Абдуҳамид Мухторов. Битта зобит, бир сувшунос, бир филолог ва мен (ҳикоя)

Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан берироқда туғилган, ҳамиша ўзининг “комсомол секретари” бўлганини бот-бот такрорловчи оқсоқол суҳбат асносида бир оз ўйланиб олгач шундай дерди:

– Мен селарга ҳавас қилмайман! Шуям ҳаёт бўлдими? “Олтин давр”миш. Хорлик даври, зорлик даври, йўқчилик даври деган маъқул. Селарнинг кўрган кунларинг қурсин. Бу қанақа гап? Талаба ўқиши, чиройли қизлар билан (курсдошими, бошқа курсданми, балки умуман бошқа Вуз[1]дан бўлиши ҳам мумкин. Ёши каттароқ бўлса ҳам ҳеч қиси йўқ) кинога кириши, ундан чиқиб биттадан музқаймоқ ялаб, ётоқхонага кўздан пана йўллар билан пешком қайтиши, қиз билан хайрлашгандан кейин ўтган гапларни эслаб, потолокка тикилиб ширин жилмайганча ухлаб қолиши лозим.

Селар нима қиласлар?!.

Эээ, бечоралар. Кўрган кунларинг қурсин.

Қанча стипендия оласлар?

Айтишгаям арзимайди. Бир обед қилишга етмаса керак. Бу ёқда ижарага пул тўлашларинг керак. Ётоқхонада жой йўқ. Қотган буханка чайнаб ўқишга чопасизлар. Ундан чиқиб қаерга борасизлар худо билади. Менимча мардикор бозорига борсаларинг керак.

Бечоралар…

Кечгача мардикор ишлаб сариқ чақа тўланган пулни кистага тиқиб, эмаклагудай бўлиб, ярим кечаси шаҳарнинг аллақаеридан пешком қайтиб, мана бу захлаб ётган квартираларингга келасизлару сасиб кетган пайпоқларингни ечишга ҳам улгурмай ўзларингни полга ташлаб ухлаб қоласизлар. Балки ҳушларингдан ҳам кетиб қолишларинг мумкин.

Талаба қизлар селар билан юришга ҳам ҳазар қилса керак. Тери юклаган одамдан шанел ҳиди анқимайди, ахир.

Бу ёқда ўқийман десаларинг китоб йўқ. Бутунжаҳон пролетар доҳийси Ленин бовонинг китобларига қўшиб ҳамма рус, ўзбек тилидаги китобларни маклатурага топширдик. Улар тувалет қоғози қилиб қайта ишланди. Селар шунга кетларингни артиб ўтирасилару аммо нима ўқишни билмайсилар.

Тувба, шунақаям бўларканми?

Масалан сен сувшунос ўша совет пайтидан қолган гидрологияга оид китобларни ўқисанг нима бўлади? Ғоявий жиҳатдан бузилиб кетасанми? Нима советлар сувни бошқача, мустақиллик мафкурасига тескари қилиб оқизишган эканми? Энасини эмсин, умуман бу мафкурасининг гидрологияга нима алоқаси бор ўзи?

Математикагачи? Физикагачи? Химиягачи? Метрологиягачи?

Ай, журагим куйиб кетадияй, меҳнат дарсига нима алоқаси бор мафкурасининг. Физкултурагачи?

Уфф, бугун РАЙОНОга текширишга бордим. Олти камазда китоб чиқариб кетишга шай бўлиб турган экан ҳовлида. Осилиб устига чиқиб қарадим. Энциклопедиялар, математикалар, астрономияга оид қанча китоблар. “Мартин Иден”, “Қизил ва қора”, “Парма ибодатхонаси” кўзимга тушди. Олиб пастга тушиб зав.районодан сўрадим. “Бу китобларни нега маклатурага топшираяпсизлар”, деб. “Ўзбекистон ССР” деган ёзуви бор экан…

Кутубхоналар бўм-бўш. Сўррайиб китоб жавонларининг ўзи қолди ҳамма жойда. Ҳатто селарнинг ТашГУларингда ҳам.

