Василий Верешчагин. 1868 йилда Самарқанд (рассом хотиралари)

I

Биз ҳаммамиз, яъни Самарқандни «забт этувчилар», генерал Кауфман[1] изидан бориб, амир саройига жойлашдик; ниҳоятда баланд ва кенг хоналардан иборат асосий бинони генерал, сарой атрофидаги уйларни[2] биз — қароргоҳ аъзолари эгалладик; менинг қадрдоним, генерал Головачевнинг[3] чекига эса амирнинг собиқ ҳарами тушдики, илгарилари ҳар қандай мард, жасур жангчининг ҳам бу ерга қадами етиши амри маҳол эди, табиийки, биз келгунча барча қушчалар қафаслардан бўшалиб, учиб кетишга улгуришганди.

Кўпчилик ўқувчилар В. Верешчагинни фақат рассом сифатида билишади. Дарвоқе, унинг мўйқаламидан чиққан катта-кичик расмлари саньат мухлислари орасида тилга тушган. У чизган Туркистон мавзуидаги турли маиший лавҳалар ҳамда жанг манзаралари тасвири шафқатсиз реализми билан ажралиб туради. Уларда ранг-баранг бўёқлар, шарқ халқлари ҳаёти, саньати, турмушига доир хилма-хил лавҳалар, нақшлар, безаклар, кошинлар жилоси анча тиниқ акс эттирилган. Айниқса, В. Верешчагиннинг «Темурланг дарвозаси» деб аталган расми ҳақида кўп ёзил-ган. Унда чиройли нақшлар билан зийнатланган улкан дарвоза олдида донг қотиб турган икки соқчи тасвирланган, уларнинг қўлида узун найза, жанговар кийимлари бошдан-оёқ зирҳга ўралган: қалқон, совут, бошларида дубулға… Расм шунчалик жонли чизилганки, тасаввуримизда ҳозир эшик очилади-ю, жаҳонга довруғи кетган буюк Темур ичкаридан чиқиб келадигандек туюлади…
Мен бу рассом ижоди билан ана шу сурат орқали илк бор танишган эдим. Янглишмасам, у бир пайтлар кичик бир мақола билан «Гулистон» ойномаси зарварақларида эълон қилинганди. Кейинчалик унинг кесилган калла уюмлари устида ғужғон ўйнаётган қора калхатлар тасвирланган «Уруш даҳшати» ҳамда кўкнорихонада кайф қилиб ўтирган нашавандлар қиёфаси чизилган асарларини кўрганман. Кейинги икки сурат нохуш кайфият уйғотади, айниқса, исқирт одамлар, рўдапо, жулдур кийимлар тасвирини кўрганда очиғини айтганда, жирканиш ҳисси пайдо бўлади.
Москвадаги мушҳур Третьяков суратгоҳида бўлганимда бу рассом қаламига мансуб «Ғолиблар базми» асарини кўриб, сесканиб кетган эдим. Унда Самарқанддаги Регистон майдони тасвирланган. Тун. Гулхан ловуллаб ёниб турибди. Турли кийимдаги олағовур одамлар тўдаси… Қатор қадаб қўййлган ходаларнинг учига… рус аскарларининг калласи санчиб қўйилган… Бу расмни кўрган ҳар қандай кишининг даҳшатга тушмай иложи йўқ. Унда ёвузлик, шафқатсизлик қаттиқ қораланган. Аммо расм замирида рус зобитининг бошқа пинҳоний ниятлари усталик билан зимдан ифодаланган. У Самарқанднинг чинакам хўжайинлари — ўзбекларни ёвуз, босқинчи, қонхўр одамлар сифатида гавдалантириб, уларга нисбатан европаликкларда қаттиқ қаҳр-ғазаб, нафрат уйғотмоқчи, «шарққа маданият элтаётган» рус аскарларининг аянч қисматини бўрттириб кўрсатиб, кўз ёши тўкмоқчи бўлган… Мен мана шу расмни кўргунимча, В. Верешчагинни чинакам реалист рассомлар қаторида санар эдим. Ногоҳ фикрим ўзгарди. У оддий тарафкаш, чор Россиясининг бошқа халқларни босиш, қул қилиш, талаш сиёсатини маддоҳлик билан куйлаган, унга садоқат билан хизмат қилган сотқин ижодкорлардан бири сифатида кўз ўнгимда намоён бўлди. Аждодларимиз қиёфасини исқирт: рўдапо қилиб тасвирлашга зўр бергани бежиз эмас экан унинг!
Рассомйинг «Живая старина» ойномасида (1888 йил, сентябрь) босилган хотиралари ҳам бу фикримизни тўла исботлаб беради. Аслини олганда, бу асар Самарқанд қалъасида қисқа муддат қамалда қолган босқинчи аскарларнинг «мардлиги», «жасорат»инни улуғлаш учун ёзилган. Бу жанг-жадалда шахсан иштироқ этган ва қўлига қалам эмас, қурол ушлаб, ўз она юртини ёвдан ҳимоя қилиш учун отланган аждодларимиздан қанчадан-қанчасини ер тишлатган рассом ўзи кўрган, гувоҳ бўлган воқеаларни, қирғин ва қатли ом манзараларини батафсил тасвирлайди. Тарихнинг тақозосини қарангки, В. Верешчагин ўзи хоҳламаган ва асло кутмаган ҳолда чоризмнинг босқинчилик сиёсатини бевосита амалга оширган қонхўр рус зобитлари башарасини фош қилиб қўяди. Қонли қилмишларини, талончилик, зўравонлик, ўғрилик, муттаҳамликдан иборат ёвуз кирдикорларини фош этади.
Асарда бир қанча рус зобитлари тасвирланган. Булар орасида Туркистон ўлкасининг биринчи генерал-губернатори, рус армиясининг бош қўмондони генерал фон Кауфманга бағишланган саҳифалар алоҳида ажралиб туради. Кейинчапик халқимиз орасида «қутурган йўлбарс» лақаби билан ном чиқарган бу «ярим пошшо» мураккаб қиёфага эга. Самарқанд шаҳри деярли қаршиликсиз таслим бўлган пайтда у «олижаноблиги», «саховати»ни кўрсатиш учун талончиликка йўл қўймайди. Бу билан яхши ном қозониб, чор Россияси ҳукумати мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда халқни осонликча тобе этишни мўлжаллайди. Чор қўшинларига қарши исён кўтарилгандан кейин эса Кауфманнинг сохта ниқоби тушиб, манфур башараси яққол кўринади. Самарқанддаги тинч аҳолини аёвсиз қиришга, мол-дунёсини талаб, шаҳарни вайрон қилишга буйруқ беради. Айниқса, асар хотимасида бу генералнинг шафқатсизлиги, ёвузлиги таъсирли манзараларда чизилган.
Хотираларда полковник Назаровнинг қилмишлари тасвири учун анча кенг ўрин берилган. Уччига чиққан маишатбоз, ароқхўр бу зобит бегуноҳ кишиларни қириш, кўҳна мачитларни, буюк обидаларни ёндириб, ер билан яксон қилиш учун катта «жонбозлик» кўрсатади.
Ўзига бино қўйган бу маккор зобит ўлжага олинган байроқни аскарларга пайтава қилиб улашади. «Самарқандни ёндирувчиси» бўлиб «тарихга кириш», «ном қозонишпдек манфурликдан ўзини тиёлмайди у. В. Верешчагин бу манзараларни «холис» тасвирлайди: «қаердан ўтган бўлсак, орқамиздан қора тутун бурқсиб кўтариларди», — деб очиқчасига ёзади.
Босқинчилар ўлкамизни қилич ва тўп билан, зўравонлик билан забт этганини бугунги кунда тилга кирган турли-туман ҳужжатлар, далиллар исботлаб бермоқда. В. Верешчагин асарида тасвирланган ўликларни топтаб, янчиб ўтаётгган, мурданинг кўзига найза санчаётган, кекса кампир билан навжувон ўсмирни аямай қиличдан ўтказаётган, бегуноҳ муллани миноранинг учидан улоқтириб юборгани ҳақида мақтанаётган, буюк обидаларга ўт қўяётган бағритош аскарлар ҳақли равишда ўқувчи нафратига учрайди. Бу саҳифалар чоризм босқини ҳақидаги тасаввурларимизга аниқлик киритади, фикримиз уфқларини кенгайтириб, тарих ҳақиқатини қайтадан тирилтиради.
Чор армиясининг садоқатли зобити бўлган В. Верешчагин Самарқанд шаҳридаги «мардлиги ва жасурлиги учун» ўз замонасидаги энг олий мукофотлардан бири «Георгий крести» нишони билан тақдирланган.
Афсуски, истеъдод ва инсонийлик ўртасида баъзан ўтиб бўлмас ғовлар, чуқур жарликлар мавжуд бўлар экан. В. Верешчагиннинг ҳаёт йўли ва ижоди бунинг энг яхши мисоли. Китобхон бу фикримизга янада ишонч ҳосил қилиши учун рассом хртираларининг давоми бўлмиш «1877 йилдаги Андрианаполь босқини» («Живая старина», 1888, М-сон) очеркидан бир лавҳа келтирамиз. Муаллиф бир ўринда булғорларнинг чақувига кўра икки албан йигити қамоққа олиниб, боғлаб қўйилгани ҳақида ёзади.
Томошаталаб рассом генерал Струковдан, буларни дорга осинг деб илтимос қилади. Генерал бунга кўнмайди, Ҳатто ҳайрон қолиб: «Василий Васильевич, сизни бу даражада қонхўр деб ўйламагандим. Нега бунчалик ёвуз бўлиб кетдингиз!»— деб таъна қилади ҳам. Рассом эса дорга осиш манзарасини кўришни хоҳлаган эдим, деб бамайлихотир жавоб беради.
В. Верешчагиннинг рассомлиги, истеъдоди ўз йўлига. Аммо қандай одамлиги, маънавий дунёси, қалби қанчалик пуч эканлигини, зўравонлик, ўзгаларни эзиш, таҳқирлаш руҳи қон-қонига сингиб кетганини юқоридаги аччиқ манзара кўзгуда кўрсатгандек аниқ намоён этиб турибди. Афсус! Халқимиз топиб айттанидек, «Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин!»
В. Верешчагин ва у мансуб бўлган гуруҳ босқинчилик сиёсатини муфассал авж олдираётган чоризмнинг садоқатли (аслида, манфур) қуллари сифатида тарихда қолди. Уларнинг ўзга халқларни эзиш, талаш, йўқ қилишдан иборат ёвуз кирдикорлари илғор инсоният вакиллари томонидан ҳамиша қораланади.
Шу ўринда яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, чоризм сиёсати бутун рус халқининг асл манфаатлари учун бутунлай ёт, бегона эди. Ўз вақтида илғор рус зиёлилари босқинчилик ва талончиликка қарши фаол муносабат билдирдилар. Герцен ва Огарёвлар Лондонда туриб рус империализмининг истилочилик фаолиятини фош этувчи мақолалар эълон қилдилар. Буюк рус адиби Л. Н. Толстой бир қанча қисса ва ҳикояларида («Ҳожимуродни эсланг) ўз озодлиги, эрки учун рус зобитларига қарши мардона курашаётган тоғлик қаҳрамонларнинг олижаноб сиймосини катта меҳр, хайрихоҳлик билан тасвирлайди. М. Ю. Лермонтов оташин шеърларида «ювуқсиз Россия» устидан аёвсиз ҳукм чиқаради. Америка журналисти Мак-Гахан ўз хотираларида чор истибдодининг қонли манзараларини ҳаққоний чизиб беради. Туркистондаги ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этган В. Наливкин бегуноҳ қон тўкишларга чидай олмасдан чор армиясини ташлаб кетади ва чекка Нанай қишлоғида ер сотиб олиб, қўш ҳайдаб, ўз меҳнати, билак кучи билан тирикчилик қилишни маъқул кўради. Бундай фидойилар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Афсуски, улар орасида В. Верешчагиннинг номи йўқ.
Мазкур хотирани ўқиган ўқувчида яна бир савол туғилиши табиий. Одамларимизни камситувчи таҳқирловчи расмлар чизган, қонли уруш манзараларини «илҳом билан» тасвирлаган босқинчи рус зобитининг исми Тошкент кўчаларидан бирида нима учун ҳамон ўзгармай турибди! Бу саволнинг адолатли ечимини жамоатчилик ҳукмига ҳавола этамиз.
ТАРЖИМОН

Генерал Кауфман хоналари билан бизнинг уйларимиз Темурлангнинг[4] машҳур тахт залига туташиб кетганди. Муҳташам сарой айланаси ҳашаматли йўлакдан иборат бўлиб, тўрда чиройли бўртма нақшлар билан зеб берилган катта оқ мармар бўлаги — улуғвор тахт — Кўктошнинг айни ўзи турарди. Бу ерга — мана шу саройга бутун Осиё ва Оврупонинг кўпгина жойларидан ҳукмдорлар ҳамда элчилар таъзим бажо этгани ташриф буюришар, тобелик ва садоқат рамзи сифатида қимматбаҳо совға-саломлар келтиришарди. Темурланг (сўзма-сўз Оқсоқ Темур маъносида) бу тахтда виқор тўкиб ўтириб, кўп сонли вассалларини қабул қиларди. Мен кўпинча генерал Кауфман билан ҳозир биз забт этган жойларнинг тарихи, бу ерга келишга улгурган сайёҳлар, китоблар ва ҳоказолар ҳақида фикр алмашган ҳолда залда айланиб юрардим. Биз, айниқса, машҳур Вамбери асарида учрайдиган ноаниқликлардан ҳайратга тушдик, масалан, у Кўктош тахти ҳақиқатан ҳам яшил деб қайд этган, тахт устига ўрнатилган темир тахтачага битиклар ёзилган деб таъкидлаган эди, аслида тахт оқ, янаям тўғрироғи кулрангга мойил бўлиб, ёзувлар тошга ўйилганди ва ҳоказо. Генерал Кауфман бундай олди-қочдиларни кўргач. Вамбери умуман Самарқандда бўлмаган деган мулоҳазани билдирди.

Мен ҳар куни шаҳар ва унинг атрофларида кезиб, мачитлар, бозор, мактабларни, айниқса, ғалати тасодиф билан сақланиб қолган кўпдан-кўп эски мачит намуналарини кўздан кечирардим; ўрганиш ва расм чизиш учун шунчалик манба кўп эдики, ишни қайси биридан бошлашни билмай одам шошиб қоларди: табиат, иморатлар, қиёфалар, кийим-кечаклар, урф-одатларнинг ҳамма-ҳаммаси янги, асл ажойиб эди.

