Бу кунги суҳбатимизнинг мавзуи гарчи ижодий тажрибалар бўлса ҳам, гап кўпроқ ижодий тажрибалар эмас, ижодий уринишлар тўғрисида борилар деб ўйлайман.
Бирон балоғатга етган ёзувчи ўзининг балоғатга қандоқ етганлиги, бир ёки бир неча машҳур, ҳамма тақдир этган асарини қандоқ ёзганлиги тўғрисида гапириб берса, суҳбат аҳли ундан таълим олса, ў вақтда ижодий тажриба тўғрисида сўз, таълимий суҳбат бўлар эди. Мен бу ерда фақат дуруст асар ёзишга қандоқ ўрганганлигим, шу уринишлар орқасида нималарга дуч келганлигим тўғрисида гапиришим мумкин, холос. Демак, бу суҳбат ўзаро фикрлашиш тарзида ўтади.
Умид билан қўлига қалам олган, эл-юртга ёзиш-чизиш иши билан хизмат қилишни истаган, шу йўл билан кўпроқ ва яхшироқ хизмат қила олишига кўзи етган ҳар бир кишининг омили яхши асарлар яратиш бўлади.
Биз бир асарни ёмон, иккинчисини яхши, учинчисини сўз санъатининг мўъжизаси деймиз. Шунда ҳаммадан бурун нимани кўзда тутамиз? Аввал шу саволга жавоб бериш керак.
Модомики, китоб кенг ўқувчилар оммаси учун ёзилар экан, бу саволга ўша омма нуқтаи назаридан қараб жавоб бериш зарур. Омма ўзини мафтун қиладиган, роҳат бағишлайдиган нарсани ўқийди. Ўшани яхши асар деб билади. Ўқувчи китобни «маданиятдан орқада қолмаслик» учунгина эмас, зўр роҳатдан маҳрум бўлмаслик учун ўқиса ҳисоб. Шундай асар яхши асар бўлади. («Қилич», «Тозагул», «Тўплам»). Асар тўғрисида энг тўғри холис ёзилган тақриз кутубхонанинг дафтарида бўлди.
Энг яхши томоша бўлмаган драма, қўлга олиш билан жозибасига тортиб кетмайдиган адабий асар яхши нарса бўлмайди. Агар бирон ёзувчи асарнинг шу томонига эътибор қилгани эринса ёки эринмагани тақдирда ҳам удда қилолмаса-ю, ўзининг ожизлигини, масъулиятсизлигини «мазмун», «олижаноб мақсад» иборалари остига беркитса, санъатни, энг муҳим тарбия қуролини бебурд қилган бўлади.
Мақсад нақадар олижаноб бўлмасин, Чеховнинг, тили билан айтганда «қурбақага шакар сепиб берганинг билан барибир емайман».
Адабий асар, адабиёт деган шундоқ бўлсин.
Ёзувчи билан нарса ёзиш учун қўлига қалам олганда ҳаммадан бурун кўз олдига шу нарсани ўқиётган ўқувчини келтирсин, асарнинг ҳар бир сатри кўз олдидан ўтганида чеҳрасида бўладиган ўзгаришни кўриб турсин. Ёзувчи ўзини каттакон билимдон, юксак завқ эгаси бўлган киши олдида имтиҳон бераётгандай сезсин.
Китобхонни мафтун қиладиган нарса яхши нарса бўлса, қандоқ асар мафтун қилади? Унинг меҳригиёси қаерда, бу меҳригиё нимадан иборат?
Классиклардан ўрганиш деган сўз классик асарлардаги мана шу меҳригиёни топишга уриниш, топишдан иборат бўлса керак.
Албатта, ҳар бир яхши асар ўзича яхши. Ҳар бир яхши асарнинг меҳригиёси бошқа яхши асарнинг меҳригиёсига ўхшамаганлиги учун яхши. Гўзал деган сўз битта. Лекин унинг минг бир маъноси бор.
Яхши асарларнинг яхшилик сирини қидирган вақтда ҳамма яхши асарларга муштарак бўлган бир нарса дарров кўзга кўриниб туради. Эҳтимолки бу асарнинг мафтун қиладиган асар чиқиши учун асосий шартлардан бири бўлса.