Энангни эмгур аввал шу китобларни ўша “Ўзбекистон ССР” деган ёзувисиз печатлаб ол. Кутубхонага тарқат, кейин буёғини чиқариб маклатурага сотиб юбор. Ҳамма томонни бўшатиб ташлаб кейин нима қиласан? Ўртадаги бир авлод тупой бўлиб ўтиб кетадику.

Советнинг идеологиясини унутаман деб, бор нарсани йўқ қилиб умуман идеология нималигини билмайдиган авлод билан қаерга бориш мумкин?

Ҳаммангга домлаларинг газетадан нималардир ўқиб бериб вақтни ўтказиб юрибди. Ўқувчилар билан гаплашсам йиғлагим келади. Ҳаммаси “Алишер Ғиёсович буюк бобомиз, сўз мулкининг султони, ўзбек тилининг асосчиси” деган гапни тўтиқушдай такрорлашдан бошқа нарсани билмайди.

Ҳой болам, раҳмат сенга. Бу гапни ҳамма айтди. Сен Алишер Навоийнинг битта ғазалини ўқичи, десанг ерга қарайди. Майли ғазал катта рубойисидан ўқий қол десанг, кинода айтилган рубойидан ўқийди. Бошқасини билмайсанми десанг яна ерга қарайди.

Нютоннинг биринчи қонунини билмайди. Қуёш тизимида қанча сайёра борлигини билмайди. СССР таркибидаги мамлакатлар парчаланиб нечта янги давлат пайдо бўлганини билмайди.

Нега?

“Ўзбекистон ССР” деган ёзув борлиги учун китобларни маклатурага топширганмиз.

Бу бўшлиқ қачон тўлади?

Камида ўттиз йил керак, яна билмадим.

Бу вақт ўтгунча селар чаласовод кадр бўлиб вузни битирасизлар.

Селарнинг болларинг чаласавод бўлиб мактабни битиради. Уларнинг боллари ҳаминқадар, чевараларинг зўр бўлиши мумкин. Кўраяпсизларми ўртада қанча вақт ўтиб кетаяпти…

Хуллас.

Мустақиллик учун. Ота-боболаримиз орзу қилган, мустақиллик учун.

Укалар селарнинг ҳар бир кунларинг жасорат. Мен шундай деб ҳисоблайман. Шу замонда ўқиш, ҳар қандай қийинчиликларга қарамай олға бориш жасорат.

Мени отам ферма мудири эди. Совхознинг фермасида минглаб сигир, ўнминглаб қўй бўларди ўшанда. Мен селардай қийналмасдим. Отам ҳар ой ўттиз сўм берарди. Эҳҳе, бу пулга Москвага уч марта бориб томоша қилиб келса бўларди.

Айниқса москвичкалар зўр бўларди ўзиям. Азият деб бизларга қизиқарди. Яна кавказликларни яхши кўришарди. Бечара рус болларнинг ичи куйиб, бизга муштини кўрсатиб қолаверарди. МГУдаги любойини шартта белидан қучиб “Привет девочка. Я Иля балгалойид. Я прибл сюда с комсомолской поручений. Вы комсомолка? Можете мне помоч”, деганча илинтириб кетаверар эдик…

Майли гапни чўзиб юбордим. Хуллас селар учун. Элшод сенга инглиз тилини ўрганишингда омад, сен яхши сувшунос бўл, Сизга ҳам омад ўртоқ зобит, журналистимиз ҳамиша пешқадам бўлсин.

Қани олдик…

Бу комсомол секретари бўлган оқсоқол акамиз аксарият ҳамқишлоқлардан фарқли ўлароқ оқибатли, талаба ҳамқишлоқларини тез-тез йўқлаб турувчи меҳмонлардан бири эди. Биз бу кишимнинг эртакнамо ҳикояларини оғзимизни очиб тинглардик.

Мана ҳозир ҳам шундай бўлаётган эди. Фақат гап орасида Элшод даврадан ситилиб чиқиб, сасиб кетган пайпоғини алмаштириб оёғини ювиб келди. Қолганлар деярли қўзғалишмади ҳисоб. Тўғри, мен ҳам қўшни хонага ўтиб Навоий ғазалларини бир варақлаб олдим…

Аммо қолганлар қўзғалишмади.