Бухоро амири шаҳарни қайтариб олиш учун 30—40 минг кишилик қўшин билан биз томонга келаяпти, деган миш-мишлар тарқаганди. Кауфман қарши ҳужумга тайёргарлик кўра бошлади, биринчи навбатда аҳолини тинчлантириш ва ҳавфсизликни таъминлаш учун янги забт этилган шаҳар атрофларига қўшин юборди. Шарқнинг эски ва янги шоирларй томонидан тинимсиз мадҳ этилган, дабдабали, тенги йўқ, илоҳий Самарқанд ҳақидаги турли сифатларни тўғридан-тўғри қабул қилмаслик керак, чунки Самарқанд ҳам барча Осиё шаҳарлари каби етарли даражада ифлос ва бадбўй эди.

Генерал Головачёв Каттақўрғон қалъасини қўлга олиш учун отланди, мен ҳам жанг манзараларини жилла қурса энди яқиндан кўрайин деган умидда бу кичик сафарга бирга бордим, аммо чангдан бошқа ҳеч нарсани кўра олмадим, чунки отряддаги зобитларни ҳаддан ташқари афсуслантирган ҳодиса юз берди — қалъа жангсиз таслим бўлди. Суворийлар бошлиғи Штрандман ишнинг бундай тинч якунланганидан ниҳоятда ғазабланди ва қалъанинг таслим бўлганини билдириб, садоқат изҳор этиб келган элчиларни менга топширинг, уларга довюракликни ўргатиб қўяман, деб генералдан талаб қилди. Отряд оташинлик билан кутган иш қўлдан кетди — мукофотлар, нишонлар, мартабалар бой берилди — алам қилмайдими?!

Бояги суворийлар бошлиғи ўз казакларини гўшт билан қандай таъминлаганини эшитиб, кулгидан ўзимизни тия олмадик. Аҳоли йўл атрофидаги ҳамма молни ҳайдаб кетганлигидан ҳеч нарса топиб бўлмасди, шунда полковник қатъий чораларни қўллашга қарор қилади ва вахмистрни чақиради.

— Нега бизнинг буқалар узоқда боқилаяпти? У ҳанг-манг бўлиб қолади.

— Қандай буқаларни айтяпсиз, жаноби олийлари?

— Бизнинг буқаларимиз деяпман-ку сенга, нима, кўрмаяпсанми?—У қўли билан қаршимизда ястаниб ётган бадавлат Зарафшон водийсида ўтлаб юрган молларни кўрсатади.

— Кўраётганим йўқ!..

— Гап қайтарилмасин! Ҳозироқ бу ёққа ҳайдаб келинсин!

Бир неча буқани отрядга ҳайдаб келишади ва уларни бир зумда шунчалик паққос туширишадики, эгалари генералга шикоят қилиб келишганда, уларнинг на суяги, на терисидан ном-нишон қолган эди. Генерал казакларнинг найрангини сезди ва товон тўлашга мажбур бўлди.

Кавказлик жасур зобит Пистолькорс жануби-шарқ томондан келаётган Шаҳрисабз ва китоблик ўзбек аскарлари тўдасини тиғга тортиш учун юборилган эди. У қўшинни енгишга енгди, ҳатто барча ғолиблар каби жанг майдонида тунаб ҳам қолди, аммо манзилга қараб юриши биланоқ, душман яна бирлашиб, шундай зарба бердики, таъбир жоиз бўлса, унинг нақ елкасига миниб олиб, Самарқандгача қувиб келди. Генерал Кауфман ва биз қайтиб келаётган отрядни кутиб олиш учун отландик, шаҳардан ташқарига чиқишимиз бйлан бизни ўққа тутишди, атрофдаги дарахтзорлар орасида шундай қизғин отишма бошландики, қўмондоннинг хавфсизлигини таъминлаш учун ёнимиздаги барча казакларни шу заҳотиёқ қарши ҳужумга ташлашга тўғри келди; биз ярадорларни олиб, қайтишга мажбур бўлдик. Оқибати чекиниш билан якунланган бояги ғалаба кўпчилик зобитлар орасида норозилик уйғотди, ботир зобит, учига чиққан маишатбоз полковник Назаров Самарқандга қараб қилинган бу кейинги ҳаракат жуфтакни ростлашдан бошқа нарса эмас, деб баралла гап тарқатгани учун Кауфман томонидан қамоққа олингани ва бўлажак ҳарбий ҳаракатларда қатнашишдан маҳрум қилингани ҳақида эшитдим.

Ерли аҳоли буни чинакам муваффақият деб ўйлаб, хурсандчилигини яшириб ўтирмади, аслида эса у бизни ёв ҳали батамом мажақлаб ташланмагани, бор-йўғи лат еганидан огоҳлантирди, шарқда бундай ҳодиса тез-тез учраб туради. Тезликда ўзини ўнглаб олган рақиб ҳали курашга қодирлигини билдириб қўйганди. Нима бўлганда ҳам шаҳарни душман қуршаб олди, деган хабар бир зумда тарқалиб кетди. Биз, ёшлар, парвойи-палак эдик, отрядга оз ёки кўп даражада бирон-бир ҳавф туғилиши ёки ўзимга қандайдир зиён-заҳмат етиши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Ҳар куни бир казак ҳамроҳлигида бозор ва шаҳардаги кўчалар ва йўлкалар бўйлаб айланардим, ҳаётим ҳар соат, ҳар дақиқа қил устида бўлганлигини кейингина англаб етдим. Қўшин қўмондони шаҳардан ташқарига чиқаётган пайтда айрим кўчаларда мулланинг ваъзини жон қулоғи билан тинглаётган аксари ўрта яшар одамлар тўдаси учраб турарди; Пистолькорс отряди қайтган куни эса бундай ваъз ўқиётганлар сони кўпайган, чамамда халқни кофирларга қарши жангга отланишга чорлашаётган эди. Қалъага тезроқ етақолай, деб бозорга борадиган катта кўчадан бурилиб, тор, қинғир-қийшиқ йўлкадан кетаётганимда, муюлишлардан биридаги мачитнинг катта дарвозаси очилиб кетди, ичкарида одам тўла эди, қизил кийимли киши — Бухоро амирининг айғоқчиларидан бўлса керак — нутқ сўзлаб турарди. Халойиқ тарқалаётган пайтда энг кейинда овози ва қўл ҳаракатлари билан халқни қўзғалишга даъват этиб менинг танишим — Шердор мачитининг катта мулласи борарди.

— Салом, мулла!— дедим мен; у жуда дарғазаб бўлса-да, ҳамманинг кўз ўнгида ўзига узатилган қўлни олиб кўришишга мажбур эди.

Генерал Кауфман шаҳардан чиқиши[5] биланоқ аҳоли қўзғолон кўтармоқчи, деган гап айланиб қолди. Аммо мен туну кун ерли аҳоли орасида кезиб юрар эканман, худди шундай бўлади деган фикрга аллақачон келган эдим, бошқа ҳаёл, ҳатто тасаввуримга ҳам сиғмасди. Шу кунларда мен шаҳар ташқарисидаги Шоҳи Зиндага — Темурлангнинг ёзлик саройи шундай аталарди — элтадиган йўлдан бориб, у ердаги мачитлардан бирида сақланиб қолган, бир вақтлар унга тенгсиз кўрк бағишлаб турган мўъжизакор нақшлар тасвирини чизаётган эдим. Уруш манзаралари ўрнига ҳаммаёқда нуқул қум, чангу ғуборни кўравериш меъдамга тегиб кетганидан биринчи оказия[6] биланоқ Самарқанддан қайтиб, Қўқонга саёҳатга жўнашга қарор қилганим учун ҳатто генерал Кауфман билан хайр-хўшлашиб ҳам қўйтандим. Бахтга қарши, эртаси куни, у кетгандан кейин шаҳарни қуршаб олган шаҳрисабзликларнинг таҳдиди туфайли ҳали-бери оказия бўлмаслигини маълум қилишди, бунинг устига шаҳар мададга муҳтож эди, 3 чақиримга чўзилган деворни қўриқлаш учун қалъамизда бори-йўғи 500 одам бор эди.

Яна бир кундан кейин, эрта тонгда сарой ҳовлисидаги мен истиқомат қилаётган хонага ерли-аҳолини бошқариш учун қолдирилган ураллик казак, майор Серов чопиб кириб келди. У қуролланган халойиқ бизга очиқдан-очиқ душманлик кайфиятида турганлиги важидан бундан кейин шаҳарга бормаслигимни тайинлади. Шаҳрисабзликлар шаҳар остонасига келиб, ичкарида исён кўтарилиши ва қалъага ҳужум бошланишини кутишаётган эмиш.

— Худо ҳаққи, қалъа деворидан ташқари чиқа кўрманг,— деб мени огоҳлантиради у, ўлдириб қўйишлари мумкин, изсиз гумдон қилишади, ким ўлдирганиниям аниқлаб бўлмай қолади.

Афғон отрядимиздаги бир форснинг суратини куни кечагина чиза бошлагандим. Агар шу қўлимни ушламаганда, тан оламанки, бу гал ҳам ҳеч қандай хавф-хатардан қўрқмасдан шаҳарга отланган бўлардим.

Душман Бухоро тарафидан бостириб келади, деган тахмин тўғри чиқди, эртаси куни, тонг саҳарда ҳужрамдан[7] чиққанимда қўлларига дурбин ва кузатув асбоблари ушлаган қалъа маъмурларини кўрдим.

— Нима гап?

— Мана бу ёққа қаранг!

Дурбинда ҳам, дурбинсиз ҳам шаҳар узра юксалган Чўпон-ота тепалиги қўшинга тўлиб кетгани аниқ-таниқ кўриниб турарди, милтиқ найзалари қуёш нурида ярқирарди. Аскарлар орасида отлиқ бошлиқлар айланиб юришар, чопарлар серҳаракат бўлиб қолишганди. Орамиздаги баъзи ёши катта зобитлар ҳозир қалъага ҳужум бошланади, деган қатъий фикрда эдилар, бошқалар эса бундай бўлишига мутлақо ишонишмасди, мен ҳам ана шу кейингилар қаторида эдим. Мунозара қилаётганлар ичида қалъа қутволи, майор Штемпель, бояги Серов ҳамда юқорида айтганимиздек, тили заҳарлиги учун жазога дучор бўлиб, Самарқандда қолдирилган полковник Назаров бор эди, мен у билан шу пайтгача таниш эмасдим.

Шу куни афғоннинг суратини деярли битираёзгандим, фақат оёқларини чизишим қолганди, аммо бугун буни уддалай олмаслигимга кўзим етди. Ёдимда бор, кечқурун сапёр Б.нинг таклифига мувофиқ душман шаҳар томондаги қалъа деворига туташ кўтармани қандай қўпораётганини кўргани бордим, Генерал Кауфман кетишидан олдин эски деворнинг бузилиб, бемалол ўтиш мумкин бўлиб қолган жойларини тузатишни мана шу зобитга топширган, аммо муҳандислар жиддий ҳужум бўлишига ишонишмаганлигидан бу ишни қўл учида бажаришаётганди, Чўпон-отага тўпланган ёв қўшинини қўргандан кейингина улар ғайратга кириб кетдилар. Шунисигаям шукур, шаҳарга ўтиш мумкин бўлган энг катта ўпирилган жойни жанг бошлангунча тузатиб улгуришди, агар ярим соат кечикишганда борми, бутун қалъа қўлдан кетган бўларди.

II

Эртаси куни афғоннинг чала қолган суратини битирмоқчи эдим, хизматимдаги казак эндигина олиб келган чойни ичаётган пайтимда узундан-узоқ отишма бўлиб. «ур! ур!» деган даҳшатли қийқириқлар эшитилди ва у кучайгандан кучайиб борди. Аҳвол жиддийлигига ақлим етди: қалъага ҳужум қилишарди!—револьверимни чангаллаб, жоним борича отишма бўлаётган жойга — Бухоро дарвозасига югурдим. Қарасам, ўзи тушган уй олдида ранги оқариб Серов   турибди,   ҳадеб   мўйловини   асабий   ҳолда   юлқиб   бураяпти — бу   жасур, кетворган казак оғир аҳволга тушиб қолганда доим шундай қиларди.

— Мана буни қаранг-а, мана буни қаранг!— деб такрорларди у.

— Нима, ишимиз ёмонми?

— Ҳозирча ёмон эмас, аммо кейин нима бўлади? Ўзингиз биласиз, гарнизонимизда 500 одам бор, улар эса, мендаги маълумотларга кўра, 20.000 дан ортиқ.

Мен олдинга қараб чопиб кетдим. Мана, Бухоро дарвозаси. Тепадаги майдончада тутун ичида қолган аскарлар душман томонга тинимсиз ўқ ёғдиришади, югуриб борар эканман, ҳимоячиларимиз озлигини кўриб, биринчи дуч келган, ўқ еб ўлиб ётган жангчининг милтиғини олдим, чўнтагимни ўқ-дорига тўлдириб, ҳарбий дўстларим билан биргаликда 8 кун қалъа мудофаасида турдим, бу азбаройи қандайдир қаҳрамонлигимдан эмасди, гарнизонимиз оз сонли эди, шунинг учун госпиталдан эндигина тузалиб чиққан, ҳали кучга кирмаганлар ҳам ҳеч бўлмаса найзалар сонини кўпайтириш учун хизматга сафарбар қилиндики, соғлом одамнинг бир чеккада томошабин бўлиб туриши гуноҳи азим ҳамда тасаввурга сиғмайдиган ҳол эди.

