Ўзбекистон ССРнинг давлат тили ҳақидаги Қонуни эски ўзбек ёзувини ўқиш, ўрганиш учун кенг йўл очиб берди. Бугунги кунда газета-журнал материалларида, радио ва телекўреатув орқали қилинаётган чиқишларда, эски ўзбек тилини ўқиб-ўрганиш ва ўргатиш ҳақида турли хил фикрлар билдирилаётир. Шу йил 9 февралда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида В. И. Ленин номли Тошкент Давлат дорилфунунининг доценти Малик Абдусаматовнинг эски ўзбек тилини ўрганишга бағишланган «Сув остидаги гавҳарлар» номли мақоласи босилиб чиқди. Мақола куюнчаклик билан ёзилган, унда биз учун фойдали томонлар билан бирга баҳсталаб ўринлар ҳам йўқ эмас.
Маълумки, кейинги пайтларда тилимизга четдан кириб чақиртиканакдек ёпишган барча истилоҳларни луғатимиздан чиқариб ташлаш эҳтиёжи тобора аниқ сезилаётир. «Университет», «интернационал», «реепублика», «область», «район», «монокультура» каби сўзлар «дорилфунун», «байналмилал», «вилоят», «ноҳия», «якказироатчилик» каби сўзлар билан алмаштирилаяпти. Ўзбек зиёлилари учун тез ўзлашиб кетадиган бу атамалар бир қарашда бугунги кенг халқ оммаси учун бироз ўтиришмайроқ тургандай. Шунданми кўча-кўйларда, йиғилишларда, ўзаро суҳбатларда: «Форс-тожик истилоҳларни қўлладик нимаю рус тили орқали кирган сўзларни қўлладик нима», деган гаплар қулоққа чалиниб қолаяпти.
Малик Абдусаматов ҳам мақоласида ана шу фикрларни маъқуллайди. Бунга қўшилиш қийин. Тўғри, кўп йиллар давомида ўзбек тилига ўзлашиб кетган сўзлардан воз кечиб, бугунги кунимиз учун гўё янги бўлиб кўринаётган атамаларни қабул қилиш ва уни кўпчиликка манзур қилдириш қийин. Аммо тилни тирилтириш учун фидойилик кўрсатилмаса, у самара бермайди. Муаллиф таъкидлаганидек: «Тил жамият билан бирга тараққий этади ва ўзгариб боради».
Аммо шу нарса ҳам аёнки, бизнинг тилимизнинг бунчалар чигаллашиб кетиши қонуният асосида эмас, йиллар давомидаги махсус сайи-ҳаракатлар, топшириқлар асосида шу аҳволга келди. Энди эски ўзбек тилини бутунлай тирилтириш учун ҳамма ишни бошидан бошлашимизга тўғри келади. Агар биз шунчаки, араб имлосидаги ёзувнигина ўрганишга ружў қўйсак, келажакда ўзўзимизни алдаган бўлиб чиқамиз. Қайта бошлаш учун эса, ҳар қанча моддий қийинчиликлар дуч келишига қарамай, эски ўзбек тили ва унинг узвий қисми бўлган классик адабиётимизни ўрганишни мактабларда, олий ўқув юртларида йўлга қўйишимиз зарур. Тарихда нафақат тилимизнинг мусаффолиги учун, умуман шу тилнинг мавжудлигини исбот қилолган Алишер Навоийнинг хизматлари барчага аён. У, ўзбек тили камбағал ва дағал, унда нафис назм яратиш қийин, деган асоссиз даъволарга қарши рад қилиб бўлмайдиган далилларни келтирди. «Муҳокаматул-луғатайн»да туркча маъносига тенг келадиган маънони форсча ифодалай олмайдиган истилоҳлардан юзта сўзни келтириб ўтади.
