Ҳар бир даврнинг ўз яратиғи, жаҳоншумул кашфиётлари бўлади. Бундан ўн тўрт аср муқаддам бутун дунёда Самарқанд қоғозидан бебаҳороқ нарсани топиш қийин эди. Алгебра фани асосчиларидан бири ал Хоразмий ҳам бир дўстига ёзган мактубида Самарқанд қоғозининг ниҳоятда қимматлилигини таъкидлаб ўтади.
Дарҳақиқат, аждодларимизнинг абадиятга дахлдор фалсафий ўйлари-ю изланишларини ўзига муҳрлаган Самарқанд қоғози ўша давр мўъжизаси, ўз замонасининг энг ноёб топилдиқларидан бири эди.
Қадимги Хитой солномаларида ёзилишича, қоғоз эрамизнинг 100- йилларида хитойлик Чай Лун томонидан кашф этилган. Ҳунармандлар уни аввалига ипак, пахта, кейинчалик каноп ва зиғир толаларидан, ёғоч пўстлоғи ҳамда турли латта-путталардан тайёрлашган. VII аср ўрталаридан бошлаб, икки дарё оралиғида — Самарқанд шаҳрида қоғоз ишлаб чиқариш ниҳоятда равнақ топди. Бу ерда тайёрланган қоғознинг пишиқ-пухталиги, бежиримлиги ва нозик сифати боис уни тайёрлайдиган усталарнинг шуҳрати дунёга таралди. Бу ноёб буюм инсониятнинг яқин ҳамроҳи, олиму фузалоларнинг, адибу шоирларнинг сирдош дўстига айланди. Ўсимлик толаси ҳамда матодан тайёрланган мазкур қоғозлар ишлов берилган мол териси — пергамент, папирус, ёғоч тахтача сингари Ёзув воситаларини секин-аста истеъмолдан сиқиб чиқарди. VIII аср ва ИХ асрнинг биринчи ярмига келиб Самарқанд қоғоз ишлаб чиқариш марказига айланди. Аммо ўлкада кечган тинимсиз жангу жадаллар ҳунармандларнинг ҳам тинкасини қуритди. Улар нисбатан тинчроқ саналган Боғдод, Қоҳира, Дамашқ каби шаҳарларга бош олиб кетишди. Оқибатда айнан юқорида номлари зикр этилган шаҳарлар ҳам қоғоз ишлаб чиқариш марказлари сифатида тилга олина бошланди. Асл Самарқанд қоғозининг нархи эса бир неча бор қимматлашиб кетди.
ХII асрнинг ўрталарида Самарқанд қоғозининг довруғи Буюк ипак йўли орқали Ғарб давлатларига етиб борди, Европада ҳам мисли кўрилмаган даражада шуҳрат қозонди. Дастлаб Испания ва Италияда, сал ўтиб бошқа давлатларда самарқандлик ҳунармандлар кўмагида қоғоз ишлаб чиқарувчи фабрикалар ташкил этилди. Аммо сифати барибир ҳаминқадар эди.
Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида “Дунёдаги энг яхши қоғоз Самарқандда чиқади. Қоғоз тегирмонлари учун ҳамма сув Конигилдан келади. Конигил Сиёб ариғи қирғоғида жойлашган. Барча жувозлари ҳам шу ердадир” деб ёзади. Самарқанд қоғозининг афзал томонларидан яна бири — улар оқ халқа кўринишидаги сув белгиларига ҳам эга бўлган. Уни ХВИ асрда самарқандлик машҳур уста Мир Иброҳим тайёрлаган. Тарихчилар ХВИ асрдан ХIХ асрнинг биринчи ярмигача Россия ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинган моллар орасида қоғоз, айниқса, қадрли ҳамда қимматли бўлганини таъкидлашади.
Самарқанд қоғозининг аҳамияти ва бебаҳолиги ҳақида гап кетганда, бир нарсани эслатиб ўтиш жоиз. Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий, Бобур каби буюк боболаримизнинг ўлмас асарлари айнан шу қоғозларнинг сифати туфайли асрлардан сакраб ўта олди. Не ажабки, айнан шу бебаҳо восита боис дунёнинг тараққиёт бешигини тебратган алломаларнинг уйғоқ битиклари, қимматли ўгитлари, аждодларга айтмоқчи бўлган гаплари бугунги дориламон кунларимизгача етиб келди.
ХVIII аср ва ХIХ асрлардаги узлуксиз босқинлар, ҳарбий ҳаракатлар Самарқанд қоғози шуҳратини батамом сўндирди. Шу тариқа Самарқанд қоғозининг сири буткул йўқолди. Руслар босқини ва ўн йиллаб давом этган маҳорабалар тарих китобига Самарқанд қоғозининг таназзули билан қўшиб битилди. Унутилган бебаҳо маданий ёдгорликнинг қайта кашф этилиши учун яна юз йиллар сарф этилди. Ва ниҳоят…
Тақдирнинг саховатини қаранг-ки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ёзиб кетганидек, Сиёб ариғи бўйидаги Конигил қишлоғидаги уста ҳунармандлар оиласи қоғоз ясаш сирларини топишга, Самарқанд қоғозининг эски шон-шуҳратини тиклашга мушарраф бўлдилар.
— Даставвал кекса кишилардан сўраб-суриштириб, эски битикларни мутолаа қилиб, иш бошлагандик, — дейди ҳунарманд Санжар Мухторов. — Кўп ўтмай тўғри йўлдан кетаётганимизни тушундик. Айни пайтда қоғозни тут пўстлоғидан тайёрлаяпмиз. Ивитилиб, ажратиб олинган пўстлоқ чархпалак ёрдамида яхшилаб ёйилади. Кейин 7-8 соат қайнатилади. Сўнг аралашмадан бўтқа ажратиб олинади. Шу тариқа тозалаш, майдалаш, қайнатиш каби 14 босқичдан ўтгандан сўнг қоғоз тайёр ҳолга келади. Айни пайтда устахонада 20 киши иш билан банд. Гарчи унумдорлик иш усули қўл меҳнатига асослангани туфайли паст бўлса-да, даромаднинг чўғи баланд. Чунки қайта тикланган қоғоздан турли буюмлар ясаш ва тикишни йўлга қўйганмиз. Жумладан, қўғирчоқлар, маскалар ясалаяпти, ҳамён, қалпоқ, сўзана, кўйлаклар тикиляпти. Улар ўзининг силлиқлиги, осонликча йиртилмаслиги, ювганда ранги ўчмаслиги ва ҳар хил ҳашаротлар “ҳужум”ига бардошли экани боис, нафақат юртдошларимиз, балки хорижликларни ҳам қизиқтириб қўйди. Ҳар сафар улар бу ерга келишганида ариққа ўрнатилган чархпалакка, ажратиб олинган новдани эзувчи жувозга ва ранго-ранг Самарқанд қоғозларига ҳайрат кўзлари билан боқишади. Қоғоздан кўйлак тикаётганимизни кўриб, ҳайратларига яна ҳайрат қўшилади.
Дарҳақиқат, уста ҳунарманд лутф этганидек, Самарқанд қоғозининг довруғи етти иқлимга кетган. Бугун қайта тикланиб, ўзининг иккинчи умрини бошлаган Самарқанд қоғози азалий ва абадий вазифасини бажаришда давом этмоқда. Модомики, китоб барча даврларда ҳам одамларнинг беғараз дўсти, сирдош ўртоғи, доноликда тенги йўқ ошноси бўлиб қолаверар экан, бу қоғозларга битилган бугунги кунимиз ҳақиқатлари келажак авлодларга эсон-омон етажак.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).