Биринчи ҳужумни даф қилиб, дарвозани амаллаб ёпиб олдик, душман орқага силжиб, деярли деворларга туташиб кетган уйларга жойлашиб олди ва биз томонга тинимсиз ўқ ёғдиришда давом этди, улардаги милтиқлар, табиийки, жуда ёмон бўлиб, ўқи йирик эди, аммо мерганлик билан отишарди, бунинг устига биз ўқ узиб, мўлжалга тегизишга қийналардик, сабаби улар уйлардаги кичик-кичик туйнукчалар орқали бизни бемалол нишонга олишарди. Биз томонда бундай туйнуклар йўқлиги учун деворнинг нурай бошлаган бўғотидаги пана жойлардан туриб отардик, талафот ҳам шунга яраша кўп эди. Ёшроқ аскарлардан бири беғамлик қилиб уйдан бошини чиқарган ўзбекни менинг кўз ўнгим-да қулатди, яна ботирлиги қўзиб, туйнуклардан бирига қаратиб чаққонлик билан ўқ уза бошлади, рақибнинг милтиғи ишдан чиқдими ё тумшуғидан ўқ едими, ҳар қалай талай вақтгача у томондан ўқ отилмади. Руҳланиб кетганидан завқланиб кулиб, ўзича ҳазил-мутойиба қилиб турган аскар ногоҳ кесилган дарахтдек қулади, нақ манглайидан ўқ еган эди, унинг отилмай қолган патронларини мерос қилиб олдим. Қовурғасига ўқ теккан яна бир аскар қўлидан милтиғини тушириб юборди, у кўкрагини чангаллаганча майдончада зир айланиб қичқирар эди:

— Ох, биродарлар, ўлдиришди, оҳ ўлдиришди! Оҳ, ажалим етди!

— Нега бақирасан, тентак, ётсанг-чи!—хитоб қилди унга яқинроқда турган ўртоғи, аммо бечора ҳеч нарсани эшитмасди, яна бир марта гир айланиб чиққач, гандираклаб ёнбошига қуладию ўлди, ўқ-дориси ҳам менинг заҳирамга қўшилди.

Кўп ўтмай майор Альбедил келиб, кичик зобитдан қўмондонликни қабул қилиб олди, душман эгаллаган маррани синчиклаб кузатгач, у-бу деб буйруқ берди, аммо у ҳам узоқ раҳбарлик қилолмади, ёдимда бор, ниманидир гаплашаётган эдик, у бирдан ўтириб қолди ва «яраландим» деди. Уни елкамда суяб, аскарлардан бирини чақирдим-да, аввал пастга олиб тушдим, сўнг дарвозадан бир чақиримча узоқликдаги амир саройига жойлашган шифохонагача олиб бордим. Альбедил охирги буйруқларни ҳам мардона берди, довдираб қолган аскарларни қаттиқ туришга, чекинмасликка даъват қилди, сўнг шундай бўшашиб, шалпайиб осилиб қолдики, уни солдатларга бериб юборишга кўнглим бўлмасдан турар жойигача элтиб қўйдим. Ярадор йўлда ниҳоятда толиқди, замбил йўқ эди, манзилга бир амаллаб етдик.

— Сезиб турибман, ярам жуда оғир,— деди у.— Куним битганга ўхшайди. Мен, албатта, унга тасалли бердим, ўқ оёғининг юмшоқ жойига текканини

айтиб, ўтиб кетади, ҳали тузалиб, ўйинга ҳам тушиб кетасиз, деб кўнглини кўтардим. Дарҳақиқат, у тузалди, ўйинга тушадиган бўлди, аммо бухороликларнинг ўқи барибир кучини кўрсатди, у мен ўйлагандан кўра кўпроқ зарар етказди, суякни тешиб ўтмаган бўлса-да, мажақлаб ташлагани учун унга неча йилларгача азоб бериб юрди.

Альбедилни докторга топширгач, яна орқага — отишма ва «урҳо-ур» қайнаб ётган дарвоза томонга чопдим. Озгина юрмасдан, чапда, девор муюлишида турган бир гуруҳ аскарларга кўзим тушди: улар тўда бўлишиб журъатсиз овозда «ура!» деб қичқиришганча ҳужум қилаётганларнинг бошлари ҳар лаҳзада кўриниб турган бўғотларга қараб тартибсиз ўқ узишарди.

— Ҳаммамиз шу ерда ўлиб кетамиз,-— таъкидлашарди қовоғи солиқ, аскарлар.— Парвардигор гуноҳларимиз учун жазо берди! Тирик чиқолмайдиган бўлдик. Кауфмангаям балли-е, истеҳком қурмади-ю, бизни ташлаб кетди-қолди…

Қўлимдан келганча далда бердим:

— Шунчалик обидийда қилишга уялмайсизларми? Ҳали туриб берамиз, наҳотки тириклай таслим бўлсак?

Девор оша биз томонга улоқтирилган номаълум олов жисм аскарларнинг ўтакасини ёриб юбораёзди.

Бир гуруҳ аскарлар зобит бошчилигида девор бўйлаб анча наригача боришди — юқорида номи тилга олинган полковник Назаров қалъага ёпирилган фалокатни кўргач, қамоққа олинганини дарҳол унутиб, қурол ушлашга мадори келадиган шифохонада ётган ўз батальонига қарашли аскарларни тўплаб энг хавфли нуқтага етиб келганди. Унинг ёнига бутунлай довдираб қолган жангчилар чопиб кела бошлашди.

— Жаноби олийлари, ёриб ўтишяпти, ёриб ўтишяпти!

— Қўрқманглар, биродарлар, мен ёнингиздаман.— Унинг хотиржамлик ва ишонч билан берган жавоби тинимсиз ҳужум ва шовқин-сурондан гангиб, ўзини йўқотиб қўйган аскарларга жуда тез таъсир кўрсатди.

Шу дақиқадан бошлаб Ўрта Осиёга доир ҳарбий ҳаракатлар солномасида батафсил баён этилган ва саккиз кун давом этган мудофаа чоғида иккимиз доим бирга бўлдик.

Яна «ур! ур! ур!» деган қичқириқлар тобора яқинлаша бошлади ва девор узра ҳужум қилиб келаётганларнинг каллалари кўринди, улар қалъага ўтишга тайёрланишаётган эди, чамамда. Аскарлар буйруқни кутиб ўтирмасдан. бирва-ракайига ўқ ёғдиришди, каллалар ғойиб бўлди ва атрофга сукунат чўкди, осонгина кириб олишни мўлжаллаган оломон кучли қаршиликка дуч келгач, девордан узоқлашди. Гап шунда эдики, деворнинг нураган мана шу жойида ҳар икки томонга бемалол ўтиладиган сўқмоқ бўлиб, уни ҳали ёпиб улгуришмаганди, қалъага кириладиган махфий йўлларни беш қўлдек яхши биладиган маҳаллий аҳоли ҳужумчиларни бу ёққа тўғри бошлаб келишгани аниқ эди.

Команданинг бир қисмини қолдириб, бошқа томонга кетдик. У ёқдан олдинма-кейин бир неча ранги бўзарган, ҳарсиллаб қолган аскарлар Назаровнинг олдига чопиб келишарди. Улар етиб келмасданоқ узоқдан туриб:

— Жаноби олийлари, у ёқда ёриб ўтишаяпти, у ёқда!— деб қичқиришарди. Дарвозадан   ўнгга   қараб  ташландик,   бир  тўда   қорамағиз  ўзбеклар   деворнинг ўпирилган ва ёғочлар билан нари-бери тўсиб қўйилган жойини эндигина бузишаётган экан, улар найзабозлик тугул узоқдан ўқ узишимизни ҳам кутмаган чоғи, биринчи ҳамладаёқ қочиб кетишди.

Уч чақиримга чўзилган бу қалъанинг ҳамма ёғи  илвиллаб қолган, хоҳлаган жойидан ёриб ўтиш мумкин эди, бунинг устига ичкаридаги сон-саноқсиз уйчалар унга туташиб кетган эдики, мабодо душманнинг озгина қисми кириб олса, уларни ҳайдаб чиқариш жуда қимматга тушган бўларди.

Одам айтишга ҳам, ҳатто эслашга ҳам уялади: биз орқага эндигина бурилгандик. Николай Николаевич Назаров карам шўрва ичиб олсак ёмон бўлмасди, деб оғиз жуфтлаган эдики, аввалги жойимиздагилар изимиздан чопиб келиб қолишди:

— Жаноби олийлари, авф этасиз, ҳужумга ўтишяпти.

Яна югуриб кетдик. Ҳеч ким кўринмаса-да, кучли шовқин-сурон эшитилар ва кучайтандан-кўчайиб борарди, ҳатто қичқираётган алоҳида овозларни ажратиш мумкин эди, улар жуда яқинда бўлиб, табиийки, деворни бузишга тайёрланишаётганди, биз дамимиз ичимизга тушиб, кута бошладик.

— Девор устига чиқайлик, нима қилишаётганини кўрамиз,— деб шивирладим Назаровнинг қулоғига, кутавериб, тбқатим тоқ бўлганидан.

— Жим! — хитоб қилди у.— Қани, киришсинчи.

Мана шу ҳолатни суратларимдан бирида акс эттирганман. Нақ бошимиз устида қийқириқлар эшитилиб турибди, довюрак сарбозларнинг калласи бўғот лабида кўрина бошлади ҳам, «ура!» садолари янгради ва биз томонимиздан шундай кучли ўқ ёғдирилдики, яна найзабозликка эҳтиёж қолмади, душман орқага чекинди.

Бу бетўхтов ҳужумлар аскарларга кучли таъсир қилиб, гангитиб қўйганлиги кўриниб турарди, ҳамма жойда «маконимизни шу ердан топамиз» деб такрорлашарди улар. Вақти-вақти билан ҳазил-мутойиба қилиб, одамларнинг кайфиятини кўтариб Туриш учун Назаров анчагина куч-ғайрат сарфлади. Умуман, ҳужум палласида аскарлар матонат билан туриб беришганини яққол ҳис қилдим. Ҳужумлар орасидаги озгина тиним чоғида ҳам рақиблар тез-тез ғашга тегиб туришарди: аллақанчаси девор бўйлаб яшириниб келар ва кўз очиб юмгунча мил-тиқларини бўшатишиб, довдираб қолган аскарлар жавоб қайтаргунча ғойиб бўлишарди, уларнинг ўқлари онда-сонда нишонга тегса-да, одамларнинг кайфиятини бузарди, бизникилар доим доғда қолишар, отган ўқлари эса девор бўлакла-рини кўчириб туширарди, холос. Буни кўриб ниҳоятда ғазабим қўзиди, мил-тиғимни шайлаб, қорабошлардан бири келармикин, деб анча вақт пойлаб тур-дим, ҳатто сабрим чидамасдан ёмон сўзлар билан сўкиниб юбордим ҳам — аскарлар шу заҳотиёқ танбеҳ беришди:

— Энди сўкишдан фойда йўқ, фурсат ўтди.

Аскарлар олдинига мени «ҳазратлари» деб аташди, аммо Назаров Василий Васильевич деб мурожаат қилаётганини эшитгач, дарҳол уни илиб олишди ва тез орада, бутун гарнизон — касалхонадаги беморларгача — «Василий Васильевич» кимлигини биладиган бўлди.

Шу пайт қалъадаги артиллерия бошлиғи, омадли жасур капитан Михневич ҳаммамизга девордан ошириб, душман тўдасига улоқтириш учун қўл гранаталари тарқатиб чиқди. Бахтга қарши ташқаридаги ғала-ғовур тиниб, уларни қайси тарафга улоқтиришимизни билмай қолдик, бунинг устига яна қандайдир ҳийла ўй-лашаяптимикин, деган хавотир ҳам бор эди — девор устига чиқиб, душман қаер-далиги ва нима қилаётганини билиш жуда зарур бўлиб қолди. Офицерлар бир неча аскарни юборишди, аммо улар бир-бирини туртиб, олдинга унда-шар, муқаррар ўлимга боришни ҳеч ким хоҳламасди.

— Тўхтанглар, мен гимнастикани биламан!—дедиму юқорига югурдим, Назаров: «Василий Васильевич, сизга нима бўлди, қайтинг, бундай қила кўрманг!» деганча қолаверди.

— Тушинг! Пастга тушинг! — шивирлади Назаров, мен орқага қайтмадим, ростини айтсам, ваҳима боссада, орият қўймади. Бўғот лабида ётганимча: «Энди у ёққа қандай қарайман, ўрнимдан турган заҳотиёқ отиб ўлдириша-ди-ку», деб ўйлар эдим, бундай пайтларда ҳар қандай хаёл мияга бир-икки лаҳзадаёқ келади-қолади — шартта ўрнимдан турдим. Қаршимда — девор билан уйлар орасини тумонат одам босиб кетганини кўрдим — ҳаммасининг нигоҳи саллали кишига қаратилганди — қандайдир кенгаш қилишаётганди. Улар ногоҳ бошларини буриб мен томонга қарашди ва илк дақиқада ҳайратдан донг қотиб қолишди — ана шу ҳолат мени қутқарди; эс-ҳушларини тўплаб: «Мана! Мана!» деб бақиришганда яшириниб улгурган-дим,— мен тўрган жойга ўнларча ўқ ёғилди, чанг-тўзон кўтарилди.

— Тушинг, худо ҳаққи, тезроқ!— фиғон қиларди пастда меҳрибон Назаров, албатта, энди буни таъкидлашга ҳожат йўқ эди; одамлар тўпланиб турган тарафни кўрсатдим, кўп ўтмай гранаталар портлаб у ёқда шунақанги Даҳшатли қийчув, тўполон кўтарилдики… Мўлжал аниқ олинган эди.

Назаров ўзига-ўзи хўжайин бўлганлиги учун хоҳлаган жойга бориши мумкин эди, шундан фойдаланиб, деворнинг ҳамма томони бемалол кўриниб турадиган қалъа бурчагига жойлашдик. Тан олиш лозимки, Самарқанд қалъасининг деворлари баланд ва кенг эди, у юз йиллар қаъридан емирилмасдан омон чиққандй, озгина соқчилар ёрдамида ҳимоя қилса бўларди-ю, аммо бахтга қарши унинг кўп жойлари нураб кетган, бирваракайига бир неча ерни қўриқлашга тўғри келарди, мудофаадагилар озчилик бўлиб, ноиложликдан оёққа турғазилган касаллар ва ярадорларни ҳисобга олмаганда бор-йўғи 500 га яқин одам бор эди. Касалларнинг айримлари шунчалик қувватдан қолган эдики, ҳатто «ура» деб қичқиришга ҳоли келмасди; милтиқни зўр-базўр ушлаб туришарди; ёнгинасидаги шериги ўқ еб ўлса ёки яраланса, нарироқдагилар ғазабланиб қичқириб қолишарди: «Ҳой, нега оғзингни очиб қараб турибсан, кўтаришиб юборсанг-чи!»

— Кучи-чим ет-май-ди, қув-ва-тим йўқ.

— Қимирлай олмасанг, нега келдинг?!

— Қайдан билайин, буйруқ шундай бўлди, ҳаммамизни девор ёнига ҳайдаб келишди.

