Дугонам Ноиланинг укаси Адҳамнинг инглиз тилида гапирганига кўп гувоҳ бўлганман. Ҳали ўша тил грамматикасини унча ўзлаштирмаган бўлса-да, унча-мунча жаргон сўзларни жуда яхши билади. Яқинда уларникида бўлганимда Адҳамни суҳбатга тортдим. Гап мавзуси қизларга келганда унинг баҳри дили очилиб кетди. “Синфимизга янги қиз келди. Шу десангиз, роса кетворган. Устига устак, эгнидаги таранг футболкасига “Kiss me!” деб ёзиб қўйилган”, – деди билағонлик қилиб.
“Уни қўя тур, ўзингни футболкангдаги “I am crazy” дегани нимаси, бу ҳақоратомуз сўз эмасми?” – сўрадим ундан. “Э, бу ҳозир модадаги футболка. Устимда шунақа ёзув тургани билан аҳмоқ бўлиб қолмайман-ку”, – дея эътиборсиз жавоб берди у.
Афсуски, кўпчилик ёшларнинг эгнидаги “замонавий кийим”ларнинг аксариятида “I love you”, “I miss you”, “Crazy baby”, “Dirty child”, “Look at my bum” деган сўзларни учратиш мумкин. Мана шу сўзлар тафаккуримизга сингиб, маънавиятимизни емириб бормаяптими? Наҳотки, одам талаффуз қилишга ҳам уяладиган шундай сўзларни кўришга мажбур этилса. Бу қандай маданият? Саволлар бисёр, бироқ натижа ўша-ўша… Мана шу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида умумтаълим мактаблари ва бошқа таълим масканларида ўқувчилар учун форма ташкил этилган ва бу ташаббус бир томондан ёшлар ўртасидаги тенгликни таъминласа, иккинчи томондан, “кўча маданияти”га берилишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, ўқувчи маънавиятини шакллантиришда таълим-тарбия жараёни, тарғибот-ташвиқот ишлари билан бирга, кийиниш маданияти масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Олинган кўплаб таклифлар асосида ҳар бир мактабга ўзининг ҳудудий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, кийим дизайнини танлаш имконияти берилган. Бунда ҳудуднинг иқлим шароити, ўқувчиларнинг ёш ва физиологик ривожланиш хусусиятлари ҳамда маънавий-ахлоқий қадриятларга мослиги инобатга олиниши зарур.
— Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2009 йил 14 октябрдаги 283-сонли буйруғи билан «Умумий ўрта таълим мактабларининг ички тартиб-қоидалари» тасдиқланган. Унинг 3.4-бандида мактаб уставида белгиланган тартибда ўқувчилар формада ўқишга келиши, жумладан, ўқувчиларнинг кийим боши тоза ва озода бўлиши, ўқувчи қизларнинг сочлари текис турмакланган бўлиши, калта юбка ва олди ҳаддан ташқари очиқ кўйлак киймаслик, таълим муассасаси ҳудудида пардозсиз юриш, ўғил болаларнинг сочлари текисланган, мактабга шортик ва майкада, тиззаси йиртилган шим, ғарбнинг жангари филм қаҳрамонлари акс эттирилган кийимларда келмаслик каби талаблар қўйилган, — дейди Халқ таълими вазирлиги Маънавий-ахлоқий ва таълим бўлими бош мутахассиси Равшан Эргашев. — Шунга асосан 2009- ўқув йилида мактаб формаси ташкил этилиб, республикамизнинг турли ҳудудларида жорий этила бошланди.
Суҳбатдошимиз берган маълумотларга қараганда, мактаб ўқувчиларининг формаси учун қуйидаги аниқ талаблар қўйилган:
Ўғил болалар учун: тўқ рангли шим, оч рангдаги кўйлак, тўқ рангдаги костюм, галстук сипо, бежирим андозада тикилган, тоза ва дазмолланган бўлиши керак.
Қиз болалар учун: тиззадан юқори бўлмаган тўқ рангдаги юбка ва оч рангдаги кофта, тўқ рангдаги костюм сипо, бежирим, ўта тор ёки кенг бўлмаган, ортиқча безаклардан холи, тоза ҳамда дазмолланган бўлиши лозим. Сочлар икки ёки битта қилиб турмакланган, пардоз-андозлардан холи ва тақинчоқлар меъёридан ошмаслиги керак.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бир хиллик, албатта, барча меъёрий талабларни ҳисобга олган ҳолда таъминланяпти. Кўпчилик ўқувчилар, баъзан ота-оналар орасида ҳам “У мумкин, буниси мумкин эмас” деган баҳслар қулоққа чалиниб туради. Бундай одамлар мактаб формасига ўтиш муносабати билан қўйилган талабларни синчиклаб ўқимаган ёки ўрганишмаган кўринади.
