В.Соколов. Вазиятни қўлга олайлик (1989)

Ниҳоят Фарғона водийсидаги ур-йиқитлар, ўт қўйиш-у одамкушликларнинг юракларни эзиб юборадиган қайғули хабарлари барҳам топди. Бироқ қарор топа бошлаган осойишталикнинг қатъийлигига ишониш мушкул…

Хўш, шу кунларда Ўзбекистонда нималар бўлаётир? Матбуот гўё бизни кўпдан-кўп, тезкор хат-хабарлар билан таъминлаб тургандай туюлади, лекин фожиали рақамлар оқими, воқеалар баёни, суратлар ўз-ўзидан ҳали ҳеч нарсани очиқ-ойдин кўрсатиб бераётгани йўқ.

Келинг, гапни матбуот жанжални қандай шарҳлаётганидан бошлайлик. Матбуот қайта-қайта, зўр бериб, конфликтни қутқуга учган бебош миллатчиларнинг иши деб, воқеани миллатлараро жанжал, деб талқин этаётир. Бироқ менга кўрган-билганим, шахсий тажрибамдан аёнки, ўзбеклар қўшнисининг миллати ва ҳатто эътиқодига унчалик аҳамият бериб ўтиришмайди, аввало, унинг инсоний фазилатларига қараб муомала қилишади. Бу бир неча-юз йиллар мобайнида шаклланган анъана. Мана шундай анъана шарофатидан Ўзбекистон уруш йиллари ҳеч бир оғирлик чекмай кўплаб халқларни бағрига олган, уй-жой берган, едириб-ичирганки, кўпчилигининг кимлигини ўзлари ҳам билмайдилар. Хўш, ўзбек миллатининг табиати қисқа муддат мобайнида шундай фожиали томонга ўзгариб кетиши мумкинмиди? Йўқ, албатта. У ҳолда ўзбек ёшлари бирикиб чиқишининг сабаби қаерда? Нега энди айнан туркларга қарши; ахир, бу ерга кўчирилганлар орасида эътиқоди ва тилига кўра ўзбекларга энг яқини турклар эди-ку? Бу ҳақда мен кўп кишилар билан гаплашдим. «Билмаймиз», «Ўзимизгаям қоронғи», — деган жавоблар олдим. Баъзан «турклар безор қилишди» даганлар ҳам бўлди. Булар ҳам масалани аниқ очмайди.

Назаримда, Фарғонадаги фожиаларни миллатлар ўртасидаги келишмовчилик даб эмас, балки жамоалар орасидаги танглик оқибати, деб қарасак кўп нарса ойдинлашади. Орада жудаям муҳим фарқ бор. Масалан, бир йил муқаддам Ўзбекистонда, Самарқанд областида бир миллатга мансуб иккита даҳқонлар жамоаси ўртасида ур-йиқит бошланиб кетишига сал қолди — ер учун талашиб шундай бўлди. Фарғонада ҳам, агар эътибор бериб кузатилса, жанжалнинг илдизи динга ҳам, тилга ҳам, икки миллатнинг маданиятига ҳам боғлиқ эмас, сабаб охир-оқибат ерда, ер йилдан-йилга етмай қолаётир, ўғилларга уй тиклаш, кўпайиб бораётган бола-чақани боқиш мушкуллашаётир. Статистикадаги кўрсаткич қандайлигини билмадим-у, Ўзбекистонда, бу ердаги жамоанинг фикрича, месхети турклари маҳаллий аҳолига қораганда ўртача олганда жон бошига катта ҳовли-жойга, ерга эгалик қилади. Месхетиларнинг ўзбек деҳқонларига қараганда бадавлатлигининг боиси айнан шунда. Аксинча, улкан меҳнатсеварлик қобилияти-ю ёхуд деҳқончилик маданияти юксаклигини бу ўринда рўкач қилиш ноўрин.

