Башорат Отажонова. Сархуш заифалар

Дунё қадим-қадимдан Шарқ аёлларининг одоб-ахлоқи, урф-­одатларига ҳавас қилиб келган. Ҳавас қилишганича ҳам бор-да! Ахир, дунё тамаддунининг юксалишига муносиб ҳисса қўшган, ўз закоси ила номи тарихга ёзилган ва ҳануз барчани ҳайратлантириб келаётган не-не алломаларни дунёга келтирган, тарбия қилган зотларга ким ҳам ҳавас қилмайди?! Аслида, аёл бўлиб яралмоқнинг ўзи – бахт. Айниқса, бугун мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилаётган шароитлар, уларнинг саломатлигини асраш, ижтимоий фаоллигини кучайтириш каби масалалар давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, шундай хотин-қизлар ҳам борки, гоҳида уларнинг ножўя қадами кўнгилга тегади, кишида нафрат уйғотади. Турмуш зарбаларига чидаб, йўл топиб яшаётганларни кўриб, яшашга рағбатингиз ошса, умр йўлининг синовларига енгилиб, ўз масъуллигини унутаётганларга қараб, афсус билан бош чайқайсиз. Бугун техника жадал суръатларда ривожланаётган, “оммавий маданият” ўз таъсирини ўтказишнинг турфа усулларидан фойдаланаётган замонда салгина эътиборсизлик, эҳтиётсизлик туфайли айрим аёллар, қизлар пок шаънларига доғ тушириб қўймоқда. Дастлаб замонавий бўламиз деб енгил-елпи кийинишга ўтдик, энди эса баъзи опа-сингилларимиз учун тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш ҳам уят бўлмай қоляпти.

Бир тўйдаги икки фожиа

1. Университетни битириш арафасида бир дугонамиз узатилди. Чекка қишлоққа тўйга бордик. Боришга бордиг-у, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеаларга гувоҳ бўлдик. Биз ўзимизча ароқни фақат шаҳардаги, ғарбона ҳаёт тарзига тақлид қилувчи опа-сингилларимиз ичишади, деб ўйлаб юрарканмиз. Бу тўйдаги манзаралар эса…

Чоғроққина тўйхона. Қишлоқлик аёлларнинг самимийлигидан, соддалигидан завқ олиб ўтирибмиз. Кун совуқ, кўнглимиз иссиққина чойдан бўлакни хоҳламайди. Бир пайт ёнимизда ўтирган аёл:

– Қанақасидан ичасизлар? Бошланишига қизилидан қуя қолай-а?! Кун совуқ, сал қизиб олинглар, – деди-да, жавоб кутмай вино оча бошлади. Сўнг қўшиб қўйди: – Келиннинг дугоналари пойтахтдан келган – “нозик меҳмон-да”.

Кўпинча “нозик меҳмонлар” учун спиртли ичимликлар қўйишади. Демак, бизнинг столга ҳам шу маънода турли “оқ ва қизил чой”лардан тортишган.

– Узр, биз ичмаймиз. Олиб қўйсангиз ҳам бўлади, – дедик хижолат бўлиб.

– Ўзим ўргилай сизлардан, пойтахтдан келасизлар-у, меҳмон бўлмай кетасизларми? Меҳмон – атойи Худо. Келин-куёвнинг бахти учун қиттак-қиттак оласизлар-да энди, тортинманглар.

Аёл дугонамизнинг бахти учун пиёла кўтаришимизни илтимос қилиб, биз эса узр сўраб чарчадик. Ахийри аёл қовоғини уйганча таслим бўлди. “Хайрият, энди шишаларни олиб қўйишади”, деб тургандик, вазият бошқача тус олди. Энди биздан бошқалар пиёла уриштиришди. Қарасак, пиёлаларнинг жаранг-журунгги қўшни столлардан ҳам эшитила бошлади. Устма-уст тилак билдиришди, бир пиёлани иккинчисига улаб ичишди. Улар бизнинг борлигимизни ҳам эсларидан чиқариб қўйишганди. Рўпарамда ўтирган аёлнинг боласи борлигига энди эътибор қилибман: қорни очқаб, йиғи бошлади. Она эса қўлидаги пиёлани охиригача симирди-да, бир яшар атрофидаги боласининг оғзига кўкрак солди…

2. Ниҳоят оқ либосда товланиб, даврага келин кириб келди. Чиройли тилаклар билдирилди. Ўйин-кулги авжига чиқди. Даврада хиром этаётган раққосанинг у ёқдан-бу ёққа пилдираб муқом қилиши шундоқ ҳам омонат ўрнимиздан бетоқат қила бошлади. У негадир аёллар томонга эмас, эркаклар даврасига қараб ўйнар, уларнинг қаршисида ўзини минг мақомга соларди. Эркаклар узатган пиёлаларни кетма-кет ичар, узатилган пуллар кайфиятини кўтарар, ўйнар, яна ичарди. Раққоса гандираклаб-гандираклаб, ўйнолмай қолди. Сўнгра ўтириб, эркаклар билан теппа-тенг ичиб, даврани “қизитиш”га киришди…

Кўнглимиз хира тортиб, шу куниёқ изимизга қайтдик…

Аёллар нега ичади?