Масаланинг нозик томони, баъзи ўқувчиларда унинг моҳиятини тушунмаганлиги боис, ҳамма кийган кийимни кийиш ёки тенгдошлари билан бир хил бўлиб юришга истак ҳамиша ҳам бўлавермайди. Улар мактаб формасини кийганда ҳам “ажралиб” туришга ҳаракат қилишади. Бу ҳолат, айниқса, юқори синфларда кўпроқ кузатилади. Айрим ота-оналар орасида эса “Мени қизим ҳамма кийган кийимни киймайди. Кийганда ҳам ҳеч кимда йўқ, энг қиммат матодан тиктириб бераман” дейдиганлари ҳам топилиб туради. Ваҳоланки, бу ҳол бошқа бир ўқувчида ҳавас, баъзи шароити оғирроқ ўқувчиларда қандайдир ўксиниш ҳиссини туғдириши мумкин.
— Мактаб нимаси билан қадрли? Биринчи навбатда, тартиб-интизоми билан. Умуман мактабда ўқитиш тизими тартиб асосига қурилган. Маълумки, ёши тенг болалар бир синфда ўқишади. Улар ҳаммаси бир хил дарсликлардан фойдаланишади. Дарсларга бир пайтда кириб, бир пайтда танаффусга чиқишади. Бир дарс мобайнида уларнинг ҳаммаси бир фанни ўрганишади ва ҳоказо. Буларнинг аксини бир тасаввур этиб кўринг-чи: дейлик, ота-она райига бориб, ўқувчига истаган кийим-кечак кийишига қаршилик қилинмаса, юқорида таъкидланган дарсларга ҳам муносабат ўзгариши ҳеч гап эмас. Тасаввур қилинг: ҳар хил ёшдагилар бир синфда, кимдир дарснинг ярмида кириб келса, бошқаси чиқиб кетса, кимдир тарих ўқиса, ёнидагиси математика билан банд… Бунда маънавиятнинг олтин калити — интизом қаерда қолади? Хўш қай бири маъқул – тартибли ўқишми ёки… Худди шундай бир хил кийимда мактабда ўқишга қатнаш ҳам ўша мактаб тартиб-қоидаларининг бир бўлаги! Мактаб формасига жиддий муносабатда бўлиш керак, — дея ўз фикрларини биз билан ўртоқлашди меҳнат фахрийси Азиза опа Абдунабиева.
Аслида, инсоннинг мартабаси, қадри кийим билан ўлчанмайди. Эсимда, сўнгги қўнғироқни тарих ўқитувчимиз Шоира Ибрагимованинг таклифи билан бизнинг синф форма-фартукда кутиб олганди. Кўпчилик бошқача, безакли либосларни олдиндан олиб қўйгани боис бошида қаршиликлар бўлди. Бироқ “9-А” синфи ўша куни “Сўнгги қўнғироқ” тадбирига — сўнгги бор тўлиқ мактаб формасида чиқди. Ҳатто ўшандаги суратларимиз ҳалигача мактабимизда намуна сифатида осиғлиқ турибди. Ҳозир шаҳримиздаги деярли барча умумтаълим мактаблари оқ-қора рангдаги формага ўтишган. Бу фикрнинг исботини Чилонзор туманидаги 173-, Учтепадаги 44-, Мирзо Улуғбек туманидаги 112-, Олмазор туманидаги 243-сонли мактабларда кўрдик. Йўлимизда учраган ўқувчидан форма хусусида сўраганимизда, улар: “Барча дўстларим мана шунақа услубда кийинишади”, дея кийимига ишора қилишди.
Аслидаям, мактаб — “модалар намойиши” эмас. У том маънода тарбия маскани. Ўқувчи тарбияни нафақат ўқитувчисидан, балки ён атрофидаги ўртоқлари ва ён атрофидаги муҳитдан ҳам олади.
— Иш юзасидан мактабларга борганимда ўқувчиларнинг формада юришлари жуда чиройли кўриниши билан бирга, уларнинг тартибли бўлишлари, ўзларини жамоат жойларида тутишлари ва ҳаттоки йўлакларда юришларига ҳам таъсир этишини кўрдим. Формада ўқувчи қаддини тик тутиб юради, ўқувчининг маълум бир тартиб-қоидага риоя этишни ақлан ҳис этади, — дейди Юнусобод тумани халқ таълими бошқармаси ходими Жасур Ўринбоев.
Маиший манфаатлар “оммавий маданият”ни келтириб чиқаради. Оммавий маданият эса асл қадриятларни емира бошлайди. Натижада миллат шаънига доғ бўлиб тушадиган ёт унсурлар пайдо бўлади. “Оммавий маданият”нинг асосий кўринишлари мақоламиз бошланишида келтирилган ҳолатлардаги кийинишда ҳам намоён бўлади.
…Ҳар куни университетга борадиган йўлимда бир мактаб бор. Унинг ёнидан ўтаётиб, мактабдаги оқ-қора рангдаги мактаб формасида қалдирғочдай тизилиб келаётган кичик синф ўқувчиларига назар соламан. Армонларсиз, шодон юрган ўқувчилик кезларимдаги каби формани яна бир кийсам эди, деган ўй хаёлимдан ўтади.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).