Ривожланиш, кашфиёт доимо инсонни ҳайратга солиб келган. Табиийлик қонунига кўра ҳайрат билан бошланган янгилик бироз вақт ўтгач ҳаётнинг одатий таркибий қисмига айланиб қолади. Инсоният тарихида ҳайрат чўққисида энг узоқ турган кашфиётлардан бири бу компютер ва интернет бўлса ажаб эмас.
Компютер технологиялари бугун ҳаётга шиддат билан кириб келаяпти. Янги нарса эса ёш авлод учун доим қизиқарли. Лекин ўша ёш авлод мазкур соҳани ипидан игнасигача мукаммал эгаллашга ҳаракат қилаяптими ёки унинг қулига айланиб бораяптими, буни ажратиб олиш мушкул.
Агар боланинг ўзига қўйиб берсангиз, у соатлаб ва ҳатто кунлаб ана шу машина олдида мук тушиб ўтириши мумкин. “Бу яхши эмас!” лигини барчамиз биламиз. Лекин бунга барибир тўсқинлик қилолмаймиз. Бунинг сабаблари жуда кўп. Биринчидан, болани ҳар қадамда назорат қилишнинг имкони йўқ ёки бундай ишнинг оқибати болага нисбатан ишончсизлик ва уни бездириб қўйиш билан тугаши мумкин. Иккинчидан, катта авлоднинг компютер технологиялари борасидаги билимлари етишмаслиги. Улар болага бу борада ўрнак бўлолмайди ёки йўл-йўриқ кўрсата олмайди. Учинчидан, ахборот табиий равишда кўпайиб бораверади. Бу жараённи эса фақат болани, қўпол тушунтирганда, қамаб қўйибгина тўхтатиб туриш мумкин.
Компютер экрани қаршисида ўтирган бола, кузатинг, агар ўйин талаби шундай бўлса, у одамларни (ўйиндаги) хотиржам туриб отиб ташлайди. Банкни ўмаради, машинани олиб қочади, хуллас шу ўйин нимани буюрса ўшани қилади.
Хўш болаларга бунинг нимаси ёқади?
Комптердан кўзини ололмай ниқталиб қолган болакайларнинг бирини безовта қилишга тўғри келди.
– Нима ўйнаяпсан?
– ГТА.(Бу ўйиннинг тўлиқ номи ГТА: сан Андреас).
– Қанақа ўйин ўзи бу?
– Зўр ўйин. (Кейинги саволни беришга эҳтиёж қолмади). Хоҳлаган нарсезни қисез бўлади. Машинага, верталётга чақасиз. Кийимларизни алмаштирсез бўлади. Овқат еса бўлади. Казинога кириб покер ўйнисиз. Баскетбол, билярд. Машинага бампер, спайдер қўйса бўлади. Кўп одам ўлдирворсез полиция орқездан тушади. Қизлар билан учрашувга чиқади. Милли (ўйин қаҳрамонларидан бири) билан банкка ўғриликка тушиш учун танишади. Карол Жонсон асосий каҳрамони. Тўрт йил олдин Лос Сантасдан кетган. Ўйин у қайтгандан кейин бошланади.
Даҳшат. Одам ўлдириш, учрашувлар, покер. Қаранг, бола бирорта ҳам “гул”, “қуёш”, “камалак” ка ўхшаш сўзни айтмади. У таъкидлаган ҳамма сўзлар нафс билан боғлик, гўзаллик ёки яхшилик билан эмас.
ЎзМУ психология кафедраси катта ўқитувчиси Лилия Султанова ўзининг ана шундай ўйинлар бозори билан қизиққанини таъкидлади: – Биласизми, компютерда ўйнаш учун мўлжалланган ўйинлар (дисклар) турини ўргандим. Маълум бўлдики, бозорда диск кўринишида сотилаётган ўйинларнинг деярли 95 фоизи қотиллик, ўғрилик, зўравонлик ва шу каби хатти-ҳаракатлар асосига қурилган экан. Доимий копютер ўйинларини ўйнаш болада кўникиш пайдо қилади ва аста-секин энг даҳшатли жиноятларни ҳам у оддий ҳолдек қабул қилади. Бола дунёқарашига катта таъсир ўтказилади: унда бир уриб кўрсам, муштлашсам деган фикрлар пайдо бўлади. У бу дунё шафқатсиз, унда фақат кучлиларгина ғолиб чиқади, деб ўйлай бошлайди. Шунингдек, ўйинларда айрим давлатларнинг рамзлари қўлланади. Болага уларни танлаш таклиф этилади. Ва ана шу восита орқали бизнинг турмуш тарзимиз энг зўр, биздан ибрат олинг, деган ғоя сезиларсиз тарзда сингдириб борилади. Бу жуда жиддий ғоявий таъсирдир. Лекин болага ўйин ўйнашни тақиқлаш ҳам нотўғри. Негаки тафаккурни ривожлантиришга ёрдам берувчи, тил ўрганишга кўмаклашувчи ўйинлар мавжудлигини инкор қилолмаймиз. Фақат уларни меъёрида ўйнаш лозим. Дейлик, ўсмирлар учун кунига бир соат (ҳар бир нарсанинг меъёрида бўлгани яхши) ўйин етарли.
Болага ўйинда одам ўлдирганлиги учун, машина ўғирлагани учун пул беришади. Бу унга ёқади, у ғолиб бўлади.
