Шукур Содиқ. Хавотир (1990)

Тайёрамиз кунчиқарга қараб йўл олди. Баҳорнинг кўзни қамаштирувчи гўзаллиги Тошкент билан ортда қолди. Олдинда эса Узоқ Шарқ…

Узоқ Шарқ — ҳарбийлар ўлкаси. Оламнинг ҳеч бир жойида бу ердагидек кўплаб ҳарбийларни учратиш қийин. Асосан қурувчи ҳарбийлар…

Узоқ Шарқ ҳарбий округи штаби Хабаровск шаҳридаги барча маъмурий бинолардан кўра кўркамроқ ва улканроқ экан. Бу округга қарашли ҳарбий қисмларда асосан руслар ва ўрта осиёликлар хизмат қилишади.

Сафаримиз давомида ўз фарзандларини қўмсаб бораётган юртдошларимиз билан учрашиб суҳбатлашдик. Кўпчиликнинг қўлида ҳарбий қисмлардан келган шошилинч телеграмма.

— Ўғлим Сайфуллони ҳарбий хизматга кузатиб қолганимизга ҳали бир йил ҳам тўлгани йўқ. У ҳозир Н-чи ҳарбий қисмда хизмат қилади. Ноҳиядошим Бобоқул Каримовнинг ўғли Умиджон ҳам шу шаҳарда Н-чи ҳарбий қисмда… Ўғлим Сайфуллонинг командиридан телеграмма олдим. Сайфуллонинг икки оёғи ҳам синган… — деди бош чайқаб ғамгин олотлик Музаффар Ҳамдамов.

— Мен ўғлим Умиджонни соппа-соғ военкомга топширганман. Соппа-соғ қайтариб олишим керак. Бу ердан совуқ хабар олдим, икки кўзи ҳам кўрмай қолган эмиш, — деди кўзига ёш олиб Бобоқул ака. — Ҳамма ғам ўзбекнинг бошида экан-да, ука? Бир ёқдан туғмайсан деса, бу ёқдан кўпайиб кетдиларинг деб таъна қилишса, у ёқдан пахтани баҳона қилиб қатағон қилишса…

— Военкомлар ҳар бир аскар учун тўлиқ жавобгар. Масъул кишилар қаерга, кимларни ҳарбий хизматга жўнатган бўлса вақти-вақти. билан сўраб суриштириб туриши, ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаши, ҳатто ким қандай тур қўшинда хизмат қилишини олдиндан белгилаб қўйиши керак-ку?! — дедим суҳбатдошларимга.

— Ука, қайси бутага ўт кетса, ўзи ёниб, ўзи куяди… — Бобоқул ака чуқур уҳ тортди.

Ҳеч кимга аён бўлмаган сирли ҳаракатларнинг ёлғиз, тилсиз гувоҳи — офтоб Бобоқул аканинг ҳасратини жимгина эшитиб Шарқдан Ғарбга қараб оғир борар эди. Эҳ-ҳе, ҳали ўзбекнинг қанча Бобоқуллари «зўр карвон йўлида етим бўтадек» уҳ тортади. Токи ҳақиқатни англаб етгунча…

Ҳақиқат қанчалик аччиқ бўлмасин, ширин ёлғон билан ўзимизни ўзимиз алдай олмаймиз. Бугун лоқайд қараб турадиган, ғафлат босган халқни топиш қийин. Ҳамма ўзлигини англашга, қадриятини тиклашга ҳаракат қиляпти. Лекин бугунги кунда Совет Армиясидан кўп азият чекаётган ҳам Ўзбекистондир. Йигитларимизнинг 27 фоизи жанговар ва махсус қисмларда хизмат қилишга соғлиғи тўғри келмаганлиги сабабли қурилиш қисмларида хизмат қилади. Бу Иттифоқ миқёсидагидан бир неча баробар кўпдир. Ўзбекистонлик жангчиларнинг ҳалок бўлиш ҳолларига иложи борича «айбдор» ўзлари эканлигини таъкидлашмоқда. Сабаблар қуйидагича таҳлил этилиб, асосланмоқда:

  1. Ўлганларнинг бешдан бири соғлиқни сақлаш жабҳалари томонидан вақтида аниқланмаган касалликлар оқибатида рўй берган;
  2. Яна шунча одам ўз жонига қасд қилиш оқибатида;
  3. 9 фоизи автоавариялар ва фалокатларда;
  4. Ҳарбий машқлар пайтида, техникадан фойдаланишда масъулиятсизлик қилганликлари сабабли;
  5. Қолган қисми безорилик, муштлашиш, бир-бирини ҳақорат қилиш, «қариячилик» натижасида ҳалок бўлмоқдалар.

Аммо бош айбдорлар — офицерлар ва бошлиқлар эканлиги, Уставда кўрсатилган қонун-қоидаларга риоя этилмаслиги, армияда рус бўлмаган халқларга нисбатан хоҳ сипоҳ, хоҳ сардор бўлсин ишончсизлик билан қаралиб, миллатчилик қилиниши оқибатида фалокатлар, тўқнашувлар содир бўлаётганлиги айтилмайди.

Шунингдек, сипоҳларнинг қадр-қимматини лашкарбошилар томонидан ерга урилиши, уларга одамдай муомала қилинмаслиги, сипоҳларни бир-бирига гиж-гижлашлар ҳам катта сабаб эканлигига ўз кўзим билан кўргач, ишонч ҳосил қилдим. Совет Армияси ва унинг қўшин турлари, уларда кимлар хизмат қилиши, ҳар бир жумҳурият қанчадан сипоҳ, сардор етказиб бериши лозимлиги, профессионал армияни вужудга келтириш каби бир қатор масалалар юзасидан мамлакат Олий Совети ўзининг тадбирларини ишлаб чиқиши керакка ўхшайди.

Қурилиш қисмларига жўнатиладиган йигитларимизнинг бир қисми жумҳуриятимиз сарҳадида қолиши жуда яхши. Демак, ҳақиқий ҳарбий хизматга соғлиғи тўғри келмаганларгина қурилиш қисмларига жўнатилишини ҳисобга олсак, биз соғлом ва бақувват йигитларимизнигина «у ёққа» жўнатамиз. Аксинча, 27 фоиз (соғлиғи жанговар қисмларда хизмат қилишга тўғри келмайдиган ёшларни) кўрсатгични ҳеч бўлмаганда 5-10 фоизга тушириш учун курашиш лозим эмасми?!

Чор Россияси давридан буён армияда давом этиб келаётган «дедовшина»чилик, яъни «қариячилик»ка барҳам бериш тўғрисида бугунги кунда кўплаб айтилмоқда. «Огонёк» журналининг 10-сонида босилган (1989 йил) СССР Халқ депутати, ёзувчи Одил Ёқубов ва Темур Пўлатовларнинг «Қариячилик асоратлари» мақоласи қизғин баҳсларга сабаб бўлганлигини таъкидлаш жоиз.

— Қийин-қийин, биз офицерларга қийин, — деди Н-чи ҳарбий қисм командири — ҳозир солдатлар, бундан беш-ўн йил олдин хизмат қилган акаларидан кескин фарқ қилади. Армияда миллийлик кучайиб кетди. Бундай ҳолни бизда баъзилар миллатчиликка йўйишмоқда… Бу нотўғри, албатта. Ҳозирча армияда қайта қуриш йўқ, ҳаммаси эски тартибда давом этяпти. Бизнинг асосий ишимиз ёшларни тарбиялашдан иборат бўлиб қоляпти. Аксинча, бизга тарбияланган, чиниққан, оқу қорани ажрата биладиган ёшлар керак. Менимча, ҳарбий хизматга ўн саккиз ёшдан эмас, йигирма ёшдан чақириш керак.

