Теша Мўминов: “Санъаткорни маданият улуғлайди” (2010)

Ижодий маҳорати, ижро маданияти, юксак билими ва бой тажрибаси билан ўзбек саҳна санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган актёрларимиз кўп. Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори Теша Мўминов шундай санъаткорлардан биридир. Бугун айни камолот палласида ижод қилаётган таниқли актёр ҳузурида бўлиб, бир неча савол билан мурожаат қилдик.

— Суҳбатимизни сизнинг қадим Бухоро билан боғлиқ боболарингизга доир воқеалардан бошласак.

— Бобом Мирмўмин оқсоқол Бухоронинг давлатманд кишиларидан бўлган дейишади. Лекин бадавлат бўлишига қарамай, жуда одил, қўл остидагиларга меҳрибон, шу билан бирга, содда инсон бўлган экан. Отам эгизак фарзанд бўлиб дунёга келганлар, исмлариҲусан бўлган. Эгизак опалари Фотима ва отам оиланинг севимли фарзандларисифатида ташвиш билмай улғая бошлаганлар. Лекин онанинг бевақт вафоти уларнинг бахтли болалигига нуқта қўяди. Фотимани жуда ёшлигида турмушга берадилар. Отам саккизўгай она кўрган. Ниҳоят, бобом фарзандларига ҳақиқий оналик меҳрини беролган аёлга уйланган. У аёлнинг ўзи билан келган қизини кейинчаликотамга олиб беради. Шу аёл менинг онам эди. Ўшанда отам 20, онам 13 ёшда бўлган эканлар.

Ўтган аср йигирманчи йиллари бобомизнинг бор мол-мулки мусодара этилгач, ота-онам турли жойларда ижарада яшаб юрадилар. Бундай хонадонда туғилган болалар бирин-кетин нобуд бўлаверади. 1941 йили отам урушга кетиб, 1945 йили қайтиб келади.Орадан уч йил ўтиб, 1949 йили мен туғилганман. Еттинчи бўлиб дунёга келган фарзанднингяшаб кетиши, соғ-саломат улғайиши, темирдек мустаҳкам бўлишига умид қилиб, менга Теша деб исм қўйган эканлар.

— Ёшлигингиздатеатр санъатига қизиқиб, мактаб ва ўқувчилар саройларидаги тўгаракларда роллар ижро этиб, тенгдошларингиз ва устозларингиз эътиборига тушган экансиз…

—Ҳа, ўша вақтлар саҳнада кутилмаган ҳолатлар ҳам бўлиб турарди. 8-синфда ўқирдим. Хотин-қизлар байрами арафасида драматўгарагимиздакичик саҳна кўринишини қўйдик. Мен бош ролни ижро этдим.Сценарийни ҳам ўзим тузганман. Томоша кетаётган вақтда кутилмаганда магнитафон ўчиб қолди. Томошамиз мусиқасиз кутилган таъсир кучини бермади. Ўзимни қўйгани жой тополмадим.Ахир, бу – саҳнадаги биринчи зарба эди-да! Ўшанда устозим Саиджон Аҳмедов тасодифлар доимо бўлиб туришини, бундайвазиятларга доим тайёр туриш зарурлигини тушунтира олганлар. Илк устозларимдан яна бири Азизжон Маҳмудов. Институтда Нина Тимофеева, Шоҳида Маъзумова, Назира Алиева каби етук мутахассисларсанъат сирларидан сабоқ бердилар. Улар бизга фақат талабалар деб қарашмасди. Яшаш тарзимиз, тақдиримиз билан қизиқишарди. Бизни эркалашни ҳам, койишни ҳам билишарди.

Профессионал театрга қадам қўйган биринчи кунларимдан Олим Хўжаев, Шукур Бурҳоновлар чин маънода устозлик ва маънавий оталик қилдилар.

Ижодингизнинг илк паллаларида театр саҳнасида ижро этган ролларингиз ичида сиз учун энг мураккаби қайси бири бўлган?

