Вали Мажидов. Ёшлар тарбияси — ҳаммамизнинг ишимиз (1989)

Ахлоқсизлик охирги йилларда жамият бошига тушган бир фалокат тусини олди. Жамиятимизда, айниқса ёшлар орасида кунданкунга авж олаётган ахлоқсизликнинг олди олинмаса, ёмон оқибатлар келиб чиқиши ва катта фалокатлар юз бериши муқаррар.

Сўнгги чорак аср давомида ёшлар орасида ахлоқ меъёрларининг бузилиш ҳоллари тез-тез учрайдиган бўлиб қолди. Ахлоқ мезонларига зид ҳар хил хатти-ҳаракатлар, аввало, ёшларнинг қарияларга бўлган муносабатларида намоён бўла бошлади. Бу хилдаги одобсизликларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Хусусан, шаҳар транспортларида бундай аҳвол доимо учраб туради. Ҳаммамизга маълумки, жумҳуриятимиз пойтахти транспортларида ҳаммавақт тиқилинч. Транспортга тушган қарияларга кўпинча ёшлар жой бўшатиб беришмайди. Ўтирган ёш йигит ёки қиз ўта ахлоқсиз бўлса, кўзини лўқ қилиб ўтираверади. Одобсиз, лекин озгина бўлса-да, уяти бори баҳона қилиб ё газета ёки китобга тикилиб ўтиради. Бечора қариялар транспорт қўзғалганда ёки дафъатан тўхтаганда йиқилиб тушгудек бўлиб, ғоят қийналиб манзилга етиб оладилар. Қарияларга иззат-ҳурмат кўрсатмаётган ёшларнинг кўпчилиги студентлар — бўлажак мутахассислар, зиёлилар. Бу, албатта, ачинарли ҳол.

Авваллари ахлоқ меъёрларининг ёшлар томонидан озгина бўлса-да бузилиш ҳоллари юз берганда катта ёшдагилар: «Энди ундай қилмангиз, яхши эмас, уят бўлади», деб хижолат чектирардилар ва бу кўпинча ижобий натижа берарди. Яхши насиҳатнинг самарадор шакллари қадим замонлардан бери ота-боболаримиздан қимматли мерос бўлиб қолган.

Ёшларимизнинг турлича ножўя хатти-ҳаракатларини кўриб, катта ёшдагилар ранжиб, хафа бўладилар. Лекин бу каби тарбиясизликларга чек қўйиш, уларнинг олдини олиш тўғрисида ўйламаймиз. Ваҳоланки, ёши улғайган кишиларга нисбатан ҳурматсизлик қилаётган ёшларнинг ахлоқсизлигини фақат жамоатчилик таъсири билангина тузатиш мумкин. Ёшлар ўзларининг тамизу фаросатлари билан катта ёшдагиларни иззат-ҳурмат қилмасалар, яъни упарнинг ахлоқий тушунчалар нима сабабдандир бунга етарли бўлмаса, уларга тушунтирмоқ, насиҳат қилмоқ зарур. Бу жамоатчиликнинг вазифасидир. Фикримизча, бундай маслаҳатларни кўпчилик ёшларимиз тўғри тушунадилар. Модомики, ахлоқ меъёрларини ҳимоя қилиш устида гап борар экан, ножўя хатти-ҳаракатларни кўра била туриб кўрмасликка олиш ҳоллари ахлоқий покликка путур етказишини алоҳида таъкидламоқ керак. Ёшларнинг тарбиясига эътибор бериш ҳамма катта ёшдагиларнинг масъул бурчидир.

Тобора тарқалиб бораётган ахлоқсизлик ва ҳаёсизликнинг шу даражада хунук шакллари учрамоқдаки, уларга бефарқ қарашнинг ўзи ахлоқий поклик мезонларига зиддир.

Ахир, трамвай ёки автобус бекатларида эркак ва аёллар, шу жумладан, қариялар олдида бир йигит бир қизни бағрига босиб, қучоқлаб ўпиб турса, ҳаёли одам у ёқда турсин, ҳаёсизни ҳам ранжитади, атрофдагилар мажбур бўлиб тескари қарайдилар. Ёки худди шундай шароитда кайфи бор бир қиз йигитнинг елкасига бошини қўйган ҳолда турганини ёки ўтирганини кўриб ҳайрон бўласиз. Мамлакатимизда ичкиликбозликка қарши кураш олиб борилаётган бир даврда кўча-кўйда қиз боланинг маст-аласт ҳолда юриши шармандалик-ку, ахир! Бундай ҳолларда уят, номус, ор, қизларга хос иффат қаёққа йўқолди, деб ачинади киши.

