Нуриддин Муҳиддинов. Инсоний бурчимиз (1990)

КПСС XXVIII съездининг «Инсонпарвар, демократик социализм учун» деган Дастурий баённомасида партия СССР халқларининг маданий меросига эҳтиёткорлик билан муносабатни қарор топтиради, деб таъкидланди. Дарҳақиқат, инсон маънавий такомилида кўплаб ўтмиш авлодларнинг донолиги ва истеъдодини ўзида мужассам этган тарихий ва маданий ёдгорликларнинг ўрни ва аҳамияти жуда катта. Бизнинг кунларимизгача етиб келган ёдгорликлар минглаб йиллардан буён Ўрта Осиёнинг поёнсиз кенгликларида яшаб келаётган халқларнинг маданияти, меъморчилик санъати, шаҳар қурилиши ва моддий ишлаб чиқариш даражаси нақадар юксак бўлганлигидан далолат беради.

Ҳа, бу қадимий минтақа ноёб ёдгорликларга ниҳоятда бой. Фақат Ўзбекистоннинг ўзидагина бундай ёдгорликларнинг ўн мингтаси давлат томонидан ҳиеобга олинган. Жумҳуриятимизнинг қадимий шаҳарлари бўлмиш Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хева, Қўқон, Шаҳрисабз, Каттақўрғон, Қарши, Ғиждувон ва бошқа жойлардаги осори-атиқалар бутун оламга машҳур.

Жамият ҳаётида ҳар томонлама янгиланиш рўй бераётган ҳозирги шароитда тарихий-маданий меросни сақлаш ва тарғиб қилиш чуқур инсоний моҳият касб этади, кишиларимизнинг тафаккур доирасини кенгайтириб, маданий даражаси такомиллашувига ҳисса қўшади. Аҳоли турли қатламларининг ёдгорликларга муносабати тобора мустаҳкам қарор топиб бораётир. Бироқ ўлкамизнинг маданий-тарихий мероси тақдири ҳақли суратда кишиларни ташвишга солмоқда. Матбуот саҳифаларида, радио ва телевидение орқали ёдгорликларни асрашнинг кечиктириб бўлмас муаммолари ҳар тарафлама чуқур ёритилмоқда. Жамоатчиликнинг танқидий чиқишлари ёдгорликлар тақдирига чинакамига ташвишланиш руҳи билан йўғрилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 1988—1997 йилларни маданият равнақининг Бутунжаҳон ўн йиллиги деб эълон қилди. ЮНЕСКОнинг халқлар маданиятларининг ўзига хослигини қарор топтириш ва бойитиш муаммоларига бағишланган ҳужжатларида маданиятнинг ташқаридан тиқиштирилган нусхалари, дид ва турмуш тарзини бир хиллаштириш, айрим анъанавий қадриятларнинг емирилиши ва янги қадриятларнинг машаққат билан қарор топиши жараёнлари кўплаб жамиятларда ниҳоятда ташвишли муҳим бир масала билан: тақдири хавф остида қолган ўзига хос маданиятни қандай қилиб асраб қолиш, ҳимоя қилиш ва равнақ топтириш муаммолари билан боғлиқ эканлиги таъкидланди. Равшанки, бу ўринда гап халқлар ташқи таъсирдан ўзини сунъий равишда ҳимоялаб, ўтмишдан мерос қолган маданиятлар доирасида чекланиб қолиши ҳақида кетаётгани йўқ. Аксинча, ҳар бир халқ ҳозирги замон билимлари ва малакаларини эгаллаши, бошқа маданиятлардан баҳраманд бўлган ҳолда янгиланиш борасидаги имкониятларини рўёбга чиқариши лозим. Майда жилғалар йиғилиб дарёлар ва денгизларни ҳосил этганидай, жаҳон тараққийпарвар маданияти ҳам ҳар бир халқнинг маданиятидан баҳра олган ҳолда бунёд этилади.

