Миразиз Аъзам. Татаристон сафари (1987)

1987 йилнинг февралида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раҳбари Ўлмас Умарбеков мени ҳузурига чақиртирди.
– Қозонда Абдулла Қодирийга ўхшаган, 1938 йилда отилган татар ёзувчиси Олимжон Иброҳимов таваллудининг 100 йиллик юбилейи бўлади. Ўзбекистондан мени таклиф қилишганди, вақтим йўқ, маросимда қатнашиш учун ўрнимга сиз бориб келсангиз, – деди у. – Орада етарли вақт бор, юбилей ўзи мартда бўлади. Навоий кутубхонасига боринг: Абдулла Ўразаевнинг таржималари билан танишинг, кейин ўзбек-татар адабий алоқалари ҳақида Шерали Турдиевда кўп материаллар бор, маслаҳатларини олиб, йўлга ҳозирлик кўринг.
Мен шошилинч ишга киришдим. Кутубхонада Иброҳимовдан қилинган айрим таржималар билан танишдим.
Олимжон Иброҳимов (1887–1938) ташқи кўриниши, қалбининг ёниқлиги, имонининг кучлилиги билан ҳақиқатан Абдулла Қодирийга ўхшаш оташин ёзувчи, олим, публицист ва жамоат арбоби бўлиб, ўша замоннинг энг илғор олий ўқув даргоҳларидан бири Уфадаги Олия мадрасасини битирган, кейинчалик, 1914 йилдан бошлаб, шу мадрасада дарс берган.
Адабий ижодиёти 1907 йилда “Мадрасадан Заки шогирднинг ҳайдалиши” ҳикояси билан бошланган. “Татар хотини даромад кўрмайди” (1910), “Қозоқ қизи” романлари, “Ёшлар ҳаётидан саҳифалар” (1911), “Денгизда” (1911), “Қари мардикор” (1912), “Қароқчи мулла” (1912), “Табиат болалари”(1914) сингари реалистик ҳикоя ва қиссалари билан татар адабиётида янги овоз соҳиби бўлиб танилди. Бу асарларида Олимжон Иброҳимов илғор татар зиёлиларининг эски турмуш асосларига қарши олиб борган курашларини кўрсатган. Унинг ижодида “Ёш юраклар” (1912) романи муҳим ўринни эгаллайди. У татар адабиётида биринчи психологик роман бўлиб, реализм ва романтика бир-бирига қоришиб кетган ва бу Иброҳимов ижодига хос хусусиятлардан биридир. Унинг “Бизнинг кунлар” (1920), “Қизил чечаклар ҳикояси” (1922), “Олма-чувар” (1922), “Қозоқ қизи” (1924), “Теран томирлар” (1928) каби асарларида иккинчи жаҳон урушидан кейинги қайта тикланиш йилларидаги кескин курашлар, татар халқининг қаҳрамонона меҳнатларини гавдалантирган.
Мен айрим китоблар билан танишганимдан сўнг яна қомусларни титиб, татар адабиёти тарихи билан танишдим ва бир нарсадан ғоят ажабландим: татар мумтоз адабиёти намуналари сифатида Қул Алининг “Қиссаи Юсуф” достони, Қутбнинг “Хусрав ва Ширин”, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”, Сайфи Саройининг туркча “Гулистон”и ҳам саналганди. Биз буларни университетда Хоразмдан чиққан ўзбек адабиёти классиклари деб ўтгандик. “Ҳа, татарлар билан бизнинг ёзувимиз бир бўлган эди, адабиётимиз ҳам бирмиди?” деб ўйладим. Сўнг тарихимизни, Қутблар замонидаги Турон жўғрофиясини титкиладим. Ўрганишларим натижасида, у пайтларда ҳудудларимиз бир-биридан кескин ажратилмаган, бир-биримизнинг адабиётимизни ўз адабиётимиздай таржимонсиз ўқирдик, деган хулоса келиб чиқди. Қул Али, Қутб, Хоразмий, Сайфи Саройи ҳам, Лутфий, Навоий, Бобур, Махтумқули, Абай, Абдулла Тўқайлар ҳам ҳамиша таржимасиз, ўз адабиётимиздай ўқилган! Хуллас, юбилейда айтажак гапларим шакллана борди…
Қозонда мени Г.Файзуллина исмли талаба, илк китоби чиққан ёш татар адибаси кутиб олди ва Қозондаги меҳмонсаройга жойлаштирди. Кейин Татаристон Ёзувчилар уюшмасига олиб борди. Уюшмада мени Мусагит Ҳабибуллин исмли ёзувчи қабул қилди. У мени юбилей дастури билан таништирди. Дастурга кўра, Фанлар академиясига бордик. У Иттифоқ Фанлар академиясининг Қозон филиали ҳисобланаркан. Олимжон Иброҳимов номидаги Тил, адабиёт ва тарих институти Татаристон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда юбилейга бағишлаб илмий конференция ўтказди. Бундаги қизғин баҳсларда Иброҳимовнинг араб алифбосидан лотин алифбосига ўтиш давридаги фаолиятлари ҳақида ҳам сўз юритилди.
