Владимир Жонибеков: “Инсон чексизликда ўзи учун гўзал гўшалар топа олади” (1988)

http://ziyouz.com/images/uz/jonibekov2.jpgКосмос инсон томонидан забт этилганига салкам 30 йил бўлди. Шундан бери у тараққиёт ва инсоният равнақи учун хизмат қилмоқда. Ҳаётдаги янги буюк ўзгаришларга замин тайёрланмоқда. Космонавт-учувчи, икки марта Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Ўзбекистон ССР Олий Советининг депутати Владимир Жонибеков билан суҳбат ҳам ана шулар хусусида борди.

Алло, бу Звёздний шаҳарчасими? Владимир Александрович хонадоними?

— Ҳа, эшитаман.

Саломалайкум. Мен Тошкентдан, республика комсомол-ёшларининг «Ёшлик» журналидан безовта қиляпман. Сизни байрамингизКосмонавтлар куни билан табриклайман. Бундан ташқари, журналнинг фахрий редколлегия аъзоси этиб сайланаётганлигингизни айтиб қўймоқчи эдим.

— Раҳмат! Мен бу журнални ва унда эълон қилинадиган тасвирий санъат асарларини Тошкентда бўлганимда, ҳайкалтарош дўстим Яков Шапиронинг уйида кузатиб бораман. Дарвоқе, ўзимнинг асарларимдан бериш ниятим бор. Лекин редколлегия аъзоси сифатида бирор фойдам тегармикан?

Тегади. Биз сизни «аёвсиз ишлатиш» йўлларини ўйлаб қўйганмиз. Хўш, энди ишни бошласак. Йўл-йўлакай бир-икки савол бермоқчиман.

— Марҳамат.

Назаримизда, қайта қуришнинг илк асоси самодан бошланган эди. Айтинг-чи, қайта қуришнинг самодан заминга тушиши қийинлашиб, чўзилиб кетмадими?

— Саволингиз тўғри. Лекин мен вазиятни бошқачароқ баҳолашни истардим. Қайта қуриш, сиз айтгандек, аввал самода эмас, заминдан бошланган. 60-йилларни эсланг. Ўшанда шахсга сиғиниш иллатларини бартараф этганимиздан кейин биз кўп соҳаларда ниҳоятда юксалиб кетгандик. Бу юксалишимиз 1961 йилнинг 12 апрелида космосни забт этишимиз билан якунланганди. Шундан сўнг, фикрингиз тўғри, биз заминда эмас, самода кўпроқ ишлар қилдик. Само ҳақидаги илм-фаннинг қотиб қолган қатламларини қайта қурдик. Заминдаги ишларимиз эса турғунлашиб қола бошлади. Аммо биз эндиликда бошқа бир нарсани англаб етдик: космосни тадқиқ этиш Ерни тадқиқ этишдан — инсонни, жамиятимизни мукаммал билишдан бошланиши керак экан. Шунинг учун космос инсон хизматига қайтди, қайта қуриш заминда ҳам бошланди. Эндиликда гап қайта қуришнинг жамиятимизда эрта ё кеч бошланганида эмас, унинг бизга берадиган ҳосилидадир.

Ёшларга қандай истакларингиз бор?

— Ҳар бир авлод ҳам тафаккурда, ҳам амалда тараққиётга, тинчликка, халқларнинг бахт-саодатига хизмат қиладиган буюк инқилоб ясаши керак. Бундан бебаҳра қолган авлод бахтсиздир. Ўзбекистон ёшларига эса юртимизни севинг — табиати, ери, суви, денгизи ва халқнинг маънавий бойлигини асранг, дегим келади!

Космонавтика соҳасида ўзбек йигитларидан шогирдларингиз борми?

