Нурулло Отахонов. Мутлақо шахсий фикрлар (1989)

Ушбу мулоҳазаларим пойтахтимизда илк марта «Тошкент гўзали» беллашуви ўтказилгандан кейиноқ туғилган, фақат кўпчиликка ошкор қилишга ийманиб юрган эдим. Фикримни одамлар, айниқса, тенгдошларимиз тўғри қабул қилармикан? Ҳеч ким индамаяпти, демак, бу тадбир ҳаммага ёқаётгандир-да? Ишқилиб, «янгиликка қарши» ёки, яна ҳам ёмони, «феодал», «қолоқ» дегандай номлар орттириб олмайманми? Шу сингари истиҳолалар қўлимни боғлаб турган эди. Яқинда «Ёш ленинчи» гўзалларнинг янги беллашуви шартларини эълон қилди. Февралнинг 15-куни эса, Ўзбекистон телевидениесининг мухбири ташкилий комитет вакили билан савол-жавоб уюштирди. Ростини айтсам, шундан кейин тағин «қолоқ»лигим тутиб кетди ва энди ёзмасам бўлмаслигини ҳис қилдим.

Бизга «Гўзаллар беллашуви» шунчалик керакми ўзи?

Ҳар қандай инқилоб учун объектив ва субъектив шароитларнинг етилуви қанчалик зарур бўлса, четдан ҳар қандай ахлоқий «янгилик» киритиш учун ҳам бундай шароитлар шунчалик зарур. Бошқача айтганда, «Гўзаллар беллашуви» агар Париж, Лондон ё Амриқо учун қанчалик табиий бўлса, биз учун шунчалик ғайритабиийдир. Қизишманглар. Париж, Лондон ё Амриқодан қаеримиз кам, деб кўкракка муштлаганимиз билан асло ватанпарвар ёхуд мағрур бўлиб қолмаймиз. Аслида, Тошкент Парижга ҳам, Лондонга ҳам ўхшамайди. Ўзбекистон эса Амриқо эмас, чунки биз бошқача халқмиз, дейиш ватанпарварлик бўлади. Ахир, бу дунёни қизиқарли ва тугал қилиб турган жиҳат ҳам шу бошқачалик эмасми?

Балки биз кўп масалада Ғарбдан орқададирмиз, лекин зинҳор ахлоқий масалада орқада эмасмиз. Биз Ғарбнинг энг яхши фазилатларидан ибрат олсак зиён кўрмаймиз, аммо авлодлар олдида биринчи галдаги бурчимиз шуки, ўзимизнинг энг яхши фазилатларимизни соф сақлай билишимиз, такомиллаштира олишимиз лозим. Ғарбнинг (умуман, бошқа халқларнинг) энг яхши фазилатлари қайсилар эканини билиш учун эса, аввало, ўзимизнинг энг яхши фазилатлар қайсилар эканини аниқлаб олмоғимиз керак! Бу фикр жуда қадим бир ҳақиқатга бориб уланади: бошқа халқдан устунлик даъво қилмаган ҳолда ҳар бир халқ аввало ўзини таниб бормоғи даркор. Бу — тўхтовсиз жараён. Тарих деганимиз ҳам, аслида, шу жараёндан иборатдир.