Институтнинг тарих залида ёзувчига бағишланган музей ташкил этилибди, томоша қилдик.
Бундан ташқари, Қозон давлат университетида талабаларнинг Бутуниттифоқ илмий конференцияси ҳам бўлди. Татар ёшларининг ўз ёзувчиларига муҳаббати уларнинг оташин мунозараларида яққол кўзга ташланиб турарди.
Пойтахт Қозоннинг О.Иброҳимов номидаги кўчасида, Татаристоннинг турли шаҳар ва қишлоқларида ҳам ўқувчилар анжуманлари, адабий-мусиқий кечалар ўтказилди.
Юбилей куни эрталаб татар ёзувчилари, давлат идоралари ходимлари, меҳмонлар билан биргаликда Олимжон Иброҳимовнинг қабрини зиёрат қилгани бордик, бюст пойига гулчамбарлар қўйдик. Бир-икки ичкин руҳли нутқлардан сўнг қабристондан чиқарканмиз, дарахтлар остидаги сокин хиёбонда юрган бир татар қария мени имлаб чақирди. Бориб саломлашдим. Шу ернинг гўркови экан.
– Бу мозорда Олимжон Иброҳимовнинг суяги ҳам, тирноғи ҳам йўқ, у бу ерга кўмилмаган. У бир неча зиёлилар билан бирга 38-йилнинг январида Қозон чеккасидаги бир чуқурлик ёнида отиб ташланган. Чуқур устига тупроқ тортиб юборгач, бик шиббалаб, устидан ҳожатхона қурғанлар, – деди у.
– Оллоҳ сабр берсин, – дедим. Қучоқлашиб хайрлашдик.
Юбилей маросими Муса Жалил номидаги Татар давлат опера ва балет театрида бўлар экан. Бу театр Қозонда 1939 йилда очилган бўлиб, спектакллари татар ва рус тилларида қўйилар экан. Театрга Муса Жалил номи 1956 йилда берилган. Қозонда яна Алиасқар Камол номидаги Академик драма театри ҳам бор. У театр 1906 йилда фаолият бошлаган, 1920 йилда давлат мақоми, 1926 йилда Академик драма театри унвонини олган экан.
Юбилей 1987 йил 12 март куни кеч соат бешда очилди. Кеча раёсатида Татаристон Марказқўмининг биринчи котиби Г.И.Усмонов, вилоят бюросининг аъзолари ва номзодлари, давлат идоралари ёшлар уюшмалари, бошқа ижодий уюшмалар, маданият муассасалари, меҳнат жамоалари вакиллари, Москвадан, қардош республикалардан келган қўноқлар иштирок этмоқда эди
Тантанали йиғилишни Татаристон партия қўмитасининг иккинчи котиби А.А.Родигин очди.
Татаристон Министрлар Совети Раисининг биринчи ўринбосари, республика юбилей ҳайъатининг раиси М.Х.Ҳасанов Олимжон Иброҳимовнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида маъруза қилди.
Кейин Иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси раёсати котиби, танқидчи Ю.И.Суровцев ва бир қанча нуфузли арбоблар билан бирга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан каминага сўз берилди.
Мен ўз нутқимнинг қисқача баёнини келтираман:
Ўзбек халқи ва Ёзувчилар уюшмаси номидан улуғ татар ёзувчиси Олимжон Иброҳимов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан қондош ва жондош татар халқини табриклаш ва саломлар етказиш шарафи менга топширилди.
Чинакам ёзувчиларнинг икки ҳаёти бўлади: бири – ўзи яшаган ҳаёт ва иккинчиси – ўлимидан кейинги ҳаёт. Албатта, шундай ёзувчилар ҳам бўладики, тириклигидаёқ шундоқ халқ кўз ўнгида ўладилар, юқори мансабларга, совринларга ва катта-катта китоблар чиқаришга интилиб ва шунга эришиб яшайдилар, аммо уларни ҳеч ким ўқимайди. Олимжон Иброҳимов миллатнинг юрагида ва ўйларида абадий яшайдиган ёзувчилар тоифасига киради, бундай ёзувчилар билан ўқувчилар ўртасига тўсиқ қўйиб бўлмайди, ҳатто уларнинг китобларини кутубхона жавонларидан ва дўкон пештахталаридан йиғиб олинса ҳам, ҳатто уларни гулханларда ёқсалар ҳам, ҳатто муаллифини ўлдириб, ўлиги устига ҳожатхона қуриб, жисмини йўқ қилишга эришсалар ҳам, миллат қайсидир саноқли нусхаларини асраб-авайлаб кейинги авлодларга етказади, шахсини юрагининг тўрида сақлайди.