Бола мияси “нусха кўчириш”га жуда уста. Хўш, унинг ҳаётда ҳам ана шундай ғолиб бўлгиси келиб қолмаслигига ким кафолат беради. Копютер, интернет, айниқса, кичик оилалардаги болаларни алоҳида оламда яшашга ўргатиб қўяди. У воқеаларни ўзи мушоҳада қилади ва ўзи қарор чиқаради. «Тўғри» ёки «нотўғри» деган тушунчалар унинг онгида исталган шаклда ривожланиши мумкин. Бу қуруқ ваҳима эмас. Бизда энди-энди ривожланаётган жараённинг тараққий этган давлатларда оқибатларини кўришимиз мумкин.
Канадалик 25 ёшли Кимвир Жилл 20 кишини жароҳатлаб, 18 ёшли қизни ўлдирган, кейин эса ўзини ҳам отиб ташлаган. Мутахассислар унинг Интернетдаги ёзишмаларини излаб топишгач, маълум бўлдики, у почта ходимлари томонидан содир этилувчи беъмани қотилликлар асосига қурилган «Постал» ўйинининг ашаддий ишқибози бўлган. Бу ўйинлар оқибатида Москва синагогида ҳам Александр Коптсев томонидан қирғин амалга оширилган. Йигитчаларнинг жиноят оламига умуман даҳли йўқлигини ҳам таъкидлаш керак.
Умуман олганда, сўнгги вақтларда бу каби одам жонига қасд қилган ўқувчилар, ёшлар ҳақидаги хабарлар оқими кўпайиб қолган. Компютер ўйинларию интернет тармоғига ҳаддан ортиқ боғланиб қолишни мутахассислар касаллик, дея баҳолашмоқда.
Гарчи бунинг қай даражадаги руҳий хасталик эканлиги номаълум бўлса-да, лекин юқори технологияларсиз “яшолмаётганлар” сони ўсиб бормоқда. Америкада 2,5 минг киши ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, 70 фоиз одам интернетсиз умуман яшай олмаслигини билдирган. Уларнинг 14 фоизи бутунжаҳон тармоғисиз ҳаёт кечиришлари мушкул кечишини айтган. 12,3 фоиз одам ўзини бу тармоқда ишлашдан тийишга уринаётган экан. 8,7 фоиз киши эса Интернетга бўлган қизиқишини дўстлари, ҳамкасблари ва оила аъзоларидан сир тутишга уринади.
– Кўпчилик ёшларнинг ахборотга нисбатан эҳтиёжи юқори, – дейди психология фанлари номзоди, дотсент Абдумўмин Расулов. – Ахборот олиш имкониятларининг юқорилиги боис интернет уларни ўзига кўпроқ жалб этмоқда. Бироқ улар маълумотлар аҳамиятини ажрата олишмаяпти. Шу боис тажовузкор ўйинлар, ахлоқсизликни тарғиб қилувчи сайтлар билан банд бўлиб қолишяпти. Бунинг оқибатида улар реал ҳаётдан ажралиб қолади, виртуал оламга ўтиб яшайди. Лекин буни уларнинг ўзлари ҳис қилмайди. Ёшларнинг эҳтиёжини қондирадиган ахборот кам бўлиши мумкин. Улар уйдан, аудиториядан, дўстлари орасидан ўз ҳис-туйғулари учун қониқиш ололмайди. Бунинг олдини олиш учун уларга реал ҳаётий шарт-шароитларни яратиш керак. Дейлик, кутубхона, дарс, яна бошқа воситалар орқали ўсмир ҳаётига янги мазмун олиб кириш мумкин.
Жаҳон тиббиёти тажрибасида компютер олдида ўтириб вафот этганлар ҳам учраган. Бугун монитор олдида ўтирганларнинг аксарияти болалар ва ёшлар. Шу сабабли ҳам одамларни компютердан “ажратиб олиш” муаммоси кўплаб мамлакатларда кун тартибидаги масалага айланган.
Масалан, Буюк Британия мактабларида жорий йилдан ўқув дастурига янги фан киритилди. Бу Бахт дарсидир. Ушбу фаннинг асосий вазифаси болаларни ўзига ишониш, ташқи дунё мураккабликларига бардош беришга ва тушкунликка тушмасликка ўргатишдир. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, сўнгги пайтда инглиз мактаблари ўқувчилари орасида тушкунлик (депрессия)га тушиш ҳоллари ҳақиқий эпидемияга айланган. Шунинг учун ҳам барча давлат мактабларида психологлар махсус ишлаб чиқилган дастур бўйича бахт дарсларини ўтишга қарор қилишди.
Ҳатто глобаллашув жараёни авж олиб, ХХИ аср техник юксалишлар асри бўлса-да, болага самимий туйғулар, гўзал нарсалар, ахлоқ меъёрлари ҳақида гапириш керак. Уларга ўзингизнинг иқтисодий муаммоларингиз, ижтимоий мавқеингиз нуқтаи назаридан эмас, энди дунёни англаб, унга нисбатан муайян муносабати шаклланаётган шахс сифатида эътибор бериш керак бўлади. Шунда болаларнинг ҳам алоҳида оламларга ўтиб ўз қобиғига ўралиб яшашларига ҳожат қолмайди.
Наргиза Тўхлиева,
«Маърифат» мухбири