Тарихий текширишлар, Ўрта Осиёнинг асосий аҳолиси қадимги даврларданоқ туркий ва форс-тожик тилида сўзлашувчи қабилалардан ташкил топганлигини тасдиқлайди. Улар ҳатто, VII — IX асрларда араб босқинчиларига қарши биргаликда курашганлар. Шунингдек, узоқ давом этган иқтисодий-маданий ва ҳарбий-сиёсий алоқалар ўзбек ва форс-тожик тилларининг бир-бирига таъсирини кучайтирди. Баъзан бугунги айрим сўзларни ўзбекчами, форс-тожикчами эканлигини ажратиб олиш қийин. Ўрта Осиёдаги давлатларнинг расмий тили ҳам асрлар оша гоҳ форс-тожик тилида, гоҳ туркий тилда идора этилган. Айниқса, Сомонийлар ҳукмронлиги даврида давлат тили ҳисобланган форс-тожик тилининг мавқеи ниҳоятда юксалди.
Юзага келган аҳолининг икки тиллилиги Ўрта Осиёнинг айрим жойларида қадимги даврдан бошлаб, ҳозирги вақтгача сақланиб қолди ёки тиллардан бирининг ғалабаси билан тугади. Ҳар икки вазиятда ҳам ўзаро бойиш давом этаберди. Масалан, Маҳмуд Қошғарий XI асрда суғд тилида, ҳам туркий тилда сўзлашган Тараз (Жамбул), Сайрам аҳолисини мисол қилиб кўрсатади. Албатта бу халқлар бир-бирларининг тилларини унутишмаган. Ёки XII-XVI асрларда Хоразм аҳолиси туркий ва қадимги хоразм тилида сўзлашган (А. А. Фрейман. Хорезмский язык, М — Л., 1951, с. 32). Мўғуллар ҳужуми муносабати билан XII — XIII асрларда туркий аҳолининг кўпайиб кетиши, у ерда туркий тилни устун ҳолатга олиб келган. Бунинг таъсирида қадимги хоразм тили XIV асрлардаёқ ўзбек тили таркибига сингиб кетди.
Навоий замонасида ва ундан кейин ҳам, адабиётда форс-тожик ва туркигўйлик анъанаси давом этди. Навоий бу ҳақда шундай ёзади: «Туркнинг улуғидан кичигига дегинча ва навкардин бегига дегинча сарт тилидан баҳраманддурлар. Турк шуаросиким, форсий тил била рангин ашъор ва ширин гуфтор зоҳир қилурлар» («Муҳокаматул луғатайн», 177-бет).
Марғилон шаҳар аҳолиси XV асрлардан то кейинги даврларгача форс-тожик тилида сўзлашган бўлса ҳам ҳозир у ерда ўзбек тили барқарордир. Ҳали ҳам Самарқанд, Бухоро, Чуст шаҳарларининг аҳолиси, Наманган вилоятидаги айрим ноҳиялар (масалан, Косонсой аҳолиси), Тошкент вилоятининг тоғлиқ ноҳияларидаги айрим қишлоқларнинг аҳолиси икки тилда сўзлашадилар.
Адабиётдаги икки тиллилик XIX асрда ҳам кучли давом этган. Масалан, Махмур, Гулханий, Фазлий, Нодира, Увайсий ўз асарларини ўзбек ва тожик тилида ёзганлар. Муқимий ва Завқий асарларида ҳам тожикча мисра, иборалар кўп қўлланилган. Бу анъана Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Фитратлар ижодида ҳам кўзга ташланади. Гарчанд Қодирий ва Чўлпон соф форс-тожик тилида асарлар яратмаган бўлсалар ҳам, уларнинг истилоҳларини кўп ишлатганлар. Ана шу ўзига хос тарихий шароит натижасида ҳозирги ўзбек тилининг луғат таркиби форс-тожик сўзларига бойлиги билан Ўрта Осиёдаги туркий тилларнинг луғат бойлигидан бирмунча фарқ қилади.
