Хаёл суриш инсонга хос хусусият. Унинг ҳаётини ўй-хаёлларсиз тасаввур этиш қийин. Ким билади, балки тушимиз уйқуда кўраётган хаёлларимиздир? Агар ўй-хаёллар чалғитиб турмаса, билмадим, одам зерикишдан нима қилган, қандай ҳолатга тушган бўларди. Умуман, ҳаётимизда шунчалар муҳим аҳамиятли эга экан, нима у хаёл? Унинг пайдо бўлиши қаердан, қандай? Мияда тутган ўрни, ақл билан муносабати нечоғли эканини биламизми? Гоҳида кишини хаёллари бошқариб турса керак, деган ўйга ҳам бораман. Лекин ақл деган тушунчани кўпроқ билганим учун хаёл ундаги жараён бўлиб туюлади менга. Узоқ мулоҳаза юритиб, охири хаёл Яратганнинг мўъжизаларидан бири эканига амин бўламан, У одамзотга ўз-ўзини ва оламни англаш учун яратилган имконият, бир сўз билан айтганда илоҳий неъмат.
Чуқурроқ фикр юритса, дарҳақиқат, инсонни хаёллари бошқариб турганига киши ишонади. Чунки амалга оширмоқчи бўлган ҳар қандай ҳаракатимиз, аввало хаёл кузгусида гавдаланади. Бу оний лаҳзаларда рўй берса ҳам шундай экани маълум. Ҳатто тилга чиқармоқчи бўлган гапларимиз ҳам биринчи навбатда кўнглимиздан ўтади. Биз кўпинча буни пайқамай ҳам қоламиз. Майли, гап бунда эмас, мақсадимиз хаёл сурганда нималарга эътибор беришни тушуниш, холос. Хаёл суришнинг қандай кечишини аниқлаш эса фаннинг вазифаси. Инсоннинг ҳолати унинг миясида чарх урадиган ўй-хаёлларига боғлиқ экани тажрибаларда исботланган. Руҳиятда содир бўладиган жараёнга инсон ўз таъсирини ўтказиши мумкин экан. Яъни руҳият аҳволимизни белгилагани учун, уни ўзгартиришимиз, натижада ҳолатимизни бошқаришимиз мумкин. Лекин бу имкониятдан қандай фойдаланяпмиз?
Руҳшунослар мудом яхши нарсалар ҳақида ўйлашни маслаҳат беришади. Ёмон фикрларни миянгиздан ҳайданг, деган тавсияни кўп эшитганмиз. Бунинг учун кўнгилдан яхши нарсаларни кечириш керак экан. Ҳар бир инсон ҳаётида ўйлаганда кайфиятини кўтарадиган воқеа-ҳодисалар кўп содир бўлган. Уларни ҳеч қачон эсдан чиқармаслик керак. Аксинча, кўнгилни чўктирадиган, ёдга олганда киши ўзидан хафа бўлиб кетадиган хотираларини унутиши зарур.
Хорижда қизиқ бир тажриба ўтказилган. Газетага ўзига ходим кераклиги ҳақида эълон берган бир ташкилотга мутахассислиги тўғри келадиган 20 та одамни икки гуруҳга ажратиб суҳбатга юборишган. Биринчи гуруҳга кирганларда таклиф этилган ишга ўзларини олишга гумон, тўҳрироғи ишга ё ўтаман, ёки ўтмайман деган хавотир, айримларида эса, ҳатто мени бу иш жойига олишмайди деган ҳадик бўлган. Иккинчи гуруҳ вакиллари эса мазкур бўш жой ўрнига аниқ мен ўтаман деган ишончда бўлишган. Танлов якуни ҳайратланарли натижани кўрсатган, яъни биринчи гуруҳдагиларнинг бирортаси белгиланган ишга ўтишга лойиқ топилмаган. Иккинчи гуруҳдагиларнинг аксарияти эса таклиф этилган ишга тўғри келиши аниқланган. Бу тажриба ишга қабул қилишда эмас, ўзгалар фикрини билиш учун уюштирилган бошқа ўзаро муносабатларда ҳам синаб кўрилган, натижа эса бир хил, юқоридаги ҳолат такрорланган. Демак, шундай хулосага келинганки, кишиларнинг руҳий ҳолати ўзгаларга таъсир этибгина қолмай, кўнглидаги истакни амалга ошириши мумкин бўлган одамни ўзига нисбатан хайрихоқ бўлишга ҳам ундайдиган қандайдир боғлиқлик ҳам пайдо бўларкан.