Ёшларимиз нега бунчалик одобсиз бўлиб қолдилар? Жамоатчилик нега кундан-кунга кучайиб кетаётган ахлоқсизликка бефарқ қараяпти? Порнографик ва видео фильмлар кўрсатиб, пул ишлаётган муттаҳамлар бизда ҳам учраётгани кўпчиликка маълум бўлса керак. Бундан икки йил муқаддам шаҳар истироҳат боғларининг бирида эркак билан аёлнинг бир-бирлари билан қучоқлашиб скамейкада ётганини кўрганим ҳали-ҳали эсимда. Бу хилдаги ёшлар ўртасида қандай қилиб ҳаққоний муҳаббат бўлиши мумкин. Уларда ўткинчи ҳирсий ҳиссиёт ва бир зумлик лаззат олиш хоҳишидан бошқа ҳеч гап йўқ, албатта. Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Тоҳир ва Зуҳролардаги каби чин муҳаббат деб аталадиган ва юракнинг қаърида жойлашган, йигитни ҳам, қизни ҳам бутун руҳи ва вужудини банд қилиб, ҳаётга севинч ва бахт бағишлайдиган, баъзан эса муддао ушалмаган ҳолларда қайғу-ҳасратларга сабабчи бўладиган ҳиссиётлар бор-ку ахир дунёда! Рус ва ғарб классик адабиётини ўқиганингизда ҳам эркаклар ва аёллар ўртасидаги муносабатлар ана шундай самимий муҳаббатга хос ҳис ва туйғулар билан уйғунлиги яққол кўриниб туради.

Одатда, бир-бирини чиндан севадиган ёшлар ҳатто қучоқлаш, ўпиш у ёқда турсин, ўз юрак сирларини гапириб, севги изҳор қилишга ҳам истиҳола қиладилар. Севишганларнинг қариндош-уруғлар, ёру биродарлар ва дўстлар иштирокида тўй-томошалар билан қовушмоқлари, аҳил бўлиб ширин ҳаёт кечиришлари, фарзандлар кўриб, уларни вояга етказиш, уйли-жойли қилиш, қолаверса, набираларни эркалаш каби ҳаётнинг ширин, кишига роҳат бағишлайдиган томонлари ўша чин муҳаббат билан чамбарчас боғлиқ бўлган орзу-ниятнинг ушалиши, унинг самарасидир.

Ҳар йили кўплаб ёш оилаларнинг ажралиб кетиш ҳоллари юз бермоқда. Оиланинг ажралиб кетиши фақат эру хотиннинг бахтсизлиги эмас, балки уларнинг ота-оналарига ҳам катта ташзишдир. Баъзан эса оила бузилиши оқибатида ёш болалар тирик етим бўлиб қолмоқдалар. Ёш оилаларнинг мустаҳкам бўлмаётгани, ёшларнинг ўзаро муносабатларининг ўта суюқлашиб кетгани уларнинг оилавий ҳаётга енгилтаклик билан юзаки қарашлари туфайлидир. Ёш оиланинг ажралиш сабаби билан қизиқиб кўрсангиз, кўпинча: «Характеримиз тўғри келмади», деган жавоб оласиз. Бундай жавоб аввало бу ёш эр-хотин ўртасида ҳеч қандай муҳаббат аломатлари йўқлигини кўрсатади. Фикримизча, ўша «характер» деб аталадиган хусусият бир-бирига мос бўлса, яъни йигит ва қиз бир-бирини тўғри тушуна билсагина ўртада муҳаббат ҳиссиёти пайдо бўлиб, аста-секин камолатга ета боради. Кейин эса фарзандларнинг пайдо бўлиши оилани мустаҳкам қила боради.

Оила, бола-чақа олдида жавобгарлик сезиш, уларга ғамхўрлик қилиш, улар олдидаги бурчини бажариш фақат ахлоқли, инсофли чин инсонларга хос фазилатдир. Ота-онанинг бойлиги, «хусусий машинаси борлиги» каби нарсаларнинг чин инсоний фазилатга ҳеч қандай алоқаси йўқдир.

Болаларнинг ахлоқий тарбияси боғчалардан бошланади. Тарбия иши яхши йўлга қўйилган мактаб ўқувчиларида ахлоқий тушунча ривожланиб бошқаларга ибрат бўладиган даражада одобнинг юксак фазилатлари пайдо бўла бошлайди. Боғчаларда, айниқса, мактабларда ёш ўсмирларни ахлоқли, инсофли қилиб, ота-оналарини, умуман, ўзидан катта ёшдагиларни иззат-ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, уларга программа доирасида билим беришдан ҳам муҳимроқдир. Чунки биронта фаннинг бир қисми камроқ ўргатилган бўлса, унинг чаласини кейин тўлғазиш мумкин. Аммо ёшлар ахлоқ меъёрлари талабига жавоб берадиган даражада тарбияланмасалар, кейин уни тузатиб бўлмайди.