Зобит уни гоҳ кулиб, гоҳида гапириб сўзлашга илҳомлантириб турди. ТашГУнинг География факультети Гидрология бўлимида ўқувчи ҳамхонамиз ошпаз бўлгани учун кириб-чиқиб турди.

Қолганлар қўзғалмади. Негаки, зобит уни жон қулоғи билан тинглаётган, комсомол секретари эса завқ билан гапираётган эди. Уларнинг қайси бири бўлишидан қатъий назар қўзғалса бу суҳбат тўхтаб қоларди.

Шунинг учун қўзғалишмади…

Сўзни зобит олди.

– Биласиз ака мен ТВВТУ[2]ни тугаллаганман. Сиз айтгандай мана бу шўрлиларга қарасам раҳмим келади. Э битта булармас мана ҳозир ўзим ўқитаётган курсантлар ҳам ободмас. Формани ўзи тиктиради. Кўп нарсаларга ўзлари ўртага пул ташлаб олиб келишади. Фақат назарияни ўқийди. Оддий стрелба[3]га олти ойда бир чиқади, ундаям учта, охирига келиб битта ўқ отиб қайтиб келишади. Казарманинг аҳволини кўрсангиз йиғлагингиз келади. Ҳаммасини ташиб кетишган, сотиб юборишган. Замполит дебил. Курсантларга нима дейишни ўзи билмайди. Боя сиз айтмоқчидай идеология вапше расво. Битта комбатимиз бор. Ғирт хотинбоз. Учинчи қаватда ўтиради. Деразаси очиқ туради. Олдига кирган хотинларнинг ҳаммаси негадир шу очиқ деразадан осилиб пастни томоша қилади. Эй, бировлари катта хотин бўлсаям пастга қараб ирғишлайдимией, тушунмайманда шуларга…

Анаву куни командир роталардан бири келиб “кетдик” дейди. Қаерга десам “Маҳалладаги Ғиёс ака обедда келин тушириб базм бераётган экан. Курсантларни олиб ўтиб келамиз”, дейди. Как раз продукта питания узилиб қолган. Кетдик дедим. Ишонасизми икки рота бўлиб бордик ўзиям. Тўяна қилишга пул йўқ. Барибир ҳам ноқулай бўлмасин деб курсантларга територяда ўсиб ётган атиргуллардан ҳар биринг бир даста олиб ол. Келин куёвнинг олдига қўясан дедим. Ака вапше комедия бўлдику. Курсантга саллани ол десанг каллани омайдими, ҳар бири бир қучоқдан кесибди атиргулни. Иккитаси кўтариб олган гулни боғлаб ортсангиз битта эшак инқиллаб қолади. Вей училиши територясида гул қолмаган ишонасизми. Тўйхонада вапше комедия бўлдику. Ҳамма курсантлар бир овоздан келинга табриклаймиз, деб ҳайқирганда столда ўтирган кайпалангларнинг кайпи тарқаб кетди, ўзиям. Ҳовлининг энг четида бир иккита итлар юрганди вангиллаб қочиб кетди, уларга қўшилиб меҳмонларнинг камида элликтаси секиин суриворди. Рота келин-куёвга гуллар топширилсин, деганимдан кейин келиннинг олдида бир ғарм гул уюлиб икки ёш ғарам орқасида қолиб кетса денг. Эээ, бунақа тўй, бунақа уйланиш любой курсантнинг орзусику. Қани менинг тўйим шунақа ўтса. Буни билган билади.

Эй тўйхонадаги ҳамма ҳуштак чалиб юборди ўзиям. Бир қатор столга маҳаладагиларни турғазиб курсантларни ўтқаздик. Ўзимиз жой йўқлигидан ичкарига кирдик. Роса торта-торт бўлиб бир чиқиб қарасак тўйхонада ҳеч ким қолмаган. Бизнинг курсантлар “тортиб олиб” ўртада дискотека қилиб ётибди. Энг қизиғи артисга қилинган сўрининг устида артис йўқ. Қўшиқ айтадиган курсантлар кетига икки тепиб, сўридан улоқтириб юборибди.

