Абдулҳамид Чўлпон. Ёрқиной (драма)

ЁРҚИНОЙ

6 пардали афсонавий томоша

Водийи ваҳдат ҳақиқатда мақоми ишқдир,
Ким мушаххас ўлмас ул водийда султондир гадо.
Фузулий

Тотли ва бой тили билан эртак (чўнчак) айтиб бериб, шу асарнинг ёзилишига сабаб бўлган кампир опага ҳурмат билан бағишлайман.
Чўлпон

БИРИНЧИ ПАРДА

Бу парда ўн мажлисдан иборатдир

АРАЛАШАРЛАР

Кириш тартиби билан

П ў л а т — боғбон йигит, 30-35 ларда.
Қ у м р и — хизматчи қиз, 17-18 ларда.
М о м о х о т и н — оқсоч, 50 ларда.
Ё р қ и н — саркарданинг қизи, 20 ларда.
Ў л м а с  Б о т и р — саркарда, 50-55 ларда.

Ўлмас Ботирнинг қўргон боқчасида ўрик дарахтларининг таги. Тўрда — ўрикзордан сўнг олмазор, унинг орқасида узун-узун сўртак (ишком)лар. Кўклам бошлари: ҳамма дарахтларнинг япроқлари кўм-кўк, тоза, гуллар чаман-чаман бўлиб очилғонлар. Вақт ярим кечага яқинлашган, дарахтларнинг орасидан ойдинлик тушадир, йироқлар сутдек ойдин. Оғир ва сирли бир жимлик.
Бир гиламча, бир шер териси — пўстак билан иккита ястиқ кўтариб П ў л а т чиқар, содда — хизматкорларча кийинган. Белида ёлғиз боғбон пичоғи осилган.

БИРИНЧИ МАЖЛИС

П ў л а т ёлғиз

П ў л а т (уёқ-буёққа жаланглаб қараб олгандан кейин ҳайрон бўлиб кўтарган нарсаларини секингина ерга қўяр). Шу, шу! Қантак ўрикнинг таги дегани шудир. «Тагида бир туп бели сингон қари ўрик бор» деган эди, (қараб) ҳа, шу, аммо, мен билмадимким, ярим кечада бу тарақ-туруқ нима учун ва ким учун бўлса? Ё бирорта нозик меҳмон келарми экан? (Ўйлаб.) Йўқ, йўқ, ҳар қандоқ нозик меҳмон бўлса ҳам ҳовузнинг бўйига жой қилдирар эди. Ё Ботирнинг ўзи чиқарми экан? Унинг ухлагали ётганига қанча бўлди-ю. Иннайкин, Ботир ярим кечаларда мундоқ тўполанг қилиб юрмайди-да. (Қараб.) Ҳа, ана Қумри келаётибдир. Ўшандан сўрайман, бу кичиккина, жиккак, қақажон қиз ўлгур, ҳамма нарсани билади. (Пўлат келган томондан Қ у м р и келиб чиқадир.)

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.