Шуҳрат: “Ҳақиқатни айтаман ва ёзаман деган одамгина ёзувчи деган шарафли номга лойиқ бўла олади” (1988)

http://ziyouz.com/images/uz/shuhrat2.jpgШуҳрат ака, редакциямизга келаётган кўп хатларда бир савол бор: «Шундай журъатли журнал бўлатуриб, нега тарихимиздаги оқ доғлар ҳақида ёзмаётирсизлар? Ахир «Огонёк» журнали, Москва матбуоти бераётир-ку? Биз илгари айтиш мумкин бўлмаган, ман этиб келинган тарихий ҳакиқатларни билгимиз келади», деб ёзишади. Тўғри, биз ҳам жим турганимиз йўқ. Домла Шайхзоданинг илгари чоп этдирилмаган «Жалолиддин Мангуберди» асарини, Чўлпоннинг туркум шеърларини, Абдулла Каҳҳорнинг эълон қилинмаган «Тил ҳақида нутқ»ини босдик. Аммо бу касалнинг — «давр руҳи»га мос келмаган, «ютуқларимизга соя ташлайдиган» асарларни рад этиш касалининг илдизлари ҳақида, бу яшовчан қатағоннинг зиёлиларимизга, адабиётимизга, қолаверса, жамиятимизга зарари ҳақида рўй-рост ёзганимизча йўқ. Сиз ҳақ сўзни айтиб ва ёзиб, катталарнинг бир эмас, икки бор «қаҳри»га учрагансиз, жабрини тортгансиз. Энг яхши асарларингиз учун ҳам тегишли мақтовларни эшитмагансиз. Танқидчилар асарларингизни ҳатто холисанилло мақташдан ҳам чўчирдилар. Номингиз рўйхатларнинг охирида саналар, ўзингиз бир чеккага «суриб» қўйилган эдингиз. Лекин мана, ҳақиқат бор экан, адабиётдаги хизматларингиз ниҳоят кечикиб бўлса-да, муносиб тақдирланди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси бўлдингиз. Рост сўзга ташна ўқувчиларимизга Сталин даври ҳақида, ўша даврга сиғмаган ва ноҳақ репрессия қилинган ўзбек адиблари ҳақида гапириб бера оласизми?

— Сталин даврининг оқ доғлари… Сизлар учун шундай: тарихнинг оқ, очиқ қолган саҳифалари. Лекин мен уларни яқин ўтмишимизнинг қора доғлари деган бўлардим. Чунки у қора кунлар ҳақида яқин-яқингача ҳам оғиз очиб бўлмас эди. Ўқувчилар ҳамон рост сўзга ташна экан, келинг, билганларимни бир бошдан сўйлай.

Мен ўттизинчи йилларда техникумда ўқирдим. Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари биз севиб ўқийдиган ва ҳеч қўлдан қўймайдиган китоблар эди. Яна у киши арабчадан ўгирган «Тамилла» ва «Қамар» деган романлар халқ орасида машҳур эди. Ана шу йиллари партиянинг адабиёт ва санъат ҳақидаги қарори чиқиб, илгари адабиётдан четлаштириб қўйилган ёзувчилар яна совет адабиёти атрофига жипслашишга чақирилди. Бизда ҳам бундай ёзувчилар талайгина эди. Ўз асарлари билан халққа яхши танилган Абдулла Қодирий, Фитрат, Боту, Алавийларгина эмас, инқилоб арафасида ижодини бошлаган Хислат, Тавалло, Мискин каби шоирлар ҳам четга суриб қўйилган эди. Бу қарордан кейин Қодирий бошлиқ бир гуруҳ ёзувчилар катта даврага қайтдилар. Уларнинг асарлари ҳам қайта нашр қилина бошлади. «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён» қора муқовада лотин имлосида нашр этилди. Гўё адабиётга янги шабада кириб келгандек шодлик бўлди.