Агар кўчириб калтирилган жамоаларнинг болалари маҳаллий аҳолининг болаларидан анча камлигини, ер майдони оиладан колхозда ишлайдиганлар сонига қараб ўлчаб берилишини, оиладаги ҳар бир тамоқ ҳисобга олинмаслигини назарда тутсак, ўз-ўзидан «туб жойли» деҳқонларга ўзининг ерида нон топиб ейиш қийинлашиб кетганига гувоҳ бўламиз. Мана шу табиий, йиллар мобайнида етилиб борган норозилик балки зарур дақиқада: миллатчилар қўли билан бошқа миллатга қарши, босқинчилар туфайли тартиб-интизомга қарши, ғайрикоммунистлар кўмагида бошқарувдаги партияга қарши, ғайрисоветчилар хуружи билан давлатимизга қарши буриб юборилгандир.

Ўзбекистон аҳолисининг учдан икки қисми қишлоқ жойларда яшайди, шунинг учун ҳам ердан фойдаланишда ҳақиқатга риоя қилиш бу республикада сиёсий ва ижтимоий осойишталикнинг, ўлканинг СССР халқлари оиласидаги тараққиётининг гаровидир. Шундан келиб чиқиб ижара, пудрат ва бошқа янгиликларни тартибга солиб олишни кутиб турмай, тез орада Фарғона водийсида ва Ўрта Осиёнинг аҳоли зич яшайдиган воҳаларида ерларни шахсий ёрдамчи хўжалик ҳисобига, янги уй-жой қуришга ва полизга ажратиб беришни қатъий йўлга қўйиш зарур. Бу тартибот ҳар бир болага, миллатидан қатъи назар, икки-уч сотих она ери унинг тасарруфида бўлишига кафолат бериши каракки, келажакда унинг колхозга муносабати кескинлашмасин. Бу тартибот ҳар бир ёш оила ўз уйини тиклаш ва ўз гўшасига асос солишини, турмушини шахсий полизи кўмагида юргизиб, қолганини ишлаб чиқаришдан топиб яшашини таъмин этиши керак.

Агар тезкорлик билан чора-тадбирлар қўлламасак, бирор-бир кор-ҳолнинг олдини ололмай қоламиз, деб қўрқаман, бунинг устига хароблик келтирувчи ҳис-ҳаяжонлар тобора ортиб бораётир. Тўғри, монокультурага чек қўйиш керак, бироқ мавжуд экин майдонини идора қиладиган тошкилот бу тадбирни йил сайин орқага суриб келмоқда. Шунингдак, Ўрта Осиё қишлоқларидаги ёшларни иш билан таъминлашни кучайтириш лозим, лекин давлат бу жойларда йирик корхоналар қуриш учун етарли маблағга эга эмас. Фақат ер билан, демакки, шахсий мулкчиликни тўғри йўлга қўйиш билан Ўрта Осиё қишлоқларидаги кечиктириб бўлмайдиган бу икки муаммони ҳал этиш имконини яратиш лозим.

Ишончим комил, воқеаларнинг бош сабабчиси — ер. Бироқ Фарғонадаги фожиалар аниқ кучлар томонидан уюштирилди ва амалга оширилди; уларни топиш, текшириш воқеа сабабларини аниқлашдан кўра муҳимроқдир. Қандай кимсанинг қутқусига учди экан ур-йиқитга бош қўшган, кечагина бундай ишлар хаёлига ҳам келмаган ёшлар? Бу борадаги фикрлар ғоятда хилма-хил. Матбуотдаги хабарлар кўлами бақиёс — шарпали «экстремистлар»дан «айрим партия ва совет ходимлари»гача га «уюшган жиноятчилар тўдаси»дан (бунинг нималигини ҳеч ким билмайди!) «диний мутаассиблар» ва «норасмий группа вакиллари»гача (бу ўринда гап ким ҳақидалиги ҳаммага аён) ёзилаётир.

