Жаҳонга машҳур бўлган адиблар орасида улуғ рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой алоҳида ўрин тутади. Толстой киши руҳининг энг нозик сезимларини чуқур ҳис эта олган, инсоннинг мураккаб ички кечинмаларини моҳирлик билан тушуна олган, замонасининг энг тўлқинлантирувчи масалаларига қизғин муносабатда бўлган, ижтимоий тенгсизликка қарши лаънат билдирган буюк сиймодир. Толстой ўз асарларида кенг халқ оммасининг руҳий кайфиятини улкан санъаткорга хос сезгирлик ва талант билан ифодалади. Унинг «Уруш ва тинчлик», «Тирилиш» каби романлари, «Ҳожимурод» повести, «Болалик», «Ўсмирлик», «Ёшлик» автобиографик трилогияси ва бошқа жуда кўп асарлари миллион-миллион ўқувчиларнинг севимли китоби бўлиб қолди.
Толстой ижодида Россия ҳаётининг турли томонлари ўзининг бадиий ифодасини топган.
Ўзбек китобхонлари Лев Толстой асарлари билан Ўрта Осиё Россияга қўшилгандан сўнг таниша бошлаганлар. Туркистоннинг Россияга қўшилиши, маҳаллий халқлар ҳаётида катта прогрессив аҳамиятга эга бўлиб, улар революция сари бораётган улуғ рус халқининг тақдири билан яқиндан боғландилар.
Тошкентда чиқа бошлаган «Туркистон вилоятининг газети» умумий йўналиши билан ҳукмрон сннф манфаатларини ифодаласа ҳам, унинг саҳифаларида газетхонларни рус ҳаёти, адабиёти, фани ва техникаси билгн таништирувчи материаллар ҳам босилиб турди. Газета материллларида рус тили ва маданиятини ўрганишга чақириб, рус адабиёти классиклари асарларини ўзбек тилига таржима қилишга даъват этувчи ўринлар ҳам мавжуд эди.
Туркистон зиёлиларининг пешқадамлари ўртасида рус адабиёти ва маданиятини ўрганишга қизиқиш тобора ортиб борди. 80-йиллардаёқ рус ёзувчиларикииг баъзи асарлари ўзбек тилига таржима қилинди. «Туркистон вилоятининг газети» саҳифаларида А. С. Пушкиннинг айрим шеърлари, Л. Н. Толстойнинг баъзи ҳикоялари, И. А. Криловнинг масаллари босилди.
Лев Толстойнинг «Одамлар нима билан тирик» ҳикояси шу газетанинг 1887 йилги бир неча сонида босилди. Бу асарни газета редактори Н. П. Остроумов ўзбек тилига таржима қилган эди. Толстойнинг бу ҳикояси шу йилнинг ўзида алоҳида китоб қилиб ҳам нашр этилган.
«Туркистон вилоятининг газети»нинг 1899 йилги сонларининг бирида Лев Толстой ҳақида мақола босилади. Унда улуғ ёзувчининг ҳаёти ва ижоди билан газетхонлар маълум даражада таништирилади. Мақола автори Толстойни «Россия мамлакатининг машҳур ёзувчиси», деб таъкидлаб, унинг асарлари жуда кўп Европа тилларига таржима қилинганлигидан хабар беради.
1902 йилда «Туркистон вилоятининг газети»да Толстойнинг «Худо ҳақиқатни кўрса ҳам, тезроқ айта қолмайди» деган ҳикояси босилади. Диний-ахлоқий характердаги бу ҳикояни таржима қилишдан мақсад, маҳаллий дин арбобларининг халқ орасида ваъз айтганларида бундай асарлардан фойдаланишларини кўзда тутмоқ эди. Лекин уларда таржима техникасига оид анчагина нуқсонлар бўлган. Шундай бўлса ҳам, революциядан олдинги даврда Толстой асарларининг ўзбек тилига таржима қилиниши маҳаллий китобхонларнинг буюк санъаткор ижоди билан танишишида маълум аҳамиятга эга бўлди.
Улуғ рус ёзувчиси Лев Толстойнинг машҳур асарлари Октябрь революциясидан сўнггина кенг китобхонлар мулкига айланди. СССРдаги барча қардош халқлар қаторида ўзбек халқи ҳам Толстойдек йирик сўз санъаткорининг ижодидан баҳраманд бўлди. Ўзбекистонда 20-йиллардаёқ Толстойнинг «Кавказ асири», «Франсуаза» асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, «Ер юзи» журналида босилди. Самарқандда чиқадиган «Аланга» журналида эса «Тирилиш» романидан парча берилди. Сўнгра ёзувчининг «Балдан сўнг», «Алёша Горшок» ва «Ходинка» ҳикоялари ўзбек тилида босилиб чиқди.