Биттаси гитарада “Афганистан”ни айтиб турган экан.

Кайпим тарқаб кетдику.

Бечара келин-куёв шўмпайиб ўзлари ўтирибди. Куёвнинг жўралари ҳам қочиб кетибди. Ғиёс акага тинчликми десам, “ука ҳамма қўрқаяпти, курсантларингизни олиб кетақолинг энди, илтимос” дейди. Эээ, ака, майлии меҳмон кутишниям кетингизга урдингиз, рота қайтамиз, дедимда чиқиб келавердик.

Эрталаб началник училиши роса сўкди ўзиям. Битта виговор олдик.

Нима қилиш керак эди? Мен курсантларимни ўйладим. Оч ўтириши керакми улар. Тўғри ичиб олганларини, анаву Ҳидоятхон[4]га ўхшаган артистни отиб юборганларини жазоладик. Лекин қолганларнинг қорни тўйиб бир яйраб келди.

Сиз тўғри айтдингиз. Буларга ҳавас қилиб бўлмайди.

Масалан мен Ленинградда Своровский военний училишида ўқиганман. Распад бўлгандан кейин қолган бир курсни ТВВТУда ўқиб тугаллаб шу ерда ишда қолдим. Сиз москвичкалар зўр дейсиз. Ака ленинградлик қизларнинг олдига тушадигани йўқ. Биласизми улар руснинг ҳақиқий интеллегенцияси, элитаси, чиновниклари. Собчак[5] ҳам ўша ерлик Михалков ҳам ўша ерлик. Ленграднинг гўзаллигини айтмайсизми. Нева бўйларидаги йўлаклар, кўтарилиб-тушадиган кўприклар, кўзлари осмондай кўм-кук, баданлари қоғоздай оппоқ Ленинград қизлари, айниқса Эрмитажни айтмайсизми? Эээ, рус шохларидан қолган саройларчи? Бир томоша қилган, у ерда озгина яшаган одам яна Ленинградни қўмсайверади. Паромда ими-жимида финландияга ғиз этиб ўтиб келиш, СССРда топилмайдиган қанча нарсаларни олиб келиш мумкин эди у ерда. Эсласам йиғлагим келади.

Яна курсантларимга қараб йиғлагим келади. Шуям ҳаётми? Казармадаги караватнинг душка[6]лари йўқ, сим тўрлари йиртилиб кетган, бечара курсант бир йилда бир марта форма олади. Амалиёт йўқ. Назарияни ўқиб миқ этмай юрибди. Яхшиям спорт зал бор. Шунга кириб машқ қилиб аламидан чиқади. Шаҳарга чиқиш йўқ. Комбат рухсат бермайди. Бериши учун қистириш керак. Қаердан қистирсин?

Мана буларга ўхшаб мардикор ишлаб пул тополмаса. Отаси пул беролмаса. Шундоғам кўпчилиги еб-ичиши, кийим-кечаги давлат ҳисобидан экан, деб училишига киритиб қўйган. Пул беролмайди. Комбат бўлса олмасдан увалненияга қўл қўймайди.

Ленинградда бошқача эди.

Ўзимизни бир кўрсатиб қўйсак бас. Стрелбадами, рукопашнибойдами, маршбросокдами, бўлди. “Курсант фалончиев сенга икки ёки уч сутка уволнения, мувофаққиятинг учун”, дейишарди. Тамом думни хода қилиб шаҳарга сурардик-ку. Битта ўзимиз бўлсак ҳам чўчиб ўтирмасдик. Бошқа училишидан уволненияга чиққан ўзимизга ўхшаган курсантлар билан дарров бирикиб олардик. Эээ, у ерда училишилар кўп. Морскойдан мотрослар чиқарди. Квартираям керак бўлмасди. Дискотекага борардик, қизлар билан танишиб ўшаларнинг уйига суриб юбораверардик. Ота-онасиям минғир-синғир қилиб ўтирмасди. Тинчгина кириб улар билан саломлашиб қизнинг хонасига ўтиб кетаверар эдик. Даа, Ленинград, Ленинград.