Худди шу пайтда матбуотда Сотти Ҳусайиннинг «Ўтган кунлар» ҳақидаги танқидий мақолалари босилиб, анча шов-шувларга сабаб бўлди. Лекин кўп китобхонлар мақола авторининг фикрига қўшилмасдан мийиқларида кулиб қўяқолишарди. Кейинчалик бу мақолалар алоҳида китоб қилиб чиқарилган бўлса-да, адабиётшуносликда шуҳрат топмади. Негаки у «Ўтган кунлар»нинг реалистик таҳлили эмасди.

Ўзбек романчилигини бошлаб берган Абдулла Қодирий бу вақтда замонавий мавзудаги янги асари — «Обид кетмон» устида ишлар, Чўлпон Москвада таржимачилик қилаётгани ҳақида хабарлар келиб турарди. Фитрат асар ёзмай қўйди. Фақат «Қиёмат» қиссаси эълон қилинди. У ўзини ўқитувчиликка урди.

Кўп ўтмай Чўлпон ҳам Москвадан қайтиб, «Соз» номли шеърлар тўпламини эълон қилди. «Соз» китоби Чўлпоннинг совет позициясига қайтишининг белгиси ва гувоҳномаси эди. Шоирни аввалдан яхши билган ўқувчилар китобга дув ёпишдилар. Бу шеърлар мавзусининг актуаллиги ва замонавийлиги билан ажралиб турса-да, аммо уларда Чўлпоннинг аввалги маҳорати кўринмасди. Шунга қарамай матбуотда Чўлпон ижодини «уриш» давом этарди. Масалан, Ҳ. Ёқубов бу китобга бағишланган мақоласида Чўлпоннинг:

Бир неча йил қантаргач,
Яна олдим созимни.
Энди айтиб йиғламас,
Кўнглимдаги розимни…

каби сатрлари ҳақида узоқ тўхталиб, шоир совет позициясига қайтганига шубҳа билдирди. Лекин улар бошқа бир адабий фактни — Чўлпон улуғ пролетар ёзувчиси Горькийнинг «Она» романи ва Шекспирнинг шоҳ асари «Гамлет»ни ўзбек тилига юксак маҳорат билан таржима қилганини инобатга олишни ўйламас эдилар.

Мана шу даврга келиб, шахсга сиғинишнинг мудҳиш гулхани ёна бошлади. Энг яхши ёзувчи ва зиёлилар шубҳа остига олиниб, бирин-кетин қамалдилар. Аввал Боту билан Олтой «олиб кетилган» бўлса, кейин «ўтмишни соғиниб» ёзган эски шеърлари учун Чўлпон ҳам қамалди. Абдулла Қодирийнинг асарларини ўқиш тақиқлаб қўйилди. Ўзига эса, ёзиш ман этилди. Бу ёзувчиларнинг асарларини яшириб ўқиган кишилар ҳам алоҳида назорат остига олинар эди.

Кечагидек эсимда: худди шу алғов-далғовли даврда Усмон Носир Самарқанддан Тошкентга келиб, Тарас Шевченко кўчасидаги меҳмонхонада бир муддат турган ва учрашганмиз. У мени «Меҳрим» китобининг корректурасини ўқишиб юборишга чақирган экан. Корректурани кўриб бўлгач, у менга «Нил ва Рим», «Исроил», «Шеъримга» ва «Тожихон» шеърларини ёддан ўқиб берди. Кейин биз кўчага чиқиб, дўкондан газета олдик-да, Шайхонтоҳурга қараб кетдик. Йўл-йўлакай адабиёт ҳақида гаплашиб борарканмиз, у Чўлпоннинг номини тилдан қўймас, шеърларини эса ёддан ўқир эди.