Миразиз Аъзам Олимжон Иброҳимовнинг Ўзбекистондаги авлодлари даврасида. 1987 йил.

Мана, биз Олимжон Иброҳимовнинг юз йиллигини нишонлаяпмиз. Унинг ҳаёти 50 ёшида узилди. Йигирма йил китоблари чиқарилмади. Аммо сўнг, 1956–1957 йиллардан унинг иккинчи ҳаёти бошланди. Олдин унинг уч жилдли “Танланган асарлари” она тилида чоп этилди. 1985–1987 йилларда, юз йиллиги олдидан катта-катта саккиз жилдли “Асарлар” тўплами нашр қилинди. Ҳар бир жилди чиқиши биланоқ талаш бўлиб ўқилди ва ҳозирнинг ўзидаёқ ноёб китобларга айланди. Рус ва бошқа халқлар тилларида чиқарилган алоҳида нашрлар ҳақида гап очмаёқ қўя қолайлик. Ҳозир унинг асарлари фақат Иттифоқ ҳудудида эмас, чет мамлакатларда ҳам севилиб ўқилмоқда.
Ўзбекларга келсак, бизнинг халқимиз Олимжон Иброҳимовни бугун ёки кеча эмас, 10-йиллардаёқ таниб олган. Унинг “Закий шогирднинг мадрасадан ҳайдалиши”, “Қароқчи мулла” ҳикоялари, “Ёш юраклар” романи ва бошқалар ўзбеклар томонидан севиб ўқилган. Ўзбек ёзувчиларининг эсдаликларидан маълумки, Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Лутфилла Олимий, Шокир Сулаймон каби бир қатор ёзувчи ва шоирларимиз 1915 йилда Иброҳимовнинг Олия мадрасасидаги маърузаларини ҳам тинглашган. Араб алифбоси ўзгаришидан олдин ўзбеклар Иброҳимовни татар тилида ўқиганлар. Алифбо ўзгаргандан кейин 20-йилларнинг иккинчи ярмида “Қора маёқлар” романи, 30-йилларда “Табиат болалари”, “Қозоқ қизи” романлари, “Қизил чечаклар ҳикояси” Абдулла Ўразаев томонидан таржима қилинган. Ўртага айрилиқ солган қатағон йиллари ўтиб, ҳаққоният тиклана бошлаши билан 70-йилларда Абдулла Ўразаев “Қозоқ қизи”ни янгитдан кўриб чиқиб, иккинчи нашрини амалга оширди, ундан ташқари, “Теран томирлар” романини ҳам ўзбекчага ўгирди.
Ғурур билан яна шу нарсани ҳам айтишим ўринсиз бўлмаса керак: шахсга сиғинишнинг оғир йилларида, шафқатсиз репрессиялар замонида ўзбеклар Олимжон Иброҳимовнинг қариндош-уруғларини ўзларига ўғил-қиз қилиб олдилар. Улар ҳозир ҳам Навоий шаҳрида, Тошкентда ва бошқа кентларда соғ-саломат яшамоқдалар.
Ўзбеклар билан татарларнинг яқин алоқалари ҳақида бизнинг ёзувчиларимиз ёзиб қолдирган баъзи бир сўзларини ҳам айтгим келяпти.
Шоир, драматург, композитор Ҳамза ёзади: “1907 йили отамни Маккага ҳажга кузатарканман, мен илк бор у билан Қишқар (Татаристоннинг Орск туманидаги бир қишлоқ, буни Шарқий Туркистондаги Қошғар билан адаштирмаслик керак – М.А.)ни ҳам зиёрат қилдик, мен у ерда илк бор “Вақт” ва “Боғчасарой” газеталари билан танишдим ва газета ўқийдиган бўлдим.
Наманганда қўлда ҳарф теришни ўргандим. У ерда бир татар йигити бор эди, у билан ҳафтада бир-икки марта узоқ суҳбатлашган эдик. У менга жуда чуқур таъсир ўтказди, ўшанда мен илк бора подшоҳлар ҳаётидан опера романини ёзган эдим. Ундан ташқари, шеърларим ўшандан кейин миллий ва инқилобий сажияга эга бўлди”.
Адибимиз Ойбек ёзади:“Биз Олимжон Иброҳимовдан бош кўтармасдик, унинг асарларини ўрганибгина қолмай, унинг изидан боришга ҳаракат қилардик”.
