Эркин Воҳидов. Устоз Ғайратийни эслаб (1987)

Эллик биринчи-эллик иккинчи йиллар эди. Биз олтинчи-еттинчи синф ўқувчилари Лабзакдаги Островский номли пионерлар саройига қатнашиб юрар эдик. Саройнинг катта майдони айниқса ёзда гавжум бўларди. Драма тўгараги қатнашчилари сиектакллар қўйишар, футбол, волейбол, шахмат мусобақалари ўтказиб туриларди. Уста Маҳмуд Усмоновнинг ганчкор шогирдлари иши ҳамманинг диққатини тортарди.

Ёш адабиётчилар тўгарагини шоир Ғайратий бошқарар эди. Бу нуроний, вазмин, мулойим, меҳрибон устознинг сиймоси менинг кўз олдимдан сира кетмайди. У бизнинг илк ибтидоий машқларимизни диққат билан эшитар, аввал ўртоқларимизнинг фикрини сўрар, охири ўзи якун ясаб ёзганларимивнинг ютуқ ва камчиликларини кўрсатар эди. Бу билан устоз бизни фақат шеър, ҳикоя ёзишгагина эмас, ҳар бир асарнинг бадиий қиммати ҳақида фикр қилиш, бу фикрни баён қила олишга ҳам ўргатарди. Ғайратий классик шеъриятнинг зукко билгичларидан бўлган. Форс тилида, қадимий туркий тилда битилган жуда кўп ғазал, рубоийларни ёд билар, бизга ўқиб бериб ўтирарди. Мана, йиллар ўтиб ўз-ўзимга савол бераман. Ўша вақтда-ку бизлар каттамиз ўн беш-ўн олтида, кичкинамиз ўн бир-ўн икки ёшда бўлган болалар эдик. Саъдий, Ҳофиз, Навоий, Бедил, Фузулийларнинг ҳозирги кунда ҳам луғатсиз англаш мушкул бўлган байтларини устоз Ғайратий бизга нега ўқиб берарди? Биз ахир у байтлардаги фалсафанинг, мажозларнинғ мингдан бирини ҳам илғаб ололмасдик.

Чуқурроқ ўйласам, шоир Ғайратий катта педагог ҳам экан. Биз ўша вақтда буюк шарқ алломаларининг нозик бадиий образларини тушуниб етмаган бўлсак ҳам, мурғак хаёлимизга сеҳрли шеъриятнинг шуъласи тушган экан. Ақлимиз билан англамасак ҳам шууримиз билан шундай юксак, самовий, мўъжизавий шеърият оламда борлигини сезган эканмиз.

Устоз Ғайратий ҳеч қачон ҳеч биримизга «сен» деб мурожаат қилмаган. У болалигимиздан бизни ўзаро ҳурматга, бир-бировни қадрлашга ўргатди. «Шоир қавми, — дер эди у, — бир-бирига ўхшамаган бўлади. Кўнглида ҳеч қачон бошқасини тан олмайди. Лекин истеъдод эгасида мавжуд бўлган ақл, фаросат унга доим бир нарсани уқдириб туради: адабиётга бир хилда фикрлайдиган адиблар керак эмас. Шоирлар ўзларининг ҳар хиллиги билан қадрли».

Устознинг яна бир ўгити қулоғимдан кетмайди: «Адабиёт ҳалол, пок одамларнинг даргоҳи. Унга шону шуҳрат тамаъ қилиб кирган, қалам ҳақидан келадиган бойликни ўйлаган киши ҳеч нарсага эриша олмайди. Аксинча, оқибатда беобрў бўлади. Сизлар ўқишни, ўрганишни, қунт билан меҳнат қилишни билинг. Сиз орзу қилган ҳамма нарса ўзи эшигингизни қоқиб келади».

Ўша йиллар шоир Ғайратий учун қийин йиллар эди. У ноҳақ айбланиб адабий давралардан четга сурилиб қолган, ғариб, афтода бир ҳолда эди. Шоир ўзининг ёш дўстлари билан овунар, кўнглидаги гапларини биз билан ўртоқлашарди. У мушкул давр кейинроқ шоирга катта бахт бўлиб қайтди, устозлик бахти, шогирдларнинг камолини кўриб қувониш бахти бўлиб қайтди.

1965 йилда шоирнинг 60 йиллик тўйи (Ҳамза номли академик театрда) ўтказилгани ҳеч эсимдан чиқмайди. Биз унинг шогирдлари — Хайриддин Салоҳ, Юсуф Шомансур, Сайёр, Тўлқин, Анвар Исроилов, Анвар Юсупов, Анвар Эшонов, Тамилла Қосимова, Матлуба Исломова ва бошқалар устоз ҳақида ўз дил сўзимизни айтган эдик. Устоз кипригида ёш қалқиб турарди.

Мен Ғайратийни фақат устоз сифатида эсладим. Лекин шоир Ғайратий адабиётимизда ўз ўрнига эга бўлган, унинг асосчиларидан бири ҳисобланган ёзувчи эди. «Онамга хат», «Жинаста», «Ғурбатда Фурқат» каби достонлари, қатор драматик асарлари, шеърлари адабиётимиз фондидан муносиб жой олган. Унинг хотираси миннатдор қалбларимизда узоқ яшаб қолади.

1987