Шерали Турдиев. Шоир Элбек (1990)

Инқилобдан кейинги дастлабки йилларда шоир Элбек (Машриқ Юнусов) ҳам Абдулла Қодирий, Ҳамза, Айний, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Авлонийлар қатори янги ўзбек маорифи, маданияти, адабиёти, матбуоти, тилини ривожлантириш ишларига киришиб кетди. У 20—30-йиллар орасида «Армуғон» (1920), «Кўзгу», «Ёлқин ер» (1925), «Баҳор» (1929) каби шеьрлар тўпламлари; «Ойхон» (1920), «Ўрнак» (1924), «Қўшчи Турғун» (1925) каби ҳикоялар тўпламлари; «Гўзал ёвғичлар» (1925), «Билим» (1927), «Бошланғич мактабда она тили», «Луғат ва атамалар» (1924) каби ўқув китоблари ва тил дарсликлари, «Лапарлар» (1922), «Ашулалар тўплами», «Болалар қўшиқлари» (1934—1935 йиллар), оғзаки ижод асарларини тўплаб нашр эттирди, А. С. Пушкиннинг «Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак», «Поп ва унинг хизматкори Балда ҳақида эртак»ларини таржима қилди (1937), «Пушкин ижодида халқ адабиёти ва ўзбекча таржима» (1937) китобини ёзди.

У ёшлигиданоқ оғир болалик йилларини бошидан кечиради. Туғилган қишлоғидаги моддий ва маънавий қийинчиликлар, Тошкентда кечирган оғир кунлари, дарбадарлик ва сарсон-саргардонлик, маърифатга бўлган ўта чанқоқлик ва қизиқиш ижод йўлидаги машаққатларни мардонавор енгиб ўтишга даъват этди.

Элбек шоирнинг адабий тахаллуси бўлиб, унинг исми Машриқ, отасининг оти Юнусдир. Шоир Машриқ Юнусов (Элбек) 1898 йили ҳозирги Тошкент вилояти

Хумсон қишлоғида камбағал оилада туғилди. Шоир кейинчалик болалигини эслаб шундай ёзади: «1905 йилда кишлок эски мактабига кириб ўқидим. Бу мактабда 4 йил ўқиб, ўқув-ёзувни ўргандим. Отамнинг мендан бошқа ҳам болалари бўлгани учун бизни боқа олмасди. Мен ёшликдан деҳкончилик ишларига берилдим. 1910—1911 йилларда жуда қийинчилик натижасида, бошқа ака-укаларим каби мен ҳам уйни ташлашга мажбур бўлдим.

Тошкентга 1911 йилда 6иринчи маротаба келдим, бунда бир кишида қарол бўлиб ишладим. Шу йилда эски шаҳар Девонбеги маҳалласидаги «Хоний» мактабига ўқишга кирдим. Ўқишга кириш мени кўп севинтирди, лекин моддий ёқдан кўп сиқилганлик анча хафа қиларди. Ҳатто қиш кунлари оёқяланг колдим. Ётар ер йўқ. Баъзан ўртоқларим уйида, кўпинча мактаб хужрасида эски намат орасида ўралиб ётиб қиш ўтказардим» (қаранг: Ж. Шарифий. Адабиёт хрестоматияси, II кисм, Т., 1935, 73-бет).

Бундай узлуксиз қийналишлар унинг асабларини ҳам бўшаштиради ва дарс вақтларида муаллимлар билан бўладиган муносабатларида ҳам келишмовчиликлар келтириб чикаради, шу туфайли интизомсизликда айбланиб мактабдан ҳайдалади. Шундай қийинчиликларга карамай Элбек 1914 йили шаҳардаги «Намуна» мактабига кириб ўқийди, муаллимлик ҳам қилади, кейинчалик шўро даврида ўқитувчилар тайёрлов курсларида ўқиб, мустақил равишда маълумотини ошириб боради. Элбекнинг ёшлик йилларида ўз бошидан кечирган бу хўрлик-зорликлар кейинчалик унинг «Ўтмишим» (1929) достонида ҳам акс этади.

Шоирнинг «Қўшчи Турғун», «Батрак Қоравой» ҳикояларида асосан ўзбек деҳқонларининг ўтмишдаги оғир ҳаёти, бойлар қўлида эзилиши, уларга қарши олиб-борган норозилик ҳаракатлари қаламга олинди. Бу айниқса унинг «Қўшчи Турғун» ҳикоясидаги Турғуннинг ўз хўжайини Муҳаммадамин даласида ўзи каби хизматчиларга қарата айтган ушбу сўзларида очиқ кўринади: «Биз шул хўжайинларнинг ишларини ишлагувчи кишилармиз, биз йил-ўн икки ой ишлаймиз-да, орттирган нарсамизға қорнимиз ёлчиб тўймайди, танимиз эса яхшироқ кийим кўрмайдир. Биз ишлаб туриб тўя олмасак… Биз ҳам улардек бир одам. Нечун биз хўжайинимизға бературғон нарсангиз оз, кўпроқ беринг, деб айтмаймиз. Башарти ёлғиз айтишга қўрққанимизда, нечун тўпланиб туриб сўрамаймиз? Агар тўпланиб туриб айтсак, улар нима қиладилар? Ўзлари қўшнинг қулоғини тутиб ер ҳайдарлар, деб айтасизми… Биз ишламасак, булар оч қоладилар, оч қолганларидан сўнг, албатта, биз билан келишишга мажбур бўладилар».

