Камола Алибекова. Нега ичасиз?

Одамзот дунёга бахтли яшаш учун келган, десак адашмаймиз. Дунёдаги жамики мавжудотларга берилмаган онг ва ақлнинг айнан инсонга туҳфа этилгани бунга асос бўла олади. Лекин баъзи иллатлар борки, ўз бахти томон одимлаётганларни лоҳас қилади, силласини қуритиб, ҳаётдаги мақсадини унутиб қўйишга сабаб бўлади. Спиртли ичимликларни истеъмол қилишга ружу қўйиш ҳам шулар жумласидандир.

Бир куни жиянимни боғчадан олиб келаётганимда йўлда бир маст кишини учратдик. Унинг қовоқлари осилиб, юзи бужмайган, ўзини ва хатти-ҳаракатини бош­қаролмас, ҳали ўнгга, ҳали чапга гандираклашидан худди йўловчиларнинг йўлини тўсишга ҳаракат қилаётгандек таассурот уйғотарди. Тўрт яшар жияним буни кўриб чин­қириб йиғлаб юборди. Уни овутиш учун айтган сўзларим ҳавога учди. Боланинг кўзлари қўрқувдан ёниб турарди… Афсуски, бундай маст-аластларни кўча-кўйда онда-сонда учратиб турамиз. Баъзан йўл четларида думалаб ётганларига ҳам кўзимиз тушади. Таъбир жоиз бўлса, улар маънавий қиёфасидан маҳрум бўлган кимсалардир.

Ичкиликка муккасидан кетишни яхши фазилатларга эшикни беркитиб, ёмонларига очиб беришга ҳам қиёс этса бўлади. Маълумки, ичкилик одамни гаранг қилади, ҳамма нарсани унуттириб, сохта хурсандчиликка бошлайди, жазавага солади, киши қанчалик саёз, ўз қобиғига ўралиб қолган бўлса, бу гаранглик ва жазава унга шунчалик ёқади. Бу фикрлар маш­ҳур файласуфлардан бирига тегишли.

Хўш, қачон ичкиликка эҳтиёж туғилади? Қийинчиликдами? Хурсандчиликдами? Дардни рўкач қилиб ҳам, шодлигидан севиниб ҳам… Наҳотки, ғам-алам қултум май ичганда қўшилиб йўқ бўлиб кетса?! Оний кайф-сафога берилиш, алданиш, унинг қулига айланиш маънавиятли кишиларга асло хос эмас.

Мастлик — ихтиёрий равишда ақлдан воз кечишдир. Қадим замонлардаёқ буюк алломаларимиз ичкиликнинг зарари хусусида асарлар битишган. Уларда айтилишича, “Ичган одам тўрт сифатга эга бўларкан. Дастлаб у товусга айланиб, ўзини кўз-кўз қилади, ҳаракатлари равон ва улуғворлик касб этади. Ке­йин маймун қиёфасига кириб, ҳамма билан ҳазиллашиб, майнавозчиликка ўта бошлайди. Ундан сўнг эса шерга ўхшаб ўзига бино қўяди, мағрурлиги тутиб, кучига ишониб кетади. Лекин охирида чўчқага айланиб, балчиққа ағанаб ётади”. Гарчи бироз нохуш мисол келтирган бўлсам-да, бундай ҳолатларни, менимча, ҳеч ким инкор қилмайди. Кишининг ҳушидан айрилиб қолиши, яхши фикрлардан чал­ғиши, ақлнинг ўтмаслашиши ҳар қандай юқумли касалликлардан ҳам мусибатлидир.

Қуръони каримда айтилганидек, маст қиладиган ичкилик ичишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Лекин, афсуски, табаррук рўзаю рамазон кунларида ҳам сархуш юрган кимсаларни учратамиз. Бу ўз имонига болта уришдек гап. Муқаддас китобимизда эътироф этилган фазилатларга риоя қилмаслик инсонни ўзлигидан узоқлаштиради. Қарабсизки, ўша кишининг мисқоллаб йиққан обрўси бир онда ҳавога учади.

Тиббиёт ҳам ичкиликнинг инсон вужудига, унинг насли ва зурриётига бўлган салбий таъсирини исботлаб берган. Баъзилар бир-бирининг “саломатлиги учун қадаҳ кўтариб”, ўз саломатлигини йўқотаётганини ё англаб етмайди, ё аҳамият бермайди. Ичкилик таъсирида пайдо бўладиган юздаги қизиллик аслида қон томирларининг фалаж бўлишидан бошқа нарса эмас. Спирт анатомик моддаларни қотиргани каби ичкиликбознинг қалби ва ақлини ҳам ўлдиради.

Яқинда алкогол ва тамаки маҳсулотлари тарқалиши ва истеъмол қилинишини тартибга солиш юзасидан қонун қабул қилинди. Дунёда жиноятларнинг ўндан тўққиз қисми ичкилик қистови билан қилинишини ҳисобга олсак, мамлакатимизда бу борада ҳуқуқий меъёр ўрнатилгани, айни муддао бўлди.

Албатта, қўлига май олганнинг ҳаммаси ҳам ичкиликбоз эмас. Аммо майнинг хусусияти шундаки, уни ича бошлаган одам осонгина майхўрга айланиб қолиши мумкин. Бу иллатни ташлаш жуда қийин, деган тасаввур иродасизлик белгиси, бу фикрга бўйин эгмаслик керак. Инсон ўз одатларини бошқара олади, қачонки, хоҳиш бўлса бас. Зотан, ҳар бир киши ўз саодатининг ижодкоридир.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).