Касалликнинг тури кўп. Дард бир танада бўлса, бир кишини қийнайди. Юқумли касаллик эса қанчадан-қанча инсонларнинг умрига хавф солади. Шуниси ҳам борки, касаллик биринчи навбатда иммун тизими паст кишиларни танлайди. Ёмон иллатлар ҳам юқумли касалликка ўхшайди. Атрофдаги иродаси суст кишиларни ўз домига тортади.

Эркакларнинг спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишига кўзимиз ўрганиб қолган. Бироқ пойида жаннат бўлган оналар – аёллар ва қизларнинг ичкиликка ружу қўйиши, маст-аласт ҳолда юриши, оқибати хунук ҳодисаларнинг юзага келиши кишини ўйга толдиради. Чунки аёл – жамият давомчиси. Унинг жисмонан ва ақлан соғломлиги келажакни белгилайди. Тиббий маълумотларга кўра, бир ойда уч марта алкоголь ичувчи онадан туғилган болада алкоголга 47 фоиз, агар ота ҳам ичса, 60 фоиз мойиллик бўларкан. Демак, энг даҳшатлиси, ичувчи ота-она бўлажак ичувчини дунёга келтиришаркан. Француз шифокори Демменинг ичкиликка ружу қўйган оилаларда ўтказган тадқиқоти натижаси шу бўлдики, ичувчи ота-онадан дунёга келадиган болаларнинг 10 фоизи эпилепсия, 10 фоизи мия шикастланиши, хотира сустлигидан азият чекаркан.

«Эркакларнинг спиртли ичимликлар истеъмол қилишига кўзимиз ўрганиб қолган», дерканмиз, уларни ҳеч оқламоқчи эмасмиз. Чунки ичкиликбоз эркаклар туфайли оилаларда, жамиятимизда рўй бераётган кўнгилсизликларни яхши биламиз. Аммо аёл спиртли ичимликка ружу қўйса, бундан-да хунук, таъбни тирриқ қилувчи манзаралар юзага келади. Ахир, дағал матога унча-мунча доғ тегса, балки сезилмас, лекин оппоқ, ҳарир матога игна учидай гард қўнса ҳам, ҳамманинг назарига тушади. Аёл тийнати, шаъни ана ўша нурдай тоза ҳарир матога ўхшайди. Шундай экан, савол: аёллар нега спиртли ичимлик истеъмол қилади?

Дилдора, 28 ёшда: – Ўқитувчиман, турмуш ўртоғим ҳам масъул лавозимда ишлайди. Туғилган кунлар ва байрамларда оилавий борди-келдиларимиз кўп. Меҳмондорчиликларда даврадошларнинг юзидан ўтолмай бир-икки марта вино, коньяк ичдим. Қарасам, кайфиятим кўтариляпти. Баъзида турмуш ўртоғим билан уйда ароқ ичишга одатландим. Кайфим тарқагач, “Нега ичдим?” деб юрагим сиқилади. Гап-гаштакларда яна кўнгил ўлгур тинчлик бермайди.

Вазира, 26 ёшда: – Турмуш ўртоғим билан бир синфда ўқиганмиз, севишиб турмуш қурганмиз. Қизимиз туғилгач, ишлаш учун Россияга кетди. Дастлаб пул юбориб турди, кейин пулдан ҳам, ўзидан ҳам дарак бўлмади. Қишлоқда унинг Россияда уйланиб олгани ҳақида миш-миш болалади. Мен эса ишонмадим. Тўрт йил деганда кириб келди. У ўзгарганди. Йиғлаб-сиқтадим. Ҳаммасини тан олди: уйланиб олган экан. Эримни олиб қололмадим, ота-онасини алдаб, изига қайтди. Дардим ичимда, кўнглимни ҳеч кимга ёра олмайман. Киноларда аёлларнинг ўз дардини ароқ билан енгиллатганини кўргандим, мен ҳам кўнглимни “шиша”га очдим. Бора-бора ичиб олиб, қайнота-қайнонам билан жанжаллашадиган, бахтсизлигимга уларни айблайдиган бўлдим. Оқибатда не-не орзулар билан қадам қўйган қадрдон ҳовлимдан ҳайдалдим. Эрим бир йилдан сўнг тавбасига таяниб қайтди. Ҳаётимиз изга тушиб кетди, бироқ бошқа фарзанд кўролмаяпмиз. Ичкиликнинг оқибатидан бўлса керак, деб ўзимни кечиролмайман.