Унинг кўпгина шеърларида бугунги кун учун ҳам долзарб бўлган экологик масалалар: табиат гўзалликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига меҳру муҳаббат, табиатнинг инсон ҳаёти ва болалар тарбиясига кўрсатадиган битмас-туганмас маьнавий таъсирлари шавқ-завқ билан куйланади («Бизнинг қишлоқ», «Турналар», «Қалдирғоч», «Лолазорда», «Кўклам» ва бошқалар).

Элбек ўзбек тили ва оғзаки ижоди соҳасида ҳам қалам тебратган маърифат соҳибидир. У профессор Ғози Олим Юнусов, Ходи Зарипов, Буюк Каримов, М. Солиҳов каби тилшунос-фолклоршунос олимлар билан биргаликда ўзбек халқ тили ва оғзаки ижод намуналарини йиғиш ва нашр этилишида, атамалар луғатини тузишда, имло муаммоларини ҳал этиш ишларида ҳам фаол қатнашди. У 1919 йил бошларида Фитрат раҳбарлигида тузилган «Чиғатой гурунги»нинг фаол аъзоларидан бири сифатида иштирок этиб, кейинчалик Шокиржон Раҳимий, Ғози Олим Юнусовлар билан бирга ўзбек илмий комиссияси раҳбари ҳам бўлиб ишлади. Чўлпон, Ғулом Зафарий ва бошқалар билан бирга Фарғонадан минглаб халқ мақол ва маталлари, халқ қўшиқ ва лапарларини, этнография материалларини тўплаб келади. Ҳозирги замон ўзбек тилида кам қўлланадиган «Ўзбек халқининг изоҳли луғатига материаллар» деган иш ёзди, ўзбек тилининг мукаммал изоҳли луғатини яратиш учун муҳим манба бўла оладиган «Ўзбек фолклори луғати»ни тузишга ҳам киришади (қаранг: «Советский фолклор», Ленинград, 1936, № 2—3, 444-бет). У халқ ижодининг дурдоналаридан бўлган қўшиқ (лапарлар)ни кечиктирмасдан тўплаш ва нашр қилишнинг биринчи жонкуяри сифатида бонг уради: «Адабий қимматни ўз ичига олған чуқур маънолари билан кўнгилни ўзига тортатурғон матал, эртак, чўпчак, жумбоқ ва лапарларимиз бугун ўз-ўзидан йўколиб борадир.

Буларнинг кундан-кун йўқолиб кетмакда эканини кўриб турғон биз ўзбекларнинг албатта жим турмай, буларни тўплашға ва китоб равишда босдириб тарқатишға ҳаракат этмагимиз тегиш эди.

Бу кунларда шу тилакни илгарига суриб ҳаракат қилғувчи Ўзбек билими ҳайъати ва Билим кенгаши ипмий ўринлар бор эса-да, бир томондан буларни тўплаш ишига қизиққан кишиларнинг бўлмаслиғи, 2-нчидан халқ адабиётининг энг юксалган ўринларининг тинчсиз бир ҳолда қолиб турғонлиғи бу ҳаракатларға тўсиқ бўлиб турмоқдир» (Элбек. Лапарлар. «Билим ўчоғи» журнали, 1922, 1-сон, 96-бет).

Унинг «Имло ва тил қурултойининг чақирилиши олдидан» (1920), «Ўлка ўзбек имло қурултойи ва унинг қолдирган таъсири» (1921), «Турк тилларининг қонунлари тўғрисида» (1922), «Тил дарслиги» (1923), «Тилимиздаги янгиликлар» (1924), «Яна тил, имло масаласи» (1925), «Имломиз устида бир неча сўз» (1927), «Тил — имломиз устида» (1929) каби бир қанча мақола ва қўлланмалари ҳам шоир Элбекнинг тил ва имло масалалари билан асосли равишда шуғулланганидан далолат беради.

Шоир ва педагог, масалчи ва фолклорчи, таржимон ҳам тилчи Элбек 1937 йил Сталин шахсига сиғинишнинг оғир йилларида ўзининг бир катор замондош дўстлари, олим ва ёзувчилар: Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Отажон Ҳошим, М. Солиҳов, Олим Юнусов ва бошқалар қатори милпатчиликда айбланиб, қоралана бошланди. Ўша давр матбуоти ҳеч қандай далилга асосланмаган ҳолда унга миллатчи айбларини тақиб шундай ёзди: «Фитратнинг энг содиқ шогирди Элбек аксилинқилобчиларнинг қонли лагерида туриб, партияга ва советларга қарши заҳарли шеър, масал, мақоллар ёзди. Аксилинқилобчиларнинг газета, журналлари кўпинча Элбекнинг шеърисиз чиқмас эди. Элбек ўзининг истар ўтмишда, истар ҳозирги ижоди билан советларга қарши душман тегирмонига актив равишда сув қуйиб келди («Элбекнинг ижоди ҳақида», «Ёш ленинчи», 1937, 20 август).

Бунинг натижасида маьрифатли ва маданиятли қалам соҳиби Элбек ҳам социалистик қонунчиликнинг бузилиши қурбонларидан бири бўлди. Унинг адабий ва илмий мероси, таржимачилик ва фолклор соҳасидаги ишларини тўплаш ва ўрганиш, нашр этиш бугунги қайта қуриш даврида адабиётчиларимиз олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 11-сон