Абдуҳамид Мухторов. Ноўрин ваъда ёки тинчиган «Виски» (ҳажвия)

Миш-миш тарқалди. Ҳасанбой баъзи ҳамкасблари билан гаплашмай қўйганмиш. Энг қизиғи, ўша “баъзи”лар унинг улфатларимиш. Унданам қизиғи, Ҳасанбой улар билан уришмаган, сўкишмаган, бор-йўғи чойхонада бирга ўтирган-у…

Бу гаплар, одатдагидек, тўппа-тўғри Олдибек Бердибековнингнинг қулоғига етиб келди. У жамоа иноқлиги учун қаттиқ жон куйдиргувчи одам бўлгани учун, қолаверса, Ҳасанбой билан битта чойхонада баъзан ош еб тургани учун бу миш-мишларнинг тагига етишга қасд қилди.

– Ҳасанбойни чақиринг, – деди чорловни эшитиб ёнига кирган котибасига.

Орадан кўп ўтмай, хонага оғир мусибатга дучор бўлган одамдай, Ҳасанбой кириб келди.

– Чақиртирган экансиз?

– Келинг. Қулоғимга ғалатироқ гаплар чалинди. Тинчликми? – деди бошлиқ жиддий оҳангда.

Ҳасанбой стулга оғир чўкиб, мутелик билан хўжайинга термулди.

– Янглишмасам “Чапайип”, “Отақул”, “Эшон”, “Мўйлов”лар ҳам менга ўхшаган улфатларингиз шекилли, – гап бошлади Олдибек Бердибеков, – нега улар билан аразлашиб юрибсиз?

– Ҳа энди, шунчаки, – чайналди Ҳасанбой, – арзимаган гап.

Бу учрашувга анча жиддий тайёргарлик кўрган бошлиққа Ҳасанбойнинг ўламса жавоби ёқмади.

– Нимаси арзимаган, арзимаган бўлса, нега бунақа тумшайиб юрибсиз. Ҳамма ёқда дув-дув гап. Эмишки, бизнинг, туфу, демоқчиманки сизнинг тўдангизда иноқлик йўқ эмиш. Бунақада улфатнинг ҳурмати қаерда қолади?

– Хўжайин…

– Нима хўжайин, гапингиздан сезиб турибман, ҳамма бало ўзингизда. Қилгиликни қилиб қўйиб…

– Йўқ, – қичқириб юборди Ҳасанбой, – мен ҳеч нарса қилмадим. Улар мени хўрлашди. Мен шунга чидолмаяпман, хўжайин.

Ҳасанбой йиғлаб юборди. Бошлиқ буни кутмаганмиди ёки кап-катта  эркакнинг йиғлаши шошириб қўйдими, каловланганча ходимининг олдига ўтди. Котибаси дамлаб қўйган аччиқ кўк чойдан бир пиёла қуйиб узатди.

– Қўйинг, хафа бўлманг, улар билан ўзим гаплашаман! Муни ичинг-да, нима бўлганини бир бошдан гапириб беринг?

Ҳасанбой ҳиқ-ҳиқ қилганича, чойни ичиб, ўпкасини босиб гап бошлади.

– Биласиз якшанба кунлари чойхонада ўтирадиган одатимиз бор. Кечаги якшанба шахсан ўзим бозор қилдим, анави танбаллар келгунча дастурхон тузадим…

Ҳасанбой қараса, бошлиқ уни астойдил тинглаяпти. Илҳоми келиб кетди:

– Шу десангиз, дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Паррак-паррак газакларни айтмайсизми… Бир томонда шўртаккина бодринг, бир томонда голланд пишлоғи, яна бир томонда қип-қизил, тўртга бўлиб кесилганча туз сепилган помидор…

Бошлиқ бу таърифларни эшитар экан, қулт этиб ютиниб қўйди. Ҳасанбой тарифлашни баттар авжига чиқарди.

– Анави жониворлар-чи, тур-тури билан.  Жияним Америкадан мен учун атайлаб олиб келган «Виски»ни ҳам дастурхонга қўйган эдим. Туришини кўриб сўлагинг оқади, шишаси уч бурчак, беш-олти ордени, фахрий ёрлиқлари бор. Қўлингга олиб чайқасанг қулт-қулт қилиб овоз чиқаради…

– Қаердан, Америкадан дедингизми, – деб унинг гапини бўлди бошлиқ. Тасдиқ ишорасини олгач, ғўлдиради, – Шотланд вискисини ичганман, Англиядан ҳам ўшанга ўхшаган нимадир олиб ичгандим аммо Америка вискисини ичмаганман, ҳа, аниқ ичмаганман. Мени ҳам айтмаган экансизда, аттанг…

Ҳасанбой хўжайинининг гапидан ўнгайсизланиб, шашти тушганча давом этди:

– Шуларга қараб ўзимда йўқ қувониб турсам, кеча эрталаб хотинимга “ичмайман” деб берган ваъдам лоп этиб эсимга тушиб қолса бўладими. Биласизми, хўжайин, дунё кўзимга қоронғи бўлди. Лекин ўйлаб-ўйлаб чорасини топдим. Хотинимга ичмайман деб ваъда берганман, астойдил илтимос қилишса, мажбурлашса ҳам ичмайман, демаганман-ку. Тўғрими?

– Тўғри, тўғри, – деб маъқуллади Олдибек Бердибеков.

– Хуллас, анави ярамаслар келишди. Пиёлага қуйиб узатишганда, хотинга берган ваъдамни аста эслатиб, тил учида ичмайман, дедим. Нокасларни жиндек хиралик қилар, деб ўйлагандим-да. Қаёқда, шуни кутиб тургандек, “Унда ичмаганинг дуруст”, дейишдию ўзлари…

Шу жойга келганда, Ҳасанбойнинг кўзида яна ёш ғилтиллай бошлади. Хўжайиннинг ҳам аҳволи ундан яхши эмасди. Ҳасанбой ҳиқиллаб гапини аранг давом эттирди:

– Аблаҳлар, ҳам-м-масини ичишди. Бир қултим ҳам қолдиришмади. На тихирлик қилишди, на мулозамат қилишди.

– «Виски»ни ҳамми, – деб юборди Олдибек Бердибеков кўзларини пирпиратганча.

– Уни ҳам… Аламимга чидолмай қўлимга илинган шишани ерга урдиму чиқиб кетдим. Ахир, ўзбекда олинг-олинг, ширин қилиб беринг, қўлимни қайтарманг, деган гаплар бўларди-ку, хўжайин…

Бошлиқ ўрнидан туриб кетди.

– Ярамаслар. Шунчалик ҳам  шафқатсизлик қилишадими? Умрим бино бўлиб бундай бағритошларни кўрган эмасман. Хафа бўлманг, ука, бу қилмишлари учун ҳали жавоб беришади. Мен улар билан бугуноқ гаплашаман. Ўзингиздан ҳам ўтганда, ука. Хотин деганга бўлар-бўлмасга ваъда берилавермайди.

Ҳасанбой ичини бўшатиб, аста ўрнидан турди. Эшик олдига келганида бошлиқ бирдан сўраб қолди:

– Ҳалиги… жиянингиз Америкага яна борса керак-а…