Ўтган йили Тошкентда бузуқ аёлларни тўплаб, уларга тегишли шароит яратиб, кўчада саёқ санқиб юрган эркакларга қўшмачилик қилишни касб қилиб олган бир аёл устида шов-шув гап тарқалди. У аёлни қамоққа ҳам олишди. Кўп ўтмай у қамоқдан чиқариб юборилди. Ҳойнаҳой, у аёл ўз касбини келган жойидан давом эттираётган бўлса ажаб эмас. Шаҳарда тарқалган гапларга қараганда, у аёл бевосита жиноят қилмаган эмиш. Мен адлия ходими эмасман, аммо у аёлнинг қилмиши оқибатида қанчадан-қанча ёш қизлар бузилиб, ахлоқсизлик кўчасига кирганлари, жамиятимизга қанчалик маънавий зарар етгани жиноят эмасми? Эҳтимол, бундай жуда зарарли, кишилар нафратига сабаб бўладиган хатти-ҳаракатлар жиноят кодексида кўзда тутилмаган бўлса керак. Ундай ҳолда бунақа ахлоқий бузуқларни жамоатчилик муҳокамасига ташлаш керак.

1988 йил декабр ойида марказий телевидениедан ахлоқий бузилган ёшлар ҳақида махсус кинолавҳалар кўрсатилди. Кишини ҳайратга соладиган манзараларни кўриб, оиламиздагилар билан ўзаро фикр алмашиб, жуда қаттиқ изтироб чекдик. Наҳотки, ҳали она сути оғзидан кетмаган, балоғатга етмаган, энди 13—14 ёшга кирган қизлар ҳомиладор бўлсалар ёки захм, сўзак касалликларига йўлиқсалар?!

Аҳолининг, шу жумладан, ёшларнинг тарбияси билан ҳеч ким шуғулланмаяпти, десак инсофдан бўлмайди. Лекин одобсизлик, беҳаёлик камайиши ўрнига, аксинча, кўпайиб бормоқда, бу ёмон одатларнинг янги-янги хиллари намоён бўлмоқда.

Ёшлар тарбияси масаласи жуда мураккаб ва кўп қирралидир. Бу муаммо жиддий ва узлуксиз шуғулланишни талаб қилади. Мактабларда, ўқув юртларида ва бошқа муассаса-ташкилотларда шу вақтгача қилиб келинган тарбиявий ишлар талабга жавоб бермаяпти. Бу ҳаммамизга маълум. Демак, тарбия ишларининг янги усул-услублари ҳақида ўйлаб кўриш вақти келди. Мактаб ва оила ўртасидаги алоқа мустаҳкам ва доимий бўлиши, улар билан аниқ масалаларни ҳал қилишлари мақсадга мувофиқдир. Биронта ўқувчининг нотўғри ҳаракати ҳақида яхши ният билан ахборот берган ўқитувчига миннатдорчилик билдириш ўрнига ундан норози бўлиш ҳоллари учраб туради. Ўзингиз ўйлаб кўринг: интизомсизлик қилган ёки ножўя хатти-ҳаракатлар қила бошлаган бола ҳақида ота-онасига қайғуриб хабар қилган ўқитувчига ножўя сўзларни айтиш боланинг янада бузилишига ва оқибатда унинг ўқитувчига ҳам, ота-онасига ҳам бўйин эгмайдиган безори бўлишига олиб келмайдими?

Ҳамма маҳаллаларда ҳам ўқимайдиган ва ишламайдиган, кечалари санқиб юрадиган, папирос, наша чекиб, ичкилик ичиб, маст бўлиб, аҳоли тинчлигини бузадиган эл безорилари бор. Ана шу саёқ юрадиган ёшларни ота-оналари етарли назорат қилмайдилар. Кўп ўтмай у болалар итоатсиз бўлиб, ота-оналарининг гапларига қулоқ солмайдиган бўлиб қоладилар. Бундай болаларга маҳалла фаоллари ҳам бефарқ қарайдилар. Натижада бу болалар ҳар қандай жиноятдан қайтмайдилар. Безорилик ва ўғирликни касб қилиб оладилар.