«Шундай катта шоир, тиниқ ўзбек тилида ажойиб шеърлар ёзган одам энди совет ёзувчилари платформасига ўтганда қамалса-я! — деди у ачиниб. — Бу нотўғри. У Горькийдек одамниг шоҳ асарини таржима қилишининг ўзи пролетар адабиётига садоқатини исбот қилади. Афсус, каттакон ёзувчи ва таржимондан бевақт ажралдик». Биз сотиб олган газетада бухаринчилар суди материаллари босилган экан. Усмон Носир уни ўқий туриб, бош чайқаб қўйди ва ҳеч тап тортмай ўз фикрини айтгани ёдимда: «Бундаги одамларнинг кўпи Ленин билан бирга ишлашган. Бухарин эса, партиянинг суюклиси ва назариётчиси эди. Ўзига лойиқ иш топилмай «Известия» газетасига муҳаррир этиб тайинланган эди. Бу ҳам узоқ насиб этмади унга. Сталиннинг қаҳри билан отиб ташланса керак. Афсус, Ленин билан ишлашган ноёб кишиларни Сталин битта-битта йўқотиб боряпти».

Усмон Носир ана шундай ўз фикрини айтишдан ҳайиқмайдиган ва қайтмайдиган шоир эди.

Аммо вазият жуда оғирлашиб борар эди. Ҳеч ким беш-ўн кишининг ичида ўз фикрини баралла айта олмас, айтиб қўйган куни эртасига олиб кетилар эди. Шунинг учун одамлар тўдалашиб юришмас, сиёсат ҳақида гаплашишмас, йиғинларга ҳам боришавермас эди. Борган тақдирда ҳам чекка-чеккадан юриб, бир-бирларини кўрсалар-да кўрмасликка олиб кетишар эди. Гўёки икки-уч киши бирга юрса гуруҳ бўлиб қоладигандек, ўзларини олиб қочардилар. Ҳатто битта шахмат тахтаси ёнига ўтириш ҳам «маслакдош»лик ҳисобланар эди. Ҳамма бир-бирига шубҳа билан қарар, ножўя гап гапириб қўйишдан хавфсираб турар эди. Чунки сотиб қўювчилар ҳам оз эмасди. Агар бир дўстингиз қамалиб қолса, билингки, сизнинг ҳам навбатингиз яқинлашибди. Қамалмасангиз, уни сиз қаматганга чиқар эдингиз. Одамлар қамалган кишининг қариндош-уруғларидан узоқроқ юришни, борди-келдини узиб туришни маслаҳат беришарди. Ҳатто қамалган одамнинг номини тилга олиш гуноҳ ҳисобланарди. Қамалган киши сувга отилган тошдек жим бўлиб кетар эди. Шубҳа, ишончсизлик, ҳадик ва қўрқув шу даражада қанот ёзган эдики, бу кўзинг у кўзингга ёв бўлиб кўринарди.

Бир куни муштумчи Ғози Юнуснинг янги шаҳардаги уйига борсам, Қўқондан Ашурали Зоҳирий келган экан. У биринчи ўзбекча-русча луғатнинг муаллифи эди. Шу муносабат билан бу ерга Наим Саид, Абдулла Қодирий, Элбек ва бошқалар тўпланишган экан. Суҳбат адабиёт ҳақида борди. Меҳмон эски адабиётни мақтаб келиб, ҳозирги ёзувчилардан Ойбек билан Абдулла Қаҳҳорни тилга олди-да, «келажакда барча умид шулардан» деди. Ғафур акани ўйинқароқ, беқунт одамлар қаторига киритиб қўйди. Мен Усмон Носирнинг шеърларини мақтаб гапирган эдим, Ашурали Зоҳирий қарши бир нарса демаса ҳам бошини қуйи эгиб қўйди. Кейин қамалганлар ҳақида гап кетиб, Ғози Юнус «дунёда халқ душманлари ҳам кўп экан» деб аския қилди. Уларнинг кайфиятидан ноўрин қамалиб ётганлар анчагина эканлиги аниқ эди. Бу пайтда келажагига катта умид билдирилган Ойбек ҳам адабиётдан четлаштирилган, ўзи таржимачилик билан машғул эди.

