Абдулатиф Абдуллаев. Фронтовик (ҳикоя)

Ҳар йили май ойи мактабимизда уюштириладиган йиғинда қишлоқнинг энг кекса икки уруш қатнашчиси иштирок этар, қулоғи батамом битган Худоёр бобо келиши билан пинакка кетар, назаримда у буни атайдан қилар, шу зайл ўзича ривояти оғир бўлган хотираларга берилишдан тийиларди. Уруш воқеаларини асосан Эшқобил бобо айтар, ўзи аллақачон саксондан сакраган бўлса ҳам далли-ғўлли эди.
Битирадиган йилимиз Худоёр бобо баҳорга етмади. Довуча тугиб қолган ўрик тагига қўйилган стол-стулда директор билан ёнма-ён ўтирган Эшқобил бобо ўзини аллақандай ёлғиз ҳис қилар, ҳар йили пинакка кетиб ўтирса ҳам ёнида бўладиган қуролдоши йўқлигидан унғайсизланар, гўё, ҳалиям ўлмай юрганига хижолат тортаётгандай ўқувчиларга тишсиз милкларини кўрсатиб аянчли жилмайиб қўярди.
Эски микрофонга ҳар галгидай, ҳеч ким ҳушламайдиган, ўқитувчи-ю ўқувчилар билан бирдай қасдлашиб юрадиган оқсочли замдиректор эга чиқди. Опамнинг айтишича, бундан йигирма йил илгари у намоз ўқигани учун отасини урган, ҳатто қариялар уйига элтиб ташлаган. Мактабда ҳам рўза пайтлари эринмасдан ҳар бир болага сув ичириб чиқаркан. Эл орасида «юмалоқ хатчи» лақабли калтабақай, қориндору гўштдор қоратоб юз, қўнғир кўзли бу ўқитувчи маънавият дарсидан сабоқ ҳам берарди. У микрофонга пуфлади, томоғини қириб, виқор билан даврага қараб олди:
– Мана, Аллога шукурки, ушбу муҳтарам санада иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонганимизга фалон йил бўлди, – деди тупук сачратиб, худди ўзи жангда қатнашиб келгандай. – Номинг ўчгур қирғинборат неча сафдош ўртоқларимизни қаро ерга кўмди… Кўзларимиздан селларимизни жоладай оқизиб, қон қақшатти ва…
Директор малолланиб, кўз остидан қараганда довдираб, матрасиз гапининг давомини йўқотиб қўйган замдиректор ҳозироқ тўртинчи марта пенсияга ҳайдаладигандай, шошганча сўзни бу йилги якка иштирокчига берди. Эшқобил бобо зумда хотираларга берилди:
– Ўн олти ёшимда пронтга жўнадим. Бизнинг тумандан бир кунда қирқ етти кишини олиб кетишди. Илк бор Украинада жангга кирдим. 1943 йилга келиб душманни чекинтирдик. Венгиристон, Руминистон, айниқса, Бухористонда қаттиқ жанг бўлди-ей… Қишлоқдошлардан олти кишигина омон қолдик… – Бобо ўйга чўмди. Сўнг кулимсирашга ҳаракат қилди. – Максиминка деган взвод командиримиз бор эди. Уни Махсим ака дердим. Менга жуда кўп нарсаларни ўргатган…
Ҳикоя ҳар йили такрорланса-да, ўқувчилар ҳаяжон билан тинглар, фақат бу сафар оқсочли замдиректор нутқи чала қолгани учун энсаси қотиб ўтирарди. Воқеалар ривожи Максиминканинг унга: «Агар тирик қолай десанг, оёғинг етган жойдан бирон нарса олма. Тилла, пул, аёлга қўлингни теккизма. Этигинг тешилиб қолган бўлса ҳам ўликнинг оёғидан янгисини ечиб олма. Муҳими, ғирром бўлма», деган жойига келганда оқсочли замдиректор истеҳзоли кулди. Ўзича минғирлаб: «Ҳа энди, куни битмаган-да, бўлмаса бундай ҳалолчи одам озмиди», деб қўйди. Бобо замону маконни унутган, жўшиб давом этарди:
– Бунинг исботини кўп ўтмай кўрдим. Бир сафар Будапиштда бомбадан қочиб туркман ва рус аскарлари билан бир тилла дўконига беркиндик. Учаламиз учун Махсим аканинг сўзлари қонун эди. Бомбардимон тинганда тиллалар тўкилиб ётган бўлса-да, бирон нарса олмасдан у ердан чиқдик. Аммо етти-саккиз сапдошимиз қўйинларини тўлдиришга тушиб кетди, денг. Бизнинг қайтариғимиз кор қилмади. Улар дўкондан чиқиши билан устига бомба тушиб, ҳаммаси ўлиб кетди-ей…
– Эсиз тиллалар, – ноўрин кулги кўтаришга уринди оқсочли. Чунки бу вақтда директор иш билан қўзғалганди.
– 1945 йили Пфрагада эдик, – бобо яна беихтиёр эътиборни ўзига тортди. – Роса қирқ кун қаттиқ жанг бўлди. 41-куни тонгда танкимнинг радиосини тинглаб ўтиргандим. Кутилмаганда уруш тамом бўлганини эълон қилишди. Йиғлаб юбордим…
Бобо шу жойга келганда ҳикоясини тўхтатди, ўзи чиндан ҳам йиғлади, ўқитувчилар овутишди, ўқувчилар гул тутишди…

