Абдулла Қаҳҳор. Арманистонда ўзбек адабиёти ҳафталиги (1963)

Биз бугун Арманистонда ўзбек адабиёти ҳафталигини якунлаётибмиз. Ҳафталикнинг сиёсий ва маданий аҳамияти таърифдан ташқаридир. Буни шундан ҳам билса бўлади: бизнинг адабий жамоатчилигимиз, сизларнинг адабий жамоатчиликларинг ҳафталикка ойлаб эмас, йиллаб тайёрлик кўришди; бизда ҳам, сизларда ҳам партия ва ҳукумат бу маданият байрамига бутун халқ иши деб қарашди.
Қардош республикаларда ўтказиладиган адабий ўнкунликлар икки адабиёт бир-бирини ўрганиши, бир-бирини овоза қилиши, бир-бирининг ҳолидан хабар олиши, бир-биридан ўрганиши ва бир-бирига ёрдам бериши демакдир.
Шу нуқтаи назардан қаралганда, ҳафталик гарчи бугун якунланаётган бўлса ҳам, ҳақиқатда энди бошланди дейиш керак. Шунинг учун адабий ҳафталик икки адабиёт, икки халқ орасидаги дўстлик риштасини мустаҳкамлаб давом эта беради.
Бу маданият байрамининг яна бир муҳим томони шундаки, бир республиканинг кўпгина ёзувчилари бошқа республика ҳаётининг нафасини бевосита туяди. Бунинг ўрнини ҳеч нарса, ҳатто адабиётнинг ўзи ҳам босолмайди.
Кўпчилигимиз сизларнинг республикаларингга биринчи марта келишимиз. Ҳайфки, кўпчилигимиз бу ажойиб мамлакатга илгарироқ келиш, унинг мўъжизакор халқини кўришдек қувонч ва хурсандликдан узоқ замон ўзимизни маҳрум қилиб келган эканмиз.
Дўстларимиз бизга республика, унинг жўш уриб турган ҳаётини, ақлимизга озиқ, қалбимизга қувонч бағишлайдиган ҳамма нарсани кўриш имкониятини беришди. Биз бутун республикани кездик, унинг табиатини, ўз юртини обод қилаётган одамларини, аломат осори атиқасини кўрдик.
Арманистоннинг табиати тўғрисида нима дейиш мумкин? Бутун дунё динлари ваъда қиладиган афсонавий жаннат агар осмонда бўлса, фақат Арманистоннинг устида, агар ер остида бўлса, фақат Арманистоннинг остида бўлиши мумкин, агар ер юзида бўлса, шўро Арманистонининг ўзидир.
Биз сизлар бино қилаётган шаҳарларни кўрдик. Бу шаҳарларда киши қувониб ишлайди, қувнаб яшайди. Бу шаҳарлар бепоён Ватанимизнинг бир гўшаси бўлган Арманистоннинг эртанги куни ҳақига тош қасидаларидир.
Сизлар ҳамма ишни ҳам қойил қилар экансизлар. Сизлар ёзувчиликка ҳам, деҳқончиликка ҳам, иморат солишга ҳам, ашула айтишга ҳам, рақсга ҳам, меҳмон кутишга ҳам, қадаҳ кўтаришга ҳам уста экансизлар.
Бунга сабаб шуки, ҳамма ишни арманнинг қўли, арманнинг дили билан қиласизлар. Арманнинг қўли билан қалби ҳамма нарсани гуллатади, яшнатади. Баъзан назаримда гўзал Арарат ҳам арманнинг қўлию қалби билан бино бўлганга ўхшаб кетади.
Арарат тўғрисида.
Араратни биринчи марта кўрганимда Ҳиндистоннинг тош саройлари, Ажантадаги тош Будда эсимга тушди.
Бу тош саройлардан бирининг тўридаги қоронғи ҳужрада Будданинг тош ҳайкали бор. Бу ҳайкалга чироқни ўнг томондан тутсангиз Будда табассум қилгандай, чап томондан тутсангиз йиғлагандай кўринади. Шундай қилиб, қоронғи ҳужрадаги тош Будда бир бети билан кулгандай, бир бети билан йиғлагандай туюлади. Арарат тўғрисида ҳам шуни айтгим келади: бу тоғ бир бети билан қувониб жилмаяди, бир бети билан қон йиғлайди.
Унинг жилмайганига сабаб жонажон Арманистон тепасида турганлиги, йиғлаганига сабаб мусофиратда эканлигидир.
Мен Араратнинг иккала бети билан жилмайишини жон-дилим билан тилар эдим.
Мавзудан чиқиб кетдим, лекин нима ҳақида гапираётганимни унутганим йўқ: арман қалби, арман муҳаббати тўғрисида гапираётган эдим.
Арманча муҳаббат деганда музда қизил гул битади, тош мева солади. Бундай муҳаббатдан момақалдироқ мусиқага айланади, чақмоқ абадий зиё беради.
Мен ўз юртимга бир оз арман муҳаббатидан олиб кетаётибман. Мен ўз республикамни севаман, ўзбекча севаман, лекин эндиликда арманнинг ўз она юртига муҳаббатини кўрганимдан кейин юртимни арманчасига ҳам севгим келиб қолди.

1963 йил