Йирик миқёсларда шаҳар қурилишининг авж олиши, индустрлаштириш, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, айрим ҳолларда эса оммавий саёҳатни ривожлантиришда йўл қўйилаётган қатор камчиликлар умумжаҳон миқёсида йирик муаммо ҳисобланади. Бизнинг жумҳуриятимизда эса, инсоннинг тазйиқий фаолияти натижасида Орол денгизининг фалокатли суратда қуриб бораётганлиги, сизот сувларнинг юзага қалқиб чиқиши, тупроқ шўрланиши кўплаб меъморчилик, археология, санъат обидаларига тобора жиддий хавф-хатар туғдирмоқда. Маданиятни ривожлантириш Бутунжаҳон ўн йиллигининг асосий мақсадларидан бири умуминсоний қадриятларни ҳимоя этиш билангина чекланмайди, балки уни бойитиш ва янгилашга кўмаклашишни ҳам кўзда тутади. Осори-атиқаларни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш ишларини ҳар томонлама яхшилашга эришиш бизнинг умумий бурчимиздир. Энг муҳими, бу борадаги фаолиятни изчил йўлга қўйиш, халқимиз меросини асраш вазифаларини давлат идоралари ҳамда жамоатчиликнинг кенг қатламлари билан биргаликда ҳал этиш зарур.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон жумҳуриятлари раҳбарларининг 1990 йил 23 июнда Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқларига мурожаати ҳамда мазкур жумҳуриятлар ўртасида ҳар томонлама иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланиши муҳим сиёсий воқеа бўлди. Буларнинг барчаси ижтимоий фаолиятнинг турли соҳаларида доимий ижодий ва амалий ҳамкорликни чинакамига йўлга қўйиш, жумладан тарихий ва маданий ёдгорликларни таъмирлаш ва тарғиб этишда илмий тадқиқотларни рўёбга чиқариш ишларига самарали таъсир этмай қолмайди. Назаримизда, шу йилнинг охирларида Ўрта Осиё ва Қозоғистондаги мавжуд қадимий ёдгорликлар муаммоларига бағишлаб, қардош жумҳуриятларнинг исталган бирорта шаҳрида кенгаш чақириш юқоридаги масалаларни биргаликда ҳал этиш истиқболига кўмаклашган бўлур эди. Тарих ва маданият ёдгорликларини сақлаш Ўзбекистон жамияти жумҳуриятлар вакилларини уларнинг хоҳиш-истакларига қараб Тошкент, Самарқанд ёхуд Бухорода қабул қилишга тайёрдир.

Тарихий-маданий меросни асраш ишларини янада янги ва юксак даражага кўтариш — ҳаёт тақозоси. Албатта, кўп нарсалар иқтисод билан ниҳоятда боғлиқ. Ҳар йили ёдгорликларни таъмирлаш ишларига жумҳурият бюджетидан (хазинасидан) 7—8 миллион сўм маблағ ажратилади. Кўпми бу ёки озми? СССР Олий Кенгаши бир гуруҳ депутатларининг: «Бухоро ёдгорликларини асраб қоламиз», деган мурожаатидан сўнг ҳамда бўлажак тарихий тантанани инобатга олган ҳолда Бухоро шаҳридаги ёдгорликларни таъмирлаш ва тарихий жойларни тиклаш дастури ишлаб чиқилмоқда. 1990—1993 йилларга мўлжалланган биринчи даражали таъмир ишларининг умумий қиммати 7,2 миллион сўмни ташкил этади, бутун дастурни рўёбга чиқариш учун эса 39 миллион сўм маблағ талаб қилинади. Бу — фақат биргина Бухоро бўйича. Гап эса, бутун жумҳуриятдаги ёдгорликлар ҳақида кетаётир.

Қисқаси, осори-атиқаларни таъмирлаш учун давлат хазинасидан ажратилаётган маблағ етарли эмас, шунинг учун ҳам кўпгина ёдгорликларни тиклаш ишлари ўнлаб йилларга чўзилмоқда, фақат эскилари эмас, балки Қўқондаги Худоёрхон Ўрдаси каби яқинда таъмирдан чиққан ёдгорликлар ҳам емирилиб бормоқда. Албатта, ҳаммамизга маълумки, жумҳуриятда уй-жой, мактабгача болалар муассасалари, шифохоналар, маданият иншоотлари қурилишига, аҳоли турмуш даражасини ўстиришга эҳтиёж катта ва буларнинг барчаси давлатдан беқиёс куч ва эътибор талаб қилади, бироқ ҳукумат ана шундай шароитларда ҳам тарихий ва маданий ёдгорликларни тиклаш ишларига маблағни кўпайтириш имкониятларини қидирмоқда.