Биз янги кузатув ўрнимизга жуда яхши ўрнашиб олдик. «Барин»дан ажралишни хоҳламасдан мени излаб келган казагимни сигареталаримни олиб келишга юбордим, Назаров нон ва ароқ келтиришни буюрди. Тамадди қилиб, сигара чёкдик — роҳатижон бўлди! Сигара шундай қувноқ кайфият бағишладики, мен яна бир қутисини сотиб олдим ва ён-атрофимиздагиларга улашиб чиқдим — ҳаммаёқ тутунга тўлди. Карам шўрва тарқатилди, ҳамма қорнини тўйғазиб олди, эрталаб-ки ичилмай қолган чойдан кейин кун бўйи қўлимга теккан овқат шу эди. Назаров бутун командаси билан томнинг соясига жойлашди, мен эса девордаги қоровул ёнига бордим у ерда ўқтин-ўқтин милтиқ отилиб турар, ўққа учган айғоқчини қандай йиқилаётганини бемалол кўриш имкони бор эди. Ёдимда, қўшнимнинг ўқи бирини йиқитди, аммо у ўлмади, ғимирлай бошлади, аскар уни биратўла саранжомлаб қўймоқчи бўлган эди, шериклари йўл беришмади.

— Қўй, Серёга, отма!

— Ахир кетиб қолади-ку.

— Кетса-кетаверсин, энди у жангга ярамайди!

Дарҳақиқат, у кетди, бизни ғафлатда қолдирганига тўла ишонган ҳолда усталик билан жила бошлади, у девор яқинида, кўча ўртасига йиқилган эди, тез ҳаракат қилиб сездириб қўймаслик учун ётган жойидан секин ёнбошига ағанади ва шу алфозда оҳиста сурила-сурила тўсиқ ёнига етиб борди, бир неча қўл чўзилиб уни дарҳол тортиб олишди, улар ўрисни лақиллатдик деб ўйлашди, ўрис Серёга ҳамда бошқа кўпчилик ўрислар ўлдиришни хоҳламагани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмади, албатта.

Мана шундай таъсирчан манзараларни ҳисобга олмаганда, бизникилар ҳеч кимни яқин келтиришмади; аммо бизни ҳам «сийлаб» туришарди! Ўқлар ҳамон уйлардан отиларди, қалъанинг маълум нуқталари кичкина шинаклар орқали ҳар доим нишонга олинган, бош кўтарсанг бас, ўққа учишинг тайин эди. Уларнинг ўқлари сапёрларимиз яқингинада қуриб улгурган тўсиқларга визиллаб келиб уриларди. Бир марта, эндигина тепкини босаман, деб турганимда, ўқ нақ тўсиққа келиб тегди, устимга қум ва қамиш ёғилди. Чидаб туролмасдан қўлларим билан юзимни бекитдим.

Мени яраланди, деб ўйлаган Назаров:

— Дарров олиб тушинг! — деб бақирди пастдан туриб. Бошқа сафар, нишонни пойлаб ётган кўйи, ёнимдаги қўшниларим билан гаплашмоқда эдим — юмшоқ бир нарса келиб урилганини эшитдим — атрофга олазарак кўз ташладим, қарасам, қўшним қўлидаги милтиғини тушириб юборди ва оғзидан кўпик сачратганча девордан умбалоқ ошиб қулади…

Назаров икки ёш офицер билан, уларнинг исми ёдимда йўқ, ўз уйидагидек бемалол жойлашиб олганди. Бир идишдаги арақни бўшатгач, аскарларга яна келтиришни буюрди, одатига кўра хушчақчақ бўлиб, ҳазилкашлик қила бошлади, аскарларнинг қаттиқ кулгиси ва биз эгаллаган тўсиққача эшитилиб турган тилга олиб бўлмайдиган ибораларга қараганда, унинг мутойибалари ҳам ўта камтарона эди. Гўе хавф-хатар ўтиб кетгандек туюларди.

Аммо бу омонат хомхаёл узоққа бормади. Кўп ўтмай, шаҳарнинг Бухоро дарвозаси томонда бизга таниш бўлиб қолган ҳужумга чорловчи хитоблар эшитилди ва отишма бошланди, сўнг «жуда қисиб қўйишди» деб ёрдам сўраб, бир аскар югуриб келди. Назаров бурчакдаги манзилгоҳида бир гуруҳ соқчиларни қолдириб, ўзи илдам юриб, дарвоза томонга кетди: бу ерда бошчилик қилиб турган офицер ўз ихтиёри билан раҳбарликни унга топширди, сапёрлар   бошлиғи   штабс-капитан   Черкасов   ҳам   қўл   остидагилар   билан   унинг измига ўтди. Яна ҳужум даф этилди. Қоронғилик туша бошлади. Мис чойнак қайнатиб, , энди ичамиз, деб тараддуд кўрганимизда улгуролмай қолдик — яна ҳужум бошланди. Мен беихтиёр эрталабки ичилмай қолган ва чамамда, ҳали ҳам хонамда турган чойни ҳамда оёғи чизилмаган, энди қайта қўл уришим даргумон бўлиб турган афғонни эсладим[8]. Бу гал душман жуда тез ортига қэйтди, улар кетиши биланоқ дарвоза орқасида тутун кўринди. «Вой аблаҳлар-эй, ёндириб юборишмоқчи-ку!» Худди шундай бўлди. Тезда кучли аланга ғира-ширз осмонни ёритди. Дарвоза ағдарилиб тушиши биланоқ кучли ҳужум бош-ланди ва у сурункасига узоқ дзвом этди. Деярли юзма-юз отишишга тўғри келди. Аҳвол танг бўлиб, ғала-ғовур, шовқин-сурон кучайиб борарди, шу аҳволда бекордан-бекорга дуч келган томонга ўқ отаётган аскарларга қараб бақириб бердим:

— Осмонга нега ўқ узасизлар, у ёқда нишон йўқ-ку!

— Қўрқитаяпмиз, Василий Васильевич, — жавоб берди биттаси ниҳоятда жиддий алфозда.

Ёдимда, ҳужум қилаётганлардан иккитасини, таъбир жоиз бўлса, профессорларча отиб қулатдим. «Ўқ узишга ошиқма,— дедим мен,— стволни мана бундай тўғрилаб, пойлаб тур», милтиқни деворнинг дўнг жойига қўйдим, худди шу пайт чопон кийган, милтиқ осган киши шундоққина дарвоза ёнида кўчадан чопиб ўтиб қолди; ўқ уздим, у ағдарилиб тушганча жойида қотди. Ўқ жуда яқиндан узилгани учун бечоранинг чопони тутай бошлади ва у, яъни қурбон, бир кеча-кундуз давомида аста-секин ёниб, қора кўмирга айланди, жон аччиғида оғзини ушлаб қолган экэн, қўли шу кўйи қотиб қолди, бу қора шарпа деярли бир ҳафта давомида кўз ўнгимизда ётди, асосий қўшинларимиз шаҳарга қайтиб келишаётганда уни, яъни менинг шўрпешона қурбонимни босиб-янчиб ўтишди. Иккинчиси ҳам худди шу тахлитда ўққа учиб ўлди.

— Қаранглар, Василий Васильевич биз учун қанчалик жон куйдиради-я,— дейишарди эскарлар.

Ёмонлик кетидан яшилик келади, деганларидек дарвоза ўпирилиши билан Черкасов қум-тупроқ солинган қопларни қалаштириб жуда ажойиб тўсиқ ясади-да, йирик питра отадиган замбарак ўрнатди. Шундан кейин ишимиз бутунлай ўнгланиб кетди.

Қоронғи тушганди, қулагэн дарвозанинг устун ва тахталари лаққа чўғ бўлиб ётарди. Назаров аскарларни қоронғида кўринмайдиган қилиб жойлаштирди, фақат нэйзалэргинэ ялт-юлт этиб қоларди. Ўртадаги замбарак ҳамда тўпчилар ва аланга шуъласида оқ кўйлаги билан камзули товланиб турган зобит яққол кўзга ташланиб турарди. Ташқаридаги шовқин тобора яқинлашиб келаверди, минглаб ҳир-қироқ овозлар: «Оллоҳ! Оллоҳ!» деб тинимсиз хитоб қилишарди. Ниҳоят, олдиндагиларнинг қиёфаси кўринди, улар орқадагиларни рағбатлантириб чорлашарди, ҳеч бири ўқ узмасди, қўлларидаги қурол қилич ва калтакдан иборат эди; худди қўй подасига ўхшаб дарвозага ва замбаракка ёпирилишди… Биринчи!— поручик Служенконинг овози жаранглади. Тўп даҳшат солиб гумбурлади, питранинг қандай чирсиллаб сочилаётганигача аниқ эшитдик. Сўнг сукунат чўкди — ҳеч нарсани кўриб бўлмай қолди, ҳаммаёқни тутун чўлғаб олганди, бир-икки дақиқадан кейингина узоқдан овозлар кела бошлади, улар чекинишган, чамаси, ўзаро ҳисоб-китоб қилишар, сўкинишар, бир-бирига дашном ёғдиришарди, биз эса ўзимизда йўқ шод эдик. Бундай шиддатли ҳужумлар кетма-кет бўлиб турди; қандай қилиб бўлса-да қалъани эгаллашга аҳд қилишгани сезилиб турарди, аммо тартибсиз бу оломон яқин масофадан отилаётган тўп ўқларига бардош беролмасдан чекинишга мажбур бўларди, Айни замонда, улар чекинаётиб ҳалок бўлганларни суяб, кўтариб олиб кетишзётганини сезиб турардик, девор яқинида қулаганларни эса олиб кетиш имкони йўқ эди — тонг ёришганда душман нечоғлик кўп қурбон берганлигини кўрдик, қуёшнинг ўткир тиғида улардан бадбўй ҳид чиқардики, шу кезларда бирон-бир юқумли касаллик тарқалиб кетмаганигз ҳали-ҳали ҳайрон қоламан.

Ҳаммаёқ тинчигандан кейин биз ҳам унча узоқда бўлмаган мачитга ҳамла қилдик, уни истеҳкомгз айлантириб олишгани ва барча ҳужумларни шу ердан бошлашаётгани бизга маълум эди. Душман узоққа кетганига ишонч ҳосил қилгач, тун қоронғилигидан фойдаланиб бу ярамас мачит ичига оҳиста кириб олдик, зудлик билэн ёғоч, шох-шаббаларни тўпладик-да, ёндириб юбордик. Бизнинг зараримизга хизмат қилган дарвоза яқинидаги бир неча уйга ҳам худди шу тарзда ўт қўйдик. Ҳовлилардан бирида туркмани саман арғумоққа дуч келиб қолдик; уни менга совға қилмоқчи бўлишди, эммо мен бу иноятдан воз кечиб, отни эртелга топширдим, кейин эса эртелдан 40 сўмга сотиб олдим. Бу ерда ҳам ёнадиган нарсаларнинг ҳаммасини ёқдик. Ўзаро шивирлашиб гаплашардик, қоронғида фақат: «Николай Николаевич!, Василий Вэсильевич! Тутатқини бу ёққа беринг, тез, тез!» деган хитобларгина эшитиларди. Яна бир қизиғи, Назэров ҳамлага туфли кийиб чиққанди, ўйлашимча, бу паришонхотирликдан эмасди, у ҳеч қандай хавф-хатарни писанд қилмаганидан, кечқурун ечиб қўйган этигини қайта кийишга эринган эди чамаси.

Олов тиллари кўтарилгач, жуфтакни ростлаб қолдик, фурсат ҳам етган эди, ёнғинни сезган оломоннинг шовқин-сурони яқинлашиб келарди. Ўтни ўчиришга уриниб кўришди, аммо энди бунинг имкони йўқ эди, аланга кучайгандан кучайиб борарди.

Яна ҳужумга ўтишди, аммо яқин атроф яққол кўриниб турганлиги туфайли бу уриниш ҳам муваффақиятсиз тугади.

III

Тун бўйи замбарагимиз ва ёқимтой командир Служенкога тиним бўлмади. Унинг «Биринчи! Биринчи!» дея жаранглаб турган буйруқлари остида уйқуга кетдим. Шундоққина кўча юзасига тахталарни тўшаб, милтиғимизни тахт қилган ҳолда ёнбошладик, бундай ғалати шароитга кўникмаганим ҳамда бургаларнинг аёвсиз талашига ҳам парво қилмай, донг қотиб ухладим.

Тун ярмидан оққанда ғалати овоздан уйғониб кетдим — биз ўт қўйган мачит ағдаралиб тушган эди. Ҳаммамиз девор устига чиқиб, ишимизнинг натижасини томоша қилдик; ажойиб кеча эди, ҳаво майин, осмон тўла юлдуз; қоровуллар ўз жойида ҳушёр, атрофни зийраклик билан кузатишади, бирпас гурунглашиб тургач, яна уйқуга кетдик.

Эрта тонгдан гоҳ биз томонга, гоҳ кечаги жойга, ундан ҳам нарироқдаги шаҳарга кириладиган асосий йўл томонга тинимсиз ҳужум қилиб туришди. У ёқдаги дарвозалар олдига ҳам замбараклар қўйилди, қулай маррани эгаллашганди, бу томондан қалъага фақат хандақ устига қурилган кўприк орқалигина кириларди, шу туфайли у ёқлар анча бехавотир эди. Мабодо адашмасам, Жиззах дарвозаси деб аталган мазкур маррага чннакам хохол, ажойиб инсон капитан Шеметило раҳбарлик қилганди. Аҳвол танг бўлиб қолган пайтда Назаров ҳар икки томонга ҳам мадад кучлари юборди; биз кеча жанг қилган жойга ҳужум қилишаётгани яққол кўриниб турарди, ҳужумга ўтган оломон «ур» деган қийқириқлар остида бўғотларгача чиқиб келишар ва бир қанчаси ўлиб, ярадор бўлгандан кейингина чор-ночор орқага чекинишарди.