Ааа, бу ҳозирги курсантлар нима қилади?

Бор уволненияга чиқиб кел десангиз. Бирорта от ҳайкалининг тагига бориб битта расмга тушиб қайтиб келаверади. На еб-ичади, на ўйнаб кулади. Тўғри айтасиз бу бечараларга ҳавас қилиб бўлмайди.

Хуллас, яна тўғри айтганингиздек лекин буларга қойил қолиш керак. Шунча қийинчиликларга қарамай миқ этмай ҳаракат қилишаяпти. Келинг ака, шу йигитлар учун…

Зобитга биз думалоқ, деб лақаб қўйиб олган эдик.

Аниқроғи бу лақабнинг муаллифлик ҳуқуқи менга тегишли эди. Қолганлар – сувшунос билан филолог нега айнан думалоқ, деб лақаб қўйганимни сўраб ҳам кўришмаган. Шунчаки ўзларига ҳам бу сўз ёқиб қолгани, қолаверса зобитнинг узундан узун исмини айтишга эрингани учун ҳам жон-жон деб думалоқ деб қўйишарди.

Ҳолбуки бу сўз ўз замирида бир олам маънони яшириб турар, агар унинг таг мазмунидан зобитимиз хабар топса менинг ҳолимга маймун йиғлаб, суробим тўғри бўлиши аниқ эди.

Зобитнинг ўз фикри бўлмасди. У суҳбатдош нимани жўялироқ гапирса ўшанга ишониб, ўшанга ҳайбаракалла қилиб, ён босиб кетаверар эди. Мен эса уни кузата туриб одамга бурчак қанчалик зарур эканини ўйлардим. Ахир бурчаги бор жисм думалаб кетмайди. Лекин думалоқ жисмга қийин. У қай томон қия бўлса думалаб тушишга маҳкум…

Сўз сувшуносга, касб тилида гидролог деб аталувчи ТашГУнинг География факультети, Гидрология бўлими талабасига берилди. Лекин у ичмаслигини айтиб, сўзлашдан бош тортди. Бироқ оқсоқол бунга унамади. Уни қўярда-қўймай қўлига пиёла тутқазиб биз ҳазил тариқасида сока-сола деб атовчи ичимликдан қуйиб, сўз айтишини сўради.

– Энди акалар, бизлар жуда сизлар айтганчалик харобмасмиз-ей, – деб гап бошлади сувшуносимиз. – Икковингизни эшитиб турсам жудаям бизни ерга уриб юбординглар. Тўғри биз мардикор ишлаймиз. Масалан мен, маслан филогог. Тўғри у кам чиқади. Негаки, унинг отаси АВИРда ишлайди. Соққани кўп топади. Масалан мана бу журналист тунги сменада буханка ёпади. Қийналишимиз мумкин. Лекин бу дегани вопшим ўлиб кетаяпмиз дегани эмас-ей. Бизларам ўйнаб-куламиз. Дискотекага борамиз. Москвичкалар билан ленинградлик қизлардай бўмаса, бошқачароқ, солиштирса улардан пешроқ қизлар ҳам бордир тошкентда. Хафа бўлмангизларку, икковларингизнинг гапларингизни эшитиб ўтириб мен озроқ қўрқиб кетдим-ей. Тувба.

Икковларингиз ҳам худди қўлди ювиб қўлтиққа уриб, дор тагига кетаётган одамдай видолашиб юбордингизларми ўзиям.

Бунчаликмас-ей. Бўлдида энди.