Сизларнинг баъзи бирларингиз Абдулла Тўқайнинг 80 йиллиги юбилей кечасида Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом сўзлаган нутқни эсласангиз керак: “Татар халқи билан ўзбек халқининг яқин алоқалари тарихга аллақачонлардан бери маълум, – деган эди у. – Биз қадим-қадим замонлардан бир оила болалари бўлиб яшаб келдик. Хусусан, ХIХ асрнинг охирларидан буён ўзбек китоблари сизнинг Қозонда босила бошлади. Ўзбек халқига биринчи мартаба миллий шрифт олиб борувчи ҳам татар халқи бўлди. Биринчи янги замон муаллимлари ҳам, ўқитувчилари ҳам бизга татар халқи фарзандлари орасидан келдилар. Биринчи алифбо китоблари янги замон тилида Қозонда босилди.
Сиз ўз маданиятингизни улуғ рус маданияти билан, шунингдек, буюк Европа маданияти билан биргаликда Туркистонга олиб бордингиз”.
Бизнинг татар маданиятига муҳаббатимиз бирёқлама эмасди. Татарлар ҳам ўзбек илми, маданияти ва адабиётини чуқур эҳтиром билан тилга олардилар. Айниқса, Олимжон Иброҳимовдай жўшқин қалбли, бениҳоя кенг билимли инсон ўзбек классикаси ҳақида катта завқ билан гапирмаслиги мумкин эмасди. Лутфий, Навоий, Ҳамза, Абдулла Қодирий, Боту, Шокир Сулаймон каби шоир ва ёзувчилар ҳақида унинг айтган гаплари талайгина. Масалан, улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ижодига муносабат билдириб, Олимжон Иброҳимов уни “Шарқ шеъриятининг қуёши” деб атаган эди.
Мана, улуғ ёзувчи Олимжон Иброҳимовнинг юз йиллик таваллуд кунида мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Татаристон ёзувчиларига “Алишер Навоий асарларига миниатюралар” китоб-альбомини совға қилиб топширарканман, агар ҳозир Олимжон Иброҳимов биз билан бирга бўлганида бундай ҳадядан табассумли юзлари ёришиб кетар эди, деб ўйлайман. Илоҳо, бу китоб ўзбек ва татар маданиятлари дўстлигининг рамзи бўлиб қолгай ва ўзбекларнинг Олимжон Иброҳимовнинг ижодиёти ва шахсиятига чуқур муҳаббатини ифодалаб тургай”.
Адабий қисм тугаб фойега чиққанимизда атрофимни журналистлар ва ёшлар ўраб олиб, саволларга кўмиб ташлашди. Мен ўзим ёзаманми-йўқми, ёзсам нималар ёзишим, қайси мавзуларда; татар ёзувчи ва шоирларидан кимларни билишим, кейинги пайтда қайси китобни ўқиганим, татарчадан таржима қилганманми-йўқми, аёлим ким, у ҳам ёзадими ё бошқа соҳаданми, нечта болам бор ва ҳ.к.
Ҳа, мен шеър ёзишимни, улар болалар ва катталар учун ёзилганини, мавзуларим асосан халқ ҳаёти, ижтимоий маъноларда бўлишини айтишим билан, “муҳаббат ҳақида ёзасизми?” деб сўрашди, “энг севган мавзуларимдан бири”, дедим. Татар шоирларидан Абдулла Тўқай билан Ҳоди Тоқтошни яхши кўришим, улардан қилган таржималарим журналларда босилганини, давраларда Тоқтошнинг “У билмади менинг юрагимда арислонлар йухлаб ётганин” сатрли шеърини ўқиб юришимни, унинг “Келажакка хатлар” достонини таржима қилганимни айтдим. Бизда татар китоблари сотилса, балки кўпроқ ўқирмидим, деб қўйдим. Сўнг икки марта уйланганим, биринчиси носир эди, уч ўғилли эдик (автоҳалокатга учради!), иккинчиси шоира, дедим.
Танаффусдан кейин Татаристон санъат усталарининг концерти бўлди.
Эртасига, дастурга мувофиқ, Абдулла Тўқай адабий-мемориал мажмуасига саёҳат қилдик. Мажмуа Орск туманидаги Янги Қирлай қишлоғида экан. Янги Қирлай қишлоғи Орскдан бирмунча нарида, Ия деган кичик бир дарё ёқасида экан. Дарёнинг чиройли бир ҳавзаси бўлиб, соҳилининг бир тарафи зич қарағайзор, иккинчи тарафи сувга энгашган чинорлар, толлар, мажнунтол ва эманлар билан қопланган, дарахтларнинг соялари зилол сувда аксланиб, табиатнинг бетакрор тасвирий санъатини намойиш этардики, уни ҳар қандай одам юрагини ҳовучлаб томоша қиларди. Қозондан бу ергача 80 километр. Ҳарёғи далалар, ўрмонлар ва қўлда ўтқазилган дарахтлар билан қопланган ғоятда гўзал манзарали жойда Абдулла Тўқай адабий-мемориал мажмуаси ҳар куни соат саккиздан ўн еттигача ишлаб турибди (дам олиш куни – душанба). Мажмуа 1976 йили 26 апрелда очилган.
