Элнинг увоғи тўйдиради…

Одам сафарга чиққанда, одатда, транспортда шериги билан суҳбат қуради, шунда манзилга қандай етиб олганини сезмай қолади. Яқинда уч киши, ота юртимизга кета туриб, ҳайдовчи бизга «битта шерик» излай бошлади. У бекатда турган ёшгина жувонни чақирди. Жувон бизга бир кўз ташлади-да, пули камлигини айтди. Биз шошаётгандик.
— Камини бераман, — дедим ҳайдовчига. — Ўтиринг, бизга шерик бўлса, бўлди… — ҳазилга бурдим.
Биз гапга тушиб кетдик, жувонни деярли унутдик. Ярим йўлга етганда у безовталаниб қолди, ранги докадек оқариб, оёқ-қўли тортишиб, типирчилай бошлади. Биз қўрқиб кетдик, ҳайдовчи аввалига сал саросимага тушди, кейин лоқайдлик билан машинани йўл четига олди.
— Ёнингиздами? — деди ундан жиркангандай афтига қарамай. — Фақат тез бўлинг. Жувон бўлса инқиллаб: Йўқ, «танаффус»даман… — деди.
Биз нима бўлаётганини тушунмай анграйиб турардик.
— Сиртмоқдай бўғаяпти… Ёрдам… — Жувон ҳайдовчига ёлворди.
— Э, ёш нарса… Сенга Худодан бошқа ким ёрдам беради? Сендақаларни… биласанми, нима қилиш керак? Сиртмоқни ўзинг солгансан, бўйнингга… Эй, садқайи аёл кет… Туш, бу ёғига, менга деса, пиёда кет, йўқса, ишимнинг барори кетади…
Жувон инқиллади:
— Мен беморман, шу дардга йўлиққанман… — деди у бўзариб.
Уни бу аҳволда йўлга ташлаб кетиш инсофсизлик-ку, деб ўйладим нима гаплигини тахмин қилиб.
— Бемормиш… Бунақаларга раҳм қилиб биров барака топармиди? — Йигит бу гапни бизга айтдими, унгами, билмайман… Йўлга тушдик.
Саодат (исмини шундай деди) гиёҳванд экан. Айтишича, икки йил бўпти, турмушга чиққанига, эри уни шу дардга мубтало қилган эмиш. «Тўйдан кейин қаттиқ шамоллаб қолдим. Эрим «игна»га ўтирган экан. Тузаласан деб укол қилди, кейин… ўрганиб қолдим, ота-онам қилган сепим, зебу зийнатимни сотиб бўлдик. Даволандим, эрим ҳозир Тошкентда, наркология марказида даволаняпти. Хабар олгани келган эдим».
Бу ҳодиса бир воқеани ёдимга солди. Тўғрироғи, бу воқеа болалик хотирамга муҳрланиб қолган, бот-бот эслайман. Негадир эсласам, руҳимда аллақандай силсила ғалаён қилади. Жунжикиб кетаман. Қишлоғимизнинг бир четида ҳашаматли хонадон бўларди. (Ўшанда у қасрдек маҳобатли туюларди!) Одамларнинг кети узилмасди бу хонадондан, биров тўй қилса, том солмоқчи бўлса, бошига иш тушса, азаю, ҳатто курортга бормоқчи бўлса, шу уйга — «Сельпочи» ҳузурига югурарди. У қарз бериб, ҳожатни чиқарарди, аммо судхўрлик қилмасди. Аёллар «Сельпочи»нинг хотини билан совчиликка борса, бир боришда «қишлоқнинг олд қизи»дан оқлиқ олиб қайтарди. Қишлоғимизда биринчи «Победа» машинасиниям шу хонадоннинг ёлғиз ўғли минган. Аммо у эркатой, дангаса, маишат, ўйин-кулгуга ўч эди. Икки қизи шундай сулув эдики, ҳатто қўшни қишлоқ йигитларининг тинчини ўғирлашганди.
Кечагидай эсимда, кеч куз эди, қишлоқда «Сельпочи» қизларини қишлоғимизга узатармиш, нон синдирибди, кўклам келса, тўй…», деган гап тарқалди. Қандай яхши, биз болаларга тўйдан катта шодлик борми?!