— Умаровлар оиласига нима сабабдан телеграмма жўнатилди?

— Оддий солдат Улуғбек Умаров атиги олти ой хизмат қилганлигига қарамасдан хизматдан бўйин товлаяпти… Биз йўлга сололмадик, балки ота-онаси йўлга солар деб чақирдик-да. Бундан ташқари бошқаларнинг ҳам ота-оналарига телеграммалар жўнатганман.

— Сиёсий соатларда қатнашмайди. Ошхонада картошка тозаламайди, пол ювмайди, — деди сиёсий ишлар бўйича командир ўринбосари — уч-тўрттаси бир бўлиб ўзбекча қўшиқ айтишиб баъзан бошқаларнинг тинчини бузишади. Қизиғи шундаки, беш вақт намоз ўқийдиганлари ҳам бор… — Армияда «қариячилик» керак. Чунки, бу тартиб шу пайтгача қўл келган, бундан кейин ҳам қўл келади, — деди суҳбатга аралашиб бўлим командири пропоршчик Владимир Лиер. Мен ҳам хизмат қилганман, қийналганман ҳам…

— Қисмимизда хизмат қилаётган солдатларнинг асосий қисми Ўрта Осиё жумҳуриятларидан келишган. Болтиқбўйи жумҳуриятлари солдатликка фарзандларини беришмади. Грузия Уралгача бўлган сарҳадда грузин йигитлари хизмат қилиши мумкин деб эътироф этди. Тўғрисини айтсам, армияда асосан руслар ва ўрта осиёликлар кўпчиликни ташкил этади, — деди майор Максимов. — Биз офицерлар устав бўйича ҳаракат қиламиз. Аммо ҳарбий уставни аллақачон ўзгартириш, қайта кўриб чиқиш пайти етди.

— Армиядаги тартибсизликка рус бўлмаган миллатлардан офицерлар камлиги ҳам дахлдор,— деди озарбойжон капитан Гасанов. — Чунки миллий психологияни, урф-одатларни озми-кўпми билмасдан туриб солдатлар билан тил топишиш қийин. Ҳозирги пайтда исталган солдатни жиноий жавобгарликка тортиш мумкин. Ҳатто, шу гапларим учун мени ҳам. Бахтимизга офицер И. Петренко ҳар бир солдатни асраб‑авайлаш билан бирга, ҳар қандай нохуш ҳолнинг олдини олиш тарафдори. Аммо, ҳамма Петренко эмас… Шу йил қишда уч солдатимиз арзимаган сабаб билан ҳалок бўлди. Қишга карам шўрлайдиган қудуғимиз бор. Карам олинаверади, қудуқ чуқурлашаверади. Чуқурликда эса углекисле газ тупланади. Мана шу қудуқдан карам олиш учун тушган учта солдат кислород етишмаслигидан бўғилиб ўлди… Бунинг учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмади.

Оддий қонун-қоидаларга амал қилмаслик, тегишли хавфсизлик қоидалари жиддий ўргатилмаслиги, қаттиқ назорат қилинмаслиги натижасида кўнгилсиз воқеаларнинг кўпайиб кетишига асосан солдатлар эмас, ўрта бўғин командирлари айбдор. (Биз Красноярскда бўлганимизда Н-чи ҳарбий қисм. 70 та солдатнинг сувдан заҳарланганлиги ва бир аскар вафот этганлигининг гувоҳи бўлдик. Солдатларга бир-икки кунга «таътил»— яъни «увольнительный» берилмайди. Бундай ҳуқуққа эга солдат қаерга ҳам борарди?! Бамисоли қамоқхона дейсиз. Нечора, хизматчилик! 37 миллат вакиллари бу ерда бир тану бир жон бўлиб хизмат қилишади, яшашади. Аслида шундаймикан?! Йўқ, ўзининг ботиний, зоҳир бўлмаган тартиби, қоидасига биноан шундай эмас.