Лев Николаевич Толстойнинг йирик проза асарлари 30-йиллардан бошлаб ўзбек тилига таржима қилина бошлади. «Тирилиш» романи 1933—34 йилларда Мирзакалон Исмоилий томонидан таржима қилинди. Ҳозирда у «Анна Каренина» романи таржимасини тугаллаш арафасида турибди.
1947 йилда «Уруш ва тинчлик» эпопеясининг биринчи томи Абдулла Қаҳҳор таржимасида босиб чиқарилди. Абдулла Қаҳҳор эпопеянинг иккинчи китобини Кибриё билан ҳамкорликда таржима қилди. Ҳозирда бу иков «Уруш ва тинчлик» эпопеясининг учинчи китобининг таржимаси устида ишламоқда.
Лев Толстой асарлари билан ўзбек китобхонларини таништиришда шоир Уйғун, таржимон Холида Аҳророва ва бошқалар ҳам самарали меҳнат қилдилар. Ҳозирги кунда Толстойнинг «Ҳожимурод» повести, «Севастополь ҳикоялари», «Болалик», «Ўсмирлик», «Ёшлик» автобиографик трилогияси, «Казаклар» повести, «Уч ўлим», «Хўжайин ва хизматкор» ва бошқа жуда кўп ҳикоялари ўзбек китобхонларининг севимли асарларига айланди.
Толстойнинг болаларга бағишлаб ёзган асарлари ҳам кичкинтойларимизга маънавий озиқ бўлмоқда. Унинг «Жониворлар ҳақида ҳикоялар» тўплами 1936 йилдаёқ босилиб чиқди. Кейинги йилларда «Икки ўртоқ», «Сакраш», «Акула», «Бургут», «Бўри билан ит» ва бошқа кўпгина ҳикоялари қайта-қайта нашр қилинди.
Лев Толстойнинг ижоди Ўзбекистон театр санъатинииг равнақига ҳам самарали таъсир кўрсатди. Унинг «Тирик мурда» ва «Зулмат ҳокимлиги» каби драмалари ўзбек тилига таржима қилинди. «Уруш ва тинчлик» ва «Анна Каренина» асарлари асосида ишланган инсенировка рус театрлари томонидан республикамиз томошабинларпга кўрсатилмоқда.
Ўзбек ёзувчилари Толстой, Пушкин, Лермонтов ва бошқа рус адабиёти асарларининг ўзбек тилига таржима қилиш жараёиида улардан жуда кўп нарсаларни ўргандилар. Рус классик ёзувчиларининг ижоди ўзбек совет ёзувчилари учун бадиий маҳоратни эгаллашда катта мактаб бўлди. Абдулла Қаҳҳор ва Мирзакалон Исмоилий ўз таржимонлик фаолиятларида улуғ санъаткорнинг ижодий тажрибасини ўзлаштириш билан бирга ўзлари ҳам йирик прозаик асарлар яратдилар. Абдулла Қаҳҳорнинг «Қўшчинор чироқлари», «Синчалак» ва Мирзакалон Исмоилийнинг «Фарғона тонг отгунча» асарлари бунинг яққол далилидир. Ўзбек прозасининг йирик жанрлар ҳисобига ривожланишида Лев Толстой традицияларинипг таъси-ри кўзга ташланиб туради.
Лев Николаевич Толстойнинг сўнмас даҳоси В. И. Ленинни ҳамиша ҳайратга солар эди. В. И. Ленин бу мутафаккир адибнинг фавқулодда истеъдодига катта ҳурмат билан қарар эди, М. Горькийнинг хотирлашига кўра, «Уруш ва тинчлик» романининг ўтли саҳифаларидан бениҳоя таъсирланган Ленин Л. Н. Толстой тўғрисида бундай деган эди: «Қандай зот-а? Қандай туғма инсон. Мана буни санъаткор дейдилар… Яна, биласизми, кишини нима ҳайратга солади? Адабиётда шу графга қадар чинакам санъаткордан асар ҳам йўқ эди. Европадаги қайси ёзувчини у билан ёнма-ён қўйиш мумкин?.. Ҳеч кимни».