Қиш адоқлаб қолганди, куппа-кундузи уларникига дўхтир, милиция кеп қолди. «Сельпочи»нинг арзанда ўғли ёмон касалга йўлиқибди», «нашаванд бўп қолганмиш», деган миш-миш тарқалди. Дарҳақиқат, ўша куни ўғлининг оёқ-қўлини боғлаб, «Мажбурий даволаниш диспансери»га олиб кетишди. Ростданам, шу воқеадан сўнг хонадоннинг эрка ўғли кўринмай қолди, қизлари остона ҳатлаб кўчага чиқмай қўйди, эр-хотин ҳам қорасини кўрсатмайди. Энг ажабланарлиси, кечагина келди-кетдининг кети узилмаган хонадондан одамларнинг оёғи тақа-тақ узилди, ҳеч ким бу уйга қадам босмай қўйди. Одамлар ёрдам ё маслаҳат солиб «Сельпочи»га бормайдиган бўлди.
Кўклам келди, аммо оиланинг парирўй қизлари унаштирилган оилалар тўйдан оғиз очишмас эди. Ўйласам, қишлоқ аҳли шу тариқа гиёҳвандликка ўз муносабатини билдирган экан! Шу тариқа бой хонадон эл назаридан қолган экан!
Бу — айтишга осон, аммо оғир кўргулик.
Ўша мусибатли кун келди, бир куни саҳар туриб қишлоқ аҳли «бойнинг уйи» ҳувиллаб ётганини кўрди. Улар қоқ тунда енгил-елпи кўч-кўронини олиб, аллақаёққа кўчиб кетиб қолишибди. «Ориятнинг тоши оғир, ор-номусдан бош олиб кетишди…», дейишди одамлар. Хонадон эгалари ҳатто мол-ҳолини ҳам ташлаб кетибди.
Ҳашаматли уй анча вақтгача ҳувиллаб ётди, ҳатто биров кириб томорқасига экин экмади, ташландиқ, бўш-бўш, харобага ўхшаб қолди. Ҳалигача тушунмайман, негадир қўшниси кундузи молларни боқиб, тунда яна унинг ҳовлисига, молхонасига киритиб боғлаб кетарди. Молда нима гуноҳ?!
Ҳаёт қизиқ-да, кузатганмиз, пана-пастқам, хилват, бўшлиқ жой бўлса, ўргимчак тўр ташлайди. Турмушдаги ёмон иллатлар ҳам шундай жойда қўним топар экан. «Сельпочи»нинг харобаси шунақа хосиятсиз жойга айланди. Ярим йиллар ўтди шекилли, бир куни ярим тунда ташландиқ уйда тўс-тўполон, қий-чув кўтарилди. Қўни-қўшни: «Молларга ўғри тушибди, ўғрини ушла!» — деб бақир-чақир қилиб қолди. Эл уйғонди, кўпчилик қатори отам ҳам қўлига илинган нарсани олиб ўғрини ушлашга югурди. Аммо тез қайтди. «Эй, шу пайтгача сезмабмиз-а, «бой бува»нинг уйида у ёқ-бу ёқдан келган беш-олти йигит наша чекиб, бангилик қилишаркан, милиция «босибди», дегани ҳали-ҳали қулоғимда.
Эртасигаёқ хароба ҳовли бузиб ташланди. Томорқаси колхознинг ерига қўшиб юборилди. Қишлоққа туташ боғи, азим чинорларини маҳалланинг қариялари «ҳай-ҳай»лаб олиб қолишди. Юз ёшни қоралаб қолган «полвон бува»: «Эҳ аттанг, — дегани ёдимда. — Шундай хонадонни ноқобил фарзанд ер билан тенг қилди! Боласига тўғри тарбия беролмаса, маломати ота-онасининг гарданига тушади».
Элнинг увоғи тўйдиради, элнинг нафрати ўлдиради, дегани шу, шекилли.