— Ўзбек халқи азалдан самога интилиб яшаган. Беруний, Улуғбек, Али Қушчи… Бу халқ тенгсиз астрономия мактабларини яратган. Эндиликда бундай халқнинг насллари космоснинг тадқиқотчиларидир. Шогирдлар масаласига келганда, бу ҳозирча сир…

Биз ҳозир XX аср охиридаилм-фан ғоят юксалган даврда яшаяпмиз. Лекин инсониятни минглаб йиллардан бери ўйлантириб келган кўплаб жумбоқларга ҳамон жавоб топилгани йўқ…

— Ҳа, инсониятни табиатнинг бирламчи ҳодисалари, унинг пайдо бўлиш жараёнлари ҳамиша қизиқтириб келган. Бу бежиз эмас. Агар биз ибтидоий саволларга жавоб топа олганимизда эди, тараққиётимиз балким ҳозиргидан ҳам юксакроқ бўлармиди. Афсуски, ҳамон биз ўзак саволларга жавоб ахтариш йўлидамиз. Айтиш мумкинки, космонавтика бизнинг бу йўлдаги изланишларимизни тезлаштириб юборди. Хўш, космос тадқиқ этилгунча оламнинг пайдо бўлиши тўғрисида қандай илмий асослар бор эди? Айтарли ҳеч қандай. Фақат илмий фаразларга, фантастик қарашларга эга эдик. Энди эса самодаги ҳаракатларни, юлдузлар эволюцияси, аниқроғи, ҳар хил портлашларни кузатиб туриб, янги илмий далиллар пайдо бўлди.

Ердан бошқа сайёраларда тирик организмлар, мавжудотлар борлигига ишонасизми?

— Космонавтика ҳали илк тараққиёт босқичида. Бизнинг ҳозирги аҳволимиз ўз уйининг остонасига чиқиб атрофга назар ташлаётган одамнинг ҳолатини эслатади. Тадқиқотларимиз объекти ҳозирча асосан заминнинг ўзини кузатиш ва унга яқин бўлган сайёраларга назар ташлашдан иборат бўлмоқда. Ҳали галактикамизнинг ўзида ўрганилмаган анча сайёралар бор. Ундан бошқа яна қанча галактикалар мавжуд. Эҳтимол, Қуёш системаси сингари системалар ҳам бордир. Албатта, чексизлик қўйнида ҳаёт мавжуд. Унга ҳар қадамда дуч келамиз. Ахир бутун коинот ҳаракатда экан, демак, у яшаяпти. Тўғри, бошқа сайёралардаги ҳаёт Ердаги ҳаётга ўхшамаслиги мумкин, бироқ у қандай формада бўлмасин мавжуд. Тирик организмлар, мавжудотларга келсак, бу ҳали тадқиқ қилинмаган, ўрганилмаган. Лекин галактикаларда ҳаёт бор экан, уларда ўзига хос тарзда яшайдиган тирик организмлар, мавжудотлар ҳам бор, деб фараз қилиш мумкин. Бироқ, биз ҳозирча бошқа галактикалардаги ҳаёт ва организмлардан кўра, ўз заминимиз ҳақида, унинг тарихи, тараққиёти, келажаги хусусида кўпроқ ўйлашимиз керак.

Ҳаёт абадий курашлардан иборат. Бугунги кунда тараққиётда нималарга эришган бўлсак, у қарама-қаршиликлар асосида дунёга келган. Лекин бу инсониятга арзонга тушмаган. Зеро, фан ва дин ўртасидаги курашнинг ўзи неча минг йилларни қамраб олади. Космонавтиканинг тараққиёти бу курашга қандай таъсир кўрсатди?