Маълумки, санъат, шу жумладан, сўз санъати — адабиёт ҳам кишиларнинг онгига ҳис орқали — юрак орқали таъсир қилади. Адабиёт бирон ижтимоий ҳодисанинг яхши ёки ёмон эканлигини фактлар, рақамлар билан исбот қилиб, хулоса чиқармайди; унинг яхши ёки ёмон эканлигини кўрсатиб кишиларда шу ҳодисага нисбатан муҳаббат ёки нафрат ҳисси туғдиради. Бирон ҳодисанинг яхши ёки ёмон эканлигини билдириш билан унга нисбатан нафрат ёки муҳаббат ҳисси туғдириш орасида жуда катта фарқ бор. Билган киши билиб қўя бериши мумкин, лекин ҳис қилган киши ҳис қилиб қўя бермайди. Адабиётнинг зўр ташвиқий кучи ҳам мана шундан иборат.
Бундан маълум бўладики, ёзувчи бирон ҳодисага ўқувчида муҳаббат ёки нафрат ҳисси қўзғатиши учун аввал ўша ҳис ўзида бўлиши керак.
Киши ҳеч қачон душманнинг гўри устида бошқаларнинг кўзидан ёш чиқарадиган таъсирли нутқ сўзлолмайди.
Энг талантли, энг уста, хушовоз артист агар ўзига ёқмайдиган ашулани айтишга мажбур бўлиб қолса, таланти ҳам, усталиги ҳам йўқолиб, қуруқ овози қолади.
Талант, билим, ҳунар жиҳатидан бир даражада бўлган икки ёзувчи муҳаббат тўғрисида ёзса, шу муҳаббат ҳиссини бошидан кечиргани яхшироқ ёзади.
Ёзувчи ўзи ҳис қилмаган нарса тўғрисида ёзса, буни ўқиган ўқувчи ҳам ҳеч нарсани ҳис қилолмайди. Ўқувчининг қалбига таъсир қилмаган нарсанинг адабиётга ҳеч тегишлиги йўқ.
Демак, куйдириш учун куйиш, ардоқлаш учун ардоқланиш шарт. Бусиз бўлмайди. Ҳис қилинмасдан ёзилган нарса қоғоздан қилинган гулга ўхшайди.
Ҳис, ички дард кишининг қалбини тошириб юборади. Бундай вақтда киши ўзини қаерга қўйишини билмайди. Ўзининг дардига бошқаларни шерик қилиш, юрагини бўшатиш, кишига азоб бериш даражасига етади. Шу вақтда қўл қаламга боради. Кишининг кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Ёзиш учун ҳеч нарса халал бермайди. Фикр тўкила боради. Ёзиб улгуриб бўлмайди.
Кишидаги мана шундан ҳолатни одатда илҳом дейишади.
Айтилган гаплардан хулоса чиқарсак, яхши асар ўқувчини мафтун қиладиган асар фақат илҳом билан ёзилган асар, дейиш керак бўлади.
Ёзувчи илҳом келди деб тез-тез ёзади, илҳом келмаётир деб соатлаб қоғоз чизиб ўтиради. Бас, маълум бўладики, илҳом келгани ёзувчининг тўла ҳис қилгани, илҳом келмагани ёзувчининг ҳали ҳис қилмагани бўлади.
Илҳом келиши учун ёзувчининг ҳис қилиши шарт бўлса, ҳис қилиши учун нималар керак?
Ёзувчи ёзувчи бўлиш учун қандай катта меҳнатни ўз бўйнига олганлиги мана шу ерда кўринади.
Умуман савияси бирон уй хизматчисининг савияси билан баробар бўлган киши ҳеч вақт ижтимоий ҳодисаларни тўғри таҳлил қилолмайди.
Демак, ижтимоий ҳодисаларни таҳлил қилиш, унинг яхши, ёмон эканини билиш учун ёзувчининг савияси жуда-жуда баланд бўлиши керак.
Ёзувчи турмуш ҳодисасини таҳлил қилганидан сўнг унга маълум бир муносабатда бўлади. Бу муносабати унинг қаноати бўлади. Унинг бирон ҳодисани ҳис қилиши мана шу қаноати асосида бўлади.