Директор Завдат Абдуллаевич Хасанов комплекс тарихини айтиб берди.
– Энг олдин 1960 йилда Абдулла Тўқай номли ўрта мактаб ўқувчилари шоирнинг ХХ аср бошида чиққан китобларини, ўша давр газета ва журналларини, фотосуратларини излаб топа бошлаганлар, сўнг синфларидан иккитасини жиҳозлаб музей ташкил қилганлар. У фақат болаларнинг эмас, катталар, бутун теварак-атроф аҳолисининг ҳам диққатини тортиб, зиёратчиларнинг кети узилмай қолган. Келиб-кетганлар ҳам музейни бойитишга ўз ҳиссаларини қўшар эдилар. Ниҳоят, 1976 йилда унга расмий мақом берилди. 1979 йилда РСФСРда хизмат кўрсатган санъат арбоби Боқи Ўрмончи лойиҳаси билан музей учун махсус бино қурилди, Ия дарёси бўйида 3 гектар майдон истироҳат боғи қилиб ажратилди. Йиғилган экспонатлар олтита залга жойланди. Деҳқон Саъдининг амлоки ҳам шу ерда. Деҳқон Саъди деган одам ўзи ўғилсиз бўлиб, Абдулла Тўқайни етим қолган саккиз-тўққиз ёшларида ўғил қилиб олган киши эди.
Мажмуанинг махсус бир зали қишлоқ тарихига ва Тўқайнинг замондошлари, ҳамқишлоқларига бағишланган; шоирнинг ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи архив ҳужжатлари кўргазма учун асос бўлган.
Музейнинг икки қаватли асосий биноси қарағайдан қурилган. Архитектураси (меъморий кўринишлари) ҳозирги замон услуби билан Шарққа хос миллий безакларнинг бир-бирига қўшилишидан бунёд бўлган. Саъдининг амлоки эса ХIХ асрнинг сўнги, ХХ аср бошларидаги татар деҳқонларининг амлоклари ўрнаги асосида қайта тикланган.
Завдат Абдуллаевич муассаса фаолияти ҳақида яна шу нарсани ҳам таъкидлади:
– Ҳар йили 26 апрель куни музейда Она тили байрами ўтказилади. Бунда асосан мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилар қатнашадилар. Болаларнинг Тўқай шеърларини қандай маза қилиб ўқишларини кўрсайдингиз, янги тўқайлар авлоди ўсиб келаётганига ишонч ҳосил қилардингиз.
Шундан кейин 18 майда Халқаро музейлар кунини нишонлаймиз. Унда чет элликлар, музейшунослар, олимлар ҳам иштирок этишади. Баъзи бирлари бизга Тўқайга оид янги ҳужжатлар бериб, қувонтиришади. 1 октябрда албатта Қариялар кунини нишонлаймиз. Татаристоннинг ва Россиянинг турли минтақаларидан келган мўйсафидлар ва табаррук онахонлар музе­йимизга файз бериб кетишади.
– Сиз айтаётган тадбирлар катта маблағ талаб қилади-ку! Музейнинг иқтисодий томони қандай, ким томонидан, қандай таъминланади? – деб савол бердим мен.
– Комплексимиз маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларига топширилган, яъни муниципализация қилинган, – деб жавоб берди у. – Бир йилда ўрта ҳисобда ўн уч минг киши келиб томоша қилади. Бу ерда саккиз киши ишлайди, холос, шулардан икки нафари олимлар. Музейда А.Тўқайнинг ҳаётлигида нашр этилган китоблари, Тўқай давридаги қозон татарлари кийимлари ҳамда турмуш ашёлари, Қозоннинг “Булғор” меҳмонсаройи мебели, шоир ва унинг дўстларининг асил нарсаларидан ташқари, халқ рассоми Боқи Ўрмончининг меъморий ва бошқа ижод намуналари, машҳур татар рассомларининг картиналари ҳам бор. Биз ҳар йили ўз фондимиздаги расмларни олиб, турли шаҳарларда “Тасвирий санъатда Абдулла Тўқай” мавзусида кўчма кўргазмалар ҳам ташкил қиламиз, айрим музейлар билан экспонатлар алмашамиз.