Зинҳор Ғарб билан Шарқни қарама-қарши қўяётганим йўқ. Моҳиятга назар солгим келяпти, холос. Моҳиятан Шарқ шаклбоз (формалист) эмас, ташқи кўриниш Шарқ учун ҳеч қачон бирламчи бўлмаган, ҳамма нарса — урф-одатлар ҳам, адабиёт ва санъат ҳам, меъморлик ва ҳатто дин ҳам инсоннинг руҳан ва маънавиян такомилига йўналтирилган. Шунинг учун ҳам дарвешнинг жулдур кийими билан у англаб етган ҳақиқат ўртасида гўё ер-билан осмонча фарқ бордай туюлади-ю, тушунган одам бу фарқни кўрмайди. Ғарб эса, моҳиятан шаклбозликка (формализмга) мойилроқ. Ғарб ҳаётининг деярли барча жабҳасида — урф-одати, турмуш тарзи, адабиёти ва санъати, меъморлиги ва ҳатто динида формализм белгилари устивор. Шаклий тажрибалар дунёга асосан Ғарбдан тарқашининг боиси ҳам эҳтимол шундандир. Қадим-қадимдан шу руҳда тарбияланиб келган халқлар тараққиётнинг маълум бир палласида кўнгилхушлик учун ўзларига «Гўзаллар беллашуви» сингари формалистик ўйинларни ўйлаб топиши табиий эди. Шунинг учун уларда бу тадбир тезда анъанага айланиб кетди. Хос дарахт сингари ўша тупроқда, ўша иқлимда, ўша шароитда униб чиқди, ўсди ва мева берди. Ғарб бу дарахтни ўзга сайёрадан кўчириб келиб тупроғига ўтқазгани йўқ. Биз нима қиляпмиз? Биз Ғарбга мослашган дарахтдан битта-иккита шох синдириб келиб, ўз боғимизга суқмоқчи бўляпмиз…

Тошкентда Ботаника боғи бор. У ерда дунёнинг ҳамма бурчагидан ўсимлик ва дарахт турлари келтирилиб ҳар хил тажрибалар ўтказилиб ётади. Назаримда, Ўзбекистон (бутун Ўрта Осиё) ҳам шу Ботаника боғига ўхшаб, ҳар хил тажрибалар ўтказишга қулай майдон бўлиб қолаётгандай.

Ҳолбуки, ўзлигини йўқотган халқ бошқа халқлар олдида ҳурматини ҳам йўқотади. Ахир, парижлик, лондонлик ё амриқолик Тошкентга, Фарғонага ё Самарқандга яна бир Парижни, Лондонни ё Амриқони кўргани келмайди. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида бизнинг республикамиздагидай, эски урф-одатларга қарши курашадиган, уларнинг ўрнига янги урф-одатлар ўйлаб топадиган ва қарорлар ёрдамида «ҳаётга тадбиқ» этадиган муассасалар, бюролар ё комитетлар бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам Ғарбда, масалан, энг юксак тараққиёт белгилари билан ёнма-ён энг эски урф-одатлар ҳам ниҳоятда уйғун ҳолда сақланиб қолганки, бу нарса бизга ибрат бўлмоғи лозим. Қачонлардир Ғарбнинг чўнтагидан тушиб қолган одатларни «янгитдан» урф қилишимизга ҳожат йўқ. Чунки биз уларга ҳар қадамда тақлид қилар эканмиз, аввало, ўшаларнинг ўзларининг олдида кулгили аҳволга тушиб бораверамиз.

Тажрибаларни… кечирасизлар, фалсафани бас қилиб заминга тушайлик-чи. аҳволимиз қандай экан?

Йигирма миллионли Ўзбекистон аҳолисинингқарийб 70-75 фоизи ўзбеклардир. Шуларнинг қарийб 75-80 фоизи қишлоқларда яшайди. Шуларнинг қарийб 75-80 фоизи далада ишлайди. Шуларнинг қарийб 80-85 фоизи хотин-қизларимиз бўлса керак. Тахминий ҳисоб-китоб. Лекин ўйлайлик: ҳозирги замон қулайликлари етиб бормаган (четлаб ўтган) қишлоқ ёзнинг қирқ беш даражали иссиғида ҳам, кузнинг қорию ёмғирида ҳам тўхтатилмайдиган дала иши; меҳнатдан бошқани кўрмаган, меҳнатдан бошқага лоқайд бўлиб қолган аёллар… Мана шундай шароитда биз байрамона безатилган иссиқ кошоналарга тўпланиб олиб, «танланган қизларимизнинг қоп-қоп пахталар букмаган қадди-қоматларини, дала офтоби қорайтирмаган, дала совуғи буриштирмаган юзларини, қовочақ тилмаган бармоқларини, кирза этик кўрмаган оёқларини томоша қилиб, баҳолаб ўтирсак… 80-85 фоиз аёлларимиз олдида ҳам, ечинтирилиб томошага қўйилган ўша қизларимиз олдида ҳам уялишимиз керак. (Хайрият, жамоатчилик бу жиҳатга норозилик билдирди ва бу йилги беллашув шартлари сал-пал шарқоналаштирилибди. Лекин шу шартлардан ҳам кўриниб турибдики, «Гўзаллар беллашуви»нинг бизга кераги йўқ, «Иқбол» қизлар телепрограммаси миллий руҳга янада яқинлаштирилиб, озгина такомиллаштирилса кифоя экан.)