Ниҳоят, ҳаммаёқ Тинчиди. Николай Николаевич мени нордон овқат еб олишга кўн-дирди, улар карам шўрвани шундай аташаркан. Бизга эргашиб келган савдогарлар хоҳлаган вақтимизда, ҳатто хавф-хатар ёғилиб турган пайтда ҳам овқат топилишини кўпдан бери қулоғимизга қуйиб келишарди. Савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйиш учун Самарқандга бирга келган рус савдогарлари бундай мушкул аҳволга тушиб қолганимиздан норози эди, албатта. Улардан бири — машҳур Немчаниновнинг чой савдоси бўйича ишончли вакили Трубчанинов шерикларига қараганда мард чиқиб қолди, у қизил кўйлак кийиб, ов милтиғини кўтарганча ёнимга келди; қолганлари шунчалик қўрқоқ эканки, отишма бошланиши биланоқ шам ёқиб, икона ёнига тиз чўкиб олишар ва тангрига илтижо қилишдан бошқага ярамасди. Ўқлар ёғилиб, эшикларни тешиб ўтган пайтда улар хонанинг бошқа бурчагига чор-ночор сурилишар, кичик калибрли замбарак ўқлари том устида ёрилганда учинчи жойга ўтиб, ибодат қилишда давом этишарди.

Улар бизни едириб, ичиришар, аскарларга арақ ва қутилаб сигареталар юбориб туришарди, бир гал девор бўйлаб юриб, савдогарларнинг туҳфасини хоҳлаганларга тарқатиб чиқдим. Бечоралар отишма вағала-ғовурдан, ўлгудеқ қўрқишар, «кутилмаган меҳмонлар» ана келади, мана келади деган ваҳимада кун ўтказишаётганини очиқчасига тан олишарди.

Беморлар ва ярадорларимизни маросимлар залига жойлаштиргандик, аммо томни тешиб тиккасига тушган тўп ўқи бир қанча ярадорларга шикаст етказиб, докторни ҳам ўлдиришига сал қолгандан кейин уларнинг бир қисмини уйларга, бояги савдогарлар ёнига ётқизишга тўғри келди. Бояқишлар энди бутунлай оромдан маҳрум бўлишди, чунки Трубчаниновнинг айтишига қараганда, ярадорларнинг кечаю кундуз қилган нолайи зорига тоқат қилиб бўлмас эди.

Темурланг яшаган залга бир қанча жуҳуд оилалар жойлашиб олишганди. Мен Назаровга буларни муқаддас тарихий жойдан кўра бошқа ерга кўчириш маъқул бўлмайди-ми, деб айтган эдим, у; «Нима учун,— деб жавоб берди.— Мен ҳали уларга…[9] ҳам рухсат бераман!» Жуҳудлар ҳам анча-мунча экан, улар бола-чақа, қозон-товоғи билан кўчиб келишганди, шаҳарга руслар киргач, улар яйраб, ўзларини эркин ҳис қила бошладилар, белига арқон ўрнига қайиш боғлаб юрадиган, ҳатто бемалол от минадиган (ва ҳоказо) бўлдилар; булар илгари қатъий ман этиларди, агар улар шаҳарда қолишганда, қириб юборишлари аниқ эди. Менга айтишларича, қаттиқ отишма пайтларида улар даҳшатли дод-фарёд кўтаришар, худога илтижо қилиб, юзларини юлишар экан. Жуҳудлардан бошқа форслар, ҳиндилар, татарлар ҳам бор эди. Буларнинг ҳаммаси биз кириб келган пайтимизда истиқболимизга чиқишиб, энди нима бўлади, деб сўрашган, миннатдорчилик билдиришиб, этагимизни ўпишган эди.

Назаровга яна қўшин тўпланяпти, ҳадемай ҳужумга ўтишса керак, деб хабар қилишди, биз жадаллаб девор томонга юрдик ва ҳужумчилар озлигини кўриб тинчландик. Аскарлар ечинмасдан туни бўйи тупроқ ичида ётиб, ҳашаротларга роса ем бўлишганди, Назаров улардан бир бўлагини ажратиб, яқинимиздаги мачитнинг ҳовузида ювиниб келиш учун жўнатди. Улар кетишаётганда: «Яхшилаб ювининглар, сизларни кўрганда…» деб шундай бир ибора ишлатдики, уни ҳеч қайси тилда ифодалаб бўлмайди. Аскарлар хахолашиб: «Ҳаракат қиламиз, жаноби олийлари!» деб қичқиришди.

Отрядимиз энди анча кўпайиб қолди, чунки бу дарвозада хавф кучли бўлгани учун қутвол тўплаган одамларини бу ёққа юборганди. Тузалаётганлардан бошқа казаклар ҳамда разночинецлар ҳам бор эди, улар «ура» деб қичқиришарди-ю, нарироқда, уйларнинг панасида туришни маъқул кўришарди. Икки-уч батальон зобитидан ташқари, Назаров ихтиёрида яна иккита сапёрлик зобитлари юқорида тилга олинган Черкасов ва бутунлай ғўр, дўмбоққина, яқинда билим юртини битирган Воронец ҳам бор эди. Кўпчилик ёш бўлганлиги учун орадан кулги ва ҳазил-ҳузул аримасди, фақат фалончи ўлди ёки яраланди деган хабар келгандагина сукут сақланарди. Дарвоқе, бизнинг Служенко ҳам оғир ярадор бўлган эди. Мен йўқ эдим, кейин Воронец айтиб берди, бу жанговар зобит оқ китель кийиб, огоҳлантиришларига қулоқ солмай, ташқаридагиларга яхшигина нишон бўлган ҳолда қора арғумоқда девор бўйлаб айланиб юрган экан. «Қарасам, эгар устига энгашиб қолди,— деб ҳикоя қиларди Воронец,— Служенко, сенга нима бўлди, деб сўрасам, жавоб бермайди. Отдан тушириб олдик, қорнидан ўқ еган экан».

Осойишталик бўлиб турганидан фойдаланиб, ҳамла пайтида ўлжа олинган туркман саманини синаб кўрмоқчи бўлдим. Аммо ҳали 100 саржин юрмасимданоқ нақ жаҳаннам ичига тушиб қолгандек бўлдим — қалъага қилинган ҳужумлар ичида энг даҳшатлиси бошланган эди.

Дуч келган казакка отимни бериб, жангга ташландим. Ўзбеклар туташ уйлардан ўтиб, бизга сездирмасдан худди мана шу ерда, яъни дарвоза олдида аллақачон деворга чиқиб олишган экан, биз лоақал бирон-бир сас-садо эшитмабмиз ҳам, улар бинолар ичидан ўтиб, замбаракларимизга қараб югуришди. Шу дақиқада том устидан биз томонга ўқлар билан бирга саноқсиз тошлар ёғилди, олдиндан тайёрлаб қўйишган экан. Мен учун биринчи сийлов шу бўлдики, чап оёғимга кучли зарб билан отилган катта тош келиб тегди, оғриқдан додлаб юбордим, оёғим синди деб ўйлагандим, йўқ, ўтиб кетди. Ҳамма «ура!» деб бақиради-ю, аммо олдинга ҳеч ким юрмайди. Кўриб турибман, ғазабдан қип-қизариб кетган Назаров аскарларни қилич дастаси билан туртиб, илгарига ундар, улар эса тихирлик қилишарди. «Черкасов!—унинг овози гуриллаб эшитиларди.— Бу аблаҳларни боплаб саваланг!..» Бундай вақтларда мияда фикр чақмоқдек тез туғилади, хаёлимга келган биринчи мулоҳаза шу бўлди — боришни хоҳлашмаяптими, демак кимдир уларни етаклаши керак; иккинчиси — олдинга юриш қандай бўлишини кўрсатиб қўяди-ган фурсат келди; учинчиси— ахир, ўлдириб қўйишади-ку; тўртинчиси — балки ўлдиришолмас! Бу ўйлар икки дақиқагина давом этди; олдимда қандайдйр харилар уюлиб ётарди, эгнимда тилга олишга арзимайдиган костюм, кулранг пальтомнинг олди очилиб кетгаи, бошимда кулранг момиқ шляпа, милтиғимни даст кўтарганча хари устига сақраб чиқдим, аскарларга қараб: «Биродарлар, орқамдан олға!» деб қичқирганимча душман тўдаси жойлашиб олган уйга қараб югурдим, улар тезда бу ерни тарк этиб, орқага чекинишди. Шу пайтдаги барча хатти-ҳаракатларим, кечинмаларимни ақлимда чамалаб кўраман, дастлабки ишим — уй олдига эсон-омон етиб олгач, деразалар оралиғидаги деворга қапишиб олдим, қочишга шайланган душман дўлдек ўқ ёғдирарди, ўқ тегмайдиган жойда эдим; мендан кейин ўлимни бўйнига олиб чопиб келган Назаров ҳам шундай қилди, аммо орқамиздан эргашган аскарларнинг кўпчилиги шу ерда макон топди; баъзилари тил тортмай ўлди, кўпчилиги яраланди, таъқибга қизиқиб, илгарилаб кетганларнинг аксарияти душман қўлига тушди, уларнинг калласини кесиб, ўзлари билан олиб кетишди.

Ёш акарларнинг бири мени майиб қилиб қўйишига сал қолди; бошига ўқ тегиб устимга шундай гурсиллаб қуладики, пальтом бошдан-оёқ қонга беланди. У хириллаб ётарди, бир чеккага олиб чиқишим биланоқ ўлиб қолди. «Нега бизни бу ёққа бошладинг?» дегандек таънага тўла аянчли нигоҳ ташладики! Ўлаётган одамнинг бундай қарашларини бир умр унутиб бўладими?!

Ёдимда бор, 1 май куни Самарқанд остонасида — Чўпон отада бўлиб ўтган ва шаҳарни забт этиш билан якунланган биринчи жангдан кейин генерал Кауфман яраланганларни кўргани борган эди, у бошидан жароҳатланган, шифокорларнинг хулосасига кўра ўлиши муқаррар бўлган ёш зобитга яқинлашди. Генералнинг меҳрибонлик ва ёқимтойлик билан берган барча саволларига ярадор оҳиста, бамаъни ва хушмуомала жавоб қайтарганини эшитиб турдим. Кауфман асосий иш қилингани, душман мағлуб бўлиб, шаҳар ишғол этилгани ҳақида гапира бошлаган эди, бемор ҳеч қандай жавоб бермади, аммо шундай тикилдики, нигоҳида қанчалик алам, нафрат яширин эди!

Душман чекинганига қарамай, ҳали кетмаган, ўқ узиб бизни безовта қилиб турарди, Назаровни ҳужумга ўтишга кўндирдим: тўсиқдан сакраб ўтдик ва кучли «ура!» садолари остида рақибнинг ўнг қанотига қараб ташландик. Мен олдинда чопиб борардим, бахтимга орқамга бурилиб қарадим. Қарангки, ҳеч ким изимдан келмаётган эди, аскарлар қўй подасига ўхшаб бир жойда ғуж бўлиб олишган, «ура!» деб бақиришар, ўқ отишар, аммо жойидан қимирлашмасди. Назаровнинг дўппослашлари, аблаҳлар, қўрқоқлар деб сўкинишлари беҳуда кетди, менинг: «Биродарлар, орқамдан олға!» деб кучим борича қич-қиришларим беҳуда кетди — орқамдан ҳеч ким бормади; бутунлай томоғим бўғилиб, сабр-тоқатим тоқ бўлгандан кейин Назаровга мурожаат қилдим: «Боришмайди, Николай Николаевич, қайтишга буйруқ беринг!» Ноғорачи ҳордиққа чорлади, изимизга қайтишга мажбур бўлдик. Аскарлар нега боришдан воз кечишди? Биз оз эмас, юз эллик чоғлик эдик, душман ҳам нари борса икки юз киши атрофида, бунинг устига тўзғиб кетган, руҳсиз аҳволда эди, аниқ эсимда қолгани шуки, олдингилар ҳадеб орқага яширинишга уринишар, юзларига даҳшатли қўрқув ифодаси муҳрланиб қолганди, тўла ишонч билан айта олмайман-ку, аммо тахминимча, аскарларимиз ташқарига чиқиб, қалъадан узилиб қолишдан ва шаҳардаги беҳисоб кўчалар, торкўчаларда адашиб, йўқ бўлиб кётишдан қаттиқ ҳадиксирашганди. Нима бўлганда ҳам душман улоқтириб ташланди, сўнгги ҳамламиз бежиз кетмади, шундан кейин биз томонга камроқ ўқ отиладиган бўлди.

Шу ерда айтиб ўтишим керакки, мен қўрқоқлик сифатида баҳолаётган бояги ҳолатни тушуниш ва авф этиш лозим, деб ҳисоблайман, сабаби ҳали бундан ҳам кучли хавф-хатарга дуч келишимиз мумкин эди. Баъзан шундай бўладики, «Кўнглим сезяпти, фалон нарса мана бундай бўлмасайди, деб қўрқяпман», сингари тахмин билан қийналиб, гапириб юрасан. Аслида, бутунлай бошқача бўлиб чиқади ва бояги ҳолатни унутиб юборасан. Ёш зобитлардан бири тўсиқ ортида томлардан ёғилаётган ўқ ва тошлардан яшири-ниб ётганча, қўрқув босиб, қалтираб қолди. Олдига эмаклаб борганимда, қулоғимга шивирлади:

— Бугун мени ўлдиришади, сезиб турибман.

— Бемаъни гапларни қўйсангиз-чи!—- жеркиб бердим мен.

— Ишонмаяпсизми? Мана, ҳали кўрасиз…

Мунозара қилиб ўтиришга фурсат йўқ эди, лекин у охирги сўзларни қанчалик ишонч билан айтаётганига ҳайрон қолганим эсимда.

— «Бечора». Хаёлимдан шу фикр ўтди. Бундай кераксиз туйғу қандай қилиб кўнгли-дан шу қадар мустаҳкам жой олди экан? Хўш, кейин нима бўлди дейсизми? У соппа-соғ қолди, ҳатто яраланмади ҳам.

Жанглар пайтида биз анчагина одамимизни йўқотдик. Кейинчалик ўзим икки арава мурдани саржин қилиб тахладим. Баъзилари таёқдек қотиб қолган, бошқаларининг оғзидан пуфакчалар ҳамон чиқиб турарди, бу жанг олдидан бир қадаҳ ортиқча арақ ичганидан нишона эди. Шу пайт негадир замбарагимиз ўқ отмаётганини сезиб қолдик. Назаров суриштириб кўрди, маълум бўлишича, ҳар доим ўз бурчини аъло даражада адо этиб келган тўпчи ғалабани эртароқ нишонлаб қўйган экан; у бир неча қадаҳни ортиқроқ отиб олиб, ширакайфлик билан гранатани қувурга шундай жойлаштирибдики, уни на отиб, на олиб бўларди! Вақтихушлик билан тарқалишдик. Ҳаммамиз шунчалик толиққан эдикки, ҳатто ўлган ва яраланганларни йиғиштириб олишга ҳам ҳафсаламиз келмади.

