизлар. Отанг даргоҳидан оёғинг узилиб қолди… Акаям отадай. Жигарингни ёлғизлатма. Кунора, бўлмаганда ҳафта сари кириб тур”.
Шом аралаш Зайниддин келди. Бир лаҳза ака­ука тахланган ғиштни, қурилажак уй ўрнини кўздан кечиришди. Сўнг буви турган хонага киришди. Она-­бола кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашишди. Буви тўнғичини анчадан бери кўрмаган эди. Шунданми ўғлини бағрига босаркан, кўзларига қуйилиб ёш келди: “Нега йиғлайсиз она?» деди Зайниддин овозини баралла қўйиб:
–­­ Келинингиз бувим келсин дептилар деса, тобингиз қочдими деб, роса хавотирландим. Отдай бардамсиз-ку! Нега ўтакамни ёрдингиз? Келаман, она, қелиб тураман. Ахир, нима қилай? Бир ёғи хизматчилик, бола­-чақа ташвиши…. Хўп, бўпти, мен кетдим. Яхши ўтиринглар.
Зайниддин кўчага чиққач, бир-­икки қадам юрдида, сўнг бирдан тўхтаб, орқасига бурилди: “Маҳмуд, онамизга яхши қара, парвариш қил. Онамизни сенга топширганмиз. Бир гап бўлса… хабар қил… уқдингми?!»
«Уқдим ака, уқдим».
Бечора буви. Тўнғичининг совуқ муомаласию, кўн­гилга ботадиган сўзларидан ўйлаб юрган гап­ларини унутди. Аниқроғи, айтгиси келмади. Ундан дили оғ­ри­ди. Ўз фарзандидан бегонасирагандай бўлди.
Баҳор, сўнг ёз ҳам ўтди. Куз келди. Бувига атаб солинаётган уйни битказишга Маҳмуднинг қурби етмади. Бировдан қарз олса, эрта бермоғи бор. Қиличини яланғочлаб қиш келади… Маҳмуджон билан аёли Гулчаман хавотирга тушдилар: “Афсус, уй битмади. Онамизнинг олдиларида уятли бўлдик. Нима ҳам қилардик. Осмон узоқ, ер қаттиқ”.
Йўқ! Осмон узоқ, ер қаттиқ эмас экан. Кечки пайт Маҳмуджонни маҳалла раиси йўқлади. Борса, фаоллар жамулжам. Маҳалла раиси ҳол­-аҳвол сўради, бувининг соғлигини суриштирди. Сўнг:” Эртага уйда бўлинг. Усталар боришади. Лозиматини ўзимиз етказамиз. Фаолларнинг қарори шундай”,­­ деди.
Ҳафта ичида ҳашар билан уй битди. Онахон бу ерда уч ойгина яшади. Сўнг бандаликни бажо келтирди. Она тобутини кўтариш Зайниддинга насиб этмади. У ўша кунлар олис шаҳарда ўз ташвишлари билан юрарди.

 “Ёшлик” журнали, 2014 йил, 11-сон