Нарпайлик оддий аскар Қаҳҳор Юсуповнинг отасининг ҳарбий унвони ҳам пропоршчик. Қаҳҳор эса офицер бўлишни истайди. Шунинг учун Самарқанд ҳарбий билим юртига ҳужжатларини жўнатиш ниятида офицер Афанасенкога мурожаат этди. Афанасенко эса ундан офицер чиқмайди деб ҳисоблайди ва штабда ҳужжатларни расмийлаштиришга йўл қўймайди. Мен билан суҳбатлашганда эса у фикрини очиқ баён қилди:

— Юртдошларингиз ёмон хизмат қилади. Шунинг учун улардан, табиийки, ёмон офицерлар чиқади.

Мамлакатимизда эса Афанасенколар беҳисоб, балки шунинг учун ҳам ўзбеклар, ўрта осиёликлардан сардорлар кам чиқаётгандир? Ёш юраклардаги қизиқиш ва иштиёқ сўниб қолаётгандир? Сардорлар тайёрлаш ҳар бир жумҳуриятнинг ўз тасарруфига берилса, тегишли бошқарма ташкил этилса ва миллий кадрларни бу соҳага жалб этиш учун қулайликлар яратилса тўсиқлар олинармиди деб беихтиёр ўйлаб қоламан. Бу ҳақда жумҳурият Олий Совети ўз фикрини айтиши лозим.

…Улуғбек ҳамма қатори бир ойлик карантинни, сўнгра икки ойлик ҳарбий тайёргарликни ўтади. Уни автохўжалик взводига қабул қилишди. Ҳарбий хизматни командирларга итоатдан, яъни Уставдагидек бошлади. У икки йил муқим хизмат қиладиган қисм казармасига келган куниёқ кичик сержант Иванов унинг қўлига пол ювадиган латта ва тоғора берди.

— Ўртоқ кичик сержант, рота навбатчиси қиладиган ишни нега менга буюряпсиз. Арз қиламан…

Улуғбек кутилмаганда юзига тортилган тарсакидан гангиб қолди. Ўзини ўнглаб олгач, тап тортмай Ивановни ура кетди. Ўртага бошқалар аралашди. «Замполит» майор Кузнецов Улуғбекни айбдор деб топди. Ноҳақликни кўриб жим турганларга тошкентлик оддий солдат Тоҳир Шариповнинг гапи далда бўлдию кўпчилик «замполит»га қарши гапира бошлади.

— Сиз ноҳақсиз, ўртоқ майор, ёш солдат қандай қилиб кичик сержантга қарши қўл кўтаради. Унинг ўзи Улуғбекни мажбурлаганини ҳамма кўрди.

— Гап қайтарма, Шарипов, сенга уч кун қамоқ жазоси эълон қиламан. Юртдошларингни бузяпсан!

— Хўп, уч кун қамоқ жазоси, ўртоқ майор!

— Оддий солдат Улуғбек Умаровга ҳам уч кун қамоқ жазоси эълон қиламан!

Гаупвахтанинг тор, димиққан хонасида уч киши навбатма‑навбат эшик тирқишидан нафас олишарди. Тошкентлик Тоҳир Шарипов ўзининг бир йиллик хизмати давомида олтмиш кундан ошиқ бу ерга келганлиги бутун дивизияга маълум ва машҳур. Унга офицерлар рақибга қарашгандай қарашса, солдатлар меҳр билан қараб, ҳурмат қилишади. Тоҳир — ўрта осиёлик солдатларнинг етакчисига айланган. Майор А. Кузнецов менга тўғридан-тўғри шундай деди:

— Тоҳир Шарипов — буларнинг (ўрта осиёликларнинг — Ш. С.) «лидери». Унинг айтгани-айтган. Биз офицерларга қулоқ солишмаса-да, унга қулоқ солишади. Шахсан генерал Петренко уни «синдирмоқчи» бўлди, синдиролмади.

