Қизлар, ҳеч қачон чекманг!

Соғломлик катта бахт эканлигини бемор бўлганлар яхши ҳис қиладилар. Касалликни келтириб чиқарувчи омиллар ва сабаблар эса бисёр. Ана ўша сабаблардан бири — чекишдир. Биз тамакининг таркиби ва никотин миқдори ҳақида гаплашмаймиз. Бундай ёмон иллатга боғланиб қолаётганлар орасида бугунги кунда аёлларнинг ҳам кўпаяётгани ташвишланишимизга асос бўлмоқда.

Статистика маълумотларига кўра, чекаётган аёллар чекмайдиган аёлларга нисбатан стенокардия билан 13 марта, миокард инфаркти билан бир марта ва ошқозон яраси билан 10 марта кўпроқ зарарланадилар. 96-100 фоиз кашанда аёллар ўпка раки билан касалланадилар.

Қизиқарлиси шундаки, тамаки таркибидаги никотин асабни зарарловчи моддалар таркибига киради. Ҳайвонлар устида тажриба ўтказилганда шу нарса аниқ бўлдики, никотин оз миқдорда юборилса, асаб ҳужайраларини қўзғатувчи таъсири кўрилади, яъни нафас олиш ва юрак уриши тезлашади, юрак қисқариш ритми издан чиқиб, кўнгил айниши ва қусишга сабаб бўлади. Кўп миқдорда юборилганда эса, марказий асаб тизими, айниқса вегетатив асаб тизими тормозланади, ундан сўнг асаб ҳужайралари фаолияти фалажланади. Асаб тизимини издан чиқиши, меҳнат қобилиятининг пасайишига, қўллар титраши ва хотиранинг сусайишига сабаб бўлади. Никотин ички секретсия безлари фаолиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатиб, айниқса буйрак усти безидан ишлаб чиқарилаётган гормон-адреналинни қонга қуйилиши ва қон-томирларни қисқариши натижасида қон-босимининг кўтарилишига ва юрак уришининг тезлашишига сабаб бўлади.

Аёлларда эса тухумдонлардаги гормонлар дисбалансига олиб келади. Натижада ҳайз функтсиясининг издан чиқиши ва ҳайзни вақтида келмаслик ҳоллари пайдо бўлади. Ҳомиладор аёлларда ҳомила гипотрифияси, ҳомиладорлик гипертензияси кузатилади.

Қизларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва турли зарарли одатлардан ҳоли бўлиши бу келажагимиз учун соғлом фарзандлар туғилишининг асосий негизидир.

Ўз гўзаллиги, соғлиги ва келажагини ўйлаган ҳар бир инсон бу ёмон одатдан воз кечгани маъқул.

М.Каттахўжаева,
ТошМИ акушерлик ва гинекология кафедраси профессори