Ўзбек тилининг луғат таркиби билан форс-тожик тилининг луғат таркиби доираси ўзаро бир-бирига туташиб кетган. Шу жиҳатдан ҳам бугунги ўзбек тили форс-тожик истилоҳларидан воз кечиши мумкин эмас, деб қатъий айтиш керак. Шу фикрларни хулоса қиладиган бўлсак, ўзбек тилига кириб сингиб кетган форс-тожик сўзларининг ўзлашиши қуйидаги тарихий шароитлар билан ҳам боғлиқдир. Эрамизнинг бошларидаёқ қўни-қўшничиликда ҳаёт кечириш натижасида мавжуд иқтисодий, хўжалик соҳасидаги алоқа ўзаро сўз истеъмолидаги яқинлашув учун қулай замин ҳозирлаган. Шунинг учун форс-тожик сўзларининг ўзбек тилига кириш сабабларини ҳам шундай изоҳлаш мумкин. Она тилимизда мавжуд сўзлар кўп маъноли бўлганлигидан, ўша маънолардан бирини доим алоҳида, аниқ ифодалаш эҳтиёжи туғилади. Форс-тожик тилидаги сўзлар шу эҳтиёжни қоплаган.
Масалан, туркча «ёғоч» сўзи XV асрда ўсимлик маъносида ҳам ишлатилган. Алишер Навоий ижодида «ёғоч»нинг дарахт, калтак ва хода маъноларида ишлатилганлигини учратамиз: «Афросиёб… чун Навдарни ўлдирди, Эрон мулкини андоқ буздики, оз ерда маъмурлиқ қолди, йиғочларни кесди, иморатни йиқти». Кейинчалик форс-тожик тилидан «дарахт» сўзи қабул қилингандан кейин «ёғоч» сўзи ўсимлик маъносида қўлланмайдиган бўлди.
Ўзбек тилида форс-тожик сўзларининг кўп ишлатилиши бу тилни кучсизлантирмади, балки уни бойитишга хизмат қилди. Бугун эса, ана шу бойликдан ажраб, ўзбек тили луғат таркибининг бузилиши даражасига етиб келдик. Шу сабабли масаланинг илдизини чуқурроқ ўйлаб: авлодларга эски ёзувни шунчаки ўргатишни режалаштирмай, классик меросимизга бемалол тиши ўтадиган даражага кўтаришга ҳаракат қилмоғимиз керак. Акс ҳолда, бугун ишлатаётган «дорулфунун», «жумҳурият», «ноҳия», «вилоят», «талаба» каби сўзлар маъносига ҳам келгуси авлод луғатга қараб тушунадиган бўлиб қолади. Агар ўрта мактабда эски ўзбек тили билан бирга классик адабиётимиз чуқур ўрганилмас экан, натижа «ҳеч» бўлиб қолаверади. Чунки, Навоий эслатиб ўтган ўзбекча истилоҳларни бугунги зиёлиларимиз бирданига қўллаб, уни тез фурсатда тилимиз таркибига олиб киролмайдилар. Бунга ўрта мактаб партасида ўтириб, эски ўзбек тили ва классик адабиётини ўн йил ўқиб чиққан бўлғуси зиёлилар эришиши мумкин. Бу ҳазилакам иш эмас, аммо уни ҳал қилиш мумкин. Дунё тажрибасида бундай ишлар кўп учрайди.
Фикримизни турли даврларда Оврупо мамлакатларида содир бўлган воқеалар тасдиқлайди: XIII асргача грек-лотин тили италян тилини таназзулга учратиб келди. Шу давргача бу ерда лотин тили давлатнинг расмий тили эди. Худди Навоийдек Данте ҳам лотин тилидан воз кечиб, италян тилида «Илоҳий комедия»сини яратди. Бу билан ҳам кўнгли тўлмаган шоир «Халқ тили ҳақида рисола» деган махсус асар ҳам ёзди. Мана унда Данте нималар дейди: «Ерли, туб халқнинг тили мурғаклигидан бошлаб кўкрак сути билан қалбга муҳрланадиган, ҳеч қандай мажбуриятларсиз табиий равишда қонга сингадиган тилдир. Махсус талаблар, китоблар, машғулотлар, ўқитувчилар ёллаш билан ўргатиладиган юнон тили минг уринсин италян кишисининг қонига сингмайди. Бу икки тилдан биринчиси — италян тили халқники бўлиб, у лотинга қараганда олижаноброқдир. Лотин тили биз учун сунъий, ўз тилимиз эса табиийдир». Ўз мамлакатида тили бузилиб кетган халқлар сирасига фаранглар ҳам кирган. Энди итальян тили француз тилини забт этган. Бу тил Фарангистонда XIV асрдаёқ давлат тили даражасига кўтарилган. Бундай фожеани кўпдан кузатиб юрган Андре Этъэн бошлиқ бир гуруҳ фаранг ёзувчилари қаттиқ кураш олиб бордилар, халқни жунбушга келтирадилар. Андре Этьен «Итальянлашган фаранг тили ҳақида бир-икки диалог» номли памфлет ёзиб, фаранг тилининг мусаффолигини таргиб қилади. Шундан анча йиллар ўтгандан кейин «Фаранг тилини ҳимоя қилиш ва ўстириш» номли дастур тайёрланиб давлатга тақдим этилади. Шу йўл билан фаранг тилининг мусаффолиги сақланиб қолади.