Ўша учрашувдан кўп ўтмай яна бир гуруҳ ёзувчилар қамоққа олинди. Улар орасида Абдулла Қодирий, Ғози Юнус, Ашурали Зоҳирийлар ҳам бор эди. Шундан кейин адабиётимиз жуда ҳувиллаб қолди. Биз бир-биримизга ғаниматлигимизни сезардиг-у, лекин эртага нима бўлишини билмасдик. Чунки юқоридаги қамалган ёзувчилар билан шахсан таниш ва дўст бўлган кишиларгина эмас, ҳатто уйидан Абдулла Қодирий ёки Чўлпоннинг китоблари чиққан одамлар ҳам жазосиз қолмас эди. Биз мана шундай қатағон замонда яшаб, ижод оламига кириб келганмиз, энди у кунлар қайтиб келмаслиги учун ҳам ошкоралик замонининг қадрига етмоқ керак.

—      Домла, ўзингиз ҳақингизда ҳеч нарса демадингиз...

—      Мен ўзим «Шарқ Юлдузи»да ишлаб, ижодни урушдан олдин бошлаган бўлсам-да, бориб-бориб шеърларим чиқмай қола бошлади. Бир куни Эски шаҳардаги ҳовлимизга Ёзувчилар союзидан комиссия келибди. Уйда ойим бешикдаги болага қараб ўтирган эканлар. Ўғилчани тўй қиласизларми, деб сўрашибди. Ойим, бўлмаса-чи, деб жавоб қайтарибдилар. Шу бир оғиз гап билан туриш-турмушимизни бир қур кўришгани етарли бўлиб, мени мажлисга солишди. «Отангиз савдогарлик қилган экан. Ўзингиз косибдан чиқмаган экансиз. Хотинингиз эскича, жиякли лозим билан, атлас кўйлак кийиб юрибди. Болангиз эса бешикда ётибди. Яқинда хатна қиларкансиз. Туриш-турмушингиз эскича. Бу нарса шеърларингизда ҳам акс этиб турибди», деб союздан ҳайдашди. Шундан кейин матбуотда умуман кўринмай қолдим. Мажбуран таржимага ўтдим. Кейин эса армия сафига чақирилиб, етти ой хизмат қилар-қилмас уруш бошланиб кетди. Қирқ тўртинчи йилнинг охирларигача жангда юрдим. Аввал взвод командири, сўнг батальон командири бўлиб, Польшага қадар уруш йўлларини босиб ўтдим. Ўша ерда қаттиқ контузияга учраб, госпиталга тушдим. Олти ойлик отпускага қайтган чоғимда уруш тугади.

Кейин педагогика институтида ўқитувчилик қила бошладим. Адабиётдан четроқ юриб, Союзга бормай қўйдим, у ердаги муҳит яхши эмас эди. Менга Чўлпон ва Абдулла Қодирийнинг думи деб қарашар эди. Ўша пайтда ёзган асарингга қараб  эмас, кимлигингга қараб, кимлар билан дўстлигингга қараб муомала қилишар, муносабат билдиришар эди. Менинг жангчи шоир эканлигим ҳам, Ватан учун қон тўкиб келганим ҳам инобатга ўтмади. «Ҳаёт чашмалари» деб аталган биринчи шеърлар тўпламим босмахонада қолиб кетди. Ўша вақтда Ёзувчилар союзида М. Шевердин, Н. Сафаров, З. Фатхуллин, Т. Собиров сингари бир гуруҳ кишиларнинг айтгани-айтган, дегани-деган эди. Шуларнинг гапи қонун бўлиб, ҳамма уларнинг оғзига қарар эди. 1947 йили не машаққатлар билан «Ҳаёт нафаси» шеърлар китобимни чиқардим. Уни ўқувчилар яхши кутиб олишди. Шундан илҳомланиб, урушда кўрган-кечирганларим асосида каттароқ бир китоб ёзишга журъат этдим. Ўша вақтда Абдулла Қаҳҳорнинг «Олтин юлдуз» қиссаси «Қизил Ўзбекистон» газетасида чиқа бошлади. Бу ҳам менга бир туртки бўлиб, «Шинелли йиллар» романимни ёзишга киришдим. Романнинг биринчи китобини тугатиб, русчага сўзма-сўз таржима қилдириб, нашриётга топширган жойимда қўлда қолиб кетди.