Калласи кесиб олинган бир неча мурда қараб бўлмайдиган ҳолатда эди, аввал айтганимдек, ўлжадан қуруқ қолмаслик учун улар елкадан жуда чуқур кесиб олинганди. Аскарлар мурдалар атрофида уймалашиб, марҳум «Сидоров ёки Фёдоров» эканини аниқлашарди, фақат жасаддаги айрим нозик белгиларга кўра ҳамюртлари биттасини зўрға танишди. Маълумки, душманнинг ҳар бир кесилган боши учун, асосан қимматбаҳо тўн билан тақдирлашади, бу одат фақат Ўрта Осиёдагина эмас, Европадаги турклар, албанлар, черногорликлар ва бошқаларда ҳам мавжуд. Бу нарса менинг суратларимдан бири учун мавзу бўлди, унда ўлдирилган душманнинг бошини қопга солиш манзарасини акс эттирдим.

Ўша ҳамла пайтида бир ўқ бошимдаги шапкани учириб туширди, иккинчиси кўкрагимда турган милтиқ дастасини пачақлади — бир мўъжиза билан омон қолдим. Кейинги кунларда зобитлик фуражкамнинг оқ ғилофини кийиб юрдим, у ҳозир ҳам буюмларим орасида сақланади. Назаров зиён-заҳматсиз чиқди. Бу одамда қандайдир фавқулод-да жасорат бор эдики, аскарлар тилида у бебош жасорат деб аталади. Ҳужум чоғида рақибларимиз анча ичкарига кириб боришган, ҳатто дарвозага туташган уйлардан бирининг пештоқига,— нималардир ёзилган, назаримда Оллоҳнинг номи бўлса керак,— катта қизил байроқ тикиб кетишган эди, қарама-қарши кўчадаги уйлардан ҳамон ўқ узиб туришгани учун уни олиб ташлаш қийин эди. Бутун қалъа аҳлини иснодга қолдирган бу байроқни ечиб тушишга аҳд қилдим, Николай Николаевич билан маслаҳатлашиб олгач, ён-атрофга ўқ ёғилиб турганига қарамай, бу вазифани муваффақият билан адо этдим. Қўлга туширган ўлжамни дастасидан баланд тутган ҳолда тантанали равишда отахон командиримизга, яъни Назаровга топширдим. У нима қилди денг? Қутволга бердими? Сафар черкови остонасига қўйдими?—Йўқ, мени танг қолдирганча, байроқни пайтава қилиш учун аскарларга ошириб юборди. Кейинроқ Кауфман чодири атрофига қўйилган байроқ ва нишонларни кўздан кечиргач, меники улардан кўра каттароқ ва чиройлироқ эканига ишонч ҳосил қилдим. Бундан ҳам аянчлиси шу бўлдики, отимни зўрға қидириб топдим, уни арқонлаб қўйишибди, мен ватан учун қон тўкиб юрган пайтимда ёрдамга ҳайдаб келинган казаклардан бири юганни шилйб кетибди. Тан оламанки, бунақасини кутмаган эдим!

— Василий Васильевич,— мени чақирди Назаров ҳамма иш саранжом бўлгач,— юринг, нордон нарсалардан тамадди қилволайлиқ.

Сарой ҳовлисига кириб борганимизда, ҳамма миннатдорчилиқ билдириш учун ёпирилди, жуҳудлар, татарлар, форсларни қўяверинг, ҳатто ярадорлар ҳам эмаклаб келиб Назаровни табриклашди. Даҳшатли отишмаю қичқириқларни эшитиб жим ўтириш ва ҳар дақиқада тўғон ёрилиб, ҳаммаёқни сел босиши мумкинлигини ҳис қилиб туриш қанчалик оғирлигини англадим. Биздан кўра, четдагиларга қийин бўлгани аниқ.

Таниш савдогарлар эса нақ бўйнимизга осилиб, шу пайтгача бунақанги отишма ва урҳо-ур бўлмаганию ҳар дақиқа биз учун тоат-ибодат қилиб туришганини тан олишди.

— Яраландингизми?— деб сўрашди пальтомдаги қон доғларини кўриб, қўшним мени қандай қилиб қонга бўяганини айтиб беришимга тўғри келди.

Оёғимни кўздан кечириб, суякдаги кичкина жароҳатдан анча-мунча қон кетганини сездим. Меҳрибон Трубчанинов ваҳимага тушиб, докторга боришга ундади, аммо на кўйлагим, на шим, на ич кийимларим йиртилмаган, оддий лат ейиш эканлиги шундоқ кўриниб турарди, тош тегиб яраландим, деб юришнинг ўзи уят эди. Спуженкони кўргани кирдик. У бизни танигандек бўлди, аммо гапиролмади. Ёнидагиларнинг айтишича, у оғ-риқдан қаттиқ қийналарди. Бир кундан кейин ўлганини эшитдик. Дарвоза олдига қайта-ётиб, бир неча зобитга дуч келдик, улар жанг тафсилотларини билгани келишибди, қан-дай олишганим, жонимни жабборга бериб ҳаракат қилганимни орқаваротдан эшитиш-ган экан, мени самимий қутлашди.

— Биринчи мукофот сизники, Василий Васильевич,— деди Б- мени хурсанд бўлади, деб ўйлаб. Аммо бунга қатъиян қарши чиқдим, сабаби, тан оламанки, бундай олқишлар гарчи шуҳратпарастлик сари етакласада, у барибир табиий нафрат туйғуларига йўғрилиб кетади, сабаби, ҳаётимнинг энг яхши дақиқалари саналадиган мана шу икки кунни энг юксак дўстлик, самимий қардошлик руҳида ўтказдик, ҳаммамиз бир жону бир тан бўлиб ягона мақсад — қалъани сақлаб қолиш учун курашдик. Мен яхши эслайман ва астойдил айтаманки, жанг пайтида қандайдир мукофот олишни хаёлимга ҳам келтирмаганман, энди дабдурустдан ким қандай хизмат қилгани-ю, ким нима олиши (олармикин?) мумкинлигини ҳисоблай бошлашибди. Биродарлар! Шафқат қилинглар… Диққатим ошиб, милтиғимни олдим-да, «қуён»ларни отиш учун, йўқ, йўқ, ўқлар остида сайр қилиш учун дарвоза тепасидаги минорага қараб кетдим.

Кечга яқин биздаги аҳволни билгани бошқа дарвозалар олдидан икки зобит келди. Осойишталик ҳукм сураётгани учун уларни дарвоза ортидаги «хиёбон»га, яъни мурда-лар қалашиб ётган кўчага таклиф қилдим. Қўлларидан ушлаб тўсиқдан ташқарига олиб ўтдим; Назаров, Черкасов ва бошқа зобитлар, бизга ҳамроҳ бўлишди. Очиғини айтсам, ҳозирги сукунат юракни сиқиб юборадиган даражада оғир эди, яқин жойда ит ҳурар, ёниб тамом бўлаётган уйларда олов чирсилларди; мендан бир газ наридаги қум уюми-га шипиллаб теккан ўқ бизни кузатиб туришганини англатса, яқинлашиб келаётган овоз-лар вақт ғаниматда жуфтакни уриш лозимлигини билдирарди, бунинг устига қуроллан-маган эдик. Қоронғи тушгандан кейин Назаров бизни яна ҳамлага бошлаб борди: девор ёнидаги уйларнинг ҳаммасини ёндириб, бу гал анчагина узоққа, дастлаб манзил қилга-нимиз бурчаккача бордик, ёнғин шуъласи қаҳрамонлигимизни қамал қилувчиларга билдирадиган даражага етгандан кейин биронта одамимизни ҳам йўқотмай, қочиб қолишни маъқул кўрдик.

Назаров бутал ҳам туфлида экан, оёғини куйдириб олишига сал қолди, нима ҳам дейсиз, тарки одат — амри маҳол экан-да!

Навбатдаги — учинчи кунда отишмалар гоҳ зўрайиб, гоҳ камайиб турса-да, қалъага кучли ҳужум бўлмади. Назаров девор бўйлаб кетган иккинчи кўчадаги уйларни ҳам ёндириб юбориш учун шаҳар ичкарисига ҳамла уюштирди, бу оддий хавфсизлик учун зарур бўлиб, бош қўмондон уни анча илгари амалга ошириши керак эди, табиийки, у азбаройи оқкўнгиллиги туфайли ҳамда аҳолига ортиқча зарар етказмасликни ўйлаб бун-дай қилмаганди — оқибатда анча одамимиз қирилди, бунинг устига, қалъадан ажрали-шимизга сал қолди, мабодо енгилганимизда бутун Ўрта Осиё халқи қўзғалиб кетган бўларди. Агар қалъа атрофи вақтида тозаланиб, хавфсизлик сарҳади вужудга келтирил-ганда, ҳужум бўлган тақдирда ҳам ишимиз ҳозиргига қараганда беш баравар осон ке-чарди. ..

Ҳамлага шайланган отрядимиз бир қисм аскар ва зобитни Бухоро дарвозасида қолдириб, Жиззах дарвозасига йўл олди. Замбаракдан ўқ узилгандан кейин ялписига «ура»! деб қичқирганимиз заҳоти Назаров мушукдек эпчиллик билан деворга тирмашди. Мен уни тезда қувиб етдим, олдинга чопиб ўтдим ва биринчи кўча муюлишига борга-нимдан кейин, дўкон олдида тўхтаб шерикларимни чақирдим: тўзғиб кетган бир тўда оломон кўз олдимда қочиб борарди, баъзилари орқасига ўгирилиб ўқ узишар, кўпчилигида милтиқ ҳам йўқ, қўлларидаги батик[10] ёки қилич билан ўзларини ҳимоя қилишарди. Шу ерда бир кўнгилсиз иш бўлиб ўтди: «ура!» деб қичқирганча кўча бўйлаб чопиб борардик, мен ҳаммадан олдинда эдим, қочаётган икки сартни қувишга берилиб кетиб кўчанинг ўнг юзига ўтдим, улар ҳам ўнг томонда эди, изма-из чопавердим. Олдиндагиси дарвозага кириб улгурди, орқадагисига етиб олдим, у бурчакка қапишган ҳолда калтагини шай қилиб, мени пойлаб турарди, зарб билан найза санчдим, аммо пахталик тўни қалин экан, бунинг устига у жон-жаҳди билан найзага чанг солиб, ҳамлани қайтарди, ўз навбатида қўлидаги калтаги билэн тушириб қолди. Ёқа бўғишиб, олиша кетдик. Бошига мушт туширишдан бошқа чора тополмадим, чангалимда уйларни ёқишга мўлжалланган гугурт бор эди, у аланга олиб, қўлимни куйдирди. Бундай уқувсизларча олишаётганимни кўрган рақибим, (у соқоли оқара бошлаган бақувват киши эди) қўлидаги қуролини ташлаб, меникини тортиб олишга урина бошлади, бахтга қарши дарвоза ортига яширинган сарт ҳам қайтадан мўралаб, бурнини чиқариб қолди. Ҳозир мени ўлдиришларига эқлим етди, атрофда ҳеч ким йўқ эди, кучим борича: «Биродарлар, қутқаринглар!» деб қич-қира бошладим, ёрдам келишига ишонмагандим, эммо эскарлар эшитишибди: биттаси чопиб келиб қолди, қўлида милтиқ, қулочкашлаб урди, аммо сарт бу гал ҳам жон-жаҳди билан ёпишиб, найзадан омон қолди, шунда солдат яна санчди, бу сафар найза ўз кучини кўрсатди— рақибим букчайиб қолди. Мен аскарга чин дилдан миннатдорчилик билдирдим ва қутқаргани учун 10 сўм ваъда қилдим. Аммо бу сабоқ кўзимни очмаган экан, аскарлар орқасидан югуриб бориб, иккинчи марта олдинга ўтиб кетдим. Узлуксиз «ура» садолари остида сийраклашиб қолган душманни таъқиб қилар эканмиз, бир нечтаси дўконга кириб олганини кўрдим, яна шерикларимдзн ўзиб кетиб, уларнинг орқасидан ўзимни урдим. Кўпчилик бўлиб менга ташланишди, биттаси нима биландир туширди, бошқалари милтиғимни тортқилашарди. Тан оламанки, биродарлар, милтиқни олдириб қўйсам шарманда бўламан, деб ўйладим. Тағин аскарлар жонимга ора тушди, ҳэммаси-ни найзагэ санчиб, мени қутқариб қолишди. Вақти-вақти билан тўхтаб, бордонларни ёқиб бордик: тез орада бутун кўча аланга билан қопланди, қаердан ўтган бўлсак, орқамиздан қорэ тутун бурқсиб кўтариларди.

Ҳэммзёқ дўконга тўла бўлса ҳам эскарлар ўзларини тийиб боришди, талончилик қилиш хаёлда ҳам йўқ эди, ўлдиришга келганда-ку, элбэттэ, кимки дуч келса ҳаммасини ўлдириб кетаверишди, аммо ортиқча шафқатсизликка йўл қўйилмади. Бир марта кўриб қолдим, эскарлардан бири чўзилиб ётган ўликнинг кўзига найза санчди ва шундай торт-қилаб ағдардиқи, ҳатто қирсиллаган овоз чиқиб кетди, мен: «Нима қилаяпсан, ўзи», дейишга оғиз жуфтлаган ҳам эдимки, Назаров унинг башарасига шарақ этказиб тарсаки солиб юборди: «Ҳой аблаҳ, ўликкаям тегасанми!» Шу тахлитда Бухоро дарвозасигача етиб бордик, икки-уч кишигина сафдан чиқди, улар ҳам яраланган эди, холос.

Қайтиб келсак, бизни қутвол бир неча зобит билан кутиб турган экан, Назаров жудэ оз одам билэн таваккал қилиб ҳужумга ўтди, деган хабарни эшитиб, қаттиқ қўрқиб кетибди, талафот кўрмагзнимизни билгандан кейингина у тинчланди. Биз сафга тизилдик, мен ўнг қанотдэ турдим; Штемпель таъсирли иборалар билан ҳужумларни қайтарганимиз ва дадил ҳамла уюштирганимиз учун миннатдорчилик билдирди, шаънимга айтилғон бир неча жуфт мақтов сўзларини йиғидан ўзимни зўрға тийган ҳолда тўлқинланиб эшитдим.

