Иброҳим Раҳим. Гўзал Фарғона, сенга не бўлди? (1989)

Шоирларга илҳом берган ипакдай мулойим Марғилонимиздан келаётган мудҳиш хабарлар азалдан инсонпарвар бўлмиш халқимнинг, ҳар бир ўзбекнинг қалбини тирнади. Бу ерларда кутилмаганда юз берган қонли фожиа бошимизга ғам-ғусса келтириб, қалбимизни қайғу-аламга тўлдирди.

Фарғона тупроғида кечаги дўст-биродарлар орасида, шу кунгача аҳил яшаб келаётган қардош одамлар орасида ур-йиқит чиқишини ким ўйлабди?! Ақл бовар қилмайдиган фожиа нимадан ва қаердан пайдо бўлди? Бу тупроқни қонга белаган жоҳиллик, қотиллик, бераҳмлик ниманинг оқибати? Ўзбек элининг азалий тинч-тотув анъаналарини нималар парчалади? Байналмилалчи ҳар бир ўзбекнинг дилида ҳам, тилида ҳам шу калима айланмоқда. Шоир тили билан айтганда, гўзал Фарғонам, сенга не бўлди?

«Миллатлараро негизда тартибсизлик келтириб чиқарган, одамларни ҳалок қилган, «спиртли ичимлик ва наркотик моддалар истеъмол қилиб қутурган безорилар» кимлар? Ошкоралик даврида булар рўй-рост айтилиши керак. Ҳақиқат тўлалигича очиқ-ойдин айтилмагани туфайли 3—4 июнь кунларида юз берган «қонли воқеалар» мишмишларга қоришиб жоҳиллик ёнғинини тобора алангалатмоқда.

Гўзал Фарғона устида қора булут пайдо қилган бу воқеа албатта ипидан-игнасигача ошкор бўлади, ҳақиқий гуноҳкорлар топилиб, ўз жазосини тортади. Аммо тўкилган қон, йўқотилган жонни қайтариб бўлармикан?

«Ўйиндан учқун чиқди, учқундан аланга», дейдилар. Аланга чиқарган учқунни эса бировлар бир кружка пиводан, бошқа бировлар эса, бир ликоп қулупнайдан кўряпти. Аслида шундайми?

Масала чуқурроқ эмасмикин? Балки, пиво билан қулупнай бу портлашнинг баҳонаси бўлгандир? Қонли можаронинг асл сабаблари, ташаббускорлари аниқ айтилиши керак. Албатта, беш қўл баробар бўлмаганидай ҳар бир халқнинг ичида доноси ҳам, аҳмоғи ҳам, безориси ҳам йўқ эмас. Месхети турклари орасида нонкўрлар, босар-тусарини билмай кетган айрим безорилар ҳам бордир. Лекин улар учун бутун элат хун тўлаши шартми? Кексалар, аёллар, гўдакларда нима гуноҳ? Ҳовли-жойлар, бинолар, рўзғор-буюмларда нима айб? Ўша безорилар, ўша қотиллар қонун олдида жавоб бериб, қаттиқ жазоланишлари лозим!

Айрим босар-тусарини билмаган безорилар чиқарган жанжал элатлар ўртасидаги қонли можарога айланиши ҳам гуноҳ, ҳам жиноятдир. Хунрезлик билан одамлардан қонли ўч олиш, одамларни хонавайрон қилиш, бола-чақалари билан истиқомат қилаётган оилаларнинг уйига ўт қўйиш мусулмонларнинг, айниқса, ўз қадрини яхши билган ўзбекнинг қонида йўқ. Бу хил жоҳиллик халққа иснод келтиради, холос.

Шу кунларда ўйлаб ўйимга етолмаяпман: ниманинг оқибати бу? Ўткинчи, юзаки баҳоналар бу оғир воқеанинг сабаби бўлолмайди. Унинг негизини турмуш тарзимиздаги, ижтимоий ҳаётимиздаги айрим номутаносиб омиллардан излаш ҳам жоизга ўхшайди. Ҳа, айни шундай бўлиб чиқади. Жамиятимизда ўтмиш йилларда йиғилиб тома-тома кўл бўлиб қолган муаммолар ўз вақтида ечимини тополмай одамларнинг тинкасини қуритиб, асабини таранг қилиб қўйди. Юзага чиққан иқтисодий, социал, экологик муаммолар ҳам, давлат томонидан белгилаб қўйилган тенгсиз нарх-наво сиёсати ҳам меҳнаткашларни аламзада қилиб қўйди. Фарғона ипаги нима учун бошқа республикалардаги нархлардан икки баравар кам баҳоланади? Машаққатли меҳнат маҳсули, давлатга жарақ-жарақ олтин, валюта келтираётган пахта сув текин олинади? Нима учун? Нима учун?.. Бу каби саволлар қаторлашиб қолган.

Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби Фарғона области ёшларининг кўпи ишсиз. Навқирон кучларини қаерда ишлатишни билмайдилар. Бунинг устига уларда тирикчилик манбаи йўқ. Бошқа мамлакатларда ишсизлар ҳисобга олинади ва уларга мунтазам муайян ишсизлик нафақаси тўлаб турилади. Бизда ишсизларнинг ҳисоби ҳам олинмайди, тирикчилиги учун қора чақа ҳам тўланмайди. Фарғоналик ишсизларнинг ҳоли ночор. Булар ҳам кўпчиликнинг меъдасига тегиб, асабини таранг қилганлиги маълум.

Можарога қўшилиб кетганлар орасида алданганлар ҳам анчагина бор. Ўз-ўзини идора қила билмаганлар ҳам кўп. Жаҳл чиқса — ақл қочади.

Ҳозир ақл-идрокни, эс-ҳушни ростлаб ҳаракат қилиш замонида яшаяпмиз. Аммо раҳбариятимиз ҳам шу омилга амал қиляптими? Афтидан Фарғонанинг катта-кичик раҳбарияти бу соҳада сустлик ва фаолиятсизлик кўрсатиб, фурсатни қўлдан бериб қўйганга ўхшайди.

Бу масалада Москвадан Фарғонага келган СССР ички ишлар министри В. Бакатин ҳам самолётдан туша солиб, вазиятни ўрганиб олмай, гапни дўқ-пўписадан бошлаши қайта қуриш даврининг, демократиямизнинг акс садоси эмасдай бўлиб кўринди. Шу кунларда етти ўлчаб бир кесган киши ютади.

Фарғона ақлини йиғиб олади, тафаккурни ишга солади, нохушликларни бартараф қилиб, дориломонлик, дўстлик, тотувликни тиклайди, деб ишонамиз!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 9 июнь