Бу вақтда Ёзувчилар союзига Ш. Рашидов раис бўлиб келди ва орадан ҳеч вақт ўтмай мен қамалиб кетдим. Менга «Усмон Носирнинг пропагандисти, Абдулла Қодирий билан Чўлпон китобларини ўқиган ва тарғиб қилган» деб айб қўйишди. Уйимдан гўё «Ўтган кунлар» романи чиққан эмиш.

Шундай қилиб, денг, беш йил умримиз шамолга учди. Сибиру Шимолий Қозоғистондаги қамоқхоналарда ўтириб келдик. Болалар ёзувчиси Маҳмуд Муродов ҳам мен билан бирга эди.

Сўзни санъат даражасига кўтара олган ҳақиқий адибларга, улкан сўз усталарига эргашиб, уларнинг ўлмас ва бетакрор ижоди, асарларига меҳр қўйганимиз, улар ҳақида ҳалол гапни айтганимиз учун бизни айблашган. Бу ноҳақлик экани ҳозир ёшу қари барчага аён. Лекин у пайтда, у шубҳаларга тўла биқиқлик замонида эркин фикрли кишиларга эргашиш оғир гуноҳ эди.

—      «Шинелли йилларининг тақдири қандай кечди?

—      Қамоқдан қайтгач, асарнинг ёзилган қисмини қидириб, бутун уйни тити-пит қилиб чиқдим. Ҳеч ерда йўқ. Нашриётга сўраб борсам, у ерда ҳам топиб бериша олмади. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб қайтаётсам, нашриётнинг Касабов деган бош бухгалтери бўларди, кўриб қолди. «Э, Шуҳрат, сенинг асаринг бизнинг ҳужжат папкаларда ётибди. Унинг сўзма-сўз таржимасига пул тўлаганда тикиб кўйганмиз» деди. Ўша пайтда «Ўздавнашр»нинг директори Файзулла Юнусов эди. Ялина-ялина зўрға қайтариб олдим. Ўзим беиш эдим. Уни ўқиб чиқиб, иккинчи китобини эмас, бир бутун роман ҳолида бошқатдан ёзишга қарор қилдим. Жуда қаттиқ ишлаб, Ўзбек адабиёти ва маданиятининг Москвадаги 1956 йилги декадасига ёзиб битирдим. Роман русчага таржима қилиниб, ёзувчи Иммануил Казакевичдан яхши тақриз олгач, Москвада дастлабки шартномага кўра 100 минг нусхада эмас, 500 минг нусхада босилди. Бир йилдан кейин эса қайта нашр этилди. Бу орада асарнинг ўзбек тилидагиси ҳам чиқиб, у Москвадаги декадада яхши баҳо олди.

Лекин кейин-кейин юқоридаги айрим ўртоқларнинг гапи, менга совуқ муносабатлари сабаб бўлиб, бу асар роман-хроникага чиқариб қўйилди. У ўша вақтда республикамизда бир сира кўкларга кўтариб мақталган ва ҳозир унутилган романларнинг соясида қолиб кетди. Наинки менинг асарим, бошқа кўпгина воқеа бўлишга арзийдиган асарлар ҳам у амалдор адибларнинг «ёзган»лари олдига туша олмади.

Албатта, бу ўринда Абдулла Қаҳҳорнинг «Синчалак» ва «Ўтмишдан эртаклар»и бундан мустасно.

—     Абдулла Қаҳҳорнинг сўнгги кунлари ва васияти ҳақида, кейинги рост сўзлар учун чеккан азиятларингиз тўғрисида гапириб берсангиз.