Маълум бўлишича, шоввоз Штемпелга: «Назэров одамларни роса маст қилиб улар билан шаҳарга қочиб кетди», деб уни ишонтиришгэн экан — у ноқулай эҳволда қолди ва бундан қутулишнинг тўғри йўлини топди. Боз устига, минг эшитгандан бир кўрган яхши деганларидек, истиқболимизга чиқиб ҳамма шубҳаю гумонга чек қўядиган иш қилди.

Менинг олишувларим ҳақида роса ҳэзил-ҳузул гэплар тарқалди. Биринчи гал-дагисини «халоскорим» бичиб-тўқирди, кейин етиб келганлар бу тўқнашувни кўролмай қолишганди. «Кимдир «Қутқаринглар!» деб бақираётганини эшитиб қолдим,— дер эди у.— Ғизиллаб борсам, Взсилий Васильевич, рангида қон қолмапти, нақ ажалнинг ўзи дейсиз! Кекса бир сарт билан олишиб ётипти…» Иккинчи «ҳодиса» катта кўчада, ҳамманинг кўз ўнгида юз берган эди, уни кўрган зобитлар кейинчалик: «Василий Вэсильевич, нима гап ўзи, дўконга таклиф қилишувдими?» ёки «Василий Васильевич, милтиғингизни тортиб олишларига сал қолди дейишади, шу гап ростми?» қабилида тегажоқлик қилиб кулиб юришди… Тан олэмэнки, мени бошқа нарса худди ваҳимали тушдек қаттиқ азобга соларди, буни бошқаларга билдирмасдим, албэтта. Нега револьверимни ишлатмадим ўшанда? Чўнтагимдэ кичикроқ бўлса-да, «Смит и Вессон» бор эди, калибри унчалик эмасди-ку, аммо яқин масофадан отилса одамни ўлдиришга кифоя қиларди. Нимэ учун уни ишлатмэдим? Жавоби осон, уни унутиб қўйган эдим. Кейинчалик ҳам, гоҳо кундузи, гоҳо уйқуга ётганимда ё беҳос уйғониб кетганимдэ эна шу пайтдаги хатти-ҳаракатларимни кўп марта таҳлил қилиб чиқдим, хаёлимдз ўша олишувни жонлантириб кўрдим ва револьверимдан икки, ҳатто уч бор ўқ уздим ёки худди аскар қилгэни каби душман қўлидан найзани тортиб олиб, қайтадан санчиб, ич-ичигача киргаздим… Ҳар ҳолда, буни эскаргина эплай оларди, деб таскин берардим ўзимга, сабаби, мен рақибнинг калтак тутган қўлини ушлаб тургандим. Нима бўлганда ҳам эпсизлигимни кечиролмай юрдим, фақат яқиндагина бир ишонч туфайли тасалли топдим, энг оддий нарсани амалга оширишдан қийини йўқ экан…

IV

Ҳаво исиб кетди. Хотираларимни қайд этиб ббрадиган дафтарларим ҳозир қўлимда йўқлиги учун ойнинг қайси куни эканини аниқ айтолмайман, аммо майнинг охирлари эди, қуёш аёвсиз қиздирарди, дарвозамиз атрофида ётган мурдалар бадбўй ҳид тарқата бошлади, чидашдан ўзга илож йўқ, узлуксиз ҳужум қилиб туришгани учун девордан ташқарига чиқиб бўлмасди — ортиқча қурбон беришни хоҳламасдик. Салгина осойишталик бошлангач, Назаров ўликларни йиғиштириб олиш учун ташқарига чиқишга қарор қилди, бу кўнгилсиз иш билан банд бўлган чоғимизда алоҳида бир гуруҳ бизни қўриқлаб турди, мурдалардан чиқаётган ҳиддан қаттиқ жирканишимга қарамай, асосий хизматни тағин ўз зиммамга олишимга тўғри келди. Ишонасизми, ҳеч ким бетлаб боролмасди, аскарларнинг ҳаммаси қусиб юбораверди. Черкасов-ку амаллаб буйруқ қилиб турди, лекин қадрли Воронец бир неча уринишдан кейин кўзлари қизариб, зўрға бир чеккага чиқиб олди. Илож йўқ, мен илинадиган жойларга найзасанчиб, мурдаларни судраб йўл четидаги катта ариқ, яъни зовурга ташлаб келавердим. Шундоқ девор ёнида даҳшатли илк ҳужум чоғидаёқ ўқ еган бўз от чўзилиб ётарди, афтидан эгаси бошлиқлардан бўлса керак, мана шу бақувват тулпорни ўйнатиб, олдинги сафда келаётганида ўққа учганини кўргандим, уни шу заҳотиёқ суяб олиб кетишди, ўлик отнинг эса, мана энди яқинига йўлаш ҳам қийин бўлиб турибди. Уни жойидан қўзғатганимизда ириб ётгани учун бўғим-бўғимидан титилиб кетди — бу манзарани тасвирлашнинг ўзи машаққат — ҳаммамиз ўқчий бошладик, баъзилар икки букилиб, баъзилар эмаклаб чекка-чеккага қочди —сассиғига туриб бўлмасди! Ахийри, қатъий буйруқлар таъсирида инсофли одамлар чиқиб, отнинг сочилган лош-лушини йиғиштириб, бир чеккага олиб кетишди.

Қайд қилишим керакки, аскарлар орасида яққол кўриниб турган хавф-хатарга тикка бораверадигани кам топиларди, аммо ажойиб, ботир йигитлар бор эди. Масалан, бақувват, каллахум малла Иванов буюрилган ҳар қандай топшириқни тап тортмасдан бажарарди. У қўрқувни писанд қилмасди. Ичида нима борлигини билмайман-у, сиртдан қараган-да у ўта ялқовга ўхшаб кўринар эди. Самарқанддаги жангу жадаллардан омон чиқди, аммо, кейинчалик менга айтишларича, босқинлардан бирида ўққа учибди. Мана шу паҳлавон йигитнинг ношудлиги оқибатида минорага ўқ отиш учун чиққан 10—20 чоғли одам ўлиб кетишимизга оз қолди. Қамал қилаётганлар девор остида қандайдир ишга зўр беришаётган эди, лаҳм кавлаётган бўлишса керак, деб ўйладик, бунинг устига пойлоқчилар ҳам қўйиб қўйишганди, ҳамла уюштириб, одамларимизни хавф остида қолдиргандан кўра, қўл гранаталари билан саранжомлаб қўя қолишни мўлжалладик. Бу ишни Иванов қойиллатмоқчи бўлди, у баландликка ўрнатилган харига осилганча ўртоқлари билан шивирлашиб, сўкиниб гаплаша бошлади. «Нега қараб турибсан, узат!», «Ма, ол, тағин сал баландроқ чиқ!» «Баландинг нимаси, керак бўлса ўзинг чиқ, ҳали ташқариниям хоҳлаб қоларсан!» Ниҳоят, у қўлига гранатани олди, қулочкашлаб улоқтираман деганда, фало-кат босиб, нақ ўртамизга тушириб юборса бўладими!.. Ҳамма, шу жумладан мен, қўр-қувдан донг қотиб қолдик, сўнг аҳвол чатоқлигини сезиб, қуёндек сакраб чиқар эканман, қичқирдим: «Қочинглар, биродарлар!» Ҳаммамиз, шу қатори Иванов ҳам, қочиб улгурдик, даҳшатли портлаш эшитилди, у тор жойда ёрилгани учун бир дунё ғишт ва тошларни устимизга ёғдирди. Ивановнинг ўртоқларига баҳона топилди денг. Эртадан-кечгача уни мазах қилишарди: «Ҳаммамизни шу ерда ўлдириб қўйганингда нима бўлар-ди, а, Ивануф? Йўқ, ҳаммасиям майли-ю, Василий Васильевични саранжомлаб қўяй деганини айтмайсанми?» Иванов хижолатдан ўзини қўйишга жой тополмас эди. Доим ёнига тушардим: «Бўлди-да энди, ўтган ишга салавот, ҳадеб хафа қилаверасизларми?» Аммо ҳазилкашлар ўрни келиши биланоқ тегажоқликни бошлашарди: «Қани, Ивануф, қандай қилиб бизни портлатиб юбормоқчи бўлдинг, айтиб бер-чи!»

Қамалнинг биринчи куниёқ қутвол ерлилардан бирини генерал Кауфманга чопар қилиб юборган экан, у қандай қилиб бўлмасин бизга жавоб олиб келишга ваъда берипти. Топшириқни бажаргани эвазига бу йигитга 100 сўм пул ҳамда қўшимча имтиёзлар ваъда қилинган экан, ундан дарак бўлмагач, ўлдиришгандир, деб ўйладик, дарҳақиқат, шундай бўлиб чиқди. Ҳар куни майор Серов катта мукофотлар эвазига ишончли кишиларни изларди, бизнинг ночор аҳволимизни бош қўмондонга етказишни зиммасига олувчилар кўпайиб кетди. Қутвол немис тилида қисқагина хат битиб, ҳужумлар тўхтамаётгани, тоза сув, туз етишмай қолаётгани, ўлган ва ярадорлар кўплигини, хуллас, аҳвол оғирлигини маълум қилганди… Жавоб йўқ эди! Кейинроқ эшитдимки, кучли ҳужумдан сўнг, яъни иккинчи куниёқ қутвол ҳарбий кенгаш чақирган экан, унда охирги имконият қолгунча курашамиз, м.абодо мағлуб бўлсак, яъни қалъага ёриб киришса, ҳаммани амир саройига тўплаб, охирги нафасгача ҳимояланамиз, кейин эса бинони портлатиб юборамиз деган қарорга келишибди. Шунисигаям раҳмат!.. Назаров эса, менга айтишларича, бунга кўнмапти, агар қалъани топширишга тўғри келса, гарнизоннинг қолган-қутган кучлари билан ёриб ўтиб, асосий отрядга етиб олишни таклиф қилипти. Мулоҳазаси инобатга олинмаган бўлса-да, кейинроқ менга вазият тақозо этса, барибир шундоқ қиламан, яъни таваккал қилиб, ўзим ёриб ўтаман, деб гапириб юрди. Штемпелга келганда, бу заиф, ажин босган, ёқимтой, камгап рус немиси, аслида немис тилини зўр-базўр гапирар-ди, буйруқни беками-кўст адо этиб, бизларни аввало ҳавога тўзғитиб, сўнгра ҳеч ким қайтиб келмайдиган маконга жўнатиб юборишдан тап тортмаган бўларди.

Биз, ёшлар, ҳали ҳеч нарсани билмасдик, командирларимиз шунчалик қонхўр қарор чиқариб қўйгани хаёлимизга ҳам келмасди. Учинчи кунда, Серовнинг айғоқчилари етказган маълумотга кўра, генерал Кауфман бизни қутқариш учун келаяпти, деган гап тарқалди, қутвол кўнглимизни кўтариш учун бу хабарни бутун гарнизонга эшиттириб чиқди, аммо бунга тўла ишониб бўлмасди. Кейинчалик билдикки, юқоридаги маълумотларни Кауфманга элтаётган йигитларнинг биронтаси ҳам унинг ҳузурига ета олмапти; уларнинг ҳаммасини йўлда тутиб олиб, сўйиб юборишибди. Пиёда ҳолда, яшириниб, эмаклаб кетаётганлар ҳам омон қолмабди. Генерал эса Зирабулоқ атрофида амир қўшинини енггандан кейин ҳужумни тўхтатган экан, бу хабар одатдагидек шамол тезлигида тарқалиб, Самарқандни қамал қилаётган довюракларнинг шаҳдини анча бўшаштириб қўйибди.

Амир тор-мор этилгач, Кауфман ҳарбий кенгаш чақириб, олға юрамизми ёки қайтамизми деган масалани муҳокамага қўяди. Менинг қадрдоним, генерал Гейнс тўхтовсиз Бухорога юриш, уни кунпая-кун қилиб, шу ерда амир билан сулҳ тузишни маслаҳат беради; генерал Головачёв қарши фикр билдиради; у Самарқанддан хабар келмаётганига диққатни тортади, шаҳарда қўзғолон кўтарилиб, айрим миш-мишларга қараганда қалъа қамал қилинган ёки шаҳрисабзликлар кўмагида забт этилган бўлса керак, дейди. Биздан хабар йўқлигидан қаттиқ хавотирга тушаётган генерал Кауфман ҳам кейинги мулоҳазага қўшилади, шундай қилиб биз қутулиб қолдик, отряд Бухорога юрганда, қалъани ушлаб туролмаслигимиз аниқ эди. Мисол учун, шахсан ўзим, жасур ва толмас ҳимоячилардан бири сифатида дадил айта оламанки, чарчаганимни сеза бошлагандим: иккинчи кунги кучли ҳужумдан кейин мутлақо самимий ҳолда ўзимга-ўзим агар аҳвол мана шундай давом этса, «кучимиз етадими-йўқми?» деб савол берган ва «даргумон» деб жавоб қайтарган эдим.

Худо бечораларни ўз паноҳида асрайди, Дейишади. Г.ларнинг бири жуда ақлли, истеъдодли эди, иккинчи Г. эса ботир бўлса-да, қобилияти ёрқин сезилмасди, қарангки, биринчиси янглишганди, иккинчиси эса вазиятни тўғри баҳолади, бунинг учун раҳмат, энг муҳими, уни тангри ёрлақасин, у яқинда қора-юришлардан бирида ҳалок бўлди.

Асосий отряд ёрдамга келаяпти, деган хабарни эшитдик, аммо кунлар ўтса-да, ундан дарак йўқ эди. Одатдагидек, эртадан-кечгача отишма тўхтамасди, гоҳ у, гоҳ бу ёқ-дан ҳужумга ўтишарди-ю, аммо у илгаригидек шиддатли эмасди. Ҳужумчилар камайиб бораётганини кўриб турардик, кейин билсак, Шаҳрисабз қўшини Ярим подшоҳ ғазабидан қўрқиб, улар генерал-губернаторни шундай аташарди, кетиб қола бошлабди ва тез орада бутунлай ғойиб бўлибди.

Шу вақт ичида савдогарларимиз ҳам анча тетиклашиб қолишди, бир тўда бўлишиб, бирга истиқомат қиладиган таъминот бошлиғи ҳамроҳлигида девор устига чиқишди. Ҳайҳот! Шу заҳотиёқ отахон командир, таъминот бошлиғи ўқ еб ўлди, таъзирини еган бутун гуруҳ иккинчи дадиллик қилмайдиган бўлиб, уйга қараб жуфтакни ростлашди.