— Устав дейишади-ю, ўзлари уставни бузишади. Бизга инсон деб эмас, ҳайвон деб қарашади. Ҳатто ҳавони қизғанишганини айтмайсизми? — деди Тоҳир ғазаб билан — Чўлпон бекорга ёзмаган экан: «кулган ўзгалардир, йиғлаган менман»… Қаранг хлорнинг ҳидига чидаб бўлмаяпти.

— Хлорни нега сепишган? — сўради Улуғбек.

— Қийнаш учун! Хлор инсон организмидан чиқмайди.

— Буни билган ҳолда қамоқхонага хлор ташлаб сув сепишади, — деди узлуксиз беш кун ўтирган Тоҳир Умаров. Унинг ранги сарғайиб кетган, калта-калта йўталар эди. Соғлиғини йўқота бошлаганлигини кўриб, мен бу ҳақда капитан Гасановга айтсам, у кулиб:

— Ўзбекларга заҳарли модда таъсир қилмайди. Чунки туғилгандан бошлаб кимёвий моддаларни татиб улғайишади. Иммунитет кучли, — деди; — Бу — ҳазил, аммо, гаупвахта 3 фоизли хлорли сув билан ювилади. Бу инструкцияда кўрсатилган, — деб қўшимча қилди.

Гаупвахтада эса камида 40 процентдан ошиқ хлор сепилганлигини ўз кўзим билан кўрганлигимни айтсам-да, инкор этишди. Бу жиноят эди!

Узлуксиз гаупвахтага келиб-кетувчилар бу ердан чиқишгач, юрагида алам, чеҳрасида эса кулгу билан казармага кириб келишади. Армияда биринчи кунданоқ ёш аскарга мулойимлик билан муомала қилинади ва мулойимлик билан бўйсундиришга ҳаракат бошланади. Бундай ҳаракатни асосан «қариялар» ва командирларнинг ўзлари бошлаб беришади. Ҳамма ҳаракат Уставдагидек бўлиши керак деб тушунган ёш аскар эса олдинига ажабланса, сўнг ғазабланади. Ҳар бир хатти-ҳаракатида у ўз норозилигини ифодалай бошлайди. Сўнг жазолаш бошланади. «Наряд»га қўйилади, тазйиқ ўтказилади. Бундай оғир пайтда ёш аскар ёлғизланиб қолмайди. Ўз навбатида унга ўргатувчилар ва ҳимоя қилувчилар пайдо бўлади. Баъзан очлик эълон қилишади.

Офицерлар томонидан аскарларни камситишни мен хаёлимга ҳам келтиролмайман. Аммо бу ерда миллатчилик очиқчасига ўзлигини кўрсатган десам хато бўлмайди. Майор Цебо грузинларга ҳомийлик қилса, капитан Гасанов озарбойжонларга, майор Максимов русларга, майор Афанасенко украинларга, хуллас, ҳар ким қўлидан келганича ўз элатдошларини ҳимоя қилади ва уларнинг ортиқча эзилишини истамайди. Албатта, бундай ён босишлар очиқчасига эмас, ботиний жараёнда амалга оширилишини аскарлар яхши билишади. Юзга яқин ўзбеклар ва тожиклар билан суҳбатлашиб, мана шундай фикрга эга бўлдим.

Н-чи ҳарбий қисмда етмишта андижонлик йигит хизмат қилишаркан.

— Ўзбекларни, тожикларни ёмон кўришади, — деди очиқчасига Иқбол Салойиддинов. — Ажабланарли томони шундаки, қозоқларни ҳам, қирғизни ҳам, тожикни ҳам ўзбек дейишади: Дивизияни ярмидан кўпи ўзбеклар, балки шунинг учун ҳам калтабин офицерлар ўрта осиёликларни ўзбек дейишадими, билмадим…

— Бирорта мана шундай миллатчи офицерни исм-фамилиясини айтолмайсизларми, — деб сўрадим.