Сиз оқсоқол ака ҳар сафар шу гапни гапирас-ей, муна зобит акамиз ҳар сафар мақуллайди-ей. Гапларингиз ҳам ёд бўлиб кетдиёв. “Чироқ фақат тошкентда бор. Вилоятлар зимистон. Энди аҳвол ўнгланмайди. Йўллардан фақат асфалт қолдиқлари қолган. Газ трубаларини яқинда музейга топширамиз. Ичимлик суви тизими йўқ бўлиб кетаяпти. Бутун республикадаги “дом”ларнинг 90 фойизида каналицая йўқ бўлиб бўлди. “Дом”ларда отопления ишламайди. Қишлоқларда иш билан таъминланган фақат маллимлар қолди. Улар ҳам йиллаб ойлик олмайди. Медпунктлар тўлиқ йўқ бўлди. Катта-катта фермалар тугаб кетди. Қишлоқларга тортилган телефон симларини одамлар рангли метал олувчиларга сотиб юборди. Столбаларни ковлаб кетишди. Мамлакатнинг бутун бошли инфратузилмаси расво бўлди. Чўл зоналарда дренажлар қаровсиз қолди. Кинотеатрлар омборхона бўп қолди. Пенсиянинг берилиши йиллаб кечикаяпти. Мамлакат бўйлаб ерларнинг мелоратив ҳолати яроқсиз бўлиб қолган. Катта-катта завод-фабрикалар талон-тарож бўлиб йўқ бўлди”.

Эээ, худойжон-ей гапларингизни эшитиб туриб юрак музлаб кетадия. Камига бизларни камситишларингиз нимаси?

Совет одамиман, комунистман, комсомолман.

Эээ, эви биланда суриш ҳам.

Нима биз бола боғчамизми?

Биз ҳам октябрят бўлганмиз, пионер бўлдик, комсомол бўлишгаям улгурдик. Лекин сизлар айтган жаннатни кўрмаганмиз-ей. Индамай турса, москвичка зўр, ленинградка зўр, тарқаб кетган СССР зўр. Қолгани бир пул.

Биринчидан сизлар текинхўр бўлгансизлар. Мана масалан, оқсоқол ака ўзингиз пешана тери билан ишлаб ёлчитиб пул топган ерингиз борми?

Отангиз ферма мудири бўлган СССР пайти, тўғрими?

Демак ўмарган. Давлатдан умарган. Шулхани сотган, комбикормни сотган, дағал хашакни сотган, селосни сотган ёки ўзининг сигирларига едирган. Бу ёқда совхознинг моли бир кило комбикорм ўрнига икки юз грамм еган. Балки емаган ҳам. Нега отангиз сизга ўттиз сўм жўнатган?

Қаердан олган бу пулни?

Совхўз шунча ойлик берганми?

Қаердан берган?

Бериб бўпти.

Ҳар ой камида ўнта қўйни бўри еди, ит тортди, селда оқди, совуқда музлаб ўлди, деб чўнтакка урган. Ўша пул сизга келган, озроғини ўзям олиб қолган бўлиши мумкин, ким билсин яна.

Акалар бизга раҳмларинг келмасин.

Биз сизлар айтгандай эмаклаб яшаётганимиз йўқ. Керак бўлса сизларни туппа-тузук дастурхон тузаб меҳмон ҳам қилиб ўтирибмиз. Мана бу олаётганларинг ҳам ташкент эмас россияники. Биз зўр яшаяпмиз. Ачиниш керак бўлса сизларга ачиниш керак. Ўрисга қуллиқ қилиб яшагансизлар. Мен ҳозир бирорта ўрис қиз билан танишаман десам, “Шунқор, Маликов Шунқор. Ўзбекистондан. Ўзбекман”, деб танишаман. Сизлар бўлса ўзбекман дейишга уялиб “Энди яхши қиз қўяберинг буёғини бизларам СССРдан-да”, деб юргансизлар. Так что бунақа гап керакмас.

Ватан учун, мустақиллик учун, кетимизни артиб бўшатиб ташлаган кутубхоналарнинг ўз мафкурамиз билан суғорилган адабиётларга тўлиши учун. Ортига қараган албатта қоқилади, фақат олға. Шунинг учун…

Ҳаа, бу сувшунос шунақа эди.

Баҳсни яхши кўрар, ўзи ишонган фикрни ҳимоя қилар, озгина миллатчи, озгина ватанпарвар, озгина “қизбоз” эди.

Тўғри унга ўрис қизлари ҳам жуда ёқарди. Бироқ ўрисчани билмасди. Ўрисчани билмагандан кейин улар билан гаплашиб бўлмайди. Бу орсизлар эса жилла қурса яшаётган юртлари ҳақи-ҳурмати ўзбек тилини ўрганай демаса. Қолаверса ўзбек руснинг ўзига ўхшаган ўтакетган миллатчи бўлсаки, уларни ўзбекча гапиришга мажбур қилса.