Адолат, 22 ёшда: – Ичаман, лекин нега ичишимни ўзим ҳам билмайман. Эсимни танибманки, отам ҳам, онам ҳам ичади. Кун бўйи ишда, гоҳида кеч қайтишади. 16 ёшимда холаларимнинг қизларига қўшилиб чекиб кўрганман. Аста-секин туғилган кунларда ича бошлаганман. Ота-онам билади, лекин билмасликка олади…

Муҳими – биринчи қадамни қўймаслик

Яна бир тур аёллар борки, улар вино қон кўпайтиради, ароқ шамоллашларнинг олдини олади, инфекцияларни ўлдириб, ичакларни тозалайди, деб ўз қилмишларини оқлайдилар. Бироқ спиртли ичимликларнинг инсон саломатлиги учун хавфини санасангиз, қулоқларига олмайдилар. АҚШда, оз миқдорда алкогол маҳсулотлари ичиб туриш юрак фаолияти учун фойдали, деган қараш мавжуд. Бироқ америкалик тиббиётчилар ўз хулосасига асос­ланиб, бу нотўғри эканлигини исботлади. Шифокорларнинг тадқиқоти “Journal of the American Heart Association” журналида чоп этилди.

Ҳар куни 10 грамм алкогол ичиш юрак бўлмаси фибрилляцияси ривожланиши хавфини 5 фоизга орттиради. Қўшимча ҳар 10 грамм спиртли ичимлик ичган одам юрагининг чап бўлмаси 0,16 мм. га кенгаяди. Тадқиқот муаллифлари 5220 респондентни ўрганди. Уларнинг 54 фоизи аёллар бўлиб, ўртача ёши 56 ни ташкил этди. Тадқиқот қатнашчилари электрокардиографик текширувдан ўтказилди. Олти ой мобайнида ўтказилган 17659 текширувдан 1088 ҳолатда юрак бўлмаси фибрилляцияси аниқланди.

Наргиза Бобожонова, Тошкент шаҳар наркология диспансери врач-наркологи, психо-терапевт:

– Бугун аёллар ўртасидаги алкоголга мутелик 22-42 ёшни ташкил этади. Спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ёш ёки жинс танламайди. Аёлларни ичишга мажбур қилувчи асосий сабаб – муаммоларни унутиш истагидир. Тўғри, спиртли ичимлик қабул қилингандан сўнг эйфория ҳолатида муаммолар унутилгандек бўлади, лекин унинг таъсири кетиши билан – яна ўша ҳаёт… Эркакларга нисбатан аёлларнинг “ичувчи” бўлиб қолиши осонроқ. Бунинг эвазига бошқа муаммолар юзага келади: оилавий жанжаллар, хиёнат, фарзандларига руҳий ва жисмоний шикаст етказиш, қўққисдан жиноят қилиб қўйиш. Энг ёмони, алкогол саломатликка жиддий зарар етказиб, бир мартагина берилган имконият – яшаш имкониятини бой бериб қўйиш ҳам мумкин. Спиртли ичимликлар истеъмоли нерв тўқималарини парчалайди, юракни ёғ бостиради, жигар циррози, гастрит, ошқозон-ичак яраси, буйрак ҳужайраларининг ўлими, модда алмашинув жараёнининг бузилиши, репродуктив фаолият сусайиши, ачинарлиси, носоғлом авлод туғилишига олиб келади. Алкогол ошқозонга тушгач, меъда ширасининг кўпроқ ажралишига сабаб бўлади. Агар оч қоринга ичилса, бир неча сонияда ичакка етиб боради. Йўғон ва ингичка ичак орқали қонга сўрилиб, қон оқими орқали бутун организмга, ҳатто суяк ва ёғ тўқималарига сингади. Шунингдек, марказий нерв системасига таъсир кўрсатиб, тўқималарни ҳалок қилади. Шу таъсир туфайли руҳий саломатликка путур етказади. Алкогол миядаги очлик марказига таъсир қилиб, маълум бир вақт мобайнида очлик ҳиссини йўқотади. Шунинг учун ичган одам “очқамайди”, бироқ фойдали озуқа етишмаслигидан дармони қуриб, ҳолдан тояди.

Аёлларнинг спиртли ичимликларга боғланиб қолиши ўта ачинарли ҳолат. Тасаввур қилиб кўринг: бир оиланинг қизи, бекаси, келини ёки қуда-андаси шиша тўқиштириб ичиб ўтирса… Ғарб мамлакатларида бу одатий ҳолдир, бироқ биз ўзлигини қадрлайдиган,  диёнатли халқмиз. Турмушнинг иссиқ-совуғига бардошли, иродаси кучли аёл зотининг бу иллат домига осонгина тушиб қолаётгани хатарли. Бундай жамиятда ахлоқсизлик урчийди, маънавият инқирозга юз тутади. Алкоголга қарам аёлнинг ҳаёти бетартиб бўла боради, обрўси тўкилади.