— Бошқирд драматурги Мустай Каримнинг “Ой тутилган тунда” спектаклидаги Девона образини тайёрлаш жараёнида анча қийналганман. Репетициялар вақтида режиссёр ҳам, менинг ўзим ҳам ролга “нимадир” етишмаётганини ҳис қилардик. Девонани образ даражасига етказиш учун руҳий хасталиклар шифохонасига бориб, ақли заиф одамларни эринмай кузатдим. Ана шу ерда мен уларнинг ўз дунёси борлигини, ҳар бир қилаётган хатти-ҳаракатлари орқали ниманидир исботламоқчи бўлишларини, ўзларинижуда ақлли деб билишларини тушундим. Менинг ижромда ана шулар етмаётганди.

— Сиз буюк бобокалонимиз Амир Темур образини театр саҳнасидаижро этиш бахтига муяссар бўлдингиз…

— Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” асари кўпроқ драматик достон талабларига жавоб бериши билан ажралиб туради. Асарга кўп воқеаларнинг жойлаштирилиши томошабиндан тез суръатда фикрлашни, актёрдан бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга тезда ўтиш масъулиятини талаб қилади. Бу бир томондан драматургнинг айтмоқчи бўлган гаплари кўплигидан бўлса, иккинчидан, бугунги томошабинга Соҳибқирон ҳаётининг ўта шиддатли кечганини таъкидламоқчи бўлганидандеб биламан. Муҳими, асарда бобокалонимизнинг эзгу амалларини бор бўйи билан кўрсатишга етарли материал бор.

— Назарингизда, қайси образларингиз энг муваффақиятли чиққан?

— Очиғи, ҳар жиҳатдан ўзимга маъқул бўлган, ўзим истаганимдек мукаммал образни ҳали яратолганим йўқ, десам нокамтарлик бўлмаса керак. Айни дамда ўзимга бир қадар маъқул, томошабинлар, танқидчилар эътироф этган ролларимга келсак, Пири Зиндоний, Шпигельберг, Девона, Ғафур, Йўлчи, Кориолан, Жўра образлариниайтишим мумкин.

Бу образлар фақатгина менинг ижодий биографиямни бойитиб қолмай, балки актёр сифатидашаклланишимда ҳам муҳим аҳамият касб этган, мен учун маҳорат мактаби вазифасини бажарган.

— Юрагингиз қаърида яширинган гапларингизборлигига имоним комил…

— Ҳозирги кунда театр санъатида янгича изланишлар даври бошланди. Бу қувонса арзигулик ҳодиса.Шу билан бирга истардимки, театр санъатига янада жиддий, янада эътибор билан, устозлар анъаналарини сақлаган ҳолда муносабатда бўлсак. Бунинг учун театрнинг барча ижодкорлари бирдек масъулдирлар.Томошабинни кутиб олишдан бошлаб, кузатиб қўйгунгача бўлган жараён ҳақиқий байрам тусини олишига эришиш зарур. Инсоний маданият, авваламбор, биз санъаткорларда бўлиши зарур.

Суҳбатдошимнитинглаб шунга амин бўлдимки, у камтар ва самимий, айни пайтда ўзи ва ижодига нисбатан талабчан санъаткор. Муҳими, Теша Мўминов меҳнаткаш, серҳаракат, ишга, билимга чанқоқ. Бўш вақтларида китоб ўқишдан чарчамайди. Дубляж, радио, телевидение ҳаётининг бир бўлаги. Т.Мўминов фақат театрда эмас, радио, телевидение, кино санъатида ҳам бир қатор ўзига хос образлар яратди.

Баркамол образлар яратиш устида иш олиб борар экан, албатта, бу йўлда қийинчиликлар ҳам, омадсизликлару муваффақиятлар ҳам бўлди. Ана шундай дамларда у устозларига суянди, ўқиб, изланиб, билимини ошириб борди. Айни кунларда Теша Мўминов жўшқин кайфиятда янги-янги образлар устида изланишлар олиб боряпти. Бу жараённинг самарали бўлишига ишончимиз комил.

Камола Аҳмаджонова

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 16-сонидан олинди.