—     Абдулла аканинг сўнгги кунлари ҳақида аввал ёзганман. Уни журналхонлар «Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотирасида» китобидан ўқиб олишлари мумкин. Ҳозир эса ичимда қолиб кетган баъзи гапларни айтсам. Ўша хотирада ёзганимдек, 1967 йилнинг 22 майида мени чақиртириб, Абдулла Қаҳҳор йўқлатаётганини, зудлик билан Москвага учишимни айтишди.

«Ёлғиз Сизни чақиряпти, билет аэропортга тайинлаб қўйилган, — деди элчи бўлиб келган одам. — Сиз ҳамма гапни билиб келаркансиз. Шундай топшириқ бор…»

«Мен қамалган одамман», дедим топшириқ дегани ёқмай.

«Абдулла Қаҳҳор ёлғиз сизни сўраяпти-да», деди у бошқа гапга ўрин қолдирмай.

Кейин мен учиб кетдим. Москва аэропортига борибоқ телефон қилдим: хайрият, тинчлик экан. Сўнг СССР Медицина фанлар академиясининг В. А. Вишневский номидаги хирургия институтига етиб бориб, у киши даволанаётган иккинчи қаватга кўтарилдим. Мен палатага кириб борганимда домла каравотда чалқанча ётар, ранги-рўйи унча олинмаган, қарашлари аввалгидек тетик ва кузатувчан, лекин қовоқларининг салқиши, вазмин ҳаракати унинг оғир дард билан мардона олишиб келаётганини кўрсатиб турарди.

У мени кўриши билан юзига мамнун кулги югуриб, қўлининг учини дармонсизгина кўтарди. Мен унинг қўлини шошиб кафтимга оларканман:

«Бундоқ энгашинг, Тошкент нафасини олиб келгандирсиз», деди домла.

Биз бир соатдан мўлроқ гаплашиб қолдик. Мен «Шарқ Юлдузи»нинг 2-сонини олволган эдим. Унда Абдулла аканинг «Муҳаббат» повести билан бирга менинг «Жаннат қидирганлар» романим босилган эди. Абдулла ака ўқиган экан:

«Романни кўрдим. Ўзбекча ёзув муборак бўлсин. Сиз айниманг. Баъзиларга ўхшаб, пошшойимизнинг (у киши Рашидовнинг отини атамас, пошшойимиз дердилар) мақтовига учиб юрманг. У ўртамиёна ёзувчи. Мақтаб, ўзидан кейинга қўйиб қўяди. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Баъзи-бировларга ўхшаб ёлғондан мақтаб юрманг. Агар шу роман йўлидан борсангиз, охири яхши чиқади. Сизнинг романингиз ўзбекча ўйланган, — деди. Кейин ўзи ҳақида, чала қолаётган асарлари тўғрисида гапирди: —Мен реалист одамман. Ўлимдан қўрқмайман. Лозим топган нарсамни ёздим, айтишим керагини айтдим. Энди ҳамма ёзувчиларда бўлганидек, менда ҳам чала қоладигани бор. Бу табиий… Мен ўлгандан кейин Сарвар Азимов, Муҳаммад Ўрозбоев, Ёдгор Насриддиноваларга хабар беринг. Бошқаларга айтмасангиз ҳам майли. Энди боринг. Мамлакатдай шаҳарда адашиб юрмай, Ўзбекистон ваколатхонасининг ётоғига боринг. Жой тайёр».

Мендан кейин Константин Симонов кўргани келибди. Қолган гаплар ўқувчига аён. 25 майда домла оламдан ўтгач, ваколатхонага югурдим. Борсам, вакил «Энди душанба куни жавоб берамиз», дейди. Агар сиз жавоб бермасангиз, шу кеча Тошкентдан келиб пиёда олиб кетишади, дедим. У ноилож ўша — жума куниёқ Тошкентга қўнғироқ қила бошлади. Мен ҳам биринчи галда домла айтган одамларга хабар қилишга киришдим. Кейин ўша куни кечаси самолётда йўлга чиқдик. Келсак аэропортда фақат Носир Фозиловнинг ўзи юрибди. Марказий Комитетдан, самолёт бир соат кечикиб келади, дейишганмиш. Лекин тезда одамлар йиғилиб кетди. Ахир, Ўзбекистонда Абдулла Қаҳҳорни билмайдиган одам бормиди?