— Ҳа, — деб жавоб берди Авазбек Тошматов. — Катта лейтенант Игорь Кузнецов, капитан А. Кобанчиков…

— Офицерлар ичида дилкаши, ҳар бир халқни, миллатни тушунадиганлари ҳам кўп, — деб қўшимча қилди Иқбол.

Ҳа, Авазбек ҳам, Иқбол ҳам тўғрисини айтди-қўйди. Балки мамлакатимиз бошига катта ташвиш олиб келаётган миллий низолар ҳам шундай «арзимас» воқеалар сабабли кучайиб кетаётгандир. Бу ерда ҳамма бир-бирини беш қўлдай билади, ким қандай нафас олаётгани бир-бирига маълум. Ҳаммани тиконли сим билан ўралган кичкина қўрғон бирлаштириб туради. Аммо чегараланмаган сарҳадларда миллий низога сабаб бўлаётганларни қандай аниқлаш мумкин. Тоғли Қорабоғ, Тбилиси, Фарғона, Душанбе, Ўш воқеаларини бир эслаб кўринг! Ҳали ҳеч ким миллатчиликда, маълум қора гуруҳ миллий низони кучайтирганликда айблангани йўқ. Ҳамма вақт қон тўкилишига, гиёҳвандлар, шахсий бойлик орттирувчилар, ўзаро жанжалларнинг кучайиши сабаб бўлмоқда деб уқтирилмоқда. Бу узоқ давом этадиган, босқичма-босқич амалга ошириладиган, бизга номаълум «қора гуруҳ»ларнинг пухта ишлаб чиққан программаси асосида бўлмаяптимикан?! Кузнецов ва Кобанчиковга ўхшаганлар бизнинг орамизда ҳам бор, Авазбек! Аммо биз уларни аниқлаб олишимиз қийин, у ёқда «ҳарбий сир», бу ерда эса «байналмилалчилик» шиори остида улар доимо ҳимояланган. Иқбол ука, сизларга ҳам қийин. Сизларни ҳимоя қиладиган «Гасановлар, Цеболар, Максимовлар, Кузнецовлар» йўқ. Ўз фарзандини мусофир қилиб мардикорликка жўнатган халқ вақтида хабар ололмаса қандай гап ахир?! Шу пайтгача бизнинг журналистларимиз келган ўликлар устида йиғлашди, ёзишди. Ҳарбий қисмларда тез-тез бўлиб, у ердаги воқеалар ҳақида ёзмадик, «военком»лар сўрабсуриштиришмади, ота-оналарга хизматдаги фарзандларини кўриб келиш учун имконият яратилмади. Ахир ҳамманинг чўнтаги тўла эмас-да.

Армияда ҳам «ўзбеклар иши» пайдо бўлди. Умуман, Ўрта Осиёда фақат «ўзбеклар иши» кўрилмоқда шекилли. Ўрта Осиё — ухлаётган шер! Бу шернинг юрагида ўзбек халқи турибди. Шер вақти келиб уйқуни тарк этганда ўзини мажруҳ кўриб қандай ҳолга тушаркин. Бу ҳақда қозоқ, ўзбек, тожик, қирғиз оғаларимиз пухта ўйлашлари керак. Кун бир кун эмаску…

…Иқбол яхшигина қўшиқ ҳам айтар экан. Юртдошлари янги йилда бизга қўшиқ айтиб берасан дейишади. Буни ҳамма билар, шу кун сабрсизлик билан кутиларди. Шунингдек, подполковник Сергей Морозов ҳам…

Янги 1990 йилни кутиб олиш, 31 декабрь куни юртдошларига қўшиқ айтиб бериш Иқболга насиб қилмади. Подполковник С. Морозовнинг ўзи ўзбек йигитларига яхшигина «концерт» қўйиб беради. Шу куни Иқбол ва яна икки ўзбек йигити «наряд»га — навбатчиликка қўйилади. Бундан аскарлар қаттиқ норози бўлиб, навбатчиликни рад этишади.

