Ғафур Ғулом. Буюк устоз (1966)

Бугун буюк шоир ва олим, донишманд ва халқнинг энг меҳрибон дўсти улуғ Алишер Навоийнинг туғилганига 525 йил тўлди. Мана шу мўътабар кунни дўстлар доирасида нишонлаш аллақачон ажойиб традицияга айланган.

Мана шундай тарихий шароитда мен сизларни, мўътабар, дўстларим, совет халқининг яна бир байрами, совет халқи маданиятининг байрами билан — бутун умрини инсон манфаатларига, бутун ижодини улусга наф етказишга хизмат қилдирган улуғ зот Алишер Навоий туғилган кунга 525 йил тўлган кун билан муборакбод қиламан.

Алишер Навоий туркийгўй шоирларнинг биринчиси эмас, албатта. Унгача ҳам қанчадан-қанча ҳассос шоирлар, ҳатто малик ул-каломлар яшаганлар. Аммо унгача ҳеч ким туркий халқлар тилларининг имкониятини Алишер Навоийча муваффақият билан исботламаган. У ўзининг фақат илмий асарлари билангина эмас, балки жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бўлган «Хазойин ул-маоний» ва «Хамса»си билан ҳам туркий халқлар адабиётларининг ривожига бебаҳо ҳисса қўшди. Алишер Навоийнинг ўз мундарижаси ва санъати билан форс-тожик адабиётининг энг нодир намуналари савиясида турувчи шеърларидан ташкил топган «Фоний» девони шоирнинг туркийгўйлигига сабаб, форс тилида ижод қилишга ожизлигидан эмас, балки ўз она тилидаги адабиётни ривожлантириш, унинг имкониятларини амалда исботлаш бўлганлигини кўрсатади.

Алишер Навоийнинг ижоди ўзбек тилининг бойлиги ва ранг-баранглигини, унда энг теран фикрлар ва юксак бадиий формада уйғунлаштириш имкониятлари чексиз эканини ёрқин намойиш қилди. Ўзининг «Муҳокамат ул-луғатайн» асари билан эса, Алишер Навоий ўзбек тили ва бу тнлдаги адабиётнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилди, уларнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Навоийнинг ўлмас «Хамса»си-чи? Гарчи бу соҳада у ўз салафларининг ажойиб традицияларидан унумли фойдаланган ва уларнинг асарларидаги айрим камчиликларни ўринли танқид қилган ҳолда, ўзининг ғоявий ва бадиий кучи билан шу шоирларнинг достонлари даражасида турган, улар билан рақобат қила оладиган «Ҳайрат ул-аброр», «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъаи сайёр». «Садди Искандарий» достонларидан ташкил топган «Хамса»ни тузди. Кўп йиллик ижодий меҳнатнинг сама»раси ва шоир фалсафий ҳам бадиий тафаккурининг поэтик синтези бўлган бу асарга кирган ғоявий теран, бадиий юксак, янги, оригинал достонлардан ўлмас абадий типларнинг бадиий галереяси гавдаланади.

Алишер Навоий асарларининг қиммати шундаки, улар улуғ шоир яшаган даврнинг илгор ғоялари, инсон ва унинг ҳуқуқлари, ахлоқ, вафо ва биродарлик ҳақидаги фикрлари доҳиёна бадиий акс этган санъат асарларидир. Дарҳақиқат, Навоий асарларини ўз даври энг илғор ахлоқ нормаларининг бадиий кодекси деб аташ мумкин.

Асрлар давомида саводли кишилар Навоин асарларини қўлда кўчириб тарқатганлар, узоқ қиш кечалари, ишдан кейин йиғилишиб, навоийхонлик қилганлар, Шу сабабли XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда литография ва типографиялар ташкил топганда, нашр этилган илк китоблардан кўпи Алишер Навоий асарлари эди.

Ёзувчининг барча асосий асарлари минглаб нусхада нашр этилди. Шунингдек, унинг кўпгина асарлари рус, тожик, украин ва бошқа қардош халқлар тилларига таржима этилиб, жаҳон миқёсида кенг тарқалди.