Келтирилган далилларга эътибор қилинса, Данте ҳам, Навоий ҳам, Этьен ҳам ўз миллий тилларини ҳимоя қилишда маҳаллий халқ яратган беҳисоб тил бойликларига суянишган. Улар ҳатто ўз халқи шеваларидаги сўзларни ҳам адабий тил таркибига қўшиб олишган. Шу йўл билан фаранг тили луғатини бойитишга кўмаклашган. Мана шундай тил соҳасидаги қаттиқ ҳаракатлар фаранг тили ва унинг маданиятини жаҳон бўйлаб ёйилишига туртки берди. Энди бу тил аста-секин Оврупо давлатларининг тилларига таъсир қила бошлади.
Лев Толстой, Достоевский, Тургенев ва Шчедринлар яшаган даврга келиб, фаранг тили бутун Россияни забт этди. Энди рус халқи ўз тилларини фаранг тили таъсиридан сақлашга ўтганлар. Жумладан, Н. М. Карамзин аслзодалар доирасига пичинг отиб: «Бизда ўз тилини дурустроқ ўрганмай, фарангчага ружу қилувчилар сон-саноқсиздир. Бугун кўкларга кўтариб мақталаётган Россиямизда фарангчани билмаган киши ўзини кар ва соқов ҳис қилади. Бу рус халқи учун қайғули ва уят эмасми?» деган эди. Улуғ сиймоларнинг миллий тил ҳақидаги айтган фикрлари бир-бирларини тўлдиради. Чиндан ҳам ўз халқи сарзаминидан ажралиб, ўзга тил домига тушган, кўрсатмалар, китоблар, мажбуриятлар билан қабул этиладиган ҳар қандай сўз ва иборалар томири қуриб бораётган дарахтга ўхшайди.
Бугунги ўзбек тили луғатига кириб жойлашиб олган русча истилоҳлар ҳам бизнинг тилимизга ҳеч қачон пайвандланмайди. Етмиш йилдан ортиқ вақт давомида ўзбек халқи ўзининг тарихига, урф-одатларига, руҳиятига, турмуш шароитларига, динига жипс боғланолмасдан келди. Ана шу боғланиш иплари узилганлиги учун бизнинг ҳозирги тилимиз табиий кучини, гўзаллигини, тароватини маълум маънода йўқотди. Эндиликда уларни яна халқимизга қайтариб беришимиз учун йиллар давомида оқилона иш юритишимиз зарур. Акс ҳолда яна бирмунча йил ўз истилоҳларимиз туриб ўзга тилдан кирган атамаларга ёпишиб олаверамиз. Бу масалада ёзувчи ва шоирларимиз ҳам ўз ижодлари билан жонбозлик кўрсатишлари, ўз устиларида жиддий иш олиш бормоқлари даркор. Бугунги ижодкор қуруқ гапларни йиғиштириб, халқнинг жонли сўзлашув тилига чуқурроқ кириб боришини истардик. Халқ ўз дарди, орзу-армонларини бевосита ана шу жонли сўзлашув билан ифода этади.
Умуман, шуни таъкидлашни истардимки, халқимизнинг каттасидан кичигигача бу хайрли ишда қатнашиб, эски ўзбек тилини мулоқот тили даражасиги кўтаришда ўз ҳиссаларини қўшиши керак.
Маҳмуд Назаров, филология фанлари номзоди
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 5-сон