Ёдгорликларимиз кўп, уларни асраш воситалари эса чекланган. Хўш, қандай чора-тадбир кўриш керак? Бунда халқимизнинг асрий донолиги қўл келади — ҳашар йўли билан ҳар бир қишлоқ ва шаҳарда мавжуд бўлган ёдгорликлар ҳолатини аҳоли хатти-ҳаракатлари билан яхшилаш, фақат байрамлардагина эмас, балки оддий кунларда ҳам ҳордиқ чиқарадиган, дам оладиган, суҳбатлашадиган боғу роғларга, гулзорларга айлантирилса кўнгилдагидек иш бўлур эди. Ёдгорликлар ҳаммамизнинг мулкимиз, шунинг учун ёшидан қатъи назар, кашшофу оқсоқол, аёлу эркак уларни авайлаб асрашга ўз ҳиссаларини қўшмоқлари керак.

Таъмирлаш ишларини маблағ билан қўшимча таъминлашнинг аниқ манбаларидан бири туризм ҳисобланади. Ўз даромадларининг маълум бир қисмини ёдгорликларни сақлаш ишларига йўллаш туристик ташкилотларнинг тўғридан-тўғри бурчидир. Бундан ташқари, жумҳуриятимизда туризм хизматини янада юксалтириш, умумжаҳон ўлчовлари даражасига кўтариш лозим. Бу ҳақда турли хил доираларда гап кетди, бироқ иш бир жойда депсинганича турипти, ҳолбуки бир қатор ривожланаётган Африка мамлакатларида ҳам туризм ишлари юксак даражага қўйилган бўлиб, анчагина даромад келтирмоқда. Дарвоқе, орадан кўплаб асрлар ўтган бўлса-да, шу нарсани эслатиб ўтиш жоизки, Ўрта Осиё ҳудудидан ўтган Буюк ипак йўлининг ҳамма ерида йўловчилар учун ҳордиқ чиқариш, меҳнат қилиш ва саёҳатни давом эттириш учун қулай шароитлар юзага келтирилган эди.

Айрим ноёб ёдгорликларни тиклашда меҳнат жамоалари ва айрим шахслар «Хотира фонди»ни ташкил этиш ва таъмир ишларига бадал ажратиш йўли билан ҳам иштирок этаётганлигини тажриба сифатида қайд этиш мумкин. Бухородаги ноёб «Халифа Худойдот» ёдгорлигини ана шундай усул билан тиклаш режалаштирилмоқда. Бундай ташаббусни қўллаб-қувватлаш фойдалидир.

Бизгача етиб келган тарихий ёдгорликлар қанчалик қимматли бўлса, бутун дунё меҳнаткашларининг доҳийси В. И. Ленинга ўрнатилган монументаль санъат асари ҳам шу қадар қадрли бўлмоғи даркор.

Улуғ Ватан уруши даврида ҳалок бўлганлар, келгуси авлодлар бахти учун курашган, жон фидо этганларнинг хотирасини абадийлаштириш, уларга бағишланган ёдгорликларни обод қилиш, намунали ҳолда асрай олиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

Тарихий меросни келгуеи авлодлар учун асраб қолишда ҳурмат ва эъзозга мушарраф бўлган халқ меъморлари: Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг фахрий аъзоси, Давлат мукофати нишондори уста Ширин Муродов, уста Акрам Умаров, уста Абдуқодир Боқиев, уста Шамси Ғафуров, уста Рўзмат Машарипов, ғиждувонлик кулол уста Усмон Умаров ва бошқа кўплаб минг йиллик ёдгорликларни таъмирлашдек мураккаб санъат сирларини эгаллаган истеъдод соҳиблари тарихий меросни авайлаб-асраш ва келгуси авлодларга етказиш ишларига муносиб ҳисса қўшдилар. «Уста» деган қутлуғ сўз юз йиллар давомида энг фахрли ва ҳурматли кишиларга нисбат бериб келинган. Биз ана шу ўринда Узбекистонда таъмирлаш ишларининг равнақ топишига муносиб ижодий ҳисса қўшган кишилар — Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг академиги Я. Ғуломов, меъмор олим М. Мауэр, таниқли меъмор Б. Засипкин ва бошқа мутахассисларнинг номларини ҳам самимий миннатдорлик туйғуси билан эсга олиб ўтамиз.