Биз рассомларнинг кўргазмага қўйган асарларини кўришга ошиқдик. Залдаги асарлар ичида Боқи Ўрмончи яратган ҳайкаллар, хусусан, Қул Али, Абдулла Тўқай ва Олимжон Иброҳимов ҳайкаллари кишини ҳаяжонга солар, тафаккурга чўмдирарди. “Қиссаи Юсуф” достонининг муаллифи шу қадар улуғвор ва салобатли эдики, беихтиёр Ҳомер, Афлотун, Фирдавсий, Беруний, Ибн Сино, Низомий, Навоий каби буюкларни ёдга соларди. Қадимги юнон ҳайталтарошларининг ҳайкаллари каби ўлмасликдан, абадиятдан сўйларди. 76х40х34 ҳажмли мармарда акс эттирилган сиймо маҳобати билан томошабин қалбини юксакка кўтарарди.
Муаллиф, баландлиги 80 см бўлган, мармардан ишланган Абдулла Тўқай ҳайкалида олов қалбли, муросасиз қиёфасини жуда катта маҳорат билан кўрсатиб беролган эди. Биттасига оқ тушган кўзларнинг қатъиятли қарашлари, чимирилган қошлар, қимтилган дудоқлар – буларнинг ҳаммасида сажиянинг бетакрор ва ўткирлиги мужассам эди.
Олимжон Иброҳимовнинг сиймоси 70 сантиметрли бронзобетон ҳайкалда акс эттирилган. Узоқни кўрувчи бургут назарли кўзлар, икки чети сал эгма, лекин асосан бир чизиқдаги қошлар, манглай ўртасида, қошлар тепасида икки тарафга қанотланган ажинлар, юзлардаги ёноқдан пастки қисмларда, даҳаннинг икки тарафи устидаги мўйлабларнинг учларидаги ажинга айланган чуқурлар, юзларда қандайдир нимтабассум ҳам кўринди – булар ёзувчининг қанчалар кўп фикр ва туйғуларни бошдан кечирганидан ҳикоя қиларди.
Залнинг ўрталиғида яна бир асар диққатимни тортди. Бу ёғочга ишланган гравюра “Суюмбека” деб аталарди. Ёғоч бир метр, эни 30 сантиметр эди. Унда акс эттирилган аёлнинг юзларида фожиа излари бор эди. Юмилган кўзларидан ёш томчилаётир, номус, ор йиғиси… Дунёни ортиқ кўргиси келмаётган аёл…
– Суюмбека ким бўлди? – дедим ҳаяжонланиб.
– Татаристоннинг мустақиллигини қўлдан бой берган хонзода. Хон вафотидан кейин Ўтамиш исмли икки яшар ўғил, анъанага кўра, хон этиб кўтарилган. Амир ва аъёнлар вақтинча тахтни бошқаришни бева хонзода Суюмбекага топширганлар, ўзлари унга содиқ бўлиб, хизмат қилишга онт ичганлар. Бу даврда Масков подшоси Иван Грозний бостириб келиб, Қозонни эгаллаган.
Шу ерда тўғрисўз оғайнилардан бири юрган экан, бизнинг суҳбатимизни эшитиб, гапга қўшилди, бир татар афсонасини айтиб берди.
– Бу вақийға 1551 жилда бўлған. Муннан олдин Қазан хани бу ғалемға кўз юмгенде, анинг ерина Суюмбика ханша ўтирғанди. Боёнлар анга садиқ бўлувга ант ичгенлар. Байъат итгенлар, дилер, байъат итмек бу яғни бизим тилде ант ичмекдир. Шу-шу 1551 жилда бир татар разведчиги Қозон генералина донесение килтире, Масков ҳукумати Қазанни босиб олувға келеди. Келемас, диген генерал.
– Беш юз пари учиб киле ел била, давул била, диген разведчик.
– Килса килсин давул била, қувамиз авул била, диген генерал. Чиндан-да тиш-тирноғи билан қуролланған беш юз рус суғишчи қизлари атда “ура-ура” дигенче Қазанни олувга килелар. Татар суғиш баянлари рус қизларини асир алалар, авулға килтириб, айш-ишрет биле машғул булалар. Бу заманда Иван Грознийнин эркек суғишчилари Қазан саройин ураб алалар. Суюмбика таслим бўлувдан ғарланиб, ўзини сарай тубасиндан жирга ташлаған. Ўлған. Бу гравюрада шу-шу Суюмбикенин образи курсатилған.
Бу афсонами, тарихми, билмадим, ҳарқалай, Абдулла Тўқай адабий-мемориал комплекси, шу жумладан, “Суюмбека” гравюрасининг муаллифи Боқи Ўрмончини кўрмасам, зиёрат қилмасам, кўнглим жойига тушмаслигини ҳис қилдим.
– Уйларига борамиз, – деди йўлбошловчи ҳамроҳим, – яқинда, 28 февралда Боқи Ўрмончининг 90 йиллик юбилейларини ўтказганмиз, кайфиятлари, соғликлари жуда яхши… Ҳарқалай, мен олдин бир телефон қилай…
Бордик. Мен мункиллаган бир чолни тасаввур қилгандим, аммо уни кўрганда тетик ва бақувватлигидан севиниб кетдим. Бемалол суҳбатлашиш мумкин.