Ўйлаб қоласан киши, одамлар бу оилани назардан қолдириб тўғри қилганмиди? Нега гиёҳванд ўғилни деб, одамларнинг бутун оиладан, хусусан «Сельпочи»дан ихлоси қайтди? Мен англаган ҳақиқат шуки, ўғлининг кирдикори фош бўлгач, одамлар масаланинг илдизига қаради. Уни шу кўйга солган «Сельпочи» бели оғримай топган пул эмасми?!
Бу яқин ўтмишдаги воқеа.
Бугун замон бошқача, шаҳар, қишлоқ ёшларининг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши, дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши, хорижда илм олиши учун ҳаммашарт-шароит яратилган, имконият эшиклари кўп. Шаҳарни қўя турайлик, чекка қишлоқ оиласида ҳам компьютер, уяли телефон бор. Ўша, бизнинг болалигимиз ўтган, тўйдан бошқа қувончли воқеа бўлмаган қишлоғимизда бугун замонавий лицей, мактаб, маиший хизмат тармоғи, данғиллама уй-жойлар, қўша-қўша шахсий машиналар, ҳашаматли стадион…
Оддий қишлоқ аёли қўлидаги телефонда шаҳарда ўқиётган фарзанди билан ҳар куни суҳбатлашяпти.
Яширишга не ҳожат. Афсуски, шундай дориломон замонда ҳам баъзи оила фарзандлари гиёҳвандликка мубтало бўлаяпти.
Ўйлаб кўрайлик, қайси бир қишлоқ ё шаҳарда, қаерда кўргансиз гиёҳванд ўсимлик ўсганини?! Йўқ, бизда, ўсмайди ҳам. Ёшлар уни қаердан, кимдан оляпти? Бир қарашда, ёшларнинг ҳар бир қадами маҳалла, ота-она, яқинлари, қолаверса, участка нозири назоратида. Мактаб, лицей, олий ўқув юртида ўқишдан ортмайди. Шундай экан, бу бало қаёқдан келиб чиқмоқда?
Ўрни келганда мулоҳазамни айтиб ўтай. Қайси маҳалла оқсоқоли ё мактаб маъмуриятидан: «Гиёҳвандлар борми?» деб сўрасангиз. «Буни участка нозири билади», «Бизда бундай рўйхат йўқ», деган жавоб оласиз. Шу масала бўйича пойтахтимиздаги бир маҳалла оқсоқоли билан суҳбатлашганимизда, у: ҳеч ким ёрдам сўраб мурожаат қилгани йўқ, дабдурустдан уйига бостириб борсак, оиланинг шаънига доғ туширган бўлмаймизми?! — деб жавоб берди.
Бир ўйлаб кўринг-а, ўзига тўқ, тинч оила, яъни «ёпиқ эшик ортида» ҳамиша ҳам осудалик, осойишталик ҳукм сурадими? Маҳалламизда, аҳён-аҳёнда бўлса-да, кимдир гиёҳвандликка мойиллигини, ҳар хил одамлар уни йўқлаб келишини сезамиз. Яқинларимиз, фарзандимизни ундан ҳимоялаш учун: «Эшматдан нарироқ юр, шунинг оёқ олиши менга ёқмайди, афтини қара…» — деймиз. Аммо шундан нарига ўтмаймиз, аралашмаймиз, қўшничилик-да, деймиз. Қани, ўзингиз айтинг-чи, қандай қилиб «тинч» оиланинг оромини бузасиз? Нима, ота-онаси шуни билмайдими? Билади. Яширади. Қолаверса, тўғри йўлдан озганга қандай ёрдам берасиз? Унга «дори»дан бўлак яна нима керак?
Бугун гиёҳвандликка омманинг муносабати ўзгаряпти. Одамлар бошқача фикрлай бошлаяпти. Гиёҳвандлик касаллик кўринишини олиб бўлди, бу дардга йўлиққанлар ҳаётда тўғри йўлни топиб олишларида сизу бизнинг кўмагимизга муҳтож. Улар мутахассислар таъкидлаётганидек, руҳияти дарз кетган одамлардир. Жамиятда бегона инсоннинг ўзи йўқ, улар ҳам орамиздаги одамлар. Тўғри йўлга тушиб олишига кўмаклашиш бизнинг бурчимиз.

Саида САЙХУН
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 11-сонидан олинди.