—      Бир шеърингизда «Бахт нима? Бошингга тушганида ҳам ғам, ҳақиқатга тик туриб яшай олсанг бас», дейсиз. Бу фикр ўша оғир йилларда туғилганми ё кейинроқми?

—      Ҳақиқатга тик туриб, рост сўзни айтиб яшашга интилганим сари мен ўзлигимни топа бордим. Ва у ҳаётим мазмунига айланди. Шеър бўлиб эса кейинроқ қоғозга тушди. Дарҳақиқат кимки, фалончи одил одам деган номга сазовор экан, у бахтлидир. Дунёга келиб бу номни ололмай кетганлар қанча, ахир!

—      Биз тарихимизни яхши билмаслигимиз, унда оқ доғлар кўплиги эски имлодаги адабиётга тишимиз ўтмаслигидан ҳам эмасми? Умуман, Сиз 1928 ва 1940 йилги ўзгаришларга, умумхалқ муҳокамасига қўйилмай туриб, бирданига бошқа имлога ўтилишига қандай қарайсиз? Уни тарихда қандай ҳодиса деб биласиз? Ахир, у ёғида неча асрлик маънавий бойлигимиз қолиб кетди-ку. Бунинг устига ўша вақтда жойларда минг-минглаб араб имлосидаги китоблар ёндириб-куйдирилгани, кўмиб йўқотилганини эсланг. Қандай ноҳақлик!..

—      Нимасини айтасиз. Одамлар эски китобларни қоплаб мозорга элтиб ташлаганларини кўрганмиз. Бу ҳам бўлса, ҳадик замони, қўрқувга асосланган Сталин салтанатининг касри, касофати эди. Одамлар ич-ичларига сингиб кетган қўрқув туфайли уйимиздан эски китоб чиқиб, бир балога гирифтор бўлиб юрмайлик деб шундай қилишган. Ахир чинданам бошингизга бир савдо тушиб, уйингиз тинтув қилинсаю араб имлосидаги китоб чиқиб қолса ҳам бир бало эди-да. У ҳазрат Навоийнинг асарими, бошқами — суриштириб ўтирилмасди. Душман китоби деб аталар эди.

Имло ҳам шошма-шошарлик билан ўзгартирилган деб ўйлайман. Ҳали бунга вақт етилмаган эди. Аввал обдан тайёргарлик кўриш, етарлича илмий кучларни, тилчиларни жалб қилиш лозим эди. Қабул қилинадиган имлонинг хусусиятларини синчиклаб ўрганиб чиқиш, ўзбек тили билан чоғиштириб кўриш зарур эди. Қолаверса, халқ муҳокамасига ташлаш, етти ўлчаб бир кесиш лозим эди. Оқибатда икки марта саводсиз бўлиб қолдик. Ёш авлоднинг эски китобларга тиши ўтмаганидан ҳозир арабчада битилган юзлаб дурдона қўлёзмалар архивда кўмилиб ётибди. Улар халққа етиб бормаяпти, унинг маънавий дунёси, хазинасига айланмаяпти. Бу ахир маданий тарихимиздаги кемтик эмасми? Менимча, ана шу кемтикни тўлдириш учун ҳам араб тили ва араб ёзувини биладиган мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш, алоҳида техникум ва ўқув юртлари очиш лозим.

—      Балки бундай етилган масалаларни гаплашиб олиш ва кенгашиб ҳал қилиш учун зиёлилар съездини чақириш лозимдир?