Икки йил илгари Кўкча даҳасида шов-шув тарқалди. Кўкча Оқтепасида яшайдиган бир боланинг сочи ҳаддан ташқари ўсиб кетган экан. Бечора она фарзандининг шунчалик ажинага ўхшаш хунук қиёфасига кирганини кўриб, бир неча марта сочини сал калта қилишини сўраган. Бола эса қулоқ солмаган. Ниҳоят она боласи ухлаб ётганида унинг сочини қайчи билан салгина калта қилиб қўйган. Бола уйғониб тўполон қилган, онасини ҳақорат қилиб урган. Икки ҳафтада қайтадан ўсиб, ўз холига келадиган сочи учун бу оқпадар безори ўзини туғиб ўстирган, кечалари ухламай, кўкрак сути бериб катта қилган онасини ўзига ўхшаган одам қиёфасидаги бир йиртқич ҳайвон ўртоғи иккаласи ётқизиб, оғзига қайноқ сув қуйиб ўлдирган. Бу даҳшатли воқеа ҳаммани ларзага келтирди. Наҳотки инсон боласи ўз онасини ўлдирса!

Бундай воқеанинг содир бўлиши фавқулодда воқеа эмас, албатта. У бола тўсатдан шу даражада ваҳший бўлиб қолмаган. У секин-аста бузила бошлаган. Маҳалла-кўйдагилар бунга эътибор беришмаган. Бечора она эса, ўз фарзанди устидан шикоят қилиб маҳалла комитетига чиқишни ўзига ор билган. Оқибатда ана шу фожиа юз берган.

1988 йилнинг ёз пайтида Ўзбекистон телевидениеси бир фожиа ҳақида кинолавҳалар кўрсатди. Бир ишчи оиласи. Катта ўғил уйланган, уч нафар боласи ҳам бор. Бу ўғил ичкилик балосига йўлиқиб, ҳар куни ичиб келиб, ўз ота-онасини, хотинини ҳақорат қилиш ва уришни одат қилиб олган. Ўз ўғлидан калтак еган ота ва онанинг ҳолатини кўз олдингизга келтиринг. Бу аҳволнинг қай даражада оғир эканлиги ўз-ўзидан маълум. Кунларнинг бирида у оқпадар ўғил яна ичиб келиб отасини ураётганида ота-онани иззат-ҳурмат қилиш ўрнига уларни хўрлашига ва ёш боладек қилиб ураётганига ортиқча чидаш беролмаган кичик ўғил ўз акасини пичоқлаб ўлдиради. Қаранг-а, ҳаётда қандай воқеалар юз бериши мумкин. Ота бу фожиага чидаш беролмай қазо қилади. Акасини ўлдирган қотил ука суд қилинаяпти. Бечора онани кўз олдингизга келтиринг-а. Нима бўлса ҳам фарзанди ўлган, эри қазо қилган. Кичик ўғил қотиллиги учун суд қилинаяпти. Шахсан ўзим судянинг саволларига жавоб бераётган бечора онанинг сўзларини эшитиб, кўзларимдан ёш оқа бошлади. Шунчалик оғир фожиага сабаб бўлган ўғли тўғрисида она бир оғиз ёмон гапирмади. Энди уни асосан судланаётган кичик ўғлининг тақдири хавотирлантирарди. Она: «Болаларимнинг отаси оиламиздаги бу оғир воқеага чидаш беролмай қазо қилдилар», деб кўзёши тўкарди. Суд ҳайъати масалани одил ҳал қилди, қотил ука оқланди. Бир ўйлаб кўринг-а, ичкиликбозлик ахлоқсизлик билан қўшилса, қандай фожиаларга сабаб бўлиши мумкин. Бу йигит бирданига шу аҳволга тушмаган, албатта. Отаона маҳалла фаолларига чиқиб, мурожаат қилишга ор этганлар. Маҳалладагилар эса, боланинг кундан-кунга бузилиб бораётганини кўриб, кўрмасликка олишган. Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.

Ҳали айтганимиздек, болалар ахлоқ меъёрларининг дастлабки куртакларини оилада ва боғчаларда ўрганадилар. Шунингдек, маҳаллакўйда ёшларни тарбиялашда тушунтириш, насиҳат қилиш, яхши-ёмон мисоллар келтириш, ижобий намуналар мисолида конкрет маслаҳатлар бериш каби усуллар яхши натижа беради. Ота-оналарнинг, мураббияларнинг, муаллимларнинг хулқи-атвори ва хатти-ҳаракати ёшларнинг хулқи ва онгига жуда катта таъсир қилади. «Қуш уясида кўрганини қилади», деб бекорга айтмаган-да халқимиз.

Дарҳақиқат, ёшларни виждонли, инсофли, ор-номусли, шарм-ҳаёли қилиб тарбиялашда жамоатчиликнинг таъсир кучи жуда каттадир. Ёшлар тарбияси шу куннинг кечиктириб бўлмайдиган энг муҳим вазифасидир.

Вали Мажидов, профессор, Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 12-сон