Ўзбек йигитлари подполковник С. Морозовга мурожаат этишиб, ҳар биримизни истаган ишингизга буюринг, фақат Иқболни эмас, у юртдошларимизга ўзбекча, тожикча қўшиқ айтиб бермоқчи эди, деб илтимос қилишларига қарамасдан подполковник Морозов навбатчиликдан бош тортганликлари учун Иқболни ва унинг икки ўртоғини «заддержка»га — аскар гуноҳ қилганда гаупвахтага ташланишидан олдин бир кун ушлаб туриладиган қамоқхонасига ташлайди.

Эртаси куни ўртаосиёлик йигитларнинг исёни бўлади. Бунга шу ҳарбий шаҳарчада жойлашган бошқа ҳарбий қисмдагилар ҳам қўшилади. Исён тинч йўл билан «бостирилади», аммо подполковник Морозов юқоридагилар томонидан ҳеч қандай танбеҳ олмайди. Сўнг Иқболнинг ота-онасига, у ишлаган Андижон районидаги К. Маркс совхози директори номига қисм командири хат йўллайди. Хатда «Иқбол Салойиддинов хизмат қилишни истамаяпти», деб ёзилганлиги учун акалари Иқболга таъна билан хат йўллашган.

Шу ўринда очиқ айтиш керакки, аскарларнинг овқатланиши кўнгилдагидек эмас. Икки йил давомида ҳар куни бир хил овқат, байрам кунларида иккитадан тухум билан мевалардан қилинган шарбат, холос.

Н-чи ҳарбий қисмнинг Ленин хонаси билан танишдик, алмисоқдан қолиб кетган шиорлар, кўргазмали плакатлар… Қайта қуришнинг ифодасини тўлиқ ёритадиган стендлар йўқ. Ҳар бир аскардан ушлаб қолинган обуна пулига бор йўғи тўрт хил газета келар экан. Ўзбекистондан эса бир дона «Ёш ленинчи»… Комсомол комитети секретари бир марта ҳам йиғилиш ўтказмаганлиги, аммо қоғозларда қайд этилганлигига нима дейсиз?

Сиёсий ишларнинг бўшашиб кетиши армияда қайта қуриш йўқлигидан, командирларнинг лоқайдлигидан дарак беради. Азалий анъаналаримизга путур етмоқда. Биз биринчи даражали муаммони ҳал қилмасдан туриб, иккинчи даражали муаммоларни бартараф этолмаймиз. Биринчи даражали муаммо — тенглик, бир-бирига ишончни тўғри йўлга қўйиш. Баъзан ўйлаб қоламан: Ленин ҳаммамизники, Ленин мавзолейини фақатгина руслар ва латишлар қўриқлайди, нега барча халқлардан вакиллар навбатма-навбат қўриқламайди? Нега ўртаосиёликлардан бирор киши Совет Иттифоқи маршали бўлолмайди? Жаҳонга Амир Темур, Мангуберди каби ўнлаб буюк саркардаларни берган халқ нега бугунги кунда оддий офицерларни кераклигича етказиб беролмайди? Биз миллати ўзбек бўлмаган ўзбекистонликларни эмас, миллати ўзбек бўлган ўзбекистонликларни космосга чиқишини истаймиз. Совет Армиясига 70 фоиздан ошиқ сипоҳ бераётган Ўрта Осиё ва Кавказорти жумҳуриятларидан шунча миқдорда сардорлар — офицерлар ҳам тайерлаш керак. Бунинг учун аввало ишонч ва бағрикенглик лозим. Шундагина биз асосий кўнгилсизликларни олдини олган бўламиз.

Мен миллатчи эмас — миллатпарварман. Зеро, менинг халқим бошқа халқлардан ҳеч камчилик жойи йўқ. Хавотирланиб сафарга чиққан эдик, хавотирланиб қайтдик. Буёғи нима бўларкин?!

“Ёшлик” журнали, 1990 йил 9сон