Кечаги тантанада ҳам қатнашган экан. Бизни очиқ чеҳра билан қарши олди.
– Суюмбеканинг тақдири – Татаристоннинг тақдири… Келинг, энг бошидан гаплашайлик, – деди Боқи Ўрмончи. – Мен татар бўлиб татар тарихчилари асосида эмас, рус бўлиб рус тарихчиси С.Ф.Платоновнинг “Иван Грозний” асари асосида гапираман.
ХVI асрнинг бошларида Қозон ҳокимиятпарастлари аҳмоқона ички урушларни авж олдирдилар, Москва ҳукумати (у пайтларда “Россия” деган ҳукумат йўқ эди, рус давлати “Москва ҳукумати” дейиларди)нинг жосуслари Қозондаги бошбошдоқликлар манзарасини ўз подшоҳларига бутун тафсилотлари билан айтиб бердилар. Москва бундан фойдаланиб қолиш учун ҳаракатга тушди.
Биринчидан, Москва Қозонга юриш қилиш учун ўз қўшинларини имкон қадар тиш-тирноғи билан қуроллантирди. Сўнгра рус ҳарбийлари Қозон қўрғони яқинларида пайдо бўлиб, атроф-жавонибни талон-торож қилдилар, шаҳарга ҳужумни кучайтирдилар; аммо Москва ҳарбийлари Қозон этагида узоқ туролмасдилар, чегарадан узоқ бу ерларда туб аҳоли уларга душман кайфиятда эди, руслар етарли қудратга эга эмасди.
Иккинчидан, Москва ҳукумати Қозонда уришиб ётган гуруҳлар ичидан бирига ёнбосиб, Москвани қўллайдиган бир одамни Қозонга хон қилиш пайида бўлди. Баъзан бунга эришарди ҳам. Аммо Москва қўйган одам одатда тахтда кўп туролмасди. Татарлар уни ҳайдаб юборарди. Шундай бўлса ҳам, Москва татарлар ўртасида ғулғулани кучайтира олганидан мамнун эди. Москва шу йўлда тинимсиз ҳаракат қилиб душманни заифлаштириб борди.
Қозон обдан заифлашганига имони комил бўлган Иван Грозний 1546 йилда Москва хон қилиб қўйган Шайхали Шигалей (Шайхали)ни тахтдан ҳайдаганларини баҳона қилиб, Қозонга ҳужумларини кучайтирди. Лекин рус қўшини камқувват бўлгани, тез-тез орқага қайтавергани боис, Иван Грозний 1550 йилда, сотқин Шайхалининг маслаҳати билан Зўйа (Свияга) дарёсининг бошланиш ери, Қозондан кўриниб турадиган Юмалоқ тоғда бир ҳарбий қалъа қурди. Ана шундан сўнг Қозонни босиб олиш системали тусга кирди. 1551 йилнинг май ойида Москва авангарди Қозон остонасида эди. У бирдан ҳужум қилиб Қозоннинг қўрғон девори остидаги қишлоғини тор-мор қилди. Шундан кейин Зўйага жанговар Москва қўшини етиб келди ва Думалоқ тоғдаги истеҳкомни замоннинг энг мустаҳкам қалъасига айлантирди. Зўйа шаҳри (Свияжск) жуда тез битганини кўрган шу ерлик чувашлар ва черемислар Москвага бўйсунишга ва хизматини қилишга хоҳиш билдирдилар. Татарлар Москва лашкарбошилари билан музокара бошлашга мажбур бўлдилар, русларнинг одами бўлмиш Шайхалини қайта Қозонга қўйишларини сўрадилар ва гаров учун икки ёшли Ўтамиш-Гирейни беришларини айтдилар. Москва Шайхалини қайтаришга рози бўлди, аммо Қозон хонлигини иккига бўлишни шарт қилиб қўйди. Шайхали тоғнинг Арча, Ислеутаргача (русчаси иккови бирликда Орск дейилади) бўлган ўтлоқли томонига хонлик қиладиган бўлди, барча тоғлик томони Свияжск шаҳри билан русларга бериладиган бўлди (“биз Худонинг инояти билан ва қилич билан бу томонни эгалладик”, дейишди). Барча татар боёнлари бунга эътироз билдирсалар ҳам, Москва ўз талабидан қайтмади. Татарлар Ўтамиш-Гирей билан Суюмбекани Москвага элтиб беришга ва рус асирларини қайтаришга мажбур бўлдилар. Олтмиш минг рус асири Свияжск орқали уй-уйларига – Москвага, Вяткага, Пермга, Вологдага қайтдилар.