— Космик тадқиқотлар фақат илм-фан тараққиётини юксалтирибгина колмасдан, инсон дунёқарашини шакллантиришга ҳам ҳисса қўшди. Эндиликда дунёни тушунтиришда шундай маррага етдикки, ҳатто дин вакиллари ҳам эскича тарзда фикр юритолмай қолди. Диндорлар фан-техника ютуқларини ҳам худонинг илтифоти сифатида баҳоламоқдалар… Шу ўринда Ўрта асрнинг буюк алломаси Улуғбек тақдирини эслайман. Само сирларини ўрганган алломанинг ҳаёти, гарчи у шоҳ бўлишига қарамай дин тазйиқи остида фожиали тугаганлиги тарихдан аён. Олам ва само сирларини ўрганмоқчи бўлган Коперник, Ж. Бруно, Кибальчич ва бошқаларнинг қисмати ҳам аянчли якунланишида дин асосий роль ўйнаганлиги сир эмас. Дунёда биринчи космонавт-учувчимиз Юрий Гагарин: «Бизлар ўз меҳнатимиз, фантазиямиз ва орзуларимиз билан юксак даражага етдик», деб ёзганида юз карра ҳақ эди.

Мана, Гагарин ҳақида эсладингиз. Унинг космосга парвози ҳақидаги хабарни қандай кутиб олгансиз? У билан учрашганмисиз?

— Ёшликда одам нималарни орзу қилмайди, дейсиз. Геолог, астроном, рассом, учувчи, шофёр… Тошкентдаги Суворовчилар ҳарбий мактабига кирганимда ҳам ҳали келажакда қандай касб эгаси бўлишимни аниқлаб олганим йўқ эди. Кейин бирдан Гагариннинг космосга парвози ҳақидаги хабар оламга таралди. Космос, юлдузлар ҳақида ҳар хил фаразлар айтила бошлади. Шундан сўнг ё астроном, ё учувчи бўламан деган қатъий қарорга келдим. Лекин тақдир тақозоси шундай бўлдики, Москва Давлат университетининг астрономия факультетига имтиҳон топшириб, Ленинград Давлат университетинннг физика факультети студенти бўлиб қолганман. Учинчи курсгача ўқидим. Барибир кўнглим тўлмади, кейин университетдан ҳужжатларимни олиб, авиация билим юртига топширдим. Юрий Гагаринни икки-уч марта яқиндан кўрганман, лекин юзма-юз учрашмаганман. Космонавтлар отрядига Гагариннинг вафотидан икки йил кейин, 1970 йилда келиб қўшилганман. Космосга илк парвоз… Унинг тараққиётимиздаги ўрнини ўзим космонавт-учувчи бўлганимдан кейин чуқурроқ англай бошладим. Кўз олдингизга келтиринг: инсон хаёлдаги олам томон қадам қўймоқда. У бу хаёлий оламни реалликка айлантиради. Ҳаётнинг абадийлиги ва чексизлигини яна бир карра кашф этади. Инсон қудрати, ижодий яратувчилиги олдида беқиёс кенгликлар очилади. Лекин Ғарбдаги мухолифларимиз космонавтика соҳасидаги бу муваффақиятларнинг қимматини пасайтириб кўрсатишга уриниб, эндиликда Гагариннинг илк парвози атрофида ҳар хил уйдирмалар тўқиётганлари ҳам сир эмас. Улар гўё 12 апрелгача ҳам Совет Иттифоқида космосга учишлар бўлган, бироқ бу парвозлар муваффақиятсиз якунлангани сабабли эълон қилинмаган, кўп космонавтлар ҳалок бўлган, Ю. Гагарин эса улар шуҳратини ўзиники қилиб олган, деган бўҳтонлар тарқатмоқдалар. Бу билан улар мамлакатимиз фан-техника тараққиётини, сиёсий-маънавий жиҳатдан эришган ғалабамизни ҳам рад қилмоқчи бўладилар. Афсуски, ҳақиқатни сохталаштириб бўлмайди. Чунки 12 апрелда инсон космос эрасига қадам қўйгани буюк ҳақиқат эди.

Гагарин парвозидан кейин: «Планетамиз қандай гўзал, бу гўзалликни абадият учун сақлашимиз керак!» деб ёзган эди. Бу ҳақда Сиз қандай фикрдасиз?