—      Айни пайти. Ошкоралик ва чинакам демократия даврида мустақил фикрли кишиларнинг сўзи, таклифига қулоқ солиш, уни инобатга олиш, ҳисоблашиш нечоғли аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтирмасам ҳам бўлади. Зиёлилар худди шундай ҳур фикрли кишилардир. Улар ҳозирнинг ўзидаёқ мамлакат келажаги, Ватан равнақи, эл фаровонлиги ва маънавий бирлигига алоқадор дадил фикрларни ўртага ташламоқдалар. Агар интеллигенциянинг иккинчи съезди чақирилгудек бўлса, унда маданий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга доир, ёш авлодга тарих ва адабиётни ўқитиш, тилни ўргатишга алоқадор, одамлар соғлиғини асраш ва атроф-муҳитни муҳофаза этиш билан боғлиқ жуда кўп масалалар хусусида атрофлича фикрлашиб олиш, мумкин бўлур эди. Гапдан амалий ишга кўчадиган вақт етди. Кўнгилларда неча вақтдан бери оғир тошдек ётган масалаларни айтадиган, ҳал қиладиган, куюнчак одамларнинг фикрига қулоқ соладиган пайт келди, ахир.

—      Адабиётга тўраларча раҳбарлик қилиш ва аралашишдек Сталин давридан қолган қусур, афсуски, ҳали ҳам барҳам топган эмас, баъзан-баъзан у ўзини кўрсатиб қўйяпти. Эсласангиз, бу нарса Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг машҳур XVI Пленумидан кейин ҳам бир муддат давом этиб келди. Бир гуруҳ истеъдодли ёшларнинг асарлари республика матбуотида ярим йилча бостирмай қўйилди. Журналларнинг корректураси алоҳида назардан ўтиб турди. Қанча асар ва мақолалар юқоридан таҳрир этилди. Лекин, хайриятки, жамиятимизда бошланган чинакам ошкоралик даври бунга йўл бермади, юқоридан аралашишлар тўхтатилди. Шу муносабат билан ёш ижодкорларга тилакларингизни билмоқчи эдик.

—      Сталин давридан қолган қусур деб тўғри айтдингиз. Ростгўй ва ҳақгўй ёзувчиларнинг асарларини минг чиғириқдан ўтказиш касали у ёки бу кўринишда кейинги йилларда ҳам давом этди. Адабиётнинг миссиясини тўғри тушунмайдиган баъзи раҳбарчалар неча йил истеъдодли ёшларнинг юрагини «қон қилиб» келдилар. Муҳаррирларга тазйиқ ўтказиб, уни бос, буни босма, манави муаллифинг нима демоқчи ўзи, нимани тарғиб қиляпти, деб ёшларнинг йўлига тўғаноқ солдилар. Ваҳоланки, улар чўчиб, эътироз билдирган ўша шеър ва асарлар ҳақиқий дард билан битилган, давр талабига тўла жавоб берадиган асарлар эди. Мен ёшлардан хурсанд бўлган жойим шундаки, улар сўниқиб қолмадилар, чекинмадилар. Балки биргалашиб курашдилар. Албатта, уларнинг ичида ўксиниб юрганлари, ижоддан ҳафсалалари сўниб, ёзишга қўллари бормай қолганлари ҳам бўлди. Шундай пайтда ҳеч тушкунликка тушмаслик керак. Адабиётга нима мақсадда кириб келганингизни, адабиёт ҳамиша курашдан иборат эканини, жангсиз ҳеч бир нарсага эришиб бўлмаслигини унутмаслик лозим. Адабиётга шиддат ва ишонч билан астойдил кирган, ҳақиқатни, ҳақиқатни ва фақат ҳақиқатни айтаман ва ёзаман деган одамгина ёзувчи деган шарафли номга лойиқ бўла олади. Шунинг учун ҳам вақтинча тўсиқлардан қўрқмаслик ва тисарилмаслик керак.

Суҳбатни Муроджон МАНСУРОВ ёзиб олди.

“Ёшлик” журнали, 1988 йил, 4-сон