Алкогол барибир ўз ишини қилади. Бу йўл – хатарли. Тарбияли, иродаси мустаҳкам аёл бу йўлга биринчи қадамини қўймайди.

Олманинг тагига олма тушади

Дилором опа ёшлигида шунчаки эрининг эсини киритиб қўйишни истарди, холос. Бўлган, бўлмаган сабаблар туфайли эри билан жанжаллашар, аламини ароқдан оларди. Эрнинг тоқати тоқ бўлгач, оила бузилди. Энди баттар ичкиликка ружу қўйган Дилором қизининг таълими тугул, тарбияси билан ҳам қизиқмади. У ичди, ичаверди, йиллар ўтиб бўй етган қизи Дилшодани бегона эркаклар остонасига ташлаб кетгунига қадар ичди. Шу онда она ичишни ташлашга қасам ичди, астойдил даволанишга аҳд қилди. Бироқ боши берк кўчага кириб қолган қизига ёрдам бериш учун кеч эди. У кўчадан анчагина “улфатлар” орттиришга ҳам улгурганди.

Бу сўнгги пушаймони ўзининг душманига айланган бир онанинг қисмати. Уни қандай юпатишни ҳам билмайсиз. Чунки не-не орзулар билан дунёга келтирган жигарбандининг келажагига ўзи соя солди. Донишманд халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, “Бир болага етти маҳалла – ота-она”, “Арпа экиб, буғдой кутма” каби нақллар бор. Фарзанд тарбияси она қорниданоқ бошланишига ишора қилувчи қанчадан-қанча ҳикоятлар, эртагу ривоятларни ўқиганмиз.

Бола – ота-онага тутилган ойна кабидир. Бу борада оталарга қараганда оналарнинг вазифаси масъулиятлироқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Туғилижак зурриёди­нгиз учун муносиб онани танланг!” деб бежиз айтмаганлар. Зеро, аёлнинг маърифатли ва тарбияли бўлмоғи, ҳар бир қадамини ўйлаб босиши жамият юксалишининг кафолатидир.

Эркаклар нега жим?

Азал-азалдан бизда эркаклар улуғланган. Хотинлар эрини, қизлар отасини пайғамбардай ҳурмат қилган. Ҳеч бир иш отанинг изнисиз қилинмаган. Хотин-қизлар нотўғри сўз айтиб ёки ножўя иш қилиб қўйса, оила бошлиғининг танбеҳидан чўчиб, эҳтиёт бўлиб туришган. Хўш, ҳозир-чи? Ўша биз маломат қилаётган ичувчи опа-сингилларимизнинг отаси, эри, ака-укаси йўқми? Ёки улар ўз қизлари, умр йўлдошлари, опа-сингилларининг спиртли ичимлик истеъмол қилишини билмайдими? Афсуски, кўпчилиги билишади. Билишади-ю, ё ўзларини билмасликка оладилар ёки бу ҳолни айтарли иллат, нуқсон деб ҳисобламайдилар. Ҳатто ўз хотини билан бемалол тўқиштириб ичувчи эркакларимиз ҳам талайгина. Шундай ичкиликбозликка муккасидан кетган, ароғу виносиз бир кун ҳам яшолмайдиган эрлар ҳам борки, иложи борича хотинини ҳам ўзига улфат қилиб олишга уринади: ана шунда хотинимнинг дийдиёсидан қутулиб, қулоғим тинч бўлади, деб ўйлашади. Эрлик, оталик масъулиятини шаробга қўшиб симирворишган улар.

Ҳар бир спиртли ичимлик ичувчи аёлнинг ортида камида битта масъул эркак бор. Токи эркакларимиз ўз аёллари, қизларининг ҳаёси, иффатини қатъий қўримас экан, салгина эркинликдан боши айланиб, сархуш бўлаётган опа-сингилларимизга кўзимиз тушаверади.

Хулосани тезроқ чиқарайлик!

Биз келтирган мисоллар, минг афсус билан айтиш керакки, катта фожеа. Уларга ўхшаш ёки ўхшамаслик эса ўзимизнинг қўлимизда. Зеро, врач-нарколог, психо-терапевт Наргиза Бобожонова таъкид­лаганидек, “Аёл бир ишга шунчаки киришмайди, астойдил киришади. Ўз олдига қўйган мақсадига эришмагунча ҳаракатдан тўхтамайди. Унинг табиати шундай. Аёл бир адашдими, унинг тўғри йўлга тушиб олиши қийин. Чуқурлашиб кетаверади-кетаверади. Чунки унинг табиати шундай”.

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 7-сон