— Тасаввур қилинг: зим-зиё тун қўйнидасиз. Атрофингизда ваҳимали шарпалар. Йўл тополмай қийналяпсиз. Ана шунда қаердадир йилт этган шуълани кўриб қоласиз. Шу заҳоти ўша томонга йўл олишингиз табиий. Чексиз само қўйнидаги инсон учун ҳам она сайёра шуъла сочиб турган қадрдон уйдай кўзга ташланади. Демак, ўз уйимизни абадиятга асрашимиз керак-да!..

Космосдан туриб республикамизни кузатганмисиз?

— Албатта, Ўзбекистонни космосдан туриб топишда менга икки нарса белги бўлади. Биринчиси — Орол денгизи. Бу денгиз мамлакатимиз ички кўл ва сув ҳавзалари орасида кўм-кўклиги билан ажралиб туради. Иккинчиси Чорвоқ ГЭСи. Бу ГЭС беш қирралик юлдуз шаклида узоқлардан кўзга ташланади. Шундан кейин мен бу юлдуз атрофидан Тошкентни излай бошлайман…

Лекин кейинги йилларда космосдан олинаётган суратларда Оролнинг тобора кичрайиб, уни қум тўзони босиб бораётганини кузатиш мумкин. Бу унинг тақдири, Ўрта Осиё региони тақдири ҳақида жиддий ўйлашимиз зарурлигини кўрсатади.

Космос шу пайтгача бадиий ижодда фантастик тарзда тасвирланарди. Эндиликда у бадиий асарларда ҳам, тасвирий санъатда ҳам ҳаёт ҳақиқатига айланмоқда. Бундан кейин бадиий ижодда космос қай тариқа очиб берилишини истардингиз?

— Ҳа, космос мавзуи адабиётимизга тобора чуқурроқ кириб келмоқда. Бундай асарларнинг авторлари ҳозирча космонавтларнинг ўзларидан иборат бўлмоқда. Бу табиий. Ахир космосни кўрмасдан туриб, уни ҳаққоний акс эттириб бўлармиди? Ю. Гагариннинг «Космосга йўл», Г. Шониннинг «Энг биринчилар», Г. Титовнинг «Парвоз», А. Николаев, Б. Биковский, Г. Береговой, А. Елисеев, В. Севостьянов, К. Феоктистов ва бошқа шу сингари космонавтларнинг асарларида космоснинг турли қирралари аксини топган. Шунингдек, тасвирий санъат соҳасида А. Леоновнинг, П. Поповичнинг, В. Волковнинг шу мавзуга бағишланган картиналарини таъкидлаб ўтишни истардим. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, уларнинг бадиий публицистик асарлари китобхонлару томошабинларга космик фазолар ҳақида етарлича тасаввур бера олади. Кўпинча мендан «Космосда ҳам расмлар чизганмисиз?» деб сўрашади. Йўқ, космос суратлар чизадиган жой эмас. У ерда бошқа ишлар ҳам кўп. Лекин мен ҳамиша бир қизиқ жараённи бошимдан кечираман. Мўйқаламни қўлимга олишим билан Тошкентга кетгим келаверади. Чунки бошқа жойларда бу ердагидек илҳом билан ишлай олмайман. Космосга парвоз — бу чексизлик сари йўл. Биз чорак асрдан ошиқ муддат давомида бу йўлнинг миллиондан бир улушинигина босиб ўта олдик, дейиш мумкин. Демак, ҳали олдинда чексиз-чегарасиз бўшлиқ, коинот ётибди. Бу бўшлиқни нафақат космонавтлар, балки ижодкорлар ҳам ўз бадиий асарлари билан тадқиқ этишлари керак. Мен буни конкрет маънода айтяпман. Биласизми, самонинг, космоснинг илк тадқиқотчилари кимлар? Ижодкорлар! Ахир «Икар» ҳақидаги, «Бобил минораси» ҳақидаги афсоналарни, «Учар гилам» тўғрисидаги эртакларни эслаб кўринг. Улар самога юксалгиси келган инсонларнинг орзулари эмасми? Уларни яратган ижодкорлар айни пайтда самони тадқиқ қилишга ҳам уринмаганларми? Ёки 1961 йилгача, космосга илк парвозгача яратилган илмий ва фантастик асарларни эсланг. Олимларнинг само ҳақидаги буюк кашфиётлари учун ана шу асарлар, улардаги илмий фаразлар ҳам сабаб бўлмадими? Албатта, агар шундай асарлар яратилмаганида эди, бизнинг космос ҳақидаги фикрларимиз ҳозиргача ғариб бўлиб қолган бўларди. Демак, ижодкорларимиз келажакда ҳам ўз асарлари билан коинотнинг сирли жумбоқларини очишда олимларга туртки бераверадилар, уларни илмий ва фантастик фаразлари билан илҳомлантираверадилар. Космоснинг ижодкорлар томонидан тадқиқ этилиши деганда ана шуларни назарда тутаман.