Айни пайтда бу талотўпда жамиятга етказилган маънавий зарбаларни ҳатто тасаввур қилиш қийин. Шундай таассурот туғиладики, кимдир вазиятии юмшатиш учун бирикиб иш юритиши лозим бўлган кучларни бир-бирига маккорлик билан, узлуксиз равишда тўқнаштираётир. Масалан, республикада айни пайтда энг йирик ва танилган норасмий «Бирлик» ҳаракати номига айб тақашга уринаётирлар — гўё унинг элчилари ўша воқеалар содир бўлишидан бир неча кун аввал Фарғона области аҳолисини месхети туркларидан қасос олишга чақирганмиш. Шу «Бирлик»ни яқин-яқинда Туркия билан, қаерда яшашидан қатъи назар — барча турклар билан зиддиятга олиб борадиган йўлни бартараф этишни кўзлаган пантуркистик кайфиятда айблаганларини унутиб қўйишмоқда.

«Дин мутаассиблари» ва бузғунчилар кўтарган «яшил байроқ»қа келганда, айтиш керакки, бу норасмийлар қиссаси ҳақидаги қўшиб-чатишлардан кўра кўпроқ хатарли ёлғонлардир. Ўзбеклар — сунний, месхети турклари — сунний, эътиқод ва урфу одатларда ҳеч қандай фарқ йўқ. Ҳар иккаласига ҳам ислом ароқ ичишни, бангиликни бирдай тақиқлайди. Ислом жоҳилликни тақиқлайди. Ислом мусулмон жонига қасд қилишни буткул ман этади, шунингдек, ўт қўйиб топташларни, одамкушликни ман этади. Хуллас, ўша кунлардаги оломоннинг шафқатсизлиги ва адабсизликлари, берча-барчаси бошқа динлардаги каби исломнинг ҳам ахлоқий қонун-қоидаларига тўғри келмайди.

Қўқонда имомлар Муҳаммад Ражаб, Мухторжон ва Ғуломжон шаҳар ижроқўми раисини жабрдан асраб қолдилар. Панду насиҳатларга қулоқ осмаган дарғазаб оломон унга ёпишган маҳал имомлар «азон» айтиб қичқирдилар. Бир дақиқалик саросимада раис қутқариб қолинди. Марғилонда руҳоиийлар маҳаллама-маҳалла юришиб халқни тинчлаитиришди, кексаларга ёшларни кўчага чиқарманглар, деб тайинлашди. Фарғонада ҳам, Қўқонда ҳам шундай қилишди. Афсуслар бўлсимки, уларга ҳар доим ҳам қулоқ солишгани йўқ. Фарғонада имомлар ёшларга қарата: Аллоҳдан қўрқингиз! — дея хитоб этмшганда, улар жавобан: ўзи бўлмаганнинг нимасидан қўрқамиз? — дейишди. Шундай кўргуликлар ҳам бўлдики, қону оловни кўриб жазааага тушган ёшларга шафқат тилаб пешвоз чиққан имомларни йўлдан четга суриб чиқардилар, ҳаттоки, ўлдирмоққа чоғландилар.

Бу воқеаларни тўқилган ёлғон-яшиқ гаплардан билиб олмадим, улар ҳақда «Литературная газета» мухбири билан суҳбатлашишга розилик билдирган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармаси ҳайъатининг раиси муфтий Муҳаммадсодиқ ибн Муҳаммадюсуф гапириб берди:

— Мен воқеаларнинг аввалбошида Фарғонада эдим, кўп марта тўпалончиларга мурожаат қилдим, афсуски, уларнинг аксарияти учун руҳоний — эътибордаги шахс эмас. Бу ҳол ғоят қайғули, лекин аҳвол шундай. Сиз у ерда ким бошлаб берди, деб сўрадингиз. Мен, модомики аниқ маълумотга эга эмас эканман, қандайдир алоҳида гуруҳни қоралай олмайман. Ахир, Қўқондаги яшмл байроқ ҳақида эшитиш аҳли динга нохушдир — билиш керак уни кимлар кўтарганини. Рўзномалардан Ҳумайний тилга олинган шиорлар борасида ўқиш ҳам кўнгилсиз ҳолдир — билиш лозим, ким буни ирод этдийкии, умуман, шундай бўлгани ростми, ўзи.