Биз бошқа ҳамлага чиқмай қўйдик, бусиз ҳам талафот кучли эди, қутвол таваккал қилишни маъқулламади, аммо девор яқинидаги уйларни ёндиришда давом этдик. Назаров отряд келиши кутилаётган Бухоро дарвозаси тарафдаги уйларни битта қолдирмай ёндириб чиқди, ўзининг тан олишича, шу йўл билан қўмондонга сафарга чиқишдан ол-дин қалъа хавфсизлигини таъминламаганини таъкидлаб кўрсатиб қўймоқчи экан.

Кўпдан-кўп фазилатларга эга бўлган Кауфман юксак даражадаги олижаноб инсон эканини ҳам айтиб ўтсак зарар қилмайди: Самарқанд забт этилганда аҳолига тирноқча озор етказмади, шунинг учун у қалъа атрофида яшайдиган ва бизга тўғридан-тўғри қаршилик кўрсатмаган беҳисоб одамларни хонавайрон қилишни хоҳламаган эди, албатта — қалъани мудофаага шайламасдан туриб, амирга қарши юриш бошлаганига сабаб шу эди.

Ғалламиз етарли эди, эслатиб ўтганимдек, туз камайиб борарди, гўштимиз ҳам кўп эди, аммо от ва молларга ем-хашак етишмай қолаётганди, ҳарбий ҳолат тақозосига кўра ўзимизча пичан ғамлашга киришдик. Девор тагидан қазилган лаҳмдан чиқиб, пойлоқчилик қилиб турардик, ўроқчи аскарларимиз чор атрофдаги боғлардан беда ўришарди, мўлжалдаги миқдорга етгач, ҳеч қандай зиён-заҳматсиз тичгина қалъага кириб олардик.

Тезда халос бўлишимизни кутиб ётганимизда артиллерия бошлиғи минорасидан ярадорларимизга қарата ўқ отилган мачитни вайрон қилмоқчи бўлипти. Мачитларга ишқибозлигимни билган савдогар Трубчанинов мени дараклаб келди:

— Василий Васильевич, сувоқларини кўчириб юборишади-ку!

У сувоқ деб мачитни бошдан-оёқ безаб турган ва мен ҳар доим завқланиб томоша қиладиган ганчларни айтаётган эди.

— Қаерда? Қандай қилиб?!

Мен М.нинг олдига югуриб бордим ва минорага заҳмат етказмасликка зўрға-зўрға кўндирдим, аммо бир неча ядро отишга улгуришган экан.

Қамалнинг бешинчи ёқи олтинчи куни, яхши эслолмайман, дарвоза олдида қоғоз силкитаётган бир одам кўринди. Назаров отманглар, деб тайинлади ва уни чақирди. Сер-соқоя, ўлимни писанд қилмайдиган баҳодир йигит экан, ўқталиб турган милтиқларимиз-дан тап тортмай мактубни олиб келди, ёзуви бошқача бўлгани учун Назаров менга уни қутволга етказишни буюрди. Мен қоғозни олиб, милтиғимни елкамга осдим-да, ўз из-затини билиб, мағрур турган элчини ҳайдаб кетдим; амир саройи бўсағасида ярадорла-римиз ва бошқа ҳар хил ҳарбий асбоб-анжомлар ётган эди, дастрўмол билан кўзини боғлар эканман, унга ерлилар[11] тилида:

— Қўрқма,— дедим.

— Ҳеч нарсадан қўрқмайман, — деб жавоб берди у.

Елкасидан ушлаган ҳолда, қутволнинг хонасигача етаклаб бордим ва боғични ечдим. Штемпель ҳузурида ерлилар[12] тилини яхши биладиган Серов ўтирган экан. У қоғозни қўлига олиб, кўз югуртиргач: оғзига олиб бўлмайдиган энг болохонадор сўзлар билан йигитни сўка бошлади, маълум бўлишича, у таслим бўлишга даъват этувчи мактуб олиб келган экан. «Қутулишингизга йўл йўқ,— деб ёзишганди қамал қилувчилар,— қалъани топширсанглар, соғ-саломат чиқариб юборамиз».

—- Бошқа керагим йўқми?!—сўрадим бошлиқлардан.

— Йўқ, кетишингиз мумкин.

Мен қайтиб келиб, таслим бўлишга даъват этишгани ва бу таклифдан жазавага туш-ган қутвол элчини ниҳоятда ёмон қаршилаганини ўзимизникиларга сўзлаб бердим.

Ёрдам келаяпти, деб эшитган ва ҳеч қандай дарак йўқлигини кўриб тоқати тоқ бўлган аскарлар орасида яна: «бу ерда қишлаймиз, шекилли, бизни унутиб юборишди», деган гаплар оралаб қолди. Ниҳоят, еттинчи куни, саҳар чоғида генерал ҳузурига эсон-омон етиб борган ёш бир йигит жавоб мактубини олиб келди. Уни нақ ҳаласкоримиз сифатида қаршиладик, чанг-тўзонга ботган, афти-башараси ифлос, иркит латта-путталарга ўранган бўлса-да у ҳамманинг кўзига оловдек кўринди. Бунинг устига, унинг ўзи ҳам қанчалик муҳим топшириқни адо этгани ва жасорати учун 300 сўм пул мукофоти ҳамда аскарларга бериладиган авлиё Георгий нишони билан (агар янглишмаган бўлсам) тақдирланганидан хабардор эди. «Бардам бўлинглар,—деб ёзган эди генерал Кауфман қутволга,—эртага мен олдингизда бўламан». Мактуб мазмуни билан танишганимиздан кейин қалъа бўйлаб шунақанги кучли «ура!» садолари жарангладики! Албатта, қўзғолончилар ютқизишаётганини англашди ва бир неча ғазабнок ўқ узишдан бошқа чора топишолмади, энди улар бизни жиддий ташвишга солмай қўйишганди. Маълум бўлишича, бояги йигитгина отрядга ўтиб олишга ва қайтиб келишга улгурган экан, қолган олтитасини йўлда ушлаб ўлдиришибди.

Отишмалар давом этиб турди, ҳатто кечаси тревога кўтарилди, қоронғида қисқа ҳужумга ўтиб кўришди, аммо, барибир, бизнинг жангномамиз охирига етган эди.

Шу тунда отряд шаҳардан салгина узоқда тунади, отишма овози эшитилиб турар, айниқса, замбараклар товуши генерал Кауфманни хавотирга солипти. Кейинчалик Г.нинг менга айтишича, қалъа қўлдан кетиб қолмасин, деб туни бўйи ухламай чиққан экан.

Кейинги куни Назаров ва бошқа зобитлар отрядни бирга кутиб олайлик, деб қисталанг қилишларига қулоқ солмай ҳужрага йўл олдим ва саккиз кун мобайнида биринчи марта тоза чойшаб устида ётиб, ухламоқчи бўлдим. Аммо бунинг уддасидан чиқолмадим, асаблар ҳамон таранг эди. Энди мудрай бошлаганимда хонамга Николай Николаевич Назаров бостириб кириб келди.

— Василий Васильевич! Менга янги батальон беришди, юринг, шаҳарни ёндирамиз!

— Йўқ, бормайман,— жавоб бердим мен.

— Наҳотки, бормасангиз?!

— Йўқ.

— Унда ёлғиз боравераман, майли Назаров Самарқандга ўт қўйди, деб ҳамма гапирсин!!!

Тез орада кўтарилган улкан қора тутун устуни Назаров ишга киришганидан дарак берди — каттакон бозор гуруллаб ёнар эди.

Олижаноб Кауфман кескин чоралар зарурлигини мутлақо англаган ҳолда атайлаб Самарқанддан бир неча чақирим узоқликда тунаган, бу билан кўп сонли аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар қочиб кетишига имкон қолдирган эди. Энди бўлса шаҳарни росманасига вайрон қилиш, ҳеч кимни ва ҳеч нарсани аяб ўтирмаслик тўғрисида шафқатсизларча буйруқ берганди.

Ўз ихтиёри билан жазоловчилар тўдасига қўшилган ҳарбий таъминотчи маъмурлардан бири менга сўзлаб берди: «Бир қанча аскарлар билан бир уйга бостириб кирдик, қариб қоқ суяк бўлиб кетган кампир бизни «Омон, омон!» деб қаршилади. Ўтирган чилтасининг остида бир нарса қимирлайди — қарасак, 16 ёшлардаги йигитча яширинган экан! Судраб чиқдик ва, албатта, бувисига қўшиб, найзага тортдик».

Аскарларга дўконларни талашга рухсат берилганди, у ёқдан нималарни олиб чиқишмади дейсиз! Улар ерлиларнинг бири-биридан чиройли ва нафис кийимларини кийиб, тақинчоқларини тақиб шундай ғалати кепатага тушишгандики, кўрган киши кулгидан ўзини сира тиёлмас эди. Бу ерда арзимаган бир-икки сўмга этнограф учун бутун бошли ҳазинага арзийдиган буюмларни сотиб олиш мумкин эди.

Ёнғин пайтида қанчадан-қанча мўъжизалар: кўҳна ёдгорликлар, ўймакор дарвоза-лар, устунлар ва бошқа нарсалар ёниб кетдики, эслашнинг ўзи даҳшат!

Назаров саккиз кунлик қамал чоғида бесаранжомлик келтирган кўҳна шаҳар билан ана шу тарзда ҳисоб-китоб қилиб, таскин топаётган эди: айниқса, у минорасидан туриб ярадорларимиз ва замбаракларимизга қараб ўт отилган Шердор мадрасасига бутун қаҳру ғазабини сочганди, «Лаънати мачитдагиларнинг ҳаммасини найзага санчдим», деб мақтанганди кейин у. Мана шу мачитда мен танийдиган мулла хизмат қиларди, гарчи бизга қарата машъум ўқ узилган пайтда у ҳам иштирок этган, деб зимдан тусмол қилсам-да, унинг тақдирига бефарқ қарай олмадим, Назаров билан қирғинда бирга қатнашган зобитларнинг биридан мачитда одам кўп эдими, деб сўрадим. «Йўқ, кўп эмасди,—деб жавоб берди у.

Лаънатилар қочиб қолишибди!» Енгил нафас олдим. «Фақат бир кекса муллага дуч келдик, ишонасизми, у худди мушукка ўхшаб қочиб, миноранинг учига чиқиб олди».

— Кейин-чи?

Кейинми? Албатта, найза санчиб улоқтириб юборишди.

— Уф!!

Генерал Кауфман кўз ўнгимда аниқ жонланиб турибди, шунча алғов-далғовдан кейин у ёнида қурол топилгани учун ушланган ёки бошқа нохуш ишларда гумонсираб қўлга олинган турли-туман одамларни саройда судлаб, жазога ҳукм қиларди. Зобитлар қуршовида сафар ўриндиғига ястаниб олган олижаноб Константин Петрович тўхтовсиз папирос чекар ва мутлақо шафқатсиз оҳангда: «Отиб ташлансин, отиб ташлансин, отиб ташлансин, отиб ташлансин!» деган гапни такрорларди, холос.

Шу ердан ўтиб кетаётиб, тасодифан бу манзарага кўзим тушиб қолди: маҳкумлар орасида сулҳ таклиф қилиб дарвозамиз олдига келган таниш элчи ҳам бор эди.

— Наҳотки уни ҳам отиб ташлашса,— сўрадим шу ерда турган генерал Г.дан,— бу одамни мард ва интизомли киши деб биламан.

— Константин Петровичга айтинг, — жавоб берди у. — Сиз учун қўйиб юборар. Генерал-губернаторга мурожаат қилишдан олдин қутволдан сўраш учун ўзимда

журъат топдим:

— Майор, нима учун элчига жазо берилаяпти ёдингизда бўлса, у ўзини жуда сипо тутган эди-ку?!

— Аксинча, у ниҳоятда сурбет эди, марҳамат қилиб, менга бошқа нарсаларни аниқлашда кўмаклашинг.

Кўрдимки, аралашувдан ҳеч қандай натижа йўқ, чекинишга мажбур бўлдим: битта кўп ўлди нима-ю, битта кам ўлди нима!..

Шу фурсат ичида элчига ҳам «отиб ташлансин!» деган машъум ҳукм ўқилди, у ҳамма гапни англаб турган бўлса керак, жиққа терга ботган эди. Саройдан чиқар экан, бечора сув сўради, унга сув беришди, у ичди, енги билан лабини артди ва «ҳеч қандай ғам-ғусса, нолаюзор» йўқ бўлган маконга қараб итоаткорлик билан юриб кета бошлади.

«Русская старина» ойномасининг 1888 йил 9-сонидан олинди

Ортиқбой Абдуллаев таржимаси.

«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 4-сон.


[1] Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори, босқинчи рус армиясининг бош қўмондони.
 
[2] Рассом бундай муҳташам уйларни аввал кўрмагани учун ҳатто уларнинг номини ҳам билмайди ва Кавказдагидек «Сакла» деб атайди. Зобит бундай атама Туркистон шаҳарларида умуман ишлатилмагани ҳақида ўйлаб ўтирмайди ҳам. (Махсус кўрсатилмаганидан бошқа барча изоҳлар таржимонники — Таҳририят).
 
[3] Шафқатсизлиги билан ном чиқарган чор зобити. Айниқса, Хива урушида, Қўқон хонлигини забт этишда «ўзини кўрсатган». Ёвмут туркманларини қатли ом этган чор қўшинларига қўмондонлик қилган.
 
[4] Русия ва овруполиклар Амир Темурни камситиб, ана шу таҳқирловчи ном билан атаганлар.
 
[5] Гап бу ерда рус қўшинларининг Бухорога ҳужумга отлангани ҳақида кетаяпти.
 
[6] Озиқ-овқат, қурол-яроғ ва бошқа нарсаларни элтадиган ҳамда почта ташийдиган махсус қисм.
 
[7] Бу ерда ҳам «сакла» дейилган.
 
[8] Бу афғон сурати чала ҳолда И. Н. Терешченко қўлида сақланмоқда — В. В.
 
[9] Матнда айнан шундай.
 
[10] Батик — учига темир зўлдир ва игна ўрнатилган калтак — В. В. Верешчагин изоҳи.
 
[11] Бу ерда ҳам «туземец» сўзи ишлатилган.
 
[12] Бу ерда ҳам, шундай.