Халқ орасида ҳар гапга фаришталар омин дейди деган гап юради. Ўйлаган нарса амалга ошади деб бежиз айтилмаган. Хўш, шундай экан, биз нималар ҳақида гапирамизу, нималар ҳақида ўйлаймиз? Албатта бирор иш билан машғул бўлсак, фикримиз бажараётган ишга боғлиқ бўлади. Диққатимиз амалга ошираётган ишимиз қаратилган бўлса, меҳнатимиз баракали, аксинча чалҚиса ишимизда унум бўлмайди. Демак, ишимизнинг қандай кечиши ва қандай бўлиши ҳам хаёлларимизга боғлиқ бўларкан.
Агар айтган гапимиз, ўйлаган фикримиз амалда содир бўлиши мумкин бўлса, нега яшашга бўлган муносабатимизни шунга мосламаймиз? Ахир барчамиз ҳаётимиз яхши бўлишини истаймиз-ку. Кунлари хурсандчилик билан ўтишини ким хоҳламайди? Кайфиятни ўй-хаёллар билан ўзгартириш мумкин экан, нега шу оддий усулни ўзимизда қўлламаймиз. Бизга шундай имконият яратилганидан фойдаланиб, кайфиятимиз мудом кўтаринки бўлишини таъминлайлик. Нега ҳолатимизга салбий таъсир этадиган ёмон хаёллар билан миямизни заҳарлашимиз керак. Ҳасад, ўзгани кўролмаслик, бошқаларга ёмонлик тилаш каби жирканч хаёллар билан банд бўлган кишини афту ангоридан ҳам сезиш мумкин, унинг башараси тунд, нигоҳи сўник, ҳаракатлари суст бўлади. Ўзига ва бошқаларга эзгу ниятда бўлган кишилар эса қаерда бўлишмасин, ярқ этиб кўзга ташланишади. Чунки уларнинг юзидан нур ёҚилиб туради, кўзларида ёрқин бир ўт бор, чақнаб туриши шундан, ҳатто бир жойда ўтирган бўлишса-да, уларнинг ҳаракатчан, тетик инсон эканликлари сезилиб туради. Инсоннинг ҳолати унинг қандай хаёл сураётганини маълум қилиб турар экан, биз беихтиёр яхши хаёллар оғушидаги инсонга ўхшагимиз келади. Ахир юзи чароғон, кўзи ёнган, ҳаракатчан одам бўлишни ким ҳам истамайди. Шундай экан, келинг мудом яхши нарсалар ҳақида хаёл суришни одат қилайлик. Кайфиятингизни кўтарадиган хотираларингиз бисёр, ўшаларни эсланг. Инсоннинг ёлғиз қолган дамлари бўлади. Ана шу вақтни ҳар бир киши ўзига фойда келтириши учун сарфлаши керак. Бундай паллада сизга ҳеч ким халал бермайди. Ҳаётингизнинг энг фаравон дамларини хотирланг. Умрингизни янада завқли ўтишига замин тайёрлайдиган эзгу орзуларга берилинг. Агар шундай қилсангиз ёмон хаёллар суриш одати сизни буткул тарк этади ва энди кўнглингизда ҳамиша кечадиган яхши ниятларингиз сизни эзгуликка, демак камолот сари етаклайди. Мудом эсингизда тутинг: Фақат эзгу ниятли кишилар бахтга эришганлар.