Афсуски, 60—70 йилларга келиб таъмирчилар авлоди ўртасида узилиш рўй берди. Кекса таъмирчилар йўқ, янгилари эса бармоқ билан санарли. Бу мураккаб мутахассисликни эгаллашда изчиллик ва давомийликка раҳна тушди. Лекин ёдгорликларни сақлаш жамияти қадимий анъаналарни тиклашга интилмоқда. Жамиятнинг Бухоро вилояти кенгаши Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таъмирчи Очил Бобомуродов раҳбарлигида кенг йўналишдаги таъмирчи усталар тайёрлаш мактабини ташкил этди.

Шаҳарларнинг ўз қиёфасини сақлаб қолиш зарурлиги ҳақидаги масала ҳамон ўткир муаммо бўлиб қолаётир. Бу борада Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети, жумҳурият Олий Кенгаши Президиуми ва Вазирлар Кенгашининг 1989 йилнинг 23 ноябрида қабул қилган «1991— 1995 йилларда Тошкент шаҳри аҳолиси турмуш таъминотини тубдан яхшилаш шаҳарнинг тарихий районларини реконструкциялашни жадаллаштиришга оид биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори катта аҳамиятга эга. Мазкур қарорга асосан тарихий ёдгорликларни сақлаб қолиш бўйича тадбирлар назарда тутилган, жумладан, очиқ осмон остида 11 гектарли майдонда меъморлик-этнографик музей — «Шаҳристон» маҳалласи ташкил топади.

Киров ноҳиясида жойлашган Оқтепа шаҳарчаси ноёб тарихий ёдгорлик бўлиб, қазилмалар чоғида ўрта асрларнинг илк даври Чоч (Тошкент) аҳолисининг турмуш тарзидан ҳикоя қилувчи моддий маданият буюмлари топилди. Ҳозир мазкур шаҳарчани сақлаб қолиш ва таъмирлаш, бу ерда боғ майдони ташкил этиш бўйича кенг миқёсда ишлар олиб борилмоқда. Яқинда ана шунга доир масалалар жамиятимиз ҳайъатининг йиғилишида махсус кўриб чиқилди.

Жумҳуриятимизда Совет ҳокимияти йилларида қад кўтарган тарихий — инқилобий воқеаларни тараннум этувчи кўпгина ёдгорликлар бор. Бу ўринда Туркистоннинг 14 комиссарига ўрнатилган ёдгорликни алоҳида эслаб ўтиш жоиз. 50-йилларда ана шундай ғоя туғилиб монументал комллекс барпо этиш ҳақида гап кетганида, Туркистонда аксилинқилобчиларни тормор этган, Совет ҳокимиятини тиклаш ва мустаҳкамлаш йўлида ҳалок бўлган комиссарлар билан бирликда большевиклар хотирасини ҳам гранитда абадийлаштириш ҳақида келишиб олинган эди. Афсуски, 60-йилларда белгиланган ишларнинг фақат бир қисмигина амалга оширилди. Гап шундаки, Туркистоннинг 14 комиссари орасида бирорта ҳам ўзбек кишиси йўқ. Шуниси ҳам аниқки, комиссарларни ваҳшийларча ўлдирган Осипов аксилинқилобий исён иштирокчилари орасида ҳам бирорта ўзбек бўлмаган. Бироқ ана шу исённи бостиришда А. Казаков, Д. Манжара раҳбарлик қилган темир йўл ишчилари билан бир сафда қўлда қурол билан Эски шаҳар болшевиклари Низомиддин Хўжаев, Миркомил Миршаропов, Ҳусан Тўраев, Ёқуб Хўжаев, Йўлдош Солиҳов, Султонхўжа Қосимхўжаев ва бошқа туб аҳоли вакиллари иштирок этган эдилар. 1919 йилнинг 21 январида Тошкентда Совет ҳокимияти тикланди. В. И. Ленин, Я. М. Свердлов ғалаба билан табрикладилар ва тўла қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар. Ҳозирги пайтда ёдгорликларни сақлаш жамияти бошқаруви олимлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда ана шу яхлит комплексни ниҳоясига етказиш, аксилинқилобий ҳарақатни тор-мор этган кишилар хотирасига ҳам ёдгорлик ўрнатиш ҳақида таклиф тайёрламоқда. Бу — жумҳуриятимизда истиқомат қилаётган барча миллат меҳнаткашларини байналмилал ва маънавий руҳда тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Яқин йиллар ичида Ўрта Осиёдан етишиб чиққан буюк мутафаккирларнинг таваллуд саналари нишонланди. Бу йил Имом Ат-Термизийнинг 1200 йиллиги, келгуси йили Алишер Навоийнинг 550 йиллиги, 1993 йилда Бобур таваллудининг 510 йиллиги, Берунийнинг 1020 йиллиги, Хоразмийнинг 1210 йиллиги, 1994 йилда Улуғбекнинг 600 йиллиги, 1995 йилда Абдулла Қодирийнинг 100 йиллиги тантана қилинади. Меъморчилигимизнинг кўплаб тарихий ёдгорликлари ўрта осиёлик олимлар, ёзувчилар, шоирларнинг номлари билан чамбарчас боғлиқ. Қутлуғ саналарга тайёргарлик арафасида таъмирлаш ишларини тезлаштириш чора-тадорикини кўрмоқ лозим. 1200 йиллиги нишонланаётган Имом Ҳаким ат-Термизий, шунингдек, «Ал Ҳадис» муаллифи Исмоил ал-Бухорий, Баҳовуддин Нақшбандий каби дин арбобларининг номлари билан боғлиқ ёдгорликлар ҳам талайгина. Ана шу ёдгорликларни сақлашда диний жамоалар муҳим ёрдам кўрсатишлари мумкин.