Жаҳон адабиётида Толстой билан беллашадиган бирон буюк санъаткорни топиш чиндан ҳам амри маҳол. Унинг катта маҳорат билан яратилган асарлари гарчи кечмишнинг адабий меросини ташкил этса ҳам, улар ўз моҳиятлари билан келажагимиз учун ёт бўлолмайди. Унинг асарлари келажакка ҳам мансуб.
Л. Н. Толстой ана шу тарзда, фавқулодда истеъдод эгаси, устод ва доҳий адиб сифатида ўзбек халқининг орасига, ўзбек адабиётига кириб келди. Ўзбек прозасининг тараққиёт йўлини — унинг шаклланиши ва равнақини рус классик адабиётининг буюк намояндалари қаторида Толстой асарларининг таъсирисиз, Толстой прозасининг энг илғор ва энг юксак традицияларисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Толстойнинг моҳир қаламига мансуб бўлган жаҳон маданияти хазинасининг энг асл дурдоналари барча ўзбек ёзувчилари учун чинакам маҳорат мактаби бўлиб келди. Садриддин Айний ва Абдулла Қодирий, Ойбек ва Шароф Рашидов, Абдулла Қаҳҳор ва Яшин сингари йирик сўз усталаримизнинг истеъдоди, уларнинг ёзувчилик маҳоратлари ана шу мактабда шаклланди.
Толстой ўз даврининг тарихий-бадиий обидасини яратди. Унинг асарларида катта санъат билан тасвирланган кишилар — жонли, ҳаётий, доимо ҳаракатчандир. Биз уларнинг барча қирраларини — ҳар томонламаликларини, чунончи — олий туйғулари билан бирга тубан ниятлари, эзгу интилишлари билан бирга хунук хатти-ҳаракатларини кўрамиз. Уларнинг кулгулари, қувончлари, кўз ёшлари ва оғир кечинмаларининг гувоҳи бўламиз. Кўзимиз олдида дард чекаётган кишига қайғудош бўлгандек, бу кишиларнинг кўз ёшини кўриб, астойдил эзиламиз, уларнинг кулгисига ва қувончига шерик бўламиз.
Толстойнинг инсон образини шу қадар моҳирлик билан чизиши унинг бадиий маҳоратига мансуб бўлган муҳим хусусиятларидан биридир. Ўзбек ёзувчиларининг Толстой ижодий меросига такрор ва такрор мурожаат этишининг боиси ҳам шунда.
Ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг ижодий биографиясида Л. Н. Толстойнинг роли бениҳоя катта бўлди. У Толстой асарларини тинмай ўрганди, унинг характер яратиш масалалари билан боғлааган хусусиятларини, ижодий услубини эгаллашга интилди. «Бунинг натижаси жуда тез кўринди, — дейди Абдулла Қаҳҳор, — шундан кейин ёзган ҳикояларим олдинги езган ҳикояларимдан жуда катта фарқ қилиб, танқиднинг баҳосига кўра, бу ҳикояларда «ёрқин чизилган образлар» пайдо бўлди».
Бу Толстойнинг ўзбек адабиётининг равнақига кўрсатган самарали таъсири тўғрисида ўзбек адибларининг Абдулла Қаҳҳор тили бнлан айтган сўзлари. Чиндан ҳам биз — ўзбек ёзувчилари Толстой даҳоси олдида миннатдормиз.
Толстойнинг қандай қилиб ўқувчини қаҳрамонларнинг ички дунёсига бевосита олиб киришини ҳамда ҳаётни тасвирлашга қаратилган асосий приёмларини ўрганиш ўзбек ёзувчиларининг ҳаётнинг ҳаққоний ифодасини яратувчи асарлар вужудга келтиришларига ёрдам берди.
Лев Толстой барча жаҳон ёзувчилари учун адабий мактабдир. Бизнинг адабиётимиз ижод сирларини, маҳорат калитини, янги кишининг сиймосини яратиш учун киришар экан, лозим бўлган маҳоратни шу мактабдан олади.
Толстой ҳеч қачон қаримайди. У шундай доҳий санъаткорларданки, унинг ҳар бир сўзи биз учун ўгитдир. Унинг ижоди худди бир чашма. У ҳар доим мавж уради. Биз бу чашмага тез-тез, такрор ва такрор мурожаат этамиз. Гўё, вазаримизда, шу чашманинг сувидек зумрад ва мусаффо оби ҳаёт йўқдек.
“Ўзбекистон маданияти”, 1960 йил 19 ноябрь