Ўзбек унақамас…

Сувшуноснинг яна бир ютуғи бор эди. У жуда бақувват. Кураш, бокс ва яна алланималар билан шуғулланарди. Шу боис зобит ҳам унга ботиниб гапиришга ҳадди сиғмасди. Ҳокимларнинг сўкишидан зада бўлиб кетган оқсоқол бўлса баланд овозда гапирадиган одамдан ҳайиқарди. Сувшуносимизнинг овози ҳам баланд эди-да. Баланд бўлганда ҳам ниҳоятда баланд.

Эътироз билдирувчилар топилмади…

Навбат филолога келди.

У хорижий филология талабаси бўлиб, инглиз тилида гапирар, ёзар, сўзларни таржима қилардию аммо китоб ўқимасди.

Ҳа-ҳа, мутлақо ўқимасди.

Бунинг устига ҳамиша тўқиб-бичишга усталиги ва мақтанчоқликка бўлган мойиллиги унга панд бергани-берган эди. Ҳозир ҳам шундай бўлди.

– Акалар – деди у ҳаммага бир-бир қараб чиқаркан. – Дадам менгаям ойига қирқ минг сўм пул жўнатади. Бу ҳамма нарсага етади. Ношукур бўлиш керакмас. Мен шундай деб ўйлайман. Сизларнинг кўпчиликларингиз эшитгансизлар. Битта зобит акамиз билмаслиги мумкин. Негаки ҳарбийлар китоб нималигини билмайдиган халқ. Буларга фақат бош ёриш, кўз чиқариш бўлса бўлди. Инглизларнинг Байрон деган ёзувчиси бўлган. Унинг романларида бир гап бор. У “Евгений Онегин” романида “Ҳеч қачон йигитнинг омади билан ҳазиллашманг”, деб ёзган.

Менимча бизлар ҳам лоқайд бўлмаслигимиз керак. Ана кўрдингизми Лермонтов нима деяпти. Пушкинни ўқиб кўринг нима дейди.

Хуллас етказганига шукур.

Шукрли бўлишимиз учун…

Бу ерда айтилган гапнинг айтувчисининг чин сўзлаганига иймон келтирувчи зот бўлганда ва айтилган сўздаги ижод дарғалари шу ерда жам бўлганларида бир-бирларини плагиаторликда айблаб уришиб кетиши аниқ эди. Филологга синчков қараб турганимни ўзи ҳам пайқаб менга а қилиб қўйган боладай тиржайиб қўйди.

Билади. Ҳамма кетгандан кейин уни хумкалла филологга чиқаришимни, сувшунос билан қўшилиб устидан кулишимни, эътироз билдирадиган бўлса инглиз адабиётидан саволларни қалаштириб кўзини очирмай қўйишимни. Ва бошқаларга айтмаслик шарти билан бўйнига соса-сола илишимни. Шунинг учун тиржайиб турибди.

Навбат менга келди.

Мен сўз айтишдан воз кечдим. Негаки, айтган ичиши керак. Ичсам ҳамиша гапининг белига тепганим учун филолог ўч олиш мақсадида отамга чақиб беради. Бунинг устига ичгим ҳам келаётгани йўқ.

Негаки, боя булар алжираб турганда китоб титкилаш баҳонасида нарги хонада ичиб олганман. Шундай қилиб 1996 йилнинг айни ёз чилласида мен гапирмасликка қарор қилдим.

Ахир отам ичишимни билмайди…

________________
[1] Вуз – Высший учебный заведение. Рус тилида. Олий ўқув юрти яъни университетит демоқчи
[2] ТВВТУ – Ташкентский вишший военный училиши
[3] Стрелба – отиш машқи демоқчи
[4] “Майсаринг иши” фильмидаги Ҳидоятхон образи назарда тутилмоқда
[5] Сиёсатчи Анатолий Собчак назарда тутиляпти
[6] Душка – сим кароват тутқичи