Буюк ватандошларимиз — Ўрта Осиё олимлари ва ёзувчилари қаламига мансуб кўплаб қимматбаҳо китоблар ва қўлёзмалар хорижий мамлакатларда, кўпинча эса, хусусий жамғармалар ва кутубхоналарда сақланмоқда. Ана шу миллий бойликларни ўз Ватанига қайтариш йўл-йўриқларини ўйлаб кўриш фойдадан холи бўлмас эди. Бир пайтлари академик Ҳамид Сулаймон бунга ҳаракат қилиб кўрган эди, афсус, у ҳаётдан кўз юмди-ю, иш ўлда-жўлда қолиб кетди. Ана шу муаммо билан албатта шуғулланиш лозим.

Тарихий ва маданий меросни муҳофаза қилиш ишларини яхшилашда қонунчилик муҳим аҳамият касб этади. Бироқ ҳозирги пайтда ёдгорликлар ҳақидаги ҳуқуқий талаблар ҳукуматнинг турли хил қарорлари ва бошқармаларнинг фармойишларига боғлиқ бўлиб қолган ҳамда бу ҳужжатлар эскириб, замонавий талабларга жавоб бера олмайди. Ёдгорликлар ҳақида қонунчиликни янгилашни ҳаётнинг ўзи олдинга сурмоқда. Шу муносабат билан жамият бошқаруви ёдгорликлар ҳақида яна қонун ишлаб чиқаётган Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Комитетида иштирок этиб, мазкур муаммо билан изчил шуғулланмоқда.

Корхоналар ва ташкилотлар томонидан ёдгорликлардан фойдаланиш масалаларида қаттиқ тартиб ўрнатилиши зарур. Ўз ҳудуди ихтиёридаги ёдгорликларнинг ҳақиқий хўжайинлари бўлмиш маҳаллий Советлар уларни асраш устидан жиддий назорат ўрнатишга бурчлидирлар. Обидалар ҳимояга муҳтож эканлигини, енгил-елпи ва лоқайд муносабат туфайли улар абадий йўқ бўлиб кетиши мумкин эканлигини ҳамиша ёдимизда тутмоғимиз шарт. Уларни эҳтиёткорлик билан сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича кескин қонун тадориклари зарур.

Тарих ва маданият ёдгорликларини сақлаш Ўзбекистон Жамияти меҳнат жамоаларида ўз сафларида 4 миллион кишини бирлаштирган 9 минг бошланғич ташкилотга эга. Маълумки, Жамиятнинг ҳар бир аъзоси ҳам унинг ишларида фаоллик кўрсатмайди, лекин шунга қарамасдан жамоатчилик ҳаракатининг ҳақиқий жонкуярлари тарихиймиллий қадриятларимизни ҳимоя қилиш ишига тобора кенгроқ қўшилмоқдалар. Уруш ва меҳнат ветеранлари жумҳурият кенгаши, Ўзбекистон ЛКЁУ Марказий Комитети, Халқ маорифи вазирлиги, Меъморлар уюшмаси жамиятимиз билан фаол ҳамкорлик қилаётирлар. Жонкуярлар ва қадимий осори-атиқалар мухлисларининг ана шундай жонбозлик фаолияти идоравий аппаратлар томонидан эмас, балки жамоатчилик ташкилотлари томонидан йўналтирилиши мақсадга мувофиқдир.