* * *

Лекин мен бир сафар отамга эргашиб пахта хирмонига бориб, уч-тўртта бобонинг гурунгига гувоҳ бўлганимда Эшқобил бобонинг бу ердагилар эшитмаган ажиб бир ҳикоясини тинглаганман. Терим маҳали хирмонга қоровуллик қиладиган отамни одамлар бироз диний илми бўлгани учун ҳурматлаб «Махсум» дер, Эшқобил бобонинг ҳам унга ихлоси тушганди. Ўшанда бобо ҳозиргидан бошқача, қандайдир маюс ҳолда, худди совуққотгандай, елкасига ташлаб олган беқасам чопонга ураниб ўтирарди:
– …Нима қилай, Махсимжон?! Уйга қайтаяпман, деб учгиларим келиб турганда поезд бошқа томонга йўл олиб турса. Жанжал кўтардим. Олдимга ким келса уриб-сўкдим. Ўлгудай калтакландим. Ахир алам қилади-да. Янги взвод командир – Петровни ёмон кўриб қолдим. Ўзиям фашистбашара эди. Кейин билсак, бизни Япон билан урушгани опкетган экан. Командирнинг темир интизоми ҳамманинг жонига текканди. Гўё биз кеча келган аскару бир-иккини билмайдигандай. Айниқса, мен билан ўчакишиб қолди. Икки ярим сутка ухлатмади. Учинчи куни оқшом вишкага постга қўйди. Кундузи ўлгудай машқ қилганимиз учун жуда толиққан эдим. Ярим тунда кўзим илинибди. Юзимга келиб тушган тепкидан гангиб қолдим. Оғиз-бурним қонга тўлди. Командирнинг қаҳрли кўзлари ялтираб турарди.
– Эрталаб отиласан! – деди кескин оҳангда. – Сенга ўхшаган песни деб бутун взвод қирилиб кетиши керакми? Мудраётганингни кўриб атай кузатиб турдим. Тур ўрнингдан.
Бу гапдан кейин ростдан ҳам ўрнимдан туролмай қолгандим. Петров бизнинг бўлинмадан олисроқда жойлашган, ичимиздаги ягона аёл бўлмиш медсестра Веранинг чодири томон кетди. Ётиб туриши у билан эди. Нахс босгур, ҳатто юз-қўлини ҳам ювмасди… Хуллас, уйқум учиб кетди. Бу ярамас айтдими, бажаради. Наҳотки куним битган бўлса. Махфий гуруҳда бўлганимиз учун ҳеч кимга арз қилолмайман. Ўйлайвериб каллам қизиб кетди. Ишонсангиз, шу тобда душман бостириб келишини, тезроқ жанг бошланишини истардим. Бирон айғоқчи келиб қолармикин, деб тонгга қадар мижжа қоқмай йўл пойладим. Чарчоқ енгиб, тағин мудрабман, денг. Ҳар хил қўрқинчли тушлар кўриб ётибман. Тушимда душман бостириб келаётганмиш. Милтиғимга таяниб алаҳсираб уйғондим. Ғира-ширада бир шарпа кўринди. У белгиланган биринчи чизиққа етмасиданоқ бақирдим:
–     Тўхта! Паролни айт!
–     Нима, эсингни еганмисан?
Кимдир яшин тезлигида қулағимга шипшигандай бўлди: «Ё у, ё сен! Агар ҳозир уни отмасанг бироздан кейин ўзинг отиласан». Нима дейсиз, Махсимжон, шу гапни шайтон айтганмикин?…
Отам индамади. Назаримда, нима дейишни-да билмади. Шукрулла чўпон воқеанинг давомига қизиқиб, Эшқобил бобони қистади.
–     Хўш, кейин-чи?
–     Аввал Махсимжон гапирсин-чи? – у астойдил жавоб кутарди.
–     Ҳей прантовик, – энди Бердираҳмат бобо жеркиди. – Махсим қаяқдан билади қулағингга ким шипшиганини. Аввал маталингни тугат-да, кейин муҳокама қилайик.