Шулардан маълум бўладики ёзувчи ҳеч вақт «Нима тўғрида ёзсам экан?» деб ўйлаб, кейин бирданига бирон тўғрида ёзишни ихтиёр қилмайди. Аксинча, ҳодисага маълум муносабати, қаноатидан келиб чиққан розилик ёки норозилик уни ёзишга мажбур қилади, уни ўз ихтиёрига қўймайди.
Мана шундан кейин асарнинг ғояси тўғрисида гапириш мумкин.
Мен илгари вақтларда кўп кишилардан «асар ёзишдан бурун унинг ғоясини белгилаб олиш керак», деган маслаҳатни эшитганман. Ўша вақтлар шу маслаҳат асосида иш кўриб кўп гаранг ҳам бўлганман. Ўша вақтларда қўлимга қандай асар тушса, дарров унинг ғоясини ахтарар эдим. Кўпинча, унинг ғоясини тополмас эдим. Энди ўйлаб қарасам ўша маслаҳатлар нотўғри, ўша уринишларим мутлақо самарасиз уринишлар экан.
Мен шу кунгача битта-иккита дуруст нарса ёзган бўлсам биронтасининг ҳам ғоясини олдин белгилаб олганим йўқ. Наинки, уруш замонидаги чолларни кўрсатиш мақсадида мен Асрорбобони ясаган бўлсам! Йўқ, чолларнинг уруш йилларида ёшлар билан бир сафда турганлиги менга қаттиқ таъсир қилган эди. Бу ҳикоя шу таъсирнинг натижаси. Адабиётчилар, танқидчилар тилида бу чол қандай деб аталишини кўзда тутган эмасман, шулар нима деб атаса ҳикояиинг ғояси ўша бўлади.
Янглиш маслаҳатларга амал қилиб асарнинг ғоясини қидирар эдим. Бу ҳам бекорчи уриниш экан. Ҳақиқатан шундай. Асарнинг ғоясини қидиришга эҳтиёж борми? Асар ўқувчида қандай таъсир қолдирса, уни қайси йўлга бошласа ғояси ўша-да.
Жек Лондоннинг «День пламенеет» деган бир романи бор. Мен асарларнинг ғоясини қидириб юрган вақтимда шу романнинг ғоясини тополмаган эдим. Лекин шу китобни ўқиганимдан кейин шаҳарда тургим келмай қолди. Қолган умримни қишлоқда ўтказишни хоҳлаб қолдим. Демак, ёзувчининг мақсади шу экан, одамларни табиатга даъват қилган экан.
Константин Симонов «Нафсониятли киши» деган бир қисса ёзди. Бунда шахсий ҳаётдан тамоман воз кечиб фронт учун ишлаётган бир инженер билан фронтда иш кўрсатиб орденлар олган бир офицер тўқнаштирилади. Офицер инженерга «биз у ерда қон тўкиб юрибмиз, сен бу ерда айш-ишрат қилиб ўтирибсан», дейди. Шунда ўқувчи офицерга «сен бу инженерни ҳақорат қилма», дегуси келади. Кейинчалик офицер ҳато қилганини билади, инженердан узр сўрайди. Бу қиссанинг ғоясини қидиришга эҳтиёж борми? Ўқувчи офицернинг сўзини ноҳақ деб билишининг ўзи кифоя. Фронт қаҳрамонлари билан меҳнат фронти қаҳрамонларининг Ватан олдидаги хизмати бир газ билан ўлчанади.
Илҳом билан, ички мажбурият орқасида ёзилган асарни тузатиш, қайта ишлаш мумкинми?
Ўша тузатиш, ўша қайта ишлаш хоҳишга айланмагунча, ёзувчининг қалбидан ўрин олмагунча мумкин эмас.
Кўпинча шундай ҳоллар бўлади; ёзувчи асарини битириб одамларга ўқиб беради. Бу ерда асарнинг камчиликлари кўрсатилади. Ёзувчи кўпинча ўша камчиликларни ўзи камчилик ҳисобламагани ҳолда фақат билимдонларнинг сўзини иккита қилмаслик учун тузатишга киришади. Бундай вақтда ёзувчи ўз маъшуқасига бировнинг сўзи билан муҳаббат изҳор қилаётган ошиққа ўхшаб қолади. Ҳис қилмасдан асарни тузатиш дуторни икки киши чалгандай гап. Парда босган киши ҳам, зарб берган киши ҳам ҳеч нарсани ҳис қилолмайди. Бундай машқдан ҳеч ким лаззат олмайди.
