Абдуҳамид Мухторов. Янги йил эссеси (ҳажвия)

Кўчада кимдир тўхтатиб санани сўради: Айтдим, 30 декабрь.

– Ие, – ёдига нимадир тушгандай сергакланди нотаниш одам, – эртага байрам-ку. Сал бўлмаса эсимдан чиқибдими!

Унинг ҳолатидан кулгум қистади.

– Ие, эртага янги йил–ку, – сўнгра эсимга тушган гапдан сергакландим ва қадамимни тезлатиб уйга шошилдим…

– Вой дадаси, қаерда юрибсиз? Эртага байрам. Уйга меҳмонлар келади. Пишириқ қилишим керак, сиз бозорга тушиб мева-чева, ул–бул олиб чиқишингиз керак, кейин ўзимизам меҳмонга боришимиз керак…

Бир дунё “керак-керак”лар билан кутиб олди келинингиз. Унга эшиттирмай “керак-керак”лар сафига ўзимнинг “кераг”имни қўшиб қўйдим. Шунинг барига пул керак, бунинг учун қарз олиш керак, қарзни кимдан сўраш керак?

Бир пасда бошим ғовлаб кетди. Ҳасан қурумсоқ бермайди, Ҳусанга аввалги қарзини ҳам қайтарганим йўқ, Ҳабибулланинг-ку умуман пули йўқ, хўжайиндан сўрай десам, ноқулай.

Ана холос, бир пасда “керак-керак”лар “йўқ-йўқ”лар билан жой алмашди. Лекин келинингизга буларни айтмадим. Айтиб жинни бўлдимми. Менга Дўстмурод ака айтганди: “Хотин – эгов, унга бир баҳона топилдими, бошингдан тортиб оёғингача эговлаб чиқади”. Сир бой бермадим.

– Менга қара, бунақа майда-чуйда харажатлар билан менинг бошимни қотирма. Ҳозир муҳим иш билан кетяпман. Хўжайин чақиргамиш.

Шуларни айтди-му қуённинг думини ижарага олдим. Кўчага чиқиб ўйланиб қолдим. “Қаёққа бораман ўзи. Бугун ярим иш куни бўлса, шунинг учун ишгаям бормагандим. Кел, таваккал, ишхонага борай-чи, бирор гап чиқиб қолар”.

– Эй, ака бормисиз? Сизга мукофот пули ёзилгану, олай демайсиз-а, – дея қарши олди бош ҳисобчимиз.

– Шунақами? Мана олайлик деб келдик-да, – дедим қувончдан юрагим ёрилгудек бўлиб. Чўнтаклар қаппайди, бозорга бормоқчи бўлдим.

– Менга қаранг, бугун байрам экан. “Юз-юз” қилайлик, кейин кетаверасиз, – деб қолди ҳисобчи.

– Майли-ю, ҳозир бозорга тушмоқчи эдим. Кейин бир кишидан қарзман. Шуни бериб қўяй. Янги йилга эски йилнинг қарзлари билан ўтмай дейман, ирим бўлади.

– Эй, қўйинг-е, қанақадир ирим-сиримларга ишониб ўтирсангиз. Иримдан фойда йўқ, – яна йўлдан урди у.

– У нима деганингиз, – юзимга ясама жиддийлик бериб уни ишонтиришга урина бошладим. – Ирим бор нарса. Агар йилни қарз билан бошласангиз, охирига қадар шундай кетади.

Ҳисобчи гапларимга ишонди, лекин барибир “юз-юз”га кўндирди. Ресторанга кирдик. “Юз-юз”дан бошланган тадбир “минг-минг” билан якун топди. Ҳотамтойга айланиб ҳаммасини ўзим тўладим.

– Энди уйга бориб янги йилни кутиб оламан, – дедим ҳиқиллаганча.

Улфатим кулди:

– Янги йил эртага киради.

– Нима бўпти, мен бугун кутаман.

Ажрашдик…

Кимдир соатни сўради. Айтдим. – 2.00.

– Нима – пешонасига шаппатлади у, – шу вақтгача нима қилиб юрибман.

Сўнг менга тикилди. Таниш, жуда таниш. Худди отамнинг катта ўғлига ўхшайди. Шу пайт унинг ёнида бир аёл пайдо бўлди. Яна тикилдим. Қайнотамнинг кенжа қизи. Менга ўқрайганча танбеҳ берди:

– Ҳа дадаси, ойнанинг орқасида ким бор? Аксингизга гап сотмай кириб ётинг…

Нимадир эсимга тушди. Фош бўлганим алам қилди. Индамай ётдим…

Эрталаб келинингиз ҳар галги хиргойисини бошлади “керак-керак”. Менам хиргойи қилдим “бўлади-бўлади”. Чиқиб кетдим. Кеча Ҳусаннинг пулини бермаганим ёдимга тушди. Иримчиман, бермасам бўлмайди. Пулини олиб бордим. У мени “юз-юз”га таклиф қилдим. “Бор-йўғи “беш-беш” олайлик”, деди. Олдик, қанчалар “беш”лар қулоғини ушлаб кетди. Ниҳоят ширин ўтиришнинг ёқимсиз онлари келди. Ҳотамтой менга ҳавас қилган бўлса, ажабмас…

Эрталаб келинингиз янги йил билан қутлади. Бошимни кўтаролмасам-да, тиржайиб қўйдим. У бу йилга ҳам қарз билан ўтганимизни айтиб ирим қилди.

Мен бепарво қўл силтадим:

– Ирим йўқ нарса…