–     Кейинми? – бобо ўзгариб борарди. – Бўйруқни такрорладим. Ундан паролни сўрадим. У эса паролни айтмади.
–     Барибир отиласан, аҳмоқ, – деди нописандлик билан бостириб келаркан. Петровнинг овозига ўхшатдим. Чайқалишидан мастлигини билдим. «Нима қилсам экан», дея ичим ёниб борарди. Шарпа эса қоидани юз фоиз бузиб турибди. Аввал икки кўзимни юмдим. Кўз олдимдан нон тишлатиб йиғлаб қолган ота-онам, қишлоғимиз, шу кўриниб турган Қамайтепа, хуллас жуда кўп нарса ўтди. Аста бир кўзимни очдим. Бармоғим титрарди.
–     Паролни айт!!! – деб қаттиқ бақирдим. У индамай келаверди. Мен балки уйқусираётгандирман, деб ўйладим. Тушимми, хушимми, ҳеч идрок этолмасдим. Тепкини босиб юбордим. Ўқ унинг бошига текканини кўриб, карахт ўтириб қолдим…
Бу иш гўё ҳозир содир бўлгандай бобо саллали бошини чангаллади. Қолганлар ҳам жимиб қолишганди. Биринчи бўлиб унга Бердираҳмат бобо юпанч берди:
–     Тўппа-тўғри қилгансан. Ахир у қоидани бузди, сени ­ махфий хизматдаги аскарни менсимади. Бунинг устига…
–     Кейин-чи? ­ қизиқишимни яширолмадим мен. Аввал отам, кейин улар менга қарашди. Шу чоққача даврадагиларнинг ҳеч бири у ёғини сўрамаган шекилли, ҳамма яна фронтовик бобога қарашди.
–     Кейин… Менга орден беришди. Уни кўмиб ташлаганман…
Нега бундай қилганини тушунолмаган бўлсам-да, унинг ўйчан кўзларига боқиб, ўшанда қандайдир хатолик бўлганини ҳис қилдим. Сукутни Эшқобил бобо бузди:
— Махсимжон, менга шу ишнинг ечимини айтсангиз. Кечалари тушимга Петров киради. Устимга бостириб келаверади. Қочолмай терга пишиб кетаман. Ахир нима қилишим керак эди?!
— Эшқобил бува, ўзингизни кўпам қийнаманг-да, — тасаллидан бошлади отам. — Ҳаммамиз ҳам гуноҳкор бандамиз.
— Демак, менинг гуноҳим оғир. Буни ўзимам сезардим…
— Одам бир нарсани ҳадеб ўйлайверса, тушигаям шу киради-да, тўғрими?…
— Энди нима қилсам бўлади?!..
Отам нима дейишни билмай қолганди. Шукрулло чўпоннинг далдаси, Бердираҳмат бобонинг таскин-тасдиғи Эшқобил бобонинг қулоғига кирмади. Қайноқ кўз ёшини тиёлмай ўрнидан қўзғалди. Эшагига минаётиб мункиб кетди. Хайр-маъзурни ҳам насия қилиб кетиб қолган эди ўшанда.

* * *

Мана, ҳозир ҳам унинг кўзларида ёш. Балки у Петров учун йиғлаётгандир. Эҳтимол… Шундан бери Эшқобил бобони ҳар кўрганимда, мен ҳамма саволнинг жавобини билади, деб таниган отамга берган жавобсиз саволлари ҳақида узоқ ўйлайман. Олдимда бир савол кўндаланг бўлади: «Хўш, унинг ўрнида мен нима қилган бўлардим?! Башарти бобо сингари карахт ҳолда бўлмай, ҳушёр турсаму, командиримни таниб қолсам, айни пайтда бир соатдан кейин беҳуда ўлиб кетишимни билсам, қандай йўл тутардим?!». Билмадим… Билганим — байрам сўнгида Эшқобил бобони уйига кузатаётиб, унинг Петров билан ғойибона ярашиб олгани, менинг сиймомда у билан дўстона гаплашиб бораётгани эди…

2012 йил