Жамият фаолиятининг муҳим йўналишидан бири маданий мерос ҳақидаги билимларни, халқимизнинг энг яхши анъаналари ва урф-одатларини тарғиб-ташвиқ этишдан иборат. Бухоро, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон мухтор жумҳурияти, Тошкент шаҳар жамияти кенгашлари бу борада фаол иш олиб бормоқдалар. Шу йил 27 май куни Тошкентдаги Абулқосим ёдгорлиги биносида «Нон» деб аталган бутунжумҳурият кўргазмаси намойиш этилди. Қорақалпоғистондан, вилоятлардан ва Тошкент шаҳридан новвойларимиз 100 га яқин оби-нон турларини намойиш этдилар. Кўргазма қатнашчилари, шу жумладан чет эллик саёҳатчилар катта қизиқиш билан танишдилар. Ўрта Осиё халқлари ноннинг 250 хил намунасини биладилар. Келгуси йили кўргазма ташкил этиб, ҳамма турдаги нонларимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Бундан ташқари, жамият бошқаруви манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда турли хил ёдгорликлар ҳудудида «Қовун сайли», «Анор базми», «Лола байрами», «Гулбозор» каби халқ байрамлари ўтказишни мўлжалламоқда, булар телевидение орқали кўрсатилади ва ҳужжатли кинофильм суратга олинади.

Жамоатчилик фаолиятининг фойдали шаклларидан бири ўлкашунослик бўлиб, унда тобора кўпроқ киши иштирок этмоқда. Унинг доирасига юртимизнинг ўтмиши ва ҳозири киради. Тошкент ва Фарғона вилоятлари кенгашлари ўлкашунослик равнақига алоҳида эътибор билан қарамоқдалар. Бу борада ўлкашунослар ташуббусини ҳар томонлама рағбатлантириш, ёшларни, мактаб ўқувчиларини, талабаларни, ҳаваскорларни бу ишга кенг жалб этиш ниҳоятда муҳимдир.

Жамият йўли билан ёдгорликлар ҳақида китоблар ва брошюралар мунтазам суратда чоп этилмоқда. Яқинда нашр этилган «Даврлар садоси» деб аталган алманахнинг дастлабки сони ўқувчилар томонидан қизиқиш билан кутиб олинди. Ўзбекистон халқларининг тарихий-маданий мероси ҳақида кўп серияли бадиий-публицистик фильмни яратиш уетида иш олиб борилмоқда.

Корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, мактаб ўқувчилари, талабаларни ёдгорликлар устида оталиқ ишларига жалб этиш жамиятимизнинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Ёдгорликларни муҳофаза қилиш ҳақидаги ғамхўрлик чинакамига умумхалқ иши бўлиб қолиши керак. Тарихий шаҳарлар, қўриқхоналар ва қўриқхона ҳудудлари, миллий боғлар, йирик меъморчилик ансамблларини равнақ топтириш ва янгилашнинг бош режалари ҳамда айрим лойиҳалар ёдгорликларни муҳофаза қилиш жамиятининг фикри инобатга олинганидан кейингина давлат органлари томонидан кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим. Буни қонун йўли билан белгилаб қўйиш фойдалидир.

Ўзбекистон — ноёб тарихий ва маданий осори-атиқаларга бой ўлка. Уларни асраш ва умрбоқий қилиш жуда катта маданий, руҳий-маънавий аҳамиятга молик. Демак, зиммаларига ана шундай маъсулиятли вазифа юклатилган давлат ва жамоат ташкилотлари бутун иш кўламини тубдан яхшилашга ниҳоятда алоқадордирлар.

Нуриддин Муҳиддинов, Ўзбекистон Тарих ва маданият ёдгорликларини сақлаш жамиятининг раиси

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 10-сон