Рус тарихчиси С.Ф.Платоновнинг “Иван Грозний” номли китобида қайд этилган Суюмбека тақдири шундан иборат.
Мен ўртага чўккан оғир жимликдан халос бўлиш учун:
– Домла, ўз умрингиздан ҳам бир нарсалар айтиб берасизми? – дедим.
У ўрнидан туриб, китоб жавонидан ўз альбомини олиб келиб дастхат ёзди, Флора опа икковлари имзолашди.
– Китобни асосан Флора опангиз (Қиём Миннибоев билан бирга) тузган ва сўзбоши ёзган. Умрим баёни – шу ерда, ўқиб кўрарсиз, – деди ва: – Мен фақат Ўзбекистонга борган йилларим ҳақида айтиб берай, – дея қўшиб қўйди.
– Мен 1949–1952 йилларда Самарқандда яшаганман. Ўзи 30-йилларда битирганим “Шахтачи татар аёл”, “Шахтачи татарларнинг бараклари”, “Ишимбойнинг нефть конларида” каби картиналаримни, 1937–1941 йилларда халқ ҳўжалиги кўргазмасидаги ҳайкалларим ва тасвирий санъатларимни кўриб, мени Қозоғистонга таклиф қилишган, у ерда Абай Қўнанбоев, Мухтор Авезов, академик У.И.Сатпаев, артистлар: Сара Жандарбекова, Хадича Букеева ва турли қаҳрамонларнинг портретларини яратгандим. Самарқандга бориш хаёли эса ичимда институтда ўқиган йилларимдан бери яшар эди. Дунё халқлари меъморчилиги, тасвирий санъатини ўтганимизда, хусусан, домламиз Шарқ санъати тарихидан Самарқанд обидалари – Гўр Амир, Оқсарой, Кўксарой, Бибихоним мадрасаси, Камолиддин Беҳзод, Музаҳҳиб миниатюралари ҳақида завқ билан сўйлаганда, албатта бир кун Самарқандга бораман, деб ўйлардим. Қозоғистонда ўша ўйларим яна жонланди. Шу тариқа ўзимни Самарқандда кўрдим.
“Қош қорайган пайт”, “Бибихоним мадрасаси”, “Пода қайтгач”, “Расм (Балиқ билан кийик)”, “Меҳнат Қаҳрамони Аббос Алиев (узумчи боғбон)”, “Тут дарахтлари”, “Узум йиғими”, “Бону” (1949–1952) расмларини ишладим, кейинчалик “Чингиз Аҳмаров” портрети (1973)ни чиздим, 1956 йилда “Ибн Сино” ҳайкали лойиҳаси билан танловда қатнашдим. Мени шу йили Тошкент санъат институтида ўқитувчиликка таклиф қилгандилар. Мен у ерда юқори курс талабалари учун ҳайкалтарошлик устахонаси ташкил қилдим ва ҳайкалтарошликдан дарс бердим. Тошкентлик ҳайкалтарош ва рассомлар Я.Шапиро, С.Абдуллаев, Н.Пак, А.Назаров ва бошқалар менга устоз ёки мураббий деб мурожаат қиладилар.
Кейин суҳбатимиз ўзбек мусиқасига уланди. Шундан Боқи оға халқ қўшиқлари, лапарлари, аллалари, айтишувлари, бахшилар ижросидаги халқ достонларини яхши кўришини, фақат мумтоз мусиқамизни унчалик яхши англамаслигини айтди. “Мен ўзи ўзбекларни жуда яхши кўраман, Уюшмангиз раҳбарларига менинг саломимни айтинг”, деди.
Биз жуда эски оға-инилардек хайрлашдик.
Сафарнинг сўнгги куни Ёзувчилар уюшмасида Мусагит Ҳабибуллин мендан таассуротларим ҳақида сўради. Мен юбилей оқшоми, Тўқай адабий-меъморий комплексига саёҳат, Боқи Ўрмончи билан суҳбатлар менда унутилмас таассурот қолдирганини айтдим.
– Шоир бўлганингиз учун биз сизга Абдулла Тўқайнинг беш жилдли асарларини совға қиляпмиз, – дея у менга бу мўътабар китобларни узатди. “Бу мен учун олтин-жавоҳирларга ҳам алишиб бўлмайдиган бебаҳо совға”, – деб, жилдлар ўралган қутичани бағримга босдим.
– Биздан сизнинг оилангизга яна бир арзимас совғамиз мана шу – татар қизларининг санъати бўлган чакчак, – деди Мусагит оға.
– Бизнинг ўзбек оилаларида ҳам ҳайит ва байрамларда чакчак пиширилади, таъми сизникидан қолишмайди; татарча чакчак сап-сариқ олтин тожга ўхшар экан, – дедим мен.
Соғинтирган онажоним Тошкентга шундай таассуротлар билан қайтиб келдим.