Кичкина мулоҳаза. Эрқут (Иркустк) шаҳридан келган талаба Наталья Коган ўтган йилги «Тошкент гўзали» деб топилганини эшитиб, рости, анчагача қизларимизнинг юзига қараёлмай юрдим ва ўйладимки, биздай интернационал халқ дунёда бўлмаса керак: агар беллашув «Тошкент гўзали» деб эмас, масалан, «Ўзбек қизларининг энг гўзали» деб номланган бўлганида ҳам шоҳсупага биз Наталья Коганлардан бирортасини чиқаришимиз тайин. «Тошкент маликаси»нинг суратини кўриб туриб, гўзаллик нисбий тушунча эканига яна бир бор иқрор бўлдим.

Келинглар, бир тажриба ўтказайлик: биронта қишлоққа борайлик-да, дуч келган қариядан ўзи билган бирор қиз тўғрисида фикрини сўрайлик. Имоним комилки, ғарбликдан фарқчли ўлароқ, қария бизга ҳеч қчачон у қизнинг ташқи кўринишини тасвирлаб бермайди. «Одобли, меҳнаткаш, ширинсўз, каттага ҳурматда, кичикка иззатда»… деб таърифлайди. Жуда нари борса, «истарали», «истараси иссиқ» дейиши мумкин. Энг юксак баҳоси шу! Биз бундай ўзбекона руҳдан узоқлаб кетмадикмикан? «У, қоматини қаранг! Оёғини айтмайсизми! Войдод!» дейдиган, шундангина лаззатланадиган бўлиб қолмаяпмизмикан?

Айтмоқчиманки, «Гўзаллар беллашуви» ниҳоятда озчиликнинг (асосан, тақлидчиларнинг) ўйлаб топган ўйини бўлиб, уни мутлақ кўпчиликка тиқиштириш шарт эмас. Ҳар ҳолда, ҳозир бунинг мавриди эмас. Хотин-қизларимизни шунчалик суяр эканмиз, ижтимоий мавқеини кўтармоқчи эканмиз, аввало, уларга рисоладагидек турмуш шароити яратиб берайлик, уларни оғир меҳнатдан озод қилайлик. Уларга муносабатда оғизда эмас, амалда ижтимоий адолатни қарор топтирайлик. Қолаверса, «Гўзаллар беллашув»ларига сарфланадиган («ҳавога совуриладиган», деб ўқисангиз ҳам майли) маблағни аёлларимиз ва болаларимиз саломатлигини асраш йўлида сарф қилайлик. Ана ундан кейин ўйин-кулгини ҳам ўйлаб кўрсак бўлади. Дарвоқе, у пайт ўйлаб ўтиришга ҳожат қолмайди, у пайтда чин озодликка эришган ўзбек аёли ҳам ўз руҳига, диди ва табиатига мос турли кўнгилхушлик тадбирларини ўзи топиб олган бўлади.

Ҳар ҳолда, менинг фикрим бундай: моҳият сари, комил инсон сари борган маъқул.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 3 март