Улуғ ёзувчининг ҳаёти ва ижодини ўрганиш иши ҳам совет даврида илмий асосга қурилди. Зўр қаноат билан таъкидлашимиз мумкинки, совет даврида навоийшунослик фани яратилди. Бу фаннинг яратилиш ва ривожланишида Садриддин Айний, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдурауф Фитрат, Олим Шарафиддинов, Отажон Ҳошим, Абдураҳмон Саъдий, Иззат Султонов, Воҳид Зоҳидов, Воҳид Абдуллаев, Мақсуд Шайхзода, Ходи Зариф, Порсо Шамсиев, Ҳамид Сулаймонов, Ғулом Каримов, Абдуқодир Ҳайитметов, Шарифа Абдуллаева, Суйима Ғаниева, Саида Назруллаева каби ўзбек олимлари зўр ҳисса қўшдилар. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишда рус олимларининг асарлари катта роль ўйнаганлигини алоҳида таъкидламоқ зарур.

Машҳур шарқшунослар: академик В. В. Бартольд, академик А. С. Самойловнч, СССР Фанлар академиясининг корреспондент аъзолари Е. Э. Бертельс, А. К. Боровков, С. Е. Малов, Н. Ю. Якубовский, А. А. Семёнов ва бошқа рус олимлари Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг айрим муҳим масалаларини ёритиб бердилар. Улуғ ўзбек шоири ижодини ўрганиш ишига СССРдаги қардош халқларнинг йирик олимлари қўшаётган ҳиссани айрича таъкидлашни истар эдим. Бу ўринда мен сўнгги ўттиз йил давомида Навоий комитети билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган озарбайжон олими, Озарбайжон ССР Фанлар академиясининг корреспондент аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Ҳамид Ораслининг хизматларини қайд этинпш истар эдим. Алишер Навоийнинг қардош адабиётлардагп традицияси масаласини ўрганишда Туркманистон ССР Фанлар академиясининг академиги Б. Қорриев, Тожикистон ССР Фанлар академиясининг академиги А. Мирзоев, татар олими, филология фанлари кандидати Ш. Абилов ва бошқа ўртоқлар самарали иш олиб бормоқдалар ва навоийшуносликни бойитмоқдалар.

Бугун биз Навоий комитетининг X традицион илмий сессиясига тўпландик. Биз сўнгги 10 йил ичида ҳар гал турли халқларнинг етук олимлари анжуманида тўпланиб, улуғ ёзувчининг ҳаёти ва ижодига оид янгидан-янги проблемаларни кенг муҳокама қилдик.

Бугунги ҳам традицион, шу билан бирга ҳам юбилей тарзидаги сессияда Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти шу нарсани хурсандчилик билан эълон қиладики, фақат сўнгги йиллар ичида навоийшунос Порсо Шамсиев улуғ шоирнинг ўлмас «Хамса»сига кирган достонларнинг илмий-танқидий текстини тайёрлади. Шулардан «Сабъаи сайёр», «Фарҳод ва Ширин» достонлари босилиб чиқди. Филология фанлари доктори, профессор Ҳ. Сулаймонов томонидан тузилган илмий-танқидий текст Навоийнинг «Хазойин ул-маоний» асари 4 том ҳолда босиб чиқарилди. Филология фанлари кандидати Суйима Ғаниева томонидан Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» асарининг ва адабиётшунос Ш. Эшонхўжаев томонидан улуғ шоирнинг «Лисон ут-тайр» достонининг илмий текстлари тайёрланди ва «Фан» нашриёти томонидан босиб чиқарилди. Ҳозирги кунда «Тошкент» нашриёти Алишер Навоийнинг 15 томлик асарлари тўплами нашрини тугаллаш арафасида турибди. Фақат сўнгги йилларда Навоий ижодини ўрганиш соҳасидаги ишлари учун Ҳамид Сулаймонов ва Абдуқодир Ҳайитметовга филология фанлари доктори, С. Ғаниева, Ё. Исоқов, Э. Шодиев ва Т. Аҳмедовга филология фанлари кандидати деган илмий даража берилди. Бу ўринда адабиётшунос А. Ҳайитметовнинг Навоий ижодий методини ўрганиш соҳасидаги тадқиқоти катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш зарур.

Навоийшунослик бир қатор жиддий ютуқларга эришган. Шу билан бирга ҳали қатор ҳал қилннмаган масалалар бор. Умид қиламизки, мана шундай масалаларни илмий ёритишда бу йилги сессия ҳам муҳим роль ўйнайди.

“Ўзбекистон маданияти”, 1966 йил 12 февраль