Асарни қайта ишлаш деган гапга мен тушунмайман. Агар бирон асар қайта ишлашга муҳтож бўлса, шу материал асосида бошқа асар ёзиш керак экан, деб тушунаман.
Яхши асар илҳомнинг натижаси, илҳом ҳис қилишнинг натижаси дедик. Ҳис қилиш учун ёзувчи ўшани бошидан кечириши шартми? Агар шарт бўлса Толстой ҳеч қачон «Анна Каренина»ни ёзолмас эди. Чунки Толстой ҳеч вақт хотин киши бўлиб кўрган эмас.
Ҳис қилиш учун ёзувчига ўзининг шахсий кечинмалари билан бир қаторда мушоҳада ҳам ёрдам беради. Ёзувчи ўзи бошидан кечирмаган ёки кечириш мумкин бўлмаган ҳодисаларни зўр диққат билан мушоҳада қилади. Турмушни ўрганиш деган сўзнинг маъноси турмушни мушоҳада қилиш демакдир. Энг зўр ёзувчилар энг зўр мушоҳада кучига эга бўлишган. Одамларнинг рафторига оид энг кичик нарсалардан тортиб, катта-катта ижтимоий ҳодисаларгача ғоят зўр диққат билан ўрганишган. Бошқа кишиларнинг диққатини жалб қилмаган ҳодисалар, бошқа кишилар эътибор қилмаган нарсалар буларнинг диққатини жалб қилган, эътиборини тортган.
Мана шунинг учун ҳар бир бадиий асарда ёзувчининг шахсий кечинмалари, таржимаи ҳоли унсурлари бўлади. Ёзувчи баъзан бирон типга асос қилиб ҳақиқатда мавжуд одамни ҳам олади. Бундай ҳолларда ўша мавжуд одам типнинг прототипи бўлади. Ёзувчи прототипнинг ўзигагина хос сифатларини, хислатларини ташлаб, тип учун харақтерли бўлган бошқа сйфатлар, хислатлар қўшади. Шундай бўладики, прототип типнинг ўзи эканини билмайди.
Одатда мушоҳада фақат керак бўлганда бирон асар ёзиш учун зарур бўлиб қолганда қилйнмайди.
Масалан, бировнинг оёғини трамвай босди. Эҳтимол, менинг қаҳрамонларимдан, персонажларимдан ҳеч кимнинг оёғини трамвай босмас. Лекин оёғини трамвай босган одамнинг ўша дамдаги ҳолати, ҳаракати, қиёфаси эсимда қолиши керак. Чунки мабодо шундай ҳолат керак бўлиб қолса оёғини трамвай бостириб кўргани ҳеч ким рози бўлмайди.
Киши чучкирадиган вақтда афти қандоқ бўлишига ҳеч ким эътибор қилмайди. Лекин Чехов шунга эътибор қилган экан. «Чиновникнинг ўлими»да қўл келипти.
Мен «Анор» деган ҳикояни ёзганимда бошқоронғи хотиннинг ҳолатини шу кунларда мушоҳада қилганим йўқ. Бошқоронғи хотиннинг ҳолати менинг хотира дафтаримда бор эди. Буни мен бир вақтлар дафтарга шундай қайд қилиб қўйган эканман:
«Эр хотинига жаннатнинг таърифини қилади. Хотиннинг кўзига ҳавзи кавсар ва унда юзиб юрган балиқдан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Хотин балиққа бошқоронғи».
Бундан олти йил бурун дафтарга шуни ёзиб қўйган эканман:
«Ажойиб ит, ўғри кирганда олқишласанг, ётиб думини ялайди».
Бу нарса олти йилдан бери керак бўлгани йўқ, эҳтимол, ҳеч қачон керак бўлмас. Шундай қилиб, ёзувчининг хотира дафтари — мушоҳадалар хазинаси — турмуш қомуси вужудга келади.
Бу дафтарга фақат мушоҳадаларгина эмас, воқеалар, манзаралар, фикрлар, сўзлар, иборалар ҳам ёзилиши мумкин. Чехов ҳатто исмларни ҳам ёзган.
Мана шунинг учун ёзувчи ёзаётганда, ўйлаётгандагина, эмас, ҳаммавақт меҳнат қилади. Шундоқ бўлиши керак.
1944 йил