Сиз космосга беш марта — 1978-, 1981-, 1982-, 1984-, 1985-, йилларда парвоз қилгансиз. Шулар ичида Сиз учун қийин ва мураккаб кечгани қайси бири бўлди?

— Энг охиргиси. Биз В. Савиних билан ўша учишимизда «Салют —7» станцияси билан бошқарув маркази ўртасида узилиб қолган алоқани тиклашимиз зарур эди. Шунинг учун станция билан космик кемамизни туташтириш осон бўлмади. 30 мартадан зиёд уринишимизга тўғри келди. Бу эса Ер атрофини 30 марта қайта айланиб чиқиш демакдир. Станцияда узоқ вақт кузатиш ишлари олиб бордик. Унинг ичига кирганимизда ёнғин бўлганини кўрдик. Гарчи, вазнсизлик ҳолатида ёнғин катта талофат бермаса-да, куйиб кетган деталларни алмаштириш осон бўлмади. Ишдан чиққан қуёш батареяларининг ўрнига янгиларини қўйиш оғир кечди. Бунинг учун беш соатдан ортиқ очиқ космосда ишлашга тўғри келди. Ўшанда биз қийинчиликлар билан станцияни Ер билан боғлашга муваффақ бўлган эдик. Бундай операция космонавтикамиз тарихида биринчи марта амалга оширилди. Ҳозирги пайтда «Салют-7« станцияси нормал ишлаб турибди ва космосни тадқиқ этиш учун космонавтларни қабул қилишга тайёр. Бу станция келажакда космонавтлар учун само қўйнидаги меҳмонхона бўлиб қолса ажаб эмас…

Бош конструктор С. П.Королёв Ю. Гагарин билан суҳбатларидан бирида ҳазил аралаш: «Эҳтимол яна беш йилдан кейин одамлар космосга профсоюз йўлланмалари билан учишадиган бўлишар», деб айтган эди. Агар бу масалага жиддийроқ туриб ёндашсак-чи? Келажакда шундай бўлишига ишонасизми?

— Шак-шубҳасиз! Мамлакатимиз космонавтика тарихида жуда катта ютуқларга эришмоқда. Космосда узоқ яшаш, очиқ самода тадқиқот ишлари олиб бориш, Марс, Ой, Венерага космик кемаларнинг учирилиши шулар жумласидандир. У ерда ҳар хил ўсимликлар ўстириш устида тажрибалар ўтказилди. Буларнинг ҳаммаси яқин келажакда космосда ҳам инсоннинг яшаши, ишлаши, дам олиши учун барча имкониятлар яратиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Шу кунларда «Мир» орбитал комплексида иш олиб бораётган космонавтлар тажрибалари ҳам ана шу йўлдаги уринишлардир. Шубҳа йўқки, инсон чексизликда ўзи учун гўзал гўшалар топа олади. Фақат ўз кучига, буюк қудратига ишона олса бас!

Суҳбатни Камол Матёқубов олиб борди

“Ёшлик” журнали, 1988 йил, 4-сон