Мен бу ҳодисалар бошданохир ўрганилиши тарафдориман, гуноҳ қилганларнинг шахси аниқлансин, исму шарифлари бирма-бир айтилсин, ана шундан сўнг хулоса чиқарилсин. Тахминларга йўл қўймоқ хатарлидир. Тахмину тусмоллар оловга лампа мой қуйиш билан баробар, боз устига бу айни гуноҳкор бандаларнинг бекиниб қолишларига кўмак беради. Тафтишлар бир ёқли бўлгунча ваҳҳобийларни, «Бирлик»ни ёки бошқа бирор-бир инсоний бўлмасин гуноҳкорга чиқариб, сўз айтишга йўл қўйилмаслиги керак.

— Шу кунлари руҳонийлар нима билан машғул?

— Тошкент вилоятида, бошқа жойларда, яъники турклар қолиб яшаб турган музофотларда имомларимиз ҳозиру нозир. Кишиларга кўнгил беришиб, тинчлантиришга уринишмоқда. Бу бизнинг айни пайтдаги асосий хизматимиз. Тожикистон қозиси Акбаржон мана иккинчи ҳафтадирки Аштдалар, Фарғонадан бу ерга турклар олиб келинган. Наманганда ҳам, Аидижонда ҳам кўп ишлар қилаяпмиз, мақсад шуки, бу жойларга ҳам жанжал тўлқини етиб келмасин. Олдин ўтган ҳафтадан бери республикамизнинг жамики мачитларида жума намозлари Фарғона ҳодисасига бағишланди, биз уларда асосий диққат-эътиборни диндорларнинг бошқа миллатлар билан яхши қўшничилик муносабатларида бўлишлари лозимлигига жалб этаяпмиз.

Муфтийнинг сўзига амал қилиб, биз ҳам фожианинг асосий жавобгарлари ҳақида тахмин гаплар айтишдан тийиламиз. Бироқ бир муаммони — ҳуқуқ-тартибот идораларидан, Ички Ишлар Министрлиги вакиллари хабарида қайд этилганидек, водийда не миқдор қурол-яроғ, устига-устак, ора-сира қўшин қуроллари ҳам йиғилиб қолганини, ёндируачи суюқлик тўлатилган қанчадан-қамча шиша идишлар тайёрлангани-ю охир-оқибат неча бош тажрибакор, ашаддий жмноятчиларнинг тўпланганларини нима сабабдан кўздан қочирганларини — айни шуни бугун сўраб-суриштириш лозимдир.

Ўзбекистон ССР Олий Совети раиси Р. Ғ. Ғуломов аҳволни шундай шарҳлади:

— Минглаб одамлар ўз-ўзидан оёққа туриб кетмайди. Ҳаммаси олдиндан пишитилган. Фарғона водийсида, умуман, Ўзбекистонда рашидовчилик, усмонхўжаевчиликнинг касрлари ҳалиям бор, бундай кимсалар эски тартиблар қайтиб келиши учун ҳар қандай қилғиликдан тоймайдилар. Улар учига чиққан жиноятчилар билан бош қўшишга тайёр, мағлуб бўлганлари аламига қасос олса, қайта қуришга тўғаноқ солса бас. Терговчилар асосий айбдорларни топишлари ва уларни халқ ҳукмига олиб чиқишлари, бу ҳодисаларни ташкил этганларнинг асл мақсадларини очиб ташлашлари шарт.

— Воқеаларнинг давоми қандай кечади, деб ўйлайсиз, Расул Ғуломович?

— Ҳозир сокинлик. Магар яқин орада вазият қўлга олинмас экан, кенг кўламли иқтисодий тадбирлар амалга оширилмас экан — бўрон бошланади.

«Литературная газета», 1989 йил, 21 июнь

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 23 июнь